Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 26 январь,
451-I-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисида
ҲИСОБОТ
Ҳисобот йилида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси мамлакатимизда сиёсий, демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш борасидаги ишларни давом эттирди. Палата фаолияти жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов томонидан илгари сурилган концепциясини амалга ошириш мақсадида депутатлар қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2006 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари»га мувофиқ олиб борилди.
Қонун ижодкорлиги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ амалга оширилди. Қонун лойиҳалари учта ўқишда қабул қилинганидан кейин Сенатга юборилди. Қонунлар лойиҳаларини муҳокама қилишда Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг фаоллиги анча ошганлиги кўзга ташланди, бу қонун ижодкорлиги ишларининг сифатига ижобий таъсир кўрсатди. Қонун лойиҳаларининг барчаси палата мажлисларига киритилиши олдидан сиёсий партиялар фракцияларида муҳокама қилинди. Сиёсий партиялар фракцияларининг қонун лойиҳалари айрим нормаларининг мазмуни ва таҳрири бўйича муайян таклифлари қонунларни қабул қилишда инобатга олинди. Шунингдек мажлислар кун тартибига сиёсий партиялар фракцияларининг таклифларига биноан қўшимчалар киритиш амалиёти татбиқ этилди. Бу қўшимча масалалар, қоида тариқасида, мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаётидаги жараёнлар ва воқеаларни акс эттириб, улар у ёки бу фракциянинг фикрига кўра, қонун чиқарувчиларнинг дарҳол муносабат билдиришларини талаб этади.
Ҳисобот даврида депутатларнинг омилкорлиги ошганлиги кўзга ташланди, улар ўзларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқларини фаоллик билан рўёбга чиқардилар. Бу ҳам муайян иш тажрибаси пайдо бўлганлигининг, ҳам қонун ижодкорлиги техникасига ўқитиш ҳамда компьютер саводхонлигини ошириш юзасидан палатада доимий асосда ўтказилаётган ўқув машғулотлари ва семинар-тренинглар натижаси бўлди.
Чунончи, депутатлар А. Саидов, М. Йўлдошев, Ҳ. Каримов, Б. Дадабоев, З. Убайдуллаев томонидан «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун киритилди. Қонун қабул қилинди ва кучга кирди.
Депутатлар М. Маҳаметова ва Ф. Комилов «Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 49-моддасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритдилар. Қонун палата томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди. Депутатлар О. Ахунова, А. Тўхташев ва А. Шукуров «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини, депутатлар А. Жумаев, А. Турсунов, А. Тўхташев ва Л. Ғуломов эса «Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари бошлиқларини тайинлаш ва чақириб олиш тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳасини киритдилар. Иккала қонун лойиҳаси палата томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.
Депутатлар, сиёсий партиялар фракцияларининг қонун ижодкорлиги ишидаги қизғин фаолияти палата томонидан қабул қилинаётган қонунлар сифатига ва умуман, депутатлар фаолиятининг самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатди.
Ишчи гуруҳлари таркибида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарлари, тегишли ихтисосликдаги мутахассислар, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик эксперт гуруҳлари аъзоларининг иштирок этганлиги ҳам қонун лойиҳалари устида олиб борилган ишларнинг сифати ошишига кўмаклашди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2006 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ 103 та қонун лойиҳасини кўриб чиқиш режалаштирилган эди, шу жумладан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан 19 та қонун лойиҳаси режалаштирилган (18 та қабул қилинган), Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси — 19 та (16 та), Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси — 11 та (4 та), Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси — 9 та (2 та), Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси — 12 та (18 та), Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси — 12 та (9 та), Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси – 2 та (қабул қилинмади), Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси — 4 та (2 та), Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси — 5 та (1 та), Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси — 10 та (2 та). Бундан ташқари, 15 дан зиёд қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Палата мажлисларида билдирилган мулоҳазалар ва таклифлар ҳисобга олинган ҳолда мазкур қонун лойиҳалари борасидаги ишлар давом эттирилиб, тегишли қўмиталар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишларда киритиш учун тайёрланмоқда.
