Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қарорининг қўлланиш тартиби ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қарорининг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қарорининг қўлланиш тартиби ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Амнистия актининг қўлланилиши устидан жамоатчилик назоратини ва қарорни қўлланиш тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш учун сенаторлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилсин. Ишчи гуруҳлар таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари (келишувга мувофиқ) киритилсин.
3. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 12 октябрь,
СҚ-110-III
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги СҚ-110-III-сонли Қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қарорининг қўлланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори (бундан буён матнда Амнистия тўғрисидаги қарор деб юритилади) у кучга киргунга қадар жиноят содир этган ва Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларга, улар жазони қаерда ўтаётганлигидан қатъи назар, қўлланилади.
2. Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш ҳақидаги қарор ҳар бир шахсга нисбатан алоҳида қабул қилинади. Зарур маълумотлар бўлмаган тақдирда, амнистия актини қўллаш масаласининг кўриб чиқилиши қўшимча материаллар олингунга қадар, лекин икки ойдан кўп бўлмаган муддатга кечиктириб турилади. Шундан кейин қарор мавжуд ҳужжатлар асосида қабул қилинади. Амнистия тўғрисидаги қарорни ижро этувчи органларнинг сўровлари дарҳол бажарилади.
3. Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллашда қонунда белгиланган тартибда тугалланган ёки олиб ташланган судланганлик ҳолати ҳисобга олинмайди. Жиноят тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига биноан жиноят ҳисобланмайдиган қилмишлар учун ҳукм этилган шахслар ҳам судланмаган деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорлари асосида:
судланганлик ҳолати тугалланганлиги ёки у олиб ташланганлигидан қатъи назар, суд томонидан тайинланган жазони ўташдан озод қилинганларни;
суд ҳукми чиқарилмаган ҳолда жиноий жавобгарликдан озод қилинганларни афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган шахслар деб ҳисоблаш керак.
4. Амнистия тўғрисидаги қарор судлар томонидан:
ўз иш юритувида (барча инстанцияларда) қайси шахсларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар бўлса, шу шахсларга нисбатан;
ҳукми қонуний кучга кирган, бироқ ижро этилмаган, қамоқда сақланмаётган шахсларга нисбатан;
жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар тергов ва суриштирув органлари иш юритувида бўлган шахсларга нисбатан — прокурорнинг илтимосномасига кўра;
жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан — жазони ижро этиш муассасаси ёхуд органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий ёки интизомий қисм командири) томонидан тақдим этилган материаллар ва ҳужжатлар асосида прокурорнинг илтимосномасига кўра қўлланилади.
Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш ҳақидаги масала судлар томонидан кўриб чиқилаётганда прокурор иштирок этиши шарт.
5. Уч ойлик муддат ўтганидан кейин Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш масаласи судлар томонидан ҳал этилади.
6. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1-бандини қўллашда жиноятлар содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар барча турдаги асосий жазолардан озод қилинади.
Мазкур бандни қўллашда:
а) «а» кичик банди таъсир доирасига, ёшидан ва фуқароликка мансублигидан қатъи назар, аёллар тушади;
б) «б» кичик банди таъсир доирасига, фуқароликка мансублигидан қатъи назар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар тушади;
в) «в» кичик банди таъсир доирасига, фуқароликка мансублигидан қатъи назар, 1956 йил 13 октябрга қадар туғилган эркаклар тушади;
г) «г» кичик банди таъсир доирасига чет давлатлар фуқаролари бўлган шахслар тушади.
Фуқароликка мансублик миллий паспортлар бўйича ҳам, бошқа ҳужжатлар, шу жумладан тегишли давлатлар элчихоналари ёхуд консуллик муассасаларининг расмий тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича ҳам аниқланади. Амнистия қўлланиладиган шахсларнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, уларнинг фуқаролиги улар доимий яшайдиган мамлакатнинг амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича аниқланади.
Амнистия қўлланиладиган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига мувофиқ аниқланади.
Чет давлатларнинг фуқаролари Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилингач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли қарорида белгиланган тартибда мамлакатдан чиқариб юборилиши лозим.
Амнистия тўғрисидаги қарорни ижро этувчи органлар, ўз иш юритувларида чет давлатлар фуқароларига нисбатан ишлар бўлган тақдирда, мазкур шахсларни чиқариб юбориш зарурлиги ҳақида тегишли идораларга дарҳол хабар қилишлари шарт;
д) «д» кичик банди таъсир доирасига:
Амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногирони деб топилган шахслар;
Амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар жазони ижро этиш ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссиялари хулосасига асосан қонунда белгиланган тартибда сил касаллигининг фаол шаклига чалинган деб топилган маҳкумлар (1 ва 2-гуруҳ диспансер ҳисобидагилар) тушади.
Мазкур банднинг амал қилиши:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида назарда тутилган, шунингдек ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларга;
тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
7. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 2-банди таъсир доирасига ўзларига тайинланган жазо тури ва миқдоридан қатъи назар, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар тушади.
