toggle_night_mode
Ҳужжат янги таҳрирда қабул қилинган
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎРМОН ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-475-сонли «Ўрмон тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунига асосан янги таҳрирда қабул қилинган.
1-модда. Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.
Ер, сув, ер ости бойликлари ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ўрмонлардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Қорақалпоғистон Республикасида ўрмонга оид муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
2-модда. Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари
Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш, такрорий кўпайтиришни таъминлаш ҳамда ўрмонлар маҳсулдорлигини ошириш мақсадида ўрмонга оид муносабатларни тартибга солишдан, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишдан иборат.
3-модда. Ўрмонларнинг вазифалари
Ўрмонлар асосан экологик (сувни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреацион), эстетик ва бошқа вазифаларни бажаради, чекланган даражадаги фойдаланиш аҳамиятига эга.
4-модда. Ўрмонларга бўлган мулкчилик
Ўрмонлар давлат мулки — умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим ҳамда улар давлат томонидан қўриқланади.
5-модда. Давлат ўрмон фонди
Ҳамма ўрмонлар давлат ўрмон фондини ташкил этади.
Давлат ўрмон фонди:
давлат аҳамиятига эга бўлган ўрмонлардан, яъни давлат ўрмон хўжалиги органлари қарамоғидаги ўрмонлардан;
бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонлардан иборат.
6-модда. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзорлар ва бутазорлар
Қуйидагилар давлат ўрмон фондига кирмайди:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги дарахтлар ва тўп-тўп дарахтлар, экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек бошқа дарахтзорлар ва бутазорлар;
темир йўл, автомобиль йўллари, каналлар ва бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлари;
шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги дарахтлар ва туп-туп дарахтлар, шунингдек кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар;
томорқалардаги ва боғ участкаларидаги дарахтлар ҳамда тўп-тўп дарахтлар.
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзорлар ва бутазорларни барпо этиш, парвариш қилиш, қўриқлаш ҳамда улардан фойдаланиш ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
7-модда. Ўрмон фонди ерлари
Ўрмон билан қопланган ерлар, шунингдек ўрмон билан қопланмаган, аммо ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар ўрмон фонди ерлари ҳисобланади. Ўрмон фонди ерларининг чегаралари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 32-моддаси.
Ўрмон фонди ерлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгалик қилиш, фойдаланиш учун, шу жумладан ижарага берилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 4-боби.
8-модда. Давлат ўрмон фонди участкалари
Давлат ўрмон фонди участкалари давлат ўрмон фондининг бир қисми бўлиб, уларнинг муайян чегараси, майдони, жойлашган манзили, ҳуқуқий режими қайд этилган ҳамда чизма-картографик материалларда кўрсатилган бўлади.
9-модда. Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш соҳасидаги давлат бошқаруви
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.
(9-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ва унинг жойлардаги органлари давлат ўрмон хўжалиги органлари ҳисобланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 30 мартдаги 160-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси тўғрисидаги Низом.
(9-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўрмонга оид муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўрмонга оид муносабатларни тартибга солиш соҳасида қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларига киради:
ўрмонларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
давлат ўрмон фондини тасарруф этиш;
ўрмонларнинг қўриқланиш тоифаларини аниқлаш тартибини белгилаш;
ўрмондан фойдаланганлик учун ҳақ ундириш тартиби ва миқдорларини белгилаш;
ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш устидан давлат назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш;
ўрмонларнинг давлат ҳисобини ва давлат ўрмон кадастрини юритиш тартибини белгилаш;
ўз ваколат доирасига кирувчи бошқа масалаларни ҳал қилиш.
11-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўрмонга оид муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўрмонга оид муносабатларни тартибга солиш соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларига қуйидагилар киради:
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат ўрмон хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон фонди участкаларини бериш, бундан ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақалари, ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увилдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонлар, давлат қўриқхоналарининг, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, умумдавлат аҳамиятига молик буюртма қўриқхоналарнинг, умумдавлат аҳамиятига молик курорт табиий ҳудудларнинг, давлат биосфера резерватларининг, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонлари мустасно;
(11-модданинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 4 январдаги ЎРҚ-278-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 1-2-сон, 1-модда)
ўрмонларнинг давлат ҳисоби ва давлат ўрмон кадастри юритилишини таъминлаш;
ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўрмонлар ҳолатига зарар етказган ҳолларда корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш. Тадбиркорлик субъекти фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш (фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади;
(11-моддасининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
ўрмонларда мол боқиш ҳамда ёғочга тааллуқли бўлмаган ресурслардан фойдаланишнинг бошқа турлари нормаларини давлат ўрмон хўжалиги органлари билан биргаликда белгилаш ва тартибга солиш;
ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш борасида аҳолининг маърифатли бўлишини ташкил этиш;
ўз ваколат доирасига кирувчи бошқа масалаларни ҳал қилиш.
12-модда. Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш устидан назорат
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(12-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш устидан идоравий назорат Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.
(12-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
13-модда. Ўрмон қўриқчилиги
Ўрмон қўриқчилиги ўрмон хўжалиги корхоналарида ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида тузилади.
Ўрмон қўриқчилигининг мансабдор шахслари айни бир вақтда давлат ўрмон хўжалиги органларининг инспекторларидир.
Ўрмон қўриқчилиги мансабдор шахсларининг асосий ваколатлари қуйидагилардан иборат:
юридик ва жисмоний шахсларнинг ўрмондан фойдаланишга ҳақли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш;
ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни тегишли органларга олиб бориш;
қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулотини ҳамда уни қўлга киритиш воситаларини олиб қўйиш;
ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги материалларни тегишли органларга юбориш;
ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузиш оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақида судга даъво тақдим этиш;
юридик ва жисмоний шахсларга ўрмон тўғрисидаги қонунбузарликларни бартараф этиш ҳақида кўрсатма бериш.
Ўрмон қўриқчилигининг фаолият кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 9 сентябрдаги 203-сон қарори билан тасдиқланган «Ўрмон қўриқчилиги тўғрисида»ги низом.
14-модда. Ўрмон хўжалигини ташкил этишнинг асосий қоидалари
Ўрмон хўжалигини ташкил этиш қуйидагиларни таъминлаши шарт:
ўрмонларнинг ҳимоя этиш, соғломлаштириш ва бошқа фойдали табиий хусусиятларини сақлаш ва кучайтириш;
ўрмонлардан оқилона фойдаланиш;
ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, нав таркиби ва сифатини яхшилаш;
ўрмонларни ёнғиндан қўриқлаш, зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш;
ўрмонларнинг қўриқланиш тоифаларини аниқлаш;
ўрмоннинг етилиш ёшини, дарахт кесиш усуллари ва ўрмондан фойдаланиш нормаларини белгилаш;
ўрмон фонди ерларидан оқилона фойдаланиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилий-техник тадбирлар.
15-модда. Ўрмонларнинг қўриқланиш тоифалари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Белгиланган мақсади ва бажарадиган вазифаларига мувофиқ ўрмонлар қуйидаги қўриқланиш тоифаларига киритилади:
ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақалари;
ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увилдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари;
эрозиядан сақлайдиган ўрмонлар;
ўрмонларнинг темир йўллар ва автомобиль йўллари ёқалаб ўтган иҳота минтақалари;
чўл ва чала чўл зоналарининг ўрмонлари;
шаҳар ўрмонлари ва ўрмон-боғлари;
шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари ва саноат марказларининг кўкаламзорлаштирилган зоналари атрофидаги ўрмонлар;
сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонлар;
алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонлар;
ёнғоқчилик зоналаридаги ўрмонлар;
ўрмонларнинг мевали дарахтзорлари;
давлат қўриқхоналарининг ўрмонлари;
мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг ўрмонлари;
табиат боғларининг ўрмонлари;
буюртма қўриқхоналарнинг ўрмонлари;
курорт табиий ҳудудларнинг ўрмонлари;
давлат биосфера резерватларининг ўрмонлари;
давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонлари;
илмий ёки тарихий аҳамиятга эга бўлган ўрмонлар.
