Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Конвенция
ИККИЁҚЛАМА СОЛИҚҚА ТОРТИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАМДА ДАРОМАД ВА САРМОЯ СОЛИҚЛАРИНИ ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТИШНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати,
иккала мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенция тузиш истагини билдириб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I боб. Конвенциянинг қўллаш доираси
1-модда
Шахсларга нисбатан қўллаш
Шахсларга нисбатан қўллаш
Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири ёки ҳар иккисининг резиденти бўлган шахсларга нисбатан қўлланади.
2-модда
Татбиқ этиладиган солиқлар
Татбиқ этиладиган солиқлар
1. Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатлар номидан ёки уларнинг маҳаллий ҳокимият органлapи номидан олинаётган даромад ва сармоя солиқларига нисбатан, уларни ундириш услубидан қатъи назар, татбиқ этилади.
2. Даромад ва сармоя солиқларига умумий даромаддан, умумий сармоядан ёки даромад ёки сармоянинг бир қисмидан олинадиган барча солиқлар, шу жумладан, кўчар ва кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олинган даромадлаpдан, ҳамда корхоналар томонидан тўланадиган иш ҳақи ёки маошнинг умумий миқдоридан олинадиган солиқлар, шунингдек, сармоя қийматининг ошишидан ундириладиган солиқлар киради.
3. Ушбу Конвенция қўлланадиган амалдаги солиқлар, жумладан қуйидагилардир:
(а) Ўзбекистон Республикасига нисбатан:
1-юридик шахсларнинг фойдасидан (даромадидан) олинадиган солиқ;
2-жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқ; ва
3-мол-мулк солиғи;
улар манбадан ундириш йўли билан ёки бошқача йўл билан олинишидан қатъи назар
(бундан кейин «Ўзбекистон солиқлари» деб аталади).
(b) Италия Республикасига нисбатан:
1-жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
2-даромаддан олинадиган корпоратив солиқ;
улар манбадан ундириш йўли билан ёки бошқача йўл билан олинишидан қатъи назар,
(бундан кейин «Италия солиқлари» деб аталади).
4. Ушбу Конвенция имзоланган санадан сўнг мавжуд солиқларга қўшимча ёки улар ўрнига киритилган ҳар қандай ўхшаш ёки моҳияти жиҳатидан бир хил солиқларга нисбатан ҳам қўлланади. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари ўзларининг тегишли солиқ қонунларида бўлган ҳар қандай муҳим ўзгаpишлар ҳақида бир-бирларига хабар берадилар.
II боб. Таърифлар
3-модда
Умумий таърифлар
Умумий таърифлар
1. Ушбу Конвенцияда, агар матн мазмунидан бошқача маъно чиқмаса:
(а) «Ўзбекистон» атамаси Ўзбекистон Республикасини билдиради ва географик маънода ишлатилганда унинг ҳудудини, ҳудудий сувларини ва осмон кенгликларини ўз ичига олади, ана шу ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, ўзининг суверен ҳуқуқларини ва юрисдикциясини, шу жумладан ер ости бойликларидан ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширади;
(b) «Италия» атамаси Италия Республикасини англатади ва Италия қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуққа биноан Италия ҳудудий сувларидан ташқаридаги табиий ресурслар, денгиз туби, ер ости ва ер усти сувларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқишга бўлган суверен ҳуқуқларини амалга оширадиган ҳар қандай зонани ўз ичига олади;
(с) «Аҳдлашувчи Давлат» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат» атамалари матнга боғлиқ равишда Ўзбекистонни ёки Италияни билдиради;
(d) «шахс» атамаси жисмоний шахсни, компанияни ва шахсларнинг ҳар қандай бошқа бирлашмасини англатади;
(e) «компания» атамаси солиққа тортиш мақсадида корпоратив бирлашма сифатида қараладиган ҳар қандай корпоратив бирлашмани ёки ҳар қандай ташкилотни англатади;
(f) «Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси» атамалари тегишлича Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқарувида ишлаб турган корхонани ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бошқарувида ишлаб турган корхонани англатади;
(g) «халқаро ташиш» атамаси Аҳдлашувчи Давлат корхонаси томонидан фойдаланиладиган денгиз ёки ҳаво кемасида ҳар қандай ташишни англатади, қачонки, денгиз ёки ҳаво кемасининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган пунктлар ўртасида фойдаланилиши ҳоллари бундан мустасно;
(h) «фуқаролар» атамаси:
(i) Аҳдлашувчи Давлат фуқаролигига эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахсни;
(ii) Аҳдлашувчи Давлатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ ўз мақомини олган барча юридик шахсларни, шериклик ва ассоциацияларни англатади;
(i) «ваколатли идора» атамаси:
(i) Ўзбекистонга нисбатан — Давлат солиқ қўмитасини,
(ii) Италияга нисбатан — Молия вазирлигини англатади.
2. Ушбу Конвенцияни Аҳдлашувчи Давлат қўллаганида, агар матндан бошқа маъно келиб чиқмаса, унда белгиланмаган ҳар қандай атама, агар матн мазмунидан ўзгача маъно келиб чиқмаса, ушбу Конвенция татбиқ этиладиган солиқларга нисбатан мазкур Давлат қонунларида қўлланган маънони англатади.
4-модда
Резидент
Резидент
1. Ушбу Конвенция мақсадлари учун «Аҳдлашувчи Давлат резиденти» атамаси шу Давлат қонунлари бўйича ўзининг яшаш жойи, доимий бўлиб туриш жойи, бошқарув жойи ёки шунга ўхшаш ҳар қандай бошқа мезонлар асосида солиққа тортиладиган ҳар қандай шахсни англатади. Бироқ бу атама ушбу Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган манбалардан ёки сармоядан даромад олаётгани учунгина ушбу Давлатда солиққа тортиладиган ҳар қандай шахсни ўз ичига олмайди.
2. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ жисмоний шахс ҳар икки Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, унинг мақоми қуйидаги тарзда белгиланади:
(а) у тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий яшаш жойи жойлашган Давлатнинггина резиденти ҳисобланади. Агар у ҳар икки Давлатда тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий яшаш жойига эга бўлса, шахсий ва иқтисодий алоқалари қалинроқ бўлган (ҳаётий манфаатлар маркази) Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
(b) агар унинг ҳаётий манфаатлари маркази жойлашган Давлатни аниқлаб бўлмаса ёки у Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳеч бирида тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий яшаш жойига эга бўлмаса, у одатда яшаб турган Давлатининг резиденти ҳисобланади;
(c) агар у одатда ҳар икки Аҳдлашувчи Давлатда яшаса ёки уларнинг ҳеч бирида яшамаса, у Аҳдлашувчи Давлатлардан қай бирининг фуқароси бўлса, шу Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
d) агар у ҳар иккала Аҳдлашувчи Давлатнинг фуқароси бўлса ёки уларнинг ҳеч бирининг фуқароси бўлмаса, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралаpи бу масалани ўзаро келишувга мувофиқ ҳал қиладилар.
3. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ, жисмоний шахс бўлмаган шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан ҳар иккисининг резиденти бўлса, ўзининг амалдаги бошқарув идораси жойлашган Давлатнинг резиденти ҳисобланиши керак.
5-модда
Доимий муассаса
Доимий муассаса
1. Ушбу Конвенция мақсади учун «доимий муассаса» атамаси корхона тўлиқ ёки қисман тадбиркорлик фаолиятини олиб борадиган доимий фаолият жойини билдиради.
2. «Доимий муассаса» атамаси, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
(а) бошқарув жойи;
(b) бўлим;
(c) офис;
(d) фабрика;
(е) устахона;
(f) кон, карьер ёки табиий ресурсларни қазиб олишга тааллуқли ҳар қандай бошқа жой;
(g) 12 ойдан ортиқ вақт мобайнида мавжуд бўлган қурилиш майдончаси, монтаж ёки йиғиш объекти.
3. «Доимий муассаса» атамаси қуйидагиларни ўз ичига олмайди, деб ҳисобланади:
(а) иншоотлардан коpхонага тегишли товар ёки буюмларни сақлаш, намойиш қилиш ёки етказиб бериш мақсадидагина фойдаланиш;
(b) корхонага тегишли товар ёки буюмлар захирасини сақлаш, намойиш қилиш ёки етказиб бериш мақсадидагина ушлаб турилиши;
(с) шу корхонага тегишли товар ёки буюмлар захирасининг бошқа корхона қайта ишлаши мақсадидагина ушлаб турилиши;
(d) доимий фаолият жойининг фақат товар ёки буюмлар сотиб олиш ёки корхона учун ахборот йиғиш мақсадида ушлаб турилиши;
(e) доимий фаолият жойининг ушбу корхона учун фақат реклама мақсадида, ахборотни етказиб бериш, илмий тадқиқот учун ёки бошқа ҳар қандай тайёргарлик ёки ёрдамчи тусдаги фаолиятни амалга ошириш мақсадида ушлаб турилиши;
4. Агар 5-бандда кўрсатилганлар татбиқ этилиши мумкин бўлган мустақил мақомли агентдан бошқа бўлган шахс Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирида бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси номидан иш юритса ва корхона номидан шартномалар тузиш ваколатига эга бўлса ва одатда шу ваколатдан фойдаланса, агар фақат унинг фаолияти корхона учун товар ёки буюмларни харид қилиш билангина чекланиб қолмаса, у биринчи эслатилган Давлатда доимий муассаса деб ҳисобланади.
5. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси, агар бошқа Давлатда брокер, комиссионер ёки ҳар қандай бошқа мустақил мақомли агент орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, бу шахслар ўзларининг одатдаги фаолияти доирасида иш юритган тақдирда, бошқа Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга деб қаралмайди.
6. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компанияни назорат қилса ёки шу компания томонидан назорат қилинса ёки ана шу бошқа Давлатда тижорат фаолиятини (доимий муассаса орқали ёки бошқа тарзда) амалга ошираётган бўлса, бу ҳол ўз-ўзидан бу компанияларнинг бирини бошқаси учун доимий муассасага айлантириб қўймайди.
III боб. Даромаднинг солиққа тортилиши
6-модда
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резидентининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мулкдан оладиган даромади (жумладан, қишлоқ ва ўрмон хўжалигидан олинадиган даромадлар) ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. «Кўчмас мулк» атамаси кўриб чиқилаётган мулк жойлашган Аҳдлашувчи Давлат солиқ қонунларида белгиланган маънога эгадир. Ҳар қандай ҳолда ҳам ушбу атама ер устидаги мулкчиликка тааллуқли умумий қонунларнинг қоидалари билан ҳуқуқи белгилаб берилган кўчмас мулкка тегишли бўлган мулкни, чорва моллари, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги воситаларини ўз ичига олади. Кўчмас мулкнинг узуфрукти ва минераллар, манбалар ва бошқа табиий ресурсларнинг қатламаларини қазиш учун товон сифатида тўланадиган ўзгарувчан ёки қайд этилган тўловлар ҳуқуқи, ёки минераллар, манбалар ва бошқа табиий ресурслар қатламларини қазиш ҳуқуқи ҳам кўчмас мулк сифатида қаралади. Кема, қайиқ ва ҳаво кемаларига кўчмас мулк сифатида қаралмайди.
3. 1-банд қоидалари кўчмас мулкдан тўғридан-тўғри фойдаланиш, ижарага бериш ёки бошқа ҳар қандай шаклда фойдаланишдан олинадиган даромадга нисбатан қўлланади.
7-модда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири корхонасининг фойдаси фақат шу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади, агар корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлмаса. Корхона, ўз фаолиятини юқорида айтилган тарзда амалга ошираётган бўлса, корхонанинг фойдаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда, аммо фақат қуйидагиларга тааллуқли бўлган қисмигина солиққа тортилиши мумкин:
(а) ана шу доимий муассасага; ёки
(b) ана шу бошқа Давлатда доимий муассаса орқали сотиладиган худди шу турдаги ёки ана шу каби товар ёки буюмларнинг сотилишига тегишли қисми бўйича.
2. 3-банд қоидаларига мувофиқ, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлса, унда ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатда ушбу доимий муассасага ҳисобланадиган фойда, агар у алоҳида ва мустақил корхона бўлиб, худди шундай ёки шунга ўхшаш фаолиятни амалга ошириб, худди шундай ёки шунга ўхшаш шартлар асосида ва доимий муассаса ҳисобланиб, корхонадан мутлақо мустақил равишда иш юритган ҳолда олиши мумкин бўлган фойда каби ҳисобланади.