Мазкур банднинг амал қилиши:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга;
тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
8. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 3-банди таъсир доирасига содир этган жиноятининг оғирлигидан, тайинланган жазо миқдоридан қатъи назар, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар озодликдан маҳрум этиш жазосини ўташ учун амалда уч йилдан кўп бўлмаган муддат қолган маҳкумлар, шу жумладан озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган қисми енгилроғига алмаштирилган маҳкумлар тушади.
Мазкур банднинг амал қилиши:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси, 104-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга;
тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
9. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 4-банди таъсир доирасига тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар тушади.
Тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга, уларнинг ёши, жинси ва фуқаролигидан қатъи назар, Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 4-банди:
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг тегишли хулосаси;
маҳкумнинг содир этган жиноятдан чин кўнгилдан пушаймонлиги тўғрисидаги ёзма аризаси;
жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг маҳкумнинг амалда пушаймонлиги тўғрисидаги хулосаси;
маҳкумнинг яқин қариндошлари ҳамда унинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг кафиллик хати бўлганда қўлланилиши мумкин.
10. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 5-банди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 68-моддасидаги асослар бўйича қўлланилганида, яъни шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинганида, Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1-бандида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятларга оид терговга қадар текширув материаллари ҳамда жиноят ишлари Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1 ва 7-бандлари билан белгиланган истисноларни ҳисобга олган ҳолда тугатилиши керак.
Суриштирувчи ёки терговчи Амнистия тўғрисидаги қарорга кўра жиноят ишини қўзғатиш рад этилиши керак бўлган терговга қадар текширув материаллари, шунингдек тугатилиши лозим бўлган жиноят ишлари бўйича Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида прокурорга тақдимнома киритади ва унга терговга қадар текширув материалини ёхуд жиноят ишини топширади.
Прокурор тақдимномани терговга қадар текширув материали ёхуд жиноят иши билан биргаликда ўрганиб, рози бўлган тақдирда, Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритади.
Суд илтимосномани прокурор ва манфаатдор шахслар иштирокида кўриб чиқиб, Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш ҳақида ёхуд прокурорнинг илтимосномасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Айни бир вақтда суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш тартибини тушунтиради.
Агар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, у вафот этган тақдирда эса, унинг яқин қариндошларидан бири эътироз билдирса, Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жиноят ишининг тугатилишига йўл қўйилмайди. Бундай ҳолда жиноят иши бўйича ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилади ва асослар бўлса, суд Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 463-моддаси учинчи қисмининг 1-банди талабларига мувофиқ жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқаради.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам бундай шахсларнинг ҳаракатлари оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал қилинади.
11. Жазони ижро этиш муассасаси ёхуд органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий ёки интизомий қисм командири) маҳкумга нисбатан Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида прокурорга тақдимнома киритади ва унга маҳкумнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини топширади.
Прокурор тақдимномани маҳкумнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди билан биргаликда ўрганиб, рози бўлган тақдирда, Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритади.
Суд илтимосномани прокурор ва манфаатдор шахслар иштирокида кўриб чиқиб, Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш ҳақида ёхуд прокурорнинг илтимосномасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Айни бир вақтда суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш тартибини тушунтиради.
12. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 6-банди қўлланилганда жазо муддатининг амалда ўталмай қолган қисми 2016 йил 13 октябрдан бошлаб қисқартирилади.
Амнистия тўғрисидаги қарор 6-бандининг таъсир доирасига озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилиниб, жазонинг ўталмай қолган қисми озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган, шунингдек озодликдан маҳрум қилишга шартли ҳукм қилинган маҳкумлар ҳам тушади.
Мазкур банднинг амал қилиши:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахсларга;
тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
13. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1 — 3 ва 5-бандлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 ва (ёки) 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар тўлиқ қопламаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
14. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 7-бандига мувофиқ, унинг амал қилиши узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларга; ўта хавфли рецидивистларга; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этганларга; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга татбиқ этилмайди.
Жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган шахслар деганда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 242-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги учун судланган шахслар тушунилиши керак.
Жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахслар деб:
а) жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан қўлланилиб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар тугалланмаган ва олиб ташланмаган иккита ва ундан ортиқ интизомий жазоси бўлган маҳкумларни;
б) озодликни чеклаш тариқасидаги жазо озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларни;
в) ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларни;
г) жарима тариқасидаги жазо ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларни;
д) шартли ҳукм қилиниб, ҳукм билан тайинланган жазони ўташ учун юборилган маҳкумларни;
е) манзил-колониялардан тегишли тартибли колонияларга ўтказилган ёки қайтарилган маҳкумларни;
ж) жазони ўташ вақтида, ҳукм ижроси кечиктирилган даврда ёки синов муддатида қасддан жиноят содир этган шахсларни ҳисоблаш лозим.
Бунда:
ушбу банднинг «б», «в», «д», «е» кичик бандларида қайд этилган шахслар, агар улар ҳибсга олинган ёки озодлиги чекланган кундан эътиборан бир йилдан кам муддат ўтган бўлсагина, жазо ўташ тартибини мунтазам бузувчилар деб ҳисобланади;
ушбу банднинг «г» кичик бандида қайд этилган шахслар, агар жарима тариқасидаги жазони ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазосига алмаштириш ҳақидаги суд ажрими чиқарилган кундан эътиборан бир йилдан кам муддат ўтган бўлсагина, жазо ўташ тартибини мунтазам бузувчилар деб ҳисобланади;
ушбу банднинг «ж» кичик бандида қайд этилган шахсларга (озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ вақтида қасддан жиноят содир этган шахслар бундан мустасно) нисбатан Амнистия тўғрисидаги қарор, агар ҳукм қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йилдан ортиқ муддат ўтган бўлса, қўлланилиши мумкин.
Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1 — 3, 5 ва 6-бандларига мувофиқ, ушбу Қарорнинг амал қилиши тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 150 — 163, 216, 2161, 2162, 242, 244, 2441, 2442, 2443-моддалари) содир қилганлиги учун судланган шахсларга татбиқ этилмайди.
Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир қилганлиги учун ҳукм қилинган шахслар деганда, мансабга совуққонлик билан қараш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги каби қилмишлари билан мазкур жиноятлар содир этилишига имкон яратиб берган мансабдор шахслар, ҳокимият вакиллари ва зиммасида хизмат ваколатлари бўлган шахслар ҳам тушунилиши керак.
Бунда юқорида баён этилганлар қайси шахсларга нисбатан жиноят ишлари дастлабки тергов босқичида турган ва ҳали судларда кўрилмаган бўлса, шу шахсларга ҳам татбиқ этилади.
15. Амнистия тўғрисидаги қарорга мувофиқ асосий жазодан озод этилган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмайди.
16. Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни амалда рўёбга чиқариш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали тарзда ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, адлия органлари ва судлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари орасидан Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий комиссиялар тузилади.
17. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
жазодан озод қилинган шахслар тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш ва уларни ишга жойлаштириш;
ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш;
вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юбориш.
18. Туман ва шаҳар ҳокимларига ҳудудий комиссиялар ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод қилинган шахсларга, айниқса вояга етмаганларга ва тақиқланган ташкилотларнинг собиқ аъзоларига нисбатан кўрилаётган тарбиявий таъсир чораларининг узлуксизлигини таъминлаш вазифаси юклатилади.
19. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат тезкор гуруҳлар ташкил этилишини таъминлайди. Тезкор гуруҳларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг муассасалари жойлашган ҳудудлардаги тегишли прокурорлар раҳбарлик қилади. Тезкор гуруҳларнинг асосий вазифалари Амнистия тўғрисидаги қарорнинг ҳар бир маҳкумга нисбатан алоҳида, оғишмай ва холисона қўлланилиши устидан назоратни амалга оширишдан ҳамда қонунийлик бузилишларининг олдини олишдан иборат.
20. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод қилинган 1 ва 2-гуруҳ диспансер рўйхатидаги сил касаллигига чалинган шахсларнинг ҳисобга олинишини ташкил этишни ва махсус даволаш муассасаларига юборилишини (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда);
Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган чет давлатлар фуқароларининг ҳисобга олинишини ҳамда Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборилишини ташкил этишни (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда) таъминлайди.
21. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ҳамда Қарорни қўллаш тартиб-таомилининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилади. Ишчи гуруҳларнинг амнистия қўлланилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ҳамда қарорни қўллаш тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлашдаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
жиноий жазоларни ижро этиш муассасалари ва органларига бориш, маҳкумлар билан суҳбат ўтказиш ҳамда уларнинг шахсий йиғмажилдлари билан танишиш;
суриштирув ва дастлабки тергов органлари иш юритувидаги терговга қадар текширув материаллари ва жиноят ишлари билан танишиш;
Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллаш бўйича терговга қадар текширув материалларини ўрганишда ва кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш;
Амнистия тўғрисидаги қарор бўйича озод қилинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар ҳолатини мониторинг қилиш;
Амнистия тўғрисидаги қарорнинг ижро этилиши жараёни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш.
Зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш мақсадида Амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ҳамда қарорни қўллаш тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳлар томонидан Амнистия тўғрисидаги қарорни қўллашдаги суиистеъмолликлар ва уни ноқонуний қўллаш ёхуд қўллашни ноқонуний равишда рад қилиш ҳолларини аниқлашга алоҳида эътибор берилади.
Аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги материаллар кўриб чиқиш ва чора кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда Бош прокуратурасига юборилади.
22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Низомнинг 17, 18 ва 20-бандларида кўрсатилган вазирликларнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (ҳокимларнинг) фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.
23. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Амнистия тўғрисидаги қарорнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди.