Норасмий таржима
1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенциясига Баённома
Халқаро меҳнат ташкилотининг Бош конференцияси,
Халқаро меҳнат бюросининг Маъмурий кенгаши томонидан Женевада чақирилиб ва 2014 йилнинг 28 майида ўзининг 103-сессиясига тўпланиб,
зўраки ёки мажбурий меҳнатни тақиқлаш барча асосий ҳуқуқлар йиғиндисининг бир қисми эканлигини ҳамда зўраки ёки мажбурий меҳнат миллионлаб аёллар ва эркаклар, қизлар ва ўғил болаларнинг инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва қадр-қимматини поймол қилишга олиб келишини, қашшоқликнинг сурункали тарзда сақланиб қолишига ёрдам беришини ва барчанинг манфаати йўлида муносиб меҳнат мақсадларига эришишга тўсқинлик қилишини тан олиб,
зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига қарши курашда 1930-йилги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенция (29-сон) ва 1957-йилги Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги конвенция (105-сон) ҳаётий муҳим рол ўйнашини, шунингдек уларга риоя қилиш борасида бўшлиқлар қўшимча чораларни амалга оширишни талаб қилишини тан олиб,
Конвенциянинг 2-моддасида қўлланилган зўраки ёки мажбурий меҳнат тушунчаси зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг барча шакл ва кўринишларини қамраб олишини ва бирор бир истисносиз барча инсонларга тааллуқлилигини эслатиб,
зўраки ва мажбурий меҳнатнинг барча шакл ва кўринишларига тезкорлик билан чек қўйишнинг зарурлигини таъкидлаб,
Конвенцияни ратификация қилган Ташкилот аъзоларининг зўраки ёки мажбурий меҳнатни жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида белгилаш ва қонунда кўзда тутилган санкцияларнинг ҳақиқатдан ҳам самарали бўлишини ва уларга қатъий риоя қилинишини таъминлаш борасида мажбуриятга эга эканлигини эслатиб,
Конвенцияда назарда тутилган ўтиш даври аллақачон тугаганлигини ва 1-модданинг 2 ва 3-бандлари ҳамда 3 — 24-моддалари қоидалари ортиқ қўлланилмаслигини қайд этиб,
зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг мазмуни ва шакллари ўзгариб бораётганини ҳамда шаҳвоний фойдаланишга олиб келиши мумкин бўлган зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиш мақсадини кўзловчи одам савдоси халқаро ҳамжамиятни тобора кўпроқ ташвишга солаётганини ва уни бутунлай тугатиш учун тезкор чоралар кўриш зарурлигини тан олиб,
зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган ишчилар сони иқтисодиётнинг хусусий секторига тобора кўпроқ тўғри келаётгани, иқтисодиётнинг айрим тармоқлари эса бу борада айниқса заиф эканлигини ва ишчиларнинг айрим гуруҳлари, биринчи навбатда мигрантларнинг бошқаларга нисбатан зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг жабрланувчиси бўлиши хавфи юқори эканлигини қайд этиб,
узоқ муддатли истиқбол учун зўраки ёки мажбурий меҳнатни тугатишнинг таъсирчанлигини ошириш иш берувчилар ўртасида адолатли рақобатни ва ишчиларнинг кафолатланган ҳимоясини таъминлашга ёрдам беришини қайд этиб,
1948-йилги Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция (87-сон), 1949-йилги Жамоа музокараларини ташкил этиш ва олиб бориш ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция (98-сон), 1951-йилги Тенг ҳақ тўлаш тўғрисидаги конвенция (100-сон), 1958-йилги Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги конвенция (111-сон), 1973-йилги Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенция (138-сон), 1999-йилги Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги конвенция (182-сон), 1949-йилги Меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисидаги конвенция (қайта кўриб чиқилган) (97-сон), 1975-йилги Меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисидаги конвенция (қўшимча қоидалар) (143-сон), 2011-йилги Уй ишчиларининг муносиб меҳнати тўғрисидаги конвенция (189-сон), 1997-йилги Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги конвенция (181-сон), 1947-йилги Меҳнат инспекцияси тўғрисидаги конвенция (81-сон), 1969-йилги Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги конвенция (129-сон), шунингдек Меҳнат соҳасидаги асосий принциплар ва ҳуқуқлар тўғрисидаги декларация (1998-йил) ва ХМТнинг Адолатли глобаллашув мақсадларида ижтимоий адолат тўғрисидаги декларацияси (2008-йил) каби тегишли халқаро меҳнат нормаларини эслатиб,
