toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 03.02.2014
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси фаолиятини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 январдаги 20-сонли «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган Халқаро хайрия фондини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Соғлом авлод» давлат дастурини амалга оширишда «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг фаол қатнашиши учун шарт-шароитлар яратиш, Жамғарма функциялари кенгайганлигини ҳисобга олган ҳолда унинг моддий ва маънавий базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг муҳим вазифалари деб ҳисоблансин:
«Соғлом авлод» давлат дастури бажарилишини таъминлаш учун зарур маблағлар ва ресурсларни сафарбар қилиш, жамоатчиликни, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларини унга фаол жалб қилиш;
«Соғлом авлод» давлат дастурининг мақсадлари ва мазмунини, она ва бола соғлигини мустаҳкамлашни, соғлом авлодни шакллантириш ва тарбиялашда оиланинг ролини кучайтиришни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишни ташкил этиш;
хорижий ва мамлакатимиз ҳомийларининг мурувват хайрия ёрдами маблағларини жалб қилиш ва тўплаш ишларини фаол олиб бориш;
жамоат ва нодавлат тузилмаларининг соғлом авлодни шакллантиришга қаратилган, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга доир саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш;
аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига, энг аввало кўп болали оилаларга, камқонлик касаллигига дучор бўлган аёлларга, ногирон болаларга ҳамда болалар, меҳрибонлик уйлари ва интернатларда тарбияланаётган болаларга мурувват ёрдами кўрсатиш;
она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш.
2. «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг тузилмасига ва унинг Васийлик кенгаши таркибига 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ розилик берилсин.
* 2-илова берилмайди.
Васийлик кенгашига:
Жамғарманинг моддий-техника ва молиявий негизи мустаҳкамланишида, «Соғлом авлод» давлат дастурини амалга ошириш бўйича Жамғармага юкланган функциялар рўёбга чиқарилишида унга ҳар томонлама кўмаклашиш;
Жамғарма томонидан сафарбар қилинаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат қилинишини таъминлаш, Жамғарма бошқаруви раиси ва унинг тузилмаларининг жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш тавсия қилинсин.
3. Қуйидагилар:
«Соғлом авлод учун» жамғармаси марказий аппарати ва унинг минтақавий филиаллари тузилмаси 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Жамғарма бошқаруви раиси мақомига кўра Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарига, жамғарма минтақавий филиаллари раҳбарлари эса — соғлиқни сақлаш минтақавий органлари раҳбарлари ўринбосарларига тенглаштирилсин.
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасига Жамғарма ҳузурида Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этиш, унинг таркибига амалиётчи мутахассислар, тиббиёт ўқув юртларининг олимлари ва ўқитувчиларини киритиш тавсия қилинсин.
Белгилансинки, Жамғарма аппарати ва унинг минтақавий филиаллари сарф-харажатлари Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобига қопланади.
4. «Соғлом авлод учун» жамғармасининг асосий пул маблағлари:
Жамғарма қатнашчиларининг пул бадаллари;
бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағлари ҳамда ҳам Ўзбекистон Республикаси резидентлари, ҳам Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик маблағлари;
Жамғарма фаолиятидан олинган даромадлар, шунингдек, Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш мақсадида у томонидан таъсис этилган корхоналар ва ташкилотларнинг даромадлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилиши маълумот учун қабул қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда:
2000 йил I чораги якунларидан бошлаб ҳар чоракда «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасига бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобига қўшимча маблағлар йўналтирилишини назарда тутсин, ушбу маблағлар «Соғлом авлод» давлат дастурини амалга оширишга мақсадли йўналтирилсин;
икки ҳафта муддатда Жамғарманинг кўрсатиб ўтилган қўшимча маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
«Соғлом авлод учун» жамғармасини у устав вазифаларини ҳал этишида доимий равишда самарали қўллаб-қувватласинлар;
бир ой муддатда Жамғарманинг минтақавий филиалларини мослаштирилган биноларда жойлаштириш, уларни филиаллар ўз функцияларини бажариши учун мебель ҳамда зарур техника ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш чора-тадбирларини кўрсинлар.
7. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига, «Маҳалла» ва «Камолот» жамғармаларига, «Оила» марказига, хотин-қизлар қўмиталарига ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари ва жамғармаларга «Соғлом авлод» давлат дастурининг амалга оширилишини таъминлашда «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси билан фаол ўзаро ҳамкорлик қилиш тавсия қилинсин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 3 июндаги 268-сон қарорининг 1—3, 9-бандлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 28 октябрдаги 524-сон қарорининг 7-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, идоравий меъёрий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштириш тўғрисида таклиф киритсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 4 март,
74-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 4 мартдаги 74-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғарманинг
ТУЗИЛМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 4 мартдаги 74-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси марказий аппарати
ТУЗИЛМАСИ

