Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга Аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисида
Битим
Битим
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ, бир томондан,
ва «Аъзо-давлатлар» деб аталувчи Европа Ҳамжамиятини таъсис этувчи Шартноманинг, Европа кўмир ва пўлат бирлашмасини таъсис этувчи Шартноманинг ва атом энергияси бўйича Европа Ҳамжамиятини таъсис этувчи Шартноманинг Аҳдлашувчи Томонлари
БЕЛЬГИЯ ҚИРОЛЛИГИ,
ДАНИЯ ҚИРОЛЛИГИ,
ГЕРМАНИЯ ФЕДЕРАТИВ РЕСПУБЛИКАСИ,
ГРЕЦИЯ РЕСПУБЛИКАСИ,
ИСПАНИЯ ҚИРОЛЛИГИ,
ФРАНЦИЯ РЕСПУБЛИКАСИ,
ИРЛАНДИЯ,
ИТАЛИЯ РЕСПУБЛИКАСИ,
ЛЮКСЕМБУРГ БУЮК ГЕРЦОГЛИГИ,
НИДЕРЛАНДИЯ ҚИРОЛЛИГИ,
АВСТРИЯ РЕСПУБЛИКАСИ,
ПОРТУГАЛИЯ РЕСПУБЛИКАСИ,
ФИНЛЯНДИЯ РЕСПУБЛИКАСИ,
ШВЕЦИЯ ҚИРОЛЛИГИ,
БУЮК БРИТАНИЯ ВА ШИМОЛИЙ ИРЛАНДИЯ ҚЎШМА ҚИРОЛЛИГИ
ва бундан кейин «Ҳамжамият» деб аталувчи ЕВРОПА ҲАМЖАМИЯТИ, ЕВРОПА КЎМИР ВА ПЎЛАТ БИРЛАШМАСИ ва АТОМ ЭНЕРГИЯСИ БЎЙИЧА ЕВРОПА ҲАМЖАМИЯТИ иккинчи томондан;
Ўзбекистон Республикаси билан Ҳамжамият ва унга Аъзо-давлатлар ўртасидаги алоқаларни ва улар учун умумий қадриятларни эътиборга олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Ҳамжамиятнинг бу алоқаларни мустаҳкамлаш ва улар ўртасида илгари, хусусан, 1989 йил 18 декабрда имзоланган Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи билан Европа Иқтисодий Ҳамжамияти ва атом энергияси бўйича Европа Ҳамжамияти ўртасида савдо, тижорат ва иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги Битим билан ўрнатилган муносабатларни чуқурлаштирадиган ва кенгайтирадиган шерикчилик ва ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш истаги борлигини тан олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Ҳамжамият ва унга Аъзо-давлатларнинг шерикчилик асосининг ўзагини ташкил этадиган сиёсий ва иқтисодий эркинликларни мустаҳкамлашга оид мажбуриятларини эътиборга олиб,
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини, суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишини тан олиб,
Томонларнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни сақлашга ва шунингдек мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) доираларида ҳамкорлик қилишга содиқликларини эътиборга олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Ҳамжамият ҳамда унга Аъзо-давлатлар Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Кенгашининг (ЕХҲК) Якунловчи актида, кейинчалик Мадрид ва Вена учрашувларининг якунловчи ҳужжатларида, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ЕХҲК Бонн конференцияси, янги Европа учун Париж хартияси ҳужжатида ва ЕХҲКнинг 1992 йилдаги «Ўзгаришлар вақтининг даъвати» номли Хельсинки ҳужжатида акс эттирилган барча принцип ва қоидаларни тўла-тўкис қўллаш тўғрисидаги қатъий мажбуриятларини эътиборга олиб,
ҳуқуқнинг устунлиги ва инсон ҳуқуқларини, хусусан кам сонли миллатларга мансуб шахсларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилиш, эркин ва демократик сайловларга ва бозор иқтисодиёти яратиш учун иқтисодий эркинликка эга бўлган кўп партияли тизим яратишнинг биринчи даражали аҳамияти борлигига ишонч ҳосил қилиб,
ушбу шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим тўла бажарилишининг Ўзбекистон Республикасидаги сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларни давом эттириш ва амалга оширишга ва шунингдек ҳамкорлик учун, айниқса ЕХҲК Бонн конференцияси нуқтаи назаридан, зарур бўлган омилларни киритишга кўмаклашишига амин бўлиб,
минтақанинг гуллаб-яшнашига ва барқарорлигига кўмаклашиш мақсадида қўшни давлатлар билан ушбу Битим назарда тутган соҳаларда минтақавий ҳамкорлик жараёнларини рағбатлантириш истагини билдириб,
ўзаро қизиқиш уйғотадиган икки томонлама ва халқаро масалалар бўйича мунтазам сиёсий мулоқот ўрнатиш ва ривожлантиришни хоҳлаб,
Ўзбекистоннинг Европа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатишга интилишини тан олиб ва қўллаб-қувватлаб,
Ўзбекистон Республикасига, жумладан, энергетика соҳасига инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш заруриятини ҳисобга олиб ва шу муносабат билан Ҳамжамият ва унга Аъзо-давлатларнинг энергетика маҳсулотларини экспорт қилишга тенг шароитлар яратиш учун ёндашишларига муҳим аҳамият бериб; Ҳамжамият ва унга Аъзо-давлатларнинг ва Ўзбекистон Республикасининг Европа энергетика хартиясига ва Энергетика хартияси бўйича Шартноманинг ва энергиядан оқилона фойдаланиш бўйича Энергетика хартияси протоколининг ва атроф-муҳит муҳофазасининг тегишли жиҳатлари тўла бажарилишига содиқлигини тасдиқлаб,
Ҳамжамиятнинг иқтисодий ҳамкорлик учун шароит яратиш ва имкони борича техникавий ёрдам кўрсатиш истагини ҳисобга олиб,
Ўзбекистон Республикасининг аста-секин Европага яқинлашишини ва шунингдек Европада ва қўшни минтақаларда кенг ҳамкорлик қилишини ва унинг очиқ халқаро савдо тизимига тобора кириб боришини акс эттирувчи Битимнинг фойдали эканини эътиборга олиб,
Томонларнинг савдони Бутунжаҳон савдо ташкилоти (ВТО) қоидаларига мувофиқ эркинлаштириш мажбуриятларини ҳисобга олиб ва Ўзбекистоннинг ВТОга аъзо бўлиши улар орасидаги савдо муносабатларини янада жадаллаштиришга хизмат қилишини эътиборга олиб,
амалий ва инвестиция фаолиятларига таъсир кўрсатувчи шароитларни ва компаниялар таъсис этиш, меҳнат фаолияти, хизматлар кўрсатиш ва капиталлар ҳаракати каби соҳаларнинг шароитларини яхшилаш заруратини англаб,
ушбу Битим Томонлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар учун, хусусан, иқтисодий қайта қуриш ва технологик модернизациялаш учун муҳим ҳисобланадиган савдо ва инвестицияларни ривожлантиришга янги шарт-шароитлар яратиб беришига қатъий ишонч ҳосил қилиб,
атроф-муҳит соҳасида Томонлар ўртасидаги мавжуд ўзаро боғлиқликни эътиборга олиб атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида яқиндан ҳамкорлик ўрнатишни хоҳлаб,
нолегал иммиграциянинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича ҳамкорлик ушбу Битимнинг биринчи даражали вазифаларидан бири эканлигини тан олиб;
маданий ҳамкорлик ва ахборот оқимининг кенгайишига кўмаклашишни истаб;
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ушбу билан, бир томондан, Ўзбекистон Республикаси ва иккинчи томондан, Ҳамжамият ва унга Аъзо-давлатлар ўртасида шерикчилик таъсис этилади. Бу шерикчилик мақсадлари:
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш;
Ўзбекистон Республикасининг ўз демократиясини мустаҳкамлаш, иқтисодиётини ривожлантириш ва бозор муносабатларига ўтишга эришиш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш;
Томонлар ўртасидаги сиёсий муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашувчи сиёсий мулоқот учун тегишли доираларни таъминлаш;
Томонлар ўртасидаги савдо, инвестициялар ва ўзаро мос иқтисодий муносабатларга кўмаклашиш ва шу йўсинда Томонларнинг барқарор иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш;
қонун чиқарувчи иқтисодий, ижтимоий, молиявий, фуқаролик, илмий, технологик ва маданий ҳамкорлик учун асосларни таъминлаш;
Ўзбекистонда қонун устунлигига асосланган фуқаролик жамияти қурилишига кўмаклашишдан иборатдир.
I БЎЛИМ
УМУМИЙ ПРИНЦИПЛАР
УМУМИЙ ПРИНЦИПЛАР
2-модда
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида, Хельсинки Якунловчи актида ва янги Европа учун Париж хартиясида белгиланган демократия, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини, шунингдек бозор иқтисодиёти принципларини, жумладан, ЕХҲКнинг Бонн конференцияси ҳужжатларида ифодаланган принципларни ҳурмат қилиш Томонлар ички ва ташқи сиёсатининг асоси ҳисобланади ва шерикчиликнинг ва ушбу Битимнинг муҳим элементини ташкил қилади.
3-модда
Томонлар ўзларининг келгусида гуллаб-яшнашлари ва барқарорликлари учун Совет Социалистик Республикалари Иттифоқининг парчаланиши натижасида юзага келган, бундан кейин «Мустақил давлатлар» деб аталадиган, янги мустақил давлатлар Хельсинки Якунловчи акти ва халқаро ҳуқуқ принциплари асосида ва яхши қўшничилик муносабатлари руҳида ўзаро ҳамкорлик ўрнатишлари ва уни ривожлантиришлари ҳамда ушбу жараённи ривожлантириш учун барча чора-тадбирларни кўришлари кераклигини муҳим деб ҳисоблайдилар.
II БЎЛИМ
СИЁСИЙ МУЛОҚОТ
СИЁСИЙ МУЛОҚОТ
4-модда
Томонлар ўртасида мунтазам сиёсий мулоқот ўрнатилади, Томонлар уни ривожлантириш ва фаоллаштиришни ният қиладилар. Сиёсий мулоқот Ўзбекистон Республикаси билан Ҳамжамият ўртасидаги яқинлашишни кузатиб боради ва мустаҳкамлайди, Ўзбекистон Республикасида содир бўлаётган сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди ва ҳамкорликнинг янги шаклларини йўлга қўйишга кўмаклашади. Сиёсий мулоқот:
Ўзбекистон Республикасининг Ҳамжамият ва унга Аъзо-давлатлар билан ва, шу тариқа, умуман демократик давлатлар Ҳамжамияти билан алоқаларини мустаҳкамлайди. Ушбу Битим асосида эришиладиган иқтисодий яқинлашиш янада фаол сиёсий алоқалар ўрнатишга олиб келади;
умумий хавотирликка сабаб бўлувчи халқаро масалаларга оид нуқтаи-назарларни тобора яқинлаштиришга, бу билан минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга кўмаклашади;
Томонларнинг демократия принципларига риоя қилиш, инсон ҳуқуқларини, жумладан кам сонли миллатларга мансуб шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурматлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича ҳамкорликка интилишларини, агар зарур бўлса, ишга тааллуқли масалалар бўйича маслаҳатлашишлар ўтказишларини кўзда тутади.
Бундай мулоқот минтақавий асосда ўтказилиши мумкин.
5-модда
Вазирлар даражасидаги сиёсий мулоқот 78-моддага мувофиқ таъсис этиладиган Ҳамкорлик кенгаши доирасида, бошқа ҳолларда эса ўзаро келишув асосида ўтказилади.
6-модда
Томонлар сиёсий мулоқотнинг бошқа тартиблари ва механизмларини, хусусан, унинг қуйидаги шаклларини белгилайдилар:
бир томондан, Ўзбекистон Республикаси вакиллари ва, иккинчи томондан, Ҳамжамият ва унга Аъзо-давлатлар вакиллари ўртасида катта мансабдор шахслар даражасида мунтазам учрашувлар ўтказиш;
Томонлар ўртасидаги дипломатик каналларнинг, жумладан, икки томонлама ва БМТ, ЕХҲТ мажлислари каби кўп томонлама даражадаги тегишли алоқаларнинг имтиёзларидан ва бошқа имкониятларидан тўла фойдаланиш;
ҳар қандай бошқа воситалар, шу жумладан бу мулоқотни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга кўмаклашадиган экспертлар учрашувлари имконияти.
7-модда
Парламент даражасидаги сиёсий мулоқот 83-моддага мувофиқ таъсис этиладиган Парламент ҳамкорлиги қўмитаси доирасида ўтказилади.
III БЎЛИМ
ТОВАРЛАР САВДОСИ
ТОВАРЛАР САВДОСИ
8-модда
1. Томонлар бир-бирларига:
импорт ва экспорт учун божхона пошлиналарига ва йиғимларига, жумладан, бундай пошлина ва йиғимларни йиғиш усулларига;
божхона расмийлаштириши, транзит, товар омборлари ва транспортда ташишга тегишли қоидаларга;
импорт қилинаётган товарларга бевосита ёки билвосита қўлланадиган солиқлар ва бошқа ҳар қандай турдаги ички йиғимларга;
бундай тўловларни тўлаш ва ўтказиш усулларига;
ички бозорда товарларни сотиш, харид қилиш, транспортда жўнатиш, тарқатиш ва фойдаланишга доир қоидаларга нисбатан ҳамма соҳаларда энг қулай режим яратиб берадилар.
