ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Баҳоловчи ва риэлторлар малака сертификатини, баҳоловчи тоифа гувоҳномасини ҳамда суд бошқарувчиси малака аттестатини бериш тартибларини тасдиқлаш ҳақида
Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш юкини камайтириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва ўзини ўзи бошқариш механизмини ривожлантириш орқали соҳалардаги профессионал жамоат бирлашмалари томонидан малака сертификатларини (аттестатларини) бериш шаффофлигини таъминлайдиган замонавий тизимни жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-78-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Риэлторларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
Суд бошқарувчилари малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки:
малака имтиҳонини мазкур қарор билан белгиланган тартибга мувофиқ имтиҳон ўтказиш учун тегишли соҳадаги жамоат бирлашмалари биргаликда имтиҳон марказларини ташкил этиши ёки ихтисослаштирилган юридик шахсларни шартнома (аутсорсинг) асосида жалб қилиши мумкин;
малака имтиҳонининг ташкил этилиши, тавсия этилган материаллар ва ўқув дастурлари, шунингдек, тест саволлари ва уларнинг жавоблари, малака имтиҳонлари натижалари тўғрисидаги маълумотлар соҳадаги жамоат бирлашмалари ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади;
Малака сертификатлари (аттестатлари) ва тоифага эга баҳоловчилар реестрлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан электрон шаклда юритилади;
малака имтиҳонини ўтказувчи ҳамда тоифа бериш бўйича комиссиялар иши ҳақида ахборот, баҳоловчилар, риэлторлар ва суд бошқарувчиларининг малака сертификатларининг (аттестатларининг) амал қилиши тўхтатилгани, тугатилгани ёки бекор қилингани тўғрисида маълумотлар соҳадаги жамоат бирлашмалари ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтларида мунтазам жойлаштирилади.
3. Давлат активларини бошқариш агентлиги:
соҳадаги жамоат бирлашмаларига малака имтиҳонини ўтказишга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича техник ва услубий ёрдам кўрсатилишини, шу жумладан, амалдаги имтиҳон ўтказиш электрон платформаси беғараз ўтказиб берилишини;
республиканинг барча ҳудудларида экстерриториаллик тамойили асосида малака имтиҳони ўтказилишини ташкил этиш ва талабгорларнинг малакасини ошириш мақсадида соҳадаги жамоат бирлашмалари билан биргаликда халқаро стандартлар ва дастурларга мос келадиган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва янгилаб боришни;
соҳадаги жамоат бирлашмалари билан биргаликда халқаро стандартлар тамойиллари асосида бозор конъюнктурасини ҳисобга олишни таъминлайдиган соҳага оид миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва янгилаб боришни таъминласин.
4. Соҳадаги жамоат бирлашмалари Давлат активларини бошқариш агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланган Низомларга мувофиқ хизматларнинг Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали кўрсатилишини таъминласин;
ЯИДХПда хизматлар кўрсатилишининг ҳар қандай босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;
хизматларни кўрсатиш учун зарур ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкаларини тасдиқласин.
5. Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой муддатда баҳоловчилар, риэлторлар ва суд бошқарувчиларига берилган QR-кодли сертификатнинг (аттестатнинг) амал қилиш муддати тугаганлиги ёки амал қилиши тўхтатилгани ёхуд бекор қилинганлигини ушбу сертификатнинг (аттестатнинг) QR-кодини текшириш (сканер қилиш) орқали аниқлаш тизимини жорий этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 декабрь,
838-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарорига
1-ИЛОВА
Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари томонидан жисмоний шахсларга баҳоловчининг малака сертификатини бериш учун малака имтиҳонини ўтказиш, баҳоловчининг малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари — камида элликта баҳоловчи ташкилотнинг аъзолигига асосланган, баҳоловчиларнинг профессионал даражасини оширишга ва сақлаб туришга кўмаклашиш, уларнинг профессионал манфаатларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, судларда ҳимоя қилиш мақсадида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар (кейинги ўринларда — жамоат бирлашмалари);
баҳоловчи — белгиланган тартибда жамоат бирлашмалари томонидан берилган баҳоловчи малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;
ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;
электрон тизим — малака комиссияси томонидан талабгорлардан келиб тушадиган аризаларни қабул қилувчи, малака сертификатини берувчи ва жамоат бирлашмалари ҳамда ваколатли давлат органи ўртасида интеграция қилинган махсус электрон тизим;
имтиҳон ташкилотчиси — Кенгаш қарори асосида жамоат бирлашмалари томонидан аутсорсингни ўтказиш бўйича очиқ танлов натижаларига кўра тайинланадиган, малака сертификатини олиш учун ариза берувчиларни компьютер тестларидан ўтказиш имкониятига эга бўлган юридик шахс;
Кенгаш — малака комиссиясини тасдиқловчи ва унинг ишини белгиловчи, баҳолаш фаолияти соҳасидаги камида иккита жамоат бирлашмаларидан таркиб топган идоралараро ишчи орган;
малака сертификати — жамоат бирлашмаси томонидан берилган ҳамда жисмоний шахсга, агар у баҳоловчи ташкилотнинг масъул ходими бўлса ёки у баҳоловчи ташкилот билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган бўлса, мулкни баҳолаш ҳуқуқини берадиган сертификат;
малака имтиҳони — талабгорнинг билим даражаси баҳоловчига қўйилган талабларга мос келишини текширишга йўналтирилган, малака имтиҳони комиссияси томонидан тест синови шаклида, шу жумладан, экстерриториал тамойил асосида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган имтиҳон;
малака комиссияси — малака имтиҳонини ўтказишда ва малака сертификатини беришда жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи вакиллардан таркиб топган, Кенгаш томонидан тасдиқланган ва унинг ишчи органи ҳисобланган комиссия;
малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш — малака сертификатининг амал қилиши 5 йил ўтгандан сўнг узайтирилиши;
малака сертификатини қайта расмийлаштириш — малака сертификатига эга шахснинг паспорт маълумотлари (серияси, рақами, идентификацияловчи ID-картаси серияси, рақами, агар мавжуд бўлса) ўзгарганда қайта расмийлаштирилиши;
малака сертификатини бекор қилиш — малака сертификатини берилган кундан бошлаб юридик кучининг тўлиқ бекор қилиниши ва мазкур сертификат билан боғлиқ барча ҳуқуқ ва ваколатлар тугатилиши;
малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш — малака сертификатининг юридик кучи вақтинча тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатлар бартараф этилгунга қадар, лекин 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши;
малака сертификатининг амал қилишини тугатиш — малака сертификатини бериш шартларининг бузилиши ёки мазкур Низомда назарда тутилган асослар бўйича талабгор малака сертификатининг юридик кучини йўқотилиши;
Малака сертификатлари реестри (кейинги ўринларда — Реестр) — ваколатли давлат органи томонидан шакллантириладиган ва унинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган малака сертификатига эга баҳоловчилар ҳақидаги ахборотни тўплаш, ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш имконини берувчи ягона ахборот тизими;
махсус ўқиганлик ҳақида сертификат — баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчиларнинг профессионал жамоат бирлашмалари таклифларини ҳисобга олган ҳолда, ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича баҳоловчи баҳоловчиларни тайёрлаш марказида махсус ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
талабгор — малака сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга даъвогар жисмоний шахс;
халқаро сертификат — Қироллик дипломига эга баҳоловчилар институти сертификати (Royal Institution of Chartered Surveyors — RICS), Европа баҳоловчилар уюшмалари гуруҳи сертификати (The European Group of Valuers Associations — TEGoVA).
3. Талабгорларга малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини узайтириш, қайта расмийлаштириш хизматлари (кейинги ўринларда — хизмат) Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказ) ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали малака сертификатини беришга масъул бўлган малака комиссияси томонидан кўрсатилади.
4. Имтиҳон ташкилотчиси қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган бўлиши, замонавий ўқув талабларига жавоб бериши, шунингдек, зарур техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши лозим.
