Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 10 майдаги ПҚ-175-сон ҳамда «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майдаги ПҚ-175-сон қарорига мувофиқ ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури (кейинги ўринларда — тузатиш дастури) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланиши белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон қарорига мувофиқ ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига ҳимоя ордерини расмийлаштириш ваколатини бериш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
тузатиш дастурини «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан келишиш тартиби;
тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахслар томонидан келгусида шу турдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш бўйича уларни тузатиш дастуридан ўтказиш;
тузатиш дастуридан ўтказишда туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари ваколатларини кенгайтириш;
тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларни тузатиш дастуридан ўтказиш жараёнига психологларни жалб қилиш ва уларнинг вазифаларини белгилаш;
хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларнинг ҳимоя ордерини бериш бўйича ваколатини белгилаш.
3. Ички ишлар вазирлиги:
а) 2025 йил 1 ноябрга қадар тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахслар билан якка тартибда ишлаш, электрон ахборот тизимида тузатиш дастуридан ўтувчи шахслар билан амалга оширилаётган тадбирларни умумлаштириш, фаолиятни мониторинг қилиш ҳамда ўзаро ахборот алмашишни назарда тутувчи «E-ijtimoiy profilaktika» электрон ахборот тизимининг «E-tuzatish dasturi» модулини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин.
Бунда ушбу ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи этиб Ички ишлар вазирлиги белгиланади ҳамда ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
б) 2025 йил 1 декабрга қадар «E-ijtimoiy profilaktika» электрон ахборот тизими «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тузатиш дастуридан ўтказишда иштирок этувчи ваколатли орган ва ташкилотларнинг мавжуд электрон тизимларига интеграция қилинишини таъминласин;
в) 2025 йил якунига қадар тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларни тузатиш дастуридан ўтказиш жараёнларига оид маълумотларни рақамлаштириш чораларини кўрсин.
4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2025 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳар олти ойда ўзларининг тизимида мавжуд психологлар рўйхатини Ички ишлар вазирлигига тақдим этиб борсин.
Ички ишлар вазирлиги 2025 йил 1 октябрга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бюджет ташкилотларидаги психолог мутахассисларнинг реестрини шакллантирсин.
5. Ички ишлар вазирлиги тузатиш дастури доирасида тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларни психокоррекция дастурларидан ўтказиш жараёнига нодавлат нотижорат ташкилотларни жалб қилиш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига давлат ижтимоий буюртмаларини белгиланган тартибда тақдим этиб боради.
6. Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган давлат ижтимоий буюртмаларини танлов асосида молиялаштириш тавсия этилсин.
7. Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Б. Махкамова ҳамда ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 июль,
441-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 июлдаги 441-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-иловада:
а) 3-банд «ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори (кейинги ўринларда профилактика инспектори деб аталади)» сўзларидан кейин «шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори (кейинги ўринларда хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор деб аталади)» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 5-банднинг олтинчи хатбошиси «профилактика инспектори» сўзларидан кейин «ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор» сўзлари билан тўлдирилсин;
в) 9-банднинг биринчи хатбошиси «профилактика инспекторига» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга» сўзлари билан тўлдирилсин;
г) 10 ва 11-бандлар «Профилактика инспектори» сўзларидан кейин «ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор» сўзлари билан тўлдирилсин;
д) 12-банднинг иккинчи хатбошиси «профилактика инспектори» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор» сўзлари билан тўлдирилсин;
е) 13-банднинг биринчи хатбошиси «профилактика инспектори» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор» сўзлари билан тўлдирилсин;
ж) 16 ва 20-бандлар «профилактика инспектори» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор» сўзлари билан тўлдирилсин;
з) 17-банд «профилактика инспекторининг» сўзларидан кейин «, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторнинг» сўзлари билан тўлдирилсин;
и) 21-бандда:
«а» кичик банднинг биринчи хатбошиси «профилактика инспекторлари» сўзларидан кейин «ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор:» сўзлари билан тўлдирилсин;
«б» кичик банднинг тўртинчи хатбошиси ва «г» кичик бандларнинг учинчи хатбошиси «профилактика инспекторига» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга» сўзлари билан тўлдирилсин;
«в» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси «профилактика инспекторига» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга» сўзлари билан тўлдирилсин;
«д» кичик бандининг олтинчи хатбошиси «профилактика инспекторига» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга» сўзлари билан тўлдирилсин;
«е» кичик бандининг бешинчи хатбошиси «профилактика инспекторига» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга» сўзлари билан тўлдирилсин;
к) 22-банд «профилактика инспектори» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор» сўзлари билан тўлдирилсин;
л) 24-банд «профилактика (катта) инспектори» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор» сўзлари билан тўлдирилсин;
м) 32-банд «Профилактика инспекторлари» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар» сўзлари билан тўлдирилсин;
н) 2-иловада:
