Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг
Қарори
Терговга қадар текширувни амалга оширишда ва жиноятларни тергов қилиш давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш, хатлаш, сақлаш ҳамда топшириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 25 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3591]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 ноябрдаги ПҚ-381-сон «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги қарор қилади:
1. Терговга қадар текширувни амалга оширишда ва жиноятларни тергов қилиш давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш, хатлаш, сақлаш ҳамда топшириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Миллий гвардия билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 20 декабрь,
44-сон
Бош прокурори Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 19 декабрь,
14-сон
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2024 йил 18 декабрь,
14-сон
Келишилди:
Иқтисодиёт ва молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2024 йил 14 декабрь,
ДХХ раиси Б. КУРБАНОВ
2024 йил 14 декабрь,
Миллий гвардия қўмондони Р. ДЖУРАЕВ
2024 йил 9 декабрь,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2024 йил 20 декабрдаги 44-сон, Бош прокуратуранинг 2024 йил 19 декабрдаги 14-сон ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг 2024 йил 18 декабрдаги 14-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Терговга қадар текширувни амалга оширишда ва жиноятларни тергов қилиш давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш, хатлаш, сақлаш ҳамда топшириш тартиби тўғрисидаги
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома терговга қадар текширувни амалга оширишда ва жиноятларни тергов қилиш давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш, хатлаш, сақлаш ҳамда топшириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
крипто-актив — маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндисини ифодалайдиган, қиймати ва эгасига эга бўлган мулкий ҳуқуқ (масалан, «Bitcоin», «Ethereum» ва бошқалар);
маълумотларнинг тақсимланган реестри — маълумотларни ихтисослаштирилган блокларда тақсимловчи технология бўлиб, бунда ҳар бир янги блок олдинги блок билан криптографик имзо орқали боғланади (блокчейн);
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари (бундан буён матнда хизматлар провайдерлари деб юритилади) — жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш, айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматларни кўрсатувчи Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган юридик шахслар;
крипто-биржа — крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш учун электрон платформани тақдим этувчи ташкилот;
крипто-ҳамён — крипто-активларни сақлаш ва бошқариш учун мўлжалланган дастурий ёки дастурий-техник восита;
крипто-ҳамён калити — крипто-ҳамёнга кириш ва эгалик қилиш имконини берувчи махсус код (пароль);
крипто-ҳамён манзили — маълумотларнинг тақсимланган реестридаги крипто-активларни бир крипто-ҳамёндан бошқасига юбориш ва қабул қилиш бўйича операцияларни амалга ошириш учун ишлатиладиган рақамлар, ҳарфлар ва белгилардан ташкил топган ноёб комбинация;
крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар — крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш ва майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширишга оид ҳуқуқбузарликлар;
ахборот ташувчи қурилмалар — ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва уни тарқатиш учун фойдаланиладиган қурилмалар;
майнинг — ҳисоблаш операцияларини амалга ошириш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини сақлаш, блокларни яратиш ва уларнинг яхлитлигини тасдиқлаш фаолияти;
SEED ибора — крипто-ҳамён калитини ўзгартириш ёки қайта тиклаш учун қўлланиладиган ҳарф ва рақамлар йиғиндиси.
2. Крипто-активлар терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида хатлаш, мусодара қилиш, етказилган зарарни қоплаш учун олиб қўйилиши ҳамда далил сифатида эътироф этилиши мумкин.
3. Крипто-активлар билан боғлиқ терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини ўтказиш крипто-активлар билан ишлаш кўникмаларига эга бўлган мутахассислар иштирокида амалга оширилиши шарт.
2-боб. Крипто-активлар айланмасига оид маълумотларни аниқлаш
4. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Йўриқномага мувофиқ аниқланади.
5. Қуйидаги маълумотлар крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ахборот манбалари бўлиши мумкин:
шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарлар;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органининг маълумотлари;
хизматлар провайдерлари ва майнерлар томонидан тақдим этилган маълумотлар;
назорат қилувчи (лицензияловчи) органларнинг маълумотлари;
очиқ ахборот манбаларидан олинган маълумотлар;
крипто-ҳамёнлар бўйича маълумотларнинг тақсимланган реестрини таҳлил қилиш натижалари ва бошқалар.
6. Терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар ва далиллар қуйидагиларда аниқланиши мумкин:
ахборот ташувчи қурилмалар;
крипто-ҳамёнлар (масалан, «Ledger», «Trezor», «KeepKey», «Coldcard», «Bitlox», «Blochstech» ва бошқалар);
қоғоз, блокнот ёки бошқа нарса ва буюмларда қайд этилган қўлёзма ва ёзувлар.
Мазкур нарса ва буюмлар олиб қўйилаётганда мутахассис иштирокида кўздан кечирилади ҳамда ашёвий, ёзма ёки рақамли далил сифатида эътироф этилиши мумкин.
7. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни аниқлаш билан бир қаторда қуйидаги ҳаракатлар амалга оширилади:
ахборот ташувчи қурилмаларнинг хотирасини кўздан кечириш;
крипто-ҳамён манзили бўйича маълумотларнинг тақсимланган реестрини таҳлил қилиш;
суд-компьютер-техникавий экспертизасини тайинлаш;
қонунчиликда белгиланган тартибда хизматлар провайдерларига тегишли сўровларни юбориш;
банк сири билан боғлиқ маълумотларни олиш бўйича сўровлар юбориш.
8. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензия ва рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг расмий веб-сайтидаги лицензиялар реестри ёки Агентликка сўров юбориш орқали аниқланади.
9. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан ахборот ташувчи қурилмалар хотирасини кўздан кечиришда қуйидагиларга:
крипто-ҳамёнлар, уларнинг манзили ва калити ҳамда SEED иборага тааллуқли маълумотлар, логинлар ва паролларга;
веб-браузерга кириш ва у орқали қидириш тарихи, жумладан крипто-активлар билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи ёки улар билан боғлиқ бошқа веб-сайтларга кирилганлиги тарихи ва логин маълумотларига;
IР-манзилларга;
крипто-активларни масофадан сақлаш хизматлари (cloud) ва бошқа сақлаш усулларидан фойдаланилганлиги ҳақидаги маълумотларга;
ахборот ташувчи қурилмаларга крипто-ҳамёнларга тааллуқли дастурий маҳсулотлар ўрнатилганлиги ва улардан фойдаланилганлиги ҳақидаги маълумотларга;
крипто-активлар ва крипто-ҳамёнлар ҳақидаги ахборотлар бўлган файллар ҳамда фотосуратлар, аудио-, видеоёзувларнинг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилади.
10. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан майнинг билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлашда электр тармоқларига уланиш ва ундан фойдаланиш ҳолатлари ўрганиб чиқилиши ҳамда ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.
11. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан крипто-активлар айланмасининг қонунчиликка зид равишда амалга оширилган ҳар бир ҳолатига ҳуқуқий баҳо берилиши керак.
3-боб. Крипто-активларни олиб қўйиш ва хатлаш
12. Терговга қадар текширувни амалга ошириш давомида аниқланган крипто-активлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 329-моддасига мувофиқ шахсий тинтув, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришда олиб қўйилиши мумкин.
13. Шахслар ўз тасарруфида бўлган крипто-активлар ва улар билан боғлиқ маълумотларни терговга кадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органига ўз ташаббуси билан тақдим этишга ҳақли.
14. Крипто-активларни хатлаш мақсадида крипто-ҳамёнга кириш учун крипто-ҳамёнга тааллуқли маълумотлар (масалан, биометрик маълумотлар, логин, пароль, манзил ва бошқалар) ва қайта тиклаш коди (масалан, SEED ибора ёки шахсий калит) аниқланади ҳамда идентификация қилинади.
15. Ахборотнинг бут сақланишини таъминлаш, унинг ўзгартирилиши ва йўқ қилинишининг олдини олиш мақсадида:
компьютер ва ахборот ташувчи қурилмаларни интернет тармоғидан узиш (жумладан, сим-картасини олиб қўйиш) ҳамда ахборот ташувчи қурилмани «парвоз режими»га ўтказиш;
крипто-активлар айланмасига оид маълумот мавжуд бўлган ахборот ташувчи қурилмаларни кўздан кечириш ва олиб қўйиш мутахассисларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ амалга оширилади.
16. Крипто-активларни олиб қўйиш ва хатлаш уларни суриштирув ҳамда дастлабки тергов органларининг крипто-ҳамён манзилига ўтказиш орқали амалга оширилади. Мазкур жараён қайд этилган фотосуратлар, аудио-, видеоёзувлар баённомага қўшиб қўйилади.
17. Крипто-активларни хатлашда уларнинг қиймати санаси ва вақтини кўрсатган ҳолда миллий валютада (чет эл валютасида) Ўзбекистон Республикасида лицензияга эга бўлган хизматлар провайдерларидаги котировкалар, хизматлар провайдерларининг листингига киритилмаган крипто-активлар бўйича эса крипто-активлар билан боғлиқ хизмат кўрсатувчи бошқа провайдерларнинг платформаларидаги нархларга мувофиқ қайд қилинади.
4-боб. Крипто-активларни сақлаш ва топшириш
18. Хатланган крипто-активларни сақлаш учун суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан Ўзбекистон Республикасида лицензияга эга бўлган хизматлар провайдерларида крипто-ҳамёнлар очилади.
Ҳар бир суриштирув ва дастлабки тергов органи крипто-активлар, крипто-ҳамён манзиллари ёки қурилмаларнинг хавфсизлигини таъминлайди. Бунда, ҳар бир орган учун фақат битта крипто-ҳамён манзили ёки қурилмаси олинади.
19. Крипто-ҳамён манзиллари ёки қурилмаларида сақланиши кўзда тутилган крипто-активларнинг конфиденциаллигини таъминлаш, уларни бошқа ташкилотларга ва таркибий бўлинмаларига тақдим этиш, шунингдек дастлабки тергов давомида ишлатиш жараёнида қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назорат суриштирув ва дастлабки тергов органи бошлиғи зиммасига юклатилади.
20. Хатланган крипто-активлар тегишли қарор қабул қилингунига қадар крипто-ҳамёнларда ёки қурилмаларда сақланади.
21. Крипто-активларни ўз эгаларига қайтариш ва мусодара қилиш терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суднинг қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ амалга оширилади.
22. Давлат даромадига ўтказилган крипто-активларни реализация қилиш крипто-активларни Ўзбекистон Республикасида лицензияга эга бўлган хизматлар провайдерлари орқали сотиш йўли билан амалга оширилади.
5-боб. Якуний қоидалар
23. Олиб қўйилган, хатланган ва далил сифатида эътироф этилган крипто-активларнинг ҳисоби суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан юритилади.
24. Ушбу Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 10/24/3591/1082-сон)