Лавозимлар‎

Ходимлар сони ‎

Раҳбарият‎

Бошқарув раиси — Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари‎ 1‎
Ижрочи директор‎ 1‎
Кадрлар бўйича инспектор‎ 1‎

Оналик ва болалик бўлими‎

Бўлим бошлиғи‎ 1‎
Бош мутахассис‎ 1‎
Етакчи мутахассис‎ 1‎

Мурувват ёрдами бўлими‎

Бўлим бошлиғи‎ 1‎
Бош мутахассис‎ 1‎
Етакчи мутахассис‎ 1‎

Ташкилий-услубий бўлим‎

Бўлим бошлиғи‎ 1‎
Бош мутахассис‎ 1‎
Етакчи мутахассис‎ 2‎

Маблағлардан мақсадли фойдаланилишини молиявий назорат қилиш бўлими‎

Бўлим бошлиғи‎ 1‎
Бош мутахассис‎ 1‎
Етакчи мутахассис‎ 1‎

Бухгалтерия‎

Бош бухгалтер‎ 1‎
Бухгалтер‎ 1‎

Жами:‎

18‎
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 4 мартдаги 74-сон қарорига
4-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси минтақавий филиалининг
ТУЗИЛМАСИ

‎Лавозимлар

Ходимлар сони ‎

Директор‎

1‎

Бош мутахассис — «Соғлом авлод» давлат дастурини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи‎

