Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 мартдаги ПФ-52-сонли «Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 майдаги ПФ-5046-сон Фармони ижроси юзасидан:
l. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алокалари қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) тугрисидаги Низом 1-иловата мувофиқ.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг Қўмита ҳузурида таркибига миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, ижодий уюшмалар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари киритиладиган Жамоатчилик кенгашини тузиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Қўмита бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги Низом лойиҳасини ва Жамоатчилик кенгашининг шахсий таркиби тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
21. Белгилаб қўйилсинки:
Қўмита бошқарув ходимларига ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 2 баравар миқдорда қўлланилади;
Қўмита ходимлари ойлик маошининг 50 фоизи миқдорида Қўмита ходимларининг моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси шакллантирилади;
Қўмита бошқарув ходимлари учун аввалги иш жойида ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади;
Қўмитада ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади;
Қўмита бошқарув ходимларининг лавозим маошига рағбатлантириш коэффициенти ҳисобга олинган ҳолда, давлат органларидаги кўп йиллик меҳнати учун 2 йилдан 5 йилгача — 0,1; 5 йилдан 10 йилгача — 0,2; 10 йилдан 15 йилгача — 0,3; 15 йилдан 20 йилгача — 0,4; 20 йилдан ортиқ — 0,5 коэффициентларда ҳар ойлик устамалар тўланади;
Қўмита бошқарув ходимларининг лавозим маошига фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёхуд хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган бошқа илмий даражага эга шахслар учун — лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (Doctor of Science) ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган илмий даражага эга шахслар учун — лавозим маошининг 60 фоизигача ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги ПФ-6212-сонли Фармонига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.04.2021 й., 06/21/6212/0358-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Қўмитанинг самарали ташкил этилиши ва тўлақонли фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратишда белгиланган тартибда кўмаклашсин.
31. Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Қўмитанинг сўровига биноан Қўмита зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли ахборот ва статистик маълумотлар тақдим этилишини таъминласинлар.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги ПФ-5876-сонли Фармонига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.11.2019 й., 06/19/5876/4029-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий мамлакатларда фаолият олиб бораётган турдош ташкилотлар, ўзбек маданий марказлари ва жамиятлари ҳақида маълумотлар базасини шакллантириш ва юритишда, шунингдек хорижий мамлакатларда фаолият олиб бораётган тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда ва ривожлантиришда Қўмитага амалий ёрдам кўрсатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси республикада ва хорижий давлатларда ўтказиладиган илм-фан, маданият, иқтисодиёт, туризм, савдо, таълим ва бошқа соҳалардаги тадбирларга Қўмитани белгиланган тартибда жалб этсин.
6. Қўмита Тошкент шаҳри, Бобур кўчаси, 45-уйда жойлаштирилсин.
Белгилансинки, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари Тошкент шаҳри, Бобур кўчаси, 45-уй манзилидаги бинонинг Қўмита томонидан белгиланадиган жойларига ижара ҳақининг «ноль ставкаси» бўйича жойлаштирилади.
7. Қўмита Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Қўмита биносини қайта таъмирлаш, уни замонавий асбоб-ускуналар, компьютер техникаси ва мебель билан жихозлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда Қўмитани зарур алоқа воситалари, шу жумладан Ҳукумат алоқа воситалари билан таъминлашга кўмаклашсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Қўмитага 3 та енгил автотранспорт воситасини сотиб олиш ва уларни сақлаш учун лимит ажратсин;
ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йил харажатлари параметрларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
«Ўзбекистон» журналини нашр этиш билан боғлиқ бўлган Қўмитанинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланмаган харажатлар қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан маблағ ажратилишини назарда тутсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Қўмита Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чикадиган ўзгаргириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Т. Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 23 май,
ПҚ-2993-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги ПҚ-2993-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси тўғрисида
НИЗОМ
(1-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминловчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
2. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституция ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
3. Қўмита ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Фанлар академияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Бадиий академия, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Нуроний» жамғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўяди.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 январдаги ПФ-1-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2025 й., 06/25/1/0022-сон)
4. Қўмита фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджета маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг грантлари ва ҳомийлик маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
5. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.
2-боб. Қўмитанинг вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўпмиллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;
дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш;
хорижий мамлакатларда давлатимиз ва жамиятимиз томонидан эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишда, мамлакатимиз ва жамиятимиз ривожининг ҳозирги босқичи ва босиб ўтган тарихий йўли ҳақидаги объектив тасаввурларни шакллантиришда кўмаклашиш;
миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертиза қилишда иштирок этиш;
миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилишда кўмаклашиш ва бевосита қатнашиш.
7. Қўмита ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
миллий маданий марказларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатади;
миллатлараро тотувликнинг олийжаноб анъаналарини, жамиятда дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини асраб-авайлашни, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар ҳар бир фуқаро онгида кўпмиллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашни таъминлайди;
ёшларни турли миллатларга мансуб кекса авлод вакиллари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, олимлар ва мутахассисларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда миллий ва умуминсоний кадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни авлоддан авлодга ўтиб келаётган умуммиллий қадриятлар, анъана ва урф-одатларни сақлаш ва ривожлантиришга ундаш, миллатчилик ва экстремистик ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитетга эга бўлган истиқлол ғояларига садоқатли, баркамол, маънавий бой, мукаммал авлодни шакллантиришда қўмаклашиш;
миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, миллатлараро муносабатлар маданиятининг қарор топишига йўналтирилган ижтимоий ташаббусларни рағбатлантириш, мувофиқлаштириш ва тақдирлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
давлат органларида миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари манфаатларини ифодалайди, уларнинг фаолиятини мувофиклаштиради, юртимизда яшовчи турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга кўмаклашади;
хорижий давлатлар билан маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ватандошларимиз, улар томонидан тузилган ташкилотлар, шунингдек чет элдаги турдош ташкилотлар билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашади;
хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бевосита иштирок этади;
хорижий мамлакатлар ҳамда чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ахборот алмашинуви ва ҳамкорлик орқали маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга ёрдам беради;
мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий ташкилотлар ва дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатлардаги турдош ташкилотлар билан «халқ дипломатияси» асосида дўстона муносабатларни ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган тизимли ишларни олиб боради;
миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари масалаларига тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертиза қилишда иштирок этади;
жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимизнинг ўтмиш бой тарихи ҳамда мамлакатимиз ривожининг бугунги босқичидаги ижобий ютуқлар ҳақида ҳаққоний тасаввур ҳосил бўлишига кўмаклашади;
хорижий мамлакатларда давлатимизнинг тинчликсевар сиёсати, демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш борасида Ўзбекистоннинг мақсад ва вазифаларини, шунингдек бугунги кунда мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилаётган муваффақиятларни кенг тарғиб килиш бўйича тизимли ишларни амалга оширади;
жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистон Республикасининг нуфузини ва мақомини янада оширишга, бағрикенг, меҳмондўст ўзбек халқининг бой тарихий анъаналари ва урф-одатларини, мустақил давлат барпо этиш йўлида кўрсатган тенгсиз жасорати ва изчиллигини кенг жамоатчилик эътиборига етказишга қаратилган чораларни амалга оширади;
халқимизнинг бой тарихи, маданияти, қадрияти ва анъаналарини, ўзбек заминида туғилган буюк олим ва мутафаккирларнинг барҳаёт меросини, уларнинг жаҳон маданияти ривожига қўшган ҳиссасини кенг намоён этиш бўйича чора-тадбирларни ташкил этади ва ўтказади;
ўзбек халқининг мамлакатимиз ташқарида мавжуд бўлган моддий-маданий мероси объектларини асраб-авайлашни таъминлаш мақсадида давлат ҳамда нодавлат ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилади;
маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлашда адлия органлари билан ҳамкорлик қилади.
