Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Бухоро вилояти ҳокимининг туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлар бўйича ҳисоботи тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бухоро вилояти ҳокимининг ҳисоботини эшитиб, туризм соҳасини янада ривожлантириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5781-сонли Фармони ҳамда 2020 йил 19 июндаги «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4755-сонли қарорига асосан «Бухоро» халқаро аэропортида бешинчи ҳаво эркинлигини назарда тутувчи «Очиқ осмон» режими жорий этилган.
Шунингдек, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 184-бандига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг «2022 — 2026 йилларда Бухоро вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Сўнгги икки йил давомида Бухоро вилоятига жами 2 млн 501 минг нафар турист (шундан қарийб 62 минг нафари хорижлик), 2022 йилнинг I чорагида эса 763,5 минг нафар турист (65 минг нафардан ортиқ чет эллик) ташриф буюрган.
Пандемиядан кейин вилоятга ташриф буюрувчи туристлар сонининг кескин ортиши кузатилган. Маҳаллий сайёҳлар сони 2020 йилга нисбатан 9,3 баробарга, хорижий сайёҳлар сони эса 3,6 баробарга ошган.
2021 йилдан буён 28 та янги меҳмонхона, 29 та хостел, 45 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилиб, жойлаштириш воситалари сони 431 тага, улардаги ўринлар сони эса қарийб 11 мингтага етказилган.
2021 йил ва 2022 йилнинг I чорагида жами 2 трлн 330 млрд сўмлик туризм хизматлари (меҳмонхона, овқатланиш, маданий кўнгилочар, савдо каби хизматлар) кўрсатилган.
Вилоятда 829 та моддий маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган, 2021 йилда 7 та маданий мерос объекти Ислом оламининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилотининг (АЙСЕСКО) Ислом Олами Мероси рўйхатига киритилган.
Жорий йилнинг I чораги якунида вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 31,5 мингтани ташкил этиб, уларнинг 20,4 мингтаси (64,8 фоизи) хизматлар соҳасига тўғри келган. Хизматлар соҳасининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2021 йил якунига кўра 29,7 фоизни (11 трлн сўм) ташкил этган бўлса, 2022 йил I чорагида 41,5 фоизга (2,9 трлн сўм) етган.
Хизмат кўрсатиш соҳасида 330 мингдан ортиқ фуқаролар бандлиги таъминланган бўлиб, ушбу кўрсаткич жами банд аҳолининг 42,5 фоизини ташкил этади.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, соҳада айрим тизимли муаммолар сақланиб қолган.
Хусусан, «Бухоро» халқаро аэропортида жорий этилган «Очиқ осмон» режимидан тўлиқ фойдаланилмаган, янги авиа йўналишларни очиш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаган. Жумладан, «Бухоро» халқаро аэропортидан қатновчи халқаро авиа йўналишлар сони 10 тани ташкил этса-да, шундан 9 таси Россия Федерацияси ҳисобига тўғри келади.
Туроператорлар билан ўтказилган учрашувлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Бухоро шаҳрига Дубай (БАА), Жакарта (Индонезия), Куала-Лумпур (Малайзия), Лаҳор (Покистон), Душанбе (Тожикистон) шаҳарларидан тўғридан-тўғри доимий ва чартер рейсларга талаб юқори бўлса-да, мазкур йўналишларда авиақатновлар йўлга қўйилмаган.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида туристлар ташрифини кўпайтириш мақсадида Бухоро аэропортида жорий қилинган «Очиқ осмон» режимидан фойдаланиш учун хорижий авиакомпанияларни жалб қилишга эътибор қаратилмаган.
Вилоятда фаолият юритаётган аксарият меҳмонхоналарда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этилмаган. Жумладан, қонунчиликда белгиланган талаблар асосида ногиронлиги бўлган шахслар учун шарт-шароитлар яратилмаган (камида битта хонани ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозланмаган, эшитиш ва кўриш бўйича эълонлар учун дисплейлар ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилмаган).
Ҳукуматнинг 2020 йил 10 июлдаги 433-сон қарорига мувофиқ юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинларига «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи», «Туризм овули» мақомини бериш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаган. Жумладан, шу кунга қадар Вобкент туманидаги «Ширин» қишлоғи ҳамда Ғиждувон туманидаги «Қўрғон» маҳалласида бу борада ишлар бошланган бўлса-да, якунига етказилмаган.
Бундан ташқари, Ҳукуматнинг 2020 йил 23 майдаги 325-сонли қарори мувофиқ 2020 йил 1 августгача «Бухоро» давлат музей-қўриқхонасида чипталарни сотиб олиш, чиқариш, қайтариш, алмаштириш, бронлаштириш, тиклаш, бекор қилиш бўйича «Билет операциялари ягона электрон тизими» орқали амалга оширилиши белгиланган. Аммо ягона электрон тизимга улаш ишлари якунланмаган.
Вилоятда туризм салоҳиятидан, жумладан, мавжуд маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаган. Жумладан, вилоятдаги 829 та маданий мерос объектидан 139 таси (17 фоиз) туристик маршрутга киритилган, холос. Шу сабабли маданий мерос объектларини туризм маршрутига киритиш масаласига алоҳида аҳамият қаратиш талаб этилади.
Туристик маршрутлардаги айрим автомобиль йўллари таъмирталаб аҳволда қолган. Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳига бориш (М-37 «Самарқанд — Бухоро — Туркманбоши» автомобиль йўлининг 235-240 км.лари оралиғи), Конимех туманидан Абдуҳолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳига ва «Янги Ўзбекистон» массивига бориш (4Р48 «Зарафшон тракти» автомобиль йўлининг 255-270 км.лари оралиғи) йўллари шулар жумласидандир.
Вилоятнинг туристик салоҳиятини оширишда хорижий давлатлардаги элчихоналарга юклатилган вазифалар ижроси ҳам талаб даражасида эмас. Хусусан, Исроил, Эрон, Бельгиядаги элчихоналар томонидан Бухоро вилоятида ўзлари илгари сурган туризм соҳасида бирорта ҳам инвестиция лойиҳасини амалга оширмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4539-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонасига Ғиждувон тумани бириктирилган бўлиб, шу кунга қадар ҳунармандчилик йўналиши бўйича хорижий давлатларда тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилмаган, донорлик ёрдами ва грант маблағлари жалб этилмаган.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш учун халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан Бухоро вилоятига жорий йилнинг I ярим йиллигида 85 млрд сўм маблағ ажратиш белгиланган бўлиб, ушбу маблағлар ҳисобидан Бухоро вилоятида 82 та лойиҳани амалга ошириш бўйича таклифлар шакллантирилган.
Аммо бугунги кунга қадар мазкур топшириқ ижроси учун Бухоро вилоятига масъул этиб бириктирилган АТБ «Микрокредитбанк»нинг талабномаси асосида «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан режадаги 85 млрд сўм ўрнига 10 млрд сўм ресурс ажратиб берилган.
АТБ «Микрокредитбанк» томонидан ушбу маблағларнинг бор-йўғи 3,5 млрд сўми хизматлар соҳасидаги 10 та лойиҳани молиялаштириш учун йўналтирилган, қолган лойиҳалар шу кунга қадар молиялаштирилмаган.
Бухоро вилоятининг Когон ва Ромитан туманларидаги туризмга ихтисослаштириш белгиланган ҳудудларда тегишли лойиҳаларни амалга ошириш учун 40 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган, бироқ шу кунга қадар шакллантирилган лойиҳалар истиқболсиз деб топилганлиги сабабли ушбу маблағ ажратилмаган.
Шунингдек, ушбу қарорга мувофиқ вилоятга ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада яхшилаш ва қулайликлар яратиш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида кўчма санитария-гигиена шохобчалари фаолияти йўлга қўйилмаган.
«Бухоро тарихий маркази» ва унинг буфер зонасида жойлашган маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилиш бўйича лойиҳаларни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишиш жараёнлари 6 — 8 ойгача чўзилиб кетмоқда. Натижада бу объектлардаги реставрация ишларининг сифатига салбий таъсир қилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисида конвенцияга асосан «Бухоро тарихий маркази» ва унинг буфер зонасининг (жами 555 гектар) тарихий-маданий кўринишини ЮНЕСКО талаблари асосида асл ҳолатда сақлаш муҳим масала ҳисобланади.
Бироқ «Бухоро тарихий маркази»нинг буфер зонасида жойлашган Миллий рўйхатига киритилган уй-жойларнинг айримлари авария ҳолатига келиб қолган.
Ўрганиш натижалари халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг сессиясида муҳокама этилиб, аниқланган муаммоли масалалар ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан «йўл харитаси» тасдиқланган.
Бухоро вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 102-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Бухоро вилояти ҳокими Б. Зариповнинг туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Т. Мадумаровнинг Бухоро вилоятидаги ўрганиш якунлари юзасидан ахбороти (илова қилинади) маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бухоро вилоятида туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасидаги ишларни ўрганиш якунлари муҳокамасига бағишланган халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси ўтказилганлиги ҳамда тегишли қарор қабул қилинганлиги инобатга олинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
«Бухоро» халқаро аэропортига чет эл давлатлар билан авиа қатновлар хорижий авиакомпанияларни жалб қилган ҳолда йўлга қўйилишини таъминласин;
«Бухоро тарихий маркази» ва унинг буфер зонасининг тарихий-маданий кўринишини ЮНЕСКО талаблари асосида асл ҳолатда сақлаш мақсадида ушбу ҳудудда яшовчи кам таъминланган аҳолининг авария ҳолатидаги хусусий уй-жойларини намунавий лойиҳалар асосида таъмирлаш учун субсидиялар ажратиш масаласини ўрганиб чиқсин;
2023-2024 йиллар учун тасдиқланадиган манзилли дастурларга Бухоро вилоятининг туристик салоҳияти юқори бўлган ҳудудларида йўл инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳалар киритилишига алоҳида эътибор қаратсин;
ушбу Қарор билан юклатилган вазифалар вазирлик ва идоралар томонидан ижро этилишини назорат қилиб борсин, киритилган таклифлар ўрганиб чиқилишини ҳамда тегишли чоралар кўрилишини таъминласин;
мазкур Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида умумлаштирилган ахборотни 2022 йил 15 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этсин.
4. Бухоро вилояти ҳокимлиги (Б. Зарипов):
икки ой муддатда Вобкент туманидаги «Ширин» қишлоғида ва Ғиждувон туманидаги «Қўрғон» маҳалласида туризм қишлоғи ва туризм маҳалласини ташкил этиш ишларини якунига етказиш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда «Бухоро» халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалидан «Бухоро тарихий маркази»гача бўлган йўлларда ободонлаштириш ишлари олиб борилишини, Когон темир йўл вокзалидан Бухоро шаҳригача йўлда замонавий тунги ёритиш воситалари ўрнатилишини таъминласин;
уч ой муддатда вилоятга ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада яхшилаш ва қулайликлар яратиш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида кўчма санитария-гигиена шохобчалари фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўрсин;
амалга оширилган ишлар тўғрисида 2022 йилнинг 1 ноябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига таҳлилий ахборот тақдим этсин.
5. Туризм ва маданий мерос вазирлиги (А. Абдухакимов):
бир ой муддатда Бухоро вилояти ҳокимлиги (Б.Зарипов) билан биргаликда мавжуд жойлаштириш воситаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаши ва уларга хизмат кўрсатилиши бўйича яратилган шарт-шароитларнинг қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқлигини ўргансин ҳамда ўрганиш натижаларига кўра мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни кўрсин;
энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинларида «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи», «Туризм овули» фаолиятини йўлга қўйиш бўйича алоҳида манзилли чораларни белгиласин ҳамда амалга оширсин;
икки ой муддатда Бухоро вилоятидаги туризм намойиши ва маданий мерос объектларини ўрганган ҳолда, салоҳияти юқори бўлган объектларнинг туристик маршрутларга киритилишини таъминласин;
уч ой муддатда маданий мерос объектлари, музей ва бошқа намойиш объектларида кириш билетларининг олдиндан сотиб олишни назарда тутувчи ягона марказлашган электрон тизимига Бухоро вилоятидаги салоҳиятли маданий мерос объектларини интеграция қилиш чораларини кўрсин;
уч ой муддатда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилиш лойиҳаларини келишиш ва хулосалар олиш жараёнини тезлаштириш мақсадида Бухоро шаҳрида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ва унинг маслаҳат Кенгаши ҳисобланган Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгаши (ИКОМОС) ваколатхонасини очиш масаласини ўрганиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
доимий равишда маданий мерос объектлари, хусусан, «Бухоро тарихий маркази»нинг буфер зонасида жойлашган хусусий уй-жойларда ўзбошимчалик билан тарихий қимматлигига шикаст етказувчи қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилишига йўл қўймаслик бўйича қатъий назорат ишларини амалга оширсин;
икки ҳафта муддатда Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жойлаштириш воситалари ва йирик овқатланиш шохобчалари ҳудудларида замонавий сузиш ҳавзаларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни шакллантирсин ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этсин.
6. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А. Воитов), тижорат банклари Бухоро вилоятидаги замонавий сузиш ҳавзаларини барпо этиш бўйича Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан тақдим этилган лойиҳаларни ўрганиб чиқиб, истиқболли лойиҳалар учун маблағ ажратилишини таъминласин.
7. Транспорт вазирлиги (И. Махкамов) туристлар оқимини янада ошириш мақсадида бир ой муддатда:
«Бухоро» халқаро аэропортида жорий этилган «очиқ осмон» режимидан тўлақонли фойдаланиш мақсадида хорижий авиакомпанияларни жалб қилган ҳолда Индонезия, Малайзия, Покистон, Тожикистон каби давлатлардан тўғридан-тўғри доимий ва чартер авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрласин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Урганч, Самарқанд, Тошкент шаҳарларидан Бухоро шаҳрига автобуслар қатнови сонини ошириш бўйича тегишли чораларни амалга оширсин.
8. Ташқи ишлар вазирлиги (В. Норов) икки ой муддатда:
Ўзбекистоннинг Исроил, Эрон, Бельгия давлатларидаги элчихоналари билан биргаликда Бухоро вилоятининг ташқи иқтисодий ҳамда туризм салоҳиятини оширишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини жалб этиш бўйича аниқ чораларни белгиласин ҳамда амалга оширилишини таъминласин;
ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотиш учун кўмаклашиш мақсадида Бухоро вилоятига бириктирилган Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари (ХХР, Исроил, Индонезия) фаолиятини танқидий таҳлил қилган ҳолда, ҳунармандчилик салоҳияти бўйича хорижий давлатларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида донорлик ёрдами ва грант маблағларини жалб этиш бўйича аниқ чоралар кўрсин.
9. «Ўзмиллийбанк» (А. Мирсоатов), тижорат банклари Бухоро вилоятида хизматлар соҳасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун белгиланган кредит маблағининг ажратиб берилишини таъминласин.
10. Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашига вилоятда ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган «йўл харитаси» ижросини ҳар чорак якунида таҳлилий ва танқидий муҳокама қилиш тавсия этилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар мазкур Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ушбу Қарорда белгиланган вазифаларнинг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ижро этилишини назорат қилиб борсин.
13. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2022 йил 5 август,
СҚ-598-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 5 августдаги СҚ-598-IV-сонли Қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Бухоро вилоятида туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни комплекс ўрганиш якунлари тўғрисида
АХБОРОТ
2022 йилнинг 15 — 19 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида туризм ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Вилоятда туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, туризм хизматларини диверсификация қилиш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида муайян ишлар олиб борилган. Жумладан:
Туризм соҳасини ривожлантириш борасида
Вилоятда 2021 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 38,7 трлн сўмни, аҳоли жон бошига нисбатан 19,7 млн сўмни, 2022 йилнинг I чорагида эса ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7 трлн сўмни, аҳоли жон бошига нисбатан 3,5 млн сўмни ташкил этган.