1‎

Етакчи мутахассис (молиячи)‎

1‎

Бухгалтер‎

1‎

Жами:‎

4‎
Изоҳ: минтақавий филиалларга юкланган функцияларни Тошкент шаҳри бўйича Жамғарма марказий аппарати бажаради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 4 мартдаги 74-сон қарорига
5-ИЛОВА
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармаси (кейинги ўринларда «Жамғарма» деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 23 апрелдаги ПФ-596-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 3 июндаги 268-сон ва 2000 йил 4 мартдаги 74-сон қарорлари билан ташкил этилган.
2. Жамғарма ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамоат ташкилоти сифатида давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади. Хўжалик мустақиллиги асосида фаолият кўрсатади, ўз мол-мулкига, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига эга бўлади. Мулкий ва мулкий бўлмаган ҳуқуқларга ўз номидан эга бўлади, тегишли мажбуриятларни бажаради.
3. Жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Уставга ва Жамғарма Уставига мувофиқ амалга оширади.
4. Жамғарма исталган шаклда улуш қўшиш учун Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар, халқаро ташкилотлар учун очиқдир.
5. Жамғарманинг фаолияти хайрия тусидадир. Унинг маблағлари, уларнинг тушиш манбаларидан қатъи назар, уставда кўрсатилган вазифалар ва мақсадларга эришиш учун сарфланади.
6. Жамғарманинг юридик манзили: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Охунбобоев кўчаси, 15-уй.
II. ЖАМҒАРМАНИНГ МАҚСАДИ, АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШЛАРИ
7. 2000 йил Ўзбекистон Республикасида «Соғлом авлод йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан «Соғлом авлод» давлат дастури амалга оширилишида фаол қатнашиш, соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, юксак инсоний қадриятларга асосланган ҳаётий нуқтаи назарга эга бўлган маънавий бой, ахлоқий етук ақл-заковатли, юқори билимли жисмонан соғлом, уйғун ривожланган шахсни камол топтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Жамғарма фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
8. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:
«Соғлом авлод» давлат дастури бажарилишини таъминлаш учун зарур маблағлар ва ресурсларни сафарбар қилиш, жамоатчиликни, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларини унга фаол жалб қилиш;
«Соғлом авлод» давлат дастурининг мақсадлари ва мазмунини, она ва бола соғлигини мустаҳкамлашни, соғлом авлодни шакллантириш ва тарбиялашда оиланинг ролини кучайтиришни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишни ташкил этиш;
хорижий ва мамлакатимиз ҳомийларининг мурувват хайрия ёрдами маблағларини жалб қилиш ва тўплаш ишларини фаол олиб бориш;
жамоат ва нодавлат тузилмаларининг соғлом авлодни шакллантиришга қаратилган, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга доир саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш;
республиканинг бутун ҳудудида аҳолини соғлом авлод туғиш, тарбиялаш ва оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ялпи ўқитиш тизимини ташкил этишга, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган комплекс ижтимоий ва ташвиқот-тарғибот дастурларини ташкил этиш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан ижтимоий онгда тўлақонли, уйғун ривожланган ва соғлом авлод туғилиши ва тарбияланиши учун юксак жавобгарлик психологияси шакллантирилишига кўмаклашиш;
аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига, энг аввало кўп болали оилаларга, камқонлик касаллигига дучор бўлган аёлларга, ногирон болаларга ҳамда болалар, меҳрибонлик уйлари ва интернатларда тарбияланаётган болаларга мурувват ёрдами кўрсатиш;
туғишга ёрдам берувчи ва болалар муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, уларни ихтисослаштирилган асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга, ялпи самарали даволаш воситалари билан таъминлашга кўмаклашиш;
болаларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, билим олишлари ва уларни тарбиялаш учун шарт-шароитларни яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш;
«Меҳрибонлик» уйларида, мактаб-интернатларда ва ихтисослаштирилган мактабларда тарбияланаётган болаларга ёрдам кўрсатиш;
оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш.
9. Қайд этиб ўтилган вазифаларга эришиш учун Жамғарма қуйидаги йўналишлар бўйича фаолият кўрсатади:
тиббиёт, овқатланиш, экология соҳаларида ҳамда оналик ва болаликнинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш бўйича бошқа йўналишлар соҳасида янги технологиялар, техника ва асбоб-ускуналар жорий этилишини ташкил этиш;
она ва бола ҳаёт фаолиятининг ҳуқуқий, ахлоқий-этик, ижтимоий-руҳий шарт-шароитларини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
республикада болалар озиқ-овқатини яхшилаш, унинг саноат йўли билан ишлаб чиқарилишини кўпайтириш;
туғруқхона комплексларига, қишлоқ врачлик пунктларига, болалар уйларига, аёллар маслаҳатхоналарига ва оналик билан боғлиқ бўлган бошқа муассасаларга васийлик ва ғамхўрлик қилишни амалга ошириш;
аҳолининг тиббий маданиятини ошириш учун Жамғарма ҳузурида Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкил этиш;
Жамғарманинг юридик шахс мақомига эга бўлган филиалларини ташкил этиш;
оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш учун Жамғарма ҳузурида ихтисослаштирилган корхоналар ва ташкилотлар ташкил этиш.
III. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА БУРЧЛАРИ
10. Жамғарма қайд этиб ўтилган вазифаларни ва фаолият йўналишларини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
ўз ваколати доирасида юридик ва жисмоний шахслар билан ҳуқуқий актларни мустақил амалга ошириш;
кенг тушунтириш ишлари ёрдамида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва хорижий фуқароларнинг, жамоат ташкилотларининг, банкларнинг, корхоналар ва фирмаларнинг ҳам пул маблағлари кўринишида, ҳам адабиёт ва санъат асарлари, илмий ва лойиҳа ишланмалари, машиналар, асбоб-ускуналар, иншоотлар ва бошқа моддий бойликлар кўринишидаги кўнгилли улушларини жалб этиш;
давлат ташкилотлари билан ҳамда бошқа ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва фирмалар билан биргаликда ўз лойиҳа ва дастурларини амалга ошириш;
миллий ва эркин алмаштириладиган валютада кредитлар олиш, ўз номидан шартномалар ва контрактлар тузиш, мулкий ҳуқуқларга эга бўлиш, судда даъвогар ва жавобгар бўлиш;
Уставда кўрсатилган ўз вазифаларини бажариш учун ишлаб чиқариш, илмий ва бошқа корхоналар, ташкилотлар ва фирмалар, шу жумладан хорижий шериклар билан биргаликда, вақтинчалик таркибий бўлинмалар ташкил этиш;
инновация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
юридик ва жисмоний шахсларга инжиниринг, маслаҳат, ахборот хизматлари ва хизматларнинг бошқа турларини кўрсатиш;
ноширлик, ахборот, маданий-маърифий фаолиятни амалга ошириш;
кўргазмалар, савдо-сотиқ ярмаркалари, товарлар, маҳсулотлар (ишлар, хизматлар), санъат асарлари ким ошди савдолари, телемарафонлар, концертлар ва бошқа томоша тадбирлари ўтказиш;
лотереялар чиқариш;
Жамғарма мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ танловлар ўтказиш ҳамда мукофотлар таъсис этиш;
ўз мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда миллий ва хорижий валюталарда банк ҳисоб рақамларига эга бўлиш;
Жамғарма мақсадларини таъминлаш учун тиббиёт асбоб-ускуналари ва анжомлари, дори-дармонлар, болалар овқати ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маблағ билан таъминлаш;
белгиланган тартибда халқаро жамоат ташкилотларига ва ихтисослаштирилган ташкилотларга кириш, шунингдек амалий алоқаларга киришиш.
11. Жамғарма:
«Соғлом авлод» давлат дастурини амалга оширишда фаол қатнашиши;
Жамғарма томонидан сафарбар қилинаётган молиявий маблағлардан қатъий мақсадга мувофиқ фойдаланилишини таъминлаши;
ўзига қарашли корхоналар ва ташкилотларнинг фаолияти ҳамда ўтказилаётган барча тадбирлар устидан мақсадга қаратилган раҳбарликни ва мунтазам назоратни таъминлаши шарт.
IV. ЖАМҒАРМА ҚАТНАШЧИЛАРИ
12. Давлат, жамоат, илмий ва ижодий ташкилотлар, биржалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, банклар, акциядорлик жамиятлари ва уюшмалар, шу жумладан хорижий, халқаро ташкилотлар, шунингдек Жамғарманинг асосий вазифаларини рўёбга чиқаришда ихтиёрий асосда қатнашувчи бошқа жисмоний шахслар (резидентлар ва норезидентлар) Жамғарманинг қатнашчилари ҳисобланадилар.
V. БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ
13. Жамғарма бошқарувининг юқори органи Жамғарма қатнашчиларининг конференцияси ҳисобланади. Конференция Жамғарма Уставига мувофиқ фаолиятнинг асосий йўналишларини белгилайди.
Конференцияда Жамғарма бошқаруви, бошқарув раиси, тафтиш комиссияси сайланади, Жамғарманинг ижрочи директори тасдиқланади.
14. Жамғарма Уставда кўрсатилган ўз фаолиятини амалга оширишига ҳар томонлама кўмаклашиш, унинг моддий-техника ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, шунингдек Жамғарма томонидан сафарбар этиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш учун Васийлик кенгаши ташкил этилади.
Васийлик кенгаши йилнинг ҳар чорагида Жамғарма бошқаруви раисининг Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботини эшитиши ва тасдиқлаши шарт.
15. Назорат-тафтиш комиссияси Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши, Жамғарманинг, унга қарашли корхоналар ва ташкилотларнинг молиявий ва хўжалик фаолияти устидан назоратни амалга оширади.
16. Жамғарма бошқаруви раиси ва аъзолари Жамғарма қатнашчилари конференцияси томонидан сайланади.
Жамғарма бошқаруви раиси мақомига ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарига тенглаштирилади.
17. Жамғарма бошқаруви раиси Жамғармага раҳбарлик қилади ҳамда Жамғарма ва минтақавий филиаллар фаолияти учун жавоб беради, Жамғарма номидан ишончномасиз иш кўради, бошқа юридик шахслар, шу жумладан хорижий юридик шахслар билан муносабатларда Жамғарма манфаатларини ифодалайди, бошқарув қарорларини имзолайди.
Бошқарув раис раҳбарлиги остида:
Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича унинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
Жамғарма марказий аппарати, унинг минтақавий филиаллари ва ваколатхоналари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади;
ҳар хил ташкилотларда, шу жумладан хорижий ташкилотларда Жамғарма манфаатларини ифодалайди.
18. Жамғарма марказий аппаратининг жорий фаолиятига ижрочи директор раҳбарлик қилади, у Жамғарма номидан ишончномасиз иш кўради, ўз ваколати доирасида буйруқлар чиқаради, меҳнат тўғрисидаги қонунларга мувофиқ ходимларни (Жамғарма бошқаруви билан келишган ҳолда) ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, штат жадвалини, марказий аппарат ва минтақавий филиалларнинг жорий сарф-харажатлари сметасини тасдиқлайди, Жамғарма маблағларини белгиланган тартибда тасарруф қилади, юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузади.
19. Жамғарма минтақавий филиаллари раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ҳокимларининг тавсиясига кўра Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда тайинланадилар ҳамда мақомига ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра соғлиқни сақлаш минтақавий органлари раҳбарларининг ўринбосарларига тенглаштириладилар.
20. Жамғарма марказий аппаратининг штатдаги ходимлари сони 18 нафар этиб (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), минтақавий филиаллар ходимлари сони эса 4 нафар этиб белгиланади.
Жамғарма аппарати ва унинг минтақавий филиалларининг сарф-харажатлари Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
Жамғарма марказий аппарати ва унинг минтақавий филиаллари ходимларининг лавозим маошларини белгилашда Ягона тариф сеткаси бўйича қуйидаги тариф разрядлари қўлланилади:

Лавозимлар номи‎

Ягона тариф сеткаси
‎бўйича разряд‎

Ижрочи директор‎

16‎

Бўлим бошлиғи‎

14‎

Бош мутахассис‎ (мувофиқлаштирувчи)

12‎

Етакчи мутахассис‎

11‎

VI. ЖАМҒАРМАНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ
21. Жамғарманинг мол-мулки асосий воситалардан ва Жамғарма қатнашчиларининг бадаллари ҳамда бошқа тушумлар ҳисобига Жамғарма томонидан сотиб олинган бошқа активлардан шаклланади.
22. «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг пул маблағлари:
Жамғарма қатнашчиларининг пул бадалларидан;
бюджетдан ташқари жамғармалар ажратиладиган маблағлардан;
Ўзбекистон Республикасининг ҳам резидентлари, ҳам норезидентлари бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик маблағларидан;
Жамғарма фаолиятидан, шунингдек Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш мақсадида у томонидан ташкил этилган корхоналар ва ташкилотлар фаолиятидан олинган даромадлардан;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлардан шаклланади.
23. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари йиллик сметаси Жамғарма бошқарувининг тақдимномасига кўра Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
Жамғарма маблағлари биринчи навбатда тегишли давлат дастурлари ва Ҳукумат қарорлари билан назарда тутилган тадбирларга, энг аввало «Соғлом авлод» давлат дастурини амалга оширишга сарфланади.
Жамғарма минтақавий филиаллари ҳисоб рақамларидаги маблағлар қолдиғи календарь йил охиридаги ҳолатига кўра уч кун муддатда уларни Жамғарма марказий аппаратининг махсус ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан тўпланади ва ундан навбатдаги календарь йилда мақсадли харажатларни маблағ билан таъминлаш учун фойдаланилиши мумкин.
24. Жамғарма солиқлар, йиғимлар ва тўловларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлайди.
25. Жамғарма ва унинг минтақавий филиаллари ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради.
Давлат Жамғарма мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, Жамғарма эса давлат мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
26. Жамғарманинг мулкий ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг жамоат ташкилотлари учун белгиланган қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилинади.
VII. ЖАМҒАРМАНИ ТУГАТИШ
27. Жамғарма фаолияти Жамғарма конференциясининг қарорига кўра ёки қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда тўхтатилади.
28. Тугатилган Жамғарманинг кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулки давлат ихтиёрига ўтади.