Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Ҳ. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси юзасидан ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилган.
Прокуратура органлари «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ асосий эътиборни бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштиришга, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялашга, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтиришга, қишлоқ хўжалигида ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижроси устидан назоратни таъминлашга, шунингдек Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2007 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан қабул қилган Қарорни рўёбга чиқаришга қаратдилар.
Қонунларнинг ижро этилиши устидан прокурор назоратини амалга ошириш жараёнида ўтказилган 31328 та текширув натижасида 344564 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилган. Мансабдор шахсларнинг 26591 та ҳуқуқий ҳужжати ва қарори прокурорларнинг протестлари асосида бекор қилинган ёки қонунга мувофиқ ҳолга келтирилган, қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш ҳақида 40782 та тақдимнома киритилган, 101816 нафар мансабдор шахс ва фуқарога қонунларнинг бузилишига йўл қўймаслик хусусида огоҳлантирув эълон қилинган, 153052 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Етказилган моддий зарар юзасидан қарийб 10 миллиард сўм айбдор шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида қопланган, 254,2 миллиард сўмлик моддий зарарни ундириш тўғрисида судларга 78666 та даъво аризаси киритилган. Ихтиёрийлик асосида ҳамда прокурорлар томонидан киритилган даъво аризалари юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан ундирилган, шунингдек жиноят ишлари бўйича қопланган зарар суммасининг умумий миқдори 390,1 миллиард сўмни ташкил этган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПФ-3994-сонли Фармони қабул қилинганлиги муносабати билан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя этилишини таъминлашга қаратилган фаолият кучайган. Бунда асосий эътибор аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва иш билан таъминлаш, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва нафақалар тўловини ўз вақтида амалга ошириш билан боғлиқ масалаларга қаратилган.
Хусусан, назорат тадбирларини амалга ошириш асносида айрим тижорат банклари иш ҳақи ва биринчи навбатдаги бошқа тўловлар бўйича 30,5 миллиард сўм миқдорида нақд пул маблағлари берилишини таъминламаганлиги аниқланди. Йўл қўйилган қонунбузарликлар учун тижорат банкларининг 255 нафар мансабдор шахси интизомий ва маъмурий жавобгарликка, 30 нафар мансабдор шахси эса жиноий жавобгарликка тортилган.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини текшириш якунлари бўйича фуқароларга 463 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ва нафақалар қонунга хилоф равишда тўланган 16931 та ҳолат аниқланган, тегишли тўловларни амалга ошириш қонунга хилоф равишда рад этилган 198 та ҳолат фош этилган. Бу соҳада қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан 9282 та прокурор назорати ҳужжати чиқарилган, 135,4 миллион сўмлик зарарнинг ўрни айбдорлар томонидан ихтиёрий равишда қопланиши таъминланган, судларга 240,6 миллион сўмни ундириш ҳақида 769 та ариза киритилган, 336 та жиноят иши қўзғатилган.
Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга ҳамда уларнинг фаолиятига ғайриқонуний аралашиш ҳолларига барҳам беришга қаратилган қонунлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари ижроси устидан назоратни таъминлаш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси органлари ва ҳокимликлар фаолиятини текшириш натижалари бўйича тадбиркорлик субъектларидан ҳисобот маълумотлари қонунга хилоф равишда талаб қилинган, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари бошқача тарзда бузилган 319 та ҳолат аниқланган. Текширишларнинг натижалари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бўлиб ўтган идоралараро кенгашда муҳокама қилинган.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилишига ва уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўйган 967 нафар мансабдор шахс прокуратура органлари томонидан интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Тадбиркорларнинг манфаатларини кўзлаб, хўжалик судларига 3,6 миллиард сўмликдан кўпроқ миқдордаги зарарни ундириш тўғрисида аризалар киритилган. Назорат қилувчи идоралар ходимлари томонидан йўл қўйилган суиистеъмоллик ҳоллари бўйича 53 та жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 11 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3406-сонли Фармони ижроси юзасидан комплекс назорат тадбирлари изчиллик билан амалга оширилган. Бунда фермерликни ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғов-тўсиқларни бартараф этишга, фермер хўжаликларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга, қишлоқ хўжалиги ерларини қонунга хилоф равишда ажратиб бериш ва улардан ғайриқонуний фойдаланиш ҳолларини бартараф этишга ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга асосий эътибор қаратилган.
