Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитиб, пойтахтни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 87,8 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,1 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот 31,2 млн сўмдан ортиқни ташкил этган.
2021 йил 1 октябрь ҳолатига тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 2 баробарга ортиб (2017 йил 48,7 минг), 96,6 мингтага етган, фаолият кўрсатмаётган 5 780 та корхонанинг фаолияти тикланган.
Бектемир, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманларидаги 8 та кичик саноат зонасида 582 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 1 трлн 237,3 млрд сўмлик, шу жумладан, 239,2 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Янгиҳаёт, Яшнобод туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 6,8 трлн сўмлик 120 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 11 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.
Ҳудуд тасарруфидаги корхоналар томонидан жами 911,9 млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилиниб, режа 137,2 фоизга бажарилган, экспорт географияси 80 га яқин мамлакатларни қамраб олган.
Шунингдек, 1 млрд 362,8 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиб, режа 161 фоизга бажарилган. Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 7 876 тани ташкил этган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 226 тага ортган.
Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига асосан 221 та лойиҳа доирасида 2 трлн 946,6 млрд сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга ошган.
Жамоат транспортини ривожлантириш, янги линиялар фойдаланишга топширилиши ҳисобига ер усти йўловчилар ташиш транспорти йўналишлари тармоғини метрополитен билан интеграциялаш борасида 2017 — 2021 йилларда 350 дона автобус харид қилинган.
«Рақамли Тошкент» дастури доирасида географик ахборот-таҳлил тизими — Геопортал жорий қилиниб, унга вазирлик ва идораларнинг 30 дан ортиқ ахборот тизимлари интеграция қилинган.
Шаҳар инфратузилмаси ва давлат хизматлари сифатини таъминлаш бўйича фаол жамоатчилик назоратини олиб борувчи «Халқ назорати» портали ва унинг мобил иловаси ишга туширилган. Портал орқали фуқаролардан келиб тушган 3 мингдан ортиқ муаммоли масалаларнинг 2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган.
«Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида Шайхонтоҳур туманидаги 137 та объектда 843 та шахсни идентификациялаш ва видеокузатув тизими ускуналари ўрнатилган. Натижада қидирувда бўлган 24 нафар шахс аниқланиб, қатор жиноятларнинг олди олинишига эришилган.
Шу билан бирга, ўрганиш жараёнида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган бир қатор муаммоли масалалар мавжудлиги аниқланган.
Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида ҳудудий корхоналар томонидан импорт қилинган товарлар қиймати 5,9 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 39,1 фоизга ошган. Импортни оптималлаштириш борасидаги топшириқларга қарамасдан 1 856 та корхона томонидан 2,2 млрд АҚШ доллари миқдоридаги тайёр маҳсулотлар сотиш мақсадида импорт қилинган.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври давомида 30 нафар мулкдорга 159,8 млрд сўм миқдорида маблағ тўлаб берилмаган.
Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Янгиҳаёт, Яшнобод туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасидаги 332 та тадбир ўз вақтида бажарилмаган.
Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги боқимонда қарздорлиги 412,8 млрд сўмни, юридик шахсларнинг бюджет тўловлари бўйича ортиқча тўланган суммалари 603,3 млрд сўмни ташкил этган.
«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар тасарруфидаги автобусларнинг 16,6 фоизи (196 та) техник носозлиги боис ҳаракат мунтазамлиги таъминланмаяпти, йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти айрим йўналишларда 25 — 40 дақиқани ташкил қилмоқда.
Жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, айниқса, аҳоли гавжум нуқталарда йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспортга қисқа вақтда хавфсиз ўтиш имкониятини яратиш мақсадида қўшимча транспорт-ўтиш боғламаларини ташкил этиш зарурати мавжуд.
Оқова сувларни қабул қилиш бўйича Бектемир, Бўзсув, Салар иншоотларининг сув тозалаш самарадорлиги талабга жавоб бермайди. Натижада ушбу сув тозалаш иншоотларидан суткасига Бўзсув, Салар каналларига ҳамда Чирчиқ дарёсига ўрта ҳисобда 1,5 млн м3 ифлосланган сув ташланмоқда.
Қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш учун Тошкент вилоятининг камида 3 та ҳудудида чиқинди полигонларини қуришга ер майдонини ажратиш, қуриш ва жиҳозлаш бўйича вазифалар ижроси тўлиқ таъминланмаган.
Қурилиш объектларининг кескин ошиши натижасида ҳосил бўлаётган чангларни сув сепиб бостириш чораларининг етарлича кўрилмаётганлиги атмосфера ҳавосига чангларнинг меъёрдан ортиқ кўтарилишига олиб келмоқда.
2021 йилги инвестиция дастурига киритилган 19 та давлат мактабгача таълим ташкилоти бўйича 1 ноябрь ҳолатига кўра 5 та объектда реконструкция ишлари 5 фоизга бажарилган.
Жорий ўқув йилида 25 та умумтаълим мактаби 2,1 коэффициентдан юқори қувват билан фаолият юритмоқда, 2026 йилда мактаб ёшидаги болалар сони 496,1 мингга етиши кутилаётганлиги боис янги мактаблар қуришга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.
Бектемир туманида (46,8 минг аҳоли) бирорта ҳам шифохона мавжуд эмас. Тошкент вилоятидан Бектемир туманига 23 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган 7 та маҳалла қўшилганлиги инобатга олинса, тез тиббий ёрдам автомашинасига эҳтиёж ортмоқда.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри бўйича жами 18 мингдан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга ортган, уларнинг 14 мингга яқини (74,4 фоиз) олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардир.
Ахборот технологиялари соҳасида жами 580 та жиноят содир этилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 баробарга ошган.
