Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) таъкидлайдики, Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги иши парламент фаолиятини тартибга солувчи Конституциявий қонунлар, мамлакатимиз Президентининг қатор дастурий маърузалари, фармонлари ва қарорлари, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури асосида ташкил этилди.
Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасининг фаолияти мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан янада ривожлантириш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, парламент назоратини амалга ошириш, депутатларнинг сайлов округларидаги ишларини ташкил этиш, мурожаатлар билан ишлаш, халқаро парламентлараро алоқаларини ривожлантириш йўналишларидаги ишлари янгича мазмун-моҳият касб этиб, палата фаолиятига сифат жиҳатидан янги шакл ва усуллар жорий қилинди.
Жумладан, қонун лойиҳаларини қўмиталар ва сиёсий партиялар фракцияларида вазирликлар ва идоралар вакиллари иштирокида муҳокама қилишга устувор аҳамият қаратилди. Фракцияларнинг қонун лойиҳалари бўйича фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиш, ҳар томонлама муҳокама қилиш тартиби қатъий белгилаб қўйилди.
Ўтган даврда мамлакатимизни тараққий эттиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган 96 та қонун қабул қилиниб, маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилди. Хусусан, меҳнат ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Шаҳарсозлик кодекслари, ердан самарали фойдаланиш бўйича «Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, хавфсизлик соҳасида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги, «Транспорт тўғрисида»ги, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қатор қонунлар қабул қилинди.
Сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар ҳамда фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, депутатлар ташаббуси билан 12 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан парламентга қатор янги ваколатлар берилди. Бу ваколатлар ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан назоратни амалга оширишда, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилашда депутатлар корпусининг иштирокини сезиларли даражада оширди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботлари ҳар чоракда атрофлича кўриб чиқилди. Бу Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини янада ошириш, давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан назоратни кучайтириш билан бирга депутатларнинг ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган даврда Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларда белгиланган мажбуриятлари бажарилиши ҳамда халқаро йўналишда қабул қилинган «Йўл хариталари» ижроси устидан парламент назорати кучайтирилди.
БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботлари қўмиталарда 24 маротаба эшитилди.
Жойларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалалар, фуқаролар мурожаатларидаги муаммоларни ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг қонунчилик ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасидаги фаолияти устидан парламент назоратининг таъсирчанлиги оширилди.
Шундан келиб чиқиб, ҳисобот даврида Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан 23 маротаба ахбороти эшитилди, 7 маротаба «ҳукумат соати» ўтказилди ҳамда 16 та парламент сўрови ва 462 та депутат сўрови юборилди.
Депутатларнинг ҳар ой охирги ҳафтасида бевосита сайлов округларига чиқиши натижасида халқ вакиллари ўз сайловчиларининг эҳтиёжлари, муаммолари ва у ердаги вазият тўғрисида ахборот олишини таъминловчи барқарор механизм шаклланди.
Ўтган даврда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими янгича ташкил этилди. Мурожаатлар билан ишлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида мурожаатлар билан ишлаш тартиби тўғрисидаги қоидалар тубдан қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. Қонунчилик палатаси Девони таркибида алоҳида бўлинма — Мурожаатлар билан ишлаш ва фуқароларнинг қабулини ташкил қилиш сектори фаолияти йўлга қўйилди. Секторнинг кадрлар таркиби сон ва сифат жиҳатдан кучайтирилди.
Хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Олий Мажлиснинг фаол иштирокини таъминлаш ҳамда уларда Ўзбекистоннинг ташаббусларини илгари суриш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, Қонунчилик палатасининг 7 нафар депутати Парламентлараро Иттифоқ ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг тегишли қўмиталари ҳамда доимий комиссиялари аъзолигига сайланди.
Ўтган даврда 2 та хорижий давлат парламенти билан парламентлараро гуруҳлар ташкил этилиб, ҳозирда Олий Мажлисда жами 52 та хорижий давлат парламенти ҳамда Европа Иттифоқи парламенти билан парламентлараро гуруҳлар фаолият олиб бормоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Қонунчилик палатаси ўз фаолиятини ҳар қачонгидан очиқ ва ошкора олиб боришга алоҳида эътибор қаратди. Қонунчилик палатаси мажлисларини оммавий ахборот воситаларида жонли эфирга узатиш амалиёти йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили бу борада ҳали ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти сифатидаги ўз ваколатидан фойдаланиши етарли даражада сезилмаяпти. Электорат манфаатларидан келиб чиқиб фракциялар аъзолари томонидан алоҳида қонун лойиҳаларини киритиш ташаббуси билан чиқиш кузатилмади.
