Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Минтақалараро ҳамкорликка кўмаклашиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида 1992 йил 30 майда имзоланган Шартнома, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисида 2004 йил 16 июнда имзоланган Битим ва Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Шартномага амал қилган ҳолда,
Томонлар давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенг қамровли ривожлантириш заруриятини эътироф этиб,
тарихан шаклланган алоқаларни ривожлантириш ва чуқурлаштиришда минтақалараро ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ва салоҳиятини таъкидлаган ҳолда,
фаолиятнинг турли соҳаларида Томонлар давлатлари минтақаларининг ҳамкорлигини таъминлашга қодир бўлган қулай шарт-шароитлар яратиш ва минтақалараро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга интилиб,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига амал қилган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатлари қонунчилиги ҳамда Томонлар давлатлари иштирокчилар ҳисобланган халқаро шартномаларга мувофиқ савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва экология тармоқларида, шунингдек ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Мазкур Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидаги маъноларни англатади:
«минтақалар» — Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирлиги, Россия Федерациясининг субъекти;
«Томонлар давлатларининг ваколатли органлари» — мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ижро этувчи ҳокимият органлари;
«хўжалик юритувчи субъектлар» — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки Россия Федерацияси ҳудудида рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектлар.
3-модда
Томонлар, шунингдек Томонлар давлатларининг ваколатли органлари минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қуйидагиларга кўмаклашадилар:
минтақаларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида алоқалар ўрнатиш ва ривожлантириш;
ҳар бир Томон давлати қонунчилигида белгиланган тартибда минтақалар ўртасида битимлар тузиш;
мазкур Битимни амалда татбиқ этишга йўналтирилган қўшма дастурлар, тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
минтақалар йўналиши бўйича ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш.
4-модда
Мазкур Битим доирасида минтақалараро ҳамкорлик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
минтақавий инвестициявий сиёсатни амалга ошириш ва минтақаларда инвестицион фаолликни кўтариш;
минтақалар томонидан тадбиркорлик ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида учрашувлар, бизнес-семинарлар, конференциялар, симпозиумлар, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этишга кўмаклашиш;
минтақалараро ҳамкорлик масалалари бўйича ахборот алмашиш;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан минтақаларни иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш;
минтақаларнинг туристик жозибадорлигини кўтаришга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш;
минтақаларни ривожлантириш ва уларни самарали бошқаришнинг илғор тажрибаси билан алмашиш;
миллатлараро муомала маданияти, динлараро ва маданиятлараро мулоқот, шунингдек этник-маданий тараққиётни мустаҳкамлаш соҳасида минтақалар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳалар ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;
Томонлар келишувига мувофиқ белгиланадиган бошқа шакллар.
5-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш бўйича Томонлар ўртасидаги низо ва келишмовчиликлар музокара ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
6-модда
Томонларнинг келишувига кўра мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
7-модда
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида ёзма тарзда сўнгги хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ҳамда унинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб олти ойдан сўнг тугатилади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши унинг амал қилиши пайтида бошланган ва амал қилиши тугатилгунга қадар бажарилмаган лойиҳалар бўйича Томонлар мажбуриятларига дахл қилмайди.
Мазкур Битим кучга кирган санадан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари билан Россия Федерацияси субъектлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида 2000 йил 19 майда имзоланган Битимнинг амал қилиши тугатилади.
Москва шаҳрида 2017 йил 5 апрелда ҳар бири ўзбек ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)