Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданий ва илмий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Италия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки мамлакат ва уларнинг халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида,
таълим, маданият, фан ва техника соҳасидаги алмашиш ва ҳамкорлик икки халқ бир-бирини яхшироқ ўрганишига ва ўзаро англашувларига кўмаклашишига ишонч ҳосил қилиб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Маданий ва илмий алоқаларни жадаллаштириш жараёни доирасида Томонлар қуйидаги устувор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида келишадилар: таълим ва тилдан дарс бериш, университетлараро ҳамкорлик, маданий тадбирларда иштирок этиш ва артистлар билан алмашиш, археология соҳасида ҳамкорлик қилиш.
2-модда
Таълим ва тилдан дарс бериш соҳасида Томонлар:
хусусан, курслар, лекторатлар ва кафедралар ташкил этиш йўли билан тегишли тил ва адабиётларни ўрганишга;
икки мамлакатнинг таълим соҳасида машғул бўлган шахслари, муассасалари ва ташкилотлари ўртасидаги бевосита ҳамкорликка ва алмашишга;
хусусан, экспертлар билан алмашиш орқали ҳамкорлик қилишга ва методика, ўқув материаллари ва дастурлари билан алмашишга кўмаклашадилар.
3-модда
Университетлараро ҳамкорлик соҳасида Томонлар ўқитувчилар ва тадқиқотчилар билан алмашиш бўйича, ўзаро қизиқиш уйғотадиган мавзуларни биргаликда тадқиқ қилиш бўйича семинар ва симпозиумлар ташкил этиш бўйича шартномалар тузишга кўмаклашадилар.
Томонлар ушбу Битимда белгиланган мақсадларга эришишни таъминлаш ниятида амалдаги университетлараро шартномалар асосида ва шунингдек келажакда тузиладиган шартномалар асосида ахборот билан алмашиб борадилар.
4-модда
Маданий тадбирларда иштирок этиш ва артистлар билан алмашиш хусусида Томонлар артистлар билан алмашиш ва спектакль, кино-фестиваль, китоб ярмаркалари, симпозиумларда ва бошқа шунга ўхшаган тадбирларда иштирок этиш йўли билан адабиёт, кино, мусиқа, рақс, театр соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Томонлар вақти-вақти билан иккала мамлакатнинг бадиий ва маданий мероси билан таништирадиган юқори даражадаги кўргазмалар уюштириб турадилар.
5-модда
Томонлар археология соҳасидаги ҳамкорликни ахборот ва тажриба алмашиш, симпозиумлар, семинарлар ва биргаликдаги тадқиқотларни ташкил этиш йўли билан амалга оширадилар. Ҳар бир Томон ўзининг ҳудудида ишлаётган бошқа мамлакат археологик экспедициялари фаолиятига кўмаклашади.
Икки Томоннинг ҳар бири ахборот, тажриба алмашиш, биргаликда нашр этиш ва экспертлар ташрифлари воситасида археологик, бадиий ва маданий меросни сақлаш, муҳофаза қилиш, тегишли муносабатни қўллаб-қувватлаш соҳасида экспертлар ва ваколатли органлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
6-модда
Университет ва университетдан кейинги даражаларда ўқиш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш учун Томонлар бошқа мамлакат ўқув юртлари талабалари ва битирувчиларига стипендиялар ажратадилар, бунда юқорида кўрсатилган устувор йўналишларга алоҳида эътибор берадилар.
7-модда
Томонлар икки мамлакатнинг илмий институтлари, тадқиқот марказлари ва университетлари ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорликка кўмаклашадилар.
Шу мақсадда улар:
илмий-техникавий ҳужжатлар билан алмашишни;
ўқиш-ўқитишга ва тажриба алмашишга кўмаклашиш мақсадида эксперт ва мутахассисларнинг ўзаро ташрифларини;
илмий-техникавий конференция ва семинарлар ташкил этишни;
келишилган соҳаларда биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, ўрганиш ва режалар тузишни рағбатлантирадилар.
8-модда
Томонларнинг ҳар бири ўз ҳудудида бошқа мамлакатнинг маданий марказлари, маданий ассоциациялари ва ўқув юртлари каби маданий муассасаларининг тузилишига ва ишлашига кўмаклашадилар.
9-модда
Томонлар санъат асарлари ва маданий бойликларни ғайриқонуний олиб кириш, олиб чиқиш ва олиб ўтишга қарши курашда ҳамкорлик қиладилар.
10-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда ахборот, материаллар ва экспертлар билан алмашиш воситасида ҳам тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашадилар:
матбуот, радио ва телевидение;
спорт;
ёшлар;
архивлар;
кутубхоналар;
музейлар.
11-модда
Ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида Томонлар Қўшма комиссия тузишга қарор қилдилар, унинг вазифаси — икки мамлакат ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликнинг ривожланишига баҳо бериш ва шунингдек Битимни бажариш бўйича кўп йиллик дастурлар тузиш. Бу Комиссия навбати билан икки мамлакат пойтахтларида йиғилиб туради.
12-модда
Ушбу Битим Томонларнинг тегишли миллий процедураларига мувофиқ ратификация қилинади ва ратификация қилингани тўғрисидаги иккала хабарноманинг иккинчиси олинган санадан 60 кун ўтгандан кейин кучга киради.
13-модда
Ушбу Битим чекланмаган вақт давомида амал қилади. Ҳар бир Томон дипломатик йўллар билан истаган пайтда ундан воз кечиши мумкин. Бундай воз кечиш бошқа Томонга бу тўғрида хабар қилингандан олти ой ўтгандан кейин кучга киради ва Битим ҳаракат қилиб турган даврда мувофиқлаштирилган амалдаги дастурларнинг бажарилишига таъсир қилмайди, Томонлар бошқача қарор қабул қилган ҳол бундан мустасно.
Бунинг тасдиғи учун, тубанда қўл қўювчилар, тегишли ҳукуматларнинг кераклича ваколат олган вакиллари, ушбу Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 1997 йил 3 майда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва итальян тилларида тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)