2-босқичнинг «Тадбирлар» устуни 2-бандидаги «профилактика инспекторига» сўзлари «профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга» сўзлари билан алмаштирилсин;
3 ва 7-босқичларнинг «Субъектлар» устуни «Профилактика инспектори» сўзларидан кейин «ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор» сўзлари билан тўлдирилсин;
4-босқичнинг «Тадбирлар» устуни 1-бандидаги «профилактика инспекторининг» сўзлари «профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторнинг» сўзлари билан алмаштирилсин;
6-босқичнинг «Тадбирлар» устуни 2-бандидаги «профилактика инспекторига» сўзлари «профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 2-иловада:
а) 2-банд қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«психокоррекция — тузатиш дастури доирасида шахснинг ривожланиш жараёнидаги камчилик ва бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида унга фаол психологик-педагогик таъсир кўрсатиш, шахсларнинг психофизиологик имкониятлари ва жамият томонидан қўйилаётган талаблар ўртасидаги номутаносибликни бартараф этишга қаратилган тадбирлар мажмуи»;
б) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Тузатиш дастури зўравонлик содир этган жамиятда ўрнатилган умуммажбурий хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти, меҳнат, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимлари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари, бюджет ташкилотларидаги психолог мутахассисларнинг реестрига киритилган психологлар ёки грант доирасида жалб этилган психологлар (кейинги ўринларда деб психологлар аталади), хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар (кейинги ўринларда ваколатли орган ва ташкилотлар деб аталади) томонидан бир ойгача бўлган муддатда амалга оширилади»;
в) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори (кейинги ўринларда профилактика инспектори деб аталади) ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори зўравонлик содир этган шахснинг тузатиш дастуридан ўтишини ҳимоя ордерида белгилаб, тузатиш дастуридан ўтувчи шахсга имзо қўйдириб таништиради»;
г) 9 ва 10-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
д) 11 ва 12-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Шахс қуйидаги ташкилотларда тузатиш дастуридан ўтади:
фуқаролар йиғинининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясида — оила-турмуш доирасидаги низоли вазиятлар юзасидан;
таълим муассасасида — тузатиш дастуридан ўтиши белгиланган таълим муассасасида таҳсил олувчи, ўқитувчи ёки бошқа ходим билан боғлиқ низолар юзасидан;
соғлиқни сақлаш муассасасида — тузатиш дастуридан ўтувчи шахснинг руҳий ҳолати бўйича;
меҳнат органларида — тузатиш дастуридан ўтувчи вақтинча ишсиз шахсларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича;
туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимларида — тузатиш дастуридан ўтувчи ёшлар билан якка ва гуруҳ шаклида тарбиявий ишларни олиб бориш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда бандлигини таъминлаш ва улар билан боғлиқ низолар бўйича.
12. Профилактика инспектори:
тузатиш дастуридан ўтувчи шахслар билан ваколатли орган ва ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган тадбирларни умумлаштириш ҳамда фаолиятни мониторинг қилиш мақсадида ҳар бир шахс бўйича уларга оид маълумотларни «E-ijtimoiy profilaktika» электрон ахборот тизимининг «E-tuzatish dasturi» модулига киритиб боради (электрон ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилгунга қадар мазкур маълумотлар ҳар бир шахс бўйича очилган алоҳида йиғмажилдда жамланади);
ҳимоя ордери расмийлаштирилган кундан бошлаб икки иш куни ичида шахсни тузатиш дастуридан ўтказиш тадбирларини ташкил қилиш учун зўравонлик содир этган шахс билан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режасини ишлаб чиқади;
режани туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази билан электрон ахборот тизими орқали келишади ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиги томонидан тасдиқлангандан сўнг ваколатли орган ва ташкилотларга юборилишини таъминлайди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилган ҳолатларда, профилактика инспектори Профилактика бўлими бошлиғининг топшириғига кўра, ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни бажаради»;
е) қуйидаги мазмундаги 121-банд билан тўлдирилсин:
«121. Туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи зўравонлик содир этган шахс билан амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ижроси таъминланмаган ҳолатлар бўйича ўз ваколати доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг масъул раҳбарларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади»;
ж) 13-бандда:
биринчи хатбошидан «ёки уни содир этишга мойил бўлган» сўзлари чиқариб ташлансин;
олтинчи хатбошидаги «Ёшлар иттифоқи» сўзлари «Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бўлимлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги еттинчи ва саккизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Психологлар зўравонлик содир этган шахсларни зўравонлик содир этилишининг олдини олиш бўйича махсус психокоррекция дастурларидан ўтказиш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги психологлар мазкур дастур доирасида зўравонлик содир этган шахслар билан ишлаш учун жалб этилишига йўл қўйилмайди.»;
еттинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
з) 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Ваколатли орган ва ташкилотлар тузатиш дастуридан ўтувчи шахслар билан якка тартибда ва гуруҳ шаклида ўтказилган психологик, психокоррекцион, педагогик, ижтимоий ва тиббий йўналишлардаги тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни профилактика инспекторига юборади.
Профилактика инспектори хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор билан биргаликда ваколатли орган ва ташкилотларда тузатиш дастуридан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилади ва унинг якуний натижаларини фуқаролар йиғинида туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи иштирокида муҳокама қилинишини таъминлайди»;
и) 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.07.2025 й., 09/25/441/0622-сон)