Ички ишлар органлари томонидан 59 та дорихонада ўтказилган тадбирлар давомида 66 минг донадан ортиқ турли хилдаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний сотиб келинаётганлиги аниқланган.
Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 16 610 та никоҳ тузилган бўлса, 4 193 та оилавий ажрим қайд этилган, ҳар тўртта никоҳга битта ажрашиш ҳолати тўғри келади. Ажрашиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Миробод, Яшнобод, Яккасарой, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод туманларида 55 — 68 фоизга ошган.
Ўрганиш натижалари халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 12 ноябрдаги сессиясида муҳокама этилиб, маҳаллий даражадаги муаммоли масалалар ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган.
Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, белгиланган чора-тадбирлар ижроси устидан назоратни ташкил этиш мақсадида «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 102-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Артикходжаевнинг шаҳарни комплекс равишда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси ўринбосари М. Кадирханованинг Тошкент шаҳрини комплекс ўрганиш якунлари ҳақидаги ахбороти (илова) маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли муаммоларини бартараф этиш борасидаги ишларни ўрганиш якунлари муҳокамасига бағишланган халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессияси ўтказилганлиги ҳамда тегишли қарор қабул қилинганлиги инобатга олинсин.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж. Артикходжаев):
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л. Қудратов) билан биргаликда 2021 йилги инвестиция дастури доирасида истиқболсиз деб топилган лойиҳалар ўрнига янги лойиҳаларни шакллантирсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Янгиҳаёт, Яшнобод туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар ижросини ўз вақтида бажариш чораларини кўрсин, бу борада ижро учун белгиланган раҳбарларнинг масъулиятини оширсин;
маҳаллий бюджет қўшимча манбалари маблағларидан фойдаланишда қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда, маблағларнинг фақатгина (фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари асосида йўналтирилишини таъминласин;
туманлар бюджетлари қўшимча манбалари биринчи навбатда жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосидаги тадбирларга ўз вақтида йўналтирилишини қатъий назоратга олсин;
давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича компенсация маблағлари тўлаб берилишини таъминлаш чораларини кўрсин;
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (И. Боқижонов) билан биргаликда Тошкент шаҳридаги мавжуд дарахтларни хатловдан ўтказиш ва улар юзасидан маълумотларни электрон маълумотлар базасига киритиш ишларини тезлаштирсин;
турли объектлар қуриш учун боғлар, хиёбонлар ва бошқа дарахтлар билан қопланган «яшил» ҳудудларнинг танланиши ҳамда ажратилишига қатъий равишда чек қўйсин;
қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда дарахтлар ноқонуний кесилишининг олдини олиш, шунингдек, қурилишни лойиҳалаштириш учун ер майдонларини ажратишда, муҳандислик ҳамда коммуникация инфратузилмасини барпо этишда дарахтларни кўчириб ўтказиш йўли билан сақлаб қолишни таъминласин;
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Ш. Хидоятов) билан биргаликда Тошкент шаҳридаги Бектемир, Бўзсув, Салар оқова сув тозалаш иншоотлари самарадорлигини ошириш чораларини кўрсин, Тошкент шаҳрини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда сув тозалаш иншоотлари ва канализация объектларига бўладиган юкламаларни ҳисобга олсин;
Тошкент вилояти ҳокимлиги (З. Мирзаев) билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4845-сонли қарорида белгиланган қурилиш чиқинди полигонларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
2021 йилда электр таъминотини яхшилаш бўйича тасдиқланган дастур ҳамда газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастури ижросини қўшимча куч ва воситаларни жалб этган ҳолда тезлаштириш чораларини амалга оширсин;
янги турар жойларни қуришда ижтимоий инфратузилма объектларига бўлган талабни тўлиқ ўрганган ҳолда, аҳолининг мактабгача таълим ташкилоти, мактаб ва тиббиёт муассасасига бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинишига устувор аҳамият қаратсин;
касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича ўқишни тугатган фуқароларни тўлиқ иш билан таъминлаш, меҳнат ярмаркалари натижадорлигини ошириш бўйича мутасадди идораларнинг масъулиятини оширсин;
ўн кун муддатда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган Бектемир туманидаги «Қўйлиқ» деҳқон бозорининг кўчирилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиб, натижалари бўйича жамоатчиликка маълумот берсин;
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайтини (www.tashkent.uz) тубдан такомиллаштириш, унда интерактив хизматларни кўпайтирган ҳолда, қонунчилик талаблари асосида очиқ турдаги маълумотларни белгиланган муддатларда мунтазам жойлаштириш ва янгилаб боришни таъминласин.
4. Давлат солиқ қўмитаси (Ш. Кудбиев) 2021 йил якунига қадар Тошкент шаҳри бўйича солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги мавжуд боқимонда қарздорлигини камайтириш чораларини кўрсин, юридик шахсларнинг бюджет тўловлари бўйича ортиқча тўланган суммалари қайтарилишини таъминласин.
5. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (И. Боқижонов):
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Ш. Хидоятов) билан биргаликда Бўзсув сув тозалаш иншооти канализация тармоғига бўёқ аралашган сувларни ташлаётган корхоналарнинг локал сув тозалаш иншоотларида оқова сувларнинг тасдиқланган меъёр даражасида дастлабки тозаланишини таъминласин;
Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ва унинг таркибини автоматик мониторинг қилиб бориш бўйича ҳар бир туманда замонавий лаборатория қурилмаларини ўрнатиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов):
Тошкент шаҳридаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ҳолатини танқидий муҳокама этган ҳолда, камчиликларга йўл қўйган мансабдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрсин, мавжуд ҳолатни яхшилаш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни амалга оширсин;
фирибгарлик жиноятининг ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган турлари ортиб бораётганлигини инобатга олиб, аҳолини огоҳликка чорловчи, фирибгарлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини олиб борсин;
психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи моддалар, назорат остидаги дори-дармонларнинг аҳоли орасида ноқонуний муомаласи кескин авж олиб бораётганлиги боис махсус тадбирлар сонини кўпайтирсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Янгиҳаёт, Яшнобод туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар ижросини таҳлил этган ҳолда, уларнинг бажарилишини назоратга олсин;
Тошкент шаҳар жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, аҳоли гавжум нуқталарда йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспортга қисқа вақтда хавфсиз ўтиш имкониятини яратиш бўйича қўшимча боғламалар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратсин;
энергетик ичимликларни доимий равишда истеъмол қилиш вояга етмаганларда юрак хуружлари, ваҳима, кўриш қобилиятининг сусайиши ва ақлий нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлишини инобатга олган ҳолда, уларнинг импортини камайтириш масаласини ўрганиб чиқсин;
Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари олиб борилаётган объектлардан атмосфера ҳавосига чанг кўтарилишининг олдини олиш бўйича мутасадди идоралар томонидан қатъий назорат олиб борилишини таъминласин;
Инвестиция дастурларини шакллантиришда, биринчи навбатда, янги барпо этилаётган массивларда мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, бирламчи тиббий-санитария муассасалари қуриш, шунингдек, навбатлилик коэффициенти 2,1 дан юқори бўлган умумтаълим мактабларининг мавжуд қувватларини оширишни инобатга олсин;
Бектемир туманида бирорта ҳам шифохона мавжуд эмаслигини ҳамда Тошкент вилоятидан Бектемир туманига 23 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган 7 та маҳалла қўшилганлигини инобатга олиб, тиббиёт муассасасини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқсин;
«Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида ҳам босқичма-босқич амалга ошириш масаласини ўрганиб, тегишли чораларни кўрсин;
мазкур Қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида умумлаштирилган ахборотни 2022 йилнинг 15 июлига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этсин.
8. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига:
маҳаллий бюджет эркин қолдиқ маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни ҳал этишга йўналтириш;
ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида тасдиқланган дастурлар, хусусан, инвестиция дастури, «йўл хариталари» ижроси устидан доимий равишда депутатлик назоратини амалга ошириш;
маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиб, танқидий муҳокама қилиб бориш ҳамда улар фаолиятига тегишли баҳо бериш;
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолатини муҳокама қилиб бориш, топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масалаларини кўриб чиқиш;
Тошкент шаҳрини комплекс ўрганиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси» ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиш тавсия этилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ешлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси (Б. Сайфуллаев) Тошкент шаҳрида жойлашган маданият ва истироҳат боғлари, хусусан, Ғафур Ғулом номидаги боғнинг бугунги ҳолатини ўрганиб, натижаларини Тошкент шаҳар ҳокимлиги, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул раҳбарлари иштирокида муҳокама этсин ҳамда келгусида мазкур масканларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан доимий назоратни олиб борсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ушбу Қарорда белгиланган вазифаларнинг тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ижроси таъминланишини назорат қилиб борсин.
11. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
12. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 16 декабрь,
СҚ-455-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 16 декабрдаги СҚ-455-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тошкент шаҳрини комплекс ўрганиш якунлари тўғрисида
МАЪЛУМОТ
2021 йил 1 — 6 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Мазкур ўрганиш шаҳар ҳудудини комплекс равишда ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш борасида муайян ишлар олиб борилганлигини кўрсатди. Хусусан:
Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 87,8 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,1 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот 31 млн 256,7 минг сўмни ташкил этган.
2017 йил бошида 48,7 мингга яқин кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолият юритган бўлса, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига ушбу кўрсаткич қарийб 2 баробарга ортиб, 96,6 мингтага етган, ушбу даврда фаолият кўрсатмаётган 5 минг 780 та корхонанинг фаолияти тикланган.
Бектемир, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманларидаги 8 та кичик саноат зонасида 582 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 1 трлн 237,3 млрд сўмлик, шу жумладан, 239,2 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, маҳаллий бюджетга 3,5 трлн сўм миқдорида тушумлар тушиб, прогноз 127 фоизга бажарилган ва бюджетга қўшимча 566,8 млрд сўм маблағ шакллантирилган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида тижорат банклари томонидан 4 631 та лойиҳа учун 191,3 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.
Вазирлар Маҳкамасининг Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Янгиҳаёт, Яшнобод туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилган қарорлари доирасида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 6,8 трлн сўмлик 120 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 11 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.
Ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, кўп квартирали уйларни таъмирлаш, ирригация тизимларини мустаҳкамлаш тадбирлари учун турли манбалар ҳисобидан 2 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилган.
Ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 135,6 фоизга ўсиб, 11,6млрд АҚШ долларига етган, бунда экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 136,9 фоизга ошиб, 2,8 млрд АҚШ долларини, импорт ҳажмининг ўсиш тенденцияси сақланиб қолган ҳолда 8,8 млрд АҚШ долларини ташкил этган.
Ҳудуд тасарруфидаги корхоналар томонидан жами 911,9млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилиниб, режа 137,2 фоизга бажарилган, экспорт географияси 80 га яқин мамлакатларни қамраб олган.
Шунингдек, 1 млрд 362,8 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиб, режа 161 фоизга бажарилган. Хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 7 минг 876 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 минг 226 тага ортган.
Ҳудудий инвестиция дастури доирасида саноат, хизмат кўрсатиш, турар-жой қурилиши соҳаларида умумий қиймати 10,9 трлн сўмлик 492 та лойиҳа ишга туширилиб, 12 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.
Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига асосан 221 та лойиҳа доирасида 2 трлн 946,6 млрд сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга ошган.
Сўнгги йилларда жамоат транспортини ривожлантириш, янги линиялар фойдаланишга топширилиши ҳисобига ер усти йўловчилар ташиш транспорти йўналишлари тармоғини метрополитен билан интеграциялаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда жамоат транспорти бир кунда ўртача 930 минг нафар, шу жумладан, автобуслар 450 минг нафар, йўналишли таксилар 140 минг нафар, метрополитен 340 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатмоқда.
«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар ҳаракат таркиби учун 2017 — 2021 йиллар мобайнида жами 350 дона автобус (130 дона катта сиғимли, 220 дона кичик ва ўрта сиғимли) харид қилинган.
2018 — 2021 йилларда 12 та кўчада велосипед фойдаланувчилари учун 77 км узунликдаги махсус йўлаклар барпо этилган.
Жамоат транспорти фаолияти бизнес жараёнларини автоматлаштириш юзасидан «Автоматлаштирилган тўлов тизими» ҳамда «Автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви тизими» жорий қилинган, шунингдек, «Тошкент транспорти» мобил иловаси орқали шаҳар жамоат транспорти ҳаракат таркибини реал вақтда кузатиш имконияти яратилган.
2021 йилда электр таъминотини яхшилаш бўйича дастур доирасида жами 497,1 км электр узатиш тармоқларида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган, 43 та янги трансформатор пункти ўрнатилиб, 137 тасида реконструкция-модернизация ишлари бажарилган.
2021 йилда газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастурига асосан 23 км газ қувурлари мукаммал таъмирланган, 1 км газ қувури реконструкция қилинган, 121 дона газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 августдаги 553-сонли қарорига мувофиқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш дастурлари тасдиқланган бўлиб, 2022 йилда кўкаламзорлаштириладиган ҳудудларни суғориш мақсадида 1 500 та сув қудуғи, 12 та «яшил зона» ва хиёбон ташкил этилади.
Шунингдек, 60 гектар майдонда аттракционлардан холи бўлган «жамоат истироҳат боги» ҳамда ҳар бир туманда кичик «яшил истироҳат боғи» барпо этилиши режалаштирилган.
2021 йил 3 февралдан 1 октябрга қадар 26 минг 889 дона дарахтни кесиш бўйича 1 минг 895 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 1 минг 88 тасига рад жавоби берилган ва 17 минг 859 дона дарахт кесилиши сақлаб қолинган. Табиий омиллар таъсирида зарарланган, қуриган ва инсонлар ҳаёти ҳамда мол-мулкига хавф солаётган дарахтлар бўйича 672 та мурожаат бўлган ва 7 минг 350 дона дарахт кесилишига ижобий хулоса берилган.
2021 йил 1 октябрга қадар дарахтларни ноқонуний кесганлик ва шикастлантирганлик бўйича 343 та ҳолат аниқланиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилган, шундан 333 та ҳолат бўйича 506,9 млн сўм маъмурий жарима ва 1 млрд 167,2 млн сўм етказилган зарар ҳисобланган. Шунингдек, 11 та жиноят аломати мавжуд ҳолат бўйича ҳужжатлар прокуратура ва ички ишлар органларига юборилган.
Шунингдек, «Рақамли Тошкент» дастури доирасида географик ахборот-таҳлил тизими — Геопортал жорий қилиниб, унга вазирлик ва идораларнинг 30 дан ортиқ ахборот тизимлари интеграция қилинган.
Инфратузилма ва давлат хизматлари сифатини таъминлаш бўйича фаол жамоатчилик назоратини олиб борувчи «Халқ назорати» портали ва унинг мобил иловаси ишга туширилган. Портал орқали фуқаролардан келиб тушган 3 мингдан ортиқ муаммоли масалаларнинг 2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган.
«Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида Шайхонтоҳур туманидаги 137 та объектда 843 та шахсни идентификациялаш ва видеокузатув тизими ускуналари ўрнатилган. Натижада ушбу ҳудудда 24 нафар қидирувда бўлган шахс аниқланган, 100 дан ортиқ жиноятларнинг олди олинган.
Тошкент шаҳрининг қадимий 12 та дарвозасини тиклаш ва туризм намойиши объектларига киритиш мақсадида Тошкент шаҳрининг 1865 — 1872 йиллардаги хариталари тўлиқ рақамлаштирилган. Бугунги кунда ушбу қадимий 12 та дарвозанинг жойлашган жойлари аниқланган ва уларни тиклаш бўйича лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ўрганиш давомида Тошкент шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилиши билан бир қаторда, ўз ечимини кутиб турган муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги ҳам кузатилди. Хусусан:
Иқтисодиётни ривожлантириш
Саноат корхоналари томонидан 60,2 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, саноат таркибидаги энг кам улуш Янгиҳаёт (3,3 фоиз), Юнусобод (5,4 фоиз), Яккасарой (6,0 фоиз) туманларига тўғри келади, шунингдек, Юнусобод туманида саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 фоизга камайган.
Хизматлар соҳасидаги 89,6 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотлар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 73,9 трлн сўмни ташкил этиб, бу соҳада энг кам улуш Янгиҳаёт (1,3 фоиз), Бектемир (3,2 фоиз), Сергели (5 фоиз), Учтепа (6,2 фоиз) туманларига тўғри келади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида кредит маблағларининг режага нисбатан ажратилиши бўйича энг паст кўрсаткич Юнусобод (70 фоиз), Мирзо Улуғбек (72 фоиз), Миробод (72 фоиз) туманларида қайд этилган.
Банклар кесимида «Агробанк»нинг Сергели, Яккасарой, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари филиаллари томонидан режага нисбатан ажратилган кредит миқдори 55 фоизни ҳам ташкил этмайди.
Инвестиция дастури доирасида 1,4млрд АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган, аммо 90 млн АҚШ доллари қийматига тенг бўлган 10 га яқин лойиҳалар истиқболсиз деб топилган.
Ҳудудий корхоналар томонидан импорт қилинган товарлар қиймати 5,9 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 39,1 фоизга ошган, ушбу кўрсаткич Чилонзор (68,2 фоиз), Яккасарой (53,1 фоиз), Яшнобод (51,7 фоиз) туманларида кескин ўсишига йўл қўйилган.
Айниқса, импортни оптималлаштириш борасидаги топшириқларга қарамасдан 1 856 та корхона томонидан 2,2 млрд АҚШ доллари (жами импортнинг 26 фоизи) миқдоридаги тайёр маҳсулотлар сотиш мақсадида импорт қилинган.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган даври давомида 30 нафар мулкдорга 159,8 млрд сўм миқдорида маблағ тўлаб берилмаган.
Ҳудудда бандлик дастурлари самарадорлиги қониқарли эмас, масалан, иш сўраб мурожаат қилган 24,4 минг нафарга яқин фуқародан 36 фоизининг бандлиги таъминланган, ваҳоланки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 25 мингдан ортиқ бўш ўринлари ҳисоботларда қайд этилган, шундан 9 минг 185 таси маълум бир мутахассислик талаб этмайдиган касб лавозимлари ҳисобланади.
Касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича ўқишни тугатган 2 минг 573 нафар ишсиз фуқаронинг 63 фоизи ҳанузгача иш билан таъминланмаган. Масалан, Олмазор туманида касб-ҳунарга ўқитиш курсларини тамомлаган фуқароларнинг 88 фоизи, Юнусобод туманида 84 фоизи, Янгиҳаёт туманида 74 фоизи, Яккасарой туманида 73 фоизи Учтепа туманида 70 фоизи ишга жойлаштирилмаган.
Меҳнат ярмаркалари расмиятчилик учунгина ташкил этилаётганлиги сабабли кутилган натижани бермаяпти. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўтказилган 101 та бўш иш ўринлари ярмаркасида таклиф этилган 19,1 мингта иш ўрнига 565 нафар (2,9 фоиз) фуқаро ишга жойлаштирилган.
Тошкент шаҳри туманларидаги кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан тўлиқ таъминланган бўлса-да, уларнинг ҳудудидаги 3 гектарга яқин ер майдони ва 13 минг метр квадратга яқин ишлаб чиқариш майдонидан, хусусан, Мирзо Улуғбек кичик саноат зонаси бўйича 1 гектар ва Юнусобод кичик саноат зонаси бўйича 1,2 гектар фойдали ер майдонидан фойдаланилмасдан келинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг Бектемир, Учтепа, Шайхонтоҳур, Янгиҳаёт, Яшнобод туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисидаги қарорлари билан тасдиқланган дастурлар доирасидаги 332 та тадбир ўз вақтида бажарилмаган.
Хусусан, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 4,3 трлн сўмлик 80 та лойиҳа ишга туширилмаганлиги натижасида 21,5 мингга яқин иш ўринлари яратилмасдан қолган. Белгиланган маблағлар ажратилмаганлиги сабабли 28 та мактабгача таълим, 15 та мактаб, 2 та соғлиқни сақлаш, 13 та маданият ва спорт объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган.
Маҳаллий бюджет ижроси
Маҳаллий бюджет даромадларининг 2021 йил тўққиз ойлик ижроси давомида ягона солиқ тўлови (кичик корхона ва микрофирмалар) бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичи ижроси 73 фоизга бажарилиб, бюджетга 106 млрд. сўм маблағ тушмай қолган.
Туманлар бюджети даромадларининг айрим солиқ турлари бўйича прогноз кўрсаткичи ижроси тўлиқ таъминланмаган. Масалан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичи Шайхонтоҳур туманида 3 фоизга, Яшнобод туманида 48 фоизга, Юнусобод туманида 71 фоизга, Мирзо Улуғбек туманида 80 фоизга бажарилган.
Тадбиркорлардан ундириладиган қатъий белгиланган солиқ бўйича белгиланган прогноз Миробод туманида 50 фоизга, Олмазор туманида 53 фоизга, Яккасарой туманида 60 фоизга, Юнусобод туманида 62 фоизга, Яшнобод ва Сергели туманларида 79 фоизга бажарилган.
Юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ режаси Юнусобод туманида 43 фоизга, Бектемир туманида 66 фоизга, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи Мирзо Улуғбек туманида 67 фоизга бажарилган.
Солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги мавжуд боқимонда қарздорлиги йил бошига нисбатан 232,2 млрд сўмга ўсгани ҳолда жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 412,8 млрд сўмни ташкил этган.
Юридик шахсларнинг бюджет тўловлари бўйича ортиқча тўланган суммалари жорий йил бошига нисбатан 237,6 млрд сўмга камайган бўлишига қарамасдан, 1 октябрь ҳолатига ушбу кўрсаткич 603,3 млрд сўмни ташкил этган.
Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланишдан олдин амалга ошириладиган харажатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига қўйилмаган ҳолатлар мавжуд. Масалан, Миробод туманида 2 та ҳолатда 602,5 млн сўмлик харажатларни амалга оширишдан олдин халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида кўрилмасдан йўналтирилган.
Мирзо Улуғбек туманида бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 10 млн сўм маблағ туман бюджетида сақланиши кўзда тутилмаган Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман бўлимига, Миробод туманида 150 млн сўм маблағ туман давлат солиқ инспекциясига ажратилган.
Маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товар ва хизматлар, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати ва молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтга жойлаштириш мажбурий этиб белгиланган бўлса-да, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан ушбу талаб ижроси таъминланмаган.
Давлат молиявий назорат органлари томонидан 2021 йилнинг тўққиз ойи давомида ўтказилган 446 та молиявий назорат тадбирларидан 341 тасида (76,5 фоиз) 62,3 млрд сўм миқдорида қонун бузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланган. Молиявий қонун бузилиш ҳолатлари (61,6 млрд сўм) аниқланган 386 та назорат тадбирлари ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Хусусан, 20 та бюджет ташкилотида аслида ишламаган шахслар номига иш ҳақи ҳисоблаб тўлаш натижасида 1,35 млрд сўм асоссиз тўловларга йўл қўйилган.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳридаги туман бўлимлари масъул ходимлари томонидан вафот этган фуқароларга жами 572 та ҳолатда 780 млн сўм пенсия ва нафақа пуллари тўлаб юборилган.
Жамоат транспорти, электр энергияси ва табиий газ таъминоти
«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар тасарруфидаги 1 минг 179 та йўловчи автобусидан 196 таси (16,6 фоиз) техник носозликлар сабабли таъмирда бўлса, шундан 112 тасини таъмирлаш иқтисодий самарасиз. Натижада йўналишларда ҳаракат мунтазамлиги таъминланмаяпти ва йўловчиларнинг автобусларни кутиб туриш вақти айрим йўналишларда 25 — 40 дақиқани ташкил қилмоқда.
Жамоат транспортининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш учун 5 та транспорт-ўтиш боғламаси мавжуд бўлиб, аҳоли гавжум нуқталарда йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспортга қисқа вақтда хавфсиз ўтиш имконияти яратилмаганлиги боис қўшимча равишда боғламаларни ташкил этиш зарурати мавжуд.
2021 йилда электр таъминотини яхшилаш бўйича тасдиқланган дастур ижроси жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 61 фоизга бажарилган. Куз-қиш мавсуми бошланганлигига қарамасдан электр узатиш тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари Чилонзор (42 фоиз), Шайхонтоҳур (44 фоиз), Яккасарой (45 фоиз), Яшнобод (49 фоиз), Учтепа (49 фоиз) туманларида 50 фоизга ҳам бажарилмаган.
Трансформатор пунктларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари Яшнобод туманида 47 фоиз (19/9), Олмазор туманида 61 фоиз (33/20), Яккасарой туманида 64 фоиз (11/7) бажарилган бўлиб, йил якунига қадар ижроси таъминланмаслик хавфи мавжуд.
Янги мавзелар барпо этилаётганлиги, аҳоли ва йирик қувватли юридик истеъмолчилар сони кўпаяётганлиги электр энергиясига бўлган талабнинг кундан-кунга ортишига сабаб бўлмоқда. Сўнгги уч йилда истеъмолчилар сони қарийб 660 мингтадан 703 мингтага, юқори кучланишли (35-110 кВ) подстанциялар 3 тага, трансформаторлар сони 522 тага ошган.
Ўрганишлар давомида Мирзо Улуғбек тумани «Олий Ҳиммат» маҳалласидаги 1276-сонли, «Оққўрғон» маҳалласидаги 824-сонли, Яшнобод тумани «Мухтор Ашрафий» маҳалласидаги 548-сонли, Яшнобод тумани «Жарқўрғон» маҳалласидаги 1655-сонли, «Бойсун» маҳалласидаги 467-сонли трансформатор пунктидан чиқувчи электр узатиш тармоқлари реконструкция қилинган бўлса-да, фойдаланилмасдан келинаётганлиги аниқланди.
2021 йилда газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастури доирасида Миробод туманида 3,2 км, Яккасарой туманида 2,5 км, Шайхонтоҳур туманида 3,7 км, Юнусобод туманида 2,7 км газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари бошланмаган.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорига асосан жами 1 млн 197,3 минг дона дарахт хатловдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 19,9 фоизигина ягона электрон маълумотлар базасига киритилган, холос.
Объектларда олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари давомида суғориш тизими шикаст етказилиши дарахтларнинг қуриши ёки касалланишига сабаб бўлмоқда. Масалан, Чилонзор туманида жойлашган «Ғофур Ғулом» богида ўтказилган хатлов натижаларига кўра мавжуд 1 минг 640 та дарахтдан 15 тасида, Олмазор туманидаги «Абдулла Қодирий» боғида эса 1 минг 584 та дарахтдан 35 тасида қуриш ҳолатлари аниқланган.
Оқова сувларни қабул қилиш бўйича 3 та — Бектемир, Бўзсув, Салар оқова сув тозалаш иншоотининг самарадорлиги лойиҳа бўйича 75 фоиз бўлиб, Бўзсув иншооти 2014 — 2017 йилларда реконструкция қилинганлигига қарамасдан 49,8 фоиз, Салар иншооти 51,3 фоиз, Бектемир иншооти 35,5 фоиз қувват билан ишламоқда.
Натижада ушбу сув тозалаш иншоотларидан атроф-муҳитга бадбўй ҳид тарқалишига олиб келмоқда, улардан суткасига Бўзсув, Салар каналларига ҳамда Чирчиқ дарёсига ўрта ҳисобда 1,5 млн м3 ифлосланган сув ташланмоқда.
Бўзсув сув тозалаш иншооти бўёқ аралашган оқова сувни тозалашга мўлжалланмаган бўлса-да, айрим текстиль корхоналари томонидан канализация тизими орқали иншоотга бўёқ аралашган сув ташланмоқда, шунингдек, иншоот ҳудудида катта миқдорда оқова сувдан ҳосил бўлган қуйқалар йиғилиб қолган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4845-сонли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш учун Тошкент вилоятининг камида 3 та ҳудудида қурилиш чиқинди полигонларини қуришга ҳар бири 5 гектардан кам бўлмаган ер майдонини ажратиш, қуриш ва жиҳозлаш белгиланган.
Ҳозирда Қибрай туманининг Тузел қишлоғида ҳудудида 22,6 гектар майдонда йиллик қуввати 75 минг тонна қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш имкониятига эга «Bio Есо Service» МЧЖ корхонаси ташкил этилган, аммо мазкур полигон шаҳарнинг айрим ҳудудларига узоқлиги боис қурилиш чиқиндиларини ноқонуний равишда Чирчиқ дарёси қирғоқлари ва бошқа ҳудудларга ташлаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сонли қарорига мувофиқ, кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудларни тозалаш хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки бошқарувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Бироқ кўп квартирали уйлар атрофидаги ҳудудлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига кадастр ҳужжати асосида бириктириб берилмаганлиги боис ободонлаштириш ва тозалаш ишларида сансалорлик бўлмоқда, бу эса ҳудудларда чиқиндилар тўпланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида қурилиш объектларининг кескин ошиши натижасида ҳосил бўлаётган чангларни сув сепиб бостириш чоралари етарлича кўрилмаётганлиги атмосфера ҳавосига чангларнинг меъёрдан ортиқ кўтарилишига олиб келмоқда.
Ижтимоий соҳа (мактабгача таълим, халқ таълими, тиббиёт)
Тошкент шаҳридаги қарийб 55 минг нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар мавжуд бўлган 190 та маҳалла ҳудудида бирорта ҳам мактабгача таълим ташкилоти (МТТ) мавжуд эмас. Тошкент шаҳри бўйича 138 минг нафар 7 ёшгача бўлган болалар боғчага бориш учун навбатда турибди. Қамров даражаси Янгиҳаёт туманида 44,5 фоизни, Шайхонтоҳур туманида 57,9 фоизни, Олмазор туманида 61,8 фоизни ташкил этади.
2021 йилги инвестиция дастури доирасида Тошкент шаҳридаги 19 та давлат МТТ реконструкция қилиниши режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 4 та МТТ фойдаланишга топширилган, 5 та объектда (Юнусобод туманидаги 99, 331-сонли, Яккасарой туманидаги 100, 358, 487-сонли) реконструкция ишлари 5 фоизга бажарилган.
Яшнобод туманидаги 4 та МТТда 2020 йилда бошланган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳанузгача охирига етказилмаган. Бектемир туманининг «Олтинтопган» маҳалласида 2020 йил июнда янги қурилган 180ўринли 576-сонли МТТ ошхона жиҳозлари билан тўлиқ таъминланмаган.
2021 йилда 21 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган бўлиб, 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра улардан 3 таси фойдаланишга топширилган, 18та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган.
Бугунги кунда 25 та умумтаълим мактаби 2,1 коэффициентдан юқори қувват билан фаолият юритмоқда. Масалан, Яшнобод туманидаги 1004 ўринли 166-умумтаълим мактабида айни дамда 2 минг 796 нафар ўқувчи (2,8 коэффициент) таълим олмоқда. 2026 йилга бориб мактаб ёшидаги болалар сони 496,1 минг нафарга етиши натижасида янги мактаблар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш эҳтиёжи мавжуд.
Бугунги кунда 46,8 минг аҳоли истиқомат қиладиган Бектемир туманида бирорта ҳам шифохона мавжуд эмас. Тошкент вилоятидан Бектемир туманига 23 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган 7 та маҳалла қўшилганлиги инобатга олинса, тез тиббий ёрдам автомашинасига эҳтиёж ортмоқда.
Ўрганиш давомида Тошкент шаҳридаги айрим тиббий муассасаларининг бинолари таъмирталаб ҳолатда эканлиги аниқланди. Масалан, 1997 йилда мослаштирилган бинода фаолият бошлаган 4-сонли шаҳар болалар клиник шифохонаси бугунги кунга қадар капитал таъмирланмаган. Шаҳар 3-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси биноси фаолият кўрсатиш учун яроқсиз бўлиб, тўлиқ қайта қуришга муҳтож аҳволда.
Чилонзор туманидаги 29 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган 33-сонли оилавий поликлиника 1969 йилда қурилган кўп квартирали уйнинг ертўласида жойлашган бўлиб, оилавий поликлиника учун янги бино қуриш мақсадга мувофиқ.
Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6247-сонли Фармонида белгиланган талабларга риоя қилинмасдан бир қатор камчиликларга йўл қўйилган.
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий веб-сайти (www.tashkent.uz) ва Очиқ маълумотлар порталидаги мавжуд маълумотлар таҳлили унда аксарият очиқ маълумотлар бугунги кунгача жойлаштирилмаганлигини кўрсатди.
Масалан, давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, ушбу корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар тасарруфидаги енгил автомобиллар, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар, маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар ижроси тўғрисидаги ҳисобот, даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилмаган.
Бундан ташқари, давлат харидлари, давлат харидлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш бўйича ташкил этиладиган харид комиссияларининг таркиби, давлат харидларини амалга оширувчи шахслар томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар), мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ва бошқа маълумотлар умуман бириктирилмаган.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри бўйича жами 18 779 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга ортган (6 293 та), улардан 13 980 таси (74,4 фоиз) олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардир.
Ҳар 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 700 та жиноят тўғри келади, ушбу кўрсаткич Яккасарой туманида 929 тани, Чилонзор туманида 1 041 тани, Миробод туманида 1 208 тани, Бектемир туманида 2 880 тани ташкил этади.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда ҳар бир ҳудудда ўзига хос криминоген вазият шаклланган. Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида қотиллик (10 та), Сергели туманида номусга тегиш (8 та), Чилонзор туманида талончилик (56 та) ва ўғирлик (576 та), Юнусобод туманида фирибгарлик (843 та) ва безорилик (130 та), Яшнобод туманида транспорт олиб қочиш жинояти (5 та), Олмазор туманида ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси (13 та) энг кўп содир этилган.
Содир этилган жиноятларнинг қарийб 44 фоизи (8 299 таси) маҳаллалар ҳудудида содир этилганлиги айнан маҳаллаларда ва оилалардаги муҳитни ўрганиш, нотинч оилалардаги низоли масалаларни ҳал этиш борасидаги ишлар етарли эмаслигини кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда ахборот технологияларининг жадал ривожланиши билан бирга, фирибгарлик жиноятининг янги турлари ҳам келиб чиқмоқда. Масалан, ахборот технологиялари соҳасида жами 580 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 баробарга ошган.
Психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи моддалар, назорат остидаги дори-дармонларнинг аҳоли орасида ноқонуний муомаласи кескин авж олиб бораётганлиги криминоген вазиятга жиддий таҳдид солмоқда. Ички ишлар органлари томонидан 59 та дорихонада ўтказилган тадбирлар давомида жами 66 минг донадан ортиқ турли хилдаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари сотиб келинаётганлиги аниқланганлиги бунинг яққол тасдиғидир.
Таҳлиллар ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳам жиноятчилик ҳолатлари ортганлигини кўрсатмоқда, масалан, 3 539 нафар ёшлар томонидан 1 495 та жиноят содир этилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошган.
Хотин-қизлар томонидан 786 та жиноят содир этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37,6 фоизга ортган. Жиноятлар сони Миробод, Олмазор туманларида 3,6 баробар, Бектемир туманида 3 баробар, Мирзо Улуғбек, Яккасарой, туманларида 1,8 баробарга, Шайхонтоҳур туманларида 1,6 баробарга кўпайган.
182 нафар вояга етмаган томонидан 103 та жиноят содир этилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тегишлилигича 2,3 ва 1,8 баробарга кўпайганлиги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар етарли самара бермаётганлигидан далолатдир.
Уз жонига қасд ва суиқасд этиш бўйича 173 та ҳолат содир этилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 45 тага ошган, улардан 101 таси ўлим билан якунланган, ўз жонига суиқасд қилганларнинг 60 нафарини хотин-қизлар ташкил этган.
Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 16 610та никоҳ тузилган бўлса, 4 193 та оилавий ажрим қайд этилган, ҳар тўртта никоҳга битта ажрашиш ҳолати тўғри келади. Ажрашиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Миробод, Яшнобод, Яккасарой, Учтепа, Чилонзор, Юнусобод туманларида 55 — 68 фоизга ошган.
Хотин-қизларни ижтимоий қуллаб-қувватлаш
Жорий йилда иккинчи босқичда Тошкент шаҳри бўйича жами 41 минг 857 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган бўлиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш масалаларига етарли эътибор қаратилмаган.
Хусусан, доимий бандлигини таъминлаш режалаштирилган 2 минг 981 нафар хотин-қиздан 692 нафарининг (23,2 фоиз) бандлиги таъминланган, холос. Ушбу кўрсаткич Миробод туманида 0,5 фоизни, Юнусобод туманида 8,8 фоизни, Шайхонтоҳур туманида 9,8 фоизни, Бектемир туманида 13 фоизни ташкил этади.
Жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлиги таъминланиши режалаштирилган 379 нафар хотин-қиздан 130 нафари (34 фоиз) вақтинчалик иш билан таъминланган. Бу борада Бектемир туманида 41 нафардан хотин-қиздан 1 нафари, Яккасарой туманида эса 15 нафардан 1 нафари жамоат ишларига жалб этилган бўлса, Учтепа (15 нафар), Чилонзор (24 нафар) туманларидаги 39 нафар хотин-қиздан бирортасининг ҳам вақтинчалик бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмаган.
Тадбиркорликка жалб этиш учун 121 нафар хотин-қизга 326,1 млн сўм субсидия ажратиш режалаштирилган бўлиб, амалда 17 нафарига (14 фоиз) 38,8 млн сўм ажратилган, бу борада Мирзо Улуғбек, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Олмазор, Янгиҳаёт туманларида амалий ишлар қилинмаган.
Касбга ўқитиш харажатларини қоплаш ва квотадан ортиқ ишга қабул қилинган хотин-қизлар учун субсидия ажратиш ишларига умуман эътибор қаратилмаганлиги боис 206 млн субсидия маблағларидан фойдаланилмаган.
Ижро интизоми, мурожаатлар билан ишлаш
2021 йил бошидан 4 ноябрь кунига қадар «ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали Тошкент шаҳар ҳокимлигига келиб тушган ҳужжатлардаги 10 та топшириқнинг муддати ўтган.
Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг қабулхоналарига тадбиркорлик субъектлари томонидан келиб тушган 2,3 мингдан ортиқ (33,1 фоиз) мурожаатларни кўриб чиқишда белгиланган муддатлар бузилишига йўл қўйилган.
Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва туманлар ҳокимликларига келиб тушган мурожаатларнинг 31 855 таси (52,9 фоиз) бўйича тегишли чоралар кўрилган бўлса, 25 691 тасига (42,3 фоиз) тушунтириш бериш билан чекланилган.