(15-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 4 январдаги ЎРҚ-278-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 1-2-сон, 1-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмонларни қўриқланиш тоифаларига киритиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 9 апрелдаги 163-сон қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикасида ўрмонларнинг қўриқланиш тоифалари бўйича бўлиниши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 июндаги 215-сон қарори билан тасдиқланган Ўрмонларнинг қўриқланиш тоифаларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом.
(15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
16-модда. Ўрмон тузиш
Ўрмон тузиш ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлашга, ўрмон хўжалиги ва ўрмондан фойдаланиш оқилона юритилишини таъминлашга қаратилган тадбирлар тизими бўлиб, қуйидагиларни қамраб олади:
давлат ўрмон фонди участкаларининг чегараларини белгилаш ва давлат ўрмон фондининг ўрмондан доимий фойдаланувчилар фойдаланишидаги ҳудудининг ички хўжалигини ташкил этиш;
топография-геодезия ишларини бажариш ва ўрмонларни махсус харитага киритиш;
давлат ўрмон фондини ҳисобга олиш;
ўрмонларнинг етилиш ёшини белгилаш, ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ ўрмон дарахтларини кесиш режасини, дарахтларни кесиш ҳажмини ҳамда ўрмондан фойдаланишнинг бошқа турлари миқдорларини аниқлаш;
ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, қайта тиклаш ва барпо этиш борасидаги ишлар ҳажмини, шунингдек бошқа ўрмон хўжалиги ишлари ҳажмини аниқлаш;
ўрмон тузиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш.
Ўрмон тузиш лойиҳалари давлат экспертизасидан ўтказилади ҳамда давлат ўрмон хўжалиги органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади. Ўрмон тузиш лойиҳалари ўрмон, қўриқхона ва овчилик хўжаликлари юритиш, ўрмондан фойдаланишни амалга ошириш, жорий ва истиқболга мўлжалланган режалаштириш ишларини олиб бориш учун асосий норматив-техник ҳужжатдир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмон тузиш ҳамма ўрмонларда ягона тизим бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси томонидан белгиланган тартибда ўтказилади.
(16-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
17-модда. Ўрмонларнинг давлат ҳисоби
Ўрмонларнинг давлат ҳисоби ўрмон тузиш лойиҳалари асосида давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан, ўрмон тузиш ўтказилмаган жойларда эса давлат ўрмон фондини ҳисобга олиш ва текшириш материаллари асосида олиб борилади.
Ўрмонларнинг давлат ҳисоби давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ягона тизим бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда олиб борилади.
18-модда. Давлат ўрмон кадастри
Давлат ўрмон кадастри Ўрмонларнинг табиий, хўжалик ва ҳуқуқий режими, уларнинг тоифалари, давлат ўрмон фонди участкаларининг сифат тавсифлари ҳамда уларнинг ўрмондан фойдаланувчилар ўртасидаги тақсимоти тўғрисидаги маълумотлар ва ҳужжатлар тизимидан иборат.
Давлат ўрмон кадастри манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларни ўрмонга оид муносабатларни тартибга солиш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтириш мақсадида ўрмон тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш учун мўлжалланган.
Давлат ўрмон кадастри давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ягона тизим бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда олиб борилади.
19-модда. Ўрмондан фойдаланиш
Давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланишга берилиши мумкин.
Ўрмондан фойдаланиш учун ҳақ тўланади, ушбу Қонуннинг 30-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Тўловлар миқдори ва уларни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 сентябрдаги 278-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ва уларни ундиришни тартибга солиш тўғрисида»ги низом.
Ўрмондан фойдаланиш доимий ва вақтинчалик бўлиши мумкин.
Ўрмон фонди ерлари доимий эгалик қилишга бериб қўйилган ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ўрмондан доимий фойдаланувчилардир.
Ўрмондан вақтинчалик фойдаланиш қисқа муддатли — уч йилгача ва узоқ муддатли — ўн йилгача бўлиши мумкин.
20-модда. Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини бериш
Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи юридик ва жисмоний шахсларга, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан ёки улар ваколат берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан берилади.
Ўрмондан фойдаланишга махсус рухсатнома — дарахт кесиш ёки ўрмон чиптаси асосида йўл қўйилади, ушбу Қонуннинг 30-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Ўрмондан фойдаланувчилар давлат ўрмон фонди участкаларидан ўрмондан фойдаланишнинг махсус рухсатномаларда назарда тутилган турларидангина фойдаланишга ҳақлидир.
21-модда. Ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўрмондан доимий фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат ўрмон фондининг ўзларига бериб қўйилган участкаларида ўрмон хўжалигини мустақил юритиш, ўрмондан фойдаланиш;
ўрмон фонди ерларидан, сув ресурсларидан, кенг тарқалган фойдали қазилмалардан ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда фойдаланиш;
белгиланган тартибда йўл очиш, ўрмон маҳсулотини жойлаштириш учун майдончалар жиҳозлаш, ишлаб чиқариш ва уй-жой бинолари ҳамда иншоотлари қуриш;
тайёрланган маҳсулотга ва уни сотишдан олинган даромадга мулкдор бўлиш.
Ўрмондан доимий фойдаланувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:
ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтиришни таъминлаш;
ўрмонларнинг давлат ҳисобини олиб бориш;
ўрмонларнинг ҳолатига ва уларни такрорий кўпайтиришга, тупроқ ва ҳайвонот дунёсига, шунингдек сув объектларининг ва бошқа табиий объектларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатишга йўл қўймайдиган усуллар билан иш олиб бориш;
ўрмондан фойдаланганлик учун ўз вақтида ва белгиланган тартибда ҳақ тўлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини таъминлаш;
(21-модда иккинчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 4 январдаги ЎРҚ-278-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 1-2-сон, 1-модда)
ўрмондан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслик.
Ўрмондан доимий фойдаланувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлишлари ва ўзга мажбуриятларни бажаришлари мумкин.
22-модда. Ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларда кўрсатилган давлат ўрмон фонди участкалари доирасида, муддатларида ҳамда ундан фойдаланиш турларида ўрмондан фойдаланишни амалга ошириш;
белгиланган тартибда йўл очиш, ўрмон маҳсулотини жойлаштириш учун майдончалар жиҳозлаш, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари қуриш.
Ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:
ўзларига бериб қўйилган яйловлар, пичанзорлар ва бошқа ўрмонзорлардан оқилона фойдаланиш;
ўрмонларнинг ҳолатига ва уларни такрорий кўпайтиришга, тупроқ ва ҳайвонот дунёсига, шунингдек сув объектларининг ва бошқа табиий объектларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатишга йўл қўймайдиган усуллар билан иш олиб бориш;
ўрмондан фойдаланганлик учун ўз вақтида белгиланган тартибда ҳақ тўлаш;
ўрмондан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаслик.
Ўрмондан вақтинчалик фойдаланувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлишлари ва ўзга мажбуриятларни бажаришлари мумкин.
23-модда. Ўрмондан фойдаланувчилар ҳуқуқларининг кафолатлари
Давлат, хўжалик ва бошқа органлар ҳамда ташкилотлар томонидан ўрмондан фойдаланувчиларнинг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.
Ўрмондан фойдаланувчиларнинг бузилган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тикланиши лозим.
Ўрмондан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини бузиш оқибатида етказилган зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши лозим.
24-модда. Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқининг тугатилиши
Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда тугатилади:
ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечилганда;
ўрмондан фойдаланиш муддати тугаганда;
фойдаланишида давлат ўрмон фонди участкаси бўлган юридик шахс тугатилганда;
ўрмонлардан ва ўрмон фонди ерларидан белгиланган мақсадда фойдаланилмаганда;
ўрмондан фойдаланиш ўрмонлар ва бошқа табиий объектларнинг ҳолатига ҳамда уларни такрорий кўпайтиришга салбий таъсир кўрсатадиган усуллар билан амалга оширилганда;
ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганда;
ўрмондан фойдаланганлик учун ҳақ белгиланган муддатларда тўланмаганда;
ўрмон фонди ерлари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда.
Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
25-модда. Ўрмондан фойдаланиш турлари
Ўрмондан фойдаланиш турлари қуйидагилардан иборат:
дарахтзорлар ва бутазорларни кесиш;
ўрмондан қўшимча фойдаланиш (пичан ўриш, мол боқиш, асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш, ёввойи ўсимликлар доривор хом ашёсини тайёрлаш (йиғиш) ва озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни тайёрлаш (йиғиш);
давлат ўрмон фонди участкаларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
давлат ўрмон фонди участкаларидан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш;
давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш.