Қонунчилик палатаси мажлиси кун тартибига киритилган аксарият масалалар юзасидан фракциялар ҳанузгача ўзларининг қатъий фикрларини билдира олмаяпти.
Фракциялар ва қўмиталар парламент назорати шаклларидан ҳамма вақт ҳам бирдек самарали фойдаланилмаяпти. Шунингдек қўмиталар ва депутатлар парламент назорати натижалари бўйича «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасида берилган ваколатлардан тўлиқ фойдаланмаяпти.
Бугунги кунда парламент ва депутат сўрови институтларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш талаб этилмоқда. Ушбу сўровларнинг сони кўп бўлса-да, бироқ уларда кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиш самарадорлиги пастлигича қолмоқда.
Қўмиталар томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш чоғида, аксарият ҳолларда, мазкур тадбирларга экспертлар гуруҳлари етарли даражада жалб қилинмаяпти, бу жараёнларда экспертлар гуруҳларининг ўрни сезилмаяпти.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ қатор масалаларни, жойларда фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммоларни биргаликда кўриб чиқиш борасида қўмиталарнинг халқ депутатлари Кенгашлари билан ҳамкорлиги лозим даражада йўлга қўйилмаган.
Фуқаролар қабулини ташкил этиш, мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий шаклларидан фойдаланиш кўрсаткичи пастлигича қолмоқда. Мурожаатчиларнинг масалаларини жойларга чиқиб ўрганиш амалиётидан етарлича фойдаланилмаяпти.
Қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан мурожаатчилар томонидан берилган таклифларни қўмиталар мажлисларида муҳокама қилиш йўлга қўйилган бўлса-да, бироқ ушбу амалиёт тизимли равишда амалга оширилмаяпти.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин (илова қилинади).
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни, Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор дастурий маърузалари, фармонлари ва қарорлари ҳамда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастуридан келиб чиқиб, ташкил этилганлиги қайд этиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчиларни безовта қилаётган долзарб масалалар бўйича жамоатчилик билан олиб борилаётган фаол мулоқотнинг ташаббускори бўлганлиги, ахборот майдонида депутатлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашганлиги, аҳолини мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор этишда уларнинг роли ошганлиги қайд этиб ўтилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида фракциянинг 2021 йилги фаолияти якунлари юзасидан матбуот анжумани ташкил этиш;
депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш;
партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб фракциялар аъзолари томонидан алоҳида қонун лойиҳаларини киритиш ташаббуси билан чиқиш;
сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалалар, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланиш;
Қонунчилик палатаси мажлисига киритилган масалалар юзасидан фракцияларнинг қатъий фикрини баён этишга устувор аҳамият қаратиш;
парламент назорати якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ижроси устидан депутатлар назоратининг таъсирчанлигини янада ошириш;
парламент назорати субъектлари сифатида парламент назорати натижалари бўйича қонунчиликда белгиланган ваколатлардан тўлиқ фойдаланиш;
парламент ва депутат сўрови институтларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид масалаларни, сайловчилар муаммоларини биргаликда кўриб чиқиш борасида халқ депутатлари Кенгашлари билан ҳамкорликни янада жонлантириш;
фракциянинг 2022 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида қўмитанинг 2021 йилги фаолияти якунлари юзасидан матбуот анжумани ташкил этиш;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичида, шунингдек жамият ҳаётидаги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган ҳар бир назорат-таҳлил тадбирини ўтказиш чоғида мазкур тадбирларга эксперт гуруҳларини фаол жалб этсин ва уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш;
парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини тизимли равишда мониторинг қилиш;
назорат-таҳлил тадбирлари якунларига бағишланган қўмита мажлисларини ҳудудларда ҳам ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш;
халқ депутатлари Кенгашлардаги доимий комиссиялар билан ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш чораларини кўриш;
қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан мурожаатчилар томонидан берилган таклифларни қўмита мажлисларида муҳокама қилиш амалиётидан самарали фойдаланиш;
муҳим ижтимоий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида уни жамоатчилик муҳокамасига, шу жумладан жойларда фуқаролар иштирокидаги кенг муҳокамага чиқариш;
ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил тадбирларининг натижадорлигини ошириш юзасидан жамоатчилик фикрини билиш мақсадида ижтимоий тадқиқотларга буюртма бериш ҳамда тадқиқотлар натижаларидан фойдаланиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни жойларга чиқиб, мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларини жалб этган ҳолда ўрганиш амалиётини тизимли йўлга қўйиш;
Қонунчилик палатасининг 2022 йил I ярим йиллигидаги фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш чораларини кўрсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 18 январь,
1751-IV-сон