Вилоятда туризм соҳаси йилдан йилга ривожланиб, кўлами кенгайиб бормоқда. 2021 йил ва 2022 йилнинг I чорагида вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлардан бюджетга жойлаштириш воситалари хизматидан 615 млрд сўм (26,3%), овқатланиш хизматларидан 272 млрд сўм (11,6%), маданий кўнгилочар хизматлардан 55 млрд сўм (2,3%), савдо ва маиший хизмат кўрсатишдан 460 млрд сўм (19,7%), бошқа хизматлардан (ҳунарманд, транспорт, гид каби) 928 млрд сўм (39,8%) — жами 2 трлн 330 млрд сўм маблағ тушган.
Мамлакатимизнинг «очиқлик сиёсати»ни амалга ошириш натижасида хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш бўйича давлатлар сони 10 баробарга ортиб, 90 тага етказилди. Бунинг натижасида 2021 йил давомида вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2 млн 265 минг 389 нафарни (шундан, маҳаллий сайёҳлар 2 млн 216 минг 465 нафар, хорижий сайёҳлар 48 минг 924 нафар) ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг I чорагида жами 763,5 минг нафар (шундан, 698,2 минг нафар маҳаллий, 65,3 минг нафар хорижий) сайёҳ ташриф буюрган.
Вилоятда 2021 йилда сайёҳларнинг ташрифи ҳисобига жойлаштириш воситаларининг номерлар фондининг бандлик коэффициенти 32,6 фоизни ташкил етган бўлса, 2022 йилнинг I чораги мобайнида ушбу кўрсаткич 78,2 фоизга етказилган.
Хорижий сайёҳларнинг 68 фоизи (8 132 нафар) МДҲ давлатларидан, 16,7 фоизи (1 992 нафар) Осиё қитъасидан, 12 фоизи (1 400 нафар) Европа давлатларидан, 3 фоизи (379 нафар) Америка қитъасидан, 0,3 фоизи (31 нафар) бошқа давлатлардан ташриф буюрган.
Пандемиядан сўнг туристлар сонининг ортиши кузатилган, хусусан, маҳаллий сайёҳлар сони 2020 йилга нисбатан 9,3 баробарга, хорижий сайёҳлар сони эса 3,6 баробарга ошиши кузатилган.
Вилоятда 2021 йилдан бугунги кунга қадар 28 та янги меҳмонхона (хоналар сони 593 та, ўринлар сони 1 273 та), 29 та хостел (хоналар сони 251 та, ўринлар сони 872 та), 45 та оилавий меҳмон уйи (хоналар сони 189 та, ўринлар сони 445 та) фаолияти йўлга қўйилиб, жами жойлаштириш воситалари сони 431 тага, ўринлар сони эса 10 минг 862 тага етказилган.
Сайёҳлар учун хизмат кўрсатувчи 2 та янги туристик ташкилот фаолияти йўлга қўйилиши натижасида бугунги кунда уларнинг умумий сони 121 тани ташкил этмоқда. Туристик объектларда интернет тармоғига уланиш учун Wi-Fi нуқталари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 470 тага етказилган.
Шунингдек, туризм инфратузилмасини яхшилаш, хусусан, йўловчи сайёҳларнинг кўзланган манзил бўйлаб тўғри ҳаракатланишини таъминлаш бўйича жами 136 та туристик йўл кўрсаткичлари ўрнатилган.
2021 йил давомида туристлар ташриф буюрадиган объектлар, барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари, йўл бўйлари ва аҳоли гавжум жойларда жами 79 та санитария-гигиена шохобчаси қурилган, мавжуд 22 таси таъмирланган.
Хорижий авиакомпаниялар билан олиб борилган музокаралар натижасида «Бухоро» халқаро аэропортига маҳаллий ва тўғридан-тўғри авиақатновлардан ташқари Россия, Туркия, Қозоғистон ҳамда Европанинг бир қатор мамлакатлардан жами 871 та чартер рейслари амалга оширилган.
2022 йилнинг июнь ойидан бошлаб «Turkish Airlines» компанияси томонидан «Бухоро — Истанбул — Бухоро» йўналишида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилишига эришилган.
Бугунги кунда вилоятнинг тарихий қисми ҳудудида 15 та банкомат ўрнатилган, шундан 5 таси автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкомати, 10 таси халқаро тўлов карталарини (Master Card, VISA, UnionPay, МИР, НUMO ва бошқалар) қабул қилиб, миллий валюта олиш имконияти яратилган. Шунингдек, Миллий банк, Халқ банки, «Капиталбанк»нинг валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 2022-2023 йилларда туризм соҳасида меҳмонхона, мотель, умумий овқатланиш шохобчалари, экотуризм, туристик транспорт воситаларидан иборат умумий қиймати 483,9 млрд сўмни ташкил этувчи 52 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар 9 таси ишга туширилган.
Шунингдек, тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 256,5 млрд сўм бўлган 21 та меҳмонхона лойиҳаси қурилиши амалга оширилмоқда, хорижий инвестиция асосида умумий қиймати 28 млн АҚШ долларини ташкил этувчи 3 та йирик меҳмонхона қуриш ишлари давом этмоқда. Жорий йил якунига қадар Ҳиндистон («Metric Ventures») ҳамда Буюк Британия («Wide Tent System») компаниялари томонидан амалга оширилаётган 5 ва 4 юлдузли меҳмонхоналарни қуриш ишлари якунланиши режалаштирилган.
2021 йилда вилоятдаги туризм соҳасида фаолият олиб бораётган 142 та тадбиркорлик субъекти томонидан 22,2 млрд сўмлик имтиёз ва преференциялардан фойдаланилган. 30 та тадбиркорлик субъектига берилган 79,4 млрд сўм кредит маблағларидан 18,6 млрд сўм қисмининг тўлов муддати 6 ойдан 2 йилгача узайтирилган.
Соҳадаги 27 та тадбиркорлик субъекти учун 1,6 млрд сўм (шундан, 3 та туроператорга 41 млн сўм, 24 та меҳмонхонага 1 млрд 604 млн сўм) миқдорида ссуда ажратилган, янги туризм йўналишларини ўзлаштириш ва жорий этиш мақсадида 2 та сайёҳлик ташкилотига ва 6 та гид-экскурсоводга жами 40 млн сўмлик грантлар ажратилган.
Вилоятдаги «Етти пир» мажмуига кирувчи зиёратгоҳларда тўлиқ ободонлаштириш ишлари олиб борилган, кластер кўринишидаги, яъни барча хизматларни (меҳмонхона, умумий овқатланиш, ҳунармандлар расталари, китоб ва сувенирлар дўкони, туризм ахборот маркази, қушхона, худойихона) ўз ичига қамраб олган қулай инфратузилма ташкил этилган.
Замонавий электрон таблоли инфокиоскларда ҳар бир зиёратгоҳ ҳақида маълумот берувчи аудио, видеофайллар, харита, буклет ва брошюраларни ўзида мужассамлаштирган «Тариқатнинг етти пири» номли мультимедиа дастури намойиши йўлга қўйилган.
Зиёрат туризми салоҳиятини хорижда кенг тарғиб қилиш орқали ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида хорижлик тарғибот гуруҳи томонидан «Етти пир» зиёратгоҳлари, уларнинг бой илмий мероси, ушбу ҳудудларда олиб борилган бунёдкорлик ишлари тўғрисида ҳужжатли фильм тайёрланиб, интернет тармоқларида онлайн трансляция қилинган.
Вилоятда янги туризм маршрутларини ташкил этиш мақсадида Ромитан туманида 25 турдаги хизмат кўрсатувчи ва 500 нафаргача сайёҳни қабул қила олиш имкониятига эга «Bukhara Desert Oasis & Spa» инновацион туризм кластери фаолияти йўлга қўйилган.
«Тўдакўл» сув омборининг соҳилбўйи ҳудудида (15 гектар) 10 дан ортиқ хизматларни кўрсатувчи умумий қиймати 6 млн АҚШ долларига бўлган «Silk Road Family Resort» пляж, дам олиш ва соғломлаштириш маскани барпо этилган.
Шунингдек, ҳунармандчилик йўналишида Бухоро миниатюрасини ривожлантириш мақсадида «Бухоро ипак қоғози» ҳунармандчилик маркази, Бухоро шаҳрининг «Арабон» кўчасида жойлашган XVI асрга тегишли қадимий объект негизида умумий қиймати 1,5 млрд сўм бўлган «Усто-шогирд» миниатюра маркази ташкил этилган.
Экотуризм (Жайрон, Қорақир, Оғитма), Гастрономик туризм (Миллий таомлар, ширинликлар), Агротуризм (Ромитан, Бухоро, Ғиждувон, Вобкент туманлари), Этнотуризм (ҳунармандлар, меҳмон уйлари), Маданий туризм (театрлашган томошалар), Пляж (Қуйи-мозор, Тўдакўл) каби янги туристик маршрутлар ва хизматлар турлари ўзлаштирилган.
Вилоятда туризмни янада ривожлантириш доирасида 2019 йилнинг 21 — 23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида I халқаро «Зиёрат туризм» форуми ўтказилган. Мазкур тадбирда дунёнинг 34 та давлатидан ислом дунёсидаги нуфузли халқаро ташкилотлар, сайёҳлик уюшмалари, зиёрат туризми соҳаси компаниялари вакиллари ва дин уламоларидан иборат жами 130 дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрган. Форум тадбирлари дунёнинг 14 мамлакатидан келган 20 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиб, тадбир якунида Ўзбекистонни зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисидаги «Бухоро декларацияси» қабул қилинган.
Вилоятда туризмни янада ривожлантириш доирасида 2019 йилнинг 21 — 23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида I халқаро «Зиёрат туризм» форуми ўтказилган. Мазкур тадбирда дунёнинг 34 та давлатидан ислом дунёсидаги нуфузли халқаро ташкилотлар, сайёҳлик уюшмалари, зиёрат туризми соҳаси компаниялари вакиллари ва дин уламоларидан иборат жами 130 дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрган. Форум тадбирлари дунёнинг 14 мамлакатидан келган 20 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиб, тадбир якунида Ўзбекистонни зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисидаги «Бухоро декларацияси» қабул қилинган.
Мусулмон оламида «Қуббатул Ислом», «Гумбази Ислом» деб сифатланувчи Бухоро шаҳри Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатлар маданият вазирларининг 9-анжумани қарорига кўра, 2020 йилда «Ислом маданияти пойтахти» сифатида тасдиқланган. Бухоро шаҳридаги Пойи Калон ансамбли — «ШҲТнинг 8-мўъжизаси» сифатида эътироф этилган.
Ички ва зиёрат туризми йўналишида 2022 йилнинг февраль ойида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмидаги «Нодир Девонбеги» мадрасасида «Ички ва зиёрат туризми» ярмаркаси ва унинг доирасида «Усмон мусҳафи» номли махсус сувенирлар коллекцияси намойиши ўтказилган.
Гастрономик туризм йўналишида 2022 йил апрель ойида «Шарқ таомлари» фестивали, унинг доирасида концерт дастурлари ва оммавий сайллар ташкил этилган.
2022 йилнинг 21 — 25 май кунлари Бухоро шаҳрида 58 та давлатдан ташриф буюрган 220 нафар хорижий меҳмон иштирокида «Халқаро зардўзлик ва заргарлик» фестивали ўтказилган, фестивал доирасида Бутунжаҳон Ҳунармандчилик Кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига «Бутун жаҳон ҳунармандлар шаҳри» мақоми берилган.
2022 йил 3-4 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг «IV Ёш лидерлар» форуми доирасида Бухоро шаҳри 2022 йилда «Туркий дунёнинг ёшлар пойтахти» деб эълон қилинган.
Хорижий сайёҳларни жалб қилиш ҳамда вилоятнинг туризм салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб этиш мақсадида Тель-Авив шаҳрида (Исроил) жорий йилнинг 29-30 март кунлари ташкил этилган «ИМТМ-2022» халқаро туризм кўргазмасида 31 та туристик ташкилот мутасаддилари билан учрашувлар ташкил этилган ва улар ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган.
2022 йил Рамазон ойида Бухоронинг Туризм элчиси, шоир Сердар Тунжер иштирокида Туркиянинг ТRТ1 телеканалида Бухорода суратга олинган «Саҳарлик баракати» рукни остида «Етти пир» зиёратгоҳлари бўйича туркум кўрсатувлар намойиши ташкил қилинган.
Таълим ва илмий туризм йўналишида Бухоро давлат университети ва «VATEL» Меҳмонхона ва туризм бизнеси мактаби (Франция) ҳамкорлигида, Индонезиянинг Гунадарма ва Франциянинг Руан Нормандия университетлари билан ҳамкорликда туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
2021 йил 30 сентябрда Бухоро туризм ва маданий мерос техникуми ҳамда Руан Нормандия университети ўртасида туризм соҳасида бакалавриат таълим йўналиши ва ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш юзасидан ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Меморандум доирасида 2022 йилнинг апрель ва май ойларида Руан Нормандия университетининг профессор-ўқитувчилари Бухоро туризм ва маданий мерос техникумига ташриф буюриб, Руан Нормандия университетида ўқишни давом эттириш истагидаги талабалардан саралаш имтиҳонини ўтказган ва юқори балл тўплаган 7 нафар техникум талабасига университетга ўқишга қабул қилиш бўйича тавсияномалар берилган.
Ҳамкорлик доирасида 2022 йил 25 май куни Evreux технологиялар институти ўқитувчилари (Leblond Carole Veronique, Lemaitre Laurence Virginie Janine) техникум ўқитувчилари билан биргаликда танловдан ўтган ўқувчиларга меҳмондўстлик, умумий овқатланиш, туризм соҳасида амалиёт ўташ бўйича ўзларининг 10 соатлик дарсларини олиб боришган. Руан Нормандия университетининг талабалари (Briere Maelys Anais, Leroux Maxence Andre Нubert, Nguyen Alexandre Thong Alain Victor) Бухоро туризм ва маданий мерос техникумида амалиёт ишларини олиб борган.
Бу ҳамкорлик орқали Ўзбекистонда аналоги бўлмаган таълим тизими йўлга қўйилган бўлиб, дунёнинг нуфузли Руан Нормандия университети ва Бухоро туризм ва маданий мерос техникуми ўртасида қисқа муддатда туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш назарда тутилган. 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб техникумда «Маданий мерос объектларини таъмирлаш бўйича уста» йўналиши бўйича 50 нафар талабани ўқишга қабул қилиш режалаштирилган.
Туризм соҳасининг ривожланиши, туристлар оқимининг ортиши баробарида хавфсиз туризмни таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилган. Натижада 2021 йил ҳамда 2022 йилнинг 1 чораги давомида хорижий ва маҳаллий сайёҳларга нисбатан жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилмаган.
2021 йилда 23 та хорижий давлат ва 12 та халқаро ташкилотдан жами 1 минг 46 кишидан иборат таркибдаги 63 та делегация, 2022 йилнинг I чорагида 8 та хорижий давлат ва 4 та халқаро ташкилотдан жами 117 кишидан иборат таркибдаги 12 та делегация кутиб олиниб, уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган.
Олиб борилган амалий ишлар натижасида сайёҳларнинг вилоятда қолиш вақти 2 кундан 3 кунгача узайган, ҳар 8 нафар сайёҳдан биттаси ўзи яшаб қолган меҳмонхонага қайта ташриф буюришини билдирган.
Маданий меросни асраш
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сонли қарорига мувофиқ вилоятдаги 829 та моддий маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган.
Улардан 287 таси археология ёдгорлиги, 507 таси архитектура ёдгорлиги (шу жумладан, 31 та мадраса, 105 та масжид, 14 та мақбара, 133 та архитектура ансамбли, 15 та карвонсарой, 4 та тим ва тоқ, 122 та қадимий уй-жой, 83 та бошқа турдаги), 18 таси диққатга сазовор жой, 17 таси монументал ёдгорлик.
Вилоят ҳокимлигининг 2020 йил 15 декабрдаги 303-ф-сонли фармойиши асосида тузилган ишчи гуруҳ томонидан алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, реставрация ва таъмирлаш талаб этиладиган 175 та объектнинг манзилли рўйхати шакллантирилган.
Шундан, биринчи навбатда таъмирланиши зарур бўлган ўта муҳим маданий мерос объектлари сони 40 тани, жорий таъмирлаш зарур бўлган объектлар сони 117 тани ҳамда тадқиқот ва консервация, ободонлаштириш ишлари олиб бориш талаб этиладиган объектлар сони 18 тани ташкил этган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 мартдаги 110-сонли қарори (12 та объект ва 1 та лойиҳа) ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 4 мартда тасдиқланган манзилли рўйхатга (17 та) асосан 2022 йилда 29 та маданий мерос объектида реставрация ва консервация ишларини олиб бориш ҳамда тарихий кўчаларда сополдан пештахталар ўрнатиш учун жами 57,5 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Сўнгги 5 йилда республика илмий эксперт Кенгаши ва тегишлилиги бўйича ЮНЕСКОдан ижобий хулосалар олинган ҳолда, вилоятдаги жами 123 та маданий мерос объектида 75,4 млрд сўм (давлат бюджетидан 31,9 млрд сўм, маҳаллий бюджетдан 12,2 млрд сўм, инвесторлар (шунингдек ижарачилар) ҳисобидан 31,3 млрд сўм) ҳажмдаги реставрация ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Жумладан:
2017 йилда 13 та маданий мерос объектида 6,7 млрд сўмлик;
2018 йилда 6 та маданий мерос объектида 6 млрд сўмлик;
2019 йилда 16 та маданий мерос объектида 18,5 млрд сўмлик;
2020 йилда 43 та маданий мерос объектида 26,2 млрд сўмлик;
2021 йилда 45 та маданий мерос объектида 18 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ЮНЕСКОнинг 1993 йилда Картахена шаҳрида (Колумбия) ўтказилган 17-сессиясида «Бухоро тарихий маркази» (216 гектар ва унинг муҳофаза зонаси 339 гектар — жами 555 гектар, 280 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти жойлашган) номи билан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
«Бухоро тарихий маркази»даги маданий мерос объектларининг сақланиш ҳолатини баҳолаш ҳамда объектларда таъмирлаш-тиклаш ва асрашга доир консервация ишларини амалга оширишда бир қатор халқаро экспертлар (Тим Вильямс (Буюк Британия), Сара Линде (Нидерландия), Эрик Хойбрехтс, Пиер Трико (Франция), Кристина Иаманди (Руминия), (Она Вилеикис (Колумбия), Дмитрий Воякин, Людмила Дубровская (Қозоғистон)нинг хулоса ва тавсияларига асосан ишлар олиб борилмоқда.
2021 йилнинг 15 — 31 июль кунлари Фужоу шаҳрида (Хитой) ўтказилган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 44-сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун таклиф этиладиган номзод объектлар рўйхатига Бухоро вилоятидан 7 та маданий мерос объекти (Пойкент, Варахша, Вардонзе, Чор Бакр ва Баҳовуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб хазираси) киритилишига, шунингдек, «Бухоро тарихий маркази»нинг сақланиш ҳолати бўйича ижобий қарор қабул қилинишига эришилган.
2021 йилнинг 15 — 31 июль кунлари Фужоу шаҳрида (Хитой) ўтказилган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 44-сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун таклиф этиладиган номзод объектлар рўйхатига Бухоро вилоятидан 7 та маданий мерос объекти (Пойкент, Варахша, Вардонзе, Чор Бакр ва Баҳовуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб хазираси) киритилишига, шунингдек, «Бухоро тарихий маркази»нинг сақланиш ҳолати бўйича ижобий қарор қабул қилинишига эришилган.
2021 йилда Бухородаги 7 та (Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳовуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пои-Калон ансамбли, Қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари, Тошсарой мадрасаси) маданий мерос объекти Ислом оламининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (АЙСЕСКО)нинг Ислом Олами Мероси рўйхатига киритилган.
2022 йилда вилоятда олиб борилган хатлов давомида жами 31 та, шундан, Бухоро шаҳрида 3 та, Жондор туманида 9 та, Вобкент туманида 5 та, Бухоро туманида 4 та, Қоракўл туманида 3 та, Ромитан туманида 2 та, Пешкў туманида 2 та, Ғиждувон туманида 2 та, Олот туманида 1 та маданий, тарихий-бадиий қийматга эга бўлган объект аниқланган. Бугунги кунда мазкур объектларни моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатига киритиш мақсадида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги илмий-эксперт Кенгаши томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, 2021 йилда Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг «EGIS» ва «New Layer» компаниялари ўртасида тузилган маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва уларнинг рақамли эгизаги (аналоги)ни яратиш бўйича имзоланган меморандумга асосан Бухоро шаҳридаги Исмоил Сомоний мақбарасининг рақамли нусхасини яратиш учун 150 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилган.
Бугунги кунда «Бухоро тарихий маркази»даги барча обидаларни рақамлаштириш учун хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қиймати 6 млн. АҚШ долларига тенг бўлган грант маблағларини жалб этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5150-сон қарори билан тасдиқланган 2021-2023 йилларда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва рақамлаштиришнинг мақсадли кўрсаткичларига кўра, вилоятда 2021 йил якунига қадар 80 та объектнинг тегралари белгиланиши кўзда тутилган бўлиб, амалда 124 та объектнинг муҳофаза тегралари белгиланган.
Вилоятдаги рўйхатга олинган 829 та моддий маданий мерос объектининг тўлиқ маълумотлари ва паспортлари Маданий мерос электрон порталига (http://uzheritage.org) киритилган.
2019 йилга қадар вилоятдаги маданий мерос объектларининг бор-йўғи 10 фоизида кадастр ҳужжати мавжуд бўлган, натижада кадастр ҳужжати бўлмаган маданий мерос объектлари эгасиз ва ҳимоясиз ҳолда қолган. Вилоят ҳокимлиги саъй-ҳаракатлари билан барча маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, маданий мерос объектларининг давлат кадастрлари ягона электрон тизимига жойлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5150-сон қарори асосида Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси ҳамда унинг 7 та ҳудудда, шу жумладан, Бухоро шаҳрида ҳам Маданий мерос объектлари реставрацияси маркази ташкил этилиб, эндиликда маданий мерос объектларида реставрация ва таъмирлаш ишлари тўғридан-тўғри ушбу дирекция ва унинг ҳудудий марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Бугунги кунда маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш масалаларида хорижлик (Эрон, Туркия, Хитой, Франция, Нидерландия, Руминия, Англия) экспертлар жалб қилинмоқда.
Маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш талаблари ва таъмирлаш ёндашувлари, инфратузилмани ўрнатиш, янги объектлар қуриш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талабларини ўз ичига олган йўриқнома ишлаб чиқилиб, Бутунжаҳон мероси объектлари ва уларнинг муҳофаза зоналарида ҳамда уларнинг яқинида яшовчи аҳоли вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига тақдим этилган.
Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш
Иқтисодиётнинг асосий йўналишларидан бири бўлган хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига замонавий ва сифатли хизмат турларини кўрсатиш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли, айниқса, қишлоқ жойларда бандлик масаласини ҳал этишда муҳим роль ўйнамоқда.