3. Доимий муассаса фойдасини аниқлашда ушбу доимий муассаса фаолияти мақсади учун сарфланган харажатларни чегиришга йўл қўйилади, доимий муассаса жойлашган Давлатда ҳамда ҳар қандай ўзга ерда фаолияти мақсади учун сарфланган бошқарув ва умумий маъмурий харажатлар ҳам шунга киради.
Бироқ доимий муассаса томонидан корхонанинг бош офисига ёки унинг бошқа офисларидан исталган бирига роялти, гонорарлар ёки бошқа шундай тўловлар сифатида патентлардан ёки бошқа ҳуқуқлардан фойдаланганлик учун тўланган тўловлар ёки кўрсатилган аниқ хизматлар ёхуд менежментлик учун комиссион тўловлар тўлаш тарзида, ёки ушбу доимий муассасага берилган қарз пулига фоизларни тўлаш тарзида тўланган пул миқдорини, банк корхонасига тегишли бўлган ҳоллардан ташқари, агар улар умуман бор бўлса (ҳақиқий харажатларни қоплашдан ташқари), ҳеч қандай чегириб ташлашга йўл қўйилмайди.
4. Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага тегишли бўладиган фойдани корхона фойдасининг умумий миқдорини унинг турли бўлинмаларига мутаносиб тақсимлаш асосида белгилаш одатдаги ҳол бўлишига қарамасдан, 2-банддаги ҳеч қандай ҳолат ушбу Аҳдлашувчи Давлатга солиққа тортиладиган фойдани амалиёт тақозо қиладигани каби ана шундай тақсимот воситасида белгилашига тўсқинлик қилмайди. Бироқ танланган тақсимот усули шундай бўлиши керакки, натижа ушбу моддада мавжуд бўлган тамойилларга мувофиқ бўлиши лозим.
5. Корхона учун доимий муассаса томонидан товарлар ёки буюмлар харид қилиниши асосида доимий муассасага бирон-бир фойда ҳисобланмайди.
6. Аввалги бандлар мақсадлари учун доимий муассасага мансуб фойда, агар бошқаси учун асосли ва етарли сабаблар бўлмаса, ҳар йили бир хил методда аниқланади.
7. Агар фойда, ушбу Конвенциянинг бошқа моддаларида алоҳида айтиб ўтиладиган даромад турларини ҳам қамраб олса, уларнинг қоидаларига ушбу модда қоидалари дахл қилмайди.
8-модда
Денгиз ва ҳаво транспорти
Денгиз ва ҳаво транспорти
1. Аҳдлашувчи Давлат корхонасининг халқаро ташишларда кемалар ва самолётлардан фойдаланишдан оладиган фойдаси фақат ушбу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади.
2. Кема қатнови корхонасининг амалдаги бошқарув идораси кема бортида жойлашган бўлса, унда тегишлича, бундай идора кеманинг ҳисобда турган порти жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда, деб ҳисобланади, агар бундай ҳисобда турадиган порт бўлмаса, кеманинг фойдаланувчиси резиденти бўлган Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган деб ҳисобланади.
3. 1-банд қоидалари транспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича пул(даромад ва харажатлари умумий бўлган жамғарма)да, қўшма фаолиятда ёки халқаро транспорт ташкилотида иштирок этишдан олинган фойдаларга нисбатан ҳам қўлланади.
9-модда
Бирлашган корхоналар
Бирлашган корхоналар
1. Агар:
а) бир Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг сармоясида бевосита ёки билвосита қатнашса,
ёки
b) ўша шахслар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ҳам корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг сармоясида бевосита ёхуд билвосита қатнашса ва ҳар қандай ҳолда ҳам корхоналар ўртасида уларнинг тижорий ва молиявий муносабатларидан мутлақо мустақил бўлган корхоналар ўртасида бўладигандан ўзгача шароитлар вужудга келтирилса ёки ўрнатилса, унда бундай муносабатлар натижасида бир корхонада тўпланган фойда ана шундай муносабатлар сабабли бундай ҳажмда бўлмаса ҳам, ушбу корхона фойдасига қўшилиши ва тегишли даражада солиққа тортилиши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлат шу Давлат корхонаси фойдасига бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси бўйича ана шу бошқа Давлатда солиққа тортиладиган фойдани, шунингдек солиқларни киритганида, шу тариқа киритилган фойда биринчи эслатилган Давлат корхонасига ҳисобланадиган фойда, агар иккала корхона ўртасида вужудга келтирилган муносабатлар мустақил корхоналар ўртасидаги муносабатлар каби бўлганда, у ҳолда ана шу бошқа Давлат шу Давлатга тегишли фойдадан олинадиган солиқ миқдорига зарур тузатишлар киритади. Ҳар қандай бундай тузатиш ушбу Конвенциянинг 26-моддасида ва Баённоманинг 7- ва 8-бандларида назарда тутилган ўзаро келишув тартиб-қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
10-модда
Дивидендлар
Дивидендлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания томонидан бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланган дивидендлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай дивидендлар уларни тўлаётган компания қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, ана шу Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо агар олувчи дивидендларнинг ҳақиқий эгаси бўлса, унда шу тарзда олинадиган солиқнинг миқдори дивидендлар ялпи миқдорининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари бундай чеклашларни қўллаш усулини белгилаши лозим.
Бу банд дивидендлар тўланадиган фойдага нисбатан компаниянинг солиққа тортилишига тааллуқли эмас.
3. «Дивидендлар» атамаси ушбу моддада қўлланганида акциялардан, акциялардан «фойдаланиш»дан ёки ҳуқуқлардан «фойдаланиш»дан, тоғ-кон саноати акцияларидан, муассислар акцияларидан ёки қарз талабномалари бўлмаган, фойдада қатнашишга ҳуқуқ берадиган бошқа ҳуқуқлардан олинадиган даромадни, шунингдек бошқа корпоратив ҳуқуқлардан олинадиган, фойдани тақсимловчи компания резиденти ҳисобланган Давлатнинг солиқ қонунларига мувофиқ акциялардан олинган даромад каби солиқлар орқали тартибга солиниши лозим бўлган даромадни ҳам англатади.
