Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга кўмаклашишни истаб,
фуқароларнинг визасиз ўзаро сафарлари учун шароитлар яратишга интилиб,
тенглик ва ўзаро қулайлик яратиш принципларига мувофиқ,
дипломатик паспортлар эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари масаласи бўйича дўстона маслаҳатлашувлар йўли билан,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспортига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Хитой Халқ Республикасининг дипломатик паспортига эга бўлган Хитой Халқ Республикаси фуқаролари визалар расмийлаштирмасдан бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига киришлари, чиқишлари ва транзит ўтиб кетишлари мумкин.
2-модда
Ушбу Битимнинг 1-моддасида кўрсатилган Аҳдлашувчи Томонларнинг фуқаролари бошқа давлат ҳудудига Давлат чегарасининг халқаро ўтиш пунктлари орқали киришлари, чиқишлари ва ҳудудидан транзит ўтишлари ҳамда ушбу давлатнинг ваколатли органлари томонидан ўрнатилган тартибда зарур расмийлаштирувларни бажаришлари керак.
3-модда
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг фуқаролари бошқа Томоннинг ҳудудида бўлган вақтида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидаларига риоя этишлари зарур, бироқ тегишли халқаро конвенцияларда бошқача назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
2. Ушбу Битимнинг 1-моддасида кўрсатилган Аҳдлашувчи Томонларнинг фуқаролари, агар улар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида 30 (ўттиз) кундан кўпроқ муддатга қолишни хоҳласалар, яшаб туришлари бўйича расмийлаштирувларни бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органлари томонидан ўрнатилган тартибда бажаришлари керак.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ҳукуматларида вазирлар ўринбосарлари ва ундан юқори лавозимлардаги мансабдор шахслар ва шунингдек, генерал унвонига эга ҳарбий хизматчилар, агар улар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига хизмат мақсадида кетаётган бўлсалар, дипломатик каналлар орқали тегишли Томоннинг розилигини олишлари ёки ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органларини бўладиган ташрифи ва унинг мақсади тўғрисида хабардор қилишлари керак.
5-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг номақбул деб ҳисобланиши мумкин бўлган фуқароларининг киришини рад этиш ёки бўлиш муддатини чеклаш ҳуқуқларидан маҳрум қилмайди.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар миллий (давлат) хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш мақсадида ёки Аҳдлашувчи Томонлар фуқаролари соғлиғига таҳдид туфайли ушбу Битимнинг амал қилишини вақтинчалик, қисман ёки бутунлай тўхтатишга бўлган ўз ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.
Ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ва уни қайта тиклаш тўғрисида Аҳдлашувчи Томонлар қисқа вақт ичида дипломатик каналлар орқали бир-бирини хабардор қиладилар.
7-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб 30 (ўттиз) кун давомида дипломатик каналлар орқали ушбу Битимнинг 1-моддасида кўрсатилган дипломатик паспортларнинг намуналари билан алмашадилар.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилиш даврида дипломатик паспортларни алмаштириш ёки уларга бирор ўзгартишлар киритган ҳолларда улар жорий этилишидан 30 (ўттиз) кун илгари дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонга хабар бериши ва янги паспортлар намуналарини тақдим қилиши лозим.
8-модда
1. Ушбу Битим имзоланган санадан бошлаб 30-(ўттизинчи) кун кучга киради.
2. Ушбу Битим номуайян муддатга тузилган. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг амал қилишини тугатишни талаб қилса, бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу ҳақида дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилинади. Ушбу Битим хабарнома олинган санадан бошлаб 90-(тўқсонинчи) куни ўз амалини тугатади.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг ёзма келишувига кўра ушбу Битимга ўзгартишлар киритилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 2010 йил 9 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, хитой ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2010 й., 1-4-сон)