Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва
Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданият, фан ва маориф соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида
Қуйида Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати,
маданият, фан ва маориф соҳаларидаги ҳамкорлик ўз халқлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни оширишга ва икки мамлакат орасидаги ўзаро манфаатли муносабатларнинг ривожланишига имкон яратишга ишонч билдирган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1- модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг ваколатли институт ёки ташкилотлари ўртасида маданият, санъат, фан, маориф, оммавий ахборот воситалари, кино, ёшлар тадбирлари ва спорт соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб- қувватлайдилар ва рағбатлантирадилар.
2- модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг илмий уюшмалари, тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қуйидагиларга имкон яратадилар:
1. Конференция, симпозиум, семинарларда иштирок этиш учун тадқиқотчилар, олимлар, ўқув юртлари талабалари, экспертлар билан ўзаро манфаатдорлик асосида қўшма тадқиқот лойиҳалари билан алмашиш.
2. Илмий ва академик адабиётлар, ўқув қўлланмалари, вақтли матбуот, илмий техника ва таълим кинотасмалари ҳамда маориф ва фан мақсадларидаги бошқа материаллар билан алмашиш.
3- модда
Аҳдлашувчи Томонлар тасвирий санъат, мусиқа, театр, адабиёт, кино, нашр қилиш, маданий ёдгорликлар, миллий музей ва миллий кутубхоналар соҳаларидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
4- модда
Аҳдлашувчи Томонлар ахборот агентликлари, радио, телевидение муассасалари билан бевосита ҳамкорлик қилишни қўллаб-қувватлайдилар.
5- модда
Аҳдлашувчи Томонлар спорт ва ёшлар тадбирлари, шунингдек ёшлар ва спорт таълимотида бевосита ҳамкорлик қилишни рағбатлантирадилар.
6- модда
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорликнинг барча шакллари Аҳдлашувчи Томонларнинг тегишли қонун ва қоидаларига мувофиқ ҳолда бўлади. Иккала Томон ушбу Битимнинг мақсад ва шартларини, шу жумладан айирбошлаш ва ҳамкорликни тўлиқ амалга оширишни қулай шароит билан таъминлаш учун ўзларининг барча куч-ғайратларини сафарбар қиладилар.
7- модда
Ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида ҳар уч йилда навбатма-навбат Ўзбекистон Республикасида ва Исроил Давлатида мажлислар ўтказадиган Қўшма Комиссия тузилади. Бундай мажлисларни ўтказиш вақти дипломатик каналлар орқали келишиб олинади. Қўшма Комиссиянинг вазифаси ишчи дастурларни тайёрлаш, ушбу Битим шартларини бажаришдаги тафсилотларни аниқлаш, уни амалга ошириш хусусида кенгашиш ва Битим назарда тутган айирбошлашларни кучда қолишининг моддий ва маъмурий шартларини аниқлаш бўлади.
8- модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимга биноан маданият, фан ва маориф соҳаларидаги иккала мамлакатнинг бошқа манфаатдор институтлар, ташкилотлар ёки шахслар ўртасидаги бевосита ҳамкорликни рағбатлантирадилар.
9-модда
Ушбу Битим ҳар бир мамлакатнинг қонунчилигига мувофиқ Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни тасдиқловчи ноталар ҳақида бир-бирларини хабардор қилган куннинг эртасидан бошлаб кучга киради.
Битим беш йиллик муддатга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонларнинг бири ушбу Битимнинг ҳақиқийлигини тугатиш ҳақидаги ниятини ёзма равишда дипломатик каналлар орқали тегишли муддатнинг тугашидан камида олти ой илгари бошқа Томонга маълум қилмагунгача унинг ҳақиқийлиги автоматик равишда қўшимча беш йиллик муддатга узайтирилади.
Иерусалим шаҳрида 1997 йил 7 апрелда, 5757 йилга мувофиқ, икки нусхада, ўзбек, иврит ва инглиз тилларида тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга. Матнларни изоҳ қилишда тафовут бўлган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)