Қонун ҳужжатларида ўрмондан фойдаланишнинг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.
26-модда. Дарахтзорлар ва бутазорларни кесиш
Ишлаб чиқариш-техник заруратдан келиб чиқмаган биноларни, иншоотларни ва коммуникацияларни қуриш пайтида дарахтзорлар ва бутазорларни кесиш ман этилади.
Дарахтзорлар ва бутазорларни кесиш фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрмонларни албатта қайта тиклаш тарзида йўл қўйилади.
Дарахтзорлар ва бутазорларни кесиш ўрмонларнинг қўриқланиш тоифаларига қараб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ўрмонларни кесиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 ноябрдаги 506-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ўрмонни парвариш қилиш учун кесиш Қоидалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмонларнинг темир йўллар ва автомобиль йўллари ёқалаб ўтган иҳота минтақаларида, чўл ва чала чўл зоналарининг ўрмонларида асосий фойдаланишдаги дарахтларни ўрмон ҳолатини яхшилаш мақсадида кесишга йўл қўйилади.
(26-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 4 январдаги ЎРҚ-278-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 1-2-сон, 1-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақаларида, ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увилдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақаларида, эрозиядан сақлайдиган ўрмонларда, шаҳар ўрмонлари ва ўрмон-боғларида, шаҳарлар, бошқа аҳоли пунктлари ва саноат марказларининг кўкаламзорлаштирилган зоналари атрофидаги ўрмонларда, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонларда, алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонларда, ёнғоқчилик зоналаридаги ўрмонларда, ўрмонларнинг мевали дарахтзорларида, табиат боғларининг ўрмонларида (уларнинг қўриқхонага айлантирилган зоналари бундан мустасно), курорт табиий ҳудудларнинг ўрмонларида, давлат биосфера резерватларининг ўрмонларида (уларнинг қўриқхонага айлантирилган зоналари бундан мустасно), илмий ёки тарихий аҳамиятга эга бўлган ўрмонларда фақат оралиқ фойдаланишдаги кесишга (ўрмон парвариши ва санитария мақсадида кесишга) йўл қўйилади.
(26-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 4 январдаги ЎРҚ-278-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 1-2-сон, 1-модда)
Ҳамма қўриқланиш тоифаларидаги ўрмонларда ёнғинга қарши оралиқ жой ҳосил қилиш билан боғлиқ бошқа кесишларга йўл қўйилиши мумкин, давлат қўриқхоналарининг ўрмонлари бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Асосий фойдаланиш бўйича кесиш миқдорлари ўрмон кесиш участкалари режаси доирасида, оралиқ фойдаланишдаги кесиш эса ўрмон хўжалиги талабларига мувофиқ амалга оширилади. Ўрмон кесиш режаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.
(26-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
27-модда. Ўрмондан қўшимча тарзда фойдаланиш
Давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга ўрмондан қўшимча тарзда фойдаланишга бериб қўйилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат ўрмон фонди участкаларида пичан ўриш ва мол боқиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан шу мақсадлар учун махсус мўлжалланган майдонларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақаларида, эрозиядан сақлайдиган ўрмонларда, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонларда, алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонларда, ёнғоқчилик зоналаридаги ўрмонларда, давлат қўриқхоналарининг ўрмонларида, шунингдек белгиланган режимга мувофиқ табиат боғларининг, буюртма қўриқхоналарнинг, курорт табиий ҳудудларнинг, давлат биосфера резерватларининг ўрмонларида мол боқишга йўл қўйилмайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 ноябрдаги 506-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўрмонларида пичан ўриш ва мол боқиш Қоидалари.
(27-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 4 январдаги ЎРҚ-278-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 1-2-сон, 1-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Юридик ва жисмоний шахсларга асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш учун давлат ўрмон фонди участкалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармасининг рухсатномаси асосида белгиланган тартибда берилади.