2. 1-параграф қоидалари:
а) бож иттифоқи ёки эркин савдо зонаси тузиш мақсадида ёхуд шундай иттифоқ ёки зона тузилгани муносабати билан бериладиган имтиёзларга;
б) ВТО қоидаларига ва бошқа халқаро келишувларга мувофиқ айрим мамлакатларга ривожланаётган мамлакатлар фойдасини кўзлаб бериладиган имтиёзларга;
в) чегара яқинидаги савдони енгиллаштириш мақсадида қўшни мамлакатларга бериладиган имтиёзларга нисбатан қўлланмайди.
3. 1-параграф қоидалари Ўзбекистон Республикаси ВТОга кирган куни ёки 1998 йил 31 декабрида тугайдиган ўтиш даври мобайнида, қайси бири олдин рўй беришига боғлиқ ҳолда, Ўзбекистон Республикаси тарафидан 1-Иловада белгиланган, СССР тарқаб кетганидан кейин ташкил топган бошқа мамлакатларга берилган имтиёзларга нисбатан қўлланмайди.
9-модда
1. Томонлар эркин транзит принципи ушбу Битим мақсадларига эришишнинг муҳим шарти эканлигига рози бўлдилар.
Шу муносабат билан ҳар бир Томон ўз ҳудуди орқали бошқа Томон бож ҳудудидан чиққан ёки бож ҳудуди учун мўлжалланган товарларнинг эркин транзитини таъминлайди.
2. ГАТТнинг V моддаси 2-, 3-, 4-, 5-бандларида тавсифланган қоидалар Томонлар ўртасида қўлланади.
3. Ушбу моддадаги қоидалар Томонлар ўртасида келишиб олинган махсус секторларга, хусусан транспорт ва маҳсулотга, тегишли ҳар қандай алоҳида қоидаларга зарар етказилмайдиган ҳолда қўлланади.
10-модда
Томонларни боғлаб турадиган, товарларни вақтинча олиб кириш бўйича халқаро конвенциялардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга зарар етказмаган ҳолда ҳар бир Томон, бундан ташқари, иккинчи Томонни вақтинча олиб кириладиган товарларга импорт йиғимлари ва пошлиналаридан озод қилади, бундай ҳолларда унга алоқадор ҳар қандай шу масала бўйича халқаро конвенцияларда белгиланган расмий тадбирларга, ўз қонунчилигига мувофиқ иш кўради. Шундай ҳар қандай конвенциядан келиб чиқадиган тегишли Томон қабул қилган мажбуриятлар шартлари инобатга олинади.
11-модда
1. Ўзбекистон Республикасидан келиб чиққан товарлар Ҳамжамиятга миқдоран чекланмай ва эквивалент таъсир чораларисиз, ушбу Битимнинг 13-, 16- ва 17-моддалари қоидаларига зарар етказмаган ҳолда, олиб кирилади.
2. Ҳамжамиятдан келиб чиққан товарлар Ўзбекистон Республикасига миқдоран чекланмай ва эквивалент таъсир чораларисиз, ушбу Битимнинг 13-, 16- ва 17-моддалари қоидаларига зарар етказмаган ҳолда, олиб кирилади.
12-модда
Томонлар ўртасида товарлар бозор нархларида сотилади.
13-модда
1. Агар ҳар қандай товар маҳаллий шу турдаги ёки бевосита рақобатдаги товарларни ишлаб чиқарувчиларга зарар етказадиган ёки зарар етказиш хавфини туғдирадиган катта миқдорда ёки шароитларда импорт қилинса, Ўзбекистон Республикаси ёки Ҳамжамият, кимнинг манфаатларига дахл қилинишидан келиб чиқиб, қуйидаги тартиб ва шартларга мувофиқ тегишли чора-тадбирлар кўришлари мумкин.
2. Ҳар қандай чора-тадбир кўрилишидан олдин ёки 4-параграф қўлланаётган ҳолларда, чоралар кўрилгандан сўнг мумкин қадар тезроқ, Ўзбекистон Республикаси ёки Ҳамжамият, ҳолатдан келиб чиқиб, Ҳамкорлик қўмитасига иккала Томон учун, ХI бўлимда назарда тутилгани каби, мақбул қарорларга келиш мақсадида барча зарурий маълумотларни тақдим этади.
3. Агар Ҳамкорлик қўмитасига вазиятни тартибга солиш бўйича ҳаракатлар тўғрисида мурожаат қилинган санадан кейин 30 кун ичида Томонларнинг маслаҳатлашувлари натижасида бир битимга келинмаса, маслаҳатлашишлар ўтказишни сўраган Томон зарарнинг олдини олиш ёки уни бартараф қилиш учун зарур ҳажмга ва муддатга тегишли товарлар импортини эркин чеклаши ёхуд бошқа мос чоралар кўриши мумкин.
4. Ушлаб туриш қопланиши қийин зарар келтириши мумкин бўлган оғир вазиятларда Томонлар, шундай чоралар кўрилганидан кейин дарҳол маслаҳатлашишлар ўтказишни таклиф этиш шарти билан, маслаҳатлашишлар ўтказилишига қадар чоралар кўришлари мумкин.
5. Ушбу моддага мувофиқ чоралар танлашда Томонлар улар ичида ушбу Битим мақсадларига эришиш учун кам зарар келтирадиганларини афзал кўрадилар.
6. Ушбу моддада ҳеч нарса ҳар қандай Томоннинг ГАТТнинг VI моддасига, ГАТТнинг VI моддасини қўллаш тўғрисидаги Битимга, ГАТТнинг VI, ХVI ва ХХIII моддаларини талқин этиш ва қўллаш тўғрисидаги Битимга ёки ички қонунчиликка мувофиқ антидемпинг ёки компенсацион чоралар кўришига зарар етказмайди ёки бирон-бир даражада таъсир ўтказмайди.
14-модда
Томонлар улар ўртасида товарлар савдоси бўйича тузилган ушбу Битимдаги қоидаларни, вазият имкониятига қараб, жумладан Ўзбекистон Республикасининг ВТОга кириши натижасида юзага келган аҳволга қараб, ривожлантиришни кўриб чиқиш мажбуриятини оладилар. Ҳамкорлик қўмитаси Томонларнинг ҳар бирининг тартибларига мувофиқ Томонлар ўртасида битим тузиш орқали амалга кириши мумкин бўлган ўзгартиришлар бўйича Томонларга тавсиялар бериши мумкин.
15-модда
Битим товарлар импорти, экспорти ва транзитини ижтимоий ахлоқ, ижтимоий сиёсат ёки жамоат хавфсизлиги; кишилар саломатлиги ва ҳаётини, ҳайвонлар ёки ўсимликлар ҳаётини муҳофаза қилиш; табиий ресурсларни муҳофаза қилиш; миллий бадиий, тарихий ёки археологик бойликларни асраш ёхуд интеллектуал, индустриал ва тижорат мулкини асраш ёки олтин ёки кумушга тегишли қоидалар нуқтаи назаридан оқланган тақиқ ёки чеклашларни истисно қилмайди. Бироқ бундай тақиқ ёки чеклашлар ўзбошимчалик билан қилинган камситиш ёки Томонлар ўртасида савдони яширинча чеклаш воситасига айланмаслиги керак.
16-модда
Ушбу Бўлим Қурама Номенклатуранинг 50 — 63-боблари қоидаларига бўйсунадиган тўқимачилик товарлари савдосига нисбатан қўлланмайди. Бундай товарлар савдоси 1995 йил 4 декабрда дастлабки тасдиқлашдан ўтган ва шартли равишда 1996 йил 1 январдан қўлланадиган алоҳида Битим бўйича тартибга солинади.
17-модда
1. Европа кўмир ва пўлат бирлашмасини таъсис этган Шартнома амалига бўйсунадиган товарлар савдоси ушбу Бўлим қоидаларига мувофиқ амалга оширилади, 11-модда бундан мустасно.
2. Бир томондан, Ўзбекистон Республикаси вакилларидан, ва, иккинчи томондан, Ҳамжамият вакилларидан таркиб топган кўмир ва пўлат масалалари бўйича Мулоқот гуруҳи таъсис этилади.
Мулоқот гуруҳи мунтазам равишда кўмир ва пўлатга доир барча масалалар бўйича Томонларни қизиқтирувчи маълумотларни айирбошлайди.
18-модда
Ядро материаллари савдоси атом энергияси бўйича Европа Ҳамжамияти ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида тузиладиган алоҳида Битим қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
IV БЎЛИМ
ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ ВА ИНВЕСТИЦИЯЛАР ТЎҒРИСИДА ҚОИДАЛАР
ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИ ВА ИНВЕСТИЦИЯЛАР ТЎҒРИСИДА ҚОИДАЛАР
I БОБ
Меҳнат фаолиятига тааллуқли шартлар
Меҳнат фаолиятига тааллуқли шартлар
19-модда
1. Ҳамжамият ва Аъзо-давлатлар, ҳар бир Аъзо-давлатда амалда бўлган қонунлар, шартлар ва тартибларга риоя қилган ҳолда, Аъзо-давлат ҳудудида қонуний асосларда ишга қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига бериладиган режим иш шароити, тақдирлаш ва ишдан бўшатиш борасида, фуқаролик белгисига қараб ўзининг фуқароларига қараганда ҳеч қандай камситишга йўл қўймаслигини таъминлайдилар.
2. Ўзбекистон Республикаси, Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган шартлар ва қоидаларга риоя қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда ишга қабул қилинган Аъзо-давлатлар фуқароларига бериладиган режим иш шароити, тақдирлаш ва ишдан бўшатиш борасида, фуқаролик белгисига қараб ўзининг фуқароларига қараганда ҳеч қандай камситишга йўл қўймаслигини таъминлайди.
20-модда
Ҳамкорлик кенгаши, тадбиркорлар фаолияти шароитлари учун ЕХҲКнинг Бонн конференцияси ҳужжатида кўрсатилганларини ҳам қўшганда, Томонларнинг халқаро мажбуриятларига мос келадиган қандай қулайликлар яратилиши мумкинлигини кўриб чиқади.
21-модда
Ҳамкорлик Кенгаши ушбу Битимнинг 19- ва 20-моддаларини қўллаш масалалари бўйича тавсиялар беради.
II БОБ
Компанияларнинг таъсис этилиши ва фаолиятига тааллуқли шартлар
Компанияларнинг таъсис этилиши ва фаолиятига тааллуқли шартлар
22-модда
1. Ҳамжамият ва унинг Аъзо-давлатлари ўзбек компанияларини таъсис этиш учун, 24(d)-моддада белгиланганидек, ҳар қандай учинчи мамлакат компанияларига бериладигандан кам бўлмаган қулай режим яратади.
2. II Иловада қайд этилган шартларга зарарсиз ҳолда, Ҳамжамият ва унинг Аъзо-давлатлари уларнинг ҳудудларида таъсис этилган Ўзбекистон компанияларининг шўъба компанияларига уларнинг фаолиятига нисбатан Ҳамжамиятнинг бошқа компанияларига яратилаётган режимдан кам бўлмаган қулай режим яратадилар.
3. Ҳамжамият ва унинг Аъзо-давлатлари ўзларининг ҳудудларида ташкил қилинган Ўзбекистон компанияларининг филиалларига, уларнинг фаолиятига нисбатан ҳар қандай учинчи мамлакатнинг компаниялари филиалларига яратилаётган режимдан кам бўлмаган қулай режим яратадилар.
4. III Иловада қайд этилган шартларга зарарсиз ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ҳамжамият компанияларини таъсис қилиш учун 24(d)-моддада белгиланганидек, ўзбек компаниялари ёки ҳар қандай учинчи мамлакат компанияларига яратилаётган режимдан кам бўлмаган қайси бири яхшироқ бўлишига қараб, ўшандек қулай режим яратади.
5. Ўзбекистон Республикаси ўзининг ҳудудида ташкил қилинган Ҳамжамият шуъба компаниялари ва филиалларига, ўзининг компаниялари ва филиалларига ёки ҳар қандай учинчи мамлакат шуъба компаниялари ва филиалларига яратилган режимдан кам бўлмаган, уларнинг фаолиятига нисбатан қайси бири яхшироқ бўлишига қараб, ўшандек режим яратади.
23-модда
1. 22-моддадаги қоидалар ҳаво транспорти, ички сув транспорти ва денгиз транспортига нисбатан қўлланилмайди.
2. Аммо халқаро денгиз транспорти хизматлари кўрсатиш бўйича кемачилик агентликлари амалга ошираётган фаолият турларига, шу жумладан денгиз елкасидан фойдаланиладиган аралаш операцияларга, нисбатан ҳар бир Томон ўз ҳудудида бошқа Томон компанияларига ўзининг компанияларига ёки учинчи мамлакат компанияларининг шўъба компаниялари ёки филиалларига бериладигандан кам бўлмаган, қайси бирлари яхшироқ бўлишига қараб, ўшандек қулай шароитлар яратиб берилиши асосида таъсис этилган ва фаолият кўрсатаётган шўъба компаниялари ёки филиаллари шаклида тижоравий ҳозир бўлишига рухсат беради.
Бундай фаолият қуйидагиларни ўз ичига олади, аммо булар билан чегараланиб қолмайди:
a) маркетинг ва денгиз транспорти хизматлари, бу хизматлар амал қиляптими ёки хизматларни етказиб берувчи ёки хизматларни тарқатувчи амалдаги бизнес-келишувни қўллаб-қувватловчи хизматларни етказиб берувчилар томонидан таклиф қилинганми, бундан қатъий назар, ва истеъмолчилар билан тўғридан-тўғри алоқа қиладиган хизматлар билан боғлиқ хизматларни сотиш;
b) харид қилиш ва қайси-бир транспорт ва у билан боғлиқ хизматлардан ёки уларнинг истеъмолчиларининг счёти ҳисобидан (ва уларни истеъмолчиларга олиб-сотиш) транспортнинг ҳар қандай тури билан кўрсатиладиган ички транспорт хизматини қўшиб аралаш юк ташиш билан боғлиқ хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган, жумладан, ички денгиз, автомобиль ва темир йўл транспортидан фойдаланиш;
c) транспорт ҳужжатлари, божхона ҳужжатлари ёки ташилаётган товарларнинг келиб чиқиши ва хусусиятларига алоқадор бошқа ҳужжатларни тайёрлаш;
d) ишга алоқадор ахборотларни ҳар қандай воситалар билан, жумладан компьютерлашган ахборот тизимлари ва маълумотларни электрон алмашиш (телекоммуникацияларга тааллуқли ҳар қандай камситмовчи чеклаб қўйишларга риоя қилган ҳолда) воситалар билан, тақдим этиш;
e) ҳар қандай кемачилик агентлиги билан ҳар қандай амалий келишувни тузиш, жумладан, компания акциялари пакетида қатнашиш ва маҳаллий миқёсда ёлланган ходимларни (ёки, агар хизматчилар хорижий бўлганларида, ушбу Битимнинг тегишли қоидаларига мувофиқ) тайинлашда қатнашиш;
f) компаниялар номидан кемаларнинг киришини ёки зарурат тугилганда юкларни қабул қилишни ташкил этиш бўйича ҳаракат қилиш.
24-модда
Мазкур Битимнинг мақсадлари учун:
a) «Ўзбекистон компанияси» ёки мос равишда «Ҳамжамият компанияси» Ўзбекистон Республикаси ёки Аъзо-давлат қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган ва ўзининг рўйхатдан ўтказилган идорасига ёки марказий маъмуриятига эга бўлган ёки хўжалик фаолиятининг асосий жойи Ўзбекистон Республикаси ёки мос равишда Ҳамжамият ҳудудида бўлган компанияни билдиради. Бироқ, агар Ўзбекистон Республикаси ёки мос равишда Аъзо-давлатлар қонунларига мувофиқ ташкил этилган компания Ўзбекистон Республикаси ёки мос равишда Ҳамжамият ҳудудида фақат ўзининг рўйхатдан ўтказилган идорасига эга бўлса, агар унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси ёки тегишли равишда Аъзо-давлатлардан бирининг иқтисодиёти билан аниқ ва доимий боғланган бўлса, бу компания Ўзбекистон компанияси ёки тегишли равишда Ҳамжамият компанияси ҳисобланади;
b) компаниянинг «Шўъба компанияси» ҳақиқатда ушбу компания томонидан назорат қилинувчи компанияни билдиради;
c) компаниянинг «Фаолияти» юридик шахс ҳисобланмаган, бўлинма бўлиб ажралиб чиққан, доимийлик аломатларига эга бўлган, масалан, асосий компаниядан ажралиб чиққан, бошқармаси ва моддий жиҳозлари бор, учинчи томонлар билан амалий муносабатларни қуйидаги тартибда амалга оширувчи, яъни, учинчи томонлар зарур пайтда асосий компания билан ҳуқуқий алоқада бўладиган, бош офиси хорижда жойлашган бу асосий компания билан бевосита иш олиб бормасдан асосий компаниядан ажралган бўлса ҳам, шу бўлинмада ишни юргиза оладиган бўлинмани билдиради;
d) «Таъсис қилиш» мазкур модданинг а) параграфида улар белгилаб қуйилганидек, Ўзбекистон Республикасида ёки тегишли равишда Ҳамжамиятда филиаллар ва шўъба компаниялар тузиш йўли билан иқтисодий фаолиятга киришиш бўйича Ўзбекистон компаниялари ёки Ҳамжамият компаниялари ҳуқуқини билдиради;
e) «Фаолият» иқтисодий фаолиятни амалга оширишни билдиради;
f) «Иқтисодий фаолият» саноат, тижорат ёки профессионал тусдаги фаолиятни билдиради;
g) Ўзбекистон Республикаси ва тегишлича Ҳамжамият ташқарисида жойлашиб олган Ўзбекистон Республикаси ёки Аъзо-давлат фуқаролари томонидан ва Ўзбекистон Республикасининг ёки Ҳамжамиятнинг ташқарисида таъсис этилган ва Ўзбекистон Республикаси ёки тегишлича ҳар қандай Аъзо-давлат фуқаролари томонидан назорат қилинадиган кемачилик компаниялари ҳам халқаро денгиз транспорти, шу жумладан денгиз елкасидан фойдаланиладиган аралаш операцияга нисбатан, агар уларнинг кемалари Ўзбекистон Республикасида ёки Аъзо-давлатда уларнинг тегишли қонунларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган бўлса, ушбу Бобда ва III Бобда назарда тутилган қоидаларидан фойдаланадилар.
25-модда
1. Ушбу Битимнинг ҳар қандай бошқа қоидаларига қарамасдан, Томонлар эҳтиёткорлик чораларини кўришга, шу жумладан инвесторлар, омонатчилар, суғурта полислари эгалари, молиявий хизматлар билан таъминловчининг ишончли шахсларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар ёки молия тизимининг барқарорлиги ва яхлитлиги учун зарур чораларни кўришга тўсқинлик қилмасликлари керак. Агар бундай чоралар ушбу Битимнинг қоидаларига мувофиқ бўлмаса, Томон улардан ушбу Битим бўйича олган мажбуриятларини бажаришдан қутулиш воситаси сифатида фойдаланмаслиги керак.
2. Ушбу Битимда ҳеч бир нарса Томондан якка буюртмачи счётлари ва ишлари ҳақида маълумот ёки давлат идоралари ихтиёридаги ҳар махфий ёки патентли маълумот тақдим этиш бўйича талаб сифатида талқин қилинмаслиги керак.
3. Ушбу Битимнинг мақсадлари учун «молия хизматлари» IV Иловада кўрсатилган фаолиятни билдиради.
26-модда
Ушбу Битим қоидалари ҳар бир Томоннинг учинчи мамлакат бозорига кириш бўйича кўрган чораларига хилоф ҳаракатларнинг олдини олиш учун, ушбу Битим қоидаларига асосан, зарур чоралар кўришига зарар етказмайди.
27-модда
1. Ушбу Бўлимнинг I Боби қоидаларига қарамасдан, Ҳамжамият ёки Ўзбекистон Республикасига тегишли ҳудудларда таъсис этилган Ўзбекистон Республикаси компанияси ёки Ҳамжамият компанияси, таъсисчи мамлакатлардаги амалдаги қонунчиликка риоя қилиб, ўзи ёки ўзининг шўъба компаниялари ёки филиаллари орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, Ўзбекистон Республикаси ёки Аъзо-давлатлар фуқаролари ҳисобланган Ҳамжамият ходимларини ишга ёллашга ҳақлидир, бу ҳолда ходимлар, асосий ходим бўлиши керакки, бу тушунча ушбу модданинг 2-параграфида белгиланган, шунингдек, улар мутлақо компаниялар ёки филиаллар томонидан ёлланган бўлишлари керак. Бундай ходимларнинг яшаши ва ишлашига берилган рухсатномалар муддати ёлланув давридан ошмаслиги лозим.
2. Юқорида қайд этилган, шу ўринда ва бундан кейин «ташкилотлар» деб аталадиган компанияларнинг асосий ходимлари қуйида кўрсатилган тоифалардаги «фирма ичида ўтказиш тартибида ишловчи шахслар» ҳисобланади (бу тушунча ушбу модданинг 2 b)-параграфида аниқлаб берилган), бунинг учун ушбу ташкилот юридик шахс ҳисобланиши, сўз юритилаётган шахслар эса унинг томонидан ёлланган бўлиши ёки бундай ўтказиш вақтигача камида бир йил мобайнида унинг шериклари бўлиши (акцияларнинг назорат пакети эгаларидан ташқари) керак:
a) ташкилотда юқори лавозимни эгаллаган, энг аввало умумий назорат остидаги муассасани бошқарувчи ёки асосан директорлар ёки акционерлар кенгашидан ёки бошқа унга тенг идорадан кўрсатмалар олувчи шахс, жумладан:
муассаса, бўлим ёки муассаса сектори раҳбарлари;
бошқа раҳбарлар, профессионал ёки бошқарув бўғин ходимлари фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи ҳамда назорат қилувчи шахслар;
шахсан ишга қабул қилиш ва бўшатишга ёки ишга қабул қилиш, бўшатиш ёки бошқа кадрлар масаласида тавсиялар беришга ваколатли шахслар;
бўшатиш ёки бошқа кадрлар масаласида тавсиялар беришга ваколатли шахслар;
b) ташкилотда ишловчи ва муассасага, тадқиқот асбоб-ускуналарига, техникага хизмат кўрсатиш ёки бошқарув учун жуда зарур билимларга эга бўлган шахслар. Бу билимлар, шу муассаса учун махсус характердаги билимлар билан бир қаторда, махсус техника билимларини, шу жумладан бўлишини талаб қилувчи фаолият тури ёки иш тури ёки савдога тааллуқли бўлган юқори даражали малакага қараб баҳоланади;
c) «Фирма ичида ўтказиш тартибида ишловчи шахс», Томонлардан бирининг ҳудудидаги ташкилотда ишловчи ва иқтисодий фаолият доирасида вақтинча бошқа Томон ҳудудига ўтказувчи, бу ташкилот Томоннинг бири ҳудудида фаолиятнинг асосий жойига эга бўлиши, бу ташкилотнинг муассасаси (филиал, шуъба корхона) ўтказишни амалга оширмоғи, худди шундай иқтисодий фаолиятни бошқа Томоннинг ҳудудида амалга оширувчи жисмоний шахс сифатида белгиланади.
28-модда
1. Томонлар бир-бирининг компанияларининг таъсис этилиши ва фаолияти учун шароитларни Битим имзоланиши кунидан олдинги кундаги вазиятга қараганда анча чеклаб қўйиши мумкин бўлган чора ва ҳаракатларнинг олдини олиш учун бор имкониятларидан фойдаланадилар.
2. Ушбу модда қоидалари 36-модда қоидаларига ҳеч қандай зарар етказмайди, 36-моддага тўғри келувчи вазиятлар фақат унинг қоидалари билан тартибга солинади, бошқа ҳар қандай қоидалар мустасно қилинади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати 42-модда қоидалари асосида ва ҳамкорлик ва шериклик руҳида иш олиб бориб, Ҳамжамиятни ўзининг янги қонунларини таклиф этиш ёки Ҳамжамиятнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи шуъба корхоналари ёки филиалларини таъсис этиш ёки уларнинг фаолияти учун Битим имзоланадиган кундан олдинги вазиятга нисбатан кўпроқ чекловчи бўлиши мумкин бўлган янги тартибга солиш нормаларини қабул қилиш нияти тўғрисида хабардор қилиши керак. Ҳамжамият Ўзбекистон Республикасидан шундай қонунчилик ёки тартибга солувчи нормалар лойиҳаларини тақдим этишни талаб қилиши ва бу лойиҳалар бўйича маслаҳатлашиши мумкин.
4. Ўзбекистон Республикасида жорий этилган янги қонунчилик ёки қоидалар Ўзбекистон Республикасида таъсис этилган шўъба корхоналар ва филиаллар фаолияти учун шароитларни Битим имзоланган санадан олдин мавжуд бўлган вазиятга нисбатан анча чеклаб қуядиган бўлса, ушбу қонунчилик ёки қоида Ҳамжамиятнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тегишли ҳужжатнинг кучга киришидан олдин таъсис этилган филиаллари ва шўъба компанияларига, у кучга киргандан кейин 3 йил мобайнида татбиқ қилинмайди.
III БОБ
Ўзбекистон Республикаси билан Ҳамжамият ўртасида трансчегара хизматлари кўрсатиш
Ўзбекистон Республикаси билан Ҳамжамият ўртасида трансчегара хизматлари кўрсатиш
29-модда
1. Ушбу Бобнинг шартларига мувофиқ Томонлар, вакили учун хизматлар мўлжалланган Томон ҳудудида жойлашган ўзбек компаниялари ва Ҳамжамият компанияларининг Томонлар хизмат кўрсатиш секторларининг ривожлантиришини эътиборга олиб, хизмат кўрсатишларини таъминлаш учун зарур чоралар кўриши мажбуриятини оладилар.
2. 1-параграфни амалга ошириш бўйича тавсиялар Ҳамкорлик қўмитаси томонидан берилади.
30-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасида бозорга йўналтирилган хизматлар секторини ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
31-модда
1. Томонлар денгиз транспортига нисбатан тижорат асосида монесиз халқаро бозорга ва транспортда юк ташишларга кириш принципини самарали қўллаш мажбуриятини оладилар:
a) юқорида кўрсатилган қоида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг линия конференциялари учун Ахлоқ Кодекси тўғрисидаги Конвенциясидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга, ушбу Битим Томонларига нисбатан қандай қўлланилган бўлса, зарар етказмайди. Конференция иштирокчилари бўлмаган линия операторлари тижорат асосидаги хусусий рақобатчилик принципига амал қилганлари тақдирда конференция билан рақобатлашиш ҳуқуқига эга бўладилар.
b) Томонлар сочиладиган ва суюқ юклар билан савдо қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида эркин рақобатчилик муҳити принципига содиқ эканликларини тасдиқлайдилар.
2. Томонлар 1-параграфдаги принципларни қўллашда:
a) ушбу Битим кучга кирган пайтдан бошлаб ҳар қандай Аъзо-давлат ва собиқ СССР ўртасида юк ташишни тақсимлаш хусусида икки томонлама битимларнинг ҳар қандай қоидаларини ўзларининг ўзаро савдо-сотиқларида қўлламайдилар;
b) учинчи мамлакатлар билан келгусидаги икки томонлама битимларга юк ташишни тақсимлаш тўғрисидаги аҳдлашувларни киритмайдилар, аммо бу нарса шундай алоҳида ҳолларда линия юклари ҳусусидаги бундай аҳдлашувлар эҳтимолини мустасно қилмайдики, бунда ушбу Битимнинг у ёки бу Томонига қарашли линия кемачилик компаниялари тегишли учинчи мамлакатга ёки шундай мамлакатлардан юк ташишни амалга ошириш учун ўзгача тарзда реал имкониятга эга бўлмасликлари мумкин;
c) сочиладиган ва суюқ юклар билан савдо қилиш тўғрисида келгусидаги икки томонлама битимларда юкларни тақсимлаш нормаларини тақиқлайдилар;
d) ушбу Битим кучга кирган пайтдан бошлаб бир томонлама барча чоралар бекор қилинади ҳамда денгиз орқали халқаро юк ташиш соҳасида эркин хизматлар кўрсатилишига яширинча чеклашлар ёки унга камситувчи таъсир ўтказиши мумкин бўлган маъмурий, техникавий ва бошқа ғовларни бартараф этадилар.
32-модда
Томонлар ўртасида уларнинг тижорат эҳтиёжларига жавоб берадиган, транспорт муносабатларини мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантириш мақсадида ўзаро бозорга кириб бориш ҳамда транспорт, йўл, темир йўл, ҳаво, денгиз йўллари орқали хизматлари кўрсатиш, агар улар мавжуд бўлса, шартлари ушбу Битим кучга киргандан кейин Томонларнинг махсус битимлари билан изоҳланиши мумкин.
IV БОБ
Умумий қоидалар
Умумий қоидалар
33-модда
1. Ушбу Бўлимнинг қоидалари ижтимоий сиёсат, жамоат хавфсизлиги ёки жамият соғлиғини сақлаш сабаблари бўйича асосланган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.
2. Бу қоидалар Томонлар ҳудудида, ҳатто вақти-вақти билан бўлса-да, расмий ваколатларни бажариш билан боғлиқ фаолиятга нисбатан қўлланилмайди.
34-модда
Ушбу Бўлим мақсадлари учун Битимда Томонларга келиш, бўлиш, ишлаш, меҳнат шартлари ҳамда жисмоний шахслар уюшмалари ва хизматларни етказиб беришга тааллуқли қонунларни ва бошқа норматив ҳужжатларни қўлланишда ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди, фақат бунда улар ўз қонунлари ва норматив ҳужжатларини ушбу Битимнинг алоҳида қоидага эга туфайли ҳар қандай Томон оладиган афзалликларни бекор қиладиган ёки чеклайдиган тарзда қўлламасликлари шарт. Юқорида кўрсатиб ўтилган қоида 33-модданинг қўлланилишига зиён етказмайди.
35-модда
Ўзбекистон компаниялари билан Ҳамжамият компаниялари назоратида бўлган ва улар тўла биргаликда эгалик қилаётган компаниялар ҳам ушбу Бўлимнинг II, III ва IV Бобларидаги афзалликлардан фойдаланадилар.
36-модда
Хизматлар савдоси Бош битими (ГАТС) қамраб оладиган секторлар ёки тадбирларга даҳлдор бўлган ГАТСнинг тегишли мажбуриятлари бир ой илгариги кунда кучга кирганидан бошлаб, Томонларнинг ҳар қандайига асло биринчи Томон ГАТСнинг тегишли қоидаларига мувофиқ берган режимдан қулайроқ бўлиши мумкин эмас. Бу нарса ҳар бир хизмат секторига, кичик хизмат секторига ва хизматларни етказиб бериш турларига тааллуқлидир.
37-модда
Ҳамжамият, унга Аъзо-давлатлар ёки Ўзбекистон Республикаси иқтисодий интеграция тўғрисидаги битимлар бўйича олинган мажбуриятларга мувофиқ ва ГАТС 5-моддасининг принципларига мувофиқ берадиган режим II, III, ва IV Бобларнинг мақсадлари учун эътиборга олинмайди.
38-модда
1. Ушбу Бўлимнинг қоидаларига мувофиқ бериладиган энг қулай режим Томонлар иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимлар ёки солиқ масалаларига оид бошқа битимлар асосида бераётган ёхуд келгусида берадиган солиқ имтиёзларига нисбатан қўлланилмайди.
2. Ушбу Бўлимда ҳеч нарса шундай талқин этилмаслиги керакки, Томонларнинг иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимлар ёки солиқ масалаларига оид бошқа битимларнинг ёхуд ички солиқ қонунчилигининг солиқ қоидаларига мувофиқ уни тўламаслик ёки солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш мақсадини кўзловчи ҳар қандай чора-тадбирлар қабул қилинишига ёхуд амалга оширилишига тўсқинлик қилмаслиги зарур.
3. Ушбу Бўлимда ҳеч нарса Ўзбекистон Республикасининг ёки Аъзо-давлатларнинг солиқ қонунчилигидаги тегишли қоидаларни қўлланиш чоғида уларга айни бир хил аҳволда бўлмаган, жумладан, турли жойларда истиқомат қиладиган солиқ тўловчиларни фарқлашлари учун тўсиқ сифатида талқин этилмаслиги керак.
39-модда
27-моддага зиён етказилмаган ҳолда, II, III ва IV Бобларнинг биронта ҳам қоидаси қуйидаги ҳуқуқни берадиган қоида сифатида талқин этилмайди:
Ўзбекистон Республикасининг ёки тегишли равишда Аъзо-давлатларнинг фуқароларига — Ҳамжамиятнинг ёхуд тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига исталган ҳолда ва жумладан, улуш эгаси ёки компаниядаги шерик, ёхуд унинг менежери ёки унинг ходими, ёхуд хизматларни етказиб берувчи ёки уларни қабул қилиб олувчи сифатида келиш ёхуд у ерда бўлиш;
Ҳамжамиятнинг шўъба компанияларига ёки Ўзбекистон компанияларининг филиалларига Ҳамжамият ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга ёллаш;
Ўзбекистон шўъба компанияларига ёки Ҳамжамият компанияларининг филиалларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Аъзо-давлатларнинг фуқароларини ишга ёллаш;
Ўзбекистон компанияларига ёки шўъба компанияларига ёхуд Ўзбекистон компанияларининг Ҳамжамиятдаги филиалларига Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмиш ишчиларни контрактлар бўйича фаолият кўрсатиш учун вақтинча ишлашга юбориш;
Ҳамжамият компанияларига ёки Ўзбекистон шўъба компанияларига ёхуд Ҳамжамият компанияларининг филиалларига Аъзо-давлатларнинг фуқаролари бўлмиш ишчиларни шартномалар бўйича фаолият кўрсатиш учун вақтинча ишлашга юбориш.
V БОБ
Жорий тўловлар ва капиталлар
Жорий тўловлар ва капиталлар
40-модда
1. Томонлар Ўзбекистон Республикасида ва Ҳамжамиятда яшаётганлар ўртасида тўлов балансининг жорий ҳисоб-китоби бўйича товарлар, хизматларнинг ва жисмоний шахсларнинг ҳаракати билан боғлиқ бўлган, ушбу Битимнинг қоидаларига мувофиқ амалга ошириладиган ҳар қандай тўловларни эркин алмаштириладиган валютада ўтказишга рухсат бериш мажбуриятини оладилар.
2. Тўлов балансининг капитал ҳисоб-китоби бўйича битимлар борасида, ушбу Битим кучга кирган пайтдан бошлаб, қабул қилувчи мамлакатнинг қонунларига мувофиқ ташкил этилган компанияда амалга ошириладиган бевосита инвестициялар ҳамда II Бобнинг қоидаларига мувофиқ амалга ошириладиган инвестициялар шаклида капиталнинг эркин ҳаракати ва ана шу инвестициялар ҳамда улардан олинган ҳар қандай фойданинг ўтказилиши ёки тугатилиши таъминланади.
3. 2- ва 5-параграфларга зарар етказилмаган ҳолда ушбу Битим кучга кирган пайтдан бошлаб Томонлар Ўзбекистон Республикасида ва Ҳамжамиятда истиқомат қилувчилар ўртасида капитал ҳаракатига ва у билан боғлиқ жорий тўловларга ҳеч қандай янги чеклашларни жорий этмайдилар ва мавжуд шартларни оғирлаштирмайдилар.
4. Томонлар ушбу Битимнинг мақсадларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ва Ҳамжамият ўртасида 2-параграфда кўрсатилгандан бошқа капиталларнинг ҳаракатини енгиллаштириш хусусида бир-бирлари билан маслаҳатлашиб оладилар.
5. Ушбу модданинг қоидаларига нисбатан, Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) тўғрисидаги Битим моддаларининг VIII моддасига мувофиқ тушунилганидек, Ўзбекистон Республикаси валютасининг тўла эркин айирбошлаши жорий этилгунга қадар Ўзбекистон Республикаси айрим ҳолларда қисқа муддатли ва ўрта муддатли молиявий кредитларни бериш ёки жалб этиш билан боғлиқ валюта чеклашларини бундай кредитлар берилиши борасида Ўзбекистон Республикаси зиммасига юкланган ва Ўзбекистон Республикасининг ХВФдаги мақомига мувофиқ рухсат берилган даражада қўлланиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси бундай чеклашларни ҳеч кимни камситмасдан қўллайди. Чеклашлар шундай қўлланилиши керакки, ушбу Битимга етказиладиган зиён ниҳоятда кам бўлсин. Ўзбекистон Республикаси шундай чора-тадбирлар жорий этилгани ҳақида ва уларнинг ҳар қандай ўзгаришлари тўғрисида Ҳамкорлик кенгашини ўз вақтида хабардор қилади.
6. 1- ва 2-параграфларга зиён етказмасдан, айрим вазиятларда, Ўзбекистон Республикаси билан Ҳамжамият ўртасидаги капитал ҳаракати Ўзбекистон Республикасида ёки Ҳамжамиятда валюта курси соҳасидаги сиёсатни ёхуд кредит-пул сиёсатини амалга ошириш учун жиддий қийинчиликлар туғдираётган ёки шундай қийинчилик туғдириш хавфини солаётган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ёхуд тегишли равишда Ҳамжамият Ўзбекистон Республикаси билан Ҳамжамият ўртасида капитал ҳаракатига нисбатан ҳимоя чораларини жорий этиш қатъий зарур бўлиб қолса, олти ойдан ошмайдиган давр мобайнида шундай чораларни жорий этишлари мумкин.
VI БОБ
Интеллектуал, саноат ва тижорат мулкини муҳофаза қилиш
Интеллектуал, саноат ва тижорат мулкини муҳофаза қилиш
41-модда
1. Ушбу модданинг қоидаларини ва V Иловани ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ушбу Битим кучга киргандан кейин беш йиллик муддат тугагач, интеллектуал, саноат ва тижорат мулки эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ҳамжамиятдаги даражага мос келадиган ҳимоя даражасига, шу жумладан, мазкур ҳуқуқларни кучайтириш борасида самарали воситаларга эришиш мақсадида бундай ҳуқуқларни ҳимоя қилишни яхшилаб бораверади.
2. Ушбу Битим кучга киргандан кейин беш йил ўтгач, Ўзбекистон Республикаси V Илованинг 1-параграфида айтиб ўтилган интеллектуал, саноат ва тижорат мулкига эгалик ҳуқуқлари тўғрисидаги кўп томонлама конвенцияларга қўшилади, қўшилган ушбу конвенцияларнинг тегишли шартларига биноан уларга Аъзо-давлатлар ёки улар амалда Аъзо-давлатлар томонидан қўлланилади.
V БЎЛИМ
ҚОНУНЧИЛИК СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК
ҚОНУНЧИЛИК СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК
42-модда
1. Томонлар Ўзбекистон Республикасининг мавжуд ва бўлажак қонунларининг Ҳамжамият қонунлари билан яқинлашуви Ўзбекистон Республикаси билан Ҳамжамият ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти деб биладилар. Ўзбекистон Республикаси ўз қонунларининг Ҳамжамият қонунларига мос келишига аста-секин эришишга ҳаракат қилади.
2. Қонунларнинг яқинлашуви жараёни, хусусан, ҳуқуқнинг қуйидаги соҳаларига татбиқ этилади: бож ҳуқуқи, тадбиркорлик фаолияти, банклар қонунлари ва бошқа молиявий хизматлар, бухгалтерия ҳисоби ва компанияларни солиққа тортиш, интеллектуал мулк, телекоммуникациялар соҳасидаги қонунлар, иш жойида меҳнатни муҳофаза қилиш, молиявий хизматлар, рақобат қоидалари, жумладан, савдо бобидаги барча параграфлар, давлат хариди, одамлар саломатлиги ва ҳаётини, ҳайвонлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, билвосита солиққа тортиш, техник меъёрлар ва андозалар, ядро ҳуқуқи, транспорт, телекоммуникациялар.
3. Ҳамжамият Ўзбекистон Республикасига қуйидагиларни ўз ичига олган тадбирларни амалга ошириш учун техникавий кўмак беради:
экспертлар алмашиш;
оператив ахборот, жумладан, тегишли қонунлар бўйича ахборот билан таъминлаш;
семинарлар уюштириш;
қонунларни ишлаб чиқиш ва кўллашда қатнашаётган ходимларни тайёрлаш ва ўқитиш;
тегишли секторларда Ҳамжамият қонунларини таржима қилишда ёрдам бериш.
4. Томонлар, улар ўртасида савдо муносабатлари мавжуд бўлган тақдирда, рақобат тўғрисидаги тегишли қонунларни қўллаш йўлларини ўрганиб чиқишга розидирлар.
