Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Қўшимча Баённома
ИККИЁҚЛАМА СОЛИҚҚА ТОРТИШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ҲАМДА ДАРОМАД ВА САРМОЯ СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТИШНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ КОНВЕНЦИЯГА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенциянинг бутун якунланган имзоланишида қуйида имзо чекувчилар Конвенциянинг ажралмас қисми бўлиб қоладиган қуйидаги қоидалар юзасидан битимга келишдилар.
Қуйидагилар бўйича бир-бирини тушунишга эришилди:
1. 2-модда 3-банди (b) кичик банди бўйича Италияга нисбатан келгусида шу нарса назарда тутиладики, ушбу Конвенция сармоя солиғига нисбатан қўлланади ва иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги Конвенциянинг 24-моддаси қоидаларига кўра эришилади.
2. «Маҳаллий ҳокимият идора(лари)» атамаси, Конвенциянинг қаерида қўлланишидан қатъи назар, Италияга нисбатан сиёсий ва маъмурий бўлинмалар тушунчасини англатади.
3. 6-модданинг 2-банди бўйича, «узуфрукт» атамаси ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатнинг ички қонунларига биноан белгиланади, бироқ ҳар қандай ҳолда ҳам, ҳатто мулк юридик жиҳатдан бошқа шахсга, уни тутиб турувчи мулкни алмаштириши, зарар келтириши ёки сотиши мумкин бўлмайдиган шартлар асосида тегишли бўлгани ҳолда ҳам умуман ёки қисман, муайян мол-мулк ва олинган тегишли даромад бўйича фойдаланиши мумкин бўлган шахс ҳуқуқини ўз ичига олади.
4. 7-модданинг 3-банди бўйича, «доимий муассаса фаолияти мақсади учун сарфланган харажатлар» атамаси доимий муассаса фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган харажатларни англатади.
5. 18-модда бўйича, агар Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиб қолса, бундай резидентнинг биринчи эслатилган Давлатда иш фаолияти тугаганидан сўнг оладиган, ишдан бўшаганда қонунга мувофиқ бериладиган пул (товон) сифатидаги ёки шундай тўловлари ушбу Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади. Ушбу бандда «рағбатлантириш ҳақлари (товонлар)» таърифи ҳар қандай офис ёки шахснинг иш фаолияти тугалланиши оқибатида амалга ошириладиган ҳар қандай тўловлар тушунчасини ўз ичига олади.
6. 25-модданинг 6-банди бўйича, солиқларни тўлашдан бош тортишни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича Давлат ички қонун-қоидалари бир Аҳдлашувчи Давлат корхоналари ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган корхоналар ўртасидаги операциялардан олинган харажатлар ва бошқа салбий элементларнинг чегириб ташланишини чеклаш ҳолатларини ўз ичига олади.
7. 26-модда бўйича, ушбу Конвенцияни талқин қилишда юзага келадиган ҳар қандай қийинчилик ёки шубҳа 26-моддага мувофиқ ваколатли идоралар томонидан ҳал қилина олмаса, ариза иккала ваколатли идоралар ва солиқ тўловчиларнинг розилигига кўра, агар солиқ тўловчи арбитраж комиссияси қарорини бажаришга ёзма равишда розилик билдирган бўлса, арбитражга тақдим этилади. Айрим ҳолларда арбитраж комиссияси қарори ушбу аризага биноан ҳар иккала Аҳдлашувчи Давлат учун мажбурий бўлади. Процедуралар Давлат ўртасида кўриб чиқилади ва 26-модданинг 4-бандига мувофиқ ваколатли идоралар олдиндан ноталарни алмашишади. Ушбу банд қоидалари ваколатли идоралар ноталар алмашиш орқали келишувга келишишганидан сўнг кучга эга бўлади.
8. 26-модданинг 1-банди бўйича, «ички қонунларда назарда тутилган ҳимоя воситаларидан қатъи назар» тушунчаси, ушбу Конвенцияга номувофиқ равишда солиқларни ҳисоблашга тааллуқли даъво бўлганда, ҳар қандай ҳолда огоҳлантириш мақсадида қўзғатиладиган миллий баҳсли судлов жараёнларига муқобил бўлмайдиган, ўзаро келишув процедурасини англатади.
9. 29-модданинг 3-банди қоидалари бўйича, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли идоралари ўзаро келишувга биноан ушбу Конвенцияда назарда тутилган чеклашларни қўллашда бошқа амалиётларни бажаришларига тўсқинлик қилмайди.
Рим шаҳрида 2000 йил 21 ноябрда икки нусхада ҳар бири ўзбек, итальян ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Қандайдир келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 2-сон)