Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонларидан келиб чиқадиган вазифалари ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари мустақил Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари ва нормаларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда унинг ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини реал таъминлашга қаратилган демократик ўзгаришларни изчил давом эттириш борасидаги муҳим қадамдир. Мустақиллик йилларида яратилган ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари ва нормаларини ўзида қамраб олган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик тизими мазкур жараёнларнинг тасдиғидир. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича 60 тадан зиёд халқаро ҳужжатнинг, шу жумладан олтита БМТ асосий шартномасининг иштирокчиси бўлиб, ўзининг халқаро мажбуриятларини изчиллик билан бажармоқда ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ тадбирларни амалга оширмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича қонун ҳужжатларига риоя этилиши, шунингдек инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг қоидалари бажарилиши устидан парламент назорати изчил олиб борилмоқда, Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Адвокатура фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминловчи муҳим элемент бўлиб, у мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш таъсирчан механизмининг ажралмас элементига, фуқаролик жамиятининг муҳим институтига айланди, адвокатура фаолиятининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, «Адвокатура тўғрисида»ги, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги ва бошқа Ўзбекистон Республикаси қонунларида мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ишида адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини, адвокатларнинг касбий тайёргарлиги оширилишини, уларнинг мустақиллигини кафолатлари кучайтирилишини таъминлайди, суд жараёнидаги тортишувда айблов ва ҳимоя тарафларининг тенг ҳуқуқлилиги ана шунда намоён бўлади. Бу суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришнинг мантиқий давомидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонларида белгилаб берилган тадбирлар маълумот ва оғишмай ижро этиш учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари 2008 — 2009 йилларда фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва кўриб чиқиш, шунингдек бу соҳада қабул қилинган қонунларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга доир тадбирларни рўёбга чиқариш бўйича иш самарадорлиги оширилишига эришсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармонининг 1-иловасида мустаҳкамланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурининг айрим бандлари амалга оширилиши учун қуйидагилар масъул этиб белгилансин:
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси — 1.1, 1.2, 1.5, 2.2, 2.3, 2.4, 2.5-бандлар учун (Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан биргаликда), 4.3-банд учун (барча қўмиталар билан биргаликда), 5.5-банд учун;
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси — 1.3-банд учун;
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси — 1.4-банд учун;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — 1.1, 1.2, 4.3, 5.1, 5.4, 5.5, 5.7-бандлар учун.
4. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталарига 2008 — 2009 йилларда қуйидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши мониторингини ўтказиш топширилсин:
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, шунингдек Қонучилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси);
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари билан биргаликда, шунингдек Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси);
Қийноқлар ҳамда муомалада бўлиш ва жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи бошқа турларига қарши конвенция (Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси билан биргаликда);
Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция (Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, шунингдек Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси);
Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция (Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси);
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, шунингдек Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси);
Одам савдоси ва фоҳишабозликдан учинчи шахсларнинг фойдаланишига қарши кураш тўғрисидаги конвенция (Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, шунингдек Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси).
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қонунларга риоя этилиши мониторингини амалга оширишда мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг зарур кафолатларини, сўз эркинлигини, давлат ва жамият тузилмалари ишининг очиқлигини, ҳуқуқни қўллаш соҳасида мансабдор шахслар масъулияти оширилишини таъминловчи қонунлар рўёбга чиқарилишига алоҳида эътибор қаратсинлар.
6. Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан «Адвокатура тўғрисида»ги ҳамда «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи 5-бандида кўрсатилган қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари сайловчилар билан учрашувлар вақтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонларининг моҳияти ҳамда мазмунини тушунтиришда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига сўровлар юбориш, қонун ҳужжатларининг ижроси масалалари юзасидан мансабдор шахсларни эшитиб бориш қисмига алоҳида эътибор қаратсинлар.
8. Сиёсий партияларнинг фракцияларига Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурини амалга оширишда фаол иштирок этиш, парламент назоратининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклларидан кенг фойдаланиш, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қонунлар оғишмай ижро этилишига эришиш, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш жараёнларига таъсир кўрсатиш мақсадида маҳаллий Кенгашлар депутатларини ишга самарали жалб этиш тавсия қилинсин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 21 май,
789-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 5-сон, 280-модда)