5. Кенгаш:
малака имтиҳонини ўтказишни ташкил қилади, шунингдек, ўзининг расмий веб-сайтига малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи, тавсия этилган материаллар ва ўқув дастурлари, тест саволлари ва уларнинг жавоблари, малака имтиҳонлари натижалари тўғрисидаги ахборотларни жойлаштиради;
имтиҳон ташкилотчиси билан малака имтиҳонини ўтказиш бўйича аутсорсинг шартномаси тузади;
малака комиссиясини тасдиқлайди;
тест саволлари вариантлари ва уларнинг жавобларини баҳоловчиларни тайёрлаш бўйича ўқув марказларининг таклифларини инобатга ва ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда, баҳоловчилар учун ўқув дастури асосида ишлаб чиқади ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ янгилаб боради;
тест синовларини ўтказиш ва имтиҳон ташкилотчисини танлаш шартлари, талаблари ва тартибини ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда тасдиқлайди;
республиканинг барча ҳудудларида малака имтиҳонлари ўтказилишини ва уларда иштирок этиш имкониятини таъминлайди;
талабгорларнинг аризаларини белгиланган тартибда кўриб чиқади ёки кўриб чиқишни рад этади.
Кенгаш фаолияти жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланган регламент асосида амалга оширилади.
6. Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир баҳоловчи малака сертификати олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили баҳоловчи ташкилотлар ҳамда баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмаларининг таклифлари ҳисобга олинган ҳолда, ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган малака ошириш дастурлари бўйича камида 40 соатлик малака ошириш курсларида ўқиши шарт.
Халқаро сертификатига эга бўлган жисмоний шахс ўз танловига кўра намунавий дастур бўйича ёки халқаро сертификат дастури доирасида малака ошириш курсларидан бирида ўқиши мумкин.
2-боб. Малака имтиҳонини ўтказиш тартиби
7. Баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
8. Талабгор хизматдан фойдаланиш учун Марказга ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими талабгор номидан ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда — талабгор мустақил равишда мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради ва унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
баҳоловчиларни тайёрлаш марказларида махсус ўқув курсини тугатгани тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси;
баҳоловчининг халқаро сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади, агар мавжуд бўлса);
нотариал тасдиқланган ишончнома (агар учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилинаётган бўлса).
Талабгордан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
9. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
10. Мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан ваколатли давлат органига Марказ ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади. Илова қилинадиган ҳужжатлар PDF, PNG ёки JPEG форматда бўлиши лозим.
11. Хизмат кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим ундирилади.
Сўровнома қабул қилингандан сўнг малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим тўланади.
Хизмат кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилган тақдирда, белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур бандда белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган йиғимнинг 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
(11-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан тўртинчи — олтинчи хатбошилар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўлангани Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
Йиғимлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
12. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Марказга ўзи келиб мурожаат этганда:
18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар — Кенгаш томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмаларининг тегишли ҳисобварағига тенг улушда тақсимланади;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;
11,75 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (жумладан 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар — Кенгаш таркиб топган жамоат бирлашмаларининг тегишли ҳисобварағига тенг улушларда тақсимланади.
Малака имтиҳонида иштирок этиш учун йиғимлар Кенгаш фаолияти юзасидан тузилган регламентга мувофиқ тақсимланиши мумкин.
13. Талабгордан сўровнома қабул қилингандан сўнг малака имтиҳонида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим имтиҳон ташкилотчисининг тегишли ҳисобварағига аутсорсинг шартномасида белгиланган миқдорда Кенгаш таркиб топган жамоат бирлашмалари томонидан тенг улушларда ўтказилади.
14. Талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
иқтисодий, юридик ёки техник йўналишда бакалавр ёки магистр маълумотига, баҳоловчи ёки баҳоловчининг ёрдамчиси лавозимида сўнгги 5 йилда камида 1 йил иш стажига эга бўлиши;
бошқа йўналишда олий маълумотга, сўнгги 5 йилда баҳоловчи ёки баҳоловчининг ёрдамчиси лавозимида камида 2 йил иш стажига эга бўлиши;
бунда хорижий давлатларда ўқиганини тасдиқловчи олий маълумот ёки илмий даража белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасида тан олинган нострификация қилинган тақдирда инобатга олинади;
ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда келишилган дастур бўйича ва баҳолаш ташкилотлари ҳамда баҳоловчилар профессионал бирлашмаларининг таклифлари ҳисобга олинган ҳолда, махсус ўқиганлиги ҳақида сертификатга эга бўлиши; «Баҳолаш иши: баҳолаш фаолияти ва риэлторлик (объектлар бўйича)» ёки «Кўчмас мулкни экспертиза қилиш ва бошқариш» мутахассислиги бўйича бакалавр ва магистр дипломига ёки баҳоловчининг халқаро сертификатига эга бўлган талабгор махсус ўқувдан ўтмасдан малака имтиҳонини топширишга ҳақли.
Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир баҳоловчи малака сертификати олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили баҳоловчи ташкилотлар ҳамда баҳоловчилар профессионал бирлашмаларининг таклифлари ҳисобга олинган ҳолда, ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган малака ошириш дастурлари бўйича камида 40 соатлик малака ошириш курсларида ўқийди.
15. Талабгор хизматлардан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор хизматлардан фойдаланишдан бош тортганда, уларнинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
16. Малака комиссияси сўровнома келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунида талабгорнинг малака имтиҳонида иштирокини тасдиқлайди ёки рад этади.
17. Мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёки тўлиқ ҳолда тақдим этилмаганда, талабгор малака имтиҳонида иштирок этмайди.
18. Талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиши рад этилганда, малака комиссияси томонидан рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда, уч иш куни ичида хабардор қилинади.
19. Талабгорга ҳужжатларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда ўн иш кун муддатда сўровномани қайта юбориш имконияти берилади. Бунда қайта юборилган сўровномани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.
Малака имтиҳонида иштирок этиш учун қайта киритилган сўровнома малака комиссияси томонидан уч иш куни муддатда кўриб чиқилади.
Талабгор томонидан ўн иш куни ўтгандан кейин мурожаат қилган тақдирда, мурожаат янги деб ҳисобланади ва талабгордан йиғим ундирилади.
20. Қуйидагилар талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиш тўғрисидаги сўровномасини рад этиш учун асос бўлади:
мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар талабга жавоб бермаганда;
ҳужжатларда ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилгани аниқланганда;
талабгор томонидан мазкур Низомнинг 19-бандида назарда тутилган муддатларга риоя этилмаганда.
Сўровноманинг бошқа сабабларга кўра рад этилиши тақиқланади.
21. Малака имтиҳонида иштирок этувчи талабгорларнинг рўйхати малака комиссияси томонидан тасдиқланади. Бунда малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, талабгорларнинг сўровномаларига асосан малака комиссияси назорати остида икки ойда камида бир марта ўтказилади.
22. Малака комиссияси ваколатли давлат органи ва Кенгаш томонидан камида етти нафар аъзодан, шу жумладан, комиссия раисидан иборат таркибда тузилади.
Малака комиссияси Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади ва унинг таркибига ваколатли давлат органининг икки нафар вакили ҳамда жамоат бирлашмаларининг камида икки нафар вакили киритилади.
Малака комиссияси раиси кенгаш аъзолари ва ваколатли давлат органи томонидан ҳар йили кўпчилик овоз билан жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари орасидан сайланади.
23. Малака комиссияси томонидан комиссия котиби этиб ваколатли давлат органи ходими белгиланади. Бунда комиссия котиби талабгорлардан келиб тушадиган аризаларни қабул қилиш, имтиҳон рўйхатини шакллантириш, малака имтиҳони натижаларига кўра баённома ва малака сертификатларини расмийлаштириш, реестрни юритиш учун масъул ҳисобланади.
