Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат театрлари ва театр-студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-399-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-399-сон қарори билан тасдиқланган Театр санъатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ давлат театрларида саҳна асарларининг бадиий савияси, саҳнавий талқини юзасидан таклиф ва тавсиялар бериш мақсадида жанр ва мавзуни инобатга олган ҳолда ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари (кейинги ўринларда — Эксперт гуруҳлари) тўғрисидаги низомни тасдиқлаш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат театрлари ва театр-студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Эксперт гуруҳларининг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари;
Эксперт гуруҳларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби;
Эксперт гуруҳлари томонидан қарор қабул қилиш ва унинг ижросини ташкил этиш;
Эксперт гуруҳлари аъзоларини рағбатлантириш тартиби.
3. Белгилансинки, Эксперт гуруҳлари аъзолари улар томонидан ҳар чорак якуни бўйича бажарилган ишлар натижадорлигига кўра 2025 йилда Маданият вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача миқдорда рағбатлантириб борилади.
Бунда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари Экспертлар гуруҳлари аъзолигига қабул қилинганда, уларга рағбатлантириш тўловлари тўланмайди.
4. Маданият вазирлиги бир ой муддатда:
Экспертлар гуруҳлари таркибини шакллантирсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 июнь,
399-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июндаги 399-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат театрлари ва театр-студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳлари тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат театрлари ва театр-студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳларининг (кейинги ўринларда — Эксперт гуруҳлари) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Эксперт гуруҳлари давлат театрлари ва театр-студияларида саҳна асарларининг бадиий савияси, саҳнавий талқини юзасидан таклиф, тавсиялар ва хулосалар бериш, шунингдек, спектаклларда порнографик, тазйиқ, зўравонлик ёки шафқатсизликни ҳамда жинс бўйича камситишни тарғиб қилувчи саҳна кўринишларини намойиш этиш ва уларни реклама қилишнинг олдини олиш, саҳналаштирилаётган асарларни муҳокама қилиш, театр-томоша тадбирларини ўтказишга кўмаклашиш учун тузилган маслаҳат органидир.
3. Давлат театрлари ва театр-студияларининг фаолият турига кўра Эксперт гуруҳлари қуйидаги йўналишларга бўлинади:
Драматик театр йўналиши;
Мусиқий театр йўналиши;
Ёшлар ва қўғирчоқ театри йўналиши.
4. Эксперт гуруҳлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
5. Эксперт гуруҳларининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда камида уч йилда бир марта янгиланади.
2-боб. Эксперт гуруҳларининг асосий вазифалари
6. Эксперт гуруҳларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
давлат театрлари ва театр-студиялари фаолиятидаги ижодий масалаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш;
давлат театрлари ва театр-студиялари фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
давлат театрлари ва театр-студияларининг ижодий фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларнинг репертуарлари шакллантирилишини мувофиқлаштириш;
давлат театрлари ва театр-студияларининг ички Бадиий кенгашлари билан ижодий алоқаларни ўрнатиш, ижодий маслаҳатлар бериш ва учрашувлар ташкил этиш;
давлат театрлари ва театр-студияларида саҳналаштирилган янги спектакллар кўриги ва муҳокамасида иштирок этиш, ижодий жамоага тегишли таклиф ва тавсияларни бериш, заруратга кўра театр билан алоҳида ишлаш;
давлат театрлари ва театр-студияларида саҳналаштирилган спектаклларда порнографик, тазйиқ, зўравонлик ёки шафқатсизликни ҳамда жинс бўйича камситишни тарғиб қилувчи саҳна кўринишларини намойиш этиш ва уларни реклама қилишнинг олдини олиш.
3-боб. Эксперт гуруҳларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
7. Эксперт гуруҳлари ўзининг асосий вазифаларини амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган давлат театрлари ва театр-студиялари фаолиятига тегишли ҳужжатларни ва бошқа маълумотларни сўраб олиш;
давлат театрлари ва театр-студияларининг иш режалари ва репертуарларини ҳамда саҳналаштирилган янги спектаклларни муҳокама қилишда иштирок этиш, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
давлат театрлари ва театр-студиялари раҳбарларига театр фаолиятини такомиллаштириш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритиш.