4. Агар дивидендларнинг ҳақиқий эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлгани ҳолда ана шу дивидендларни тўлаётган компания резиденти ўз фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган доимий муассаса орқали амалга оширса, ёки ушбу бошқа Давлатда мустақил шахсий хизматларни у ерда жойлашган доимий базадан кўрсатса ва дивидендлар тўланадиган холдинг аслида шу доимий муассаса ёки доимий база билан боғлиқ бўлса, ушбу модданинг 1- ва 2-бандлари қоидалари қўлланмайди. Бундай ҳолда, дивидендлар ушбу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда унинг ўз қонунларига мувофиқ солиққа тортилади.
5. Агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатдан фойда ёки даромад олаётган бўлса, ана шу бошқа Давлат компания тўлаётган дивидендларга ҳеч қандай солиқ солиши мумкин эмас. Дивидендлар ана шу бошқа Давлат резидентига тўланадиган ёки холдинг (дивидендлар унга нисбатан тўланади) шу бошқа Давлатда жойлашган доимий муассаса ёки доимий база билан ҳақиқатда боғлиқ бўлган ҳоллар эса бундан мустасно, шунингдек компаниянинг тақсимланмаган фойдаси ҳатто, тўланаётган дивидендлар ёки тақсимланмаган фойда ана шу бошқа Давлатда тўла ёки қисман ҳосил бўлган фойда ёки даромаддан ташкил топган бўлса ҳам компаниянинг тақсимланмаган фойдасидан тақсимланмаган фойда солиғи олинмайди.
11-модда
Фоизлар
Фоизлар
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирида ҳосил бўлган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган фоизлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аммо бундай фоизлар улар ҳосил бўладиган Аҳдлашувчи Давлатда шу Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, бироқ, агар олувчи фоизларнинг амалдаги эгаси бўлса, шундай тарзда олинадиган солиқ, фоизлар ялпи миқдорининг 5 фоиздан ошмаслиги керак. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари ўзаро келишувга биноан бундай чеклашни қўллаш усулини белгилайдилар.
3. 2-банддан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келган фоизлар қуйидаги ҳолларда ушбу Давлатда солиқдан озод қилинади, агар:
(а) тўловчи Аҳдлашувчи Давлат ҳукумати ёки шу Давлатнинг маҳаллий ҳокимият органлари бўлса; ёки
(b) фоизлар бошқа Аҳдлашувчи Давлат ҳукуматига ёки шу Давлатнинг маҳаллий ҳокимият органларига ёки ҳар қандай муассасалари (шу жумладан, молиявий муассасалари)га тўланадиган бўлса, ва ушбу Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзи ёки шу Давлатнинг маҳаллий ҳокимиятлари тўлалигича уларга эгалик қилса; ёки
(с) фоизлар Аҳдлашувчи Давлат ҳукуматлари ўртасида тузилган битимга биноан қўлланадиган ссудаларга нисбатан ҳар қандай бошқа муассасалар (шу жумладан, молиявий муассасалар)га тўланадиган бўлса.
4. «Фоизлар» атамаси ушбу моддада қўлланганида ипотека таъминотидан қатъи назар, ва ҳар қандай турдаги фойдалар ва қарз талабномаларида қатнашиш ҳуқуқидан қатъи назар, ҳукуматнинг қимматли қоғозлари, облигациялар ёки қарз мажбуриятларидан олинадиган даромадни, шунингдек ушбу даромад вужудга келган Давлатнинг солиқ қонунлари бўйича ссуда қилинган пул миқдорларидан олинган даромадга тенглаштириладиган барча бошқа даромадларни ҳам англатади.
5. Агар фоизларнинг ҳақиқий эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, у ерда жойлашган доимий муассаса орқали фоизлар ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда тижорат фаолияти олиб бораётган бўлса, ёки ушбу бошқа Давлатда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматлар кўрсатаётган бўлса ва фоизлар тўланаётган қарз талабномалари шундай доимий муассаса ёки доимий база билан ҳақиқатан ҳам боғлиқ бўлса, 1-, 2- ва 3-банд қоидалари қўлланмайди. Бундай ҳолда фоизлар ушбу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда унинг қонунларига мувофиқ солиққа тортилади.
6. Фоизларни тўловчи Давлатнинг ўзи, унинг маҳаллий ҳокимият органлари ёки резиденти бўлса, фоизлар ушбу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади. Лекин фоизларни тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлиб, шу туфайли фоизлар тўлаш мажбурияти вужудга келган бўлса ва фоизлар доимий муассаса ёки доимий база томонидан тўланаётган бўлса, бундай ҳолда фоизлар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган ўша Давлатда вужудга келган, деб ҳисобланади.
7. Агар тўловчи ва фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўртасидаги ёки улар иккаласи ва қандайдир бошқа шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида қарз талабномасига нисбатан тўланаётган фоизлар миқдори тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилиши мумкин бўлган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда, ушбу модда қоидалари фақат охирги эслатилган фоизлар миқдорига нисбатан қўлланади. Бундай ҳолда, фоизлар миқдорининг ортиқча қисмидан ушбу Конвенциянинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунларига мувофиқ аввалгидек солиққа тортилади.
12-модда
Роялти
Роялти
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида ҳосил бўладиган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган роялтилар ушбу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай роялтилар улар вужудга келадиган Аҳдлашувчи Давлатда унинг қонунларига мувофиқ ҳам солиққа тортилиши мумкин, бироқ агар бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти роялтининг амалдаги эгаси бўлса, унда бу тариқа ундириладиган солиқ роялтилар ялпи миқдорининг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари ўзаро келишувга мувофиқ, бундай чеклашни қўллаш усулини аниқлашлари керак.
3. «Роялти» атамаси ушбу моддада қўлланганда ҳар қандай адабий, бадиий ва илмий асарларни, шу жумладан радио ва телевидение учун фойдаланиладиган кинофильмлар, фильм ёки кассеталар, ҳар қандай патент, товар белгиси, чизма ёки модель, режа, махфий формула ёки жараён учун муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланганлик ёки шу ҳуқуқдан фойдаланиш ҳуқуқи учун ёхуд саноат, тижорат, илмий асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун ёки саноат, тижорат ва илмий тажрибага мансуб ахборот учун мукофот тарзида олинадиган ҳар қандай кўринишдаги тўловларни билдиради.
4. Агар роялтилар бенефициари Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиб, роялти ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тижорат фаолиятини юритаётган бўлса ёки ушбу бошқа Давлатда у ерда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматлар кўрсатаётган бўлса ва роялти тўланаётган ҳуқуқ ёки мулк амалда шундай доимий муассаса ёки доимий база билан боғлиқ бўлса, 1- ва 2-бандларнинг қоидалари қўлланмайди. Бундай ҳолда роялти ушбу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда унинг ўз қонунларига мувофиқ солиққа тортилади.
5. Агар тўловчи Давлатнинг ўзи, маҳаллий ҳокимият органи ёки резиденти бўлса, роялти шу Аҳдлашувчи Давлатда ҳосил бўлган, деб ҳисобланади. Бироқ, агар роялтини тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда роялтини тўлаш мажбурияти зиммасига тушган доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлса ва бу доимий муассаса ёки база тўлов харажатларини тўласа, бундай роялтилар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган шу Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади.
6. Агар тўловчи билан амалда роялти ҳуқуқига эга шахс ўртасидаги ёки уларнинг иккаласи ва бошқа бирон-бир шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида роялтидан фойдаланишга, фойдаланиш ҳуқуқига ёки ахборот учун тўланадиган роялтининг миқдори тўловчи ва амалда шу даромадлар ҳуқуқига эга бўлган шахс ўртасида келишилиши мумкин бўлган миқдордан ошиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда, ушбу модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисми ушбу Конвенциянинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунларига мувофиқ аввалгидек солиққа тортилади.
13-модда
Сармоя қийматининг ўсишидан олинадиган даромадлар
Сармоя қийматининг ўсишидан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резиденти томонидан 6-модданинг 2-бандида белгиланган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мулкни бегоналаштиришдан олинадиган даромадлар ўша бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса тижорат мулкининг бир қисмини ташкил этувчи кўчар мулкни бегоналаштиришдан олинган ёки Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резидентининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда мустақил шахсий хизматларни амалга оширишида бемалол фойдаланиши мумкин бўлган доимий базага тааллуқли кўчар мулкини бегоналаштиришдан олинган даромадлари, бунга шу доимий муассасани (алоҳида ёки корхона билан биргаликда) ёки шундай доимий базани бегоналаштиришдан олинган даромадни ҳам қўшиб, ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
3. Бир Аҳдлашувчи Давлат корхонасининг халқаро ташишларда шу корхона томонидан фойдаланиладиган кемалар ёки самолётларни бегоналаштиришдан ёки шундай кемалар, самолётлардан фойдаланишга тааллуқли кўчар мулкни бегоналаштиришдан оладиган даромадлари фақат шу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади.
4. Ҳар қандай мулкни бегоналаштиришдан олинадиган даромад, 1-, 2- ва 3-бандларда эслатилганлардан ташқари, бегоналаштирувчи шахс резиденти ҳисобланган Аҳдлашувчи Давлатдагина солиққа тортилади.
14-модда
Мустақил шахсий хизматлар
Мустақил шахсий хизматлар
1. Бир Аҳдлашувчи Давлат резидентининг касбий хизматлари ёки мустақил тусдаги бошқа фаолияти учун оладиган даромади фақат ушбу Давлатда солиққа тортилади, қачонки, бошқа Аҳдлашувчи Давлатда унинг ихтиёрида ўз фаолиятини амалга ошириш мақсади учун мунтазам фойдаланиши мумкин бўлган доимий база мавжуд бўлган ҳоллар бундан мустасно. Агар у шундай доимий базага эга бўлса, унда даромаднинг фақат ушбу доимий базага тегишли қисми бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. «Касбий хизматлар» атамаси, жумладан, мустақил илмий, адабий, санъаткорлик, маърифий ёки ўқитувчилик фаолиятларини, шунингдек шифокорлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва бухгалтерларнинг мустақил фаолиятини қамраб олади.
15-модда
Ёлланма шахсий хизматлар
Ёлланма шахсий хизматлар
1. 16-, 18-, 19- ва 20-моддалар қоидаларини ҳисобга олиб, Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резидентининг ёлланма иш учун оладиган маоши, иш ҳақи ва шунга ўхшаш бошқа тақдирлаш ҳақлари, агар шу ёлланма иш бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширилмаётган бўлса, фақат ана шу Давлатда солиққа тортилади. Агар ёлланма иш шу тариқа бажариладиган бўлса, унда шу муносабат билан олинган тақдирлаш ҳақлари ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. 1-банд қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резидентининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширадиган ёлланма иш учун оладиган тақдирлаш ҳақлари фақат биринчи эслатилган Давлатда солиққа тортилади, бунда:
(а) тақдирлаш ҳақи олувчи бошқа Аҳдлашувчи Давлатда кўриб чиқилаётган молиявий йилда бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай 12 ойлик давр доирасида жами 183 кундан ошмайдиган давр ёки даврлар мобайнида турган бўлса; ва
(b) тақдирлаш ҳақи бошқа Давлат резиденти бўлмаган ёлловчи томонидан ёки ёлловчи номидан тўланадиган бўлса; ҳамда
(c) тақдирлаш ҳақи бўйича харажатларни ёлловчининг бошқа Давлатда эга бўлган доимий муассасаси ёки доимий базаси ўз зиммасига олмаса.
