Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2011 йил 27 январь,
241-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисида
АХБОРОТ
2009 йил декабрь — 2010 йил январь ойларида бўлиб ўтган кўппартиявийлик асосидаги эркин, демократик сайлов якунлари бўйича шакллантирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси парламент фаолиятини ташкилий-кадрлар масалаларини ҳал этишдан бошлади. Олий Мажлис қуйи палатасининг биринчи мажлисида Қонунчилик палатаси Спикери ва Спикер ўринбосарлари, қўмиталар раислари сайланди, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи рўйхатга олинди. Қонунчилик палатаси тузилмасида биринчи марта Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов томонидан 2010 йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир», шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган мажлисидаги «Асосий вазифамиз — Ватанимиз тараққиёти ва халқ фаровонлигини янада юксалтиришдир» деб номланган маърузаларида илгари сурилган мамлакатимизни янада ривожлантириш стратегияси Қонунчилик палатаси фаолиятининг сиёсий платформаси бўлди.
Қонунчилик палатаси давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2010 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишлари дастурини ишлаб чиқди ва тасдиқлади.
Дастурнинг мақсади Ўзбекистонда ўтказилаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларини комплекс равишда қонунчилик йўли билан таъминлашдан иборатдир. Мазкур дастурнинг амалга оширилиши мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишда парламентнинг ролини ошириш, мамлакатимизда ҳамма жойда «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» принципини рўёбга чиқариш имкониятини беради.
Қонун ижодкорлиги, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш, округларда сайловчилар билан ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, халқаро ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, парламент ишини оммавий ахборот воситаларида ёритиш 2010 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўлди.
I. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти
2010 йилда Қонунчилик палатасининг 28 та мажлиси ўтказилиб, уларда 35 та қонун қабул қилинди ва Сенатга юборилди, шундан 29 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди ва кучга кирди.
Қонунлар, қарорлар, бошқа ҳужжатлар Қонунчилик палатаси томонидан синчиклаб ва манфаатдорлик билан, қоида тариқасида, бир неча ўқишлардан кейин қабул қилинди.
Қонун лойиҳаларини тайёрлаш учун Қонунчилик палатасининг қўмиталари ҳузурида чуқур назарий билимга ва катта амалий иш тажрибасига эга бўлган етакчи олимлар, экспертлар жалб этилган ҳолда олдиндан депутатлар ишчи гуруҳлари тузилди. Бунда Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти билан ҳамкорлигини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур бўлиб, бу институт билан биргаликда бир қатор семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
Депутатлар кўриб чиқиши учун киритиладиган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатаси Кенгаши мажлисларида дастлабки тартибда муҳокама қилиб борилди.
Умуман олганда, Қонунчилик палатасининг ҳисобот давридаги қонун ижодкорлиги фаолиятининг таҳлили ўтказилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари тезкорлик билан ҳал этилаётганлигидан, ҳуқуқий нормаларни ишлаб чиқиш жараёни доимий мониторинг қилиб борилаётганлигидан, парламент аъзоларининг касбий маҳорати ўсганлигидан далолат беради. Қабул қилинган қонунлар ўзгаришлар муқаррарлигининг ҳамда жамиятимиз ҳаётининг барча соҳалари барқарор ривожланишининг, Ўзбекистонда қонун устуворлиги принципи мустаҳкамланишининг кафолати бўлди.
2010 йилда депутатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиб, 11 та қонун лойиҳасини киритдилар, бундан 4 таси қабул қилинди, шу жумладан 2 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.
Чунончи, депутатлар Б.Б. Алихонов, Х.С. Аъзамов, С.А. Жакбаров, С.В. Самойлов, Ф.Р. Холбоев ва Ф.М. Қувватов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини, А. Жумаев, Б. Иминов, С. Отамуратов ва Ш. Тешаев — «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 113-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини, Б. Иминов, С. Отамуратов, А. Тўхтабоев ва Ш. Тешаев — «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини, Б. Иминов, С. Отамуратов ва Р. Собиржонов «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини, Б. Алихонов, А. Турсунов ва Ф. Қувватов — «Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини, Т. Абдусатторов, Б. Алихонов, С. Жакбаров, Д. Отажонов, П. Реймов, С. Самойлов ва Л. Ғуломов «Экологик назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрладилар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритдилар.
Қонунчилик палатаси қуйидаги йўналишлар бўйича қонунлар қабул қилди:
давлат қурилиши ва бошқаруви, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш соҳасида — 8 та;
қонунийликни таъминлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш — 10 та;
бозор ислоҳотларини ривожлантириш, мамлакат иқтисодиётининг изчил ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳани модернизация қилиш ва такомиллаштириш, шунингдек ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш — 12 та;
халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш — 3 та;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида — 2 та.
Давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш Қонунчилик палатаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлди. Бу йўналишда «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Монополияга қарши давлат органи қайта ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Давлат солиқ хизмати органлари тизими янада модернизация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақида»ги айрим қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1781-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.
«Баркамол авлод йили» давлат дастури асосида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонун болаларни ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг, шунингдек ота-оналар, васийлик ва ҳомийлик органларининг ёш авлод учун жавобгарлигини оширишга қаратилгандир.
Мазкур Қонуннинг айрим нормалари билан маданият ва спорт муассасалари, туризм соҳаси ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузурликларнинг олдини олишдаги иштироки тартибга солинган, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва педагогик реабилитация қилиш тартиби белгиланган.
«Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1781-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун мамлакатда амалга оширилаётган «Баркамол авлод йили» Давлат дастурини қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш борасида ўта долзарб аҳамият касб этади. Мазкур Қонун қабул қилиниши билан алкоголь маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланади ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
«Монополияга қарши давлат органи қайта ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги «Монополияга қарши ишларни тартибга солиш ва рақобатни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 2 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатиб ўтилган Фармонига мувофиқ, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари уюшмаси ташкил этилиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари унинг ваколатига киритилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларнинг давлат органидан нодавлат ташкилотига ўтказилиши Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган кўплаб ишларнинг яққол мисолларидан биридир. Шу муносабат билан Қонун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси каби қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилишини назарда тутади.
«Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор бошқа ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, илгари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тасарруфида бўлган айрим вазифалар ҳамда унинг тизимидаги пенсия таъминотининг комплекс масалалари, шу жумладан пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларнинг тайинланиши, молиялаштирилиши, ҳисобга олиниши ҳамда мониторинг қилиниши, шунингдек тиббий-меҳнат экспертизаси хизматлари фаолиятининг ташкил этилиши масалалари учун масъул бўлган тегишли тузилмалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказилди.
Ушбу Қонун муносабати билан «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва бир қатор бошқа қонунларга ўзгартишлар киритилди.
Бозор ислоҳотларини ривожлантириш, мамлакат иқтисодиётининг муттасил ўсиш суръатларини ва макроиқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳани модернизация қилиш ва такомиллаштириш, шунингдек ижтимоий муаммоларни ҳал этиш Қонунчилик палатасининг эътибор марказида бўлди. Бу йўналишда иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ қонунлар қабул қилинди. Улар орасида «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги, «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги, «Баҳолаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги, «Табиий монополиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15 ҳамда 18-моддаларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар бор.
«Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистонда риэлторлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш тизимини яратишга, кўчмас мулк бозори иштирокчилари ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлашга, профессионал риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилган. Қонунда риэлторлик фаолияти, риэлторлик ташкилоти ва риэлтор тушунчалари ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳолати баён этилган, риэлторлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий шарт-шароитлари белгилаб қўйилган. Қонун риэлторлик фаолиятини мажбурий лицензиялаш тартибини ва риэлторларга қўйиладиган малака талабларини, риэлторлик хизматлари сифатини яхшилаш, риэлторларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш жорий этилиши, риэлторлик хизматлари истеъмолчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш тартибини белгилайди.
Юқорида кўрсатиб ўтилган Қонуннинг қабул қилиниши кўчмас мулк бозорини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини анча кенгайтиради, риэлторлик хизматлари истеъмолчиларининг қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, риэлторлик ташкилотлари (риэлторлар) томонидан ўз зиммаларига олинган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан лозим даражада назорат қилиш механизмларини вужудга келтириш имкониятини беради, бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларининг барқарор ривожланишини таъминлайди, мазкур бозор барча иштирокчиларининг ўзаро муносабатларини мақбуллаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 19 ноябрдаги Фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларига меҳнат стажини ҳисоблаш, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини бериш, пенсияларни тайинлаш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш шартлари ҳамда тартиби масалаларига доир ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан амалдаги пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгандир. Хусусан, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар 2011 йил 1 январдан эътиборан III гуруҳдаги ногиронларга янги пенсияларни тайинлаш бекор қилинишини назарда тутади, бунда улар учун ишга жойлаштириш, иш жойларини биринчи навбатда бериш ва сақлаб туриш, техник ёки бошқа воситаларни (протез-ортопедия буюмлари, ўриндиқли аравачалар, эшитиш аппаратлари, ҳасса ва бошқа ашёларни) имтиёзли равишда бериш, маиший ва транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар сақланиб қолади. Қонунда меҳнат стажи тўлиқ бўлмаганда пенсия тайинланиши ҳуқуқига эга бўлиш учун зарурий меҳнат стажининг энг кам муддати белгилаб қўйилмоқда, ходимларнинг айрим тоифалари муддатидан илгари пенсияга чиқишига доир имтиёзларни бериш масалалари, шунингдек корхона ва ташкилот айби билан меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги оқибатида вафот этган (ҳалок бўлган) боқувчисини йўқотганлик муносабати билан тайинланган пенсияларни тўлаш харажатларининг корхоналар ва ташкилотлар томонидан қопланиши масалалари тартибга солинмоқда.
Қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ходим пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини тугатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи иш берувчига берилишини назарда тутади, ходим пенсия ёшига тўлганда меҳнат шартномасини тугатиш ниятида эканлиги ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда хабардор қилиш, шунингдек ходим пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан муддатли меҳнат шартномаси муддатидан илгари тугатилган тақдирда неустойка тўлаш мажбуриятини иш берувчининг зиммасига юклайди.
Қабул қилинган бир қатор қонунлар қонунийликни таъминлашга, одил судловнинг самарадорлигини оширишга, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилгандир. Улар орасида «Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Судлар, прокурорлар, терговчилар ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 103-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 245 ва 246-моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар бор.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги Фармони асосида ишлаб чиқилган «Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари муҳофаза ва ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилгандир. Ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Оила, Солиқ кодексларига ҳамда бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
«Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси номидан давлат нотариал идораларида ишловчи нотариуслар томонидан амалга ошириладиган тартиб белгиланишини назарда тутади, бу фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга кўмаклашади.
Шунингдек, Қонун нотариусларга қўйиладиган малака талаблари кучайтирилишини, нотариус малакасининг мажбурий ошириб борилиши тизими жорий этилишини, нотариал идораларнинг ҳуқуқий мақоми ва уларга қўйиладиган талаблар белгилаб қўйилишини, фуқароларнинг нотариусга мурожаат этишини таъминлаш чора-тадбирларини назарда тутади.
«Судлар, прокурорлар, терговчилар ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун жиноят ишлари, шу жумладан айбланувчиларни ушлаб бериш ва жиноий таъқиб этиш, жиноятлардан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш юзасидан Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга кўмаклашади.
«Радиациявий хавфсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қабул қилинган қонунлар атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган эди.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун ҳужжатларидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга халақит бераётган мавжуд қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этишга қаратилгандир.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, қўриқлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган, 2005 йил 17 январдан эътиборан амалда бўлган «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида халқаро стандартларга мувофиқ «алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар» тушунчаси «муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар» тушунчаси билан алмаштирилди.
Халқаро ташкилотлар ва чет мамлакатлар билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш Қонунчилик палатасининг муҳим йўналишларидан биридир.
Ушбу йўналишда «Ўзбекистон Республикаси билан Ўмон Султонлиги ўртасида ҳамкорлик ва муносабатлар асослари тўғрисидаги Битимни (Масқат, 2009 йил 5 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги, «Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2005 йил 19 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилотининг ҳуқуқий мақоми ҳақидаги 2002 йил 7 октябрдаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Протоколни (Душанбе, 2007 йил 6 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунлар қабул қилинди.
«Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2005 йил 19 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Бош конференцияси (ЮНЕСКО) томонидан Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция қабул қилинганлиги муносабати билан ишлаб чиқилди. Ушбу конвенциянинг мақсади жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ЮНЕСКО фаолияти стратегияси ҳамда дастури доирасида спортда допинг қўлланилишининг олдини олишда ва уни барҳам топтириш мақсадларини кўзлаб унга қарши курашда кўмаклашишдан иборат. Спортда допингга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенция кенг миқёсли хусусиятга эга бўлиб, спорт соғлиқни сақлашда, маънавий, маданий ва жисмоний тарбиялашда, шунингдек ҳамжиҳатлик ва тинчликни мустаҳкамлашга кўмаклашишда муҳим роль ўйнаши кераклигини назарда тутади. Мазкур конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистон ўзининг халқаро мажбуриятларини бажаришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
2010 йил 30 ноябрда Қонунчилик палатасининг мажлисида қуйи палатанинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг жорий йилнинг 12 ноябрида бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифалари муҳокама этилди.
Муҳокама пайтида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Улар давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиётининг янги босқичини ҳисобга олган, мустақилликнинг ўтган йилларида Ўзбекистон босиб ўтган йўлни холисона таҳлил этган ҳолда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг кенг миқёсли, чуқур асослантирилган дастурини илгари сурганлигини таъкидлаб ўтдилар. Ёш суверен давлатимизнинг ўтган йилларда эришган ютуқлари мамлакатимизни тадрижий, босқичма-босқич ривожлантиришнинг танланган йўли тўғрилигини ва бундан буён ҳам ана шу йўлдан бориш зарурлигини ишончли тарзда исботлайди.
Алоҳида таъкидландики, Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига тузатишлар киритиш, бир қатор янги қонунларни қабул қилиш ва амалдагиларини такомиллаштириш тўғрисидаги йирик қонунчилик ташаббуслари ваколатларни давлат ҳокимиятининг учта субъекти: Президент — давлат бошлиғи, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасида янада мувозанатли тақсимлашга, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларини янада демократлаштириш ва эркинлаштиришга қаратилгандир. Бу, аслини олганда, ёш мустақил давлат тараққиётининг, ҳуқуқий фуқаролик жамияти қурилишининг янги босқичидир.
Муҳокама иштирокчилари яна шуни ҳам таъкидладиларки, мамлакатимизда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этиладиган, демократик принципларга жавоб берадиган янги тартиб жорий этилмоқда.
Бош вазирга ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқининг Олий Мажлисга берилиши мамлакатимиз олий ҳокимият органлари тизимида муҳим янгилик бўлиб, бунда Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби ҳам истеъфога чиқади. Бу чора-тадбирлар энг муҳим давлат масалаларини ҳал этишда сиёсий партиялар фракциялари ва умуман парламентнинг ролини анча оширади.
Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг давлатимиз раҳбари томонидан таърифлаб берилган олтита энг муҳим устувор йўналиши, Қонунчилик палатаси депутатларининг фикрига кўра, мамлакатимизни барқарор равишда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантириш, халқ фаровонлигини муттасил ошириб бориш, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун улкан аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган мақсадларга муваффақиятли равишда эришиш мамлакатимиз барча давлат ва жамоат ташкилотларининг, фуқароларининг юксак даражадаги фаоллиги ва масъулиятини талаб қилади.
Халқ ноиблари мустақил Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида икки палатали профессионал Олий Мажлис олдида турган мураккаб ва масъулиятли вазифаларни ҳал этиш учун парламент фаолиятининг самарадорлигини ошириш йўлларини тинимсиз излаш, қонунлар ҳамда депутат сўровларини тайёрлашда юксак даражада фаоллик намоён этиш ва масъулиятни ҳис қилиш, ўз сайловчилари манфаатларини ҳимоя қилишда жасурлик ва изчиллик кўрсатиш зарурлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан параламентдаги сиёсий партиялар фракцияларининг ролини ошириш, депутатларнинг фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Сўзга чиққанлар парламент назоратининг депутат сўрови, жойларда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ишларнинг аҳволи юзасидан ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларини эшитиш сингари шаклларидан самаралироқ фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, округларда сайловчилар билан мунтазам иш олиб бориш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини мамлакатимиз барча фуқароларига етказиш, қонун ижодкорлиги фаолиятида фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини муҳокама қилиш давомида депутатлар давлатимиз раҳбарининг қонунчилик ташаббусларини амалда рўёбга чиқаришга, янги шароитларда парламент фаолиятини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этдилар. Қўмиталар ва фракциялар ишининг янги шакл ва услубларини излашга, Қонунчилик палатаси депутатларининг бошқа ҳуқуқ субъектлари билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилишига, парламент вакилларининг қонунчилик техникасини такомиллаштиришга, норма ижодкорлиги ишида илғор хорижий тажрибаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
2010 йил 30 декабрда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида таклиф этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича 2011 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурини кўриб чиқдилар ҳамда тасдиқладилар.
Ушбу масалани муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқиб, Ҳаракат дастурининг мақсади Концепцияни амалга ошириш бўйича қонунчилик, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни белгилашдан иборат эканлигини ва ушбу Дастур Қонунчилик палатаси депутатларини 2011 йилда ва кейинги йилларда янада самаралироқ ишлашга чорлашини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган мақсадларга муваффақиятли равишда эришиш учун мамлакатимизнинг барча давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролари фаоллиги ҳамда масъулиятини ошириш талаб этилиши таъкидланди.
18 ноябрда Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар 2010 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг бажарилишини кўриб чиқдилар, бунда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ахборот билан сўзга чиқиб, 2010 йилда янги кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобига — 347,4 мингта иш ўрни, касаначилик меҳнатини ривожлантириш ҳисобига — 210 мингдан зиёд, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳисобига — 129,2 мингта иш ўрни ташкил этилганлигини таъкидлаб ўтди.
Аҳоли зич яшайдиган минтақаларда, жумладан Фарғона вилоятида — 91,5 мингта, Андижон вилоятида — 78,3 мингта, Наманган вилоятида — 71,2 мингта иш ўрни ташкил этилди.
Шундай қилиб, республика бўйича 953,7 мингта иш ўрни ташкил этилди, бу Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, республикамизнинг тегишли вазирликлари ва идоралари томонидан Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини бажариш борасида олиб борилган кенг миқёсдаги ишларнинг самараси бўлди.
Шундан сўнг депутатлар 2011 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини кўриб чиқдилар ва тасдиқладилар. Ушбу Дастур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг даромадлари, турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлиги масалаларини ҳал қилиш борасидаги масъулиятини кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилгандир.
Дастур меҳнат бозорининг жорий ҳамда истиқболдаги эҳтиёжларини, 2010 йилдаги иш ўринлари ташкил этиш бўйича кутилаётган иш якунларини таҳлил қилиш ва баҳолаш натижаларига, шунингдек иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича 2011 йилга мўлжалланган тадбирларни, шу жумладан 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурига мувофиқ белгиланган тадбирларни амалга оширишга асосланган.
2011 йилга мўлжалланган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари ва прогноз кўрсаткичлари вақтинча ишламаётган фуқаролар (ишсизлар), меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган ёшлар, иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришлар жараёнида ишдан озод этилаётган ходимларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларига бўлган эҳтиёжларни, шунингдек янги иш ўринлари ташкил этиш учун мавжуд бўлган барча имкониятлар ва захираларни ҳисобга олган ҳолда белгилангандир.
Дастурда 2011 йилда Инвестиция дастурини, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш тармоқ дастурларини амалга ошириш, кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш, хусусий тадбиркорлик, касаначилик меҳнатини ривожлантириш, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка, мева-сабзавот ҳамда бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ҳамда кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш, аҳоли пункларини ободонлаштириш, автомобиль йўллари ва темир йўллар қуриш ҳамда уларни таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳисобидан 956,2 мингта янги иш ўрни ташкил этиш назарда тутилган.
Дастурда 2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилган. Чунончи, Иш ўринлари ташкил этиш бўйича дастурнинг вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, тармоқлар, муайян объектлар бўйича қандай бажарилаётганини ҳар ойда кўриб чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш белгиланган бўлиб, мониторинг натижаларига кўра иш ўринлари ташкил этиш бўйича тасдиқланган топшириқларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрилади.
Шунингдек, Қонунчилик палатасининг мажлисларида «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал қилиш, топономик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тайёрланган ва жамоатчилик фикрларини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан киритилган «Шаҳрисабз шаҳрининг чегараларини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Тошкент вилоятининг Зангиота ва Тошкент туманларини бирлаштириш ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай туманлари ва Тошкент шаҳрининг Ҳамза тумани ҳудудларини қисман ўзгартириш тўғрисида»ги, «Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманини тугатиш ҳамда унинг ҳудудини Қизириқ туманига бирлаштириш тўғрисида»ги ва «Фарғона вилояти Охунбобоев туманининг номини ўзгартириш тўғрисида»ги, «Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туманининг номини ўзгартириш тўғрисида»ги, «Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри ва Янгийўл тумани ҳудудларини бирлаштириш ҳамда Янгийўл шаҳрини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисида»ги, «Андижон вилоятининг Асака шаҳри ва Асака тумани ҳудудларини бирлаштириш ҳамда Асака шаҳрини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон тумани ҳудудларини бирлаштириш ҳамда Оҳангарон шаҳрини туман бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисида»ги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
II. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш
Парламентнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган энг муҳим ваколатларидан бирини амалга ошира бориб, Қонунчилик палатаси келгуси йилги Давлат бюджетини қабул қилиш ҳамда унинг ижро этилиши тўғрисидаги йиллик ва ҳар чоракдаги ҳисоботларни кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратди.