Эксперт гуруҳлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Эксперт гуруҳлари:
театр соҳасини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, ушбу Низомда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириши;
Эксперт гуруҳлари мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш, холис баҳолаш ва хулосалар тайёрлаши;
ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориши лозим.
Эксперт гуруҳларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам юкланиши мумкин.
Эксперт гуруҳлари ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши ва натижадорлиги учун жавоб беради.
4-боб. Эксперт гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш
9. Эксперт гуруҳлари, қоида тариқасида, раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат таркибда шакллантирилади.
Эксперт гуруҳлари ҳар бир йўналиш бўйича 9 нафаргача аъзодан иборат бўлади.
10. Эксперт гуруҳлари таркиби ихтисослашувига кўра, қоида тариқасида, таниқли ижодкорлар, маданият ходимлари, олимлар ва театр соҳаси мутахассислари (театршунос, санъатшунос, мусиқашунос, бастакор, дирижёр, актёр, режиссёр, рассом, дизайнер, вокал артисти, опера ижрочиси, қўғирчоқ йўналиши мутахассислари (педагог, қўғирчоқ устаси, қўғирчоқ актёри) орасидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
Бунда аъзоликка киритилган битта мутахассиснинг фикри билан бир неча театрнинг ижодий фаолияти баҳоланишига йўл қўйилмаслиги инобатга олинади.
Тарихий асарларни саҳналаштиришда тегишли Эксперт гуруҳлари таркибига саҳна асарининг мавзуси ва йўналишидан келиб чиқиб, ушбу соҳа бўйича малакали мутахассислар қўшимча жалб этилиши мумкин.
11. Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг театр соҳасига масъул ўринбосари Эксперт гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
12. Эксперт гуруҳлари раислари:
Эксперт гуруҳлари қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг ижроси назорат қилинишини ташкил этади;
Эксперт гуруҳларининг йиллик иш режасини тасдиқлайди, шунингдек, унинг ижроси юзасидан ҳисоботларни қабул қилади;
Эксперт гуруҳлари аъзоларига юкланган вазифалар ижроси бўйича уларнинг ишини мувофиқлаштиради;
Эксперт гуруҳлари мажлисининг кун тартибини белгилайди ва тасдиқлайди;
Эксперт гуруҳларининг самарали фаолият юритишини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.
13. Эксперт гуруҳлари аъзолари:
Эксперт гуруҳлари мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этади;
давлат театрлари ва театр-студиялари (заруратга кўра нодавлат театр-студиялари) фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Эксперт гуруҳлари муҳокамасига таклифлар киритади;
Эксперт гуруҳлари томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича хулосалар тақдим этади.
Эксперт гуруҳлари аъзолари гуруҳ мажлисларида шахсан қатнашиши шарт.
14. Эксперт гуруҳлари ўз ишини тасдиқланган режа асосида ташкил этади ва ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказади.
Эксперт гуруҳлари раиси гуруҳ аъзоларининг ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақириши мумкин. Эксперт гуруҳлари аъзоларининг илтимосномасида навбатдан ташқари мажлисни ўтказишнинг сабаблари ва асослари баён қилиниши керак.
15. Эксперт гуруҳлари мажлисини Эксперт гуруҳлари раислари, улар бўлмаган тақдирда, ўринбосарлари бошқаради.
Эксперт гуруҳларининг умумий йиғилишлари аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда, ваколатли ҳисобланади.
Заруратга кўра Эксперт гуруҳлари тегишли масала бўйича йиғилиш (навбатдан ташқари) ўтказиши, йиғилишни раис ўринбосари бошқариши мумкин.
16. Эксперт гуруҳлари мажлисида кўриб чиқилаётган масалаларнинг хусусиятига боғлиқ равишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, театр ходимлари, алоҳида соҳа мутахассислари таклиф этилиши мумкин.