24. Малака имтиҳонини ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар имтиҳон санасидан ўн беш кун олдин жамоат бирлашмалари, ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
25. Малака имтиҳонида иштирок этувчи талабгорлар рўйхати имтиҳон санасидан беш кун олдин жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
26. Имтиҳон ташкилотчиси малака имтиҳони тестларига рухсатсиз ёки тасодифан киришнинг олдини олади, тестларни йўқ қилиш, ўзгартириш, блокировка қилиш, улардан нусха кўчириш, тарқатишдан ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий ва техник чора-тадбирларни амалга оширади.
27. Талабгор томонидан малака имтиҳони вақтида ушбу Низомнинг 34-бандида кўрсатилган талаблар бузилгани ёки имтиҳон натижаларга таъсир қилувчи хатти-ҳаракатлар амалга оширгани аниқланганда, имтиҳон ташкилотчиси далолатнома тузади ва ушбу талабгорнинг имтиҳон натижалари малака комиссияси томонидан бекор қилинади.
28. Малака имтиҳонини топширишда талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) тақдим этади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар келмаган ҳисобланади ҳамда навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақида талабгор Марказ (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.
29. Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта малака имтиҳонини топшириш учун келмаса, талабгорга хизмат кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда малака имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.
Ҳужжатлар талабгор томонидан мазкур Низомда белгиланган умумий тартибда қайта топширилади.
30. Малака имтиҳони компьютерда топшириладиган тест синовлари орқали талабгорнинг танловига кўра ўзбек ёки рус тилида ўтказилади.
Малака имтиҳонини ўтказиш жараёнини имтиҳон ташкилотчиси узлуксиз равишда видеоёзувга (овозли) тушириш учун малака имтиҳонларини ташкил этган ҳолда, алоҳида тест хоналарини ажратади ҳамда уларни замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видео камера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминлаб, талабгорлар учун тегишли шарт-шароитлар яратади.
31. Ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида жамоат бирлашмалари ва имтиҳон ташкилотчисига малака имтиҳонларини ўтказишни ташкил этишда техник ва услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатади.
Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёнининг видеотасвири ваколатли давлат органида камида бир йил мобайнида сақланади.
32. Тест синовлари ўқув дастурининг барча бўлимларини акс эттирадиган камида 50 та саволдан иборат бўлади ҳамда умумий имтиҳон вақти давомийлиги эллик дақиқани ташкил этади.
33. Талабгорнинг тўғри жавоблари малака имтиҳонидаги тест саволлари сонининг камида 70 фоизини ташкил қилса, у малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.
34. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари ва йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
мобил алоқа ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
малака имтиҳони хонасидан ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан ташқарига чиққан шахслар қайта ичкарига киритилмайди).
Ушбу талабларни бузган талабгорлар белгиланган тартибда тест синови ўтказилаётган хонадан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.
Бегона шахсга малака имтиҳонида иштирок этишга рухсат берилмайди.
35. Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш учун малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг ушбу Низомда белгиланган тартибда малака имтиҳонидан ўтиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли. Мурожаат умумий тартибда кўриб чиқилади.
36. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорларга йиғим қайтариб берилмайди.
37. Малака имтиҳонини топшириш натижалари салбий баҳоланган талабгорнинг ҳужжатлари унга қайтарилмайди.
38. Малака имтиҳонининг натижалари малака имтиҳони ўтказилган кундан сўнг уч иш кунида малака комиссияси баённомаси билан тасдиқланади ҳамда жамоат бирлашмалари, ваколатли давлат органи ва имтиҳон ташкилотчисининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.
39. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгорлар томонидан берилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда комиссиянинг йиғилиш баённомалари беш йил мобайнида имтиҳон ташкилотчисида сақланади.
3-боб. Малака сертификатини расмийлаштириш, бериш ва Малака сертификатлари реестрини юритиш
40. Кенгаш таркибига кирган жамоат бирлашмалари QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган малака сертификатини расмийлаштиради ҳамда реал вақт режимида талабгорга ЯИДХП орқали юборади. Ушбу малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида юридик кучга эга.
