Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки давлат халқларининг анъанавий дўстона муносабатларига асосланиб, улар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга катта аҳамият бериб,
1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумий баённомаси ҳамда 1966 йилдаги Фуқаро ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларига амал қилиб,
1975 йилдаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича кенгаш Якунловчи актининг ҳамда ЕХҲТ ахборот ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликка тегишли кейинги ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқиб,
1992 йил 30 майдаги Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида Шартномага, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги бошқа халқаро шартномаларга ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги асосий ҳужжатларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар уларнинг давлатлари халқлари ҳаёти билан танишиш ва бу тўғридаги билимларни чуқурлаштириш мақсадида, миллий қонунлар талабларига мувофиқ, ахборотни кенг ва эркин ўзаро тарқатиш учун қулай шароитлар яратишга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлардан ҳар бири ахборот хизматлари (агентликлари) ва оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ўртасида кенг ва эркин ахборот алмашишга, унинг давлати ҳудудида бошқа Томон давлатида рўйхатдан ўтказилган ва қонуний асосда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари маҳсулотини, бундай маҳсулотни ташкил этувчи маълумот ва материалларни тарқатиш унинг миллий қонунлари талабларига, мазкур Томон халқининг миллий анъаналари, дунёқараши ва ҳаёт тарзига, ижтимоий ва гуманитар қадриятларига зид бўлмаслиги шарти билан, тарқатишга кўмаклашади.
Томонлардан ҳар бири бошқа Томон давлати дипломатик ва ўзга расмий ваколатхоналарининг ахборот ва хабарларини тарқатишга, агар улар унинг миллий қонунлари талабларига зид бўлмаса, тўсқинлик қилмайди.
3-модда
Томонлар ўз давлатлари оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ўртасидаги, шунингдек оммавий ахборот соҳасида ишловчи муассаса ва ташкилотлар ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар ва рағбатлантирадилар, бу ҳамкорликнинг аниқ шарт ва шакллари унинг иштирокчилари томонидан, жумладан алоҳида битимлар тузиш йўли билан, аниқланади.
4-модда
Томонлар профессионал қизиқиш уйғотувчи муаммоларни ўрганиш мақсадида Томонлар давлатлари журналистларининг профессионал уюшмалари ўртасидаги тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали ҳамкорликка, алмашиш, учрашув, семинар, конференциялар ўтказишга кўмаклашадилар. Ҳамкорлик шакллари ва алмашиш шартлари иккала давлат тегишли ташкилотлари ўртасидаги алоҳида битимлар асосида аниқланади.
5-модда
Томонлар бошқа Томон давлати ҳудудида қонуний асосда узатиладиган теле- ва радиодастурлар трансляциясини, иккала давлат журналистлари тайёрлаган материалларни улар тегишли алоқа тизимларини ишлатганларида ўз таҳририятларига беришни ташкил этишга кўмаклашадилар.
Шу мақсадда Томонлар алоҳида битим тузадилар.
6-модда
Томонлар телерадиоэшиттиришлар, нашр қилинадиган оммавий ахборот воситалари соҳасида, ахборот билан боғлиқ бўлган илмий-техникавий тармоқларда мутахассислар алмашишни рағбатлантирадилар.
7-модда
Томонлар оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлашга ўзаро кўмаклашадилар ҳамда бу соҳада ишловчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлари ўртасидаги энг янги коммуникация технологиялари соҳасида иш тажрибаси алмашиш бўйича ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
8-модда
Томонлар тегишли давлат органлари орқали оммавий ахборот воситалари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашишни, шунингдек рўйхатга олиш гувоҳномалари қонун томонидан ўрнатилган тартибда ҳақиқий эмас деб тан олинган даврий нашрлар тўғрисида маълумот алмашишни амалга оширадилар.
9-модда
Томонлар, миллий қонунлар талабларига мувофиқ, ўз давлатлари ҳудудида бошқа Томон давлати халқлари тилларидаги оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг, жумладан уларнинг миллий-маданий ташкилот ва уюшмалари вакиллари бўлганларининг фаолияти учун қулай шароитлар яратадилар.
10-модда
Ушбу Битим қоидалари Томонларнинг улар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро шартнома ва битимлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
Ушбу Битимни татбиқ ёки талқин қилишда юзага келиши мумкин бўлган барча баҳс ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасидаги музокаралар йўли билан ҳал этилади.
11-модда
Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради ҳамда Томонлардан бири бошқа Томоннинг ушбу Битим амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини олган кундан бошлаб олти ой ўтгунига қадар амал қилади.
Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши бажарилиши бошланиб бўлган дастур ва лойиҳаларга таъсир қилмайди, шунингдек унинг асосида тузилган шартнома ва битимлар амал қилишига дахл этмайди.
Москва шаҳрида 1999 йил 19 июнда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)