(27-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
Ёввойи ўсимликлар доривор хом ашёсини тайёрлаш (йиғиш) ва озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни тайёрлаш (йиғиш) мавжуд ресурсларнинг тамом бўлиб қолишига ва ўрмон хўжалигига зарар етказилишига йўл қўйилмайдиган воситалар ва усуллар билан амалга оширилади.
28-модда. Давлат ўрмон фонди участкаларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш
Давлат ўрмон фонди участкаларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш ҳуқуқи юридик ва жисмоний шахсларга берилади. Давлат ўрмон фонди участкаларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 28 октябрдаги 508-сонли қарори билан тасдиқланган «Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва унинг ташқарисига олиб чиқиш ҳамда овчилик-балиқ овлаш хўжалигини юритиш тартиби тўғрисида»ги Низом.
29-модда. Давлат ўрмон фонди участкаларидан илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш
Давлат ўрмон фонди участкаларидан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш ўрмондан доимий фойдаланувчилар билан келишилган ҳолда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан берилади.
Давлат ўрмон фондининг маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш учун берилган участкаларида ўрмондан фойдаланувчилар ўрмонларни ва табиий ландшафтларни сақлаш, ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги ва санитария қоидаларига риоя қилиш шарти билан бу участкаларни ободонлаштириш тадбирларини ўтказадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.
(29-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
30-модда. Фуқароларнинг ўрмонларда бўлиши
Фуқаролар ўсимлик дунёси объектларидан умумий фойдаланишни кўзлаб ўрмонларда бўлиш, ёввойи доривор ҳамда озиқ-овқатбоп ўсимликлар, мевалар ва қўзиқоринларни ўз эҳтиёжлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган шартларда йиғиш ҳуқуқига эга.
Фуқаролар ўрмонларда ёнғин хавфсизлигига риоя этишлари, дарахтлар ва буталарни синдиришга, кесишга, ўрмон экинларига шикаст етказилишига, ўрмонларнинг ифлосланишига, чумоли инлари, қуш уяларининг йўқ қилиниши ва бузилишига йўл қўймасликлари, шунингдек қонун ҳужжатлари билан белгиланган бошқа талабларни бажаришлари шарт.
31-модда. Чегара минтақаларида ўрмондан фойдаланиш хусусиятлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Чегара минтақаларида ўрмондан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан белгиланади.
(31-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 22 декабрдаги ЎРҚ-238-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 йил, 52-сон, 553-модда)
32-модда. Ўрмонларни қўриқлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий давлат хокимияти органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги давлат органлари ўрмонлардан фойдаланиш тартиби бузилишидан, шу жумладан ноқонуний кесиш (яганалаш)дан ҳамда ўрмонларга бошқача тарзда зарарли таъсир кўрсатишдан ўрмонлар қўриқланишини таъминлайдилар.
(32-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Маҳаллий давлат хокимияти органлари ва давлат ўрмон хўжалиги органлари ўрмонларни ёнғиндан қўриқлаш ва ёнғинга қарши курашишга оид чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайдилар, зарур ҳолларда ёнғинларни ўчириш учун аҳолини, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ўт ўчириш, ер қазиш техникаси ва транспорт воситаларини жалб этадилар, ёнғин хавфи юқори бўлган даврда аҳолининг ўрмонда бўлишини ва ўрмонларга транспорт воситаларининг киришини чеклайдилар ёки тақиқлайдилар.
Ўрмондан фойдаланувчилар ўрмонларда ёнғин хавфсизлигига риоя этишлари, иш жойларида ёнғинга қарши тадбирлар ўтказишлари, ўрмонда ёнғин чиққан тақдирда уни ўчиришни таъминлашлари шарт.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 ноябрдаги 506-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ўрмонларида ёнғин хавфсизлиги Қоидалари.
33-модда. Ўрмонларни зараркунандалар, касалликлар ва бошқа салбий омиллардан муҳофаза қилиш
Ўрмонларни зараркунандалар, касалликлар ва бошқа салбий омиллардан муҳофаза қилиш ўрмондан доимий фойдаланувчилар томонидан қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:
ўрмон зараркунандалари ва касалликлари ўчоқларини, саноат ва коммунал-маиший ифлосланишлар ҳамда бошқа омилларнинг салбий таъсир доираларини ҳисобга олиш ва олдиндан айтиб бериш;
ўрмон зараркунандаларининг оммавий кўпайиш ва ўрмон касалликларининг тарқалиш ўчоқларининг юзага келиши ва кенгайишининг олдини олиш, ўрмонларнинг биологик жиҳатдан чидамлилигини ошириш тадбирларини ўтказиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмонларни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси томонидан белгиланади.