Умуман олганда, 70 дан зиёд қонун қабул қилинди ва улар маъқуллаш учун Сенатга юборилди.
Қонун ижодкорлиги фаолиятини таҳлил этган ҳолда шуни таъкидлаш керакки, режалаштирилган қонун лойиҳаларининг бир қисми улар қонунчилик ташаббуси субъектларидан етиб келмаганлиги туфайли кўриб чиқилмади. Бу, шунингдек палата қўмиталари ишининг тегишли идоралар билан мувофиқлаштирилмаганлиги натижасидир. Хусусан, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан 2 та қонун лойиҳасини («Давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш тўғрисида»ги ва «Тупроқ унумдорлиги тўғрисида»ги) киритиш режалаштирилган эди, лекин улардан ҳеч бири Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун тайёрлангани йўқ.
«Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги, «Электр энергетикаси тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги айрим қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан 2007 йилга кўчирилди.
Қонунчилик палатаси мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонунларни ҳам қабул қилди. «Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун шулар жумласидан бўлиб, у банкларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек автоматлаштирилган банк тизимидаги ахборотни рухсатсиз фойдаланишдан, нусха олишдан ва тизимга аралашувнинг бошқа шаклларидан муҳофаза қилиш мақсадларига қаратилган.
«Истеъмол кредити тўғрисида»ги Қонун аҳолига салмоқли молиявий ёрдам кўрсатиш учун ҳуқуқий асос яратади ва мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг ўзлари ишлаб чиқарадиган товарларни реализация қилиш имкониятларини кенгайтиради.
«Микромолиялаштириш тўғрисида»ги ва «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг молиявий маблағлар ҳамда хизматлардан фойдаланишини кенгайтиришга, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишга, микромолиявий хизматлар бозорини ва тадбиркорликни ривожлантиришга, микрокредит ташкилотлари фаолиятини ташкил этишга, шунингдек мазкур масалаларга доир ягона ҳуқуқий базани шакллантиришга қаратилган.
«Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонун солиқ маслаҳати соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади, мустақил молия назорати тизимининг амалга оширилиши ва ишлаши билан боғлиқ муносабатларни йўлга қўяди. Қонун мулкдор ва давлатнинг мулкий манфаатлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишига кўмаклашади, бу уларнинг ривожланишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора бўлади.
«Ипотека тўғрисида»ги Қонун уй-жой қурилиши соҳасида, айниқса қишлоқдаги уй-жой қурилиши соҳасида бозор муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим ҳуқуқий механизмига айланиши керак. Қонун мажбуриятларни таъминлаш усули сифатида кўчмас мулк гарови қўлланганда, шу жумладан уй-жой қурилишини ипотека кредитлашида юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга йўналтирилган.
«Фирма номлари тўғрисида»ги Қонун фирма номига бўлган ҳуқуқларнинг суд томонидан ҳимоя қилинишини кафолатлайди. У фирма номларини муҳофаза ва ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек инсофсиз рақобатнинг олдини олиш учун ишончли ҳуқуқий база яратилишини таъминлайди.
«Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун хавфли ишлаб чиқариш объектларида хавфсизликни ҳамда улардан фойдаланувчи ташкилотларнинг авариялар оқибатларини бартараф этиш ва тугатишга шайлигини таъминлашга кўмаклашади. Қонунда хавфли ишлаб чиқариш объектини ташкил этиш ва унинг фаолиятининг барча босқичларидаги, уни лойиҳалаштиришдан тортиб, то объектни фойдаланишдан чиқаришга қадар бўлган барча босқичлардаги саноат хавфсизлиги талаблари белгилаб қўйилмоқда.