3. Ушбу модданинг юқоридаги қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлат корхонаси халқаро юк ташишларда фойдаланадиган денгиз ёки ҳаво кемаси бортида амалга ошириладиган ёлланма иш учун олинадиган тақдирлаш ҳақлари шу денгиз ёки ҳаво кемасидан фойдаланадиган корхона резиденти бўлган Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
16-модда
Директорларнинг гонорарлари
Директорларнинг гонорарлари
Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резиденти томонидан бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компаниянинг Директорлар Кенгаши аъзоси сифатида олинадиган Директорларнинг гонорарлари ва шунга ўхшаш бошқа тўловлар, ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
17-модда
Санъат ходимлари ва спортчилар
Санъат ходимлари ва спортчилар
1. 14- ва 15-моддаларнинг қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резидентининг театр, кино, радио ёки телевидение артисти ёки мусиқачи каби санъат ходими сифатида ёки спортчи сифатида бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга ошираётган шахсий фаолияти туфайли оладиган даромади шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Санъат ходими ёки спортчи амалга оширган шахсий фаолиятидан олинадиган даромад санъат ходими ёки спортчининг ўзига эмас, балки бошқа шахсга ҳисобланса, 7-, 14- ва 15-моддалар қоидаларига қарамай, ушбу даромад санъат ходими ёки спортчи фаолият кўрсатаётган ўша Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Давлатга бўлган ташриф тўлалигича Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири ёки ҳар иккаласининг жамоат жамғармалари ёки уларнинг маҳаллий ҳокимият органлари томонидан маблағ билан таъминланса, 1- ва 2-банд қоидалари санъат ходими ёки спортчилар томонидан ушбу Давлатда амалга ошириладиган фаолиятдан олинадиган даромадга тааллуқли бўлмайди.
18-модда
Нафақалар
Нафақалар
19-модда 2-банди қоидаларига мувофиқ, бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти ҳисобланган жисмоний шахсларнинг ёллаш бўйича аввалги ишлари учун товон сифатида бир Аҳдлашувчи Давлат манбаидан оладиган ва ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда тегишли равишда солиққа тортиладиган барча нафақа ва тақдирлаш ҳақлари биринчи эслатиб ўтилган Аҳдлашувчи Давлатда солиқдан озод этилади.
19-модда
Ҳукумат хизмати
Ҳукумат хизмати
1. (а) Бир Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимият органлари шу Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимият органларига кўрсатган хизматларига нисбатан ҳар қандай жисмоний шахсга тўлайдиган тақдирлаш ҳақлари, нафақадан ташқари, фақат шу Давлатда солиққа тортилади;
(b) Бироқ, агар хизматлар ана шу Давлатда амалга оширилса ва жисмоний шахс шу Давлатнинг резиденти бўлса, бундай тақдирлаш ҳақлари фақат ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин ва
(i) шу Давлатнинг фуқароси бўлса; ёки
(ii) шундай хизмат кўрсатиш учунгина шу Давлатнинг резиденти бўлган бўлмаса.
2. (a) Аҳдлашувчи Давлат ёки маҳаллий ҳокимият органи ёхуд улар томонидан тузилган жамғармалар томонидан шу Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимият органи учун кўрсатаётган хизматига нисбатан жисмоний шахсга тўлайдиган ҳар қандай нафақа фақат ана шу Давлатда солиққа тортилади.
b) Бироқ, агар жисмоний шахс бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ва фуқароси бўлса, бундай нафақа фақат ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилади.
3. 15-, 16- ва 18-моддаларнинг қоидалари Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимият органлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти муносабати билан кўрсатиладиган хизматларга нисбатан тўланадиган тақдирлаш ҳақларига ва нафақаларга нисбатан қўлланади.
20-модда
Профессорлар ва ўқитувчилар
Профессорлар ва ўқитувчилар
Аҳдлашувчи Давлатлардан бирига университет, коллеж, мактаб ёки бошқа ўқув юртларида таълим бериш ёки тадқиқот ўтказиш мақсадида икки йилдан ошмайдиган даврга вақтинча ташриф буюрган ҳамда ташрифга қадар бевосита бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиб турган ёки бўлган профессор ёки ўқитувчи биринчи эслатиб ўтилган Давлатда шундай ўқитиш ёки тадқиқот ўтказишга нисбатан бериладиган тақдирлаш ҳақлари солиқдан озод этилади.
21-модда
Талабалар
Талабалар
Аҳдлашувчи Давлатлардан бирига келгунга қадар бевосита бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланган ва биринчи эслатилган Аҳдлашувчи Давлатда фақат ўқиш ёки маълумот олиш мақсадида яшаб турган талаба ёки амалиётчининг яшаши, ўқиши ва маълумот олиши учун оладиган тўловлари, бундай тўловларнинг ана шу Давлат ҳудудидан ташқаридаги манбалардан пайдо бўлганлиги шарти билан шу Давлатда солиққа тортилмайди.
22-модда
Бошқа даромадлар
Бошқа даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлат резидентининг ушбу Конвенциянинг олдинги моддаларида айтилмаган даромад турлари, даромаднинг қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, фақат шу Давлатда солиққа тортилади.
2. 6-модданинг 2-бандида кўрсатилган кўчмас мулкдан олинган даромаддан ташқари, даромадларга нисбатан, агарда бундай даромад эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали ўз фаолиятини амалга оширса ёки у ерда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматларни амалга оширса ва даромад тўланадиган ҳуқуқ ёки мулк ҳақиқатан ҳам бундай доимий муассаса ёки база билан боғланган бўлса, 1-бандининг қоидалари қўлланмайди. Бундай ҳолда, даромад турлари ушбу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда унинг ўз қонунларига мувофиқ солиққа тортилади.
IV боб. Сармоянинг солиққа тортилиши
23-модда
Сармоя
Сармоя
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентига тегишли бўлган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган, 6-моддада кўрсатилган кўчмас мулк тарзидаги сармоя ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири корхонасининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассасаси тижорат мулкининг бир қисмини ташкил этувчи кўчар мулк сифатидаги ёхуд мустақил шахсий хизматларни бажариш мақсадида Аҳдлашувчи Давлатлардан бири резидентининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда фойдаланадиган доимий базага тааллуқли кўчар мулк сифатидаги сармояси ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
3. Халқаро юк ташишларда фойдаланадиган денгиз ва ҳаво кемалари тарзидаги ҳамда шундай денгиз ва ҳаво кемаларидан фойдаланишга тааллуқли кўчар мулкдан иборат сармоя фақат шу корхона жойлашган Давлатда солиққа тортилади.
4. Аҳдлашувчи Давлат резиденти сармоясининг бошқа барча элементлари фақат шу Давлатда солиққа тортилади.