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948 йил), Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (1966 йил), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (1966 йил), Қуллик тўғрисидаги конвенция (1926 йил), Қуллик, қул савдоси ва қулликка ўхшаш институт ва амалиётларни тугатиш тўғрисидаги қўшимча конвенция (1956 йил), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси (2000 йил), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги баённомаси (2000 йил), Мигрантларни қуруқлик, денгиз ва ҳаво орқали ноқонуний ташишга қарши баённома (2000 йил), Барча меҳнаткаш-мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция (1990 йил), Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенция (1984 йил), Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (1979 йил) ва Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (2006 йил) каби бошқа муҳим халқаро ҳужжатларни қайд этиб,
Конвенцияга риоя қилиш нуқтаи назаридан мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш учун бир қатор таклифларни қабул қилишга қарор қилиб ҳамда сессия кун тартибининг тўртинчи бандига мувофиқ зарарни қоплаш ва реабилитация қилиш каби олдини олиш, муҳофаза чоралари ва ҳуқуқий ҳимоя воситалари зўраки ёки мажбурий меҳнатга самарали чек қўйишни таъминлаш учун зарур эканлигини тасдиқлаб,
икки минг ўн тўртинчи йил июн ойининг ўн биринчи кунида 1930-йилги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенцияга 2014-йилги баённома деб номлаш мумкин бўлган қуйидаги Баённомани қабул қилди:
мазкур таклифларга баённома ва конвенция шаклини беришга қарор қилган ҳолда,
1-модда
1. Зўраки ёки мажбурий меҳнатга чек қўйиш юзасидан Конвенциядан келиб чиқадиган мажбуриятларини бажаришда Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси ундан фойдаланишни олдини олиш ва тўхтатиш, жабрланганларга ҳуқуқий ҳимоянинг зарарни қоплаш ҳамда зўраки ва мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳуқуқбузарларга нисбатан санкциялар белгилаш каби тегишли ва самарали воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўради.
2. Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси узоқ муддатли истиқбол учун зўраки ёки мажбурий меҳнатга самарали барҳам бериш мақсадида иш берувчилар ва ходимлар ташкилотлари билан маслаҳатлашган ҳолда миллий сиёсат ва ҳаракат режаларини ишлаб чиқади. Бу эса ваколатли органлар томонидан тизимли ҳаракатларни амалга оширишни ва, зарур ҳолларда, бошқа манфаатдор гуруҳлар билан ҳаракатларни мувофиқлаштиришни талаб қилади.
3. Конвенцияда келтирилган зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг таърифи яна бир бор тасдиқланади ва, шундай қилиб, ушбу Баённомада назарда тутилган чора-тадбирлар зўраки ёки мажбурий меҳнат мақсадларида одам савдосига қарши кураш бўйича аниқ ҳаракатларни ўз ичига олади.
2-модда
Зўраки ёки мажбурий меҳнатни олдини олиш мақсадида қабул қилинадиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) шахсларни, хусусан, нисбатан заиф ҳисобланувчи шахсларни зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг жарбланувчисига айланиб қолишига йўл қўймаслик учун ўқитиш ва ахборот билан таъминлаш;
б) иш берувчиларни зўраки ёки мажбурий меҳнат амалиётида иштирок этишга йўл қўймаслик мақсадида ўқитиш ва ахборот билан таъминлаш;
с) қуйидагиларни таъминлашга саъй-ҳаракатларни кучайтириш:
и) зўраки ёки мажбурий меҳнатга тааллуқли қонунчиликнинг, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг қамраб олиш соҳаси ва унга амал қилишни таъминлаш, тегишли ҳолатларда, барча ишчилар ва иқтисодиётнинг барча тармоқларига тарқалишини;
ии) меҳнат инспекцияси органлари ва ушбу қонунчиликни амалга ошириш учун масъул бўлган бошқа хизматларни мустаҳкамлашни;
д) шахсларни, биринчи навбатда меҳнат мигрантларини ишга жалб қилиш ва ёллаш жараёнида содир этилиши мумкин бўлган суиистеъмоллик ва фирибгарлик амалиётларидан ҳимоя қилиш;
э) давлат ва хусусий секторнинг зўраки ёки мажбурий меҳнат билан боғлиқ хатарларни олдини олиш ва тегишли жавоб чораларини кўришга йўналтирилган фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш;
ф) зўраки ёки мажбурий меҳнат билан боғлиқ хатарларни кучайтирувчи асосий сабаблар ва омилларни аниқлаш.
