Хоразм вилояти ҳокимининг
Қарори
Бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини қайта кўриб чиқиш ҳақида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 майдаги 27-141-сонли «Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 3 июндан ўз кучини йўқотади.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил 9-сон, 320-модда) Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги «Деҳқон бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1326-сонли қарорига ҳамда 2017 йил 7 июндаги «Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимият органларининг ваколатларини кенгайтириш чора тадбирлари тўғрисида»ги 5075-сонли Фармонига асосан вилоятдаги бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, улар томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари ва ҳажмларини кенгайтириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бозорлар ва савдо комплексларида пул тушумларининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Вилоят молия бош бошқармаси (М. Искандаров) ва давлат солиқ бошқармаси (Х. Абдикаримов) ҳамда «Хоразм бозорлари ва савдо комплекслари» вилоят уюшмаси (Ш. Раззақов) таклифлари асосида «Бозорлар ва савдо комплекслари» маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови, кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорлари 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
2. Вилоят молия бош бошқармаси (М. Искандаров), вилоят давлат солиқ бошқармаси (Х. Абдикаримов) бозорлар ва савдо комплекслари маъмуриятлари билан биргаликда:
бозорлар ва савдо комплексларидан тушадиган йиғимларни белгиланган тартибда тўлиқ ундирилишини;
бозорлар ва савдо комплекслари маъмуриятлари томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, кўрсатиладиган хизматлар, бино ва иншоат ва бошқа мол-мулкдан ҳамда бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари йиғим миқдорларини кўпайтириш эвазига тушадиган тушумларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда маҳаллий бюджетга йўналтирилишини таъминласинлар.
3. Туманлар ва Урганч, Хива шаҳар ҳокимликлари ўз ҳудудларидаги бозорлар ва савдо комплекслари маъмуриятлари томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, кўрсатиладиган хизматлар, бино ва иншоат ва бошқа мол-мулкдан ҳамда бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг тўлиқ ундирилиши ва улардан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни кучайтирсинлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги «Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 253-сон қарори асосида иш ташкил қилсинлар.
4. «Хоразм ҳақиқати» ва «Хорезмская правда» газеталарида (С. Рахимберганова) мазкур қарор эълон қилинсин.
5. Ушбу қарор қабул қилинган кундан кучга кириши муносабати билан вилоят ҳокимининг 2018 йил 4 апрелдаги 147қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ушбу қарор халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилсин.
7. Вилоят ҳокимлигининг Ахборот хизмати (Ш. Қарриев) мазкур қарорни вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминласин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари К. Игамберганов зиммасига юклатилсин.
Вилоят ҳокими Ф. ЭРМАНОВ
Урганч ш.,
2019 йил 15 март,
143к-сон