Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ТУЗИЛМАЛАРИ БИЛАН РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ СУБЪЕКТЛАРИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА
2000 йил 19 май, Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ва бошқа хил алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш зарурлигини эътироф этиб,
минтақалар ва уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида фаолиятнинг турли соҳаларида алоқаларнинг тараққий этиши учун қулай шарт-шароит барпо этишга интилиб,
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида 1998 - 2007 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Шартнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги бошқа халқаро шартномаларга амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1- модда
Томонлар ўз давлатларининг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида тузилган халқаро шартномалар доирасида Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари билан Россия Федерациясининг субъектлари ўртасида иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва маданий соҳаларда тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2- модда
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари ва Россия Федерациясининг субъектлари ўзларига тегишли соҳаларда ҳамкорлик юзасидан битимларни тайёрлаш, келишиш ва тузиш чоғида ўз давлатларининг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг халқаро шартномаларидан келиб чиқиб иш юритадилар.
3-модда
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари ва Россия Федерациясининг субъектлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик мулкчилик шаклларидан ва кимга бўйсунишидан қатъи назар, ташкилотлар (хўжалик юритувчи субъектлар), уларнинг бирлашмалари ўртасида иккала давлатларнинг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги халқаро шартномалар қоидаларига риоя қилинган ҳолда тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.
4- модда
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари ва Россия Федерациясининг субъектлари ташкилотлар (хўжалик юритувчи субъектлар), улар бирлашмаларининг тузилган шартномалари бўйича мажбуриятлари юзасидан ҳамда тадбиркор мақомига эга фуқаролар мажбуриятлари юзасидан масъул эмаслар, бундан уларнинг ўзлари бундай мажбуриятлар бўйича зиммаларига кафиллик олган (кафолат берган) ҳоллари мустаснодир.
5- модда
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари ва Россия Федерациясининг субъектлари ҳудудида жойлашган ташкилотлар ўз давлатларининг қонунларига риоя қилган ҳолда, етказиб берилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат учун ҳисоб-китоб қилишнинг шартлари, муддати ва тартибини мустақил белгилайдилар.
6-модда
Ташкилотлар (хўжалик юритувчи субъектлар), улар бирлашмалари ўртасида юзага чиқадиган баҳслар Хўжалик фаолиятини амалга оширишга тааллуқли баҳсларни ҳал этиш тартиби тўғрисида Киев шаҳрида 1992 йил 20 мартда имзоланган ҳукуматлараро Битимга мувофиқ ҳал қилинади.
7- модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари ва Россия Федерацияси субъектларининг ўзаро инвестицияларига ҳамда улар ҳудудида барпо этилаётган ва ишлаб турган қўшма ёки хорижий сармояли ташкилотлари мўътадил фаолият олиб бориши учун кулай шароитларни барпо этадилар.
8- модда
Томонлар хўжалик фаолиятининг турли соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилишига, ўз давлатларининг қонунларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари ҳамда Россия Федерациясининг субъектлари ҳудудидаги қўшма ёки хорижий сармояли ташкилотлар тузиш учун қулай шароитлар яратишга кўмаклашадилар.
9-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилмалари ва Россия Федерацияси субъектларининг савдо-иқтисодий ҳамкорликни рўёбга чиқариш ва уни янада кенгайтиришга тааллуқли ишларни мувофиқлаштириш мақсадида ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ бир-бирларининг ҳудудида ушбу маъмурий-ҳудудий тузилмалар ва субъектларнинг ҳисобидан ўз ваколатхоналарини очиш ҳуқуқини эътироф этадилар.
Ваколатхоналар дипломатия мақомига эга бўлмайди, уларга консуллик ёинки дипломатик вазифалар юклатилмайди. Мазкур ваколатхоналар ходимлари дипломатик имтиёзлар ва иммунитетдан фойдаланмайдилар.
10-модда
Томонлар ушбу Битимни бажариш юзасидан ишларни мувофиқлаштиришни Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия зиммасига юклайдилар,
11-модда
1. Томонларнинг ўзаро келишувига биноан ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади ва ушбу Битимнинг 12-моддасида кўзда тутилган тартибда кучга киради.
2. Ушбу Битимни қўллаш ёки талқин этиш борасида юзага чиққан баҳсли масалалар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар ўтказиш орқали ҳал этилади.
12-модда
Ушбу Битим Томонларнинг уни кучга киритиш учун зарур давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома юборилган санадан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим Томонлардан бири унинг фаолиятини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонга хабарнома юборгунича амал қилади. Бу ҳолда Битим фаолияти бундай хабарнома олинган санадан олти ой кейин тўхтатилади.
Ушбу Битим фаолиятининг тўхтатилиши у амал қилаётган даврда амалга оширишга киришилган ва унинг тўхташи вақтига қадар тугалланмаган контрактлар, дастурлар, лойиҳалардан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг адо этилишига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2000 йил 19 майда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида имзоланди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)