«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонун адабиёт ва санъат асарлари, халқ ижодиёти асарлари, эфир ва кабель орқали кўрсатув ёки эшиттиришлар дастурлари яратиш, ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар ҳамда кўрсатув ёки эшиттириш берувчи ташкилотларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муаллифлик ҳуқуқларини муҳофаза қилиш самарадорлигини жиддий равишда оширади. Қонунга халқаро конвенцияларнинг юқорида кўрсатиб ўтилган масалаларга доир бир қатор қоидалари киритилганлиги мамлакатимизнинг халқаро ахборот майдонига кенг уйғунлашуви учун шарт-шароит яратади. Мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини амалга оширишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган ишлар олиб борилди. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш, интеллектуал мулкни муҳофаза этишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган «Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Мадрид битимини (Мадрид, 1891 йил 14 апрель) денонсация қилиш ҳақида»ги ва «Ўзбекистон Республикасининг Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Мадрид битимига доир Баённомага (Мадрид, 1989 йил 27 июнь) қўшилиши ҳақида»ги қонунлар ана шу мақсадларга хизмат қилади. Улар мамлакатимизнинг интеллектуал мулкни муҳофаза қилишнинг халқаро тизимига янада уйғунлашувига, миллий қонун ҳужжатларимизнинг ҳозирги умум қабул қилинган нормалар ва стандартларга, шу жумладан Умумжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти талабларига мувофиқлигини таъминлашга ёрдамлашади, бу эса мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтириш имконини беради.
Ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бошқа мамлакатлар билан сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ўзаро фойдали муносабатларни кенгайтириш имкониятини берадиган жами 6 та баённома, 4 та шартнома, 2 та битим, 2 та конвенция ва 4 та тузатувчи ҳужжатни ратификация қилди.
«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонун ҳам доимий фаолият кўрсатувчи, ҳам муваққат ҳакамлик судлари ташкил этилишини назарда тутади. Низолашаётган тарафларнинг ҳакамлик судьяларини тадбиркорликнинг аниқ бир соҳасига ихтисослашган шахслар орасидан танлаб олиш имконияти, низони ҳал қилишнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва тезкорлиги, чиқимларнинг оз бўлиши, ҳакамлик муҳокамасига тааллуқли ахборотнинг махфийлиги ва бошқа шу каби қоидалар қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилаётган низоларни ҳал қилиш тизимидаги афзалликлар жумласига киради. Ҳакамлик судларининг ташкил этилиши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат ва жамият қурилишининг устувор йўналишларини амалга ошириш, «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» деган принципни рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
Мазкур принципнинг изчил рўёбга чиқарилиши сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг энг муҳим давлат масалаларини ҳал этишдаги тутган ўрни ва таъсирини кучайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилишни тақозо этди. Қўйилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири ва «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонун оммавий ахборот воситаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолияти соҳасида вужудга келадиган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни янада такомиллаштиришга, шунингдек жамият ҳаётини демократлаштириш ва эркинлаштириш шароитида Ўзбекистон аҳолисининг ахборотга бўлган эҳтиёжларини янада тўлароқ қондиришга қаратилган. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатларини белгилайди, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, ижтимоий шерикликни кенгайтиради ва бу ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини такомиллаштиради.
Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига киритиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун лойиҳаларини тайёрлашга доир фаолиятини, фуқаролар ва нодавлат ташкилотларнинг давлат органлари билан қонун лойиҳаларини тайёрлаш чоғидаги ўзаро муносабатларини тартибга солиш мақсадида «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар сони ҳисобот даврида анча кўпайди, бу мамлакат тараққиёти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг илгари қабул қилинган қонунларни такомиллаштириш заруриятини келтириб чиқарган янги босқичидан далолат беради. Уларнинг орасида «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам бор. У шаҳарсозлик соҳасини, энг аввало, шаҳарлар, шаҳарчалар ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек шаҳарсозликка доир ҳужжатларни тайёрлаш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, шаҳарсозлик фаолиятини молиялаштириш манбалари рўйхатини кенгайтиради.
«Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Уй-жой кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда «Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулк таркибини аниқлаштиради, уй-жой фондини бошқариш, сақлаш ва таъмирлаш, ушбу соҳадаги ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ қоидаларни қайта кўриб чиқади, шунингдек умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш хусусиятларини белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига янги ҳуқуқий нормалар киритилди. Улар порнографик маҳсулотни ва миллий, ирқий, диний адоватни тарғиб қиладиган материалларни тайёрлаганлик, тарқатганлик ҳамда сақлаганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиради, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига экстремистик диний адабиётлар олиб киришнинг олдини олади. Қонун мамлакат ахборот майдонини, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг маънавияти, ахлоқини ҳимоя қилишга кўмаклашади.
«Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 8, 71-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнига катта таъсир кўрсатади. Ушбу Қонунга мувофиқ микрофирмалар ва кичик корхоналарга ягона солиқ тўлови тўлашни назарда тутадиган солиқ солиш тизимига ўтиш ҳуқуқи берилади.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун тижорат банкларига янгитдан ташкил этилган «Микрокредитбанк»нинг устав капиталида иштирок этиш учун шароит яратади, бу эса пировардида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдамлашади.
Автомототранспорт воситаларини олиш, рўйхатдан ўтказиш, улардан фойдаланиш, уларни ижарага ва бошқа шахсларга бериш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқарганлик учун жавобгарлигини кучайтириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва «Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилинди.
«Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Қонун автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хизматлар кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган транспорт воситасини бошқариш пайтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланишини тақиқлашни назарда тутувчи қўшимчалар ҳам йўлларда аварияларнинг камайишига олиб келади.
«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун иш билан банд бўлмаган аҳолини ишлаб чиқариш фаолиятига кенг жалб этиш, касаначилик меҳнатидан фойдаланиш ҳисобига оилаларнинг даромадларини кўпайтириш, фуқароларнинг меҳнат ва бунёдкорлик фаоллигини ошириш учун ҳуқуқий шароитлар яратади. Қонун имтиёз ва преференциялар бериш орқали кўплаб корхоналарни касаначилардан иборат кооперацияларни ривожлантиришга жалб этиш, турар жой биноларидан касаначилик меҳнатини амалга ошириш учун фойдаланиш борасидаги тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашади.
«Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ва уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун амалдаги ўнта қонун ҳужжатига тегишли тузатишлар киритади. Бу нормалар шундай жиноятларга қарши курашни кучайтиришнинг ҳуқуқий негизини анча кенгайтиради.
«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун мамлакатимизга кириш ва ундан чиқиб кетиш тартиби, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида бўлиш қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилгандир.
«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Қонун мавжуд амалиётни гаров тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан мувофиқлаштиришга қаратилган. Ушбу Қонунга мувофиқ кўчмас мулк гарови тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш чоғида давлат божи эмас, балки тегишли ҳақ олинади. Шу муносабат билан давлат божи тўлашдан озод қилишга доир нормалар «Давлат божи тўғрисида»ги Қонундан чиқариб ташланди.
«Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун мамлакат мудофаа қобилиятини таъминлаш, ҳарбий ва муқобил хизматни, шунингдек резервдаги хизматни ўташ масалаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда ҳукуматининг ваколатлари чегараларини белгилайди.
Депутатлар йил давомида Давлат бюджети ижросини кўриб бордилар, мамлакатнинг 2007 йилги асосий молиявий ҳужжатини, аввал бўлганидек, унинг ижтимоий йўналтирилганлигига асосий эътиборни қаратган ҳолда батафсил муҳокама қилдилар ва тасдиқладилар. Бунинг натижасида иқтисодий ислоҳотлар ва бюджет-солиқ сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобга олинган ҳолда тайёрланган Давлат бюджети ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларни янада ривожлантиришни таъминлаш имкониятини беради. Унда хусусий сектор ва кичик бизнесни ривожлантириш, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлаш, маҳсулот экспортини рағбатлантириш, инвестициялардан, хом ашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек аҳолининг моддий фаровонлигини юксалтириш учун молиялаштириш ва тегишли имтиёзлар бериш назарда тутилган. Давлат бюджетида янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлаш, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган бир қатор солиқлар бўйича ставкаларни пасайтириш, таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришга йўналтириладиган давлат харажатлари улушининг ўсиши назарда тутилган.