2022 йил I чорак якунига кўра вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 31,5 мингтани ташкил этиб, уларнинг 20,4 мингтаси (64,7%) хизматлар соҳасига тўғри келган. Жумладан, савдо хизматларида 8 898 та (43,8%), ташиш ва сақлаш хизматларида 1 864 та (9,2%), яшаш ва овқатланиш хизматларида 2 420 та (11,9%), ахборот ва алоқа хизматларида 342 та (1,7%), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда 799 та (3,9%), бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида 6 012 та (29,6%) корхона фаолият юритмоқда.
Аҳоли томонидан тадбиркорликнинг хизмат кўрсатиш йўналишлари, жумладан, маиший хизмат кўрсатиш, савдо, яшаш ва овқатланиш, таълим, соғлиқни сақлаш йўналишларида фаолият кўрсатишга катта қизиқиш билдирилмоқда. Биргина, жорий йил I чорагида 2 055 та янги кичик бизнес субъекти (ЯТТлардан ташқари) ташкил этилган бўлса, шундан 1 022 таси (50%) хизмат кўрсатиш корхоналари ҳиссасига тўғри келади.
Хизматлар соҳасининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2021 йил якунига кўра 29,7 фоизни (1 1052,2 млрд сўм) ташкил этган бўлса, 2022 йил I чоракда 41,5 фоизга (2 907,7 млрд сўм) етган. Бугунги кунда вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасида 330 мингдан ортиқ фуқаролар бандлиги таъминланган бўлиб, жами банд аҳолининг 42,5 фоизини ташкил этмоқда.
Вилоятда 2022 йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурига асосан хизматлар ҳажмини 19,1 трлн сўмга етказиб, 2021 йил якунига нисбатан 149,3 фоизга ўсишни таъминлаш белгилаб олинган.
Хусусан, умумий қиймати 6,9 трлн сўмлик (шундан, банк кредити 1,9 трлн сўм) 6 823 та лойиҳани ишга тушириш ҳамда 48,2 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг I чораги давомида 3 571 та лойиҳа ишга туширилган (режа 2 519 та) ҳамда 48 383 та янги иш ўрни (режа 17 683 та) яратилган.
Жумладан, ташкил этилган 3 571 та хизмат кўрсатиш объектида 7 777 та (шундан, қишлоқ хўжалиги хизматларида 83 та, меҳмонхона ва туризм хизматларида 165 та, нодавлат таълим ва тиббиёт муассасаларида 603 та, йирик ва чакана савдо объектларида 3 066 та, умумий овқатланиш объектларида 432 та, маиший хизмат кўрсатиш объектларида 706 та, бошқа хизмат кўрсатиш объектларида 2 722 та) норасмий иш ўринларини расмий секторга ўтказиш орқали 3 336 та ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишида ўзини ўзи банд қилишга ўтказиш орқали 37 270 та иш ўрни яратилган.
Вилоятда тижорат банклари томонидан хизмат кўрсатиш соҳаларида 2021 йил давомида 2 минг 874 та тадбиркорлик субъектига 1 трлн 982 млрд 703 млн сўм, жорий йилнинг I чорагида 811 та тадбиркорлик субъектига 379 млрд 974 млн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
2021 йил якунига кўра, вилоятда хизмат кўрсатиш ҳажми 12,7 трлн сўм ёки ўсиш суръати 119,4 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг январь-март ойларида 3,4 трлн сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 115,9 фоизни ташкил этган. Хизматлар ҳажми таркибида тармоқларнинг улуши:
савдо хизматлари 33 фоизни (1120 млрд сўм),
транспорт хизматлари 20,5 фоизни (696,9 млрд сўм),
молиявий хизматлар 19 фоизни (643,0 млрд сўм),
таълим соҳасидаги хизматлар 5,2 фоизни (175,3 млрд сўм),
алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 4,1 фоизни (140 млрд сўм),
яшаш ва овқатланиш хизматлари 4 фоизни (136,7 млрд сўм)
бошқа хизматлар 14,2 фоизни (480,1 млрд сўм) ташкил этган.
Вилоятдаги барча туман (шаҳар)ларнинг марказий кўчаларини (13 та кўча) савдо, гастрономик туризм ва санъат йўналишларида ихтисослашган махсус кўчаларга айлантириш белгиланган бўлиб, мазкур кўчаларда амалга ошириладиган 626 та лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилган.
Ушбу кўчаларни замонавий қиёфага келтириш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар мазкур кўчалардаги 15 км йўллар таъмирланган, 793 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган, 25 км пиёдалар йўлаги ташкил этилган, 244 та хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилиб, 594 та янги иш ўрни яратилган.
Вилоят ҳудудидан ўтувчи А-380 ва М-37 халқаро автомагистрал йўлларининг оралиқ масофасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш имконияти юқори. Шу боис 2022 йилда йўл бўйида умумий қиймати 885 млрд сўм бўлган 408 та хизмат кўрсатиш лойиҳасини ишга тушириш ва 1,8 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш белгиланган, жорий йилнинг I чорагида 74 та лойиҳа ишга туширилиб, 320 га яқин иш ўринлари яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 104-сон қарорига асосан, меҳмонхона, савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этиладиган 6 та туризм ҳудуди (Ромитан туманидаги «Марзия», «Самосий», «Азизон», «Хоса», Когон туманидаги «Ниёз Ҳожи», «Чолоки») танланган ва 2022 йил 19 апрелда халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланган.
Шу билан бирга, ўрганиш давомида Бухоро вилоятида туризмни яна ривожлантириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида бир қатор муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги ҳам кузатилди. Жумладан:
Туризм ва маданий мерос йўналишида
1. Бугунги кунда вилоятдаги 829 та маданий мерос объектидан 139 таси (17%) туристик маршрутга киритилган, холос, шу боис маданий мерос объектларини туризм маршрутига киритиш орқали туристларнинг сонини оширишга алоҳида аҳамият қаратиш талаб этилади.
2. «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонуннинг 25-моддасида меҳмонхоналарнинг мулкдорлари умумий хоналар фондининг камида битта хонасини ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозлаши шартлиги белгиланган. Бироқ, вилоятдаги аксарият жойлаштириш воситалари мазкур талабларга жавоб бермайди, хусусан, танлов асосида ўрганилган «Азия Бухара», «Ан-Нур», «Азия Ҳотел», «Ҳотел Мунис», «Рангрез» меҳмонхоналарида ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитлар яратилмаган.
3. Маданий мерос объектларида ногиронлиги бўлган шахсларга инклюзивлик талабларини ҳисобга олган ҳолда, объектлар ва уларга туташ ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Хусусан, ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш тўғрисида» ПҚ-3920-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги «2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси музейларининг инклюзивлиги дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 945-сон қарори қабул қилинган.
Бироқ энг нуфузли «Бухоро» давлат музей-қўриқхонасида ҳид, товуш, мусиқа орқали онгли ва вербал тавсифлаш мумкин бўлган бирор-бир экспонатлар кўргазмаларини ташкил этиш ва бошқа инклюзив талаблар (радонишонлар, музей ва унга туташ ҳудудлардаги тегишли участкаларда махсус сирғалмайдиган қопламали, жароҳат етказмайдиган ушлагич ўрнатиш кабилар) тўлиқ татбиқ этилмаган.
4. Туризм намойиш объектларидаги валюта айирбошлаш банкоматларининг барқарор ишлаши бўйича назорат талаб даражасида эмас. Масалан, ўрганиш давомида «Бухоро тарихий маркази» ҳудудидаги «Миллий банк», «Турон» банк, «Капитал банк» тасарруфидаги валюта айрибошлаш банкоматларининг вақтинчалик фаолият юритмаётганлиги кузатилди.
