Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг давлат реестрида 2024 йил 2 декабрда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4580-CN-2024-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар);
ўз мамлакатлари ўртасида янги давр учун ҳар қандай шароитдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва фуқароларнинг ташрифларини осонлаштириш мақсадида;
ҳамда тенглик ва ўзаролик асосида дўстона маслаҳатлашувлар ўтказган ҳолда;
визадан ўзаро озод этиш юзасидан қуйидагилар тўғрисида келишувга эришдилар:
I модда
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги оддий паспортига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Хитой Халқ Республикасининг амалдаги хизмат паспортига, давлат ишлари учун паспортига ва оддий паспортига эга бўлган Хитой Халқ Республикасининг фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун ҳар бир алоҳида бўлиш муддати ўттиз (30) кундан ошмайдиган муддатда ва ҳар қандай бир юз саксон (180) кунлик даврда жами тўқсон (90) кундан ортиқ бўлмаган муддатда виза талабларидан озод қилинади.
II модда
Мазкур Битимнинг I моддасида назарда тутилган ҳар қайси Аҳдлашувчи Томон фуқаролари халқаро саёҳатчилар учун очиқ ўтказиш пунктларида бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига кирадилар, ундан чиқадилар ёки транзит қиладилар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланиладиган кириш, чиқиш ва транзитга нисбатан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари ва қоидаларига риоя қиладилар.
III модда
1. Мазкур Битимнинг I моддасида кўрсатилган Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бўлишлари давомида унинг амалдаги қонунчилиги ва тартиботига риоя қиладилар.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг мазкур Битимнинг I моддасида кўрсатилган, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ўттиз (30) кундан ортиқ муддат қолиш ёки яшаш ёхуд меҳнат қилиш, ўқиш, медиа фаолияти билан шуғулланиш ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколатли органларининг олдиндан розилигини талаб қиладиган бошқа фаолият билан шуғулланиш ниятида бўлган фуқаролари, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига киришдан олдин тегишли виза олиш учун мурожаат қилади.
3. Мазкур Битимнинг I моддасида кўрсатилган ҳар бир бўлиш муддати гуманитар сабабларга кўра, форс-мажор ҳолатлари ёки бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли идораси тарафидан тақдим этилган бошқа сабабларга кўра узайтирилиши мумкин.
IV модда
Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг бошқа давлатнинг persona non grata деб ҳисоблаш ёки қабул қилиниши номақбул фуқароларининг ўз ҳудудига киришини тақиқлаш ёхуд уларнинг ўз ҳудудида бўлишларини сабабларини кўрсатмаган ҳолда тугатиш ҳуқуқини чекламайди.
V модда
1. Исталган Аҳдлашувчи Томон миллий хавфсизлик, жамоат тартиби ёки ижтимоий соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан мазкур Битимнинг амал қилишини қисман ёки тўлиқ вақтинча тўхтатиб қўйиши мумкин. Шу билан бирга, у бошқа Аҳдлашувчи Томонни тўхтатиб туришга қадар ёки тўхтатиб туриш бекор қилингунига қадар ўз вақтида ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қилади.
2. Ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ тўхтатиб туриш мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатиб туришни амалга ошираётган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бўлиб турган мазкур Битимнинг I моддасида кўрсатилган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилмайди.
VI модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб ўттиз (30) кун ичида дипломатик каналлар орқали мазкур Битимнинг I моддасида кўрсатилган ўз паспортларининг намуналарини алмашишни якунлайдилар.
2. Башарти Аҳдлашувчи Томонлардан бири мазкур Битимнинг амал қилиши муддати давомида янги паспортлар жорий этса ёки мавжуд паспортларга ўзгартиришлар киритса, тегишли Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни бундай ўзгаришлар тўғрисида дипломатик каналлар орқали ўз вақтида хабардор қилади ҳамда ариза беришдан камида ўттиз (30) кун олдин янги ёки ўзгартирилган паспортларнинг намуналарини тақдим этади.
VII модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар мазкур Битимнинг кучга кириши учун ички ҳуқуқий процедуралар белгиланган тартибда амалга оширилгандан сўнг дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қиладилар. Мазкур Битим охирги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб ўттизинчи (30) куни кучга киради.
2. Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бири уни тугатиш тўғрисида мурожаат қилгунга қадар амал қилади. Бундай ҳолда, бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилади ҳамда мазкур Битим хабарнома олинган кундан бошлаб тўқсонинчи (90) кунида ўз кучини йўқотади.
3. Мазкур Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги билан ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ўзгартиришлар мазкур Битимнинг VII моддаси 1-бандига мувофиқ кучга киради.
VIII модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай келишмовчиликлар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида дўстона маслаҳатлашувлар ёки музокаралар орқали ҳал этилади.
IX модда
Мазкур Битим Тошкент шаҳрида 2010 йил 9 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги Битим ва Пекин шаҳрида 2019 йил 27 августда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида ишбилармон доиралар вакиллари учун виза жараёнларини соддалаштириш тўғрисидаги Битимдан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
БУНИНГ ТАСДИҒИ СИФАТИДА, ўз Ҳукуматлари тарафидан тегишли тартибда ваколат берилган қуйидаги имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
Чэнду шаҳрида, 2024 йил 1 декабрда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)