Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг
буйруғи
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 6 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3829]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-270-сон «Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони, 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Ушбу буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор А. БУРХАНОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 28 март,
84-сон
Келишилди:
Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в. б. У. ХУСАИНОВ
2026 йил 16 март
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К. РАФИКОВ
2026 йил 10 март
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
2026 йил 10 март
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2026 йил 28 мартдаги 84-сон буйруғига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўғрисидаги
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Ушбу Намунавий низом давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг (бундан буён матнда ички назорат бўлинмалари деб юритилади) мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ички назорат бўлинмалари ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, шунингдек, ушбу Намунавий низомга мувофиқ амалга оширади.
2. Ички назорат бўлинмалари давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга масъул ҳисобланади.
2-боб. Ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш
3. Ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан биргаликда амалга оширилади.
4. Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида эса кузатув кенгашига (кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ҳолларда корхона раҳбарига) бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади.
Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари ва таркибий ташкилотларининг ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари томонидан тайинланади ҳамда фаолияти улар томонидан мувофиқлаштирилади.
5. «E-anticor.uz» электрон платформасида ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестри юритилади, коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинган ишлар ҳақидаги ҳисобот электрон шаклда тақдим этилади, аноним сўровномалар ўтказилиб, натижалари жамоатчиликка эълон қилинади.
3-боб. Ички назорат бўлинмаларининг масъул лавозимларига нисбатан қўйиладиган талаблар
6. Ички назорат бўлинмаларининг масъул лавозимларига нисбатан иш тажрибаси ва касбий компетенциясига доир қуйидаги минимал талаблар белгиланади:
юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, тизимли таҳлил, менежмент ёки ахборот технологиялари мутахассисликлари бўйича олий маълумот;
ички назорат бўлинмаси бошлиғи лавозими учун мутахассислиги бўйича камида 4 йиллик, бошқарув ходимлари учун 3 йиллик иш стажи. Бунда комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги иш стажига устуворлик берилади;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ўқув курсларидан ўтганлик тўғрисида сертификатга эга бўлиш. Сертификатга эга бўлган мутахассислар Агентликда юритиладиган ички назорат бўлинмаларига номзодлар захирасига киритилади.
4-боб. Ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш ҳамда уларни интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини келишиш
7. Ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлашни Агентлик билан келишиш бўш лавозимларга муқобиллик асосида, очиқ ва шаффоф танловлар орқали юқори малака ва иш тажрибаси ҳамда касбий профессионал компетенцияларга эга бўлган, энг муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш мақсадида амалга оширилади.
Ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимдан озод этишни Агентлик билан келишиш ушбу бўлинмаларнинг мустақиллигини ва холисликни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
8. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан танлов босқичларининг бошланиши ва натижалари тўғрисида Агентликка маълумот тақдим этиб борилади.
Бунда номзодларнинг умумий малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади. Танлов ўтказилиш куни ва вақти тўғрисида Агентлик танлов бошланишидан камида 3 кун олдин хабардор қилинади.
9. Давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 июндаги ПФ-95-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга, ушбу Намунавий низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида ички назорат бўлинма раҳбарлари Агентлик билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади ҳамда танлов натижалари бўйича комиссия хулосаси Агентлик билан келишилади.
10. Ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларини лавозимдан озод қилиш масаласи Агентлик билан келишилади.
Бунда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан Агентликка ички назорат бўлинмаси раҳбари ва ходимини лавозимдан озод қилиш ҳақида тақдимнома юборилади. Тақдимномада ходимни лавозимидан озод қилиш сабаблари, мотивлари кўрсатилади ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар (ходимнинг аризаси, ички меҳнат тартиби қоидаларини бузганлигига оид маълумотлар ва бошқалар) илова қилинади.
11. Агентлик томонидан ички назорат бўлинмаси раҳбари ва ходимини лавозимидан озод этиш сабаблари, мотивлари етарли эмас деб ҳисобланган тақдирда, шу жумладан уларнинг таъқиб қилинаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлса, ушбу масалада ички назорат бўлинмаси раҳбари ва ходими билан суҳбат ўтказилади.
12. Қуйидагилар ички назорат бўлинмаси раҳбари ва ходимини лавозимидан озод қилиш масаласини Агентлик томонидан келишишни рад этиш учун асос бўлади:
лавозимдан озод этиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;
ўз зиммасига юклатилган вазифа ва мажбуриятлар доирасидан ташқари вазифаларни бажармаганлиги ёки ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда.
13. Тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, тегишли давлат органи ва ташкилотига ички назорат бўлинмаси масъул ходимини лавозимдан озод қилишни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат юборилади.
14. Ички назорат бўлинмаларининг ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш масаласи Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Бунда давлат органи ёки ташкилот раҳбари томонидан ички назорат бўлинмаларининг ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Агентликка тақдимнома киритилади.
15. Тақдимномада қуйидагилар кўрсатилади:
интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган ҳолатлар ва уларнинг тавсифи;
аниқланган қоидабузарлик ёки камчиликлар бўйича хизмат текшируви материаллари;
ходимнинг тушунтириш хати ёки уни тақдим этишдан бош тортганлиги тўғрисидаги далолатнома;
қўллаш таклиф этилаётган интизомий жазо тури.
16. Қуйидагилар ички назорат бўлинмаси раҳбари ва ходимини интизомий жавобгарликка тортиш масаласини Агентлик томонидан келишишни рад этиш учун асос бўлади:
интизомий жавобгарликка тортиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;
ўз зиммасига юклатилган вазифа ва мажбуриятлар доирасидан ташқари вазифаларни бажармаганлиги ёки ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда;
интизомий жазо тури амалдаги қонунчиликка зид бўлса.
17. Тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, тегишли давлат органи ва ташкилотига ички назорат бўлинмаси масъул ходимини интизомий жавобгарликка тортишни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат юборилади.
5-боб. Ички назорат бўлинмалари раҳбар ва ходимлари фаолиятига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини қўллаш
18. Ички назорат бўлинмаларининг раҳбар ва ходимлари фаолиятига нисбатан самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) қўлланилмайди.
Бунда самарадорлик кўрсаткичларидан (KPI) келиб чиқадиган устамалар тегишли лавозим учун белгиланган максимал миқдорда татбиқ этилади.
19. Ички назорат бўлинмаларининг раҳбар ва ходимлари фаолиятига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) пасайтириш масалалари Агентлик розилиги билан амалга оширилади.
20. Давлат органи ёки ташкилот раҳбари томонидан ички назорат бўлинмаси раҳбар ва ходимларига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини (КПИ) пасайтириш бўйича Агентликка тақдимнома киритилади.
21. Самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) пасайтиришга қуйидагилар асос бўлади.
ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этилмаганлиги;
хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаслик ёки интизомий жазо қўлланилганлиги;
коррупцияга қарши ички назорат тизими тўлиқ жорий этилмаганлиги ёки самарали фаолият юритмаётганлиги;
коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилмаганлиги.
22. Давлат органи ёки ташкилот томонидан тақдим этилган асослантирувчи ҳужжатлар Агентлик томонидан улар берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, ички назорат бўлинмаси раҳбар ва ходимларига нисбатан самарадорлик кўрсаткичларини пасайтиришни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат тақдим этилади.
6-боб. Ички назорат бўлинмаларининг вазифа ва функциялари
23. Ички назорат бўлинмаларининг асосий мақсади давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида (бундан буён матнда ташкилот тизими деб юритилади) коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2025 Коррупцияга қарши халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи, коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш ва ривожлантириш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, ташкилот тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, коррупцияга қарши профилактик чора-тадбирларни ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳужжатлар ижросини таъминлашдан иборат.
24. Қуйидагилар ички назорат бўлинмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий омилларни бартараф этиш, маиший коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, рақамлаштириш, бюрократияни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва якунлари бўйича аниқланган коррупциявий нормаларни бекор қилиш бўйича таклиф киритиш;
давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик чораларини кўриш, давлат харидлари бўйича превентив ўрганишларни амалга ошириш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан мунтазам равишда Агентликка электрон ҳисобот тақдим этиб бориш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни олиб бориш;
тегишли соҳа ва тармоқда коррупциявий хавф-хатарлар рўйхатини шакллантириш, уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, тасдиқланишини таъминлаш;
давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш имконини берувчи ситуацион марказлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритиш;
меҳнат жамоасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича ижобий тажрибаларни оммалаштириш ва жорий этиш юзасидан таклифлар киритиш.
