Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартиби ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қарорининг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартиби ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Амнистия акти қўлланилиши тартиб-таомилларида жамоатчилик назоратини ва очиқ-ошкораликни таъминлаш учун сенаторлар ҳамда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилсин. Ишчи гуруҳлар таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари (келишувга мувофиқ) киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 5 декабрь,
254-II-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2011 йил 5 декабрдаги 254–II-сонли Қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартиби ҳақида
НИЗОМ
1. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори (бундан буён матнда Амнистия тўғрисидаги қарор деб юритилади) у кучга киргунга қадар жиноят содир этган ва Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларга, улар жазони қаерда ўтаётганлигидан қатъи назар, қўлланилади.
2. Амнистия тўғрисидаги қарорга кўра асосий жазодан озод этилган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмайди.
3. Амнистияни қўлланиш тўғрисидаги қарор ҳар бир шахсга нисбатан якка тартибда қабул қилинади. Зарур маълумотлар бўлмаган тақдирда, амнистияни қўлланиш масаласини кўриб чиқиш қўшимча материаллар олингунга қадар, лекин икки ойдан кўп бўлмаган муддатга кечиктириб турилади. Шундан кейин қарор мавжуд ҳужжатлар асосида қабул қилинади. Амнистия тўғрисидаги қарорни ижро этувчи органларнинг сўровлари дарҳол бажарилади.
4. Амнистия тўғрисидаги қарорни қўлланишда қонунда белгиланган тартибда судланганлик тугалланган ёки олиб ташланганлиги ҳисобга олинмайди. Жиноят тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига биноан жиноят ҳисобланмайдиган қилмишлар учун ҳукм этилган шахслар ҳам судланмаган деб ҳисобланади.
Муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жазодан озод қилинган шахслар деганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорлари асосида:
судланганлик тугалланганлиги ёки олиб ташланганлигидан қатъи назар, суд томонидан тайинланган жазодан озод қилинганларни;
суд ҳукми чиқарилмаган ҳолда жиноий жавобгарликдан озод қилинганларни тушуниш керак.
5. Амнистия тўғрисидаги қарорни қўлланиш судлар томонидан:
ўз иш юритувида (барча инстанцияларда) қайси шахсларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар бўлса, шу шахсларга нисбатан;
ҳукми қонуний кучга кирган, бироқ ижро этилмаган, қамоқда сақланмаётган шахсларга нисбатан;
жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар тергов ва суриштирув органлари иш юритувида бўлган шахсларга нисбатан — прокурорнинг илтимосномасига кўра;
жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан — жазони ижро этиш муассасаси ёки органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм ёки интизомий қисм командири) томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида прокурорнинг илтимосномасига кўра амалга оширилади.
Амнистия тўғрисидаги қарорни қўлланиш масаласи судлар томонидан кўриб чиқилаётганда прокурорнинг иштирок этиши шарт.
6. Амнистия тўғрисидаги қарорни уч ойлик муддат ўтганидан кейин қўлланиш масаласи судлар томонидан ҳал этилади.
7. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1-бандини қўлланишда ўта оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазодан, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолардан озод этилади.
Мазкур бандни қўлланиш вақтида:
а) «а» ва «б» кичик бандлари таъсир доирасига, ёшидан қатъи назар, аёллар ва жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар тушади;
б) «в» кичик банди таъсир доирасига 1951 йил 6 декабрга қадар туғилган эркаклар тушади;
в) «г» кичик банди таъсир доирасига жиноят содир қилгунга қадар доимий яшаш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган ва озод этилганидан кейин Ўзбекистон Республикасида бўлиши учун қонуний асослар бўлмаган чет давлат фуқароси бўлган шахслар тушади.
Фуқароликка мансублик миллий паспортлар бўйича ҳам, бошқа ҳужжатлар бўйича ҳам, шу жумладан тегишли давлатлар элчихоналарининг ёхуд консуллик муассасаларининг расмий тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича аниқланади. Амнистия қилинадиган шахсларнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, уларнинг фуқаролиги доимий яшаб келган мамлакатларининг амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича аниқланади.
Амнистия қилинадиган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига мувофиқ аниқланади.
Чет давлат фуқароларидан фақат жиноят содир қилингунга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтганлар ва ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда шу мамлакатда яшаш гувоҳномаси берилганлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет давлат фуқаролари ҳисобланади.
Чет давлатларнинг тегишли органларидан бундай шахсларнинг фуқаролиги ёки уларнинг муқаддам судланганлиги масалаларига доир зарур маълумотлар олиш халқаро шартномаларга асосан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида бўлиш учун қонуний асослари бўлмаган чет эл фуқаролари Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилгач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли Қарорида белгиланган тартибда мамлакатдан депортация қилинади.
Амнистия тўғрисидаги қарорни ижро этувчи органлар ўз иш юритувларида чет давлат фуқароларига нисбатан ишлар бўлган тақдирда, бу шахсларни мамлакатдан депортация қилиш зарурлиги ҳақида тегишли идораларга дарҳол хабар қилишлари шарт.
8. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 2-банди таъсир доирасига эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар, тайинланган жазо тури ва миқдоридан қатъи назар, тушади.
9. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 3-банди таъсир доирасига:
Амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони деб топилган шахслар;
Амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида жазони ижро этиш ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссиялари қарорига асосан актив шаклдаги сил касаллигига (1 ва 2-гуруҳ диспансер ҳисобидагилар) чалинган деб топилган маҳкумлар тушади.
Ушбу банд жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисми) қўлланилмайди.
Бу шахсларга нисбатан жиноят ишлари тугатилмайди. Уларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш умумий тартибда амалга оширилади ва асослар бўлса, суд Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 463-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди талабларига асосан айблов ҳукми чиқариб, айбдорни мазкур ҳукм билан тайинланган асосий жазодан озод қилади.
10. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 4-банди таъсир доирасига содир этган жиноятининг оғирлик даражаси, тайинланган жазо миқдоридан қатъи назар, озодликдан маҳрум қилиниб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар озодликдан маҳрум этиш жазосини ўташ учун амалда икки йилдан кўп бўлмаган муддат қолган маҳкумлар тушади.
Ушбу банд жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисми) қўлланилмайди.
11. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 5-банди таъсир доирасига тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар тушади.
12. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 6-банди таъсир доирасига содир этган жиноятининг оғирлик даражаси ва тайинланган жазо миқдоридан қатъи назар, озодликдан маҳрум қилиниб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар озодликдан маҳрум этиш жазосини ўташ учун амалда уч йилдан кўп бўлмаган муддат қолган маҳкумлар тушади.
13. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 7-банди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 68-моддасидаги асослар бўйича қўлланилганида, яъни шахс жиноий жавобгарликдан озод этилганида, терговга қадар текширув материаллари ҳамда Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1 ва 2-бандларида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятларга оид жиноят ишлари Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 8-банди билан белгиланган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда тугатилиши керак.
Суриштирувчи, терговчи амнистия актига кўра жиноят ишини қўзғатиш рад этилиши керак бўлган терговга қадар текширув материаллари, шунингдек тугатилиши лозим бўлган жиноят ишлари бўйича прокурорга амнистия актини қўлланиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома киритади ва унга терговга қадар текширув материалини ёки жиноят ишини топширади.
Прокурор тақдимномани терговга қадар текширув материали ёки жиноят иши билан биргаликда ўрганиб, рози бўлган тақдирда, амнистия актини қўлланиш тўғрисида судга илтимоснома киритади.
Суд илтимосномани прокурор ва манфаатдор шахслар иштирокида кўриб чиқиб, амнистия актини қўлланиш тўғрисида ёки прокурорнинг илтимосномасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Айни бир вақтда суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш тартибини тушунтиради.
Жиноят ишининг амнистия акти асосида тугатилишига, агар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, у вафот этган тақдирда эса, унинг яқин қариндошларидан бири бунга эътироз билдирса, йўл қўйилмайди. Бундай ҳолда жиноят иши бўйича ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилади ва асослар бўлса, суд Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 463-моддаси учинчи қисмининг 1-банди талабларига мувофиқ жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқаради.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам бундай шахсларнинг ҳаракатлари оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласи фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал қилинади.
14. Жазони ижро этиш муассасаси ёки органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм ёки интизомий қисм командири) прокурорга маҳкумга нисбатан амнистия актини қўлланиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома киритади ва унга маҳкумнинг шахсий йиғмажилдини топширади.
Прокурор тақдимномани маҳкумнинг шахсий йиғмажилди билан биргаликда ўрганиб, рози бўлган тақдирда, амнистия актини қўлланиш тўғрисида судга илтимоснома киритади.
Суд илтимосномани прокурор ва манфаатдор шахслар иштирокида кўриб чиқиб, амнистия актини қўлланиш тўғрисида ёки прокурорнинг илтимосномасини рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Айни бир вақтда суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш тартибини тушунтиради.
15. Амнистия тўғрисидаги қарор 8-бандининг «а» кичик бандига мувофиқ, унинг амал қилиши узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга; ўта хавфли рецидивистларга; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этганларга; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларга татбиқ этилмайди.
15.1. Амнистия тўғрисидаги қарор 8-бандининг «б» кичик бандига мувофиқ ушбу Қарор 1-бандининг амал қилиши ўта оғир жиноят содир этган шахсларга татбиқ этилмайди.
15.2. Амнистия тўғрисидаги қарор 8-бандининг «в» кичик бандига мувофиқ ушбу Қарор 1 — 4, 6 ва 7-бандларининг амал қилиши тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир қилганлиги учун судланган шахсларга татбиқ этилмайди.
Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир қилганлиги учун ҳукм қилинган шахслар деганда мансабга совуққонлик билан қараш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва ҳокимият ҳаракатсизлиги каби қилмишлари билан мазкур жиноятлар содир этилишига имкон яратиб берган мансабдор шахслар, ҳокимият вакиллари ва зиммасида шундай ваколатлари бўлган шахслар ҳам тушунилиши керак.
Шу билан бирга юқорида баён этилганлар қайси шахсларга нисбатан жиноят иши дастлабки тергов босқичида турган ва ҳали судда кўрилмаган бўлса, шу шахсларга ҳам татбиқ этилади.
15.3. Амнистия тўғрисидаги қарор 8-бандининг «г» кичик бандига мувофиқ 4 — 6-бандларнинг амал қилиши муқаддам амнистия тартибида жазодан озод бўлган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга татбиқ этилмайди.
15.4. Жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахслар деганда:
а) жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан қўлланилиб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар тугалланмаган ва олиб ташланмаган иккита ва ундан ортиқ интизомий жазоси бўлган маҳкумларни;
б) ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларни;
в) шартли ҳукм қилиниб, ҳукмда тайинланган жазони ўташ учун юборилган маҳкумларни;
г) манзил-колониялардан тегишли тартибли колонияларга ўтказилган ёки қайтарилган маҳкумларни;
д) жазони ўташ вақтида, ҳукм ижроси кечиктирилган даврда ёки синов муддатида қасддан жиноят содир этган шахсларни ҳисоблаш лозим.
Бунда:
ушбу банднинг «б», «в», «г» кичик бандларида қайд этилган шахслар, агар улар ҳибсга олинган кундан эътиборан бир йилдан кам муддат ўтган бўлсагина, жазо ўташ тартибини мунтазам бузувчилар деб ҳисобланади;
ушбу банднинг «д» кичик бандида қайд этилган шахсларга (озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ даврида қасддан жиноят содир этган шахслар бундан мустасно) нисбатан Амнистия тўғрисидаги қарор, агар ҳукм қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йилдан ортиқ муддат ўтган бўлса, қўлланилиши мумкин.
16. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 5-банди тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга қўлланилиши мумкин.
Тузалиш йўлига қатъий ўтган бу тоифадаги шахсларга, уларнинг ёши, жинси ва фуқаролигидан қатъи назар, Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 5-банди:
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг тегишли хулосаси;
маҳкумнинг содир этган жиноятдан чин кўнгилдан пушаймонлиги тўғрисидаги ёзма аризаси;
жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг маҳкумнинг амалда пушаймонлиги тўғрисидаги хулосаси;
маҳкумнинг яқин қариндошлари ҳамда унинг яшаш жойидаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг кафиллик хати бўлган тақдирда қўлланилиши мумкин.
17. Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни амалда рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали тарзда ҳал этиш мақсадида прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси адлия идоралари ва судлар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари орасидан Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий комиссиялар тузилади.
18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
жазодан озод қилинган шахслар тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш ва уларни ишга жойлаштириш;
ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш;
вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юбориш.
19. Туман ва шаҳар ҳокимларига ҳудудий комиссиялар ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилган шахсларга, айниқса вояга етмаганларга ва тақиқланган ташкилотларнинг собиқ аъзоларига нисбатан кўрилаётган тарбиявий таъсир чораларининг узлуксизлигини таъминлаш юклатилади.
20. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимларидан тезкор гуруҳлар ташкил этилишини таъминлайди. Тезкор гуруҳларга раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармасининг муассасалари жойлашган ҳудудлардаги тегишли прокурорлар томонидан амалга оширилади. Тезкор гуруҳларнинг асосий вазифалари Амнистия тўғрисидаги қарорнинг ҳар бир маҳкумга нисбатан алоҳида, оғишмай ва холисона қўлланилиши ҳамда қонунийлик бузилишларининг олдини олиш устидан назоратни амалга оширишдан иборат.
21. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилган 1 ва 2-гуруҳ диспансер рўйхатидаги сил касаллигига чалинган шахсларнинг ҳисобга олинишини ташкил этишни ва махсус даволаш муассасаларига юборилишини (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда);
Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод қилинаётган чет давлат фуқароларининг ҳисобга олинишини ташкил этишни ҳамда Ўзбекистон Республикасидан депортация қилинишини (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда) таъминлайди.
22. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилади. Ишчи гуруҳларнинг амнистия актини қўлланиш тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлашдаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
жиноий жазони ижро этиш муассасалари ва органларини бориб кўриш, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказиш ҳамда уларнинг шахсий йиғмажилдлари билан танишиш;
суриштирув ва дастлабки тергов органлари иш юритувидаги терговга қадар текширув материаллари ва жиноят ишлари билан танишиш;
амнистия актини қўлланиш бўйича терговга қадар текширув материалларини ўрганишда ва кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш;
амнистия акти бўйича озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар ҳолатини мониторинг қилиш;
амнистия актининг ижро этилиши жараёни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш.
Зиммага юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида амнистия акти қўлланилиши тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминловчи ишчи гуруҳларнинг асосий эътибори амнистия актини қўлланишдаги суиистеъмолликлар ва уни ноқонуний қўлланиш ёки қўлланишни ноқонуний равишда рад қилиш ҳолларини аниқлашга қаратилиши керак. Аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги материаллар кўриб чиқиш ва чоралар кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда Бош прокуратурасига юборилади.
23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Низомнинг 18, 19 ва 21-бандларида қайд этилган вазирликларнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (ҳокимларнинг) фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга оширади.
24. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Амнистия тўғрисидаги қарорнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди.