Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
Қарори
Очиқ майдонларда ўрнатиладиган монитор, саҳна, сунъий арча ва бошқа вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш, монтаж қилиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 3 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3805]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПҚ-186-сон «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Очиқ майдонларда ўрнатиладиган монитор, саҳна, сунъий арча ва бошқа вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш, монтаж қилиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Маданият вазирлиги, Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 19 март,
33-сон
Келишилди:
Ички ишлар вазири А. ТАШПУЛАТОВ
2026 йил 18 март
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
2026 йил 11 март
Миллий гвардия қўмондони Б. ТАШМАТОВ
2026 йил 3 март
Фавқулодда вазиятлар вазири Б. КУДРАТХОДЖАЕВ
2026 йил 23 январь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
2026 йил 23 январь
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Д. ИСАҚУЛОВ
2026 йил 20 январь
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
2025 йил 30 декабрь
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси биринчи ўринбосари Ж. ЖАББОРОВ
2025 йил 26 декабрь
Маданият вазири О. НАЗАРБЕКОВ
2025 йил 25 декабрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 24 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 19 мартдаги 33-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Очиқ майдонларда ўрнатиладиган монитор, саҳна, сунъий арча ва бошқа вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш, монтаж қилиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар очиқ майдонларда ўрнатиладиган монитор, саҳна, сунъий арча ва бошқа вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш, монтаж қилиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоида
1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
очиқ майдонлар — бино ва иншоотлардан ташқарида очиқ ҳавода жойлашган ва оммавий тадбирларни ўтказиш учун ажратилган ва фойдаланишга мўлжалланган ҳудудлар;
вақтинчалик иншоотлар — очиқ майдонларда муайян муддатга мўлжаллаб ўрнатиладиган, фойдаланиш зарурати тугаганидан сўнг демонтаж қилиниши мумкин бўлган объектлар;
саҳна — очиқ майдонларда оммавий тадбирларни (мусиқий, адабий ва бошқа фестиваллар, концерт, театр, миллий намойишлар, кўриктанловлар ва бошқалар) ўтказиш учун ажратилган махсус ҳудуд;
монитор — визуал ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган экранли қурилма;
сунъий арча — декоратив мақсадлар учун ўрнатиладиган иншоот;
ёритиш тизими — ёритиш учун қўлланиладиган электр жиҳозлари;
эвакуация йўллари — фавқулодда вазиятларда одамларни очиқ майдонлардан хавфсиз чиқариш учун белгиланган йўллар.
2-боб. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш ва монтаж қилиш
2. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш ва монтаж қилиш фақат махсус тайёргарликка эга мутахассислар томонидан амалга оширилиши лозим.
Бунда монтаж ишлари бошланишидан олдин ҳар бир монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотлар бўйича оммавий тадбирларни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахслар томонидан лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши керак.
3. Лойиҳа ҳужжатларида қуйидагилар ҳисобга олиниши керак:
очиқ майдонларнинг рельефи ва геотехник ҳолати;
очиқ майдонлардаги шамол юкламаси ва сейсмик фаоллик даражаси;
очиқ майдонлардаги электр таъминоти, эвакуация йўллари ва одамларнинг ҳаракат йўналиши;
монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларни конструктив жиҳатдан мустаҳкамлиги.
4. Очиқ майдонларда монитор, саҳна ва вақтинчалик иншоотларни ўрнатишда мазкур Қоидаларнинг 1-иловасида келтирилган эскизлардан фойдаланиш керак.
Очиқ майдонларда сунъий арчани ўрнатишда ушбу Қоидаларнинг 2-иловасида келтирилган схемадан фойдаланиш тавсия этилади.
5. Вақтинчалик иншоотлар икки қаватдан ортиқ бўлса, улардаги зинапоялар маршининг кенглиги қуйидагича бўлиши керак:
юз нафар ва ундан ортиқ одамлар бўладиган вақтинчалик иншоотларда — 1,35 метр;
юз нафардан кам одамлар бўладиган вақтинчалик иншоотларда — 1,2 метр.
Зинапоялар маршининг узунлиги 35 сантиметрдан кам бўлмаслиги лозим.
6. Вақтинчалик иншоотларнинг зинапоялари маршининг орасидаги оралиқ майдоннинг кенглиги камида 1 метр этиб белгиланиши керак.
7. Вақтинчалик иншоотлардаги йўлакларнинг узунлиги 30 метр ва ундан ортиқ бўлса, йўлакларнинг кенглиги 1,6 метр бўлиши зарур.
Агар йўлакларнинг узунлиги 30 метрдан кам бўлса, йўлакларнинг кенглиги 1,2 метр бўлиши лозим.
8. Вақтинчалик иншоотлардаги эвакуация йўлакларнинг бутун узунлиги бўйлаб баландлиги 1,5 см дан ортиқ бўлган остоналар (порог) ва чиқиш жойларида зинапоялар ўрнатишга йўл қўйилмайди.
9. Вақтинчалик иншоотларда томошабинлар учун курсилар мавжуд бўлса, уларнинг олди ва орқа қаторлари орасидаги масофа йўлакчалар ҳосил қилинган ҳолда 0,45 метрдан кам бўлмаслиги керак.
Ён курсилар орасидаги йўлакларнинг кенглиги 0,9 метрдан кам бўлмаслиги лозим.
Қаторлардан чиқиш бир томонлама бўлганда ушбу қаторларга узлуксиз ўрнатиладиган ўриндиқлар сони 26 тадан ошмаслиги, қатордан чиқиш икки томонлама бўлганда узлуксиз ўрнатиладиган ўриндиқлар сони 50 тадан ошмаслиги керак.
10. Вақтинчалик иншоотларнинг баландлиги 10 метр ва ундан юқори бўлганда уларнинг том қисмида қорни тутиб қолувчи тўсиқлар ўрнатилиши зарур.
11. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларни монтаж қилишни бошлашдан олдин барча ускуналар ва конструкциялар кўздан кечирилиши керак.
12. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларни монтаж қилиш жараёнида қуйидагилар таъминланиши керак:
ер асоси мустаҳкамлиги ва текислиги;
шамол ва ёмғир таъсирида монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларнинг барқарорлиги.
13. Монтаж ва демонтаж қилиш ишларини амалга оширувчи шахслар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши керак.
14. Баландлиги 3 метрдан юқори бўлган монитор, саҳна, сунъий арчалар ва вақтинчалик иншоотларни монтаж қилишда хавфсизлик арқонлари ва махсус устунлардаги платформалардан фойдаланилиши керак.
15. Махсус тайёргарликка эга мутахассислар томонидан металл конструкцияларни монтаж қилишдан олдин барча маҳкамлаш элементларининг (болт, гайка ва бошқалар) мустаҳкамлиги текширилиши керак.
Бунда носоз, занглаган ёки деформацияланган элементлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
16. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларни монтаж қилиш жараёнида вақтинчалик устунлар, бетон ёки металл асослардан фойдаланишда уларнинг юк кўтариш қобилияти инобатга олиниши лозим.
17. Очиқ майдонларда шамол босими 25 m/s гача бўлган ҳолатларда монитор, саҳна, сунъий арчалар ва вақтинчалик иншоотлар барқарорлигини сақлаш чоралари кўрилиши лозим.
18. Монтаж қилиш жараёнида электр таъминоти ускуналари фақат ерга уланган ҳолда ишлатилиши керак.
19. Сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларни монтаж қилиш жараёнида уларнинг қулаб тушишининг олдини олиш мақсадида сунъий арча ва вақтинчалик иншоотлар қўшимча маҳкамловчи трослар ёрдамида мустаҳкамланиши зарур.
20. Махсус тайёргарликка эга мутахассислар томонидан монтаж қилиш жараёни якунлангач, монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларнинг барқарорлиги, юк кўтариш қобилияти ҳамда электр хавфсизлиги текширилиши лозим.
21. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотлардан фойдаланиш даврида уларнинг ҳолати мунтазам мониторинг қилиб борилиши, шамол, ёмғир ва сейсмик таъсирлардан кейин улар қўшимча кўрикдан ўтказилиши керак.
22. Очиқ майдонларда шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятини, ёнғин-қутқарув бўлинмалари, тез тиббий ёрдам ва махсус хизматлар транспорт воситаларининг ўтиш йўлларининг мавжудлиги ҳисобга олиниши керак.
3-боб. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларнинг материаллари ва уларнинг конструкциялари
23. Конструкция элементлари мустаҳкам, барқарор, оловбардош ва механик таъсирларга бардошли бўлиши керак.
Конструкция элементларининг юк кўтарувчи қисмлари лойиҳа юкламасининг камида 1,5 баробар захирасига эга бўлиши керак.
24. Металл элементлар коррозияга қарши ва ёғоч элементлар ёниш хусусиятини пасайтирувчи кимёвий моддалар билан ишловдан ўтказилган бўлиши керак.
25. Материаллар ва конструкциялар шамол юкламаси 25 m/s ва сейсмик юкламаси 7 баллгача бўлган ҳолатларда барқарорлигини сақлаши керак.
26. Мониторлар ва уларнинг ёритиш тўсиқлари шамол юзасини қисқартирувчи ёпиқ панеллар билан жиҳозланиши керак.
27. Электр ёритиш ва аудио тизимлари механик тебранишлардан ҳимоя қилинган бўлиши керак.
28. Махсус тайёргарликка эга мутахассислар томонидан материаллар ҳамда конструкциялардаги барча туташувчи жойлар, болт бирикмалари ва устун асослари монтаждан сўнг муҳрланиши керак.
29. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларда деформация ёки тарқоқ ёриқлар аниқланган тақдирда улардан фойдаланиш тақиқланади.
4-боб. Электр ва ёнғин хавфсизлиги
30. Монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш, монтаж қилиш ва улардан фойдаланиш ишлари электр хавфсизлиги бўйича камида III гуруҳга мансуб мутахассислар томонидан амалга оширилиши керак.
31. Электр линияларидаги ноқонуний уланиш, изоляциянинг бузилиши ёки рухсат этилгандан ортиқ миқдорда юклама уланишига йўл қўйилмайди.
32. Ёритиш тизимлари IP44 даражасидан паст бўлмаган ҳимоя кўрсаткичига эга бўлиши керак.
Сувли ёки нам муҳитда IP65 ва ундан юқори даражадаги ҳимоя кўрсаткичига эга бўлган ёритиш тизимларидан фойдаланиш лозим.
33. Электр шчитлар ва генераторлар одамлар ҳаракатланиш йўлидан камида 2 метр узоқликда жойлаштирилиши ва тўсиқ билан ажратилиши керак.
34. Ёритиш ва аудио тизимлар қуввати электр схемасида кўрсатилган юклама меъёрларидан ортиқ бўлмаслиги керак.
35. Электр ускуналаридан фойдаланишдан олдин махсус электр ўлчов асбоблари билан ерга уланиш контури ва изоляция қаршилиги ўлчаниши зарур.
36. Вақтинчалик иншоотларнинг ҳар бирида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун камида иккита ўт ўчириш воситаси бўлиши лозим.
37. Электр узилишлар ёки фавқулодда вазиятларда электр тизимлари хавфсиз ўчириш тизими билан таъминланган бўлиши керак.
38. Вақтинчалик иншоотларда фойдаланиладиган электр симлари изоляция қопламаси билан, оёқ остида жойлаштирилганлари махсус қоплама билан ҳимояланган бўлиши лозим.
39. «Янги йил» байрамини нишонлашда сунъий арчалардан фойдаланилганда сунъий арчалар электр таъминотининг тахминий режаси мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ бўлиши керак.
40. Вақтинчалик иншоотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида масъул шахс тайинланиши лозим.
5-боб. Хавфсизлик белгилари ва эвакуация талаблари
41. Вақтинчалик иншоотларни монтаж қилиш ишларида қуйидаги хавфсизлик белгилари ўрнатилиши керак:
«Бегона шахслар кириши тақиқланади!» — монтаж қилиш ишлари олиб борилаётган жойларнинг кириш қисмига;
«Юк кўтариш ишлари олиб борилмоқда!» — монтаж қилиш ишларида юк кўтариш жараёнлари олиб борилаётган жойларнинг олдига;
«Ҳимоявий бош кийим (шлем) кийинг!» — монтаж қилиш ишлари олиб борилаётган жойларнинг кириш қисмига;
«Эҳтиёт бўлинг, электр хавфи!» — монтаж қилиш ишлари олиб борилаётган жойлардаги электр жиҳозлари олдига;
«Баландликда ишлашда эҳтиёт бўлинг!» — монтаж ишлари олиб борилаётган баландликдаги жойларга.
Вақтинчалик иншоотларни монтаж қилиш ишлари якунлангач қуйидаги белгилар ўрнатилган бўлиши лозим:
«Чиқиш» — вақтинчалик иншоотлардан чиқиш жойлари олдига;
«Эвакуация йўли» — вақтинчалик иншоотларидаги эвакуация йўллари олдига;
«Қўл билан ушламанг, юқори кучланиш!» — вақтинчалик иншоотлардаги электр жиҳозлари олдига.
Саҳна ва сунъий арча атрофига «Огоҳ бўлинг, ҳаракатланувчи қисмлар!» белгиси ўрнатилган бўлиши зарур.
Ушбу белгиларнинг матни умум қабул қилинган хорижий тилларда ҳам ифодаланиши мумкин.
42. Мазкур Қоидаларнинг 41-бандида келтирилган белгилар барча ходимлар ва ташриф буюрувчилар учун аниқ кўриниб туриши ҳамда тунда ушбу белгилар ёритиладиган ёки фотолюминесценция материаллардан тайёрланган бўлиши керак.
43. Вақтинчалик иншоотларни монтаж қилиш ишлари якунлангач хавфсизлик белгилари олиб ташланиши керак ва монтаж қилиш ишлари якунлангач ўрнатиладиган белгилар ҳамда саҳна ва сунъий арча атрофига ўрнатиладиган белгилар доимий сақланиши лозим.
44. Эшитиш ва сигнализация тизимлари ҳамда монитор оммавий тадбир вақтида хавф ҳақидаги огоҳлантирувчи аудио ва визуал сигналларни узатиш имкониятига эга бўлиши керак.
Бунда эшитиш ва сигнализация тизимлари ҳамда монитордаги аудио ва визуал сигналлар очиқ майдоннинг ҳамда вақтинчалик иншоотнинг барча нуқталарида эшитарли ва кўринадиган даражада бўлиши лозим.
6-боб. Фавқулодда вазиятлар
45. Оммавий тадбирлар ташкилотчиси фавқулодда вазиятлар юзага келган вақтнинг ўзида, бу ҳақида зудлик билан фавқулодда вазиятлар органларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг ҳудудий органларига хабар бериши шарт.
46. Оммавий тадбирлар ташкилотчиси томонидан монитор, саҳна, сунъий арча ва вақтинчалик иншоотларнинг қисмлари ёниб кетган ёки емирилган тақдирда фотосуратга ёки видеога олиниши, кейин «Нохуш ҳодиса далолатномаси» расмийлаштирилиши керак.
47. Фавқулодда вазиятларда одамларнинг эвакуация йўллари орқали 5 дақиқа ичида очиқ майдонларни ва вақтинчалик иншоотларни тарк этиш имконияти яратилиши керак.
7-боб. Санитария-гигиена талаблари
48. Очиқ майдонларда санитария-гигиена талабларига риоя қилиниши ҳамда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизими ва чиқиндиларни йиғиш, шунингдек уларни ташиш учун махсус контейнерлар мавжуд бўлиши керак.
49. Очиқ майдонларда тозалик сақланиши ва ушбу майдонлар мунтазам равишда тозаланиши шарт.
8-боб. Якуний қоида
50. Мазкур Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Очиқ майдонларда ўрнатиладиган монитор, саҳна, сунъий арча ва бошқа вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш, монтаж қилиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Очиқ майдонларда монитор ва саҳнани ўрнатишда тавсиявий эскизлар

Изоҳ: Мазкур эскизларда очиқ майдонларда монитор ва саҳнани ўрнатишда уларнинг минимал ва максимал ўлчамлар ҳолати келтирилган.
Унга кўра:
саҳнанинг майдони:
минимал — 6 х 4 метр;
максимал — 30 х 20 метр;
мониторнинг ўлчами:
минимал — 2 х 2.5 метр;
максимал — 10 х 10 метр бўлиши керак.
Очиқ майдонларда вақтинчалик иншоотларни ўрнатишда тавсиявий эскиз

Изоҳ: Мазкур эскизда очиқ майдонларда вақтинчалик иншоотларни ўрнатишда уларнинг минимал ва максимал ўлчамлар ҳолати келтирилган.
Унга кўра, вақтинчалик иншоотларнинг майдони:
минимал — 3 х 2 метр;
максимал — 10 х 6 метр бўлиши керак.
Очиқ майдонларда ўрнатиладиган монитор, саҳна, сунъий арча ва бошқа вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш, монтаж қилиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Очиқ майдонларда сунъий арчани ўрнатишда фойдаланиладиган схема

Очиқ майдонларда ўрнатиладиган монитор, саҳна, сунъий арча ва бошқа вақтинчалик иншоотларни ўрнатиш, монтаж қилиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
«Янги йил» байрамини нишонлашда сунъий арчалардан фойдаланилганда сунъий арчалар электр таъминотининг тахминий режаси

Изоҳ: 1-устун, 2-умумий ажратувчи мосламаси (рубильник), 3-кабель, 4-электр кабель устига ёпиладиган ҳимоя қопламаси, 5-электророзетканинг сақлагичи, 6-умумий ҳимоя аппарати, 7-электр тақсимлаш қутиси, 8-гирлянда, 9-розеткалар; 10-шина N нолъ, 11-ерлантириш, 12-арча қурилмаси.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.04.2026 й., 10/26/3805/0314-сон)