VI БЎЛИМ
ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК
ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК
43-модда
1. Ўзбекистон Республикаси ва Ҳамжамият иқтисодий ислоҳотлар жараёнига кўмаклашиш, Ўзбекистон Республикасини тиклаш ва барқарор ривожлантириш мақсадида иқтисодий ҳамкорлик ўрнатадилар. Бундай ҳамкорлик мавжуд ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
2. Сиёсат ва бошқа тадбирлар, Ўзбекистон Республикасида барқарор ривожланиш ва уйғун ижтимоий тараққиёт эҳтиёжлардан келиб чиқиб, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишга ҳамда иқтисодиётни қайта қуришга кўмаклашадиган қилиб ишлаб чиқилади, улар экология борасидаги мулоҳазаларни ҳам тўла-тўкис ҳисобга олади.
3. Ҳамкорлик, жумладан, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни, меҳнат ресурсларини ривожлантиришни, корхоналарни (хусусийлаштириш, инвестиция ва молиявий хизматни ривожлантириш ҳам шунга киради), қишлоқ хўжалигини ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни, энергетика ва фуқаролар ядро хавфсизлигини, транспорт, почта хизмати ва телекоммуникацияларни, туризмни, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни ва минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.
4. Минтақавий ҳамкорликка кўмаклашадиган чора-тадбирларга алоҳида аҳамият берилади.
5. Ҳамкорликнинг ушбу Битимда кўзда тутиладиган иқтисодий ва бошқа шакллари Европа Ҳамжамияти Кенгашининг Мустақил давлатларга техникавий ёрдам бериш ҳусусидаги тегишли норматив ҳужжатлари асосида Томонлар ўзаро келишадиган устуворликларни ҳисобга олган ҳолда, мумкин бўлган жойларда Ҳамжамият томонидан техникавий ёрдам билан қўллаб-қувватланиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига унинг мувофиқлаштириш ишлари ва тадбирларида техникавий ёрдам кўрсатилиши мумкин.
44-модда
Товарлар ва хизматлар билан савдо-сотиқ соҳасидаги ҳамкорлик
Томонлар Ўзбекистон Республикаси амалга ошираётган халқаро савдо-сотиқ ВТО қоидаларига мувофиқ равишда бўлишини таъминлаш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
Бундай ҳамкорлик савдо жараёнига бевосита алоқадор бўлган қуйидаги аниқ масалаларни ўз ичига олади, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг қонун ва қоидаларини ВТО тартибларига мувофиқлаштириш ва, шу билан, ушбу ташкилотга аъзо бўлиш учун шароитларни имкони бор даражада тез ҳосил қилиш. Бундай ҳамкорлик қуйидагиларни ўз ичига олади:
савдо сиёсати ва савдо-сотиқ масалаларини, жумладан, тўловлар ва ҳисоб-китоб қилиш механизмини ишлаб чиқиш;
мос қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш.
45-модда
Саноат соҳасидаги ҳамкорлик
1. Бу ҳамкорлик, хусусан, қуйидагиларга ёрдам беришга қаратилган:
иккала мамлакат хўжалик юритиш субъектлари ўртасида амалий алоқаларни ривожлантириш;
Ўзбекистоннинг ўз саноатини қайта қуриш ишларида Ҳамжамиятнинг иштироки;
бошқарувни яхшилаш;
саноат маҳсулотлари сифатини яхшилаш;
хом ашё материаллари соҳасида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш воситаларини ривожлантириш ва қайта ишлаш имкониятларини ошириш;
тегишли тижорат меъёрлари ва амалиётини, жумладан маҳсулот маркетингини ривожлантириш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
мудофаа саноатини конверсиялаш;
бошқарув ходимларини тайёрлаш.
2. Ушбу модда қоидалари мажбуриятлар хусусида Ҳамжамият рақобат қоидаларини қўллашга таъсир қилмайди.
46-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
1. Ҳамжамият ва Аъзо-давлатлар тегишли ваколатлари ва ҳуқуқлари доирасини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик биринчи навбатда инвестицияларни ҳимоя қилишни яхшилаш, маблағ ўтказиш ва инвестиция имкониятлари тўғрисидаги ахборотларни айирбошлаш йўли билан ҳам мамлакатнинг ўзидаги, ҳам хориждаги хусусий инвестициялар учун қулай муҳитни вужудга келтиришга қаратилган.
2. Бундай ҳамкорликнинг мақсади, хусусан:
зарур бўлганда Ўзбекистон Республикаси билан Аъзо-давлатлар ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим тузиш;
зарур бўлганда Ўзбекистон Республикаси билан Ҳамжамиятга аъзо бўлган давлатлар ўртасида икки томонлама солиқ солишга йўл қуймаслик тўғрисида битим тузиш;
Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароит яратиш;
барқарор ва бизнесга мос келадиган ҳуқуқ ва шарт-шароит яратиш, инвестиция соҳасидаги қонунлар, меъёрлар ва маъмурий амалиёт тўғрисида ахборот айирбошлаш;
inter аliа, инвестиция имкониятлари, савдо ярмаркалари, кўргазмалар, савдо ҳафталиклари ва бошқа тадбирлар тўғрисидаги ахборотларни айирбошлаш ҳисобланади.
47-модда
Давлат йўли билан харид қилиш
Томонлар давлат йўли билан харид қилиш, жумладан, тендерларни эълон қилиш йўли билан харид қилиш доирасида товарлар ва хизматлар учун битимларни очиқ-ойдин ва рақобатли тақдим этиш учун шарт-шароит яратишда ҳамкорлик қиладилар.
48-модда
Стандартлаш ҳамда стандартларга мосликни текшириш соҳасидаги ҳамкорлик
1. Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик сифат соҳасини қамрайдиган халқаро стандартлар, принциплар ва йўналишларга мувофиқ равишда амалга оширилади. Бу борада зарур ҳаракатлар стандартларга мосликни текшириш соҳасида ўзаро эътирофнинг ривожланишига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси маҳсулоти сифатининг яхшиланишига кўмаклашади.
2. Бунинг учун Томонлар техникавий ёрдамга доир лойиҳаларни ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорлик қиладилар, бу ҳамкорлик:
шу соҳаларда ихтисослашган ташкилотлар ва муассасалар билан зарур ҳамкорликка ёрдамлашади;
Ҳамжамиятнинг техникавий меъёрларидан фойдаланишга, Европа стандартларини ва текшириш тадбирларини қўллашга кўмаклашади;
сифатни бошқариш соҳасида тажриба ва техникавий ахборот айирбошлашга йўл очади.
49-модда
Хом ашё ва кон-қазилма саноати
1. Томонлар кон-қазилма ва хом ашё тармоқларида инвестицияларни кўпайтириш ва савдо-сотиқ қилиш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
2. Бу ҳамкорлик, хусусан, қуйидаги соҳаларда амалга оширилади:
кон-қазилма секторининг ва рангли металлургия секторининг истиқболларига доир ахборот айирбошлаш;
ҳамкорлик учун норматив-ҳуқуқий базани яратиш;
савдо-сотиқ масалалари;
экологияга доир қонунларни қабул қилиш ва бажариш;
касб билан боғлиқ тайёргарлик;
кон-қазилма саноатида хавфсизлик.
50-модда
Илм-фан ва технология соҳасидаги ҳамкорлик
1. Томонлар ресурслар мавжудлигини, ўзларининг тегишли дастурларидан бир хил тарзда фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ва интеллектуал мулк, саноат ва тижорат мулки ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг тегишли даражасини таъминлаш шарти билан ўзаро манфаатдорлик асосида фуқароларнинг мақсадларини кузлаб илмий тадқиқотлар ва технология ишланмалари соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2. Илмий-техникавий ҳамкорлик:
илмий-техникавий ахборот айирбошлашни;
илмий-техникавий ишланмалар соҳасида биргаликдаги тадбирларни;
касб тайёргарлиги бўйича тадбирлар ҳамда ҳар икки томондан илмий-техникавий ишланмаларда иштирок этувчи олимлар, тадқиқотчилар ва технологларни ўзаро айирбошлаш дастури бўйича тадбирларни ўз ичига олади.
Бундай ҳамкорлик кадрларни ўқитиш ва/ёки тайёрлаш тадбирлари шаклига кирган тақдирда 51-модда қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Томонлар фан ва техника соҳасида ўзаро битимлар асосида бошқа шаклда ҳамкорлик қилишлари мумкин.
Ҳамкорликнинг мазкур йўналиши бўйича тадбирларни амалга ошириш чоғида оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқишда ва/ёки ишлаб чиқаришда қатнашаётган ёки қатнашган олимларни, муҳандисларни, тадқиқотчилар ва технологларни қайта тайёрлашга алоҳида эътибор берилади.
3. Мазкур моддага мувофиқ ҳамкорлик махсус аҳдлашувлар асосида амалга оширилади. Бундай аҳдномалар юзасидан музокаралар ҳар бир томон қабул қилган ва, inter alia, интеллектуал мулк, саноат ва тижорат мулки ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир тегишли қоидаларни ўз ичига оладиган тартибга мувофиқ олиб борилади ва тузилади.
51-модда
Таълим ва касб тайёргарлиги
1. Томонлар Ўзбекистон Республикасида давлат секторида ҳам, хусусий секторда ҳам умумий таълим тайёргарлиги савияси ва касб малакасини ошириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
2. Бу ҳамкорлик, хусусан, қуйидаги соҳаларга қаратилади:
Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимини ва кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, шу жумладан, олий уқув юртларини ва олий маълумот ҳақидаги дипломларни сертификациялаш;
давлат секторида ва хусусий секторда раҳбарларни ва кейинчалик аниқланадиган устувор йўналишлардаги давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахсларини тайёрлаш;
олий уқув юртлари ўртасида, шунингдек олий ўқув юртлари билан фирмалар ўртасидаги ҳамкорлик;
ўқитувчилар, битирувчилар, бошқарув ходимлари, ёш олимлар ҳамда тадқиқотчилар ва умуман ёшларнинг мобиллиги;
тегишли таълим муассасалари доирасида Европа тадқиқотлари соҳасида ўқитишга кўмаклашиш;
Ҳамжамият тилларини ўрганиш;
олий маълумотли синхрон таржимонлар малакасини ошириш;
журналистларни профессионал тайёрлаш;
ўқитувчиларни тайёрлаш.
3. Томонлардан бирининг бошқа Томоннинг таълим ва касб тайёргарлиги соҳасида тегишли дастурларда иштирок этиши имконияти уларнинг тегишли иш тартиблари қоидалари асосида кўриб чиқилиши мумкин, бунда зарур ҳолларда талаб қилинадиган ташкилот доиралари тузилиши ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳамжамиятнинг «ТЕМПУС» дастурида қатнашиши асосида ҳамкорлик режалари ишлаб чиқилиши мумкин.
52-модда
Қишлоқ хўжалиги ва агросаноат сектори
Ушбу соҳадаги ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ва агросаноат секторида модернизациялашга, таркибий қайта қуришга ва хусусийлаштиришга ва янгилашга, атроф-муҳитга авайлаб муносабатда бўлишни таъминлайдиган шароитда Ўзбекистон Республикаси маҳсулотлари учун ички ва халқаро бозорларни ривожлантиришга қаратилади. Бунда ишлаб чиқариш сифатини яхшилашга, агробизнесни ривожлантиришга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва тақсимлашга эътибор берилади. Томонлар ўз санитария ва фитосанитария андозаларининг бир-бирига мос бўлишига эришишга ҳаракат қилади.
53-модда
Энергетика
1. Ҳамкорлик Европада энергетика бозорларини аста-секин интеграциялаш асосида бозор иқтисодиёти принциплари ва Европа энергетика хартияси негизида амалга оширилади.
2. Бундай ҳамкорлик, хусусан, энергетика сиёсатини шакллантириш ва ривожланишга қаратилади. У бошқалар қатори қуйидаги соҳаларни ўз ичига олади:
бозор иқтисодиёти шартларига мувофиқ равишда энергетика секторини бошқаришни ва тартибга солишни такомиллаштириш;
иқтисодий ва экологик нуқтаи назардан мақбул шароитда электр билан таъминлашни ва электр билан таъминлаш хавфсизлигини яхшилаш;
энергияни тежашни ва энергия самарадорлигини ривожлантириш ҳамда энергиядан фойдаланиш самарадорлиги Энергетика Хартияси баённомасини ва у билан боғлиқ экология жиҳатларини қўллаш;
энергетика инфраструктурасини модернизациялаш;
энергетика соҳасида энергиянинг барча турларини етказиб бериш ва ундан фойдаланиш технологиясини такомиллаштириш;
энергетика секторида бошқарув ва техник тайёргарлик;
энергетика материаллари ва маҳсулотларининг транспортда ташилиши ва транзити;
кўпайиб бораётган энергетика савдосини ривожлантириш ва инвестициялар учун зарур бўлган кенг миқёсдаги ташкилий, ҳуқуқий, фискал ва бошқа шароитларни жорий этиш;
гидроэнергетика ва бошқа энергетика ресурсларини ривожлантириш.
3. Томонлар энергетика секторидаги инвестиция лойиҳаларига, айниқса, энергия ресурсларини ишлаб чиқишга ва нефть ва газ қувурларини ёки энергетика маҳсулотларини узатишнинг бошқа воситаларини қуриш ва яхшилашга тааллуқли лойиҳалар хусусида ахборот айирбошлайдилар. Томонлар энергетика секторига инвестициялар қилиш ва уларни тартибга солиш шакллари соҳасида ҳамкорликка алоҳида аҳамият берадилар. Улар энергетика секторига инвестицияларга нисбатан IV Бўлим ва 46-модда қоидаларини имкони борича самарадорлик билан қўллаш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
54-модда
Атроф-муҳит ва одамлар саломатлиги
1. Европа энергетика хартиясини ва 1993 йилнинг апрелидаги Люцерн Конференцияси ва 1995 йилнинг октябридаги София конференциясининг декларацияларини, Энергетика хартияси бўйича шартномани, айниқса унинг 19-моддасини ҳамда энергиядан фойдаланиш самарадорлиги ва у билан боғлиқ экология жиҳатлари бўйича Энергетика хартияси баённомасини эътиборга олиб, Томонлар атроф-муҳитни ва одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар.