Экин майдонларини текшириш ва мониторинг қилиш натижасида тўққиз минг гектардан ортиқ ердан қонунга хилоф тарзда ёки белгиланмаган мақсадларда фойдаланилаётганлиги аниқланган. Текшириш натижалари бўйича 38631 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, 1082 та жиноят иши қўзғатилган, етказилган зарарни қоплаш юзасидан уч миллиард сўмнинг ихтиёрий равишда тўланиши таъминланган, хўжалик судларига жами 68,4 миллиард сўмни ундириш ҳақида 28826 та даъво аризаси берилган.
«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги, шунингдек «Ёшлар йили» Давлат дастурининг амалга оширилиши муносабати билан болалар ва ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Бу соҳада вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар энг аввало вояга етмаганлар орасида назоратсизлик ва қаровсизликни бартараф этишга, улар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилиши олдини олишга, ўқув юртларида ҳуқуқ фанларини ўқитишни такомиллаштиришга, шунингдек ёшларни ишга жойлаштиришга, уларни уй-жой билан таъминлашга, маиший шароитларини яхшилашга қаратилган.
Хусусан, бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилган меҳнат ярмаркаларида 25 мингга яқин йигит-қиз ишга жойлашиш учун йўлланма олган, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида 192 та кам таъминланган ёш оила янги уй-жой билан таъминланган.
Бу соҳада амалга оширилган тадбир-чоралар вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик даражаси олдинги йилдагига нисбатан 5,5 фоиз камайишига олиб келди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари билан бу борада ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштириш чоралари кўрилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 2008 йилда ўтказилган мувофиқлаштирувчи кенгашларда жиноятчиликка қарши курашиш ва жиноятчилик профилактикаси билан боғлиқ саккизта масала муҳокама қилинган.
2008 йилда безорилик, автотранспорт воситаларини олиб қочиш, шунингдек ишсизлар томонидан қилинган жиноятлар сони 2007 йилга нисбатан камайганлиги қайд этилди.
Одам савдосига қарши кураш бўйича республика идоралараро комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ўтказилган кенгашларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тезкор ва тергов бўлинмаларининг одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш, бундай жиноятлар содир этилишига олиб бораётган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини фаоллаштириш, одам савдосидан жабрланганларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
Ўта мураккаб ва алоҳида аҳамиятга молик бир қатор ишларни тергов қилиш натижалари бўйича айбдор шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи таъмин этилди.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилотлар ва муассасалар мансабдор шахсларининг жиноий қилмишларига чек қўйишга катта эътибор берилган. 2008 йилда турли суиистеъмолликлар, порахўрлик, талон-торож қилиш ва мансабга совуққонлик билан қараганлик учун 6784 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг жиноий қилмишлари туфайли етказилган 233,3 миллиард сўм миқдоридаги моддий зарарнинг ўрни қопланиши таъминланган.
Судларда жиноят ишлари ҳамда фуқаролик ишлари, шунингдек хўжалик низолари кўрилаётганда прокурорнинг ваколатларини таъминлаш борасида анчагина иш қилинган. Чунончи, 2008 йилда судларда кўрилган жиноят ишларининг 99,8 фоизи бўйича прокурорлар томонидан давлат айблови қувватланган, фуқаролик ишлари бўйича судларда ишларнинг 61,7 фоизини кўриб чиқишда ва хўжалик судларида ишларнинг 77,3 фоизини ҳал қилишда прокурорлар иштироки таъминланган.
