LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Тузиладиган битимларнинг қонунийлигини таъминлашга ва низоли ҳолатларни келиб чиқишидан тарафларни ҳимоя қилишга қаратилган нотариат институти фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида алоҳида ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда нотариат фаолиятининг зарур норматив-ҳуқуқий базаси ва тегишли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шакллантирилди.
Шу билан бирга, давлат нотариуслари билан бир қаторда хусусий нотариусларнинг ҳам фаолият кўрсатишини назарда тутувчи амалдаги нотариат тизими уларга юклатилган вазифаларни тўлақонли амалга оширилишига имкон бермаяпти.
Хусусий нотариуслар фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари нотариат институтининг обрўсига путур етказадиган салбий тенденцияни аниқлаб берди.
Таъкидлаш жоизки, хусусий нотариуслар фаолиятини текшириш жараёнида улар томонидан қонун билан белгиланган нормаларни жиддий бузиш, шунингдек хизмат ваколатларидан ғараз мақсадларда фойдаланиб, суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланди.
Фақатгина фойда олиш мақсадини кўзлаш амалиётда айрим ҳолларда хусусий нотариал идоралар атрофида криминоген вазиятнинг пайдо бўлишига олиб келди. Хусусий нотариуслар ва кўчмас мулк бўйича даллоллар, автотранспорт дилерлари ўртасида ўзаро тил бириктириш битимларнинг анча қисмини хусусий нотариусларда жамланишига, назорат қилиб бўлмайдиган воситачилик фаолиятининг амалга оширилишига шароит яратди.
Натижада, фақатгина охирги икки йил давомида йўл қўйган қонунбузилишлари учун 110 нафар хусусий нотариуслар турли хил жавобгарликка тортилди. Хусусан, 49 нафар хусусий нотариуснинг лицензиясини амал қилиши тўхтатилди ва тугатилди, 61 нафар хусусий нотариус интизомий ва жиноий жавобгарликка тортилди.
Нотариат институтини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги унинг ролини ошириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг иш юритувлари ва архивларини сақланишини таъминласин.
нотариал идораларнинг самарали тармоғини тузиш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни таъминласин;
бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг нотариат тўғрисидаги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритсин.
3. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Б. Абдуллаев зиммаларига юклатилсин.