Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) таъкидлайдики, Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги иши парламент фаолиятини тартибга солувчи қонунлар, мамлакатимиз Президентининг фармонлари, қарорлари ва маърузалари, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» давлат дастури асосида ташкил этилди.
Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасининг фаолияти мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга йўналтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия ва унинг органлари фаолияти йўлга қўйилиб, конституциявий ислоҳотларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ишлари комплекс тарзда ташкил қилинди. Бош қомусимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Конституциявий қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилганлиги ҳамда умумхалқ муҳокамасидан ўтказилганлиги депутатлар корпусининг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги масъулияти янада ошаётганлигини кўрсатмоқда.
Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолиятига янги тартиб-таомиллар кириб келди, бу эса депутатлар корпуси фаолиятига янгича мазмун-моҳият олиб кирди. Хусусан, қонунларни содда ва тушунарли тарзда аҳолига етказиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида нормаларнинг тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида қонунларнинг кириш қисмида уларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи муқаддималарни баён қилиш амалиёти жорий этилди.
Шунингдек Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши мажлисларида қўмиталарнинг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан ахборотини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ўтган даврда Қонунчилик палатаси томонидан 117 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган 88 та қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларига оид 3 та қарор қабул қилиниб, маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилди.
Хусусан, бутун бир соҳани тартибга солувчи, аҳоли фаровонлигини яхшилашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинди. «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги, «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги, «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар ҳамда фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, депутатлар ташаббуси билан 13 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди.
Кейинги йилларда парламентга берилган ваколатлар депутатларнинг ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан назоратни амалга оширишдаги, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилашдаги иштирокини сезиларли даражада оширди.
Хусусан, Давлат дастури ва Давлат бюджетининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботлари ҳар чоракда атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан давлат бюджетидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган манзилли дастурлар, соғлиқни сақлаш, таълим, мудофаа, транспорт-йўл қурилиш каби муҳим соҳаларга ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳолати ўрганилиб, мутасаддиларнинг ахбороти эшитиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси Қонунчилик палатасининг мажлисида илк бор муҳокама этилди.
Ўтган даврда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг бажарилиши, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Булар ижро этувчи ҳокимият органларининг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини янада оширишга, давлат дастуридаги вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни кучайтиришга, шунингдек депутатларнинг ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жойларда аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни, фуқароларнинг мурожаатларида кўрсатилган муаммоларни ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасидаги ишлар устидан парламент назорати таъсирчанлиги оширилди.
Жумладан, Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан 20 маротаба ахбороти эшитилди, 8 маротаба «ҳукумат соати» ўтказилди, 15 та парламент сўрови ва 310 та депутат сўрови юборилди.
Масалан, олий ва ўрта махсус таълим вазири, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, қишлоқ хўжалиги вазири биринчи ўринбосарининг мазкур соҳалардаги долзарб масалалар юзасидан ахбороти эшитилди. Халқ таълими вазирига «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шу жумладан умумий ўрта таълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўрови юборилди. Ўтказилган «ҳукумат соати» доирасида ҳукуматнинг 10 нафар аъзоси депутатларнинг саволларига жавоб берди.
Депутатларнинг ҳар ойнинг охирги ҳафтасида бевосита сайлов округларига чиқиб, сайловчилар билан тизимли мулоқотини кучайтириш, жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, тезкорлик билан бартараф этиш масалаларига устувор мақсадлардан бири сифатида қаралди.
Сайлов округларидаги фаолияти давомида депутатлар жами 13 мингдан зиёд хонадонга кириб, 7 мингдан ортиқ учрашув ўтказишди. Янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва таълим тизимини яхшилаш борасидаги ишлар доимий равишда ўрганиб борилди.
Бундан ташқари депутатлар 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг мазмуни ва моҳиятини ҳуқуқни қўлловчиларга ҳамда жамоатчилик вакилларига тушунтирди, шунингдек «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси, «Долзарб 40 кунлик» доирасида жойларда амалга оширилаётган ишлар, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси юзасидан таъсирчан назорат ўрнатди.
Жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатларида кўтарилган тизимли муаммоларни депутатлар ва соҳа вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузган ҳолда ўрганиб, ҳал этиш амалиёти кенгайтирилди.
Қонунчилик палатасининг хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари давом эттирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Эстония Рийгикогуси (парламенти) ва Қонунчилик палатасининг Таиланд Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари тузилди.
Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари билан алоқалар янгича асосда йўлга қўйилди. Хусусан, Қонунчилик палатасининг Қозоғистон Республикаси парламенти Мажлиси билан парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ва Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси билан парламентлараро комиссия ташкил этилди.
Қонунчилик палатасида 58 та чет эл делегацияси қабул қилинди. Шундан 18 таси хорижий давлатлар парламентлари, 12 таси мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари, 25 таси халқаро ташкилотлар ҳамда 3 таси хорижий давлатдаги ташкилотлар вакилларидан иборат делегациялардир.
Қуйи палата фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларини мустаҳкам қарор топтириш борасида тизимли ишлар қилинди. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мажлислари YouTube видеохостинги орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Юқоридагилар билан бир қаторда Қонунчилик палатасининг фаолияти таҳлили бу борада ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, депутатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти сифатидаги ваколатларидан етарли даражада фойдаланмаяпти. Шу нуқтаи назардан депутатларнинг қонун ташаббускорлигини фаоллаштириш, уларга илмий-ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш талаб этилмоқда.
Қўмиталар ҳузуридаги экспертлар гуруҳлари таркибини кенгайтириб, уларнинг ишини жонлантириш, уларни қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларига кенгроқ жалб этиш мақсадга мувофиқдир.
Парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиш ҳолати фракциялар ва қўмиталар томонидан тизимли равишда назоратга олинишига, уларнинг ижроси юзасидан вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини эшитишга етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар парламентнинг ижро ҳокимияти билан доимий равишда ҳамкорликда ишлашини тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, сиёсий партиялар фракциялари ўз фаолият йўналиши доирасида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаш тизими самарадорлигини ошириши зарур.
Бугунги кунда қатор муҳим масалалар, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш, энергия самарадорлигини ошириш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айрим қўмиталарнинг ўз фаолият йўналишидаги вазирлик ва идоралар билан алоқалари лозим даражада ташкил этилмаган. Қўмиталар назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш давомида аниқланган камчиликларни ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда жойига чиқиб, аҳолининг фикрини ўрганган ҳолда ҳал қилиш чораларини кўриши талаб этилмоқда.
Қуйи палата фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш масаласига эътиборни янада кучайтириш лозим. Сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва комиссиялар мажлисларини Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти орқали тўғридан-тўғри ёритиб бориш муҳим аҳамиятга эгадир.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин (илова* қилинади).
*илова берилмайди.
2. Қонунчилик палатасининг 2022 йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни, Қонунчилик палатаси фаолиятини тартибга солувчи қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва маърузалари, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» давлат дастуридан келиб чиқиб, ташкил этилганлиги қайд этиб ўтилсин.
3. Қонунчилик палатаси депутатлари мамлакатда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг ҳамда сайловчилар кўтараётган масалалар бўйича жамоатчилик билан олиб борилаётган фаол мулоқотнинг ташаббускори бўлганлиги, ахборот майдонида депутатлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашганлиги, аҳолини кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор этишда уларнинг роли ошганлиги қайд этилсин.
4. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида фракциянинг 2022 йилги фаолияти якунлари юзасидан матбуот анжумани ташкил этиш;
депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, бунинг учун уларга илмий-ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш;
қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, улар билан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш борасида биргаликда ишлаш тизимини янада такомиллаштириш;
сайловчилар томонидан кўтарилаётган масалаларни ва жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда парламент назорати шаклларидан янада самарали фойдаланиш;
бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган масалалар, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш, энергия самарадорлигини ошириш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар устидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;
Қонунчилик палатаси мажлисига киритилган масалалар юзасидан фракцияларнинг қатъий нуқтаи назарини баён этишга устувор аҳамият қаратиш;
парламент назорати якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ижроси устидан депутат назоратининг таъсирчанлигини янада ошириш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид масалаларни, сайловчиларнинг муаммоларини биргаликда кўриб чиқиш борасида халқ депутатлари Кенгашлари билан ҳамкорликни янада жонлантириш;
тегишли вазирлик ва идоралар билан тизимли равишда ҳамкорликда ишлаш амалиётини кучайтириш;
давлат ва жамият ҳаётидаги мавжуд камчиликларни ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда жойига чиқиб, аҳоли фикрини ўрганган ҳолда бартараф қилиш амалиётига эътиборни янада кучайтириш тавсия этилсин.
5. Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида қўмитанинг 2022 йилги фаолияти якунлари юзасидан матбуот анжумани ташкил этиш;
қўмиталар ҳузуридаги экспертлар гуруҳлари таркибини кенгайтириш, уларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, экспертларни қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳамда назорат-таҳлил тадбирларига янада кенгроқ жалб этиш;
қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш борасидаги фаолликни янада кучайтириш, шунингдек аниқланган муаммоларга жойига чиққан ҳолда аҳоли фикрини ўрганиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ечим топиш;
парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини тизимли равишда мониторинг қилиш, шу жумладан бу борада кўрилаётган чораларнинг таъсирчанлигини ошириш;
қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан мурожаатчилар томонидан берилган таклифларни қўмита мажлисларида атрофлича муҳокама қилиш амалиётидан самарали фойдаланиш;
тегишли вазирлик ва идоралар билан доимий равишда ҳамкорликда ишлаш, назорат-таҳлил тадбирларини биргаликда ўтказиш тизими самарадорлигини янада ошириш;
Қонунчилик палатасининг 2023 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари лойиҳаси бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Парламент ахборот маркази (О. Тожиев) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девони (К. Эрназаров) сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар йиғилишларини Қонунчилик палатаси расмий веб-сайти орқали тўғридан-тўғри ёритиш ишларини ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
8. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 10 январь,
2849-IV-сон