3-модда
Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг барча жабрланувчиларини аниқлаш, озод қилиш, ҳимоя қилиш, тиклаш ва реабилитация қилиш бўйича самарали чораларни кўради, шунингдек ёрдам ва қўллаб-қувватлашнинг бошқа шаклларини кўзда тутади.
4-модда
1. Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳудудида зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг барча жабрланувчилари жисмонан мавжудлиги ёки уларнинг ҳуқуқий мақомидан қатъи назар, зарарни қоплаш каби ҳуқуқий ҳимоянинг мутаносиб ва самарали ҳимоя воситаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.
2. Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, ўз ҳуқуқий тизимининг асосий принципларига мувофиқ, ихтиёрига зид равишда, зўраки ёки мажбурий меҳнатда зўрлик билан иштирок этганликлари сабабли ҳуқуққа зид ҳаракатларни содир этганликлари учун зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг жабрланувчиларини жиноий жавобгарликка тортмаслик ва уларга нисбатан жазо чораларини қўлламаслик борасида ваколатли органлар тегишли ҳуқуққа эга бўлишини таъминлаш мақсадида зарур чораларни кўради.
5-модда
Ташкилот аъзолари зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига йўл қўймаслик ва уларни олдини олиш мақсадида бир-бирлари билан ҳамкорлик қиладилар.
6-модда
Ушбу Баённома ва Конвенция қоидаларини амалга ошириш учун кўриладиган чора-тадбирлар миллий қонунчилик ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ёки тегишли иш берувчилар ва ишчилар ташкилотлари билан маслаҳатлашувлардан сўнг ваколатли орган томонидан белгиланади.
7-модда
Конвенциянинг 1-моддаси 2 ва 3-бандлари ва 3 — 24-моддаларининг вақтинчалик қоидалари чиқариб ташланди.
8-модда
1. Ташкилот аъзоси ушбу Баённомани Конвенцияни ратификация қилиш билан бир вақтда ёки у ратификация қилинганидан кейин исталган вақтда Халқаро меҳнат бюроси Бош директорига ушбу Баённомани ратификация қилиш тўғрисидаги расмий ёрлиқни рўйхатдан ўтказиш учун юбориш орқали ратификация қилиши мумкин.
2. Баённома Ташкилот иккита аъзосининг ратификация ёрлиқлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган санадан бошлаб 12 ой ўтгач кучга киради. Кейинчалик ушбу Баённома Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси учун унинг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжати Бош директор томонидан рўйхатга олинган санадан кейин 12 ой ўтгач кучга киради ва Конвенция тегишли аъзо учун ушбу Баённоманинг 1 — 7-моддалари қўшилган ҳолда мажбурий кучга эга бўлади.
9-модда
1. Ушбу Баённомани ратификация қилган Ташкилот аъзоси, агар Конвенция унинг 30-моддаси қоидаларига мувофиқ денонсация қилиш учун очиқ бўлса, Халқаро меҳнат бюроси Бош директорига денонсация қилиш тўғрисидаги аризани рўйхатдан ўтказиш учун юборган ҳолда денонсация қилиши мумкин.
2. Конвенциянинг 30 ёки 32-моддалари қоидаларига мувофиқ Конвенцияни денонсация қилиш ўз-ўзидан ушбу Баённомани денонсация қилишга олиб келади.
3. Мазкур Баённомани ушбу модданинг 1 ва 2-бандлари қоидаларига мувофиқ денонсация қилиш денонсация қилиш тўғрисидаги ариза рўйхатга олинган санадан бошлаб бир йил ўтгач кучга киради.
10-модда
1. Халқаро меҳнат бюроси Бош директори Ташкилот аъзолари томонидан юборилган барча ратификация қилиш ва денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжатларини рўйхатга олганлиги ҳақида Халқаро меҳнат ташкилотининг барча аъзоларига хабар беради.
2. Бош директор Ташкилот аъзоларини у томонидан қабул қилинган иккинчи ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжат рўйхатга олингани ҳақида хабардор қилган ҳолда, уларнинг эътиборини ушбу Баённоманинг кучга кирган санасига қаратади.
11-модда
Халқаро меҳнат бюроси Бош директори, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг 102-моддасига мувофиқ, юқоридаги моддалар қоидаларига биноан ўзи рўйхатга олган барча ратификация қилиш ва денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжатларга оид тўла маълумотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига рўйхатга олиш учун юборади.
12-модда
Ушбу Баённоманинг инглиз ва француз тилидаги матнлари бир хил кучга эга.
(Имзолар)