ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ВА РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДАГИ
Битим
РЕАДМИССИЯ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати — бундан кейин Томонлар деб аталувчи,
иккала давлат ўртасидаги тотувлик, ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш учун, шунингдек турли хил соҳаларда, жумладан ноқонуний миграция ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш учун,
Томонлар ўртасида хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириб келиши ва истиқомат қилиши тўғрисидаги амалдаги қоидаларни бузган ҳолда уларнинг давлатлари ҳудудида бўлган шахсларни қайтариш, қабул қилиш ва ўтказиш тартибларини белгиловчи келишилган принциплар ва нормалар миграция жараёнларини тартибга солишнинг муҳим таркибий қисми, ноқонуний миграция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишга қўшиладиган ҳисса эканлигини билган ҳолда,
Ҳар иккала Томон давлатларининг суверен ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳудудига ёки у орқали хорижий фуқароларнинг ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ноқонуний миграция қилиниши юзасидан жавобгарлигини белгиловчи миллий қонунчилигига мувофиқ,
Томонлар давлатларининг миграция соҳасида ўз миллий қонунчиликларини уйғунлаштиришда вужудга келаётган манфаатларини эътиборга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда. Таърифлар
Мазкур шартномада қуйида келтирилган таърифлар қуйидаги маъноларга эга:
а) «реадмиссия» — Битимда белгиланган тартибда, шартлар ва мақсадларга кўра сўралаётган Томон ҳудудида амалда бўлган хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши ва бўлиши масалалари тўғрисидаги қоидаларни бузган ҳолда сўраётган Томоннинг ваколатли давлат органлари томонидан сўралаётган Томон давлатининг ҳудудига кирган ёки у ерда бўлган шахсларни сўралаётган Томоннинг ваколатли давлат органлари томонидан топшириш ва сўраётган Томоннинг давлат органлари томонидан қабул қилиб олиш;
б) «сўраётган Томон» — шахсни реадмиссия ёки транзит қилиш тўғрисида сўров юбораётган Томон;
в) «сўралаётган Томон» — шахсни реадмиссия ёки транзит қилиш тўғрисида сўров қабул қилган Томон;
г) «учинчи давлатларнинг фуқаролари» — Томонлар давлатларининг фуқаролигига эга бўлмаган ва мазкур Битимда иштирок этмаётган давлатнинг фуқаролигига тааллуқли бўлган шахслар;
д) «фуқаролиги бўлмаган шахслар» — Томонлар давлатларининг фуқаролари бўлмаган ва учинчи давлатнинг фуқаролигига тааллуқли эканлигини тасдиқловчи далилга эга бўлмаган шахслар, мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-бандидаги ҳолатлар қўлланилаётган, бошқа Томон давлати ҳудудига киргандан сўнг бир Томон давлати фуқаролигини йўқотган шахслар бундан мустасно;
е) «ваколатли органлар» — мазкур Битимнинг бажарилишида жавобгар бўлган Томонлар давлатларининг органлари;
ж) «Ижроия баённомаси» — мазкур Битимни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Баённома.
2-модда. Томонлар давлатлари фуқароларини реадмиссия қилиш
1. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўровномасига мувофиқ ўз ҳудудида амалда бўлган хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириб келиши ва бўлиши масалалари тўғрисидаги қоидаларни бузган ҳолда кириб келган шахсларни қабул қилади, агар сўралаётган Томон давлатининг фуқароси эканлиги аниқланган бўлса ёки сўраётган Томон давлати ҳудудига киргандан кейин ўз фуқаролигини йўқотган бўлса ва бошқа давлатнинг фуқаролигини олмаган бўлса, ёки бундай шахсларга нисбатан сўраётган Томон давлатининг фуқаролигини беришни рад этиш тўғрисида суд қарори қабул қилингани аниқланган бўлса.
2. Зарурат туғилганда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари ўтказилаётган шахсларга сўралаётган Томон давлати ҳудудига уларнинг киришлари учун зарур бўлган ҳужжатларни беради.
3. Ҳар бир Томон давлатининг фуқаролигига эга эканлигини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ҳужжатлар рўйхати Ижроия баённомасида келтирилади. Томонлар Ижроия баённомани имзолаган кундан бошлаб 30 кун ичида дипломатик йўллар орқали бундай ҳужжатлар намуналарини алмашадилар. Кейинчалик ҳар бир Томон дарҳол бошқа Томонни дипломатик йўллар орқали юқорида кўрсатилган ҳужжатлар намуналарига киритилган ҳар қандай ўзгартиш тўғрисида хабардор қилади.
4. Сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари ўзларига ўтказилган шахсларни ўтказилгандан кейин 30 кун ичида қабул қилиб оладилар, агарда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари томонидан мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган қабул қилиш ва ўтказиш шароитлари мавжуд эмаслиги аниқланса. Бундай ҳолда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўраётган Томон давлатининг ваколатли органларига ушбу шахсга тааллуқли тасарруфида мавжуд бўлган материалларни берадилар.
3-модда. Учинчи давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни реадмиссия қилиш
1. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўрови билан сўралаётган Томон давлати ҳудудига шу давлат қонунчилигини бузган ҳолда келган ёки бўлган учинчи давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қабул қилади, агарда сўралаётган Томон давлатининг ҳудудига ушбу шахслар сўраётган Томон давлатининг ҳудудидан кириб келганлиги аниқланса, ушбу шахсларни қабул қилиб олади.
2. Агар учинчи давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмасалар ва ўз давлатининг ваколатли органи томонидан фуқаролиги тўғрисида ёки турар жойи тўғрисидаги ҳужжатни беришнинг имкони мавжуд бўлмаса, сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари ўз давлатининг ҳудудига ушбу шахслар киришлари учун ҳужжат беради.
3. Агар сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари томонидан олиб борилган текширув натижасида ушбу шахсларни ўтказиш ва қабул қилиб олиш учун мазкур модданинг 1-бандида келтирилган ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги аниқланса, сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари ўзлари юборган шахсни юборилган кундан бошлаб 30 кун ичида қайтариб қабул қилиб оладилар. Бундай ҳолда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари ўзларида мавжуд бўлган ва ушбу шахсга тааллуқли бўлган ҳужжатларни сўраётган Томон давлатининг ваколатли органларига берадилар.
4. Мазкур модданинг қоидалари қуйидагиларга қўлланилмайди:
сўраётган Томон давлатининг ҳудудига қонуний тарзда кириб келиш пайтида ушбу давлатнинг ваколатли органлари томонидан берилган ҳақиқий виза, вақтинчалик ёки доимий яшаш учун рухсатномага эга бўлган шахсларга;
сўраётган Томон давлатининг ҳудудига халқаро шартномаларга мувофиқ қонуний тарзда визасиз тартибда кириб келган шахсларга;
виза, вақтинчалик ёки доимий яшаш учун рухсатномалар сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари тарафидан ушбу давлатнинг ҳудудига кириб келганидан кейин берилган шахсларга.
4-модда. Реадмиссия тўғрисидаги сўровномаларни юбориш ва кўриб чиқиш муддатлари
1. Шахсни реадмиссия қилиш тўғрисидаги сўровнома ушбу шахснинг сўраётган Томон давлатининг ҳудудига ноқонуний тарзда кириб келганлиги ёки ноқонуний бўлганлигини аниқланган кундан кейин ва (ёки) унинг шахси аниқланганидан кейин 10 иш куни ичида юборилади.
2. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органларини шахсни реадмиссия қилиш тўғрисидаги сўровномани қабул қилган санадан бошлаб 30 кун ичида ушбу шахсни қабул қилиб олишга розилик беради ёки, агарда сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари томонидан мазкур Битимнинг 2-моддаси 1-банди ва 3-моддаси 1-бандида кўрсатилган шахсни ўтказиш тўғрисидаги шартларнинг мавжуд эмаслиги аниқланса, шахсни қабул қилишни асосли равишда рад этиши мумкин. Шахсни реадмиссия қилиш тўғрисидаги сўровномага ўз вақтида жавоб беришга тўсқинлик қилувчи юридик ёки далилий аҳамиятга эга ҳолатлар мавжуд бўлса, жавоб бериш муддати сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган, мурожаатномаси асосида 60 кунгача узайтирилиши мумкин.
3. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари, агарда сўраётган Томон давлатининг чегарасини кесиб ўтиш пайтидан бошлаб ёки сўраётган Томон давлатининг ҳудудига ноқонуний тарзда кириб келганлик ҳолатини аниқлаш пайтидан бошлаб 6 ойдан ортиқ вақт ўтганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлса, мазкур Битимнинг 3-моддасида кўрсатилган шахсни реадмиссия қилиш тўғрисидаги сўровномани рад этиши мумкин.
5-модда. Реадмиссия қилиш муддатлари
1. Агар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ҳар бир муайян ҳолатда бошқача тарзда келишмаган бўлсалар, сўралаётган Томон тарафидан реадмиссия қилишга розилик билдирилган шахсни ўтказиш сўраётган Томондан бундай розиликни қабул қилиб олинган кундан бошлаб 30 кун ичида амалга оширилади.
2. Мазкур модданинг 1-бандида келтирилган муддат, агар унда кўрсатилган шахс сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органларига уни ўтказишга жиддий тўсқинлик қиладиган, жумладан ўтказилаётган шахснинг оғир касаллиги, сўраётган Томон давлатининг ҳудудида унинг турар жойини ўз вақтида аниқлаш имкониятлари йўқлиги каби ҳолатларнинг мавжудлиги сабабли узайтирилиши мумкин
6-модда. Транзит
1. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўровномасига мувофиқ, агар сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари ушбу шахсларга учинчи давлат ҳудудига киришга, бундай давлат транзит давлати ёки охирги етиб бориш давлати бўлишидан қатъи назар, рухсат этишни кафолатласалар, учинчи давлат фуқароларига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга сўралаётган Томон давлатининг ҳудуди орқали транзит ўтиб кетишига йўл қўяди.
2. Агар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари бирон бир муайян ҳолда бошқача тартибни келишмаган бўлсалар, мазкур моддага мувофиқ шахсни транзит қилиш тўғрисидаги сўровнома сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари томонидан, бундай шахснинг сўралаётган Томон давлатининг ҳудудига транзит мақсадида кириб келиши мўлжалланган кундан олдин мақсадга мувофиқ вақтда, лекин камида 10 кун олдин жўнатилади.
3. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари шахсни транзит қилиш тўғрисидаги сўровномани олган санадан бошлаб 5 иш куни мобайнида транзитга рухсат беради ёки транзитни амалга оширишни асосли рад этади, агар уларнинг фикрига кўра бундай шахснинг ушбу давлат ҳудудида бўлиши номақбуллиги, шу жумладан миллий хавфсизлик ёки жамоат тартибини сақлаш мақсадларига мувофиқ келмайди деб ҳисобласалар, транзитни амалга оширишни асосли равишда рад этишлари мумкин.
4. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахсларга зарурат туғилганда бепул транзит визаларини берадилар ва сўраётган Томон давлатининг ваколатли органларининг илтимосига биноан транзитни амалга оширишда зарур кўмакни кўрсатадилар.
5. Агар мазкур модданинг 1-бандида келтирилган шахсларнинг сўралаётган Томон давлатининг ҳудудида бўлиши давлат чегараси орқали кириш пункти транзит ҳудудидан ташқарига чиқиши зарурати билан боғлиқ бўлса, сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари сўровномаси билан қўшимча ҳимоя билан таъминлайди ва зарурат туғилганда бундай шахсларни вақтинчалик сақлаш учун бино билан таъминлайдилар.
6. Сўралаётган Томон давлатининг ваколатли органлари, транзит ўтиш учун рухсат бўлишига қарамасдан, агар сўраётган Томон давлатининг ҳудудига улар кириб келганидан кейин уларга нисбатан мазкур модданинг 3-бандида келтирилган ҳолатлар аниқланса, шунингдек бошқа транзит давлати ёки охирги етиб бориш давлати ҳудудига бевосита кириб бориш кафолатланмаган бўлса, мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган шахсларни сўраётган Томон давлатининг ваколатли органларига қайтариб юбориши мумкин.
7. Томонлар ўзаролик асосида учинчи давлатлар фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни транзит қилиш ҳолатларини, хусусан бевосита фуқаролиги бўлган давлатлари ёки доимий яшаб турган давлатларга қайтарилиши мумкин бўлган ҳолатларни чеклашга интиладилар.
8. Томонлар учинчи давлатлар фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни имкон қадар ҳаво транспорти орқали транзит қилишга ҳаракат қиладилар.
9. Учинчи давлатлар фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни сўраётган Томон давлатининг ваколатли органлари кузатуви остида транзит қилишнинг мазкур моддага мувофиқ тартиби ва шартлари зарурат туғилганда Томонлар ўртасида алоҳида баённома билан белгиланади.