5. Бугунги кунда жамоат ва хусусий транспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги, пиёдалар йўлакларидаги тирбандликлар ташриф буюрувчи сайёҳлар ва маҳаллий аҳолининг эркин ҳаракатланиши учун ноқулайликлар туғдирмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, ташриф буюрувчи сайёҳларга қулайлик яратиш, аҳоли ва транспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш мақсадида Бухоро шаҳридаги серқатнов йўлларда тез-тез фойдаланиладиган ер ости ёки ер усти ўтиш йўллари қуришни талаб этади.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5781-сонли Фармонида 2020 йил 1 январдан энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинларида «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи», «Туризм овули» фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Бугунги кунга қадар вилоятда бирорта ҳам фуқаролар йиғини «Туризм қишлоғи», «Туризм маҳалласи», «Туризм овули» мақомини олмаган.
Шу кунга қадар Вобкент туманидаги «Ширин» қишлоғи ҳамда Ғиждувон туманидаги «Қўрғон» маҳалласида бу борада ишлар бошланган бўлса-да, якунига етказилмаган. Хусусан, «Ширин» қишлоғида автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, қўшимча оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш, «Қўрғон» маҳалласида кириш дарвозаларини миллий руҳда қуриш, пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, электр энергияси, табиий газ тармоқларини тартибга келтириш каби ишлар талаб даражасида эмас.
7. Туристларга хизмат кўрсатиш сифати етарли даражада эмаслиги сабабли транспорт ташкилотлари, умумий овқатланиш корхоналари, меҳмонхона хўжалиги ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув курслар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бу борада тегишли олий таълим муассасаларининг имкониятларидан унумли фойдаланиш талаб этилади.
8. «Бухоро» халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалларидаги йўналишсиз таксилар фаолияти тартибга солинмаган, шунингдек аксарият йўлларга сунъий нотекисликлар ўрнатилган бўлиб, улар «Сунъий нотекисликлар. Умумий техник талаблар. Қўллаш тартиби» давлат стандарти талабларига тўлиқ жавоб бермайди, бу эса транспорт воситаларининг ҳаракатига халал бериш билан бирга, туристларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда.
9. Туристларни жалб этишда ҳудуднинг кўп йиллик тарихий ва анъанавий ҳунармандчилик имкониятларидан самарали фойдаланилмаяпти. Масалан, минг йиллик тарихга эга ва бутун жаҳонда машҳур «Занданича» матоларини ишлаб чиқариш йўқолиб бормоқда. «Бухоро тарихий маркази»даги Арк қўрғони ва қадимий Шаҳристон бозори орасидаги майдонда «Занданича» матоларини ишлаб чиқариш устахоналарини ташкил қилиш зарур.
10. «Бухоро» халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалидан «Бухоро тарихий маркази»гача бўлган йўлларда ободонлаштириш ишлари, Когон темир йўл вокзалидан Бухоро шаҳригача бўлган йўлда тунги ёритиш воситалари талаб даражасида эмас.
11. Вилоятдаги туризм намойиши ва маданий мерос объектларида бор-йўғи 17 та туризм ахборот маркази мавжуд бўлиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида улар кўп ташриф буюрадиган объектлар атрофида бундай ахборот марказлари сони етишмайди. Вилоятга ҳар йили ўртача 40-50 минг хорижий турист ташриф буюришини инобатга олган ҳолда, бундай ахборот марказлари сонини ошириш талаб этилади.
12. Вилоятга ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида ташкил этилган санитария-гигиена шохобчалари сони етишмайди, маданий мерос объектлари, ҳатто, Бухоро тарихий маркази ҳудудида бирорта ҳам кўчма санитария-гигиена шохобчаси (биоҳожатхона) фаолияти йўлга қўйилмаган, бу борада ижтимоий тармоқларда ҳам эътирозлар билдирилмоқда.
13. Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган диний объектлар, жумладан, масжидлар, мадрасалар ва зиёратгоҳларда зиёрат ва кийиниш одоби тўғрисида маълумот берувчи пештахталар мавжуд бўлса-да, айрим ташриф буюрувчилар тарихий ва муқаддас қадамжоларга очиқ-сочиқ кийимларда кириши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Бу турдаги туризм объектларига кириш жойларида махсус кийимлар (рўмол, ёпиниш кийими ва бошқалар) тарқатилиб, объектдан чиқиб кетишда қайтариб олиш тизими йўлга қўйилмаган. Мазкур хизматларнинг йўлга қўйилиши ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш билан бирга, туристлар сонининг ортишига ҳам хизмат қилади.
14. «Бухоро» халқаро аэропортида жорий этилган «очиқ осмон» режимидан тўлиқ фойдаланиш, янги авиа йўналишлар очиш тақозо этилмоқда. Хусусан, бугунги кунда «Бухоро» халқаро аэропортидан қатновчи халқаро авиа йўналишлар сони 10 тани ташкил этмоқда, маҳаллий даражада фақатгина «Тошкент — Бухоро — Тошкент» йўналиши йўлга қўйилган.
Бухорога ички туризм оқимини янада ошириш мақсадида Фарғона, Термиз, Нукус шаҳарларидан авиақатновлар йўлга қўйилмаган, Урганч, Самарқанд, Тошкент шаҳарларидан автобус қатновлари сони етишмайди. Халқаро йўналишда Дубай, Жакарта, Владивосток, Куала-Лумпур, Лаҳор, Душанбе шаҳарларидан Бухорога тўғридан-тўғри ва чартер рейсларга талаб юқори бўлса-да, мазкур йўналишларда авиақатновлар йўлга қўйилмаган.
15. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги «Ўзбекистон Республикасида музей ва театрларнинг маркетинг фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 325-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ, 2020 йил 1 августдан бошлаб «Бухоро» давлат музей-қўриқхонасида чипталарни сотиш блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда, Билет операциялари ягона электрон тизими орқали амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, шу кунга қадар ягона электрон тизимга улаш ишлари якунланмаган.
16. Вилоятдаги туристик маршрутлардаги айрим автомобил йўллари таъмирталаб аҳволда. Хусусан:
М-37 «Самарқанд — Бухоро — Туркманбоши» автомобиль йўлининг 235 — 240 км.лари оралиғи (Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳига бориш);
4Р48 «Зарафшон тракти» автомобиль йўлининг 306 — 320 км.лари оралиғи (Хўжа Пешкў ва Хўжа Ариф Ревгарий зиёратгоҳларига бориш);
4Р48 «Зарафшон тракти» автомобиль йўлининг 321 — 326 ва 326 — 330 км.лари оралиғи («Афшона» мажмуаси, Хўжа Али Ромитаний ва Бобо Самосий зиёратгоҳларига бориш);
4К145 «Адоқ қ. — Ёвожин қ. — Узалон қ. — Уба қ. — Урганжи қ.» Автомобиль йўлининг 0 — 8 км.лари оралиғи (Садриддин Айний музейига бориш);
4К146 «Ғиждувон қ. — Қараҳони қ. — Қайрағоч қ. — Маркуш қ. — Қаршиён қ.» автомбиль йўлининг 0 — 4 км.лари оралиғи (Хўжа Лангар Ато зиёратгоҳига бориш);
4К149 «Новхар қ. — Хонобод қ. — Лабируд қ. — Жангари қ. — Янгиработ қ.» автомобиль йўлининг 5 — 9 км.лари оралиғи (Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳига бориш);
4К212 «Ромитан ш. — Харгуш қ. — Хайробод қ.» автомобиль йўлининг 9 — 26 км.лари оралиғи (Чашмаи Айюб зиёратгоҳига бориш);
4Н216 «Янгибозор қ. — Боғимусо фермерлар уюшмаси — 4К159 автойўли» автомобиль йўлининг 0 — 9 км.лари оралиғи (Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хўжа Пешкў ва Жўжа Ариф Ревгарий зиёратгоҳларига бориш);
4Р66 «Азизобод қ. — Вобкент ш. — Алиёр қ. — Хўжа Порсо қ. А380 автойўли» автомобиль йўлининг 38 — 45 км.лари оралиғи (Хўжа Уббон зиёратгоҳига бориш);
4Р65 «4Р63 автойўли (49 км) Азизобод қ. — Когон ш.» автомобиль йўлининг 40 — 43 км.лари оралиғи (Саид Амир Кулол ва Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳларига бориш);
4Р72 «а» «Варахша тарихий шаҳарчасига» 0 — 8 км.лари оралиғи («Қизбиби» архитектура ансамблига бориш);
4Р68 «Ғаллаосиё қ. — Ромитан ш. — А380 автойўли» автомобиль йўлининг 18 — 30 км.лари оралиғи (Хўжа Али Ромитаний ва Бобо Самосий, Хўжа Зафарон зиёратгоҳларига бориш).
