Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Баённома
Ўзаро маданий марказларни таъсис қилиш ва уларнинг фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати, (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар),
иккала давлат ва халқлар ўртасида ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш истагига амал қилиб,
маданият, фан, таълим ва спорт соҳаларидаги қизғин ҳамкорликка ҳисса қўшишга ва шу тариқа уларнинг бир-бирларини англашларига интилиб,
халқлар орасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилишга йўналтирилган интилишни давом эттириш заруратини эътироф этиб,
Ўзбекистон ва Исроил халқлари орасида бир-бирларининг маданий қадриятлари билан танишишга бўлган ўзаро қизиқишни ҳисобга олиб,
иккала мамлакат ўртасида маданият, таълим ва фан соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида Қуддус шаҳрида 1997 йил 7 апрелда имзоланган Битимга асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасида ва Исроил Давлатида Ўзбек ва Исроил маданий марказлари (бундан кейин «Марказ» деб аталади)ни таъсис қилиш ҳамда эътироф этишга рози.
Томонлар Ўзбекистон ва Исроил шаҳарларида Марказларнинг бўлимлари ва/ёки шуъбаларини очишлари ва бошқаришлари мумкин.
Ушбу Протокол мақсадлари учун «Марказ» атамаси Ўзбек Маркази ва Исроил Маркази ҳамда уларнинг бўлимлари ва/ёки шуъбаларини англатади.
2-модда
Томонлардан ҳар бири Марказларни жойлаштириш ўрнини аниқлаш ва бино қуриш учун иккинчи Томонга кўмаклашади ва у билан ҳамкорлик қилади.
3-модда
Марказларнинг мақсади Ўзбекистон билан Исроил орасида маданият, фан, таълим, спорт, технология, робита (жумладан аудио-визуал робиталар) соҳасида алоқаларни, олий таълим муассасалари орасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек иккала давлатнинг мазкур соҳалардаги қадриятлари ва эришган ютуқлари билан жамоатчиликни таништиришдан иборат.
4-модда
Ўзбек Маркази Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлатидаги Элчихонаси ҳимояти ва раҳбарлигида бўлади. Исроил маркази Исроил Давлатининг Ўзбекистондаги Элчихонаси ҳимояти ва раҳбарлигида бўлади.
5-модда
Марказлар, юборувчи давлатларнинг миллий институти ўлароқ, ушбу Протокол асосида қабул қилувчи давлатда юридик муассаса мақомини оладилар.
Марказлар ўз бўлимлари ва шуъбалари билан биргаликда ушбу Протоколда дарж этилган вазифаларини легал равишда бажаришга вакил этилган.
6-модда
Марказлар қабул қилувчи давлатда вазирликлар, бошқа муассасалар, маҳаллий ҳокимиятлар, жамоат ташкилотлари, компаниялар ва алоҳида шахслар билан ўз фаолияти доирасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши мумкин.
7-модда
Ҳар қайси Томон Марказлар фаолиятининг лозим даражада амалга оширилиши учун керакли шарт-шароитларни муҳайё этишга ҳаракат қилади, зарур бўлган ҳолларда Марказлар ходимлари ва турар жой бинолари ҳамда унга тегишли ҳудуднинг хавфсизлиги ва бешикастлигини таъминлаш чораларини кўради.
8-модда
Шу билан бирга, Марказлар фаолияти доирасига қуйидагилар киради:
иккала давлатда маданий, таълимга оид, ёшлар учун, спорт тадбирларини, илмий ва технологик фаолиятни ташкил қилиш;
томошалар, концерт ва кўргазмалар ташкил қилиш;
фильмлар ва бошқа аудио-визуал материаллар тақдимини ўтказиш;
олимлар, лекторлар, рассомлар, ёшлар ва спортчилар билан учрашувлар ўтказиш, уларни алмашлаш;
иккала давлатнинг маданий ҳаёти, илмий ҳамда технологик ютуқлари тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш;
кутубхоналар очиш ва уларни китоблар, газеталар, журналлар, фильмлар, дискетлар, кассеталар, слайдлар билан ҳамда ёзма, аудиовизуал ва электрон тарздаги бошқа материаллар билан таъминлаш;
янгиликлар дастури, каталоглар ва маърифий ҳамда илмий тусдаги бошқа ҳужжатларни эълон қилиш ва тарқатиш;
тил ўргатиш ва иккала халқнинг маданий, интеллектуал ҳамда ижтимоий ҳаёти билан таништириш, шунингдек таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш;
хорижий талабалар ва мактаб ўқувчиларига таълим бериш дастурини бажаришда ҳамкорлик қилиш; алмашиш бўйича таълимий дастурлар учун номзодларни суҳбатдан ўтказиш ҳамда расмийлаштириш; шундай дастурлар бўйича ахборот тарқатиш;
Ўзбекистон Республикаси ва Исроил Давлатининг турли таълимий ва илмий муассасалари ҳамда ноҳукумат ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишига кўмаклашиш;
олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқалар тараққиётини ва дорилфунун даражасининг турли босқичларида алмашишни қўллаб-қувватлаш, сиртқи дастурлар ҳам шунга киради;
қабул қилувчи давлатнинг ўқув юртлари бўлимларида юборувчи давлатнинг маданияти ва анъаналарини ўрганиш иштиёқини қўллаб-қувватлаш;
исроил-яҳудий ва ўзбек таълимидан педагогик дастурлар таъсис этиш ҳамда амалга оширишда ҳамкорлик қилиш;
Томонлар ушбу Протокол мақсадларини амалга оширишга йўналтирилган яна бошқа хил фаолият турлари билан ҳам шуғулланишлари мумкин.