Назорат-таҳлил ишлари режаларига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари қонунлар, конвенциялар, миллий дастурлар ижросини назорат қилиш тартибида 40 дан зиёд масалани кўриб чиқди. Назорат-таҳлил фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатимизнинг барча вилоятлари, Тошкент шаҳри, шунингдек бир қатор вазирликлар, идоралар, давлат компаниялари ва миллий компанияларда амалга оширилди. Масалан, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг Бухоро вилоятида, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурининг Фарғона вилоятида, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуннинг Навоий вилоятида, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси «Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги БМТ Конвенциясининг Қорақалпоғистон Республикасида, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси томонидан, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг Сурхондарё вилоятида, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг Қорақалпоғистон Республикасида, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт 22-моддаси 1-бандининг (...ассоциациялар тузиш, жумладан касаба уюшмалари ташкил этиш эркинлиги ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун шундай уюшмаларга кириш ҳуқуқи ҳақидаги) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси «Алоқа тўғрисида»ги Қонуннинг «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан ижро этилишини ўргандилар.
Шуни қайд этиш керакки, қонунлар ижроси ўрганилганда манфаатдор вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар қонунлар ва норматив ҳужжатларни ўз қуйи тузилмаларига етказмаганлиги ҳолатлари аниқланди. Масалан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг Бухоро вилоятида ижро этилиши ўрганилганда вилоятда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномалар бериш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш муддатлари бузилиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ортиқча ҳужжатлар ва йиғимлар талаб қилиниши аниқланди.
Ўрганиш натижалари қўмиталар мажлисларида марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари, ташкилотлар раҳбарлари, бошқа манфаатдор шахслар иштирокида таҳлил этилди ҳамда муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ижроси назоратга олинди, муҳокама натижалари оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда эълон қилиб борилди.
Умуман олганда, қўмиталарнинг ҳисобот давридаги назорат-таҳлил фаолияти якунларининг таҳлилига кўра шуни таъкидлаш жоизки, қонунларнинг жойлардаги ижросини текшириш пайтида депутатлар ҳамда текширишларга жалб этилган мутахассислар аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатдилар. Қонунларнинг моҳиятини тушунтириш бўйича талай ишлар амалга оширилди. Қонунларни такомиллаштириш ҳамда уларнинг ижро механизми масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ишчи гуруҳлари таркибида тажрибали мутахассислар, экспертларнинг иштирок этганлиги амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан асосли таклифлар тайёрлаш имкониятини берди.
Текширишлар якунларини тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирокида қўмиталарнинг сайёр мажлисларида, ҳокимликлардаги кенгашларда кўриб чиқиш амалиёти таркиб топди. Бу раҳбар ходимларнинг амалдаги норматив ҳужжатларга оғишмай риоя этиш борасидаги масъулияти юқори даражада бўлишини таъминлаш имкониятини берди ва аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалишига кўмаклашди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини муҳокама қилдилар ва тасдиқладилар.
Сиёсий партияларнинг 2005 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ палата томонидан кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2005 йил 12-13 май кунлари Андижон шаҳрида рўй берган воқеаларни текшириш бўйича мустақил комиссияси ишининг якунлари тўғрисидаги ҳисоботни эшитди ва тасдиқлади. Андижон шаҳрида амалга оширилган, алоҳида олинган минтақада ҳокимиятни қўлга киритиш ва мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга, мавжуд конституциявий тузумни ўзгартириш ҳамда ислом давлатини тузишга қаратилган террорчилик ҳаракатларининг режалаштирилган ва мувофиқлаштирилган хусусиятга эга бўлганлигини кўрсатган ҳолда, Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг ўз вақтида, вазминлик ва изчиллик билан қилган ҳаракатлари туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан террорчиларнинг Конституцияга зид хатти-ҳаракатларига барҳам бериш юзасидан қонуний чоралар кўрилганлигини таъкидлади.