17. Бухоро вилоятининг зиёрат туризми салоҳиятини хорижий давлатларда манзилли тарғиб қилиш ишлари ҳам самарали йўлга қўйилмаган. Хусусан, Индонезия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон каби давлатларда сайёҳлик ярмаркаси ташкил этиш орқали йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари, хусусий уй-меҳмонхоналар, санаторийлар, автотранспорт компаниялари, темир йўллар ва авиаташувчилар, туроператорлар, турагентлар, турбизнес ва бошқа сайёҳлик хизматлари, музейлар ҳамда театрларнинг хизматларини намойиш этиш, реклама баннерларини ўрнатиш, маданий мерос объектлари салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва ёритиб беришга қаратилган қисқа метражли видеороликларни мазкур давлатларнинг оммавий ахборот воситалари жойлаштириш ишлари суст даражада қолмоқда.
Шунингдек, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Туркия, Миср, Россия, Афғонистон мамлакатларида «Нақшбандия тариқати» ҳамда «Ҳадис имомлари» йўналишида, Эрон, Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Хитой, Япония Корея, Таиланд давлатларида «Исломий меъморчилик» йўналишларида тарғибот тадбирларини олиб бориш талаб этилади.
18. Умумжаҳон мероси маданий ва табиий мероси конвенциясига асосан «Бухоро тарихий маркази» ва унинг буфер зонаси (жами 555 гектар)нинг тарихий-маданий кўринишини ЮНЕСКО талаблари асосида асл ҳолатда сақлаш муҳим масала ҳисобланади. Бироқ ушбу ҳудудда жойлашган, маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритилган хусусий қадимий уй-жойларни белгиланган талаблар асосида сақлаш учун ҳамда кам таъминланган аҳоли томонидан ўзи яшаб турган уй-жойлар шаҳарнинг тарихий кўринишига мослаштирилмаган ҳолда таъмирлаш учун мулк эгаларида етарлича маблағлар мавжуд эмас.
Ушбу масалани ижобий ҳал қилиш мақсадида маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритилган уй-жойларни яхши ҳолатда сақлаш ҳамда кам таъминланган оилаларнинг авария ҳолатидаги уй-жойларини тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида таъмирлаш ва қайта қуриш учун ссуда ажратиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
19. «Бухоро тарихий маркази» ва унинг буфер зонасида жойлашган маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилиш лойиҳалари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ва унинг маслаҳат Кенгаши ҳисобланган Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгаши (ИКОМОС) билан келишилиши талаб этилади.
Лойиҳаларни дипломатик каналлар орқали халқаро ташкилотларга юбориш ва уларни келишиш жараёни баъзи ҳолларда 6 — 8 ойларга чўзилиб кетиши мумкин. 2022 — 2026 йилларда реставрация ва консервация қилиниши режалаштирилган 175 та маданий мерос объектининг лойиҳаларини ҳамда «Бухоро тарихий маркази»ни ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларни ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишиш жараёни чўзилиши объектлардаги реставрация ишларининг муддатлари ва сифатига салбий таъсир ўтказади.
Лойиҳаларни қисқа муддатларда келишиш ҳамда ҳужжатлаштириш ишларини соддалаштириш, лойиҳаларга ижобий хулосалар олишни тезлаштириш мақсадида Бухоро шаҳрида ИКОМОСнинг ваколатхонасини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиш таклиф этилади.
Хизмат кўрсатиш йўналишида
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-104-сонли қарорнинг 7-иловасига мувофиқ бир ой муддатда нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларини қуриш шарти билан туман (шаҳар)ларда ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдосига чиқариш белгиланган.
Хусусан, вилоятнинг Бухоро шаҳри, Олот, Пешку, Қоракўл туманларида бўш ер майдонларини аниқлаб, 11 та нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим муассасасини қуриш шарти билан ер участкаларини онлайн-аукцион савдосига чиқариш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилмаган.
2. Ушбу қарорнинг 10-илова 20-бандига мувофиқ 2022 йил 1 мартга қадар енгил конструкцияли объектларни жойлаштирган ҳолда, кўчма савдо фаолиятини амалга ошириш учун ҳудудларда камида 100 тадан ер участкаларини электрон онлайн-аукционга чиқариш белгиланган. Бухоро вилоятида 2022 йил I чорагида жами 342 та (5,8 минг кв метр) майдон аниқланган, аммо аукцион савдоларига чиқарилмаган.
3. Мазкур қарорнинг 11.3-иловасига мувофиқ Бухоро вилоятининг мақсадли параметрлари белгиланган бўлиб, 2022 йил I чорак якунига кўра, 1 926 та хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилган бўлиб, белгиланган йиллик режа (6 823 та) 28 фоизга бажарилган.
Аммо белгиланган режа ижроси Ғиждувон туманида 9,7 фоизга, Қоровулбозор туманида 13,2 фоизга, Жондор туманида 14,2 фоизга, Когон туманида 14,4 фоизга, Пешку туманида 17,7 фоизга, Қоракўл туманида 18,3 фоизга бажарилган.
4. Вилоятда 2022 йил I чоракда 3 725 млрд сўмлик хизмат кўрсатиш ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 127,5 фоиз ўсиш суръати белгиланган бўлиб, амалда 3 392 млрд сўмлик хизмат кўрсатилган (режага нисбатан 333 млрд сўмга ёки 11,6 фоизга кам).
Ҳудудлар кесимида белгиланган режага нисбатан Когон шаҳрида 16,9 фоизга, Бухоро шаҳрида 14,4 фоизга, Когон туманида 28,2 фоизга, Ғиждувон туманида 20 фоизга, Олот туманида 14,4 фоизга кам бажарилган.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги ПҚ-104-сон қарорининг 9-иловасига мувофиқ, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун халқаро молия институтларидан жалб қилинган 200 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ тижорат банклари кесимида тақсимланган. Ушбу маблағ ҳисобидан Бухоро вилоятига жорий йилнинг I ярим йиллигида 85 млрд сўм маблағ ажратиш белгиланган.
Вилоят ҳокимлиги томонидан умумий қиймати 152,4 млрд сўм бўлган жами 82 та лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилган, аммо 85 млрд сўм маблағ бугунги кунга қадар ажратиб берилмаган.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 апрелдаги «Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-212-сон қарорида туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан, жойлаштириш воситалари ва йирик овқатланиш шохобчалари ҳудудларида замонавий сузиш ҳавзаларини барпо этиш учун 50 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтириш белгиланган.
Ушбу маблағ ҳисобидан Бухоро вилоятининг Когон ва Ромитан туманларидаги туризмга ихтисослаштириш белгиланган ҳудудлар учун 40 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Мазкур ҳудудларда амалга ошириш учун жами 23 та лойиҳанинг рўйхати шакллантирилган, аммо бугунги кунга қадар режалаштирилган 40 млрд сўм маблағ ажратилмаган.
7. Вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги йўл ёқаларида жами 154,8 гектар, шундан унумдорлиги паст бўлган 116,2 гектар экин ер майдонлари мавжуд бўлиб, ушбу ер майдонларида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш орқали хизмат кўрсатишни ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ.
Унумдорлиги паст бўлган ушбу ер майдонларининг тоифасини ўзгартириш масалалари шу кунга қадар ҳал этилмаганлиги сабабли ушбу йўналишдаги ишлар бошланмаган.
Мазкур ер майдонларида тадбиркорлик субъектлари томонидан 500 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш ҳамда 5 мингдан зиёд янги иш ўринларини яратиш имконияти мавжуд.