9-модда
Марказлар фаолияти, шунингдек бошқа мувофиқ маданий ва таълимий идораларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
10-модда
Томонлар қабул қилувчи давлатнинг мавжуд мактаблари базасида «Мактаб куни» ёки «Якшанба мактаби» мавзуидаги таълимий дастурни амалга оширадилар, бунда қабул қилувчи давлатда юборувчи давлат тили, тарихи ва анъаналаридан таълим бериш ҳам кўзда тутилади.
Ҳар бир Томон ўзининг мазкур дастурини маблағ билан таъминлайди.
11-модда
Томонлар жамоатчиликнинг Марказлар фаолиятида иштирок этишига тўсиқлар бўлмаслигини кафолатлайдилар. Марказлар қабул қилувчи давлатнинг қонунларига мувофиқ ўз фаолиятидан жамоатчиликни хабардор қилиш учун барча зарур воситалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.
12-модда
Марказларнинг фаолияти ушбу Протокол қоидаларига ҳамда халқаро ҳуқуққа, шунингдек Томонларнинг миллий қонунларига мувофиқ равишда амалга оширилади.
13-модда
Марказларнинг фаолияти молиявий даромад олиш мақсадида амалга оширилиши мумкин эмас. Қабул қилувчи давлатнинг ички қонунлари ва қоидаларига биноан Марказлар нотижорий ташкилот ҳисобланади.
Айни пайтда ўз харажатларини қисман қоплаш учун, ушбу Протокол мақсадини амалга ошириш учун ва ушбу Протокол ҳамда қабул қилувчи давлат қонунларига мувофиқ равишда Марказлар қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар:
Марказлар ташкил қилган тадбирларда иштирок этганлик учун, курслар расмийлаштирганлиги ҳамда шу каби фаолият учун тўловлар олиш;
ўз фаолият йўналишига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган каталоглар, плакатлар, китоб, газета, журнал, дисклар, кассета, слайдлар ва ёзма ёки аудио-визуал ёхуд электрон тарздаги бошқа материалларни сотиш; бунда шу хилдаги материаллари сотиш тижорат фаолияти тусини олмаслиги керак.
14-модда
Марказлар ҳамда уларнинг ходимларини солиққа тортиш қабул қилувчи давлатнинг қонунларига биноан белгиланади, бунда иккала мамлакат ўртасида иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш тўғрисидаги Конвенция эътиборга олинади.
15-модда
Марказларнинг хизматчилари юборувчи давлатда доимий яшовчи фуқаролардан ташкил топади.
Қабул қилувчи давлат мазкур хизматчиларни юборувчи давлатнинг давлат хизматчилари сифатида қабул қилади.
Марказларнинг директорлари юборувчи давлатнинг дипломатик корпуси аъзоларидан ҳисобланади.
Томонлар Марказ хизматчиларини ишга қабул қилиш, шунингдек улар иш фаолиятининг бошланиши ва тугаши тўғрисида бир-бирини хабардор қиладилар.
Марказлар қабул қилувчи давлатнинг фуқаролари бўлган маҳаллий кадрларни ҳам ишга қабул қилиши мумкин.
16-модда
Томонлардан ҳар бири ўзаро асосда унинг ҳудудига Марказларнинг ушбу Протоколга мувофиқ ишлатиши учун импорт қилинган, аммо сотиб фойда олиш учун мўлжалланмаган қуйидаги товарлар, ускуна ва материалларни божхона расмийлаштириши харажатларидан ташқари барча бож ва импорт учун бошқа солиқлар ҳамда шунга монанд тўловлардан озод қилади:
Марказларнинг доимий ишлаб туриши учун зарур бўлган товарлар, ускуна ва материаллар, бунга автоуловлар ҳам киради;
Марказларнинг фаолиятига боғлиқ бўлган, ушбу Протоколнинг 8-моддасига мувофиқ равишда олиб кириладиган каталоглар, плакат, буклет, китоб, журнал, дисклар, таълимий, ўқув ва аудио-визуал материаллар;
Марказларда ва унинг фаолияти доирасида яна бошқа жойларда кўрсатиладиган фильмлар.
