ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 15 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2364]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 23 августдаги 19/13-сонли ««Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 2364-6, 14.09.2022 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова), Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда) қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон «2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
1. Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 24 март,
10/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2012 йил 24 мартдаги 10/1-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил., 2-сонга илова), «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда) Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ–1438-сонли «2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) мувофиқ, тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
I боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
банк кафолати — банк (кафил) бошқа шахс (принципал)нинг буюртмасига кўра кафил ўз зиммасига олаётган мажбурият шартларига мувофиқ принципалнинг кредитори (бенефициар) пул суммасини тўлаш ҳақида ёзма талабнома тақдим этса, пулни унга тўлаш ҳақида принципалга берадиган ёзма мажбурият (кейинги ўринларда кафолат деб юритилади);
кафил — ўз мижози (принципал)нинг ёзма аризасига кўра, принципал бенефициар олдидаги мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафолатга мувофиқ ушбу мажбуриятларнинг бажарилишини ўз зиммасига олувчи банк;
принципал — банкка ўзининг учинчи шахс (бенефициар) олдидаги мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида кафолат бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган шахс;
бенефициар — принципалнинг мажбурияти бўйича кафолатни қабул қилувчи кредитор.
2. Кафолат принципалнинг бенефициар олдидаги ўз мажбуриятини (асосий мажбуриятини) лозим даражада бажарилишини таъминлайди.
3. Ўзбекистон Республикасининг банкларга оид қонун ҳужжатларига, шу жумладан, Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрларга риоя этмаётган ҳамда кредит портфелида 6 фоиз ва ундан юқори миқдордаги тўлов муддати ўтган ёки муаммоли активлари мавжуд бўлган тижорат банклари томонидан кафолат бериш тақиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Тижорат банклари томонидан берилган жами кафолат ва принципал томонидан қопланмаган бенефицарга тўлаб берилган маблағлар суммаларининг йиғиндиси биринчи даражали банк капиталининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Кафолат олиш учун принципал қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
зарар кўриб ишламаётган бўлиши ҳамда ноликвид балансга эга бўлмаслиги;
муддати ўтказиб юборилган кредиторлик қарзларининг мавжуд бўлмаслиги;
охирги уч молиявий йил натижалари бўйича ижобий аудиторлик хулосасига эга бўлиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ижобий кредит тарихига эга бўлиши.
6. Кафолат берилгандан кейин принципал томонидан мазкур Низомнинг 5-банди иккинчи, учинчи ва бешинчи хатбошиларида белгиланган талаблар бузилган тақдирда кафолат чақириб олиниши мумкин.
7. Кафолат бериш масаласи Бош банкнинг кредит қўмитаси томонидан кўриб чиқилади ҳамда мазкур кафолат банк бошқаруви раисининг имзоси билан расмийлаштирилади. Бош банк томонидан банк филиалларига кафолат бериш ҳуқуқининг тақдим этилиши тақиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II боб. Кафолат олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар ҳамда кафолат беришни расмийлаштириш
8. Кафолат олиш учун принципал томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
кафолат буюртмаси;
кафолатдан фойдаланишнинг бутун даврини ўз ичига олган пул оқими таҳлили кўрсатилган бизнес-режа;
охирги ҳисобот санаси бўйича бухгалтерия баланси (1-шакл), молиявий натижалари ҳақида ҳисобот (2-шакл), муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарздорлик ҳақидаги маълумотнома (2а-шакл);
Кейинги таҳрирга қаранг.
охирги уч молиявий йил натижалари бўйича аудиторлик хулосаси.
9. Принципал тақдим этилган кафолат бўйича мажбуриятни ўз вақтида бажаришнинг таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этиши лозим:
ликвидли мол-мулк ёки қимматли қоғозлар гарови;
Кейинги таҳрирга қаранг.
принципалнинг кафолат бўйича мажбуриятни бажармаслик хатарининг суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.
10. Принципалнинг буюртмасига асосан банк томонидан кафолат бериш ёки кафолат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш муддати буюртма барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда банкка келиб тушган кундан бошлаб йигирма банк кунидан ошмаслиги лозим.
Қабул қилинган қарор натижалари тўғрисидаги хабарнома уч банк кунидан кечиктирмай принципалга юборилади. Кафолат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда хабарномада рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилиши лозим.
11. Кафолат бериш тўғрисида қарор қабул қилингач, кафил ва принципал ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кафиллик шартномаси (кейинги ўринларда шартнома деб юритилади) тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Шартномада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
шартнома тузилган сана ва жой;
шартнома предмети;
шартнома баҳоси;
шартноманинг бажарилиш муддатлари;
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
кафил мажбуриятларининг чегаралари;
кафилнинг хизматларига ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби;
кафолатни чақириб олиш асослари;
шартноманинг бекор бўлиши;
шартнома бўйича жавобгарлик;
томонларнинг юридик манзили ва бошқа реквизитлари.
13. Кафолат бўйича бенефициарга тегишли бўлган кафилга талаб қўйиш ҳуқуқи, агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмас.
14. Шартнома Бош банк кредит қўмитасининг баённомасига асосан расмийлаштирилади ва у имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III боб. Банк томонидан берилган кафолатлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захираларни шакллантириш
15. Тижорат банклари томонидан берилган кафолатлар бўйича мазкур Низомда белгиланган тартибда эҳтимолий йўқотишларга қарши захира шакллантирилиши лозим.
16. Захира миқдори принципалнинг молиявий аҳволи, кредит тарихи ва принципал фаолият кўрсатаётган иқтисодиёт тармоғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда унинг кредитга лаёқатлилигидан келиб чиқиб белгиланади.
17. Принципалнинг кредит лаёқатлилиги «яхши», «стандарт», «субстандарт», «паст» ва «ёмон» каби таснифланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, принципалнинг кредит лаёқатлилиги «яхши» деб эътироф этилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
молиявий жиҳатдан барқарор;
юқори даромадлилик даражасига эга;
барча молиявий мажбуриятларини ўз муддатида бажаришига шубҳа туғдирмайдиган, шу жумладан кафолат бўйича қарзини қондириш учун етарли пул маблағларига эга;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тижорат ишларини ривожлантириш ҳамда молия ресурсларини эркин жалб қилиш имкониятлари мавжуд;
фаолияти чекланган таъминотчи ҳамда истеъмолчиларга боғлиқ бўлмаган;
тақдим этилаётган таъминотга доир барча ҳужжатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган;
кредит ёки бошқа қарзлари бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилган.
Кредитга лаёқатлилиги «яхши» деб эътироф этилган принципалга берилган кафолатлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захира шакллантирилмаслиги мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, принципалнинг кредит лаёқатлилиги «стандарт» деб эътироф этилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
умумий молиявий аҳволи барқарор ҳисобланган, лекин фаолиятида айрим иқтисодий салбий ҳолатлар мавжуд бўлган, уларнинг бартараф этилмаслиги принципалнинг мажбуриятларини ўз вақтида бажармаслик ҳолатини вужудга келтириш хавфининг мавжудлиги;
даромадлари ёки пул маблағлари оқимининг пасайиш тенденцияси мавжудлиги;
фаолияти давомида кредит ёки бошқа қарзлар бўйича тўловлар муддатининг бир маротаба узайтирилганлиги.
Кредитга лаёқатлилиги «стандарт» деб эътироф этилган принципалга берилган кафолат суммасининг 10 фоизи миқдорида эҳтимолий йўқотишларга қарши захира шакллантирилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, принципалнинг кредит лаёқатлилиги «субстандарт» деб эътироф этилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
молиявий аҳволининг жиддий ёмонлашувига сабаб бўлувчи ҳолатларнинг мавжудлиги;
даромадлари ёки пул маблағлари оқимининг охирги чоракка нисбатан 50 фоизга камайганлиги;
охирги ҳисобот ойидаги мавжуд барча муддати келган мажбуриятларни, шунингдек кафолат суммасини ушбу ой давомида келиб тушган пул маблағлари ҳисобидан қоплаш имкониятига эга эмаслиги;
Кредитга лаёқатлилиги «субстандарт» деб эътироф этилган принципалга берилган кафолат суммасининг 25 фоизи миқдорида эҳтимолий йўқотишларга қарши захира шакллантирилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, принципалнинг кредит лаёқатлилиги «паст» деб эътироф этилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
мазкур Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳолатлардан бирининг оғирлашганлиги;
охирги беш йилда салбий кредит тарихига эга эканлиги, яъни тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлиги.
Кредитга лаёқатлилиги «паст» деб эътироф этилган принципалга берилган кафолат суммасининг 50 фоизи миқдорида эҳтимолий йўқотишларга қарши захира шакллантирилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, принципалнинг кредит лаёқатлилиги «ёмон» деб эътироф этилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
берилган кафолат бўйича мажбуриятни банк томонидан бажариш ҳолатларининг юзага келиши;
кредит ёки бошқа қарзлари бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаганлиги;
талаб қилиб олингунча ҳисобварағига охирги чоракда тушум бўлмаганлиги;
молиявий фаолияти бўйича суд жараёнларининг олиб борилаётганлиги;
банкротлик аломатларининг мавжудлиги.
Кредитга лаёқатлилиги «ёмон» деб эътироф этилган принципалга берилган кафолат суммасининг 100 фоизи миқдорида эҳтимолий йўқотишларга қарши захира шакллантирилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Тижорат банклари томонидан принципалнинг кредитга лаёқатлилигини таснифлаш кафолат берилган пайтдан бошлаб, ҳар ойда камида бир марта амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV боб. Берилган кафолатлар ҳисобини юритиш
24. Берилган кафолатлар ҳисоби Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режасига (рўйхат рақами 773-17, 2004 йил 13 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил., 32-сон, 369-модда) мувофиқ, «90993 — Кафолат ва кафилликлар» ҳисобварағида юритилади. Ушбу ҳисобварақ ҳар бир мижознинг уникал коди билан очилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Кафолат таъминоти сифатида кафил томонидан қабул қилинган таъминот ҳисоби «94500 — Гаров сифатида таъминланган қимматли қоғозлар, мулклар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар)» ҳисобварағида юритилади.
Кафолат суммаси «90993 — Кафолат ва кафилликлар» ҳисобварағига кирим қилинади ва кафолат суммаси тўлиқ қоплаб берилгунга қадар сақланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Мазкур Низомнинг 34-бандида назарда тутилган ҳолатлардан бири юз берган тақдирда, кафолат суммаси банк фармойишига асосан «90993 – Кафолат ва кафилликлар» ҳисобварағидан чиқарилади.
27. Эҳтимолий йўқотишларга қарши захира шакллантириш қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали амалга оширилади:
Дт 56895 — Бошқа активлар — кўрилиши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш;
Кт 29806 — Тўлаш учун ҳисобланган бошқа фоизсиз харажатлар.
28. Берилган кафолат суммаси бенифициарга қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали тўлаб берилади:
Дт 19997 — Бошқа активлар;
Кт Бенифициар талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи.
29. Банк томонидан шакллантирилган захира ҳисобидан тўлаб берилган кафолат суммаси «19999 – Бошқа активлар – кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси (контр-актив)» ҳисобварағига қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали ўтказиб берилади:
Дт 29806 — Тўлаш учун ҳисобланган бошқа фоизсиз харажатлар;
Кт 19999 — Бошқа активлар — кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси (контр-актив).
30. Банк томонидан бенифициарга тўлаб берилган кафолат суммасини принципал томонидан қисман ёки тўлиқ қоплаб бериш қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали амалга оширилади:
Дт Принципалнинг талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи;
Кт 19997 — Бошқа активлар.
31. Айни вақтда, шакллантирилган захира суммаси принципал томонидан тўлаб берилган кафолат суммаси ҳисобига қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали камайиб боради:
а) кафолат суммаси захира шакллантирилган ҳисобот йилида қоплаб берилганда:
Дт 19999 — Бошқа активлар — кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси (контр-актив);
Кт 56895 — Бошқа активлар — кўрилиши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш;
б) кафолат суммаси захира шакллантирилган йилдан кейинги муайян даврда қоплаб берилганда:
Дт 19999 – Бошқа активлар – кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси (контр-актив);
Кт 45921 – Ҳисобдан чиқарилган маблағларнинг қайтарилиши.
32. Агар банк томонидан бенифициар фойдасига тўлаб берилган кафолат суммаси принципал томонидан қисман ёки тўлиқ қоплаб берилмаса «19997 – Бошқа активлар» ҳисобварағининг қолдиқ суммаси қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали балансдан чиқарилади:
Дт 19999 – Бошқа активлар – кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси (контр-актив);
Кт 19997 — Бошқа активлар.
33. Кафиллик хизматларини кўрсатганлик учун ҳақ тўлаш принципал томонидан олдиндан банкнинг «22896 – Муддати узайтирилган бошқа даромадлар» ҳисобварағига ўтказиб бериш орқали амалга оширилади. Ушбу ҳисобварақдан кафиллик хизматларини кўрсатганлик учун ҳақ суммасини даромадга ўтказиш Тижорат банкларида кредитларнинг бухгалтерия ҳисоби тартиби тўғрисида низомда (рўйхат рақами 1435, 2004 йил 17 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил., 50-сон, 511-модда) белгиланган тартибда банк даромадига ўтказиб борилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI боб. Кафолатнинг бекор бўлиши ҳамда кафилнинг принципалга регресс талаблари
34. Кафолат бўйича кафилнинг бенефициар олдидаги мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 309-моддасида назарда тутилган тартибда бекор бўлади.
35. Кафилнинг принципалдан кафолат бўйича бенефициарга тўланган суммаларни регресс тартибида тўлашни талаб қилиш ҳуқуқи кафил билан принципал ўртасида тузилган шартномада белгилаб қўйилади.
Агар кафил билан принципал ўртасида тузилган шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил бенефициарга кафолат шартларига номувофиқ тарзда ёки кафилнинг бенефициар олдидаги мажбуриятни бузганлиги учун тўланган суммаларни қоплашни принципалдан талаб қилишга ҳақли эмас.
VII боб. Якуний қоида
36. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 20-сон, 223-модда; 2014 й., 23-сон, 276-модда; 2016 й., 15-сон, 157-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.04.2018 й., 10/18/2364-3/0987-сон, 17.07.2018 й., 10/18/2364-4/1524-сон, 06.09.2018 й., 10/18/2364-5/1842-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)