V боб. Иккиёқлама солиққа тортишни бартараф қилиш усуллари
24-модда
Иккиёқлама солиққа тортишни бартараф этиш
Иккиёқлама солиққа тортишни бартараф этиш
1. Иккиёқлама солиққа тортиш ушбу модданинг қуйидаги бандларига мувофиқ бартараф қилинади, деб келишиб олинди.
2. Италияга нисбатан:
Агар Италия резиденти Ўзбекистонда солиққа тортиладиган даромад турларига эга бўлса, унда Италия ушбу Конвенциянинг 2-моддасида кўрсатилган даромадга нисбатан солиқни белгилашда, бундай ҳолат ушбу Конвенциянинг муайян қоидаларида алоҳида назарда тутилмаган бўлса, бундай солиқлар ундириладиган базага қараб унга даромадларнинг юқорида кўрсатилган турларини киритиши мумкин.
Бундай ҳолда, Италия шу тарзда ҳисобланган солиқлардан Ўзбекистонда тўланган даромад солиғини чегириб ташлайди, бироқ бундай чегирма юқорида эслатилган Италия солиғининг ушбу қисмидан ортиқ бўлмаслиги керак ва бундай даромад турлари умумий даромадга тегишли бўлади.
Бироқ, агар даромад тури юқорида кўрсатилган даромаддан уни олувчининг талабига кўра, Италия қонунларига мувофиқ солиқ бутунлай ундирилиши лозим бўладиган бўлса, бундай чегирмага йўл қўйилмайди.
3. Ўзбекистонга нисбатан:
Агар Ўзбекистон резиденти ушбу Конвенцияга мувофиқ Италияда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад олса ёки сармояга эгалик қилса, бундай ҳолда Италияда тўланган ана шундай даромад ёки сармоядан олинадиган солиқ миқдори шундай шахс томонидан Ўзбекистонда тўланган солиқдан чегириб ташланади. Бироқ, ана шундай даромад ёки сармояга бундай чегириш ушбу модда қоидаларига дахлсиз бўлган Ўзбекистон қонунлари ва йўриқларига мувофиқ ҳисобланган солиқ миқдоридан ошмаслиги керак.
VI боб. Махсус қоидалар
25-модда
Дискриминация қилмаслик
Дискриминация қилмаслик
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг фуқаролари бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ушбу бошқа Давлат фуқароларига айни бир хил шароитларда солинадиган ёки солиниши мумкин бўлганидан бошқача ёки ортиқроқ ҳар қандай солиққа тортишларга ёки унга алоқадор мажбуриятларга, солиққа тортишдан кўра мушкулроқ ёки унга алоқадор мажбуриятларга дучор қилинмайдилар. Бу қоида, шунингдек, 1-модда қоидаларидан қатъи назар, бир ёки иккала Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентлари бўлмаган жисмоний шахсларга нисбатан ҳам қўлланади.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири корхонасининг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассасасини солиққа тортиш ана шу бошқа Давлатда ушбу бошқа Давлатнинг айнан шундай фаолиятни амалга оширувчи корхоналарини солиққа тортишдан кўра ёмонроқ бўлмайди. Ушбу қоида Аҳдлашувчи Давлатлардан бирини бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига солиққа тортиш мақсадларида ўз резидентларига уларнинг фуқаролик мавқеи ёки оилавий мажбурияти ҳисобига берадиган ҳар қандай шахсий пул ёрдами, чегирмалар ёки солиқ имтиёзлари беришга мажбурловчи тарзда талқин қилинмаслиги керак.
3. 9-модданинг 1-банди, 11-модданинг 7-банди ёки 12-модданинг 6-банди қоидалари қўлланганидан ташқари ҳолларда, Аҳдлашувчи Давлатлардан бири корхонасининг бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўлайдиган фоизлари, роялтилари ва бошқа қарз тўловлари, бундай корхонанинг солиққа тортиладиган фойдасини аниқлаш мақсадида бундай тўловлар биринчи эслатилган Давлат резидентига тўланган бўлганда қўлланадиган шундай шартлар асосида чегириб ташланади. Шунга ўхшаш тарзда, бир Аҳдлашувчи Давлат корхонасининг бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти олдидаги ҳар қандай қарзлари ушбу корхонанинг солиққа тортиладиган сармоясини аниқлаш мақсадида биринчи эслатилган Давлат резиденти олдидаги қарзларга доир шартлар асосида чегирилиши лозим бўлади.
4. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхоналари сармояси тўлиқ ёки қисман бошқа Аҳдлашувчи Давлатга тегишли бўлган, ёки шу Давлатнинг бир ёки бир неча резидентлари томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинаётган бўлса, биринчи эслатилган Давлатнинг шундай корхоналарига солинадиган ёки солиниши мумкин бўлган ҳар қандай солиқ солиш ёки унга алоқадор ҳолатлар, бошқа ёки солиқ солишдан кўра мушкулроқ ҳолатларга дучор қилинмайди.
5. Ушбу модда қоидалари, 2-модда қоидаларига қарамай, турли хил ва таърифдаги солиқларга нисбатан қўлланади.
6. Бироқ ушбу модданинг бундан олдинги бандларида эслатилган қоидалар солиқларни тўлашдан бош тортишни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш учун ички қоидаларнинг қўллашини чекламайди.
26-модда
Ўзаро келишув тартиблари
Ўзаро келишув тартиблари
1. Агар шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан бири ёки ҳар иккаласининг ҳаракати унга ушбу Конвенция қоидаларига мувофиқ келмайдиган солиққа тортишга олиб келади ёки олиб келиши мумкин деб ҳисобласа, у ушбу Давлатларнинг ички қонунларида назарда тутилган ҳимоя воситаларидан қатъи назар, ўз аризасини ўзи резидент бўлган Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идорасига ёки агарда унинг ҳолати Конвенциянинг 25-модда 1-бандига мувофиқ келса, ўзи фуқароси бўлган Аҳдлашувчи Давлатга тақдим этиши мумкин. Бу ариза ушбу Конвенция қоидаларига номувофиқ солиққа тортилишига олиб келувчи хатти-ҳаракатлар тўғрисида биринчи бор эслатилган вақтдан бошлаб икки йил мобайнида берилиши керак.