17-модда
Томонлардан ҳар бири ўзаро асосда бошқа Томоннинг Маркази хизматчисига шахсан фойдаланадиган ва кундалик ҳаётда ишлатадиган буюмларини, жумладан ўз вазифаларини адо этиши учун зарур бўлган ҳамда шахсий мақсадларида фойдаланадиган автоулов воситаларини импорт қилишда божхона расмийлаштириши харажатларидан ташқари божлар ва бошқа солиқлар ҳамда импорт учун тўловлардан озод қилади.
Бу имтиёзлар хизматчининг Марказда ишлаган давридагина амал қилади.
Юқорида дарж этилган имтиёзлар Марказларнинг қабул қилувчи давлатда ушбу Протоколга мувофиқ ўз вазифаларини бажариш мақсадида яшаб турган ходимларига нисбатангина қўлланади.
18-модда
Зарур бўлганда Томонларнинг божхона маъмурлари ушбу Протоколнинг божхона масалалари юзасидан қоидаларини батартиб қўллашни таъминлаш учун ўзаро мақбул процедураларни белгилашлари мумкин.
19-модда
16- ва 17-моддаларга мувофиқ импорт қилинган ҳамда имтиёзли равишда етказиб берилган барча товарлар қуйидаги процедураларга асос бўлади:
1. Томонлар Марказлар ва уларнинг ходимларига қабул қилувчи давлатнинг миллий қонунларига мувофиқ равишда унинг ҳудудидан шундай товарларни ҳар қандай чеклашларсиз олиб чиқишга йўл қўядилар, бунга автоулов воситалари ҳам киради.
2. Имтиёз билан киритилган, аммо белгиланган мақсади йўлида қўлланмаётган товарлар, жумладан автоулов воситалари дарҳол қабул қилувчи давлат ҳудудидан олиб чиқилиши ёки сотилиши ёхуд қабул қилувчи давлатнинг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ бошқа йўсинда ишлатилиши керак. Бу ҳолда қабул қилувчи давлат ўз давлати ҳудудидан бундай товарлар, жумладан автоулов воситаларини ҳар қандай чеклашларсиз ҳамда қабул қилувчи давлатнинг миллий қонунларига мувофиқ равишда олиб чиқилишига йўл қўйиб бериши керак.
20-модда
Юбораётган давлатнинг меҳнат қонунлари ва ижтимоий муҳофаза тизими Марказларнинг юборувчи давлатнинг фуқаролари бўлган ва қабул қилувчи давлатда вақтинча яшаётган хизматчилари ҳамда у билан бирга яшаётган оила аъзоларига қўлланади.
Исроил миллий суғурта институти фаолияти доирасига кирадиган масалалар Институт билан Ўзбекистон Республикасининг ваколатли маъмурлари ўртасида тузиладиган алоҳида битим орқали тартибга солинади.
21-модда
Ҳар бир Томон ўзаро асосда ўз қонунлари ва қоидаларига мувофиқ равишда юборувчи давлатнинг хизматчисига ва ишга тайинланган маҳалида у билан бирга яшаб турган оила аъзоларига визалар бериш, ишлашга ва яшаб туришга рухсат этилишини кафолатлайди. Қабул қилувчи давлатнинг Ташқи ишлар вазирлиги визалар беради ва уларнинг берилишини осонлаштиради ҳамда ушбу модданинг бажарилиши учун рухсат олинишига кўмаклашади.
22-модда
Лозим бўлган ҳолларда ушбу Протоколни талқин қилиш ва қўллашга доир масалалар дипломатик каналлар орқали ҳал этилади
23-модда
Ушбу Протокол қоидалари Томонларнинг ўзаро розилиги билан Протоколни кучга киритиш процедурасига мувофиқ равишда ўзгартирилиши ва тўлдирилиши мумкин.
24-модда
Ушбу Протокол Томонлар уни кучга киритиш учун ўз ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисида хабар қилувчи ноталар алмашинганидан сўнг мазкур процедуралар бажариб бўлинганлиги тўғрисида охирги дипломатик нота санасидан бошлаб кучга киради.
Протокол беш йил амал қилади. Шундан сўнг Томонлардан ҳеч қайсиси иккинчи Томонни тегишли муддат тугашидан камида олти ой илгари ушбу Протокол фаолиятини тўхтатиш истаги тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, ўз-ўзидан ҳар гал кейинги беш йиллик муддатларга узаяди.
Ушбу Протокол фаолияти тўхтатилса, унинг Протоколга мувофиқ қабул қилинган, аммо фаолияти тўхтатилган вақтда якунланмаган амалдаги дастурлар, битимлар, лойиҳалар ва бошқа ишларга оид қоидалари улар тўла бажариб бўлгунича ёки мазкур фаолият амалга ошириб бўлингунча ўз кучини сақлаб қолади.
Қуддус шаҳрида 1998 йил 15 сентябрда, бу 5758 йилнинг 24 Элулига тўғри келади, икки нусхада, ўзбек, иврит ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда ҳар хилликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устун ҳисобланади.
(имзолар)