17. Эксперт гуруҳлари котиблари:
барча зарур ҳужжатларни Эксперт гуруҳлари мажлисига ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
мажлисни ўтказиш муддати ва жойини тегишли Эксперт гуруҳлари раислари билан келишади;
Эксперт гуруҳлари аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлис ўтказиладиган сана, кун тартиби лойиҳаси, вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади;
Эксперт гуруҳлари қарорлари ижроси мониторингини юритади;
кун тартибидаги масалалар бўйича Эксперт гуруҳлари мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Эксперт гуруҳлари ҳужжатлари сақланишини, шунингдек, Эксперт гуруҳларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларида жойлаштирилишини таъминлайди;
театрларда саҳналаштирилган спектакллар кўриги ва муҳокамаси учун Эксперт гуруҳлари раисларининг кўрсатмаси билан мутахассислар иштирокини таъминлаш чораларини кўради;
Эксперт гуруҳлари баённомаларини расмийлаштиради ва реестрини юритади.
5-боб. Эксперт гуруҳлари томонидан қарорлар қабул қилиниши ва уларнинг ижросини ташкил этиш
18. Эксперт гуруҳлари мажлисининг баённомаси Эксперт гуруҳлари раислари томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Эксперт гуруҳлари аъзолари ва тегишли ташкилотларга юборилади.
19. Эксперт гуруҳларининг қарори мажлисда иштирок этаётган Эксперт гуруҳлари аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда, Эксперт гуруҳлари раисларининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Эксперт гуруҳлари мажлиси баённомаси расмийлаштирилган санадан бошлаб уч иш куни ичида Эксперт гуруҳлари котиблари томонидан тегишли равишда театрларга етказилади.
20. Эксперт гуруҳлари котиблари гуруҳ аъзолари кўмагида Эксперт гуруҳлари қарорлари бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурат бўлганда тегишли Эксперт гуруҳлари раисларига тегишли таклифлар киритади.
21. Эксперт гуруҳлари аъзолари иштирокидаги спектакллар кўриги ва муҳокамаси юзасидан йиғилиш баёнлари Эксперт гуруҳлари раислари ҳамда аъзолари келишуви асосида тасдиқланади.
22. Эксперт гуруҳлари баённомасининг асл нусхаси ва унга таҳлилий материаллар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг театрлар фаолиятига масъул таркибий бўлинмасида сақланади.
6-боб. Эксперт гуруҳлари аъзоларини рағбатлантириш тартиби
23. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг театрлар фаолиятига масъул таркибий бўлинмаси ҳисоботлар натижадорлиги юзасидан раҳбариятга таклиф (билдиришнома) киритади.
24. Эксперт гуруҳлари аъзоларининг ҳар чорак якунига кўра бажарилган ишлари юзасидан ҳисоботлари Экпертлар гуруҳлари котиблари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг театрлар фаолиятига масъул таркибий бўлинмасига тақдим этилади.
25. Эксперт гуруҳлари котиблари ҳужжат ва иш юритишни ташкил этишдаги фаолияти учун ҳар чоракда аъзолар билан бир хил миқдорда рағбатлантириб борилади.
26. Эксперт гуруҳлари аъзолари томонидан бажарилган ишлар натижадорлигига кўра ҳар чорак якуни бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача миқдорда рағбатлантирилади.
Бунда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари Эксперт гуруҳлари аъзолигига қабул қилинганда, уларга рағбатлантириш тўловлари тўланмайди.
27. Спектаклларнинг кўриги ва муҳокамаси учун Эксперт гуруҳлари аъзолари жалб этилади.
28. Эксперт гуруҳлари аъзолари театрларда саҳналаштирилган спектаклларнинг кўриги ва муҳокамасига таклиф этилганда, мутахассисларнинг сафар билан боғлиқ (бориш-келиш, овқатланиш ва меҳмонхона) харажатлари қабул қилувчи театрларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
29. Ушбу Низом қўлланилиши билан боғлиқ юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
30. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 09/25/339/0551-сон)