Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Суғурталовчилар томонидан харажатлар таркиби ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 13 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3549]
Ўзбекистон Республикаси «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Суғурталовчилар томонидан харажатлар таркиби ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 июль,
7-сон
Келишилди:
Солиқ қўмитаси раиси Ш. КУДБИЕВ
2024 йил 10 июнь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
2024 йил 3 июль
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2024 йил 25 июнь
Иқтисодиёт ва молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2024 йил 3 июль
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2024 йил 4 июлдаги 7-сон буйруғига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Суғурталовчилар томонидан харажатлар таркиби ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом суғурта хизматларини кўрсатиш таннархига киритиладиган харажатлар таркиби ҳамда суғурта фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда суғурталовчи ёки қайта суғурталовчи (бундан буён матнда суғурталовчи деб юритилади) фаолиятининг молиявий натижаларини шакллантириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Суғурталовчилар суғурта хизматлари таннархини шакллантириш ва молиявий натижаларни аниқлашда суғурта соҳасининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга амал қилади.
2. Мазкур Низом мулкчилик шаклидан қатъий назар барча суғурталовчиларга нисбатан қўлланилади.
2-боб. Суғурта фаолияти бўйича молиявий натижаларни шакллантириш ва харажатлар таркибининг ўзига хос хусусиятлари
3. Суғурталовчиларнинг харажатлари таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади, бунда суғурта хизматлари таннархи таркибига қуйидаги қўшимча (махсус) харажатлар киради:
суғурта (биргаликдаги суғурта) ва қайта суғурта (суғурталовчига тегишли улуши) шартномалари бўйича суғурта товонлари (суғурта тўлови) миқдори;
суғурта ҳодисаларини бартараф этиш ва улар бўйича тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар;
қайта суғурта операциялари бўйича тантьемалар, қайта суғурта қилиш комиссияси ҳамда суғурта агенти учун воситачилик ҳақи.
4. Харажатлар моддалари рўйхати ва уларнинг таснифланиши бошқарув ҳисобини юритиш мақсадида суғурталовчининг ҳисобот йилидаги Ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим.
5. Суғурталовчиларнинг даромадлари таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади, бунда суғурта хизматларини амалга оширишдан олинган соф тушум:
тўғридан-тўғри ва биргаликдаги суғурта бўйича мукофотларнинг умумий миқдоридан (суғурталовчининг биргаликдаги суғурта шартномасида белгиланган улуши миқдорида) қайта суғуртага берилган шартномалар бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари)ни чегирган ҳолда;
қайта суғуртага қабул қилинган шартномалар бўйича суғурта мукофотларини қўшиш;
ишлаб топилмаган мукофотлар захирасидаги (бундан буён матнда ИМЗ деб юритилади) қайта суғурталовчиларнинг улуши миқдорида тузатиш киритилган ҳолдаги ИМЗ ўзгаришининг натижасини қўшиш/айириш;
хабар қилинган, лекин бартараф этилмаган зарарлар захирасидаги (бундан буён матнда ХЗЗ деб юритилади) қайта суғурталовчиларнинг улуши миқдорида тузатиш киритилган ҳолдаги ХЗЗ ўзгаришининг натижасини қўшиш/айириш;
содир бўлган, лекин хабар қилинмаган зарарлар захирасидаги (бундан буён матнда СХЗЗ деб юритилади) қайта суғурталовчиларнинг улуши миқдорида тузатиш киритилган ҳолдаги СХЗЗ ўзгаришининг натижасини қўшиш/айириш;
ҳаёт суғуртаси бўйича захиралардаги (бундан буён матнда ҲЗ деб юритилади) қайта суғурталовчиларнинг улуши миқдорида тузатиш киритилган ҳолдаги ҲЗ ўзгаришининг натижасини қўшиш/айириш;
бошқа техник захиралардаги қайта суғурталовчиларнинг улуши миқдорида тузатиш киритилган ҳолдаги, тегишли захиралар ўзгаришининг натижасини қўшиш/айириш;
воситачилик хизматларини кўрсатганлик учун ҳисобланган воситачилик ҳақи ва бошқа мукофотларни қўшиш;
қайта суғурта бўйича зарарлар улушининг қопланиши бўйича даромадларни қўшиш;
қайта суғуртага берилган шартномалар бўйича ҳисобланган қайта суғурта қилиш комиссиясини қўшиш;
суғурта сюрвейери ва аджастер (аджастерлик ташкилоти) хизматларини кўрсатганлик учун мукофотларни қўшиш;
суғурта хизматларини кўрсатишдан бевосита олинган бошқа даромадларни қўшиш/айириш йўли билан аниқланади.
6. Суғурталовчиларнинг молиявий фаолиятидан олинадиган даромадлар таркибига инвестиция фаолиятидан, шу жумладан суғурта захиралари маблағларини инвестиция қилишдан олинадиган даромадлар ҳам киради.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2024 йил 4 июлдаги 7-сон буйруғига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2005 йил 20 июлдаги 65-сон «Суғурта ташкилотлари томонидан харажатлар таркиби ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхати рақами 1517, 2005 йил 18 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 41-42-сон, 326-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2007 йил 31 майдаги 64-сон «Суғурта ташкилотлари томонидан харажатлар таркиби ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1517-1, 2007 йил 21 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 25-26-сон, 273-модда).
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2017 йил 19 июлдаги 109-сон «Суғурта ташкилотлари томонидан харажатлар таркиби ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1517-2, 2017 йил 9 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 32-сон, 824-модда).
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2024 й., 10/24/3549/0615-сон)