41. Малака сертификати беш йил муддатга берилади ва унинг амал қилиш муддати беш йил муддатга узайтирилиши мумкин.
42. Малака сертификати мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва Реестрга тегишли ёзув киритилади.
43. Реестр ваколатли давлат органи томонидан юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
малака сертификати олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
шахсини тасдиқловчи (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлар ва яшаш манзили;
иш жойи;
малака сертификатининг ҳисобга олиш серияси, рақами ва берилган санаси;
малака сертификатининг амал қилиш муддати узайтирилгани, амал қилиши тўхтатилгани, тугатилгани, бекор қилингани ва қайта расмийлаштирилгани тўғрисида маълумотлар.
Реестр шакли ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади ва электрон шаклда юритилади.
44. Реестрга киритилган баҳоловчига тааллуқли шахсини тасдиқловчи (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлари ва яшаш манзили каби шахсий маълумотлардан ташқари барча маълумотлар танишиб чиқиш учун оммабоп бўлиб, ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
45. Марказ малака сертификати олингандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ҳамда талабгорни бу ҳақида хабардор қилади. Талабгорнинг сўровига кўра Марказ малака сертификатини электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин.
4-боб. Апелляцияни кўриб чиқиш
46. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз календарь кун ичида малака комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.
Малака комиссияси ўн иш куни ичида киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва белгилаган муддатда талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.
47. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан малака комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
имтиҳон натижаларини (ёзма равишда асосланган хат асосида) ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;
апелляцияни қаноатлантириш ва талабгор малака имтиҳонини топширган деб ҳисоблаш тўғрисида;
талабгорни такроран малака имтиҳонига қўйиш тўғрисида.
48. Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляция мазкур Низом талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.
49. Малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган талабгорнинг малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилгани ҳолатлари аниқланган тақдирда қабул қилинади.
50. Малака комиссияси томонидан апелляция берган талабгор учун малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий малака имтиҳони учун йиғим тўланмайди ва мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилади.
51. Талабгор такроран апелляция бериши мумкин эмас.
52. Малака комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга судга шикоят қилиниши мумкин.
5-боб. Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш
53. Малака сертификатида кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, талабгор малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун имтиҳон ташкилотчисига ўн иш куни ичида Марказ ёхуд ЯИДХП орқали электрон шаклда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
54. Малака сертификатини қайта расмийлаштиришда тўлов ундирилмайди.
55. Малака комиссияси талабгорнинг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда малака сертификатини қайта расмийлаштиради ва ушбу Низомнинг 40-бандида белгиланган тартибда талабгорга юборади, шунингдек, бу тўғрисидаги маълумотни жамоат бирлашмалари, имтиҳон ташкилотчиси ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларига жойлаштиради.
56. Ваколатли давлат органи малака сертификатини қайта расмийлаштиришда Реестрга тегишли ўзгартиришлар киритади.
57. Малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун талабгордан қайта имтиҳондан ўтиш талаб қилинмайди.
Амал қилиш муддати чекланган малака сертификатини қайта расмийлаштиришда илгари берилган малака сертификатининг амал қилиш муддати ўзгармайди
58. Малака сертификати чекланган муддатга берилганда, талабгор малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашига қадар имтиҳон ташкилотчисига Марказга бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали унинг муддатини узайтириш учун мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
59. Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Хизмат кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур бандда белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган йиғимнинг 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
(59-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан учинчи — бешинчи хатбошилар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Хизмат кўрсатилгани учун йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
60. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда, сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, беш иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имконияти берилади.
Тўловлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
61. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор уни тасдиқлангандан сўнг мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада имтиҳон ташкилотчисига электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда имтиҳон ташкилотчисига юборилади.
62. Малака сертификати муддати мазкур Низомнинг 58-бандида белгиланган талабларга риоя этилганда ва баҳоловчилар малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда узайтирилади.
Бунда сўровномани кўриб чиқиш ва малака имтиҳонини ўтказиш мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.
63. Малака сертификати қайта расмийлаштирилганда ва муддати узайтирилганда Реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.