3-боб. Қўмитанинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
8. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан миллатлараро муносабатлар, миллий маданий марказлар фаолияти, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида давлат сиёсатини амалга ошириш, кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларга тааллуқли бўлган қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш масалаларига доир маълумотлар ва материалларни сўраш ва олиш;
ўз ваколати доирасида миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий, методик ёрдам кўрсатиш;
юкланган вазифаларни бажариш ва фаолиятини замонавий талабларга мувофиқ такомиллаштириш учун белгиланган тартибда мувофиқлаштирувчи кенгашлар, комиссиялар, ишчи гуруҳлар ва жамғармалар ташкил этиш;
илмий марказлар, студиялар, нашриётлар, босмахоналар ва бошқа тузулмалар ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш;
тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда хорижий мамлакатларда фаолият олиб бораётган турдош ташкилотлар, ўзбек маданият марказлари ва жамиятлари ҳақида маълумотлар базасини яратиш ва юритиш;
маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг рўйхатдан ўтишда тақдим этадиган ҳужжатлари бўйича адлия органлари сўровларига мувофиқ хулосалар киритиш;
янги маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари ташкил этиш доирасида ташаббускор гуруҳларга амалий ёрдам кўрсатиш;
Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Қўмита ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда:
вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бажариши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни;
бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ҳамда бошқа ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.
Қўмита ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.
4-боб. Қўмита фаолиятини ташкил этиш
10. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.
Раиснинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосари бўлади.
11. Қўмита раиси мақоми, маиший таъминоти, тиббий ва транспорт хизматидан фойдаланиш борасидаги шарт-шароитларига кўра ― вазирнинг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосарлари ― вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.
12. Раис:
Қўмита фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
ўз ўринбосарлари, Қўмита тизимининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилайди;
ходимларнинг белгиланган чекланган умумий штатлар сони доирасида Қўмита тузилмасига ўзгартиришлар киритади, штатлар жадвалини ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;
Қўмита ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.
Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
13. Қўмитада раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи тузилмавий бўлимлар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Қўмита раиси тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
14. Ҳайъат:
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат бошқаруви органларидан миллатлараро муносабатлар, миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида давлат сиёсатини амалга ошириш, кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларга тааллуқли бўлган қонун ҳужжатларининг ижроси ҳамда чет элдаги ватандошлар ва турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик масалаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларни амалга ошириш юзасидан сўровларни тайёрлаш, юбориш ва олиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш учун Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни кўриш.
Ҳайъат ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
Ҳайъат мажлисига Ҳайъат ваколатига кирадиган масалалар бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.
Ҳайъат мажлиси унинг таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Ҳайъат қарорлари Қўмита қарорлари ва раис буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва Ҳайъат аъзолари ўртасида фикрлар хилма-хиллиги юзага келган тақдирда раис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини хабардор қилган ҳолда мустақил қарор қабул қилади. Хайъат аъзолари ҳам ўз фикрларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасига маълум қилишлари мумкин.
Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.
15. Қўмита фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида унинг ҳузурида миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, ижодий уюшмалар ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари таркибида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилади.
Қўмита раиси айни пайтда Кенгаш раиси ҳам ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги Низом ва унинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
(15-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
5-боб. Якунловчи қоида
16. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрдаги ПФ-214-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 06/23/214/0984-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги ПҚ-2993-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эьтироф этилаётган айрим ҳужжатлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республика байналмилал маданият маркази тўғрисида»ги 1992 йил 13 январдаги 10-сон қарори.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Халқаро маданий-маърифий алоқалар миллий уюшмасини ташкил этиш тўғрисида»ги 1992 йил 25 мартдаги 142-сон ва «Ўзбекистон Республикаси Халқаро маданий-маърифий алоқалар миллий уюшмасини ташкил этиш масалалари»га оид 1992 йил 16 июндаги 291-сон қарорлари ҳақида»ги 1997 йил 27 майдаги 265-сон қарори.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Республика байналмилал маданият марказининг фаолияти масалалари тўғрисида»ги 2003 йил 8 апрелдаги 180-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 4-сон, 29-модда).
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳамда баъзиларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги 2005 йил 22 февралдаги 73-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 2-сон, 13-модда) 2-илованинг 15-банди.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги 2012 йил 6 сентябрдаги 261-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 9-сон, 64-модда) илованинг 3-банди.