Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва унинг раҳбариятининг 2000 — 2004 йиллардаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва унинг раҳбариятининг 2000 — 2004 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2004 йил 2 декабрь,
699-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва унинг раҳбариятининг 2000 — 2004 йиллардаги фаолияти тўғрисида
ҲИСОБОТ
1999 йилнинг декабрида кўппартиявийлик асосида ўтказилган демократик сайлов натижасида шакллантирилган иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳисобот даврида мамлакатда ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини яратиш ва ривожлантиришга қаратилган парламент фаолиятини давом эттирди. Парламент раҳбарияти, унинг қўмиталари ва комиссиялари раислари сайланиб, сиёсий партиялар депутатлар фракциялари ва блоклар ташкил топган биринчи сессияда мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти органи тизимида қатор ўзгаришлар қилинди. Хусусан илк бор Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Регламент, одоб ва депутатлар фаолиятининг таъминоти комиссияси, Оила ва аёллар муаммолари комиссияси, Ёшлар ишлари комиссияси ҳамда Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси тузилди (Ёшлар ишлари комиссияси 2000 йилнинг августида Ёшлар ишлари қўмитасига айлантирилди).
Мазкур ўзгаришлар ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғи ваколатларини белгиловчи мамлакат Конституцияси, амалдаги қонунлар нормаларига мос келади;
Мамлакатни янада ривожлантиришнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов томонидан «Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда» деб номланган маърузада, шунингдек иккинчи чақириқ парламентнинг биринчи ва тўққизинчи сессияларидаги нутқларида илгари сурилган стратегияси Олий Мажлис фаолиятининг сиёсий дастурига айланди. Давлатимиз бошлиғи томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида Кенгаш, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қўмиталари ва комиссияларининг 2000 — 2002 йилларга мўлжалланган қонунчилик ва назорат фаолиятининг устуворликлари тўғрисида» ҳужжат қабул қилди. Парламент қўмиталари ва комиссиялари ҳар йилги жорий иш режасини ана шу ҳужжатга мувофиқ ишлаб чиқдилар, бу режалар асосан бажарилди. Қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилинган ҳуқуқий нормаларнинг ижросини назорат этиш парламент фаолиятининг устувор йўналишларига айланди. Умуман олганда, иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 2000 — 2004 йилларда олтита асосий йўналиш бўйича иш олиб борди.
Иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг қонунчилик фаолияти мамлакатда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилди. Парламентнинг бўлиб ўтган ўн олтита сессиясида 102 та қонун, 310 та қарор қабул қилинди, 62 та халқаро шартнома ва битим ратификация қилинди, шунингдек 330 та қонун ҳужжатига 1357 та ўзгартиш ва қўшимча киритилди.
Аҳолининг сиёсий фаоллигини оширишга, ижтимоий ҳаётни янада демократлаштиришга қаратилган «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва у жаҳон парламентаризми амалиётида ўз йўналиши бўйича дастлабки қонунлардан бири бўлиб қолди. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун ҳуқуқий давлат принципларини амалга оширишда катта аҳамиятга эга. Парламент томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири халқ ҳокимиятчилиги амалга оширилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, референдумга — жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича фуқароларнинг умумхалқ овоз беришига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш механизмини такомиллаштиришга қаратилгандир. Янги таҳрирдаги мазкур Қонун сайлов тўғрисидаги қонунларга, шу соҳадаги халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлаштирилди. Бу ҳужжатлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ошириш мақсадида демократия анъаналари ривожланган мамлакатларнинг тарихий ҳамда замонавий қонунчилик тажрибаси асосида қабул қилинди.
2001 йил 6 декабрда Олий Мажлис икки палатали парламент тузиш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатлари муддатини ўзгартириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳозирги даврда парламент 2002 йил 27 январда бўлиб ўтган референдум қарорлари асосида ўтказилаётган ислоҳотларнинг ғоят муҳим босқичида турибди.
Референдум якунларини рўёбга чиқариш, ҳокимият барча тармоқлари мувозанатини сақлаш ва уларнинг фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини таъминлаш мақсадида парламент «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий Қонунни қабул қилди. Ушбу Қонун келгусидаги ўзгартиришларни ҳар томонлама пухта ва туб-асосли равишда амалга ошириш имкониятини берадиган норматив негиз бўлди ҳамда референдум якунларини қонунчилик шаклида мустаҳкамлади.
Парламент томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам қабул қилинди. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар энг аввало, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг олий органлари фаолиятини тартибга солувчи нормаларга тааллуқли бўлди.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги қабул қилинган конституциявий қонунларда бўлғуси парламентнинг ҳар иккала палатасини шакллантириш тартиби, уларнинг таркибий тузилиши ва ваколатлари, қўмиталар ва комиссияларни тузиш, қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш механизми белгилаб қўйилди. Уларда келишув тартиб-таомиллари, палаталарнинг ўзаро, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа тармоқлари органлари билан бўладиган ҳамкорлиги, парламент фаолиятининг бошқа масалалари ҳам тартибга солинган.
Референдум қарорлари асосида қабул қилинган қонунлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқишни тақозо этди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш, уларни рўйхатга олиш, сайловолди ташвиқотини, овоз беришни ўтказиш ва сайлов натижаларини аниқлаш, такрорий овоз бериш ҳамда такрорий сайлов ўтказиш, Қонунчилик палатаси депутатларини рўйхатга олиш, сайлов якунларини эълон қилиш тартиби ва бошқа бир қатор нормалар белгилаб берилган. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатини шакллантириш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.
Сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини комплекс такомиллаштириш мақсадида «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам қабул қилинди. Маҳаллий вакиллик органларига сайлов тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилишига мазкур ҳужжатларни янги сиёсий воқеликларга мувофиқ такомиллаштириш заруриятигина эмас, балқи халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ўз таркибидан Олий Мажлиснинг юқори палатаси аъзоларини — сенаторларни сайлаши ҳам сабаб бўлди. Шу муносабат билан маҳаллий Кенгашларга сайловнинг жойларда депутатларнинг сифат таркибини яхшилашга қаратилган янги механизми яратилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов тартиби ҳам такомиллаштирилди. «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қабул қилинган Қонунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловининг асосий принциплари, фуқароларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқлари, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари вазифасига номзодлар кўрсатиш, шунингдек сайлов билан боғлиқ бошқа масалаларни, ҳал этиш тартиби кўрсатилган. Умуман олганда мазкур ҳужжат маҳалла ҳаётини янада демократлаштириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мақомини оширишга қаратилган.
Парламент томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги қонунларда Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ишини ташкил этишнинг асосий масалалари белгилаб берилди.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунлар ҳам парламент томонидан қабул қилинди, уларда депутатларнинг, сенаторларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда фаолиятининг асосий кафолатлари белгилаб берилди.
«Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида»ги Қонунда эса уларни чақириб олиш тартиби белгилаб қўйилган.
Парламентнинг бўлажак ислоҳоти ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғини такомиллаштириш ва кучайтиришга қаратилган. Бу иш ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари ҳисобига бўлмаслиги учун, шунингдек давлат бошқарувининг бутун тизими самарали фаолият кўрсатишини кўзлаб, ҳокимият ижро этувчи тармоғининг ҳуқуқий мақомида тегишли ўзгартиришлар амалга оширилди. Шу муносабат билан парламент томонидан «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниб, унда мамлакат ҳукуматининг ваколатлари икки палатали парламент тузилиши ва фаолият олиб бориши, давлат ҳокимияти олий органлари айрим ваколатларининг қайта тақсимланиши инобатга олинган ҳолда белгилаб қўйилди.
Ҳисобот даврида суд ислоҳотларини чуқурлаштиришга, бутун одил судлов тизимини янада демократлаштиришга кўмаклашувчи қатор қонунлар қабул қилинди. Парламент томонидан янги таҳрирда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги Қонун суд ҳокимияти тармоғининг мустақиллигини қонунчилик йўли билан таъминлаш борасидаги муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлисга киритган «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг парламентнинг олтинчи сессиясида қабул қилиниши суд-ҳуқуқ ислоҳоти янги босқичини бошлаб берди. Қонун жиноят содир этганлик учун, айниқса иқтисодий соҳада жиноят содир этганлик учун жазоларни либераллаштиришни назарда тутади. Ушбу қонун қабул қилингач, суд амалиётига тарафларнинг ярашувига асосланган мутлақо янги ҳуқуқий механизм жорий этилди. Амалдаги қонунларга киритилган ўзгартишлар Ўзбекистон Республикасининг жиноят, жиноят-процессуал ва маъмурий жавобгарликка оид қонун ҳужжатларини янгича моҳият билан тўлдирди.
Янги таҳрирдаги «Прокуратура тўғрисида»ги Қонун ҳам Олий Мажлисга давлатимиз бошлиғи томонидан киритилган бўлиб, аввало у қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, Конституция ва қонунларнинг устунлиги принципини таъминлашга қаратилгандир. Унда Қонуннинг аввалги таҳрири қабул қилинган пайтдан буён мамлакатимизда содир бўлган ўзгаришлар ўз аксини топди. Қонуннинг янги таҳририга прокуратура органларининг ҳуқуқий мақоми, вазифаларини, улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, асосий йўналишлари ва принципларини белгиловчи нормалар киритилди. Шунингдек биринчи марта прокуратура органларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаси тартибини белгиловчи норма жорий этилди.
«Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун суд ҳужжатларини, шунингдек бошқа органлар (мансабдор шахслар) ҳужжатларини мажбурий ижро этиш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлинмаларининг суд ижрочилари зиммасига юкланади. Мазкур Департаментнинг тузилиши ижро ишини юритиш суд иш юритишининг бир қисми эмас, балки мустақил ҳуқуқий институт эканлиги билан изоҳланади.
Парламент томонидан мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган қатор қонунлар ҳам қабул қилинди. Уларнинг орасида «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонун ҳам бўлиб, у Савдо-саноат палатасининг. ҳуқуқий мақомини, мақсад ва вазифаларини белгилаб беради. Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, Ўзбекистон тадбиркорларининг чет эллик шериклар билан амалий алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этиладиган мазкур палата юртимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатиладиган хизматлар ташқи бозорларга тез суръатларда кириб боришига, мамлакатимизга чет эл инвестицияларини жадалроқ жалб этишга кўмаклашади. «Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида»ги Қонун ташқи савдо соҳасида давлат томонидан олиб бориладиган иқтисодий муносабатларнинг ҳуқу.қий базасини ривожлантиришга қаратилган. «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги янги таҳрирдаги Қонун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан 2003 йил июнь ойида тасдиқланган «Жорий халқаро операциялар бўйича миллий валютанинг эркин айирбошланишини таъминлаш ишлари дастури»га мувофиқ ишлаб чиқилди. Қонуннинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикаси Халқаро валюта фонди билан тузган битимда назарда тутилган мажбуриятлар инобатга олинган ҳолда таърифланган.
«Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун иқтисодий ислоҳотларни ривожлантиришга кўмаклашади. Унда хусусий корхоналарнинг тузилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади. Мамлакатимизда энг янги ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиши муносабати билан парламент шу соҳадаги фаолиятни тартибга солувчи қатор қонунларни қабул қилди. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги янги Қонунда ахборот ресурслари ва технологияларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг жаҳондаги ҳозирги тамойиллари ҳисобга олинган ҳолда миллий ахборот тизимини яратишга қаратилган давлат сиёсати белгиланди. «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ҳам ахборот олиш ҳамда ахборот билан боғлиқ бошқа жараёнларни янада демократлаштириш ва эркинлаштиришга, ахборот тарқатувчи воситаларнинг фаолиятини яхшилашга, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга кўмаклашади.
«Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонунда электрон ҳужжатдаги электрон рақамли имзо айни бир вақтнинг ўзида муайян шартларга риоя этилган тақдирда, қоғоз ҳужжатга қўлда ўзи қўйган имзо билан бир хил аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилишини таъминловчи нормалар белгиланди. «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонун электрон ҳужжат ва унинг реквизитларининг ҳуқуқий мақомини белгилаб беради, унда электрон ҳужжатнинг жўнатилиш ва қабул қилиб олиниш вақтига оид нормалар берилган. «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонунда электрон тижорат соҳасидаги фаолиятнинг, Ўзбекистон Республикасининг жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига янада жадалроқ интеграциялашувининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.
Олий Мажлиснинг саккизинчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси шу соҳадаги миллий қонун ҳужжатларини халқаро ҳуқуқий нормаларга мос ҳолга келтирди. Кодексда жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги манфаатлари акс эттирилган, шаҳарсозлик фаолияти субъектлари бўлмиш пудратчилар, буюртмачилар ва тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқувчиларнинг ўзаро муносабатлари нормалари, уларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари мустаҳкамлаб қўйилган.
«Давлат статистикаси тўғрисида»ги Қонун мамлакат статистика тизимини бозор иқтисодиёти принципларига мувофиқлаштирди, Ўзбекистон Республикасида давлат статистикасининг ташкил этилиши борасидаги ёндашувларнинг жаҳон амалиётида қабул қилинган халқаро стандартлар ва қоидалар билан бир хил бўлишини таъминлади.
Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш, мамлакат молия тизимини мустаҳкамлаш ва ташқи иқтисодий фаолият учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Олий Мажлис «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Бюджет тизими тўғрисида»ги, «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги қонунларни, «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунларнинг янги таҳририни қабул қилди. Бундан ташқари «Давлат кадастрлари тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Почта алоқаси тўғрисида»ги, «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги, «Маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари тўғрисида»ги, «Алоқа тўғрисида»ги, «Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ҳаво кодексига тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди.
Пенсия таъминотининг мавжуд тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан парламент «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди. Мазкур Қонунда фуқароларга амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тайинланган пенсияга қўшимча равишда тўловлар тўлаш имкониятини берувчи жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини ташкил этиш йўли билан пенсионерларнинг турмуш даражасини ошириш назарда тутилган.
Ҳисобот даврида парламент томонидан қабул қилинган «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги, «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги, «Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги, «Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Экологик экспертиза тўғрисида»ги, «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида»ги, «Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги, «Қимматбаҳо металлардан ясалган буюмларнинг асиллик даражаси ва тамғаланиши тўғрисида»ги, «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Хўжалик ширкатлари тўғрисида»ги, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги, «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Кредит уюшмалари тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Банкротлик тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Банк сири тўғрисида»ги . ва «Жамоат фондлари тўғрисида»ги қонунлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов томонидан таърифланган мудофаа соҳасидаги назарий қоидалар ва концептуал ёндашувлар «Мудофаа тўғрисида»ги ҳамда «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунларнинг янги таҳририда янада ривожлантирилди. Фуқароларни резервдаги ҳарбий хизматга киритиш тартиби белгиланган ва бошқа махсус масалалар тартибга солинган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги Қонун ҳозирги шароитда алоҳида долзарблик касб этди.
Турли экстремистик ташкилотлар томонидан қилиниши мумкин бўлган таҳдид мавжуд бўлган бир шароитда «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги қабул қилинган Қонун муҳим аҳамиятга эга. Ушбу Қонуннинг ўзига хос хусусияти унинг террорчилик фаолиятининг олдини олишга қаратилганлигидир. Қонун террорчиликка қарши операция ўтказишни, аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга ва террорчиларни зарарсизлантиришга қаратилган бошқа чора-тадбирларни, шунингдек терроризмдан жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.
. «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ҳам террорчилик фаолиятининг олдини олишга қаратилган. Қонунда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ишини мувофиқлаштирувчи, бундай операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилувчи, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органини тузиш назарда тутилган. Унинг қарорлари давлат ҳокимиятининг барча органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
Парламент томонидан қабул қилинган «Экспорт назорати тўғрисида»ги Қонун тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ялпи қирғин қуролини, уни етказиб бериш воситаларини, бошқа турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникани тарқатмаслик устидан назорат олиб бориш воситаси бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида халқаро террорчилар томонидан амалга оширилган хуружлар муносабати билан Олий Мажлис жамиятни янада жипслашиш, фуқаролараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида фаол иштирок этиш чақириғи билан фуқароларга икки марта Мурожаатнома қабул қилди. Парламент ўзининг ўн биринчи сессиясида Ироқ теварагидаги муаммони ҳал этиш юзасидан Баёнот қабул қилди.
Жамият ва давлатнинг изчил илгарилаб бориши, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги чуқур ўзгаришлар, фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий онгининг ўсиши фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларининг зарур кафолатларини таъминловчи демократик принципларнинг амалга оширилишини талаб қилди. Парламент демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилди. Унда икки палатали Олий Мажлисни шакллантириш билан боғлиқ ўзгартишлар ва қўшимчалар қамраб олинган.
Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Парламент томонидан янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун айни шу мақсадга хизмат қилади. Унда фуқароларнинг мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқувчи мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилган.
«Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши кўппартиявийлик тизимини янада ривожлантириш нуқтаи назаридан ғоят долзарб ҳисобланади. Қонун сиёсий партияларни молиялаштиришнинг ишончли ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган бўлиб, у сиёсий партияларни янада мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашади.
Барча қонунлар, қарорлар, бошқа ҳужжатлар Олий Мажлис томонидан синчковлик ва манфаатдорлик руҳидаги муҳокамалардан кейин, қоида тариқасида, бир неча ўқишда қабул қилинди. Парламент сессияларида масалаларни кўриб чиқишда депутатлар ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш бўйича қимматли таклифлар киритдилар ва бу таклифлар мазкур нормаларнинг узил-кесил таҳририни тайёрлашда ҳисобга олинди.
Қонун лойиҳаларини тайёрлаш учун олдиндан депутатлар ишчи гуруҳлари тузилиб, уларга чуқур назарий билим. ва катта амалий иш тажрибасига эга бўлган етакчи олимлар, экспертларни жалб этиш таомил бўлиб қолди. Қатор қонун лойиҳалари жамоатчиликнинг кенг муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди, Ўзбекистонда ишлаётган чет эллик мутахассислар экспертизасидан ўтказилди. Шу ўринда парламентнинг Европа Иттифоқи Комиссияси Европа Эйд дастурининг «Ўзбекистонда демократлаштириш жараёнини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси билан ҳамкорлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Лойиҳа билан биргаликда қатор семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Қонунчилик ишлари жараёнида парламент қўмиталари ва комиссиялари Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази, К. Аденауэр фонди ҳамда бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилдилар.
Батафсил ўрганиб чиқиш, ўз сайлов округларида сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувларда муҳокама қилиш учун ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари депутатларга олдиндан юборилди. Қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан тушган барча таклифлар қўмиталар ва комиссияларда синчиклаб ўрганиб борилди, аҳамиятга молик таклифлар лойиҳаларни такомилига етказишда ҳисобга олинди. Сессиялар муҳокамасига киритилаётган қонунларнинг лойиҳалари Олий Мажлис Кенгаши йиғилишларида муқаррар равишда муҳокама этиб борилди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш муҳимки, иккинчи чақириқ парламентнинг тўққизинчи сессиясида мамлакатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2002 йилнинг августида ташкил этилган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш масалалари бўйича Олий Мажлис комиссияси ҳисобот даврида муайян ишлар олиб борди. Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси парламенти қўмиталарининг, бир қатор вазирликлар ва идораларнинг, илмий-тадқиқот муассасалари ва олий ўқув юртларининг, жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари киритилди. Комиссия ишини мақбул тарзда ташкил этиш мақсадида унинг таркибида мамлакат тараққиётининг устувор йўналишларига мос келадиган қуйидаги бўлинмалар; мустақиллик ва хавфсизлик масалалари бўйича; иқтисодий тараққиёт масалалари бўйича; жамоатчилик институтлари, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича; суд-ҳуқуқ ислоҳоти масалалари бўйича; ижтимоий сиёсат масалалари бўйича; Қуролли Кучларни ислоҳот қилиш масалалари бўйича кичик комиссиялар тузилди. Кичик комиссиялар мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш концепцияларини ва уларни амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқдилар. Қомиссия мамлакатни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишнинг ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга доир кўп қиррали ишларни мувофиқлаштириб борди. Комиссия аъзолари парламент томонидан қабул қилинган қатор қонунларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этдилар.
Умуман олганда, Олий Мажлиснинг ҳисобот давридаги қонунчилик фаолияти таҳлили ўтказилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масалалари тезкор ҳал этилганлиги, ҳуқуқий нормалар ишлаб чиқиш жараёнининг доимий мониторинги ўтказилганлиги, парламент аъзоларининг маҳорати профессионал жиҳатдан ўсганлигидан далолат беради. Қабул қилинган қонунлар ўзгаришлар муқаррарлигининг ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳалари барқарор ривожланишининг кафолати, мустақил Ўзбекистонда қонун устуворлиги принцип мустаҳкамланиб бораётганлигининг далили бўлиб қолди.
Назорат-таҳлил ишлари режасига мувофиқ Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ҳар йили қонунлар, конвенциялар, миллий дастурлар ижроси устидан назорат тартибида 60 га яқин масалани кўриб чиқдилар. Бундай фаолият билан Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатнинг барча вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳри қамраб олинди.
Натижалар қўмиталар ва комиссияларнинг мажлисларида давлат ҳокимияти органларининг, жамоат бирлашмаларининг ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида таҳлил этилди ва муҳокама қилинди. Муҳокама якунлари оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этишга доир тавсиялар ижроси назоратга олинди. Қўмиталар ва комиссияларнинг назорат-таҳлил ишлари натижалари юзасидан илгари қабул қилган қарорлари ижросини текшириш амалиётдан муҳим ўрин олди.
Мазкур ишни жойларда амалга ошириш натижасида, умуман олганда, қонунларнинг моҳиятини тушунтириш билан боғлиқ фаолиятни кучайтиришга ҳамда аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатишга эришилди. Назорат-таҳлил фаолияти якунлари бўйича амалдаги қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрланди ҳамда асослаб берилди.
Олий Мажлиснинг ҳисобот давридаги назорат фаолияти таҳлили қўмиталар ва комиссиялар жамиятимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида қонуннинг қўлланиш амалиётини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишга ҳаракат қилганликларини кўрсатди. Назорат-таҳлил фаолиятига округлардаги Олий Мажлис депутатларини, шунингдек маҳаллий Кенгашлар депутатларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ва уларнинг маслаҳатчиларини, мутахассислар ва экспертларнинг кенг доирасини жалб этиш ишлари кучайтирилди. Қонунларнинг ижро этилишини ўрганиш бўйича депутатлар ишчи гуруҳига амалиётчи ходимлар, олимлар, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ходимлари кўпроқ жалб этилди. Текширишлар натижаларини тегишли вазирликлар ва идораларнинг ҳайъатларида, қўмиталар ва комиссияларнинг сайёр йиғилишларида, ҳокимликлар кенгашларида парламент депутатларидан ташқари тегишли ташкилотлар мансабдор шахсларнинг ҳам иштирокида кўриб чиқиш амалиёти таомилга кирди. Бу амалдаги норматив ҳужжатларга оғишмай риоя этиш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда раҳбар ходимларнинг масъулияти янада юқорироқ даражада бўлишини таъминлаш имконини берди. Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган ўз тавсияларининг амалга оширилиши устидан назоратни кучайтирдилар. Бу жойлардаги ишларнинг аҳволини ижобий томонга ўзгартиришга, парламент ишининг самарадорлигини оширишга кўмаклашди. Назорат масалаларини бир нечта қўмита ва комиссия биргаликда кўриб чиққан ҳоллар ҳам кўп бўлди, бу эса ҳуқуқий вазиятни янада чуқурроқ ва атрофлича ўрганиш, аниқланган камчиликларни комплекс ҳал этиш имкониятини берди.
Парламентлараро алоқалар ташқи сиёсий фаолият доирасида ривожлантирилди ва мустаҳкамланди. Бу фаолият мустақил Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга, давлатимиз олдида турган қатор ташқи сиёсий масалаларни ҳал этишда ижро этувчи ҳокимият органларига кўмаклашишга ёрдам берди. Ҳисобот даврида Олий Мажлисга 200 га яқин делегация ташриф буюрди, шулардан 50 дан зиёди парламент делегациялари бўлиб, улар орасида АҚШ Конгресси, ГФР Бундестаги, Чехия Республикаси Сенати, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси, Франция Сенати, Польша Республикаси Сейми делегациялари ва бошқа делегациялар бор. Парламентимизда БМТ Бош котиби К. Аннан, Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзиньтао, Руминия Президенти И. Илиеску, Туркия Республикаси Бош вазири Р. Эрдоған, ЕХҲТ амалдаги раисининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича шахсий вакили М. Ахтисаари, НАТО бош котиби Ж. Робертсон, Германия Федерал вазирлиги давлат котиби X. Гайгер, Италия Парламенти Депутатлар палатасининг раиси П. Казини, АҚШ Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг маслаҳатчиси З. Бжезинский ва бошқалар қабул қилинди. Бошқа мамлакатларнинг парламент тизими билан танишиш ҳамда халқаро семинарлар ва кенгашларда иштирок этиш учун Олий Мажлис депутатлари қарийб 60 марта чет-эл сафарига (Германия, Италия, Швеция, Франция, АҚШ, Руминия, Австрия, Словакия, Чехия Республикаси, Хитой ва бошқа мамлакатларга) чиқдилар.
Чет давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ва дипломатия корпуси бошқа вакиллари Олий Мажлисда меҳмон бўлдилар. Олий Мажлисда ўтказилган турли семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, бошқа тадбирларнинг чет эллик иштирокчилари парламент раҳбарияти томонидан, қўмиталари ва комиссияларида қабул қилинди.
Европа парламенти билан муносабатларнинг чуқурлашиб бориши ҳисобот даврида Олий Мажлис халқаро фаолиятининг устуворликларидан бирига айланди. Европа парламенти билан амалий алоқалар ўрнатилганлигига «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг ҳар йили ўтказиладиган мажлислари далил бўла олади. Хусусан, 2000 — 2004 йиллар мобайнида бешта шундай мажлис ўтказилди. Мажлисларда Ўзбекистонда демократлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликларига риоя этиш, Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик борасидаги масалалар, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари, экологик муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш воситалари, шунингдек Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасида ТАСИС, ТРАСЕКА, ИНОГЕЙТ дастурлари доирасидаги ҳамкорлик масалалари ва уни мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатлар муҳокама қилинди.
2002 йилнинг 18 ноябрида Тошкентда «Марказий Осиё ҳамкорлиги» ташкилотига аъзо давлатлар парламентлари аъзоларининг биринчи учрашуви ўтказилиши муҳим воқеа бўлди. Унда Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси парламентларининг қирқдан зиёд вакиллари иштирок этдилар. Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик институтини — «Марказий Осиё ҳамкорлиги» ташкилотига аъзо давлатлар парламентлари аъзолари кенгашини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.
Парламент аъзоларининг «Марказий Осиё ҳамкорлиги» ташкилотига аъзо давлатлар парламентлари раҳбарлари иштирокида 2004 йил 5 майда Олмаотада бўлиб ўтган иккинчи учрашувида «Марказий Осиё ҳамкорлиги» ташкилотига аъзо давлатларнинг терроризм, экстремизмга ва гиёҳвандлик моддалари билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлишга қарши курашиш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот имзоланди.
Парламентнинг 1999 йилнинг май ойида Олий Мажлис Кенгашининг қарори билан ташкил этилган Ўзбекистондан четга олиб кетилган ва халқ бойлиги бўлган архив ҳужжатларини қайтариб олиб келиш бўйича махсус комиссияси катта ишлар олиб борди. Комиссия аъзолари ҳисобот даврида Россия, Буюк Британия, Туркия, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларига бориб келдилар. Натижада Ўзбекистонга Камолиддин Беҳзоднинг Навоий, Низомий ва Хусрав Деҳлавий асарларига ишланган, ҳозирги кунда Буюк Британия ва Туркия кутубхоналарида сақланаётган дурдона миниатюраларидан, Лондондаги Британия музейидан эса Бобур ва бобурийлар сулоласи даврига тааллуқли расмлар коллекциясидан ва Бухоро ҳукмдорлари портретларидан нусхалар олиб келинди. «Виктория ва Альберт» музейидан (Англия) «Бобурнома»нинг энг нодир қўлёзмаларидан биридаги миниатюралардан, шунингдек Бобурнинг 1630 йилда чизилган портретидан нусхалар келтирилди.
Комиссия аъзоларининг Россияга қилган сафарлари чоғида, хусусан, Москва шаҳридаги фономатериаллар давлат архивида ва Красногорск шаҳридаги кинофото давлат архивида мамлакатимиз тарихига тааллуқли уч мингдан ортиқ ҳужжат топилди.
Комиссия томонидан мамлакатимиз учун энг қимматли архив ҳужжатлари, шу жумладан аудио, видео, кино ва фото ҳужжатлар, маданият ёдгорликлари, тасвирий санъат асарлари, тарихий ёдгорликлар турган жойлар ҳақида катта ҳажмдаги ахборот тўпланди. Жаҳоннинг кўпгина давлатларида, шу жумладан Россия, Буюк Британия, Туркия ва Мисрда мамлакатимиз тарихига тааллуқли ҳужжатларнинг ҳажми, сақланиш шароитлари, уларнинг асл нусхаларини ёки кўчирма нусхаларини Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш имконияти ўрганилди. Сафарларнинг якунлари юзасидан махсус комиссия мамлакат раҳбариятига шу ҳужжатларни қайтариб олиб келиш бўйича таклифлар билдирилган маълумот хати тақдим этди. Натижада бир қатор вазирликлар ва идораларга (Ташқи ишлар, Мудофаа, Ички ишлар ва Маданият ишлари вазирликларига, Миллий хавфсизлик хизмати, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда «Узархив» агентлигига) энг қимматли ҳужжатларни узил-кесил танлаб олишни амалга ошириш учун мутахассислардан ишчи гуруҳлари тузиш ҳамда бу ҳужжатларни тегишли идоралараро битимлар тузиш йўли билан Ўзбекистонга қайтариб олиб келишни таъминлаш тўғрисида топшириқлар берилди.
Махсус комиссия бошқа бир қатор давлатларда, жумладан Ҳиндистон, Покистонва Хитой Халқ Республикасида мамлакатимиз тарихи билан боғлиқ архив ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатлар мавжудлигини ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг буюк аждодларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида дафн этилган жойларини ободонлаштириш тўғрисидаги таклифини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Кенгаши 2003 йил май ойида қарор қабул қилди. Унга мувофиқ Бобур номидаги Халқаро фонд раиси, Олий Мажлис депутати З. Машрабов бошчилигидаги илмий экспедиция Афғонистон, Яқин Шарқ ва Арабистон ярим оролидаги бир қанча мамлакатларга бориб келди.
Экспедиция аъзолари бир қанча шаҳарлар ва вилоятларда бўлиб, Абу Райҳон Беруний, Фаробий, Аҳмад Фарғоний, Хоразмий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Кахмолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб дафн этилган жойларнинг аҳволи билан танишди. Экспедиция аъзолари Алишер Навоийнинг устози, сўз устаси мавлоно Лутфийнинг Ҳирот шаҳридан 35 километр узоқликдаги Деҳи Канор қишлоғида жойлашган ва изсиз йўқолиб кетган деб ҳисоблаб келинган қабрини топдилар. Мамлакатимиз фуқаролари учун улкан тарихий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган қабрларни асраш ҳамда уларнинг атрофини ободонлаштириш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари билан келишиб олинди.
Шахснинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш парламент раҳбариятининг, Олий Мажлис қўмиталари ва комиссияларининг доимий эътиборида бўлди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларида фуқароларнинг мурожаатлари билан олиб бориладиган ишларга катта эътибор қаратилди. Бу йўналишдаги ишлар «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга, парламентнинг мазкур соҳадаги ваколатларига қатъий мувофиқ ҳолда олиб борилди. Ҳисобот даврида Олий Мажлисга 12763 та ёзма мурожаат тушди. Уларнинг аксариятида мамлакат раҳбариятининг ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган йўли қўллаб-қувватланаётганлиги баён қилиниб, халқ фаровонлиги тўғрисида кўрсатилган ғамхўрлик ҳамда шахснинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари изчил ҳимоя қилинаётганлиги учун ташаккур изҳор этилган.
Шу билан бирга фуқароларнинг қатор мурожаатлари ва аризаларида қонунларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан бузилаётганлиги, ижтимоий таъминот хизмати фаолиятидаги камчиликлар, жойларда шикоятларга эътиборсизлик қилинаётганлиги ҳақида сўз юритилади. Айрим мурожаатларда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари камситилаётганлиги, уларнинг қонуний талабларини ҳал этишда маҳаллий ҳокимият органлари, судлар томонидан тўрачиликка ва расмиятчиликка йўл қўйилаётганлиги хабар қилинади, меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан таъминланиши, коммунал хизмат кўрсатишни ташкил этишдаги муаммолар кўтарилади. Хатларнинг талай қисми Тошкент шаҳри, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан тушди.
Энг кескин масалалар кўтарилган мурожаатлар Олий Мажлис раҳбарияти томонидан, парламент қўмиталари ва комиссияларида кўриб чиқилди. Депутатлар фуқароларни Олий Мажлисда ҳам, ўз сайлов округларида ҳам қабул қилдилар. Фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти кўриб чиқиш учун тегишли ҳокимликлар, судлар, прокуратура органларига, вазирликлар, идоралар ва бошқа ваколатли органларга юборилди. Жойларда бу мурожаатлар билан олиб борилаётган ишлар депутатларнинг доимий назорати остида бўлди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига ҳисобот даврида фуқаролардан 24904 та мурожаат тушди. 4926 та мурожаат юзасидан оғзаки тушунтириш ва маслаҳатлар берилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиш ҳоллари билан боғлиқ 5581 та мурожаат назоратга олинди, бундан 1250 таси ижобий ҳал этилди. Фуқароларнинг қолган мурожаатлари кўриб чиқиш учун тегишли давлат органларига юборилди. Омбудсман ва унинг вакиллари жойларга чиқиб, аризачилар билан 270 дан зиёд учрашув ўтказдилар. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, Эксперт кенгаши аъзолари, шунингдек Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари жиноят ва фуқаролик ишларидан 175 таси бўйича суд процессининг боришини Омбудсман вакили сифатида кузатиб бордилар.
Ҳисобот даврида Омбудсман минтақавий вакиллари ишида фаоллик янада ошди. Бу маҳаллий ҳокимият органларининг қўллаб-қувватлаши билан, шунингдек мазкур институтнинг таркибий шаклланиши амалда поёнига етказилганлиги билан боғлиқдир.
Қонунни қўллаш амалиётини чуқур таҳлил қилиш, қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолиятини илмий жиҳатдан таъминлаш, халқаро стандартларни миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этиш мақсадида Олий Мажлисда амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги халқаро ҳуқуқий нормалар ўрганилган ҳолда олиб борилмоқда. Қўмиталар ва комиссияларда, Олий Мажлис Котибиятининг қатор бўлимларида бошқа мамлакатлар парламентаризми тажрибаси мунтазам ўрганиб борилмоқда, мамлакат қонун чиқарувчи олий органи фаолиятининг барча йўналишлари бўйича тегишли илмий-ахборот маълумотлар базаси вужудга келтирилмоқда. Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва назорат-таҳлил ишига Олий Мажлис ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтидан ташқари бир қанча илмий-тадқиқот институтлари, вазирликлар ва идоралардан, шунингдек чет эл ташкилотларининг Ўзбекистонда аккредитация қилинган ваколатхоналаридан етакчи олимлар ва экспертлар жалб этилмоқда. Ҳисобот даврида улар элликдан ортиқ қонун лойиҳаси юзасидан эксперт хулосалари бердилар.
Қонунларни ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказишда уларнинг Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган жамият ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш йўлига мувофиқлиги масалаларига, кутилаётган иқтисодий ва бошқа натижаларни таҳлил қилишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Институтда 200 га яқин илмий иш бажарилди ва уларнинг аксарияти эълон қилинди.
Институт ходимлари қўмиталар ва комиссиялар билан биргаликда олиб борилган назорат-таҳлил фаолияти жараёнида қонун ҳужжатларини яхшилаш юзасидан аниқ таклифлар бердилар. Қонунларни такомиллаштириш, миллий қонун ҳужжатларига халқаро ҳуқуқ нормаларини сингдириш масалалари ва бошқа долзарб муаммолар бўйича Институт бошқа ташкилотлар билан, шу жумладан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор семинарлар ўтказди. Институт ходимлари Ўзбекистон Республикасида ва ундан ташқарида ўтказилган ўттиздан ортиқ илмий ҳамда илмий-амалий семинарлар ва конференцияларда, шу жумладан халқаро семинарлар ва конференцияларда қатнашдилар. Улар 130 та телекўрсатув ва юздан ортиқ радиоэшиттиришда иштирок этдилар, 140 дан зиёд мақола ёздилар, қонунни қўллаш амалиётининг ва халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этишнинг турли масалаларига доир ушбу мақолалар марказий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.
Ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳисобот даврида янада мунтазам тус олди. Олий Мажлис янги сайланган барча даражадаги халқ депутатлари Кенгашларини қарор топтириш ҳамда ривожлантиришда, улар ўз ташкилий масалаларини ҳал этишларида амалий ва услубий ёрдам кўрсатди. Олий Мажлис 2000 йилнинг май ойида ижтимоий ҳаётнинг барча томонларини демократлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришда ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш бўйича республика семинар-кенгашини ўтказди. Шундан сўнг бундай семинарлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.
Олий Мажлис ҳисобот даврида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ишига алоҳида эътибор қаратди. Қонун ҳужжатларига мувофиқ мамлакатимизда 2001 йилнинг май — июнь ва 2003 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов ўтказилди. Олий Мажлис Кенгаши томонидан 2001 йил 9 апрелда ва 2003 йил 6 октябрда қабул қилинган қарорларда сайлов кампаниясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комплекс тадбирлар режалари тасдиқланди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Олий Мажлисда республика семинар-кенгшллари (2001 йил 5 майда ва 2003 йил 31 октябрда) ўтказилди. Шунга ўхшаш семинарлар жойларда ҳам бўлиб ўтди. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонун матнлари, шунингдек республика семинар-кенгашлари материаллари барча ҳокимликлар ва фуқаролар йиғинларига юборилди.
Ана шу муҳим ижтимоий-сиёсий кампанияларда Олий Мажлис депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари фаол иштирок этдилар. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни, амалдаги қонун ҳужжатларининг моҳиятини, сайловларда барча фуқароларнинг иштирок этиши муҳимлигини тушунтириш юзасидан улар ўз сайлов округларида иш олиб бордилар. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш учун Олий Мажлис депутатлари ва Котибиятининг масъул ходимлари жойларга бориб келдилар.
Амалга оширилган ишларнинг якуни шундан иборатки, мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов умуман олганда ижтимоий-сиёсий ва ташкилий жиҳатдан юксак савияда ўтди. 2001 йилги сайловда 11 миллиондан ва 2003 йилги сайловда 12 миллиондан ортиқ киши иштирок этди, бу кўрсаткич мамлакатимизнинг сайлов давридаги катта ёшли аҳолисининг тегишинча қарийб 85 ва 97 фоизини ташкил этади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар аҳолининг кенг қатламлари учун демократиянинг чинакам мактаби бўлиб қолди ҳамда мамлакат раҳбариятининг давлат ҳокимияти органлари вазифаларининг бир қисмини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказиш юзасидан тутган йўли тўғри эканлигини, ҳаётнинг барча томонларини эркинлаштириш ва демократлаштиришда, жойларда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда уларнинг тутган ўрни ва аҳамияти ошиб бораётганлигини, «Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари» деган концепцияни амалда рўёбга чиқариш нақадар муҳим эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ҳисобот даврида Олий Мажлис ва унинг органлари ишининг ўзига хос шакллари ҳамда усуллари янада ривож топди. Олий Мажлис Кенгаши ҳисобот даврида 48 та, қўмиталар ва комиссиялар 453 та йиғилиш ўтказди. Олий Мажлис Кенгаши йиғилишларида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг йил натижалари муҳокама қилинди, ҳар йили Марказий банк, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг ҳисоботлари тинглаб борилди.