2. Ваколатли идора унинг аризасини асосли деб топса ва унинг ўзи қониқтирадиган қарорга кела олмаса, масалани ушбу Конвенцияга номувофиқ солиққа тортишдан қочиш мақсадларида бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли идораси билан ўзаро келишиб ҳал этишга ҳаракат қилади.
3. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари ушбу Конвенцияни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай қийинчилик ва иккиланишларни ўзаро келишув асосида ҳал этишга ҳаракат қиладилар.
4. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари олдинги бандлар маъноларини тушунишида ҳамфикрликка эришиш мақсадида бир-бирлари билан бевосита алоқада бўлиб туришлари мумкин. Агар келишувга эришиш учун оғзаки фикр алмашуви мақсадга мувофиқ деб ҳисобланса, унда бундай фикр алмашув Аҳдлашувчи Давлатлар ваколатли идоралари вакилларидан иборат Комиссияда бўлиб ўтиши мумкин.
27-модда
Ахборот алмашиш
Ахборот алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари ушбу Конвенция қоидаларини ёки Аҳдлашувчи Давлатларнинг ушбу Конвенция татбиқ этиладиган солиқларга тегишли ички қонунларини қўллаш учун ушбу қонунлардан мазкур Конвенцияга зид тушмайдиган даражада фойдаланиш, шунингдек солиқларни тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш мақсадида зарур ахборотларни алмашиб турадилар. Ахборот алмашиш 1-модда билан чекланмайди. Аҳдлашувчи Давлат олаётган ҳар қандай ахборот, ушбу Давлатнинг ички қонунларига мувофиқ олинган маълумот каби махфий ҳисобланади, ҳамда фақат аниқлаш, ёки ундириш, мажбурий ундириш ёки суд орқали таъқиб этиш билан боғлиқ ёки ушбу Конвенция қўлланиладиган солиқларга нисбатан апелляцияларни кўриб чиқиш билан боғлиқ шахслар ёки идораларгагина (жумладан, судлар ва маъмурий идораларга ҳам) очилади. Бундай шахслар ёки идоралар бу ахборотдан фақат шундай мақсадларда фойдаланадилар. Улар ахборотни очиқ суд мажлисларида ёки юридик қарорлар қабул қилиш чоғида очишлари мумкин.
2. Ҳеч қандай ҳолатда ҳам ушбу модданинг 1-банди қоидалари Аҳдлашувчи Давлатлар зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкловчи қоидалар сифатида талқин қилинмайди:
(а) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлатлар қонунлари ёки маъмурий амалиётига зид маъмурий чоралар ўтказиш;
(b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунларига кўра ёки одатдаги маъмурий амалиётга мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш;
(с) савдо, саноат, тижорат ёки касб сири ёки савдо жараёнини ошкор қиладиган ахборотни ёки давлат сиёсати (жамоат тартиби)га зид келувчи ахборотни тақдим этиш.
28-модда
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Ушбу Конвенциянинг ҳеч бир қоидаси дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари ходимларининг халқаро ҳуқуқнинг умумий меъёрларига ёки махсус битимларнинг қоидаларига мувофиқ белгилаб қўйилган солиқ имтиёзларига дахл қилмайди.
29-модда
Солиқларнинг қайтарилиши
Солиқларнинг қайтарилиши
1. Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган манбадан ундириладиган солиқлар, агар юқорида кўрсатилган солиқларни ундириш ҳуқуқи ушбу Конвенциянинг қоидаларига зид бўлса, солиқ тўловчининг талабига кўра қайтарилади.
2. Солиқларни қайтариши лозим бўлган ўша Давлатнинг қонунчилигида белгиланган муддатлар мобайнида берилиши лозим бўлган солиқларнинг қайтарилиши ҳақидаги талабнома ушбу Конвенцияда назарда тутилган имтиёзларнинг қўллаш ҳуқуқига эга бўлиш талаб қилинадиган шарт-шароитларнинг мавжудлигини тасдиқлайдиган, солиқ тўловчи резиденти бўлган ўша Давлатнинг расмий гувоҳномаси асосида тақдим этилиши лозим.
3. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари ушбу моддани қўллаш усулини ўзаро келишувга биноан ушбу Конвенциянинг 26-моддаси қоидаларига мувофиқ белгилаши лозим.
VII боб. Якуний қоидалар
30-модда
Кучга кириши
Кучга кириши
1. Ушбу Конвенция ратификация қилиниши лозим ва ратификация ёрлиқлари билан алмашиш мумкин қадар аввалроқ бўлиб ўтиши лозим.
2. Конвенция ратификация ёрлиқларини алмашиш санасида кучга киради ва унинг қоидалари қуйидаги тарзда амал қилади:
а) Конвенция кучга кирадиган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан ёки биринчи январдан кейин олинган даромад манбаидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
b) Ушбу Конвенция кучга кирадиган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан ёки биринчи январидан кейин бошланадиган ҳар қандай солиққа тортиладиган давр мобайнида тўланиши лозим бўлган даромад солиқларига ёки сармоядан олинадиган бошқа солиқларга нисбатан.
31-модда
Амал қилишини тўхтатиш
Амал қилишини тўхтатиш
Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатлардан бири унинг амал қилишини тўхтатгунигача ўз кучини сақлаб қолади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат Конвенциянинг амал қилишини дипломатик йўллар орқали амал қилишни тўхтатиш тўғрисида Конвенция кучга кирган кундан бошлаб беш йил ўтганидан кейин ҳар қандай тақвимий йилнинг тугашига камида олти ой қолгунигача хабарнома юбориш билан тўхтатиши мумкин. Бундай ҳолда, Конвенциянинг амал қилиши қуйидаги тарзда тўхтатилади:
(а) билдиришнома берилган йилдан кейин бевосита бошланадиган тақвимий йилда биринчи январдан бошлаб олинадиган даромаддан манбада ундириладиган солиқларга нисбатан;
(b) билдиришнома берилган йилдан кейин бевосита бошланадиган тақвимий йилнинг биринчи январидан ёки биринчи январдан кейин бошланадиган ҳар қандай солиққа тортиладиган йил учун даромад солиқлари ва сармоядан ундириладиган бошқа солиқларга нисбатан.
Рим шаҳрида 2000 йил 21 ноябрда икки нусхада ҳар бири ўзбек, итальян ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Қандайдир келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 2-сон)