Чунончи, 26 ноябрдаги мажлисда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқдилар, унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида Вазирлар Маҳкамасининг барча аъзолари иштирок этдилар. Депутатлар бу ҳужжат макроиқтисодий барқарорликни таъминлашни, 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга оширишни ва кучли ижтимоий сиёсатни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Ялпи ички маҳсулотнинг юксак суръатларда ўсишига эришишга, диверсификация қилинган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришга, аҳолининг фаровонлиги ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарамасдан, Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, мамлакат Давлат бюджетининг профицит билан бажарилиши таъминланди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган, чуқур ўйланган Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга ошириш натижаларидир.
Мамлакатимизнинг 2011 йилги солиқ сиёсати хўжалик юритувчи субъектлар зиммасидаги солиқ юкини янада камайтиришга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга, фуқароларнинг даромадларини ошириш ва харид қобилиятини кучайтиришга, солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга, шунингдек маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга қаратилади. Чунончи, аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш мақсадида келгуси йилда жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқ ставкаси солиққа тортишнинг биринчи ва ўрта шкаласи бўйича бир фоизли пунктга пасайтирилади. Шунингдек, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловининг базавий ставкасини 7 фоиздан 6 фоизга камайтириш назарда тутилмоқда. Ушбу чора ҳисоб-китобларга кўра 2011 йилда 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағни хўжалик юритувчи субектларнинг ихтиёрида қолдириш имконини беради, бу эса уларга ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналарни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлашни жадаллаштириш имкониятини яратади.
Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилги Давлат бюджети ижтимоий соҳага ва аҳолини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган харажатлар улушини 2010 йилдаги 58,9 фоиздан 2011 йилда 59,5 фоизгача кўпайтиришни назарда тутади, бу эса Ялпи ички маҳсулотнинг 13,1 фоизини ташкил этади. Иш ҳақи, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва пенсиялар миқдорини янада кўпайтириш, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш йўли билан аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилги Давлат бюджетида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантиришга 5,15 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратиш назарда тутилган.
Давлат бюджетининг ижроси қўмиталар, сиёсий партиялар фракциялари ва Қонунчилик палатасининг мажлисларида мунтазам эшитиб борилди.
Давлат бюджетининг ижросига доир йиллик ва ҳар чораклик ҳисоботларни эшитиш шуни кўрсатдики, давлат бюджетининг даромадлари ва ҳаражатлари мақсадли жамғармалар билан биргаликда тасдиқланган параметрларга мувофиқ, яъни мамлакатни стратегик ривожлантириш, ислоҳотларни ва жамиятни демократлаштиришни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ижро этилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида бюджет параметрларини ошириб бажаришга эришилди.
Ҳисоботларни эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган қарорларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари иш олиб бориши керак бўлган камчиликлар ва резервлар кўрсатилди, тегишли тавсиялар берилди, уларнинг ижроси назоратга олинди.
III. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг назорат-таҳлил фаолияти
Қонунчилик палатаси депутатлари ҳисобот даврида назорат ваколатларини амалга оширишга катта эътибор бердилар. Бунда ушбу йўналишдаги ишларнинг асосий мақсади қонунлар ижросини таъминлашдан, уларнинг амалга оширилиши самарадорлигига эришиш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашдан, қабул қилинган қонунлар ва қарорлар самарадорлигини синчиклаб таҳлил қилиш асосида қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат бўлди.
Назорат-таҳлил ишлари режасига мувофиқ Қонунчилик палатасининг қўмиталари 36 та қонун ҳужжати, конвенция ва миллий дастурларнинг ижро этилишини назорат тартибида кўриб чиқдилар. Ўрганиш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатимиз барча вилоятлари, шунингдек Тошкент шаҳри, республикамизнинг бир қатор вазирликлари ва идоралари қамраб олинди.
Текширишларнинг натижалари қўмиталар йиғилишларида давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида таҳлил қилинди ва муҳокама этилди. Муҳокама якунлари оммавий ахборот воситаларида ёритилди, аниқланган камчиликларни бартараф этишга доир тавсияларни бажариш назоратга олинди. Қўмиталар томонидан назорат-таҳлил ишлари натижалари бўйича илгари қабул қилинган қарорларнинг натижаларини текшириш тажрибаси йўлга қўйилди.
Умуман олганда, депутатларнинг жойлардаги назорат-таҳлил фаолияти мобайнида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлинди, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий нормаларга сўзсиз риоя этишларига доир ишлар фаоллашди.
Назорат-таҳлил тадбирларининг натижаларини муҳокама қилиш қўмиталарнинг амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан қарорлар қабул қилишига асос бўлди. Чунончи, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Мудофаа тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги ҳамда «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунларнинг, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан «Уруғчилик тўғрисида»ги ва «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунларнинг, Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитаси томонидан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг ижросини кўриб чиқиш давомида бу қонунларнинг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ташаббуси кўтарилди.
Қонунчилик палатасининг ҳисобот давридаги назорат фаолиятини таҳлил қилиш қўмиталар жамиятимизни ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганишга алоҳида эътибор беришга интилаётганликларини кўрсатди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ва уларнинг маслаҳатчиларини, кенг доирадаги мутахассислар ва экспертларни назорат-таҳлил фаолиятига жалб этиш ишлари ҳам фаоллашди. Қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш бўйича депутатлар ишчи гуруҳларига амалиётчи ходимлар, олимлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ходимлари тез-тез киритиладиган бўлди. Текширишлар якунларини қўмиталарнинг сайёр йиғилишларида, ҳокимликларнинг кенгашларида фақат парламент депутатлари иштирокида эмас, балки тегишли ташкилотларнинг мансабдор шахслари иштирокида ҳам кўриб чиқиш тажрибаси кенг қўлланилди. Бу раҳбар ходимларнинг амалдаги норматив ҳужжатларга сўзсиз риоя этишлари ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш учун янада юксак даражадаги масъулиятини таъминлаш имконини берди. Қонунчилик палатаси қўмиталари аниқланган камчиликларини бартараф этишга қаратилган ўз тавсияларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтирдилар. Бу эса жойлардаги иш аҳволи ижобий тарафга ўзгаришига, парламент иши самарадорлигини оширишга кўмаклашди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида Олий Мажлисга берилган ваколатларга мувофиқ 9 сентябрда Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар Ўзбекистонда БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини амалга ошириш натижалари бўйича парламент эшитувини ўтказдилар. Бу Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталари ташаббуси билан мамлакатимизда БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларининг амалга оширилишини ўрганиш, бу соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришнинг самарали йўлларини аниқлаш мақсадида ташкил этилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раиси, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири, халқ таълими вазири, соғлиқни сақлаш вазири, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари маъруза қилдилар. Улар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси эришган ютуқларни таъкидлаб ўтдилар.
Маърузаларни муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари БМТ Минг йиллик ривожланиш мақсадларининг барча йўналишлари бўйича вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилган ишларни танқидий руҳда таҳлил қилдилар. Шунингдек, улар ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, ушбу соҳадаги барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан самарали парламент ва жамоатчилик мониторингини ташкил этиш йўлларини белгиладилар. Депутатлар мамлакатимизда БМТнинг Минг йиллик ривожаниш мақсадларига эришишга, бугунги кунда жамият ва давлат олдида турган вазифаларни ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир бир қатор амалий таклифлар киритдилар.
14 октябрда Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2009 йил 12 мартда тасдиқланган 2009 — 2014 йилларда Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича энг муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари дастурининг бажарилиши тўғрисидаги парламент эшитуви бўлиб ўтди. У ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари ташаббуси билан ташкиллаштирилди. Депутатлар ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ҳамда иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари ахборот бердилар.
Маърузачиларнинг нутқларида тузилмавий ўзгаришларни жадаллаштиришнинг бош омили Ўзбекистонда қулай инвестиция муҳити яратилганлигида, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ва изчил ривожланаётганлигида эканлиги таъкидланди. 2009 йилда молиялаштиришнинг барча манбаалари ҳисобидан иқтисодиётни ривожлантиришга 6,4 млрд доллар миқдоридаги инвестициялар, шу жумладан 3,5 млрд доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар жалб этилди. Бунда барча ўзлаштирилган инвестицияларнинг ярмидан кўпроғи товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни модернизация қилиш ва техникавий жиҳатдан қайта жиҳозлашга йўналтирилди.
Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатлари шароитида чет эллик инвесторларни жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигига эришиш мақсадида инвестиция манбаларини мамлакатлар бўйича диверсификация қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада Ўзбекистонга Ўмон, Венгрия, Словакия, Сингапур, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари каби илгари инвестиция манбаи сифатида қаралмаган бошқа мамлакатлардан тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди.
Қизғин мунозаралар давомида парламент эшитувларининг иштирокчилари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш норматив-ҳуқуқий базасининг ҳолати ва уни янада такомиллаштириш истиқболларини кўриб чиқдилар. Депутатларнинг саволларига Ўзбекистон Республикаси адлия вазири, Давлат божхона қўмитаси раиси, «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси раиси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси, «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси раиси ҳамда вазирликлар ва идораларнинг бошқа масъул ходимлари жавоб қайтардилар.
Мамлакатимиз Президентининг республикамиз саноатини барқарор, изчил ва мутаносиб ривожлантиришга, тузилмавий ўзгаришларни чуқурлаштиришга қаратилган «2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги 2010 йил 15 декабрдаги ПҚ-1442-сонли қарори қабул қилиниши мазкур парламент эшитувларининг энг муҳим якунларидан бири бўлди.
Қонунчилик палатаси қўмиталари вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг қонунлар ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш амалиётидан кенг фойдалана бошладилар. Чунончи, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси — халқ таълими вазирининг давлат қарамоғида бўлган болалар ҳамда «Меҳрибонлик» уйларининг тарбияланувчилари учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасалари ўқувчиларини соғлом овқатлантириш учун шарт-шароитларни таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ахборотини эшитдилар. Мазкур Қўмита аъзолари Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим вазирлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг республикада узлуксиз экологик таълим тизимини жорий этиш тўғрисидаги ахборотларини эшитдилар.
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси — «Ўзавтосаноат» компаниясининг «Автомобилсозлик соҳасида бозор муносабатларини шакллантириш ва маҳаллийлаштириш тўғрисида»ги, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси — Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг «Реклама соҳасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш масалалари тўғрисида»ги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси — Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда «Ергеодезкадастр» Давлат қўмитаси раислари ва Жиззах вилояти ҳокимининг «Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастурининг Жиззах вилоятида бажарилиши тўғрисида»ги, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси — «Ўзстандарт» Агентлигининг «Кичик бизнес субъектлари ва агрофирмалар томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳолати ва уларни сертификатлаш муаммолари тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг «Фермерликни ривожлантириш, мамлакат аграр соҳасини модернизация қилиш бўйича дастурларни амалга оширишнинг бориши, фермерликни ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тўғрисида»ги ахборотларини эшитдилар.
Парламент эшитувлари якунларига кўра ушбу соҳалардаги фаолиятни тартибга солувчи барча қонун ҳужжатларининг инвентаризацияси ўтказилди, тармоқларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгиланди, бундай ривожлантиришни норматив жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди. Бундай амалиёт депутатларга тегишли тармоқларнинг муаммоларига чуқурроқ кириб бориш, ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини ошириш имконини берди.
Ўз қарорларининг ижроси устидан доимий назоратни амалга ошира бориб, Қонунчилик палатасининг қўмиталари давлат ҳокимияти ва бошқаруви тегишли органларининг вакилларини мунтазам равишда эшитиб бордилар, зарурат бўлганда қонунлар нормаларининг сўзсиз бажарилиши юзасидан қўшимча чоралар кўрдилар.
IV. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва сиёсий партияларнинг ҳисоботларини кўриб чиқиш
Қонунчилик палатаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитди. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашга кўмаклашиш омбудсманнинг устувор вазифаларидан биридир. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги фаолияти хорижий омбудсманлар, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар билан алоқаларни чуқурлаштириш, шунингдек инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро анжуманларда иштирок этиш, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, хорижий мамлакатлар омбудсманлари, чет эллик фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш йўли билан амалга оширилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили 25 та расмий делегацияни, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг вакилларини қабул қилди.
Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботи эшитилди. Ҳисоб палатаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисида хулоса тақдим этди. Ўтказилган текширувлар ва назорат тадбирлари давомида аниқланган камчиликлар ва молиявий қоидабузарликлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан чоралар кўриш ва Давлат бюджетига етказилган зарарлар ўрнини тўлдириш ҳақида тақдимномалар киритилди. Ҳисоб палатасининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари юзасидан Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси сиёсий партияларнинг ўз фаолиятлари тўғрисидаги ҳисоботларини ҳам кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилди.
V. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг халқаро ҳамкорлиги
Ташқи сиёсий фаолият доирасида парламентлараро алоқалар ривожлантирилди ва мустаҳкамланди. Бу Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга, ижро этувчи ҳокимият органларига давлатимиз олдида турган бир қатор ташқи сиёсий вазифаларни ҳал этишда кўмаклашишга хизмат қилди.
Европа парламенти билан ҳамкорлик қилиш Олий Мажлис халқаро фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Мазкур ташкилот билан иш юзасидан амалий муносабатлар ўрнатилган. Бунинг тасдиғи сифатида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон — ЕИ» парламент ҳамкорлиги қўмитасининг (ПҲҚ) мажлисини келтириш мумкин. Ҳисобот даврида Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон — ЕИ» ПҲҚнинг навбатдаги саккизинчи мажлиси ўтказилиб, унда Ўзбекистон ва ЕИда сиёсий ривожланиш, шу жумладан демократик ўзгаришлар ва инсон ҳуқуқлари, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик масалалари, терроризмга, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Тарафлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ва сув ресурслари масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Мажлисда Австрия, Германия, Латвия, Литва, Испания, Италия ва Словакиядан Европа парламентига сайланган депутатлар қатнашди.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро гуруҳнинг ташкил этилганлиги хорижлик парламент вакилларининг барча соҳалардаги алоқаларни, шу жумладан парламентлараро мулоқотни ҳам ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ниятини намоён этади.
Жаҳоннинг 30 дан зиёд давлатлари парламентларида, шу жумладан Япония, АҚШ, Корея Республикаси, ГФР, Италия, Франция, Туркия, Болгария, Россия, Украина ҳамда бошқа мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича турли шаклдаги тузилмалар ташкил этилган бўлиб, улар қарор топиш принциплари ва мақсадлари жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади.
Масалан, Японияда иккита асосий сиёсий партия — Япония Демократик партияси ҳамда Япония Либерал-демократик партияси фақат ўз партиялари аъзоларидан иборат бўлган «ЯДП — Ўзбекистон» ва «ЯЛДП — Ўзбекистон» алоҳида-алоҳида парламент дўстлик лигаларига эгадир.
2010 йилда Япония Сенати Спикери Сацуки Эданинг таклифига ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг ташаббусига кўра стратегик шериклик муносабатларини, дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси — Япония парламенти» Парламентлараро гуруҳини ташкил этишга қарор қилинган эди.
Буюк Британияда Марказий Осиё бўйича Умумпартия гуруҳи ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида 2009 йилдан буён мамлакатлар бўйича алоҳида-алоҳида, шу жумладан Ўзбекистон билан иш олиб борувчи умумпартия гуруҳлари фаолият кўрсатади.
Аниқ иш олиб бориш ва Ўзбекистон парламенти вакиллари билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Буюк Британия парламентининг ҳар иккала палатаси вакилларини бирлаштирувчи «Британия — Ўзбекистон» Умумпартия гуруҳида қуйидаги мавзулардаги йўналишлар бўйича 5 та кичик гуруҳ тузилган:
1) парламентлараро мулоқот, институционал тушуниш ва парламентлараро алмашувни қўллаб-қувватлаш;
2) демократия, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги;
3) минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик;
4) иқлим ва атроф муҳитнинг ўзгаришидан хабардорлик, глобал энергия ва сув хавфсизлиги;
5) иқтисодий ривожланиш, савдо ва инвестициялар.
2010 йилда парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек шартномавий-ҳуқуқий, қонунчилик базасини такомиллаштириш мақсадида Олий Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Буюк Британия парламенти билан ҳамкорлик бўйича Гуруҳ ташкил этилди, шунингдек Буюк Британия Парламентининг «Британия — Ўзбекистон» Умумпартия гуруҳи билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Гуруҳи ўртасида Ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисида меморандум имзоланди.
Франция Миллий Ассамблеясининг парламентдаги турли партиялар вакилларидан ташкил топган «Франция — Ўзбекистон» дўстлик гуруҳининг асосий вазифаси парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва ҳар икки мамлакатнинг ўзаро шериклик муносабатларига кўмаклашишдан иборатдир. Дўстлик гуруҳи, қоида тариқасида, ўз фаолияти тўғрисида, шунингдек Франция парламенти вакилларини хабардор қилиш учун Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий вазият тўғрисида ҳисобот тайёрлайди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Париждаги ваколатхонасини Франция парламентининг фаолияти тўғрисида, қабул қилинган янги қонунлар ва парламентнинг мамлакат бошқа идоралари билан алоқалари тўғрисида хабардор қилиш ҳам унинг вазифасига киради.
2010 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси парламент делегациясининг Франция Республикасига ташрифи вақтида Франция томони Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида худди Франция Сенати ва Миллий Мажлисида фаолият кўрсатаётган «Франция — Ўзбекистон» парламент гуруҳига ўхшаш «Ўзбекистон — Франция» парламент гуруҳини ташкил этиш таклифини билдирди. Шу муносабат билан ва парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси билан Франция Миллий Мажлиси ўртасидаги Ўзбекистон — Франция муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий, қонунчилик базасини такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекистон — Франция» дўстлик гуруҳи ташкил этилди.
Доимий равишда кенгайиб бораётган парламент делегациялари алмашинуви Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг халқаро алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилди. 2010 йил мобайнида Олий Мажлиснинг қуйи палатасида Осиё, Америка, Европа, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ва халқаро ташкилотларнинг 46 та чет эл делегацияси, шу жумладан 21 та ҳукумат ва парламент делегацияси, 6 та халқаро ташкилот делегацияси ва 19 та элчихонанинг вакиллари ҳамда Ўзбекистонда аккредитация қилинган бошқа халқаро ташкилотларнинг делегациялари, шу жумладан қуйидаги делегациялар қабул қилинди:
Чехия Республикаси Парламентининг Фан, таълим, маданият, ёшлар ва спорт масалалари бўйича депутатлар палатаси қўмитаси раиси В. Бартош бошчилигидаги Чехия Республикаси делегацияси;
Миллий Ассамблея депутати Валид Мусаид Ал-Табатабаий бошчилигидаги Қувайт делегацияси;
Европарламент депутати, иқлимий ўзгаришлар, биологик хилма-хиллик ва барқарор ривожланиш бўйича гуруҳ раҳбари С. Стивенсон;
Саксония Ландтаги Президенти М.Ресслер бошчилигидаги ГФР парламент делегацияси;
Европарламент ва «VCP Energy» компаниялар гуруҳи Директорлар кенгаши аъзоси Э. Штрассер;
Коррея Республикаси Миллий Ассамблеяси депутати;
Хитой Компартияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Марказий Қўмита котиби, Марказий Қўмита Тарғибот бўлимининг бошлиғи Лю-Юньшань;
Индонезия Халқ Маслаҳат Ассамблеяси раиси ўринбосари Луқмон Ҳаким Сайфуддин бошчилигидаги Индонезия парламент делегацияси;
Буюк Британия Парламентининг «Британия — Ўзбекистон» Умумпартия парламент гуруҳи аъзоларининг ушбу гуруҳ раиси лорд Ж. Вейверли бошчилигидаги делегацияси;
Швейцария Конфедерацияси Федераль мажлиси Кантонлар кенгашининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Э. Давид бошчилигидаги Швейцария парламент делегацияси;
Германия Социал-демократик партиясининг Бундестагдаги фракцияси Спикери Р. Хемпельманн;
«Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» Парламент Иттифоқи Комиссиясининг ҳамраиси П. Бартолоцци бошчилигидаги Европарламент делегацияси;
Таиланд Сенатининг Ички маъмуриятчилик қўмитаси раиси К. Тираватр бошчилигидаги Таиланд делегацияси.
Шунингдек ҳисобот йилида Қонунчилик палатасига:
Эстония Бош вазири А. Ансип;
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Р. Блейк;
Озарбайжон Республикаси мудофаа вазири генерал-полковник С. Абиев ташриф буюрдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Европа мамлакатлари ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари Ўзбекистонга энг кўп қизиқиш билдирдилар. Уларнинг вакиллари Қонунчилик палатасига ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонларнинг ярмидан кўпини ташкил этди. Қонунчилик палатаси халқаро ташкилотлар билан мунтазам ҳамкорлик қилганлигини ҳам таъкидлаш лозим. Чет эллик меҳмонлар мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришдаги ижобий силжишларни, ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги ошганлигини, шунингдек бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни таъкидлаб ўтдилар.
Қонунчилик палатаси раҳбарияти Ўзбекистонда аккредитация қилинган элчихоналар ва халқаро миссияларнинг раҳбарлари билан доимий равишда учрашувлар ўтказди. Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасида Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Индонезия, Малайзия, Нидерландия, Покистон, Россия, Туркманистон, Франция, БМТнинг Тараққиёт дастури ва ЕХҲТ дан келган дипломатик миссиялар ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг бошлиқлари билан 20 та учрашув ташкил этилди.
Айни бир вақтда парламентлараро алоқалар ўрнатиш ва уларни ривожлантириш, парламент иши билан танишиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида Қонунчилик палатасининг 20 та делегацияси хорижий мамлакатларга сафар қилди. Ҳисобот даврида 48 нафар депутат парламент делегациялари таркибида чет элларда бўлиб қайтди. Улар таркибига, қоида тариқасида, турли сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари киритилди.
Хусусан, Қонунчилик палатаси раҳбарлари иштирокидаги Ўзбекистон парламент делегацияларининг Швейцария, Малайзия, Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Япония, Франция ва АҚШга қилган расмий сафарлари парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашди.
Швейцария парламенти ва Парламентлараро иттифоқнинг таклифига биноан Қонунчилик палатасининг Спикери Д. Тошмуҳамедова миллий парламентлар аёл-спикерларининг VI Конференциясида (2010 йил 16-17 июль, Берн шаҳри) ва Парламентлараро иттифоқ доирасидаги Парламентлар спикерларининг учинчи бутунжаҳон конференциясида (19 — 21 июль, Женева шаҳри) иштирок этди. Мазкур конференцияларда Чехия, Португалия, Хорватия, Япония, Озарбайжон, Бангладеш, Марокаш, Швеция ва Руминия каби хорижий давлатларнинг спикерлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Б. Алихонов бошчилигидаги парламент делегацияси АҚШда бўлиб, атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари билан шуғулланувчи бир қатор НТТлар, АҚШ Конгресси аъзолари ва Давлат департаменти ходимлари, шунингдек Жаҳон банки вакиллари билан учрашди. Делегация Жаҳон банки ва Халқаро Валюта фондининг ҳар йиллик йиғилиши сессияларида иштирок этди. Жаҳон банкининг Инспекциявий кенгашига Амударёнинг қуйи оқимидаги аҳолига ва атроф муҳитга Тожикистоннинг Вахш дарёсидаги Роғун ГЭС лойиҳаси етказиши мумкин бўлган зарар тўғрисидаги даъво сўрови берилди.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатасининг депутатлари Озарбайжон, Беларусь, Буюк Британия, Қирғизистон ва Тожикистонда ўтказилган референдумлар, президент ва парламент сайловларида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этдилар. Улар халқаро ташкилотларнинг ҳомийлигида Тошкентда ўтказилган бир қатор халқаро конференциялар, анжуманлар ва семинарларда ҳам қатнашдилар. Халқаро конференцияларга бориш ва уларда иштирок этиш тўғрисидаги ахборотларда халқаро ташкилотларнинг имкониятларидан Ўзбекистон манфаатлари йўлида самарали фойдаланишга доир тавсиялар ҳам ўрин олди.
Қонунчилик палатаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) билан жипс ҳамкорликни давом эттирмоқда. 2010 йил 18 августда БМТТДнинг «Парламент ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳа ҳужжати имзоланди. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади:
Парламент, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси иккала палатаси девонларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш;
Парламент палаталарининг назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
депутатлар фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг сайловчилар билан ишлаш услубларини такомиллаштиришга кўмаклашиш орқали Парламентнинг вакиллик вазифаларини мустаҳкамлаш;
ҳар иккала палата девонлари иш самарадорлигини ошириш ва парламент фаолиятини ахборот-техника жиҳатидан қўллаб-қувватлаш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ахборот-коммуникация базасини, ахборот-таҳлилий фаолиятининг институционал асосини мустаҳкамлаш борасида техник жиҳатдан кўмак беришдан иборат.
VI. Сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг фаолияти
Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида сиёсий партиялар — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (53 аъзо), Ўзбекистон Халқ демократик партияси (32 аъзо), Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси (31 аъзо), Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси (18 аъзо) фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи (15 аъзо) рўйхатга олинди.
Қуйи палатанинг 2010 йилги иш якунлари мамлакат олий қонунчилик органи фаолиятида сиёсий партияларнинг роли ошганлигини ва унга таъсири кучайганлигини кўрсатади.
Ҳисобот даврида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи палатанинг қонун ижодкорлиги фаолиятига муайян улуш қўшдилар. Уларнинг мажлисларида қонун лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритиш, мазкур ҳужжатлар бўйича ўзаро мақбул мавқега келишиш, палатанинг мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Бундай фаолият қонун лойиҳалари устида олиб бориладиган иш сифатини ва депутатлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш имконини берди.
Палата, сиёсий партиялар фракциялари, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи мажлисларида масалаларни кўриб чиқиш чоғида ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш бўйича муҳим таклифлар киритилиб, улар қонунларнинг узил-кесил таҳририни қабул қилиш вақтида албатта ҳисобга олинди.
VII. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари ўтказган тадбирлар
Конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар парламент ишининг доимий шаклларидир. Ҳисобот даврида 180 тадан ортиқ тадбир ўтказилди. Уларда асосан қонун лойиҳаларининг концепциялари, мамлакатимиз ҳаётининг социал-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ўзгаришларнинг назарий ва амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Бир қатор тадбирлар «Баркамол авлод йили»га бағишланди. Тадбирларда, қоида тариқасида, вазирликлар ва идоралар, турли нодавлат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимиз ва чет элларнинг етакчи олимлари, тегишли соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашдилар. Тайёрланган ва жойларга юборилган тавсиялар фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданияти янада ўсишига муайян даражада кўмаклашди.
Масалан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси — «Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: ҳозирги ҳолат ва истиқболлар», Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси — «Минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлашда Ўзбекистоннинг роли», Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси — «Қонун ҳужжатларини кодификация қилиш: халқаро тажриба ва миллий амалиёт», Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси — «Ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари: муаммолар ва ечимлар» мавзуида конференция, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси — «Барқарор тараққиёт, атроф муҳит ва Марказий Осиёнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш» ҳамда «Марказий Осиёнинг трансчегаравий экологик муаммолари: уларни ҳал этиш учун халқаро ҳуқуқий механизмларни қўллаш» мавзуларида халқаро конференциялар ўтказди, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси — «Кредит бюролари фаолияти ва кредит ахбороти алмашуви тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси бўйича, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси — «Қишлоқ врачлик пунктларида бюджет маблағларидан фойдаланишнинг аҳволи, муаммолар ва ечимлар», Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси — «Фирма номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг саноатни, ишлаб чиқариш ва бошқа тармоқларни ривожлантиришдаги ўрни», Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси — «Аграр соҳани ривожлантиришга тааллуқли қонун ҳужжатларини такомиллаштириш», Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси — «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мамлакатда модернизация қилиш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги ўрни ва роли», Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси — «Журналистлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари» ва бошқа мавзуларда семинар ўтказди.
VIII. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, аҳоли билан учрашувлар ўтказиш
Шахснинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш Қонунчилик палатаси раҳбариятининг, палата қўмиталари ва Девонининг доимий диққат марказида бўлди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласига катта эътибор қаратилди. Бу фаолият «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга, парламентнинг ушбу соҳадаги ваколатларига қатъий мувофиқ ҳолда олиб борилди. Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасига 2885 та ёзма мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларнинг аксариятида мамлакатимиз раҳбариятининг ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган йўлини қўллаб-қувватлаш, халқнинг турмуш фаровонлиги тўғрисида кўрсатилаётган ғамхўрлик учун, шахснинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда ҳимоя қилинаётганлиги учун миннатдорчилик баён этилган.
Шу билан бирга фуқароларнинг бир қатор мурожаатлари ва аризаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қонунлар бузилаётганлиги, ижтимоий таъминот хизмати фаолиятидаги камчиликлар, жойларда шикоятларга нисбатан эътиборсизлик қилинаётганлиги ҳақида гап борган. Уларнинг айримларида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилаётганлиги, фуқаролар томонидан қўйилаётган қонуний талабларни ҳал этишда маҳаллий ҳокимият органлари, судлар қоғозбозлик ва расмиятчилик билан муносабатда бўлаётганлиги хабар қилинган, меҳнатга қобилиятли аҳолини иш билан таъминлаш, коммунал хизматни ташкил этиш муаммолари кўтарилган.
Хатларнинг катта қисми Тошкент шаҳридан (595), Қашқадарё (390), Сурхондарё (253), Самарқанд (235), Фарғона (234) ва Тошкент (218) вилоятларидан келган.
Энг кескин масалалар ўртага қўйилган мурожаатлар Қонунчилик палатасининг раҳбарияти, тегишли қўмиталар ва палата Девонининг бўлимлари томонидан кўриб чиқилди. Депутатлар фуқароларни Қонунчилик палатасида ҳам, сайлов округларида ҳам қабул қилдилар. Фуқаролар мурожаатларининг аксарият кўпчилиги кўриб чиқиш учун тегишли ҳокимликлар, судлар, прокуратура органлари, вазирликлар ва идораларга, бошқа ваколатли органларга юборилди. Мазкур мурожаатлар бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар доимий назоратга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ округларда сайловчилар билан ишлаш тизимли асосда олиб борилди. Бунда жойларда социал-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда ўрганилди, муаммолар аниқланиб, уларни ҳал этиш юзасидан чоралар кўрилди. Сайловчилар билан учрашувлар ва суҳбатлар вақтида депутатлар аҳолини жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида, қабул қилинган қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва Ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳияти тўғрисида, парламентнинг фаолияти, сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг иши ҳақида хабардор қилдилар.
Қонунчилик палатасининг депутатлари ўз сайлов округларида қонунларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга, «Баркамол авлод йили», «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» давлат дастурларининг ижроси, 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурининг ижроси юзасидан жойларда амалга оширилаётган ишларга алоҳида диққат-эътибор қаратдилар.
Хусусан, 2010 йил май ойида Қонунчилик палатаси томонидан махсус ишлаб чиқилиб, палата Кенгаши тасдиқлаган дастур асосида давлат дастурлари ва қонунларнинг амалда рўёбга чиқарилиши даражасини комплекс ўрганишни ташкил этди. Депутатлар бу масала билан жойларга бориб, қонунда назарда тутилган ҳуқуқий нормалар ва назорат ваколатларини амалга ошириш механизмларидан фойдаланган ҳолда шуғулландилар. Бундай ўрганишнинг умумлаштирилган якунлари аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш, аниқланган камчиликларга барҳам бериш ва фойдаланилмаган резервларни ишга солиш учун палата Кенгашининг мажлисида муҳокама қилинди.
2010 йил декабрда депутатлар томонидан жойларга бориб, комплекс ўрганиш доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни регламентловчи қонунлар ижросининг ҳолати тўғрисидаги, шунингдек «Баркамол авлод йили» Давлат дастури ижросининг ҳолати ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди. Пировард натижада тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш шароитларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ушбу фаолият доирасида Давлат дастурида белгиланган вазифаларни сўзсиз бажариш бўйича жойларда амалга оширилган чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.
Қонунчилик палатаси депутатларининг иштирокидаги барча тадбирлар ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтди. Учрашувларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам иштирок этдилар. Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сайлов округларидаги ишлари сайловчилар билан суҳбатлар чоғида аниқланган муаммолар чуқур умумлаштирилган ва таҳлил қилинган, долзарб масалаларни ҳал қилиш юзасидан амалий таклифлар тайёрланган ҳолда ўтказилди. Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари доирасида амалга оширган ишларининг мақсад-моҳияти маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишига алоҳида эътибор қаратилди.
2010 йилда Қонунчилик палатасида ўтказилган учрашувлар, суҳбатлар ва экскурсияларда жамиятимизнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган мингдан ортиқ одам иштирок этди. Улар орасида мактаблар, коллежлар ва лицейларнинг ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари, академияларнинг тингловчилари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаоллари, маҳаллалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вакиллари ва бошқалар бор эди.
Умуман олганда, депутатлар корпусининг сайловчилар билан олиб борган тизимли ва аниқ мақсадга қаратилган иши қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижросини янада батафсил ўрганиш, бу ишга маҳаллий партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини жалб қилиш имконини берди. Жойларда ўтказилган учрашувлар, муҳокамалар сайловчиларни ташвишлантираётган бир қатор масалаларни Қонунчилик палатасининг қўмиталари даражасида жиддий ўрганишга кўмаклашди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши 23 та мажлис ўтказди. Уларда Қонунчилик палатасининг иш режалари ва мажлислари кун тартиби лойиҳалари муҳокама қилинди, палата фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари кўриб чиқилди.
Ҳисобот даврида оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилишга, Қонунчилик палатаси томонидан амалга оширилаётган ишларни матбуотда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда ўз вақтида ёритишга катта эътибор қаратилди. Қонунчилик палатасининг фаолияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Ўтган давр ичида телевидение, радио, матбуот нашрлари ва Интернет-ресурсларда жами 6 мингдан зиёд материал (ахборотлар, мақолалар, интервьюлар, шарҳлар ва бошқалар) эълон қилинди. Уларда депутатлар қабул қилинган қонунларни шарҳладилар, тегишли қўмиталарда ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари ҳақида ахборот бердилар. «Парламент вақти» ва «Парламент соати» кўрсатувлари Ўзбекистон МТРК томонидан мунтазам равишда эфирга бериб борилди.
Қонунчилик палатасида оммавий ахборот воситаларининг 148 нафардан ортиқ вакили аккредитация қилинди, бу эса парламент фаолиятининг ОАВда тезкор ва самарали ёритилишига эришиш имконини берди.
2010 йилда эришилган ютуқлардан келиб чиққан ҳолда комил ишонч билан айтиш мумкинки, 2011 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз олдиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қўйилган вазифаларни ҳам шараф билан бажарадилар.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 й., 1-сон, 4-модда)