Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 11 майдаги ПҚ-4709-сон қарори)
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 апрелдаги 255-сонли «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 11 майдаги ПҚ-4709-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 15 декабрь,
787-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 декабрдаги 787-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги 481-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида низомнинг 6-бандида:
«а» кичик банди «мақсадли комплекс дастурларни» сўзларидан кейин «шунингдек, саримсоқпиёз етиштириш лойиҳаларини» сўзлари билан тўлдирилсин;
«б» кичик банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«майдони 35 гектардан зиёд боғларда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш бўйича ваколатли органлар томонидан бериладиган тегишли рухсатномага асосан сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуришга ҳар 35 гектар учун 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда»;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«сувдан фойдаланиш мақсадида туташ ҳудудларда жойлашган ҳар бирининг умумий майдони 35 гектардан ошмайдиган бир неча фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ўзаро келишуви асосида сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш бўйича ваколатли органлар томонидан бериладиган тегишли рухсатномага асосан сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш бўйича ваколатли органлар томонидан бериладиган тегишли рухсатномага асосан ҳар 35 гектар майдонга 120 миллион сўмдан ошмайдиган микдорда».
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги 95-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.02.2021 й., 09/21/95/0147-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.12.2020 й., 09/20/787/1631-сон; 24.02.2021 й., 09/21/95/0147-сон)