7-модда. Сўровнома матни
Шахсларни реадмиссия ёки транзит қилиш тўғрисидаги сўровнома матни ва уни тақдим этиш тартиби Ижроия баённомасида белгиланади.
8-модда. Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш
Ваколатли органлар томонидан мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш жараёнида алмашиладиган шахсий маълумотлар фақат мазкур Битимнинг мақсадлари учун фойдаланилади. Шахсий маълумотлар фақат ваколатли органларга берилади. Ваколатли органлар ҳар бир Томон давлати қонунчилигига ва иккала давлат иштирок этувчи халқаро шартномаларга мувофиқ мазкур Битим асосида олинган шахсий маълумотларни ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Томонлар олинган шахсий маълумотларнинг махфийлигини таъминлайдилар ва мазкур маълумотлар тегишли бўлган Томоннинг ёзма равишда олдиндан берган розилигисиз учинчи томонларга бермайдилар. Томонлар, шунингдек шахсий маълумотларни йўқолиб қолиши, рухсатсиз танишиб чиқиш, ўзгартиш ёки тарқатиш каби ҳолатлардан ҳимоя қилишни таъминлайдилар.
9-модда. Шахсларнинг қайтиши юзасидан харажатлар
1. Мазкур Битимнинг 2 ва 3-моддаларида кўрсатилган шахсларни сўралаётган Томон давлатининг келишилган давлат чегарасининг ўтиш пунктигача кузатиш ва қайтариш юзасидан харажатлар сўраётган Томон тарафидан қопланади.
2. Мазкур Битимнинг 6-моддаси 1-бандида кўрсатилган шахсларни топшириш, кузатиш ва транзит қилиш, шунингдек уларнинг қайтарилиши эҳтимоли билан боғлиқ харажатлар сўраётган Томон тарафидан қопланади.
10-модда. Ваколатли органлар
1. Мазкур Битим кучга кирган санадан бошлаб 30 кун ичида Томонлар бир бирларига дипломатик йўллар орқали ўзларининг ваколатли органлари ва уларнинг вазифалари тўғрисида маълум қиладилар.
2. Томонлар бир-бирларига дипломатик йўллар орқали ўз ваколатли органлари номларига ва вазифаларига киритилган ўзгартишлар тўғрисида ўз вақтида хабар берадилар.
3. Мазкур Битимнинг қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича ваколатли органлар бевосита ҳамкорликда иш юритадилар.
11-модда. Мазкур Битим ҳаракатини тўхтатиб қўйиш
1. Ҳар бир Томон жамоат тартибини таъминлаш, аҳолининг саломатлигини сақлаш ва миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш билан боғлиқ сабабларига кўра бошқа Томон билан маслаҳатлашгандан кейин мазкур Битимни қисман ёки тўлиқ тарзда тўхтатиши мумкин.
2. Мазкур Битимни тўхтатиш ёки қайта кучга кириши тўғрисида бошқа Томон дипломатик йўллар орқали бундай қарорнинг ижроси таъминланишидан камида 72 соат олдин ёзма равишда маълум қилади.
12-модда. Бошқа халқаро шартномаларнинг амал қилиши
Мазкур Битим Томонларнинг давлатлари иштирок этаётган бошқа халқаро шартномалар юзасидан келиб чиқувчи Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда. Якуний қоидалар
1. Мазкур Битим, унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедуралари бажарилганлиги тўғрисидаги Томонларнинг сўнгги ёзма хабарномалари олинган санадан бошлаб 30 кунлик муддат ўгганидан кейин қонуний кучга киради.
2. Томонлар ўзаро келишган ҳолда, Битимга мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган тартибда кучга кирадиган қўшимча ва ўзгартишлар киритишлари мумкин.
3. Мазкур Битимнинг қоидаларини талқин этиш ва қўллашда Томонлар ўртасида келиб чиқадиган баҳсли масалалар, маслаҳат ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
4. Мазкур Битим белгиланмаган муддатга тузилади ва унинг амал қилиш муддати бир Томоннинг дипломатик йўллар орқали мазкур Битимни бекор қилиш истаги тўғрисидаги ёзма равишдаги хабарномаси олинган санадан бошлаб 60 кун ўтганидан кейин тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 4 июлда ўзбек ва рус тилларида иккита нусхада тузилди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 3-4-сон)