ўзбекистон республикаси билан италия республикаси ўртасида
Қўшма Декларация
Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 2023 йил 14 ноябрда 4532-FR-2023-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди.]
Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон ва Италия халқларининг чуқур тарихий алоқаларини, икки тенг ва дўст давлатлар сифатида Томонлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён самарали ҳамкорлик анъаналарини таъкидлаб,
давлат суверенитети, мустақиллик, ҳудудий яхлитлик ва бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик каби ўзаро ҳурмат принципларига асосланган юқори даражадаги ва кўп қиррали муносабатлар, шунингдек, турли соҳаларда ўзаро ишонч ва манфаатларнинг мослигини эътиборга олиб,
1997 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ҳамкорлик принциплари тўғрисида имзоланган Қўшма декларация ҳамда 1997 йил 17 сентябрда Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Шартнома қоидаларининг юқори аҳамият касб этишини эътироф этиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми, Хелсинки Якунловчи Актида белгиланган мақсад ва принципларга ҳамда Европа ва Осиёда тинчлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлатлараро самарали ҳамкорликни ривожлантиришни тарғиб қилувчи бошқа ҳужжатларга бўлган ўзаро содиқликни тасдиқлаб,
демократия, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга бўлган ўзаро содиқликни қайд этиб,
барча давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги каби халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларига асосланган халқаро тартибни ҳурмат қилиш зарурлигини эътироф этиб,
узоқ истиқболли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда уни ўзаро манфаатли бўлган янги соҳалар доирасида янада кенгайтиришни истаб,
қуйидагилар тўғрисида баён қиладилар:
1. Томонлар ушбу билан икки давлат ва жамият ўртасида ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш мақсадида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганлигини эълон қиладилар.
2. Бундай стратегик шериклик қуйидаги соҳалардаги кенгайтирилган ҳамкорликни ўз ичига олади:
(1) Сиёсий ҳамкорлик
икки томонлама алоқалар, ўзаро қизиқиш уйғотадиган глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташқи ишлар вазирлари ёки ваколатли вазир ўринбосарлари ҳамраислигида Томонларнинг вакиллари иштирокида ҳар икки йилда камида бир марта навбат билан Ўзбекистон ва Италияда ўтказиладиган Стратегик мулоқотни йўлга қўйиш;
икки йиллик ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш орқали Томонларнинг ташқи сиёсий идоралари даражасида икки томонлама, минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш;
1996 йил 21 июнда Флоренция шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, Европа Ҳамжамиятлари ва уларга аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим доирасида эришилган юқори натижаларни эътиборга олиб, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни имзолаш ва унинг кучга кириши масалалари йўлида Италиянинг янада қўллаб-қувватлаши;
Ўзбекистон ва Италия парламентлари ўртасида ҳамкорлик ва мунтазам алмашинувни янада ривожлантириш, қонунчилик органларининг тегишли дўстлик гуруҳлари, шу жумладан, кўп томонлама парламент форумлари орқали алоқаларни қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш;
савдо, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик ҳамда туризм соҳаларида ҳудудлараро муносабатларни ривожлантириш мақсадида иккала мамлакатнинг ҳудудлари ва шаҳарлари ўртасида алоқалар ўрнатиш ва уларни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;
алмашинувларни кенгайтириш ва ҳамкорликка кўмаклашиш мақсадида ташқи сиёсат соҳасидаги таҳлилий марказлар ва илмий-тадқиқот муассасалар ўртасида яқин алоқаларни рағбатлантириш;
«Италия — Марказий Осиё» формати доирасида барча манфаатдор ташкилотларни жалб этган ҳолда мулоқот ва ўзаро алоқаларни, мазкур платформада кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ташаббусларини ўзаро қўллаб қувватлашни кучайтириш;
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шу жумладан, Томонлар аъзо бўлган ихтисослашган идоралар ва муассасалар, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро қўллаб-қувватлаш;
(2) Мудофаа ва хавфсизлик, шунингдек, ҳуқуқ соҳаларида ҳамкорлик
1999 йил 26 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Битимга биноан, шунингдек, «Тинчлик йўлида шериклик» дастури доирасида икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш;
уюшган жиноятчилик, терроризм ҳамда наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
ҳуқуқий ахборотни алмашинуви ва ҳуқуқий ҳужжатлар қўлланилиши соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш;
1997 йил 17 сентябрда Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Шартномада кўрсатилган соҳаларда муайян битимлар тузиш мақсадида музокара жараёнларини давом эттириш;
(3) Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик
1997 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Қўшма декларация ва бошқа амалдаги ҳукуматлараро битимларда назарда тутилган усуллар ва шакллар орқали Томонларнинг манфаатларини ўзаро ҳурмат қилиш, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принциплари асосида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш;