(33-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
34-модда. Ўрмонларни тиклаш
Ўрмонларни тиклаш қуйидаги талабларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади:
дарахт кесилган жойларда ва ўрмон билан қопланмаган бошқа ерларда хўжалик жиҳатидан қимматли навли дарахтларни мажбурий равишда қайта экишни таъминлаш;
ўрмонларнинг нав таркибини яхшилаш, уларнинг маҳсулдорлигини ва муҳофаза хусусиятларини ошириш;
ўрмонларнинг генетик фонди ва биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмонларни тиклаш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ўрмон хўжалиги бош бошқармаси томонидан белгиланади.
(34-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
35-модда. Ўрмонларни кўпайтириш
Ўрмонларни кўпайтириш ўрмонлардан доимий фойдаланувчилар томонидан ҳудудларнинг сердарахтлилигини ошириш, ўрмонларнинг нав таркибини яхшилаш, қимматли навли дарахтларни кўпайтириш ва эрозия жараёнларининг олдини олиш мақсадида махсус дастурлар асосида олиб борилади.
Ўрмонларни кўпайтириш учун бериб қўйилган қишлоқ хўжалигига ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрмон фонди ерлари тоифасига ўтказилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 9-моддаси.
36-модда. Ўрмонларнинг маҳсулдорлигини ошириш
Ўрмонларнинг маҳсулдорлигини ошириш ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг нав таркибини яхшилаш, ўрмон мелиорацияси ва ўрмонларни плантация усулида етиштириш натижасида амалга оширилади.
37-модда. Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулотини олиб қўйиш
Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулоти олиб қўйилиши лозим. Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулотини олиб қўйишнинг имкони бўлмаган тақдирда, унинг қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда ундириб олинади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 75-банди.
38-модда. Ўрмонларнинг ҳолатига ва уларни такрорий кўпайтиришга таъсир этадиган корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш
Ўрмонларнинг ҳолатига ва уларни такрорий кўпайтиришга таъсир этадиган янги ва қайта тикланаётган корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш, шунингдек янги технологияларни жорий этиш ўрмонларни муҳофаза қилиш ва такрорий кўпайтириш тадбирлари таъминланган ҳолда амалга оширилади.
Ўрмонларнинг ҳолатига ва уларни такрорий кўпайтиришга таъсир этадиган корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, шунингдек навли дарахтларни кесиш зарурлиги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда мажбурий давлат экологик экспертизасидан ўтказилиб давлат ўрмон хўжалиги органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуни.
39-модда. Ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган ишларни амалга ошириш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўрмон фонди ерларида ўрмон хўжалигини юритиш ва ўрмондан фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган қурилиш ва портлатиш ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, кабеллар, қувурлар ва бошқа коммуникацияларни ўтказиш, пармалаш ва бошқа ишлар давлат ўрмон хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(39-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
40-модда. Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш
Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилган тақдирда, шунингдек ўрмонларни ва бошқа табиий объектларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш ва такрорий кўпайтириш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чекланиши, тўхтатилиши ёки тақиқланиши мумкин.
41-модда. Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтиришни молиялаштириш ҳамда иқтисодий рағбатлантириш
Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтиришни молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни такрорий кўпайтиришни иқтисодий рағбатлантириш тадбирларини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
42-модда. Низоларни ҳал этиш
Ўрмонларни қўриқлаш ва улардан фойдаланиш масалаларига оид низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
43-модда. Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 78—81 ва 84-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198 ва 202-моддалари.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 15 апрель,
770-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 5-сон, 122-модда; 2000 й., 5-6-сон, 153-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 41-сон, 405-модда; 2009 й., 52-сон, 553-модда; 2011 й., 1-2-сон, 1-модда; 2013 й., 18-сон, 233-модда; 2017 й., 37-сон, 978-модда)