25. Ички назорат бўлинмалари асосий вазифаларини амалга ошириш мақсадида қуйидаги функцияларни бажаради:
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун ташкилот раҳбарига киритади;
давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички идоравий ҳужжатларда аниқланган коррупциявий нормаларни бартараф қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ишлаб чиқиладиган коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳаларини ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш сиёсатига мослиги, мақбуллиги ва долзарблиги нуқтайи назаридан баҳолайди ва хулосалар беради;
давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш фаолиятини янада самарали ташкил этиш ва такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифларни Агентликка киритиб боради;
давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолайди, уларнинг натижалари бўйича аниқланган хавф-хатарларни камайтириш юзасидан чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқади ва ташкилотда коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлар рўйхатини яратади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўхшаш ҳуқуқбузарликлар содир этилиши эҳтимолини баҳолаш мақсадида давлат ҳокимиятининг бошқа органларида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг ҳолати ва йўналишлари ҳақида маълумот тўплайди;
махсус ахборот алоқа каналлари орқали ташкилот ходимлари томонидан коррупциявий хавф-хатарлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида келиб тушадиган мурожаатларни таҳлил қилади ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминлайди;
давлат органлари ва ташкилотларида юритиладиган хизмат текширувлари реестри ёки ўтказилган хизмат текширувларини рўйхатга оладиган бошқа тегишли ҳужжатда коррупция фактларига доир хизмат текширувлари бўйича маълумотларнинг тўғри ва тўлиқ акс эттириб борилишини назорат қилади;
давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини таҳлил қилишда ва ташкилот билан шартномавий муносабатларга (меҳнат муносабатлари бундан мустасно) киришган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахсларнинг ишончлилигини текшириш жараёнида иштирок этади;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича тушунтириш ва тавсиялар беради;
коррупция фактлари ҳақида хабар беришга мўлжалланган махсус ахборот алоқа каналларининг фаолият натижаларини таҳлил қилади ва таҳлилий материалларни ташкилот ходимларига етказади;
коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларида ташкилотга юклатилган вазифалар ижросини мониторинг қилади ва назоратини амалга оширади;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимининг ISO 37001:2025 Коррупцияга қарши халқаро стандарти талабларига мослигини таъминлайди;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув режаларининг коррупцияга қарши нормаларга оид қисмини ишлаб чиқишда иштирок этади;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, шу жумладан коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлардаги ходимлар учун коррупциянинг олдини олиш бўйича ўқув материалларини ишлаб чиқади;
ўқув режага мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тренингларнинг ўтказилишини ҳамда уларда ходимларнинг иштирок этишини назорат қилади;
давлат органлари ва ташкилотлари тизими ходимлари ва фуқаролар ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирларида иштирок этади;
давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтидаги «Коррупцияга қарши курашиш» бўлими ҳамда ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига жойлаштирилган маълумотларнинг янгиланиб борилишини таъминлайди;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги ходимлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва ташкилотнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилади;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги коррупциявий хатти-ҳаракатлар бўйича хизмат текширувларини ўтказиш ташаббусини илгари суради ва унда иштирок этади;
одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича қабул қилинган қарорларнинг холислиги ва мақбуллигини текширади;
амалга оширилган мониторинг, хизмат текширувлари ва назорат тадбирлари натижалари бўйича коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги коррупцияга қарши курашишга масъул тузилма (шахс)лар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш бўйича ишларни ташкил этиш ва ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган конференциялар, учрашувлар, семинарлар, танловлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти унинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатларига ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан текширувлар ўтказади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятидаги коррупциявий ҳолатларни ва хавф-хатарларни аниқлаш мақсадида аҳоли ва ходимлар орасида сўровлар ўтказади;
коррупцияга қарши курашишга оид талаб ва нормаларнинг бузилиши масалалари бўйича интизомий жавобгарликка тортилаётган шахсларга жазо чораларининг мутаносиблиги ва етарлилигини назорат қилади;
коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкилотда коррупция фактлари юзасидан ўтказилган хизмат текширувлари натижалари ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади;
ҳар ойда, кейинги ойнинг биринчи ўн кунлигида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ва чора-тадбирлар тўғрисидаги ойлик ҳисоботни Агентликка ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари биринчи раҳбарига тақдим этади;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;