Палатанинг мажлисларида Тожикистон алюминий заводи салбий таъсир кўрсатаётган минтақадаги экологик вазият ҳақидаги масалани ўрганиш бўйича Қонунчилик палатаси комиссияси ишининг бориши тўғрисидаги ахбороти эшитилди. Комиссия фаолияти давом эттирилмоқда.
Ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг халқаро алоқалари янада ривожланди, парламент делегацияларини алмашиш кенгайди. Ҳисобот даври мобайнида палатада 50 дан зиёд делегация, шу жумладан 19 та парламент делегацияси қабул қилинди:
Финляндия Республикасининг Парламент Ташқи ишлар қўмитаси раиси Лийса Яконсаари хоним бошчилигидаги делегацияси;
Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думасининг Раиси Б. Гризлов;
Германия-Марказий Осиё парламент гуруҳининг раиси Хеди Вегенер хоним;
Россия Федерациясининг Давлат Думаси МДҲ ишлари ва ватандошлар билан алоқалар қўмитаси раиси А. Кокошин бошчилигидаги делегацияси;
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг (Парламентининг) Бирлашиш, ташқи ишлар ва савдо қўмитаси раиси жаноб Лим Чё Жонг;
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг молиявий ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси жаноб Пак Жонг Кин бошчилигидаги Корея Республикаси делегацияси;
Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг Раиси С. Миронов;
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг қурилиш ва транспорт бўйича қўмитаси раиси жаноб Хо Вун Ли бошчилигидаги Корея Республикаси делегацияси;
Малайзия Парламенти Вакиллар Палатасининг Спикери жаноб Тан Сри Дато Рамли бин Нгах Талиб;
Германия Федератив Республикасининг Тюрингия Ўлкаси парламенти раиси Дагмар Шипански хоним бошчилигидаги делегацияси;
Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Девони Бош котибининг ўринбосари жаноб Чон Ха Сон бошчилигидаги Корея Республикаси делегацияси;
Германия Бундестагининг Депортация қилинганлар, қочоқлар ва кўчиб келганлар ишлари бўйича ХДС/ХСС фракциясининг жаноб Й.К. Фромме бошчилигидаги делегацияси;
Афғонистон Парламенти Сенатининг Раиси жаноб Себгатулло Можаддеди;
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Бирлашиш, ташқи ишлар ва савдо қўмитаси аъзоси жаноб Чин Ёнг бошчилигидаги делегацияси;
Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Миллий сиёсат масалалари бўйича қўмитаси раиси жаноб Бёнг Сок Пак;
ГФР Бундестаги Раисининг ўринбосари доктор Херман Отто Зольмс;
Германия Федератив Республикасининг Инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ёрдам бўйича Бундестаг қўмитаси Раиси ўринбосари жаноб Х.Хайбах бошчилигидаги делегацияси;
Хитой Халқ Республикасининг Бутунхитой Халқ Вакиллари Мажлиси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси жаноб Цзян Эньчжу бошчилигидаги делегацияси;
Афғонистон Парламенти Қуйи палатасининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари жаноб Шокир Коргар (Афғонистон энергетика вазири бошчилигидаги делегация таркибида) шулар жумласидандир.
Парламентлараро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, парламент иши билан танишиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида ҳисобот даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 15 та делегацияси чет мамлакатларга ташриф буюрди.