савдо, иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги ҳамда экспорт кредитлари бўйича Ҳукуматлараро ишчи гуруҳнинг аниқ келишувларга эришган ҳолда унинг мажлисларини камида икки йилда бир марта ўтказиш орқали тизимли фаолиятини кучайтириш;
«GSP+» имтиёзли тизими доирасида Ўзбекистондан Европа Иттифоқига экспорт қилиш имкониятларидан фойдаланиш ҳисобига ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон саноати учун Италиядан ускуналар ва илғор технологияларни етказиб беришни янада кўпайтириш;
иқтисодиётнинг устувор йўналишлари — энергетика, транспорт, туризм инфратузилмаси, тиббиёт, фармацевтика, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва металлургия, қурилиш материаллари ва электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, мебел, чарм, тўқимачилик ва ипак маҳсулотлари, автомобиллар ва эҳтиёт қисмлари, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш, виночилик, чорвачилик, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва диверсификация қилиш;
Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва Италиянинг «assa Depositi e Prestiti SpA» инвестиция банки каби икки томонлама иқтисодий лойиҳаларда ихтисослаштирилган ташкилотлар, агентликлар ва жамғармаларнинг янада фаол иштирок этиши орқали ўзаро инвестицияларни кўпайтириш ва ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
икки давлатда ишбилармонлик ташкилотларининг ваколатхоналарини очиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, делегациялар алмашиш, бизнес-форум ва семинарлар ўтказиш, тематик кўргазмаларда биргаликда иштирок этиш, савдо уйларини яратиш ва бошқа иқтисодий фаолият орқали икки мамлакат ишбилармонлик ташкилотлари, жумладан, кичик ва ўрта бизнес ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш ва ривожлантиришни рағбатлантириш;
халқаро иқтисодий, тижорат ва молия муассасалари ҳамда форумлари доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш;
Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналари ишчилари ва муҳандис-техник ходимларини Италия саноат тармоғининг сўнгги ишланмалари ва амалий билимларини ўзлаштириш ва амалиётда қўллаш учун тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича Ўзбекистонда ўқув марказларини очиш орқали Италия саноат технологияларининг самарали трансфери соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш.
(4) Маданият, фан, таълим ва туризм
1997 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ва илмий ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Битим қоидаларига мувофиқ маданий-гуманитар ҳамкорликнинг мавжуд ва янги шаклларини рағбатлантириш;
кўргазмалар, маданий ва санъат тадбирлари, шу жумладан, ўзбек ва италян тилларини ўргатиш ва тарқатиш орқали маданий ҳамкорликни ҳамда бир-бирининг маданий мероси ва ютуқларини кенгроқ ёритишни рағбатлантириш;
археологик, бадиий ва маданий меросни сақлаш, муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва қайта тиклаш соҳасида ахборот, тажриба, қўшма нашрлар ва экспертлик ташрифларини алмашиш орқали қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, олимлар ва мутахассислар алмашинуви ҳамда бошқа ҳамкорлик шаклларини қўллаб-қувватлаш;
илғор техника ва инновацион технологияларни жорий этиш учун фундаментал ва амалий фанлар бўйича ҳамкорликни ҳамда илмий ва тадқиқот муассасалари ўртасида, шу жумладан, стипендия ва грант дастурлари орқали алмашинувларни рағбатлантириш;
таълим муассасалари ўртасида шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, қўшма ўқув дастурлари, факультет ва олий таълим муассасаларини ташкил этиш орқали олий таълим соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришни таъминлаш;
қўшма ташаббуслар орқали маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш;
маданият, таълим, оммавий ахборот воситалари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, ёшлар ва спорт соҳаларида фуқаролар, хусусан, ёшлар ва ёшлар иттифоқлари ўртасидаги дўстликни фаоллаштириш орқали «халқ дипломатияси»ни мустаҳкамлаш;
1997 йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Битим ҳамда 1999 йил 23 декабрда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасидаги ҳаво қатнови тўғрисидаги имзоланган Битим қоидалари асосида икки давлат ўртасида туристик оқимни кўпайтириш ва туризм ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновларни рағбатлантириш.
3. Томонлар ҳар бир аниқ соҳада ҳамкорлик шакллари ва йўналишларини келишиб оладилар. Мазкур Декларацияни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Италия Республикаси Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги тарафидан мувофиқлаштирилади.
4. Томонларнинг стратегик ҳамкорлиги бошқа бирон-бир давлат ёки давлатлар гуруҳига қарши қаратилмаган ҳамда улар иштирокчи бўлган икки ва кўп томонлама халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди. Мазкур Стратегик шериклик халқаро шартнома ҳисобланмайди ва шунинг учун халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди.
Рим шаҳрида 2023 йил 8 июнда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, италян ва инглиз тилларида қабул қилинди.
(имзолар)