қонунчилик ҳужжатлари билан ташкилот зиммасига юклатилган коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифаларга мувофиқ хорижий давлатларнинг ваколатли органларига зарур ахборотни тақдим этиш тўғрисида сўровлар юборади ва уларнинг сўровларига жавоб беришда иштирок этади;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш юзасидан хорижий мутахассисларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
коррупциявий хатти-ҳаракатларни бартараф қилиш ёки коррупциявий жиноятларни тергов қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилади;
ўз ваколати доирасидаги йирик инвестиция лойиҳаларни тўғридан-тўғри экспертиза қилади ва баҳолайди;
ички аудит хизмати билан биргаликда асосий воситалар бўйича давлат харидининг қонунийлигини ўрганади ва тегишли ёзма хулосаларини харид комиссиясига тақдим этади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан барча турдаги ички буйруқ ва қарорларни шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор, Фармон ва фармойишлари билан ташкил этилган комиссия ва кенгашларнинг баённомаларини «E-qaror» тизими орқали қабул қилинишини (тизимда эълон қилинишини) назорат қилиб боради;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ функцияларни амалга оширишда бюрократик ҳолатлар ва коррупциявий омилларни аниқлайди;
давлат хизматларини кўрсатиш соҳа ва тизимда мавжуд бюрократик тўсиқлар ва коррупциявий омиллар бўйича ахборот-таҳлилий маълумотлар тайёрлайди, коррупциявий омилларни бартараф этиш, шу жумладан соҳада рақамлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тақдим этади;
давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш имконини берувчи ситуацион марказлар фаолиятини ташкил этади ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда экспертиза якунлари бўйича аниқланган коррупцияни келтириб чиқарувчи омилни бартараф этиш чораларини кўради ёки бекор қилиш бўйича давлат органлари ёки ташкилотлари раҳбарига таклиф киритади.
26. Ички назорат бўлинмалари ходимлари зиммасига уларнинг вазифаларидан келиб чиқмайдиган топшириқлар юклатилишига йўл қўйилмайди.
27. Ички назорат бўлинмалари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда Агентликка бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор ҳисобланади.
28. Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ва улар ходимларининг вазифалари, функциялари Агентлик билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан тасдиқланади.
7-боб. Ички назорат бўлинмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
29. Ички назорат бўлинмалари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзи фаолият юритаётган ташкилот ходимларидан уларнинг ваколатига кирувчи масалалар юзасидан таҳлилий материалларни, хулосаларни, статистик ва бошқа маълумотларни сўраб олиш;
хизмат мажбуриятларини бажариш доирасида ташкилот ходимларидан зарур ёрдам сўраш ва олиш;
давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари фаолиятида аниқланган коррупциявий ҳуқуқбузарликлар юзасидан хизмат текширувларини ўтказиш;
давлат органлари ва ташкилотлари раҳбариятига коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;
ўз фаолияти ва ваколати доирасида ташкилот тизими ходимларига ёзма кўрсатмалар, топшириқ ва тавсиялар бериш;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга оид мажлисларида иштирок этиш;
текширувлар ўтказиш, ҳужжатларни талаб қилиш ва ходимлардан ёзма тушунтиришлар олиш.
30. Ички назорат бўлинмалари қуйидаги мажбуриятларга эга:
ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан зиммасига юклатилган вазифаларни зарур даражада ва самарали бажариш;
қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш ва ўз ваколат доирасидан четга чиқмаслик;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимида жиноят аломатлари, хусусан коррупция ҳолатлари аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи орган, Агентлик ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш;
давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, одоб-ахлоқ қоидаларининг коррупцияга оид қисмининг бузилганлиги факти юзасидан ташкилот раҳбариятига маълумотномалар киритиш;
ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг биринчи ўн кунлигида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ва чора-тадбирлар тўғрисидаги ойлик ҳисоботни Агентликка ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарига тақдим этиш.
31. Ички назорат бўлинмалари ходимлари коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи ходимларга мўлжалланган ўқув курслари ёки махсус семинар-тренингларда иштирок этади. Ўқув курслари ёки махсус семинар-тренинглар ташкилот ёхуд Агентлик томонидан ташкил этилиши мумкин.
8-боб. Якуний қоида
32. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига асосан жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2026 йил 28 мартдаги 84-сон буйруғига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2021 йил 6 сентябрдаги 27-сон «Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3319, 2021 йил 8 сентябрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.09.2021 й., 10/21/3319/0856-сон).
2. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2025 йил 11 апрелдаги 69-сон «Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3619, 2025 йил 23 апрель) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.05.2025 й., 10/25/3619/0399-сон) илованинг 1-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.05.2026 й., 10/26/3829/0468-сон)