Хўжалик судларига ва фуқаролик ишлари бўйича судларга прокурорлар томонидан киритилган аризалар юзасидан 222,6 миллиард сўмни ундириш аниқланиб, шундан амалда 97,6 миллиард сўмдан кўпроғи ундирилган.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада оширишга қаратилган фаолият кучайтирилган. Қонун ҳужжатларини тарғиб қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек прокуратура органларининг фаолиятидан аҳолини хабардор қилиб бориш мақсадида 114 мингдан ортиқ тушунтирув тадбири, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқий мавзуларда 21 мингга яқин чиқиш амалга оширилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари прокуратура органларида кўриб чиқилиши ва ҳал қилинишида қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилган. Ҳисобот даврида прокуратура органларининг ходимлари томонидан 77336 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг қарийб 37 минг мурожаати ҳал этилган, бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан чоралар кўрилган.
Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларни тарбиялаш ҳамда малакасини ошириш масалаларига жиддий эътибор берилган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Аттестация комиссияси томонидан прокуратура органларининг 216 нафар ходими аттестацияга жалб этилган, улардан 25 нафари эгаллаб турган лавозимига бутунлай нолойиқ ёки мувофиқ эмас деб топилган. Ҳисобот йилида 228 нафар ходим юқори лавозимларга ўтказилган.
Хизмат вазифаларини ҳалол ва намунали бажарганликлари учун ходимларни рағбатлантириш чоралари кўрилган. Айни вақтда вазифаларини лозим даражада бажармаган ёхуд прокуратура ходими деган номга доғ туширадиган қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан прокуратура органларидан бўшатиш ва жиноят ишлари қўзғатишгача бўлган интизомий жазолар қўлланилган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботи таҳлили прокуратура органлари фаолиятида айрим камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда.
Чунончи, 2008 йилда умумий жиноятчилик ўсганлиги, оғир ва ўта оғир жиноятлар, номусга тегиш, талончилик, товламачилик, фирибгарлик, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ жиноятлар, шунингдек хотин-қизлар томонидан ва шахслар гуруҳлари томонидан содир этилган жиноятлар сони кўпайганлиги жиноятчиликка қарши кураш олиб борувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ҳамда назорат қилиш шакллари ва усулларини такомиллаштиришга қарата теран чоралар кўришни талаб қилмоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан назорат олиб бориш масалаларида камчиликлар мавжуд, улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги ва асослилиги тўлиқ таъминланишига эришилмаётир.
Экологияга оид глобал муаммоларнинг долзарблигини инобатга олиб, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, айниқса сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан прокурор назоратини кучайтириш зарур.
«Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастури қабул қилинганлиги муносабати билан қишлоқда турмуш даражасини ошириш, қишлоқ аҳлининг манфаатлари янада кенгроқ таъмин этилишига эришиш, қишлоқда соғлиқни сақлаш ва таълим даражасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор бериш зарур.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Р.Ҳ. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори:
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш ишларида самарадорликни аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига устувор даражада аҳамият берган ҳолда оширсин;
2008 йилда умумий жиноятчилик ва айрим турдаги жиноятлар ўсишига олиб келган сабаблар ҳамда шароитларни синчиклаб таҳлил қилсин, бунда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш масалаларига алоҳида эътибор берсин ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан янада самарали чоралар кўрсин;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти устидан назорат олиб бориш самарадорлигини оширсин, улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини таъминлаш юзасидан қўшимча чоралар кўрсин;
табиатни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан мунтазам назорат олиб борилишини ташкил этсин, бунда сувдан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор берсин;
тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бажарилиши устидан, айниқса қурилиш учун бериладиган рухсатномаларнинг расмийлаштирилиши, кадастр расмийлаштируви амалга оширилиши, лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши, ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши, бинолар ижараси устидан назоратни кучайтирсин;
«Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастурини амалга оширишга қаратилган қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ушбу Қарор қандай ижро этилаётганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига 2009 йилнинг 1 декабрига қадар ахборот берсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (М. Ражабова) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 28 март,
640-I-сон