2. Бу соҳадаги ҳамкорликдан мақсад атроф-муҳитнинг ёмонлашувига қарши кураш бўлиб, хусусан қуйидагиларни ўз ичига олади:
атроф-муҳитнинг ифлосланиши даражасини самарали кузатиб бориш ва унинг ҳолатига баҳо бериш; атроф-муҳитнинг ҳолати тўғрисидаги ахборот тизими;
сув ва ҳавонинг жойларда, минтақада, улкан миқёсда ифлосланишига қарши кураш;
экологик тиклаш;
энергияни барқарор, таъсирчан ва экология жиҳатидан самарали ишлаб чиқариш ва фойдаланиш;
саноат объектларининг хавфсизлиги;
кимёвий препаратлар таснифи ва улардан хавфсиз фойдаланиш;
сув сифати;
чиқитлар миқдорини камайтириш, уларни қайта ишлаш ва хавфсиз йўқотиш, Базель конвенцияси меъёрларини қўллаш;
қишлоқ хўжалиги, тупроқ эрозияси ва кимёвий моддалар билан ифлосланишнинг экологик таъсири;
ўрмонлар муҳофазаси;
биологик хилма-хилликни, қўриқхоналарни сақлаб қолиш, биологик ресурслардан барқарор фойдаланиш ва уларни бошқариш;
ердан фойдаланишни режалаштириш, жумладан, шаҳарсозликни режалаштириш ва қуришни;
иқтисодий ва солиққа оид воситалардан фойдаланиш;
жаҳон миқёсида иқлим ўзгариши;
экологик таълим ва маданият;
ҳудуддан ташқарига ҳам экологик таъсирга баҳо беришда «Эспоо» конвенцияси қоидаларини қўллаш.
3. Томонларнинг ҳамкорлиги хусусан қуйидагилар орқали амалга оширилади:
фалокатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш;
ахборот ва экспертларни, жумладан, «соф» технологияларни топшириш, биотехнологиялардан хавфсиз ва экология жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳолда фойдаланиш соҳасидаги ахборот ва экспертларни айирбошлаш;
биргаликдаги тадқиқот фаолияти;
қонунларни Ҳамжамият андозаларига қадар такомиллаштириш;
минтақа даражасидаги ҳамкорлик, жумладан, атроф-муҳит бўйича Европа агентлиги доирасидаги ва халқаро даражадаги ҳамкорлик,
айниқса жаҳоншумул ва иқлим муаммоларига тааллуқли, шунингдек барқарор тараққиётга эришиш мақсадидаги стратегияларни ишлаб чиқиш,
атроф-муҳитга кўрсатилаётган таъсирни тадқиқ этиш.
4. Томонлар соғлиқни сақлаш масалалари бўйича, айниқса юқумли касалликларнинг олдини олиш ва улар билан курашишда ва оналик ва болаликни муҳофаза қилишда техник ёрдам бериш йўл билан ҳамкорликни ривожлантиришга интиладилар.
55-модда
Транспорт
Томонлар транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар.
Бу ҳамкорлик, inter alia, Ўзбекистон Республикасида транспорт тизимлари ва тармоқларини таркибий жиҳатдан қайта қуришга ва модернизациялашга, транспорт тизимларининг мақсадга мувофиқ бўлган жойларда янада улканроқ транспорт тизимига мос келишини таъминлашга ва устувор лойиҳаларни аниқлаш ва тайёрлаш ва уларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини излашга қаратилади.
Ҳамкорлик, inter alia, қуйидагиларни ўз ичига олади:
йўл транспорти, темир йўл портлар, аэропортлар ва шаҳар йўловчилар ташиш транспортини бошқаришни ва уларнинг фаолиятини модернизациялаш;
темир йўл сув, шоссели йўл аэропорт ва аэронавигация инфраструктурасини янгилаш ва ривожлантириш, жумладан иккала томонни ҳам қизиқтирадиган асосий транспорт йўлларини ва транспортнинг мазкур турлари бўйича трансевропа йўлларини, айниқса «ТРАСЕКА» лойиҳасига дахлдор йўлларни модернизациялаш;
аралаш юк ташишни рағбатлантириш ва ривожлантириш;
қўшма илмий-тадқиқот дастурларини ва тараққиёт дастурларини рағбатлантириш;
транспорт сиёсатини, жумладан транспорт секторини хусусийлаштириш масалаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун, қонунларни ва тегишли ташкилий асосларни ишлаб чиқиш.
56-модда
Почта хизмати ва телекоммуникациялар
Томонлар ўзларининг тегишли маъмурлари ва ваколатлари доирасида қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни кенгайтирадилар ва мустаҳкамлайдилар:
телекоммуникация ва почта хизмати секторини ривожлантириш сиёсати ва йўлларини белгилаш;
телекоммуникация ва почта хизмати тариф сиёсати ва маркетинги принципларини ривожлантириш;
технологиялар билан алмашиш ва «ноу-хау», хусусан умумевропа техник стандартлари борасидаги технология ва «ноу-хау»ларни узатиш, сертификация тизимини такомиллаштириш;
телекоммуникация ва почта хизмати лойиҳаларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва инвестицияларни жалб этиш;
Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация ва почта хизмати тизимини, бошқа ҳамма нарсадан ташқари кичик секторлар фаолиятини эркинлаштириш воситаси билан яхшилаш;
телекоммуникацияларни илғор соҳаларда, айниқса электрон ахборот узатишда ишлатиш;
коммуникация тизимларини бошқариш ва уларни «оптималлаш»;
телекоммуникация ва почта хизматидан ва радиочастота секторидан фойдаланишни тартибга солишнинг тегишли асосларини барпо этиш;
телекоммуникация ва почта хизмати ходимларини бозор шароитида ишлашга ўргатиш.
57-модда
Молиявий хизматлар ва солиқ институтлари
1. Молиявий хизматлар соҳасидаги ҳамкорликнинг мақсади Ўзбекистон Республикасини ўзаро ҳисоб-китобнинг жаҳонда тан олинган тизимларига жалб этишдир. Техник кўмаклашиш қуйидагиларга қаратилади:
акциялар ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш;
банк ва молия хизматларини мукаммаллаштириш, кредит ресурслари умумий бозорини яратиш, Ўзбекистон Республикасини ўзаро ҳисоб-китобнинг жаҳонда тан олинган тизимларига жалб этиш;
Ҳамжамият компаниялари Ўзбекистон Республикасининг суғурта секторида қўшма корхоналарни таъсис этишда қатнашиши учун қулай асос яратувчи суғурта хизматини, inter alia, шунингдек, экспорт кредитларини суғурта қилишни ривожлантириш.
Ҳамкорлик айниқса Ўзбекистон Республикаси билан Аъзо-давлатлар ўртасида молия хизмати соҳасидаги муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади.
2. Томонлар Ўзбекистон Республикасида солиқ тизими ва солиқ институтларини ривожлантириш йўлида ҳамкорлик қиладилар. Бу ҳамкорлик солиқ масалалари бўйича ахборот ва тажриба алмашиш ва солиқ сиёсатини аниқлаш ва амалга ошириш масалалари билан шуғулланувчи ходимлар тайёрлашни ўз ичига олади.
58-модда
Корхоналарни таркибий ўзгартиш ва хусусийлаштириш
Томонлар хусусийлаштиришнинг иқтисодиётни барқарор соғломлаштиришдаги муҳим аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда зарур ташкилий, қонунчилик ва методология тузилмаларини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилишга розидирлар. Асосий эътибор хусусийлаштириш жараёнининг тартибли ва аниқ бўлишига қаратилади.
Техник кўмаклашиш, inter aliа, қуйидагиларга қаратилади:
хусусийлаштириш жараёнини аниқлаш ва уни бошқаришда кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ташкилий тузилишларини янада ривожлантириш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг хусусийлаштириш стратегиясини янада ривожлантириш, бажаришнинг қонуний тузилмаси ва механизми ҳам шу жумлага киради;
ердан фойдаланиш, ерга эгалик қилиш ва ерни хусусийлаштириш соҳасида бозор ёндашувларини ривожлантириш;
хусусийлаштиришга тайёр бўлмаган корхоналарни таркибий ўзгартириш;
хусусий тадбиркорликни, айниқса кичик ва ўрта корхоналар секторидаги тадбиркорликни ривожлантириш;
хусусийлаштириш инвестиция жамғармалари тизимини ривожлантириш.
Ҳамкорликнинг мақсади, шунингдек, Ҳамжамиятни Ўзбекистонга инвестиция қилишни ривожлантириш учун шароит яратишга кўмаклашишдир.
59-модда
Минтақавий ривожланиш
1. Томонлар минтақавий ривожланиш ва ер тузиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар.
2. Шу мақсадда Томонлар миллий, минтақавий ва маҳаллий маъмурлар ўртасида минтақавий ривожланиш ва ер тузиш сиёсати масалалари, шунингдек минтақавий сиёсатни ишлаб чиқиш усуллари бўйича ахборот алмашувини рағбатлантирадилар. Бунда ноқулай шароитларда жойлашган минтақаларни ривожлантириш муаммоларига алоҳида эътибор берилади.
Томонлар, шунингдек, inter alia, минтақавий ривожланишни рағбатлантириш усуллари ва шакллари билан алмашиш мақсадида тегишли минтақалар ва минтақавий ривожланиш учун масъул бўлган давлат ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларга кўмаклашадилар.
60-модда
Ижтимоий соҳадаги ҳамкорлик
1. Томонлар соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни, inter alia, соғлиқни сақлаш ва ходимлар хавфсизлиги даражасини ошириш мақсадида ривожлантирадилар.
Ҳамкорлик жумладан:
хавф катта бўлган соҳалардаги фаолиятга алоҳида эътибор қаратган ҳолда соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик муаммолари бўйича таълим бериш ва касб тайёргарлигини;
касб касалликлари ва касб фаолиятининг соғлиқ учун зарарли бўлган бошқа оқибатларининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни рағбатлантириш ва такомиллаштиришни;
йирик авариялар хавфининг олдини олиш ва заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш чора-тадбирларини;
иш шароитлари, соғлиқни муҳофаза қилиш ва ходимлар хавфсизлигига доир асосий билимларни туплаш мақсадидаги тадқиқотларни ўз ичига олади.
2. Томонларнинг ишга жойлаштириш масалалари бўйича ҳамкорлиги жумладан:
меҳнат бозорини оптималлаштиришга;
ишга жойлаштириш масалалари бўйича хизмат кўрсатиш ва маслаҳат бериш тизимларини янгилашга;
таркибий ўзгартириш дастурларини режалаштириш ва уларни бошқаришга;
маҳаллий ишга жойлаштириш тизимларини ривожлантиришни рағбатлантиришга;
иш билан таъминлашнинг «эгилувчан» дастурлари бўйича, бунга якка меҳнат фаолияти ва тадбиркорликни рағбатлантириш масалаларини ҳам қўшган ҳолда, ахборот алмашишга техник ёрдамни ўз ичига олади.
3. Томонлар Ўзбекистон Республикасида ижтимоий муҳофаза тизимини режалаштириш ва бу соҳада ислоҳотлар ўтказишни ўз ичига оладиган, inter alia, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор берадилар.
Бундай ислоҳотлардан мақсад Ўзбекистон Республикасида бозор иқтисодиётига хос бўлган ва ижтимоий ҳимояга оид фаолиятнинг барча йўналишларини ўз ичига олувчи ижтимоий механизмларни ривожлантиришдир.
61-модда
Туризм
Томонлар ўзлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтирадилар ва ривожлантирадилар. Бу ҳамкорлик:
туристик хизматлар савдосини енгиллаштиришни;
ўзаро ахборот алмашишни кўпайтиришни;
«ноу-хау» алмашинувини;
қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганишни;
расмий туристик органлар ҳамкорлигини, зарур материаллар билан таъминлаш ҳам шу жумлага киради;
туризмни ривожлантириш учун ходимларни ўқитишни ўз ичига олади.
62-модда
Кичик ва ўрта корхоналар
1. Томонлар кичик ва ўрта корхоналарни (КЎК), уларнинг бирлашмаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Ҳамжамият кичик ва ўрта корхоналари ҳамкорлигини рағбатлантиришга ҳаракат қиладилар.
2. Ҳамкорлик, хусусан, қуйидаги соҳаларда техник ёрдамни ўз ичига олади:
кичик ва ўрта корхоналар учун қонунлар базасини ишлаб чиқиш;
кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган инфраструктурани такомиллаштириш; Ўзбекистон Республикасидаги кичик ва ўрта корхоналар ўртасида коммуникацион тармоқларни барпо этиш ҳамда кичик ва ўрта корхоналарни молиявий таъминлаш учун зарур бўлган малакага ўргатиш;
маркетинг, бухгалтерия ҳисоби ва маҳсулот сифати устидан назорат соҳаларида таълим бериш.
63-модда
Ахборот ва ахборот инфраструктураси
Томонлар ахборотни қайта ишлашнинг замонавий усулларини, унинг воситаларини қўшган ҳолда қўллаб-қувватлайдилар. Улар самарали ўзаро ахборот алмашишни рағбатлантириш бўйича керакли ишларни қиладилар. Жамоатчиликни Ҳамжамият ва Ўзбекистон Республикаси ҳақидаги асосий ахборот билан таништиришга қаратилган дастурларга устувор эътибор қаратилади, имкони бўлганда интеллектуал мулк ҳуқуқи сақланиб қолган ҳолда маълумотлар базасига йўл очиқ бўлиши ҳам мумкин.
64-модда
Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Томонлар ўзларининг истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимлари ўртасида мувофиқликка эришишга қаратилган мустаҳкам ҳамкорликни бошлайдилар. Бундай ҳамкорлик қонунчилик иши ва ташкилий ислоҳот ҳақидаги ахборотни айирбошлаш, хавфли маҳсулотлар ҳақида ўзаро ахборот алмашиш бўйича доимий тизимни ўрнатиш, ахборотни, хусусан истеъмолчига таклиф этилаётган нарх ҳақидаги, маҳсулотлар ва хизматлар тавсифи ҳақидаги ахборотни яхшилашни, истеъмолчи манфаатлари вакилларини айирбошлашни йўлга қўйишни ва истеъмолчини ҳимоя қилиш сиёсатини мувофиқлаштиришни ошириш, семинарлар ва уқув курслари ташкил этишни ўз ичига олиши мумкин.
65-модда
Божхона иши
1. Ҳамкорликдан мақсад савдо ва ярмарка савдоси муносабати билан қабул қилишни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Ҳамжамиятнинг божхона тизимини мослаштиришга эришишни назоратда тутадиган барча қоидаларни кафолатли ижро этишдан иборат.
2. Ҳамкорлик, жумладан:
ахборот алмашишни;
иш усулларини такомиллаштиришни;
аралаш номенклатура ва ягона маъмурий ҳужжатни жорий этишни;
Ҳамжамият ва Ўзбекистон Республикасининг транзит тизимлари ўртасидаги ўзаро алоқани;
товарларни ташиш борасида назорат ва расмиятчиликларни соддалаштиришни;
божхона ахборотининг замонавий тизимларини жорий этишга кўмаклашишни;
семинарлар ва уқув дастурларини ташкил этишни ўз ичига олади.
Зарур ҳолларда техник жиҳатдан кўмак берилади.
3. Ушбу Битим, жумладан, унинг VIII Бўлимида кўзда тутилган бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга зиён етказмаган ҳолда маъмурий органлар ўртасида божхона ишлари бўйича ўзаро ёрдам ушбу Битимга илова қилинаётган Протокол қоидаларига мувофиқ тарзда амалга оширилади.
66-модда
Статистика соҳасидаги ҳамкорлик
Бу соҳадаги ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ислоҳотлар жараёнини қуллаб-қувватлаш ва уни кузатиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун зарур бўлган самарали статистика тизимларини ривожлантиришга қаратилади.
Томонлар, хусусан, қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик қиладилар:
Ўзбекистоннинг статистика тизимини халқаро усуллар, стандартлар ва таснифлашга мослаштириш;
статистика ахборотини айирбошлаш;
иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва бошқариш учун зарур бўлган макро- ва микроиқтисодий маълумотлар билан таъминлаш.
Шу муносабат билан Ҳамжамият Ўзбекистон Республикасига техник ёрдам бериш йўли билан бунга кўмаклашади.
67-модда
Иқтисодиёт
Томонлар ўзларининг иқтисодиёт тизимларининг асосларини ўзаро тушунишни яхшилаш бўйича ҳамкорлик, бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодий сиёсатни амалга ошириш йўли билан иқтисодий ислоҳотлар ва иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш жараёнларига кўмаклашадилар. Шу мақсадда Томонлар макроиқтисодий кўрсаткичлар ва прогнозлар бўйича ахборот айирбошлайдилар.
Ҳамжамият:
маслаҳат ва техникавий ёрдам бериш йўли билан Ўзбекистон Республикасидаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнига кўмаклашиш;
оптимал иқтисодий моделларни лойиҳалаштириш учун «ноу-хау» алмашувини тезлаштириш мақсадида иқтисодчилар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашиш, шунингдек иқтисодий сиёсат соҳасидаги тадқиқотлар ва ишланмалар натижаларини кенг тарқатишни таъминлаш;
иқтисодий моделларни ишлаб чиқишда Ўзбекистоннинг имкониятларини яхшилаш учун техникавий ёрдам кўрсатади.
VII БЎЛИМ
ДЕМОКРАТИЯ ВА ИНСОН ҲУҲУҚЛАРИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК
ДЕМОКРАТИЯ ВА ИНСОН ҲУҲУҚЛАРИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК
68-модда
Томонлар қонунни, халқаро ҳуқуқ ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти принципларига мувофиқ равишда инсон ҳуқуқи ва асосий эркинликлари муҳофазасини, қонун устунлигини мустаҳкамлаш учун зарур бўлганларини ҳам ўз ичига оладиган демократик институтларни барпо этиш ва мустаҳкамлашга оид барча масалалар бўйича ҳамкорлик қиладилар.
Ҳамкорлик, inter alia, тегишли қонунчилик ва қоидаларни ишлаб чиқиш; бундай қонунчиликни татбиқ этиш; суд ҳокимиятининг фаолияти; одил судлов масалаларида давлатнинг тутган ўрни ва сайлов тизими фаолиятига қаратилган техник кўмаклашиш дастурлари шаклида юз беради. Бу, зарур бўлган ҳолларда, ўқитишни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Томонлар ўзларининг миллий, минтақавий ва суд органлари, парламентарийлари ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги алоқалар ва айирбошлашларни кенгайтирадилар.
VIII БЎЛИМ
ҒАЙРИҚОНУНИЙ ФАОЛИЯТНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАМДА ҚОНУНГА ХИЛОФ ИММИГРАЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ХДМКОРЛИК
ҒАЙРИҚОНУНИЙ ФАОЛИЯТНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАМДА ҚОНУНГА ХИЛОФ ИММИГРАЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ХДМКОРЛИК
69-модда
Томонлар ғайриқонуний фаолиятнинг, чунончи:
иқтисодиёт соҳасидаги ғайриқонуний фаолиятнинг, шу жумладан, коррупция муаммоларининг;
товарларнинг ҳар хил турларига, шу жумладан, саноат чиқиндиларига, қурол-аслаҳаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир қонунга хилоф битишувларнинг;
сохталашнинг олдини олиш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
Санаб ўтилган соҳалардаги ҳамкорлик ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказишга ва узвий биргаликда ҳаракат қилишга асосланади ҳамда техникавий ва маъмурий кўмаклашишни, шу жумладан:
ғайриқонуний фаолиятнинг олдини олиш соҳасида миллий қонун актлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни;
ахборот марказлари ташкил этишни;
ғайриқонуний фаолиятнинг олдини олиш ишларида қатнашувчи ташкилотлар ишининг самарадорлигини оширишни;
ходимларни ўқитишни, тадқиқот базасини ривожлантиришни;
ғайриқонуний фаолиятга тўсиқ бўладиган ўзаро мақбул чора-тадбирларни ишлаб чиқишни назарда тутади.
70-модда
Пул маблағларининг четга чиқариб юборилиши
1. Томонлар, умуман жиноий фаолиятдан, хусусан, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлардан келадиган даромадлар четга чиқариб юборилишида ўз молиявий тизимларидан фойдаланилишининг олдини олиш мақсадида бор куч-ғайратларини ишга солиш ва ҳамкорлик қилиш зарурати билан розидирлар.
2. Бу соҳадаги ҳамкорлик пул четга чиқариб юборилишининг олдини олишда Ҳамжамият томонидан ва ушбу масала юзасидан ўтказилган халқаро анжуманларда, шу жумладан, Молиявий фаолият бўйича махсус гуруҳ (ФАТФ) томонидан қабул қилинган стандартларга тенг бўлган мақбул стандартлар ишлаб чиқилиши мақсадида маъмурий ва техникавий кўмаклашишни ўз ичига олади.
71-модда
Наркотиклар
Томонлар ўзларининг тегишли маъмурлари ва ваколатлари доирасида қонунга хилоф равишда гиёҳванд ва психотроп моддалар ишлаб чиқарилиши, етказиб берилиши ва муомалага чиқарилишига қарши кураш, шу жумладан улар таркибининг кимёвий субстанциялари тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, гиёҳванд моддалардан фойдаланишнинг олдини олиш ва уни камайтириш мақсадида амалга ошириладиган сиёсат ва чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида ҳамкорлик қиладилар. Мазкур масалалар бўйича ҳамкорлик ўзаро маслаҳатлашишларга ва гиёҳвандлик билан боғлиқ турли соҳалардаги мақсад ва чора-тадбирларни Томонлар ўртасида узвий мувофиқлаштиришга асосланади.
72-модда
Қонунга хилоф иммиграция
1. Ўзбекистон Республикаси ва Аъзо-давлатлар қонунга хилоф иммиграциянинг олдини олиш ва уни назорат этиш борасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдилар. Шу мақсадда:
Ўзбекистон Республикаси Аъзо-давлатнинг илтимосига биноан унинг ҳудудида қонунга хилоф равишда бўлиб турган ўз фуқароларини расмиятчиликларсиз қайта қабул қилишга розилик беради;
Аъзо-давлат Ҳамжамиятнинг мақсадлари йўлида Ўзбекистон Республикасининг илтимосига биноан унинг ҳудудида қонунга хилоф равишда бўлиб турган ўз фуқароларини расмиятчиликларсиз қайта қабул қилишга розилик беради.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси ва Аъзо-давлатлар ўз фуқароларини тегишли шахсий гувоҳномалар билан таъминлайдилар.
2. Ўзбекистон Республикаси илтимос қилган Аъзо-давлатлар билан фуқароларни қайта қабул қилиш бўйича махсус мажбуриятларнинг тартибга солиб борилишини, шу жумладан ҳар қандай Аъзо-давлатнинг ҳудудига Ўзбекистон Республикасидан борган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳар қандай Аъзо-давлатдан келган бошқа давлатнинг фуқароларини ва бу давлатларнинг фуқаролигига эга бўлмаган шахсларни қайта қабул қилиш мажбуриятини ўз ичига олувчи икки томонлама битимлар тузишга розилик беради.
3. Ҳамкорлик қўмитаси яширин иммиграциянинг олдини олиш ва уни назорат қилиш мақсадида яна қандай биргаликдаги ҳаракатларни амалга ошириш мумкинлиги масаласини кўриб чиқади.
IХ БЎЛИМ
МАДАНИЯТ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК
МАДАНИЯТ СОҲАСИДАГИ ҲАМКОРЛИК
73-модда
Томонлар маданият соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш, енгиллаштириш кенгайтириш мажбуриятини оладилар. Мўлжалланганда Ҳамжамиятнинг ёки Аъзо-давлатларнинг биттаси ёки бир нечтасининг маданият соҳасидаги ҳамкорлик дастури ҳамкорлик мавзуси бўлиши мумкин ва ўзаро қизиқиш уйғотувчи келгуси фаолият ривожланиши мумкин.
Х БЎЛИМ
МОЛИЯ СОХДСИДАГИ ҲАМКОРЛИК
МОЛИЯ СОХДСИДАГИ ҲАМКОРЛИК
74-модда
Ушбу Битим мақсадларига эришиш учун ва унинг 75-, 76-, 77-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳамжамият томонидан кўрсатиладиган муваққат молиявий ёрдамдан фойдаланади. Бундай кўмак Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришларни жадаллаштириш учун грантлар шаклидаги техникавий ёрдам тарзида кўрсатилади.
75-модда
Бу молиявий ёрдам Ҳамжамият Кенгашининг тегишли регламентида белгиланган ТАСИС дастури доирасида амалга оширилади.
76-модда
Ҳамжамият кўрсатадиган молиявий ёрдамнинг мақсади ва соҳаси индикатив дастурда белгилаб берилади. Бу дастур Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини, секторларнинг катта-кичиклиги ва ислоҳотлар ривожини эътиборга олган ҳолда Томонлар ўртасида мувофиқлаштирилиши лозим бўлган устун томонларни ўзида ифода этади.
Томонлар бу тўғрида Ҳамкорлик кенгашини хабардор қиладилар.
77-модда
Мавжуд ресурслардан оптимал фойдаланиш мақсадида Томонлар Ҳамжамият тарафидан кўрсатиладиган техник ёрдам бошқа манбалардан, чунончи, Аъзо-давлатлар, бошқа давлатлар ҳамда Халқаро реконструкция ва ривожланиш банки, Европа реконструкция ва ривожланиш банки томонидан кўрсатиладиган ёрдам билан узвий мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилишини таъминлайдилар.
ХI БЎЛИМ
ИНСТИГГУЦИОНАЛ, УМУМИЙ ВА ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
ИНСТИГГУЦИОНАЛ, УМУМИЙ ВА ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
78-модда
Ушбу билан Ҳамкорлик кенгаши таъсис этилиб, ушбу Битим бажарилиши устидан кузатувни амалга оширади. Кенгаш бир йилда бир марта вазирлар даражасида мажлис ўтказади. У Битим доирасида юзага келадиган барча асосий масалаларни ва ушбу Битим мақсадларига эришиш нуқтаи назаридан ўзаро манфаатли бўлган ҳар қандай икки томонлама ёки халқаро масалаларни ўрганади. Ҳамкорлик кенгаши икки Томоннинг ўзаро розилиги билан тегишли тавсиялар бериши ҳам мумкин.
79-модда
1. Ҳамкорлик кенгаши бир тарафдан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзоларидан, бошқа тарафдан Европа Иттифоқи Кенгаши аъзолари ва Европа Ҳамжамияти Комиссияси аъзоларидан таркиб топади.
2. Ҳамкорлик кенгаши ўзининг иш тартиби қоидаларини белгилайди.
3. Ҳамкорлик кенгашида раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоси ва Ҳамжамият вакили томонидан навбатма-навбат амалга оширилади.
80-модда
1. Ҳамкорлик кенгаши ўз вазифаларини бажаришида унга Ҳамкорлик қўмитаси ёрдам беради. Ҳамкорлик қўмитаси, одатда катта мансабдор шахслар даражасидаги бир тарафдан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг вакилларидан ва бошқа тарафдан Европа Иттифоқи Кенгаши аъзолари ва Европа Ҳамжамияти Комиссияси вакилларидан таркиб топади. Ҳамкорлик қўмитасида раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси вакили ва Ҳамжамият вакили томонидан навбатма-навбат амалга оширилади.
Ҳамкорлик кенгаши ўзининг иш тартиби қоидаларида Ҳамкорлик қўмитасининг вазифаларини белгилайди. Бу вазифалар Ҳамкорлик кенгаши мажлисларини тайёрлашни, шунингдек қўмита фаолият кўрсатиши тартибини ўз ичига олади.
2. Ҳамкорлик кенгаши ўзининг ҳар қандай ваколатини Ҳамкорлик қўмитасига топшириши мумкин. Ҳамкорлик қўмитаси Ҳамкорлик кенгаши мажлислари оралиғидаги ворисликни таъминлайди.
81-модда
Ҳамкорлик кенгаши ўз вазифаларини бажаришида кўмак бериши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа махсус қўмита ёки бошқа идора тузиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин ва бундай қўмиталар ёки идораларнинг таркибини ҳамда вазифаларини, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши тартибини белгилаб беради.
82-модда
Ушбу Битим доирасида ГАТТ/ВТО моддасига ҳавола қилинган қоида хусусида келиб чиқадиган ҳар қандай масалани ўрганиш чоғида Ҳамкорлик кенгаши ГАТТ/ВТО Аҳдлашувчи Томонлари одатда ГАТТ/ВТОнинг мазкур моддаси хусусида берадиган талқинларини имкон қадар эътиборга олади.
83-модда
Ушбу билан Парламентлар ҳамкорлиги Қўмитаси таъсис этилади. Бу қўмита Ўзбекистон Республикаси Парламенти ва Европа Парламенти аъзолари учун учрашувлар ҳамда фикр алмашиш анжумани ҳисобланади. Унинг учрашувлари қўмитанинг ўзи белгилайдиган интерваллар билан ўтказилади.
84-модда
1. Парламент ҳамкорлиги Қўмитаси бир тарафдан Ўзбекистон Республикаси Парламенти аъзоларидан ва бошқа тарафдан Европа Парламенти аъзоларидан таркиб топади.
2. Парламент ҳамкорлиги Қўмитаси ўзининг иш тартиби қоидаларини белгилайди.
3. Парламент ҳамкорлиги Қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Парламентининг аъзоси ва Европа Парламентининг аъзоси Қўмита белгилаган иш тартибининг қоидаларига мувофиқ тегишлича навбатма-навбат раислик қиладилар.
85-модда
Парламент ҳамкорлиги Қўмитаси ушбу Битим Ҳамкорлик кенгашида қандай қўлланаётганлиги тўғрисида тегишли ахборот берилишини сўраши мумкин. Ҳамкорлик кенгаши ўз навбатида қўмитага сўралган ахборотни тақдим этиши керак.
Парламент Ҳамкорлиги Қўмитаси Ҳамкорлик кенгашининг тавсияномаларидан хабардор қилинади.
Парламент ҳамкорлиги Қўмитаси Ҳамкорлик кенгашига тавсиялар бериши мумкин.
86-модда
1. Ҳар бир Томон ушбу Битим доирасида иккинчи Томоннинг жисмоний ва ҳуқуқий шахслари ўзларининг индивидуал ҳуқуқлари ва мулк ҳуқуқларини, жумладан, интеллектуал мулкка, саноат ва тижорат мулкига доир ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Томонларнинг ваколатли судлари ва маъмурий идораларига мурожаат этишлари учун ўз фуқароларига яратиб берганларига нисбатан камситишларга йўл қўйилмайдиган шароитларни таъминлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
2. Томонлар ўзларининг тегишли ваколатлари доирасида:
Ҳамжамиятнинг ва Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида тузилган тижорат ва ҳамкорлик битимларига боғлиқ ҳолда келиб чиқадиган низоларни бартараф этиш учун ҳакамликдан фойдаланилишини рағбатлантирадилар;
низо ҳакамликка топширилган тақдирда, агар тарафлар танлаган ҳакамлик марказининг қоидаларида ўзга тартиб назарда тутилмаган бўлса, низолашувчи ҳар бир тараф, фуқаролигидан қатъи назар, ўз ҳакамини тайинлашга ва раислик қилувчи учинчи ҳакам ёки ягона ҳакам учинчи давлатнинг фуқароси бўлиши мумкинлигига розилик беради;
ўз хўжалик субъектларига уларнинг контрактларига нисбатан ўзаро келишувга мувофиқ ҳуқуқ белгилашни тавсия қиладилар;
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро савдо комиссияси (ЮНСИТРАЛ) ишлаб чиққан ҳакамлик қоидаларидан фойдаланилишини ва 1958 йил 10 июнда Нью-Йоркда қабул қилинган Чет эл ҳакамлик қарорларини эътироф этиш ва ижро қилиш тўғрисидаги Конвенцияга аъзо бўлган давлатнинг исталган марказида ҳакамлик ўтказилишини рағбатлантирадилар.
87-модда
Ушбу Битимдаги ҳеч бир қоида Томонлардан бирининг:
a) ўз хавфсизлиги туб манфаатларига зид келадиган маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш учун зарур деб ҳисобланган;
b) башарти ҳарбий мақсадлар учун махсус мўлжалланмаган товарлар рақобатининг шарт-шароитларини ёмонлаштирмаса, қурол-яроғ, ўқ-дори ёки ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган товарлар ишлаб чиқарилиши ёки улар савдо-сотиғига ёхуд мудофаа мақсадларидаги тадқиқотлар, ишланмалар ёки ишлаб чиқаришга дахлдор;
c) қонун ва тартибни сақлашга дахлдор жиддий ички қоидабузарликлар юз берганда, уруш вақтида ёки уруш хавфини туғдирувчи халқаро кескинлик жиддий равишда кучайганда ёки тинчлик ва халқаро хавфсизликни сақлаш йўлида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариш мақсадида;
d) икки мақсадни кўзловчи саноат товарлари ва технологиялари устидан назорат бўйича ўзининг халқаро мажбуриятларини бажариш учун зарур деб ҳисоблаганда ҳар қандай чора-тадбир кўришига тўсиқ бўлмайди.
88-модда
1. Ушбу Битим қамраб оладиган соҳаларда ва унинг ҳар қандай махсус қоидаларига зарар етказмаган ҳолда:
Ўзбекистон Республикаси Ҳамжамиятга нисбатан қўллайдиган аҳдлашувлар Аъзо-давлатлар, уларнинг фуқаролари ёхуд компаниялари ёки фирмалари ўртасида ҳеч қандай камситишга сабаб бўлмаслиги;
Ҳамжамият Ўзбекистон Республикасига нисбатан қўллайдиган аҳдлашувлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ёхуд компаниялари ёки фирмалари ўртасида ҳеч қандай камситишга сабаб бўлмаслиги керак.
2. 1-параграф қоидалари Томонларнинг ўзаро бир хил вазиятга эга бўлмаган, жумладан, бир хил жойда яшамайдиган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ қонунчилиги тегишли қоидаларини қўллашларига монелик қилмайди.
89-модда
1. Ҳар бир Томон ушбу Битимни қўллаш ёки талқин этишга доир ҳар қандай низони Ҳамкорлик кенгашига ошириши мумкин.
2. Ҳамкорлик кенгаши низони тавсия йўли билан ҳал этиши мумкин.
3. Агар низони 2-параграфга мувофиқ ҳал этишнинг имкони бўлмаса, исталган Томон иккинчи Томонга воситачи тайинланганлиги тўғрисида маълум қилиши мумкин; бундай ҳолда иккинчи Томон икки ой ичида иккинчи воситачини тайинлаши лозим. Ушбу иш тартибининг мақсадлари йўлида Ҳамжамият ва унга Аъзо-давлатлар низодаги бир тараф ҳисобланадилар.
Ҳамкорлик кенгаши учинчи воситачини тайинлайди.
Воситачиларнинг тавсиялари кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Бундай тавсиялар Томонлар учун мажбурий ҳисобланмайди.
90-модда
Томонлар ушбу Битимни талқин этиш ёки қўллашга ёхуд Томонлар ўртасидаги муносабатларнинг бошқа аҳамиятга молик жиҳатларига тааллуқли ҳар қандай масалани муҳокама этиш учун Томонлардан исталган бирининг сўрови бўйича тегишли воситалар орқали жадал маслаҳатлар ўтказишга розилик берадилар.
91-модда
Ушбу Битим бўйича Ўзбекистон Республикаси учун яратиб берилаётган режим Аъзо-давлатлар бир-бирлари учун яратиб берадиган режимдан сира ҳам устун эмас.
92-модда
Ушбу Битимнинг мақсадлари йўлида «Томонлар» атамаси, бир тарафдан, Ўзбекистон Республикасини ва бошқа тарафдан, тегишли ваколатларига қараб, Ҳамжамият ёки унга Аъзо-давлатларни ёхуд Ҳамжамият ҳамда унга Аъзо-давлатларни англатади.
93-модда
Ушбу Битимда қандай кўламда қамраб олинганлигига қараб, тегишли масалалар Европа энергетика хартиясига доир Шартнома ва унга илова тарзидаги Протоколлар билан тартибга солинади, бундай Шартнома ва Протоколлар кучга кирганидан кейингина, ушбу Битимда қамраб олинган масалаларга нисбатан, бироқ ана шу Шартнома ва Протоколларда назарда тутилган даражада татбиқ этилади.
94-модда
Ушбу Битим дастлабки ўн йиллик давр учун тузилди. Агар Томонлардан бири иккинчи Томонга ушбу Битим муддати тугашидан олти ой олдин уни денонсация қилиш тўғрисида ёзма равишда маълум қилмаса, Битим муддати йил сайин ўз-ўзидан узаяверади.
95-модда
1. Томонлар ушбу Битимга биноан ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган ҳар қандай умумий ёки муайян чора-тадбирлар кўрадилар. Улар Битимда келишилган мақсадга эришилишини кузатиб борадилар.
2. Агар Томонлардан бири, иккинчи Томон Битимга биноан ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажармади, деб топса, тегишли чора-тадбирлар кўриши мумкин. Чора-тадбирлар кўришдан олдин у Ҳамкорлик кенгашига Томонлар учун мақбул ечимни қидириб топиш мақсадида вазиятни изчил ўрганиб чиқиш учун зарур бўлган тегишли маълумотларни тақдим этади, алоҳида зудлик тақозо этадиган ҳоллар бундан мустасно.
Бундай чора-тадбирлар танлашда ушбу Битим амал қилишига имкон қадар камроқ путур етказадиганларига устунлик берилади. Агар, иккинчи Томон талаб қилса, Ҳамкорлик кенгаши бу чора-тадбирлардан дарҳол хабардор қилинади.
96-модда
I, II, Ш, IV, V Иловалар Протокол билан биргаликда мазкур Битимнинг ажралмас қисмини ташкил этади.
97-модда
Ушбу Битимда жисмоний шахслар ва хўжалик юритувчи субъектлар учун назарда тутилган тегишли ҳуқуқларга эришилмагунча, Битим, бир тарафдан, Ўзбекистон Республикасини, бошқа тарафдан, бир ёки бир неча Аъзо-давлатни ўзаро боғловчи битимларда назарда тутилган ҳуқуқларга дахл қилмайди, Ҳамжамият ваколати доирасига кирадиган соҳалар ва ушбу Битимдан келиб чиқадиган мажбуриятларига зарар етказмаган ҳолда Аъзо-давлатларнинг ваколат доирасига кирадиган соҳалар бундан мустасно.
98-модда
Ушбу Битим, бир тарафдан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, бошқа тарафдан Европа Ҳамжамияти, Европа кўмир ва пўлат бирлашмаси ҳамда Европа атом энергияси Ҳамжамиятини таъсис этиш тўғрисидаги шартномалар татбиқ этиладиган ҳудудларда ҳамда ана шу шартномаларда назарда тутилган шартларда қўлланади.
99-модда
Европа Иттифоқи Кенгашининг Бош котиби ушбу Битимнинг депозитарийси ҳисобланади.
100-модда
Ушбу Битим ҳар бири ўзбек ва дания, нидерланд, инглиз, фин, француз, немис, грек, итальян, португал, испан ва швед тилларида бўлган икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга ва улар Европа Иттифоқи Кенгашининг Бош котибига топширилади.
101-модда
Ушбу Битимни Томонлар ўзларининг процедураларига мувофиқ маъқуллашлари лозим.
Ушбу Битим Томонлар Европа Иттифоқи Кенгаши Бош котибининг биринчи параграфда кўрсатилган тартиб бажарилганлиги тўғрисида хабардор қилган санадаги ойдан кейин келадиган иккинчи ойнинг биринчи кунидан кучга киради.
Битим кучга кирганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ва Ҳамжамият ўртасидаги муносабатларда 1989 йил 18 декабрда Брюсселда Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи билан Европа Иқтисодий Ҳамжамияти ҳамда Европа Атом Энергияси Ҳамжамияти ўртасида имзоланган савдо-сотиқ, тижорат ва иқтисодиёт бўйича Ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ўрнини эгаллайди.
102-модда
Ушбу Битим кучга кириши учун зарур тартиб-қоидалар бажарилиши ниҳоясига етказилган тақдирда Битим айрим қисмларининг қоидаларини Ҳамжамият ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги оралиқ Битим воситасида 1996 йилдан амалга киритиш зарур бўлади, Томонлар бундай ҳолларда «Битимнинг кучга кириш санаси» деган атама оралиқ Битимнинг кучга кириш санасини англатишига розилик берадилар.
(имзолар)