Мамлакат қонун чиқарувчи олий органининг самарали ишлаши учун сиёсий партиялар депутатлар фракцияларининг ҳам, депутатлар блокларининг ҳам фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Ҳисобот даврида сиёсий партияларнинг депутатлар фракциялари ҳамда ҳокимият вакиллик органларидан ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар блоклари парламентнинг қонунчилик фаолиятига муайян ҳисса қўшдилар. Уларнинг мажлисларида қонун лойиҳаларини ҳамда бошқа ҳужжатларни навбатдаги сессиялар муҳокамасига киритиш, бундай лойиҳа ва ҳужжатлар юзасидан келишилган нуқтаи назарни ишлаб чиқиш, парламент сессиялари ишини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб борилди. Бу эса қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишлари сифатини ва депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш имконини берди.
Конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирлар парламентнинг доимий иш шаклларидан бири бўлиб қолди, ҳисобот даврида 700 дан зиёд шундай тадбир ўтказилди. Улар, қоида тариқасида, вазирликлар ва идораларнинг, турли ноҳукумат ташкилотларининг вакиллари, мамлакат ҳамда чет-эл етакчи олимлари, тегишли ихтисосликдаги экспертлар иштирокида ўтказилди ва кенг ижтимоий акс садо берди.
«Масалан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси «Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва прокуратура органлари», «Демократик жараёнлар ва суд-ҳуқуқ ислоҳоти» мавзуларида семинарлар ўтказди. Мазкур қўмита Ўзбекистон судьялар уюшмаси ва Америка юристлар уюшмасининг кўмагида «Демократик жараёнлар ва суд-ҳуқуқ ислоҳоти» мавзуида семинар, Матбуот ва ахборот қўмитаси билан биргаликда эса «Икки палатали парламентнинг ташкил этилиши, фаолияти ва истиқболи билан боғлиқ масалалар» мавзуида конференция ўтказди. Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан биргаликда «Фуқаролик жамияти институти сифатида маҳалланинг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш» мавзуида конференция ўтказди, Ижтимоий масалалар ва бандлик қўмитаси. «Соғлом авлод учун» жамғармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Телерадио компанияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан биргаликда «Соғлом авлод — бизнинг келажагимиз» телемарафонини ташкил этди. Ижтимоий масалалар ва бандлик қўмитаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан биргаликда «Аҳолининг ишда бандлигини таъминлашда, спортни ривожлантириш ва ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашни кучайтиришда маҳалланинг ўрни ва роли» мавзуида семинар, Ёшлар ишлари қўмитаси «Конституция — ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати» мавзуида давра суҳбати ўтказди. Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Гидрометеорология хизмати маркази, Жаҳон банки, «Экосан» халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон: XXI аср бўсағасида экологик хавфсизлик», «Экология, меҳнат ва саломатлик» мавзуларида халқаро конференциялар ўтказилди.
Ёшлар ишлари қўмитаси Фидокорлар миллий демократик партияси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Мудофаа, Маданият ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Телерадио компанияси ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида фестиваль ўтказди. Бу ва бошқа тадбирлар Олий Мажлис фаолиятининг қонунчилик, назорат-таҳлил ва бошқа йўналишларини такомиллаштириш, турли ҳокимият ва бошқарув органларига, жамоат ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш, жамият ҳаётининг тегишли соҳаларидаги ишларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро яқин алоқада иш олиб боришга, Олий Мажлис томонидан амалга оширилаётган ишларни матбуотда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда ўз вақтида ёритиб боришга катта эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида Олий Мажлис депутатлари парламент фаолиятининг турли масалалари юзасидан мамлакатимизнинг фақат марказий оммавий ахборот воситаларининг ўзида уч ярим минг мартадан зиёд чиқдилар.
Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси парламент ишининг муҳим шаклидир. Алоҳида аҳамиятга молик ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари биринчи ўқишда маъқулланганидан кейин матбуотда эълон қилиб борилди. Муҳокама жараёнида тушган таклифлар синчиклаб таҳлил қилиб борилди ва лойиҳани узил-кесил такомилига етказишда ҳисобга олинди.
Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тушунтириш ва тарғиб қилиш мақсадида махсус Тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди. Дастур сайлов тўғрисидаги қонунларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этиш, мазкур қонунларнинг матнларини парламент Веб-сайтига жойлаштириш, сайлов мавзуида рисолалар ва материаллар тайёрлаш ҳамда эълон қилиш, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари ўтказиш, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ташкил этишни ва бошқа шу кабиларни ўз ичига олади. Дастурга мувофиқ ўқув юртларида, маҳаллаларда, ташкилотлар ва муассасаларда сайловчилар билан юзлаб учрашувлар бўлиб ўтди, оммавий ахборот воситаларида кўплаб материаллар эълон қилинди. «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида деярли ҳар куни сайлов билан боғлиқ материаллар эълон қилиб борилмоқда. Олиб борилаётган ишларда катта маънавий ва яратувчилик салоҳиятига эга бўлган ҳамда сайлов натижаларига салмоқли таъсир кўрсатишга қодир аёлларни сайлов жараёнига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу иш келгусида ҳам давом эттирилади.
Умуман олганда, иккинчи чақириқ Олий Мажлис фаолиятининг якунлари парламент мамлакат тараққиётининг мазкур тарихий босқичида ўз вазифасини бажарганлигидан далолат беради. Янги икки палатали парламент олдида давлат қурилишининг янги воқеликлари ва тамойилларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик фаолиятини давом эттириш вазифаси турибди.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 й., 1-сон, 3-модда)