Чунончи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегациясининг Миср Араб Республикасига расмий ташрифи бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси делегацияси, шунингдек Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар парламентлари раисларининг Москва шаҳридаги биринчи учрашувида иштирок этди. Учрашувда ҳамкорликнинг турли қирраларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, қонунчилик ва юридик ахборот соҳасида тажриба алмашиш, ШҲТга аъзо давлатларнинг қонун ҳужжатларини уйғунлаштиришда мазкур давлатлар парламентларининг роли муҳим эканлиги қайд этилди. Коллектив хавфсизликни таъминлаш, Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ривожланиши, террорчиликка қарши тадбирлар ўтказиш, гуманитар соҳада ҳамкорлик қилиш ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳамкорлигининг устувор йўналишлари эканлиги таъкидланди. Қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш ва ҳужжатларнинг ўз вақтида ратификация қилинишини таъминлаш учун маслаҳат органи тузиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикасининг Евросиё Иқтисодий Ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлигининг энг муҳим масалалари, шу жумладан Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга кириши билан боғлиқ (Евросиё Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ассамблея доимий комиссиялари сонини кўпайтириш ҳақидаги ва бошқа) масалалар Евросиё Парламентлараро Ассамблеясининг Минск шаҳрида (Беларусь Республикаси) бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз парламентининг ШҲТ ва Евросиё Иқтисодий Ҳамжамиятининг тегишли тузилмалари фаолиятида фаол иштирок этиши мамлакатимизнинг халқаро майдонда тутган ўрни ва обрўси ошишига кўмаклашади.
Қонунчилик палатаси вакиллари «Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш» ЕвропЭйд КЕС дастури лойиҳасини рўёбга чиқариш доирасида Россия, Австрия ва Португалия парламентлари фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йилда ўтказилган 180 дан зиёд конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларда қонунлар лойиҳалари концепциялари муҳокама қилинди, мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маданий соҳаларидаги ўзгаришларнинг назарий ҳамда амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Уларнинг бир қисми Ҳомийлар ва шифокорлар йилига бағишланди. Тадбирлар, қоида тариқасида, вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг, турли ноҳукумат ташкилотларнинг вакиллари, мамлакатимиз ва хориждаги етакчи олимлар, тегишли ихтисосликдаги экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилди. Мазкур тадбирларда ишлаб чиқилган ҳамда жойларга йўлланган тавсиялар фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданияти муайян даражада ўсишига кўмаклашди.
Масалан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳуқуқшунос олимлар, олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари иштирокида «Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш: тажриба ва муаммолар» мавзуида конференция ўтказди. Ҳомийлар ва шифокорлар йили муносабати билан Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш: ютуқлар ва муаммолар» мавзуида илмий-амалий конференция, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси «Ҳомийлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари» мавзуида республика илмий-амалий конференцияси, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси эса «Саховатлилик ўзбек халқининг олийжаноблик ва инсонийлик фазилатидир» мавзуида давра суҳбати ўтказди. Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси «Жанубий Оролбўйи минтақасида биологик хилма-хилликни сақлаб қолишнинг долзарб муаммолари» мавзуида илмий-амалий конференция, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси «Жамиятни ахборотлаштиришнинг долзарб муаммолари ва истиқболлари» мавзуида илмий-амалий конференция, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси «Солиқ маслаҳатини ташкил этиш ва ривожлантириш масалалари» мавзуида семинар, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси «Терроризмга қарши курашиш — ҳозирги даврнинг долзарб масаласи» мавзуида илмий-амалий семинар, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси «Парламент фаолиятини ривожлантириш ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари» мавзуида халқаро семинар, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси «Коммунал соҳада бозор муносабатларини шакллантиришдаги муаммолар ва бу борада қонунчиликни такомиллаштириш йўллари» мавзуида давра суҳбати ўтказдилар ва ҳоказо.
Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш зарурати фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини сезиларли даражада оширишни, давлат қурилишини демократлаштиришнинг ва ижтимоий тараққиётнинг бугунги воқеликлари ҳамда талабларини ҳисобга олган ҳолда сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги роли ҳамда ўрнини кучайтиришга қаратилган янги қарорлар қабул қилишни, инсон манфаатлари, одамларнинг хоҳиш-иродаси ҳамда фикрларини тўлароқ инобатга олишни тақозо этмоқда. Шу мақсадда мамлакатимиз Конституциясининг 83-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига) тузатишлар киритиш тўғрисида»ги, шунингдек «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларини киритди.
Қонунчилик палатаси мазкур қонунлар лойиҳаларини сиёсий партияларнинг депутатлар фракциялари ва палата қўмиталари томонидан муҳокама қилиш ҳамда тушунтириш ишлари олиб боришга доир тадбирлар режасини тасдиқлади. Режага мувофиқ сайловчилар билан учрашувлар, конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, фракциялар ва қўмиталар мажлислари ўтказилди, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишлари олиб борилди. Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Ҳисобот йилида «Парламентнинг қонунчилик ва институционал салоҳиятини такомиллаштириш» лойиҳаси ходимлари депутатларга ишда муайян ёрдам ва кўмак бердилар. Жумладан, улар томонидан депутатлар учун алоҳида компьютерлар ўрнатилиб, компьютер тармоғи техник жиҳатдан модернизация қилинди, депутатлар ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ўқитилди. Депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ҳисобот даврида лойиҳа томонидан чет эллик экспертлар иштирокида конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Чунончи, лойиҳа томонидан 2006 йил август ойида Қонунчилик палатаси депутатлари ва Девони ходимларининг касбий малакаларини такомиллаштириш бўйича тўрт кунлик семинар-тренинг ташкил этилди.
Ўтган йили фуқароларнинг хатлари, аризалари ва мурожаатлари билан ишлашга катта эътибор қаратилиб, бу иш «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилди. 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига 3557 та ёзма мурожаат, шу жумладан салкам 600 та такрорий мурожаат тушди. Ёзма мурожаатлар сони 2005 йилдагига нисбатан кўпайди.
Кўпгина шикоятлар ва аризаларда фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, коммунал хизматлар кўрсатиш корхоналари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан (жорий ва капитал таъмирлаш ўтказилмаслиги, квартираларда иссиқ ва совуқ сувнинг йўқлиги, газ ва электр энергиясини етказиб беришда узилишлар мавжудлиги ва бошқа шу кабилар ҳақидаги) норозилиги ифода этилган. Турли даражадаги судларнинг ҳукмлари ва ҳал қилув қарорларидан норозилик баён этилган хатлар келиши давом этмоқда. Хатларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидан тушди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ваколатига тааллуқли мурожаатлар палата раҳбарияти томонидан ва қўмиталарда кўриб борилди. Депутатлар фуқароларни Қонунчилик палатасида ҳам, сайлов округларида ҳам қабул қилдилар. Фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти тегишли ҳокимликлар, судлар, прокуратура органлари, вазирликлар, идоралар, бошқа мутасадди органларга кўриб чиқиш учун юборилди. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш Қонунчилик палатаси раҳбарияти, депутатлари ва Девонининг доимий назорати остида бўлди.
Ҳисобот йилида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Кенгаши 24 та мажлис ўтказди. Уларда палата фаолиятини самарали ташкил этиш, қўмиталар ишини мувофиқлаштириш масалалари кўрилди, Қонунчилик палатасининг иш режалари ва мажлисларининг кун тартиблари шакллантирилди, қонун лойиҳалари муҳокама қилинди ва ҳоказо. Кенгаш қўмиталарнинг пухта ҳамкорлик қилишини, қонун лойиҳалари ва палата ваколатига тааллуқли бошқа масалалар Қонунчилик палатаси муҳокамасига ўз вақтида киритилишини таъминлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ўзаро ҳамкорлик ҳаракатларини ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тўғрисидаги низом асосида Сенат билан амалга оширилаётган пухта ўзаро ҳамкорликни таъминлашга доир ишлар ҳисобот даврида давом эттирилди.
Қонунчилик палатасининг ҳисобот йилидаги фаолияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилди. Бунда сиёсий партиялар фракциялари, палата қўмиталари ва Девонининг қизғин фаолияти катта ёрдам берди. Қонунчилик палатасининг 2006 йилдаги иши тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали бериб борилган мақолалар, чиқишлар ва интервьюларнинг умумий сони 2100 дан зиёдни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг устувор йўналишлари, мақсадли вазифалари ҳисобга олинган ҳолда 2005 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган қонунчилик фаолияти дастурини бажаришга доир ишлар мамлакат ва жамият олдида турган янги вазифалардан келиб чиқиб, 2007 йилда давом эттирилади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 1-сон, 16-модда)