toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўрмондан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш, маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар турларини кенгайтириш, ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликларни етиштириш, йиғиш, тайёрлаш ва қайта ишлашни тизимли равишда ташкил этиш, яланғоч қизилмияни хом ашё сифатида экспорт қилишдан манфаатдор бўлган тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада эркинлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ва уларни ундиришни тартибга солиш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 10-сон, 108-модда) билан тасдиқланган Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари яланғоч қизилмияни хомашё сифатида (1 тоннаси учун 225 АҚШ доллари) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиққанликлари учун тўловлардан 2016 йил 31 декабргача озод қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 30 сентябрь,
278-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 сентябрдаги 278-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ва уларни ундиришни тартибга солиш тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ўрмон тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ва уларни ундиришни тартибга солади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ўрмондан доимий фойдаланувчилар – ўрмон фонди ерлари доимий эгалик қилишга берилган ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари;
ўрмондан вақтинча фойдаланувчилар – ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган тегишли ҳужжатлар асосида ўрмондан қисқа муддатли (3 йилгача) ёки узоқ муддатли (10 йилгача) фойдаланишни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар.
3. Ўсимлик дунёси объектларидан жисмоний шахслар томонидан умумий фойдаланиш бепул амалга оширилади.
II. Ўрмондан фойдаланиш тартиби ва турлари
4. Давлат ўрмон фонди участкалари ўрмондан доимий фойдаланувчилар томонидан ўрмондан вақтинча фойдаланувчиларга ўрмондан фойдаланишнинг қуйидаги турлари бўйича тўлов асосида фойдаланишга берилади:
чорва молларини боқиш;
пичан ўриш;
асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш;
дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш;
давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш;
давлат ўрмон фонди участкаларидан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш.
III. Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар миқдори ва уларни ундириш тартиби
5. Мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ўрмондан фойдаланиш турлари учун ушбу Низом иловасига мувофиқ миқдорларда тўлов ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Ушбу низомнинг 4-бандида кўрсатилган ўрмондан фойдаланиш турлари учун тўловлар суммасининг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармасига, қолган 50 фоизи ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг ҳисоб рақамига тушади ва ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг даромади ҳисобланади. Агар ўрмондан доимий фойдаланувчилар бюджет ташкилотлари бўлган тақдирда, ўрмондан фойдаланишнинг кўрсатиб ўтилган турлари учун тўловлар суммасининг 50 фоизи уларнинг бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаларига тушади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 апрелдаги 282-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.04.2018 й., 09/18/282/1055-сон)
7. Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар юридик шахслар томонидан нақд пулсиз шаклда, жисмоний шахслар томонидан эса нақд пул ёки нақд пулсиз шаклларда амалга оширилади.
8. Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар қуйидаги тартибда амалга оширилади:
ўрмондан фойдаланишнинг бир календарь йилигача бўлган муддат учун — ўрмондан фойдаланиш бошлангунга қадар 100% миқдорида;
ўрмондан фойдаланишнинг бир йилдан ортиқ бўлган муддати учун ҳар бир календарь йилнинг январь ойида ёки фойдаланиш мавсуми бошланишида жорий календарь йил учун 100% миқдорида.
9. Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар қуйидаги ҳолатларда қайтарилади:
ўрмонларнинг ҳолатига салбий таъсирларнинг олдини олиш мақсадида ўрмонга оид муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан ўрмондан фойдаланишнинг алоҳида турларини тўхтатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда;
ўрмондан доимий фойдаланувчилар фаолияти тўхтатилганда;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўрмон фонди ерлари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда.
(9-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 февралдаги 76-сонли қарори таҳририда)
10. Тўловларни қайтариш ўрмондан вақтинча фойдаланувчи томонидан ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжат илова қилинган ҳолда ариза берилган кундан бошлаб йигирма иш куни мобайнида амалга оширилади.
11. Қайтариладиган тўлов миқдори ўрмондан фойдаланиш тури бўйича ҳақиқатда фойдаланилмаган муддатдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади.
IV. Ўрмондан фойдаланиш учун тўловлар бўйича имтиёзлар
12. Ўрмондан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш ўрмондан вақтинча фойдаланувчиларнинг қуйидаги тоифалари томонидан бепул амалга оширилади:
мактабгача ёшдаги болалар;
ўзларининг табиат билан боғлиқ тегишли дастурлари бўйича давлат ўрмон фонди участкаларидан фойдаланадиган мактабгача таълим муассасаларининг тарбиячилари ва тарбияланувчилари, умумтаълим муассасаларининг ўқитувчи ва ўқувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва талабалари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари ва «Ғамхўрлик» марказларига жойлаштирилган шахслар;
(12-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ногиронлиги бўлган шахслар;
(12-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги 62-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1941 — 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;
(12-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги 62-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон)
атом объектларидаги ҳалокатлар оқибатида келиб чиққан юқори радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллигига ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки уларни бошидан кечирган шахслар.
V. Якунловчи қоидалар
13. Ўрмондан фойдаланишда келиб чиқадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
14. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Ўрмондан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорини ва уларни ундиришни тартибга солиш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Ўрмондан фойдаланишнинг алоҳида турлари учун ундириладиган тўловлар
миқдори
Олдинги таҳрирга қаранг.

Т/р

Ўрмондан фойдаланиш турлари

Юридик ва жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициент

1.

Ўрмон фондининг рухсат этилган ҳудудларида чорва молларини боқиш учун (бир бош чорва моли учун бир мавсумга):

йирик қорамол, от, эшак ва туя

2 ёшгача бўлган бузоқ, от, эшак ва туя

6 ойликдан катта қўй ва эчкилар

6 ойликгача бўлган қўй ва эчкилар (она сути билан озиқланадиган бузоқ, бўталоқ, хўтик, қўзи ва улоқлар учун тўлов ундирилмайди)

0,45

0,15

0,1

0,03

2.

Ўрмон фонди участкаларида пичан ўриш (1 гектар учун)

1,5

3.

Ўрмон фонди участкаларида асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш (бир асалари оиласи учун 1 мавсумга)

0,05

4.

Ўрмон фонди участкаларида дарахт ва буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш учун (1 м куб)

0,4

5.

Давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш учун, ҳар бир киши учун 1 суткага

0,05

Изоҳлар:
юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат ўрмон фонди участкаларидан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш ўрмондан доимий фойдаланувчилар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади;
ёввойи ўсимликларнинг доривор хом ашёсини тайёрлаш (йиғиш) ва озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни тайёрлаш (йиғиш), шунингдек давлат ўрмон фонди участкаларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжларига фойдаланиш учун тўловлар қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилади.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 сентябрдаги 278-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«10. Юридик ва жисмоний шахсларга ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликларни ғамлаганлик (йиғганлик) учун тўловларни камайтириш бўйича қуйидаги миқдорларда имтиёз берилади:
белгиланган тўловларнинг 50 фоизи миқдорида — Қизил китобга кирмайдиган ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар рўйхатига киритилган ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлардан (яланғоч қизилмиядан ташқари) экстракт тайёрланганда ёки экстракт ишлаб чиқарувчи қайта ишлаш ташкилотлари билан уларни хом ашё сифатида етказиб бериш юзасидан шартномалар мавжуд бўлганда;
белгиланган тўловларнинг 90 фоизи миқдорида — плантациялар ташкил этиш мақсадида экиш материаллари (уруғлари, кўчатлари) учун;
белгиланган тўловларнинг 90 фоизи миқдорида — яланғоч қизилмия илдизидан экстракт тайёрланганда ёки экстракт ишлаб чиқарувчи қайта ишлаш ташкилотлари билан яланғоч қизилмия илдизини хом ашё сифатида етказиб бериш юзасидан шартномалар мавжуд бўлганда.
Ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар рўйхати, шунингдек Республика бўйича ғамлаш (йиғиш) ҳажмлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси ва республиканинг ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлардан экстракт ишлаб чиқарувчи қайта ишлаш ташкилотлари буюртманомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади».
2. 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. 13-иловадаги бешинчи сатр чиқариб ташлансин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 39-сон, 511-модда; 2016 й., 24-сон, 286-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.04.2018 й., 09/18/282/1055-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)