6-боб. Малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартиби
64. Малака сертификатининг амал қилишини малака комиссияси хулосасига асосан тўхтатиб туриш учун қуйидагилар асос бўлади:
талабгорнинг аризаси;
талабгор ўз фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари ёки малака сертификати талабларини бузганда;
талабгор томонидан ваколатли давлат органининг ўз зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи кўрсатма бажарилмаганда;
баҳоловчи томонидан тайёрланган баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан ўтказилган экспертиза натижаларига ёки судларнинг сўровномаларига кўра баҳсли вазиятларда баҳоланадиган объектларнинг баҳолаш бўйича материалларини экспертизадан ўтказиш бўйича эксперт комиссиясининг қарорига асосан йил давомида биринчи марта ишончли эмас деб топилганда;
олий ва биринчи тоифали баҳоловчилар томонидан амалга оширилган экспертиза хулосалари юзасидан маълумотлар Экспертиза хулосаларининг ягона реестрига киритилмаган бўлса.
Баҳоловчининг малака сертификатининг амал қилиши тўхтатилган талабгор баҳоловчиларни тайёрлаш дастури бўйича умумий ўқув курсларида қайта таълим олгандан сўнг малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолат бартараф этилди деб ҳисобланади.
65. Малака сертификатининг амал қилиши малака комиссияси хулосасига асосан ваколатли давлат органи томонидан тўхтатиб турилади. Малака сертификатининг амал қилиши ваколатли давлат органи томонидан олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Талабгор ушбу Низомнинг 64-бандида назарда тутилган малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни ваколатли давлат органи белгилаган муддатда бартараф этмаганда, ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.
66. Ваколатли давлат органининг малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори бўйича бир иш куни ичида талабгор хабардор қилинади ва малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилгани ҳақида Реестрга тегишли ёзув киритилади.
67. Ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг талабгор томонидан бартараф этилиши учун етарли, аммо беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаган муддат беради.
68. Камчиликлар бартараф этилгани тўғрисидаги маълумот тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида ваколатли давлат органи маълумотларни ўрганиши лозим.
Ўрганишлар натижасида малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар талабгор томонидан бартараф этилгани аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи бир иш куни ичида камчиликлар бартараф этилгани тўғрисида талабгорни хабардор қилади.
69. Малака сертификатининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда ваколатли давлат органининг қарорига биноан тугатилади:
талабгор малака сертификатининг амал қилишини тугатиш бўйича мурожаат қилганда;
малака сертификатини бериш тартиби бекор қилинганда;
малака сертификатининг амал қилиш муддати тамом бўлганда;
талабгорнинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
талабгор вафот этганда;
талабгор томонидан ваколатли давлат органига малака сертификатининг амал қилишини бир йилгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат берилиб, мазкур муддат давомида малака сертификатининг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида ваколатли давлат органига мурожаат қилинмаган тақдирда.
70. Ваколатли давлат органи қуйидаги ҳолларда малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилади:
талабгор малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни ваколатли давлат органи белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
талабгор малака сертификати ёки унга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
Малака сертификати амал қилишининг тугатилишига асос бўладиган қўпол қоидабузарликларга қуйидагилар киради:
баҳолаш давомида олинган маълумотларни мулкдор ёки баҳолаш буюртмачисининг рухсатисиз баҳоловчи томонидан учинчи шахсларга бериш, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
молия-хўжалик муносабатлари соҳасида муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутувчи қонуний кучга кирган суд ҳукми;
фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарори;
баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолашда мустақилликни таъминламаслик;
бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни ҳамда эксперт хулосасини нотўғри тузиш;
баҳолаш ишларини ўтказишда олинган махфий ахборотни мулкдор ёки баҳолаш буюртмачисининг рухсатисиз ошкор қилиш, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
71. Малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорнинг қонунга хилофлиги ёки малака сертификати қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани аниқланганда, ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади.
72. Ваколатли давлат органининг малака сертификатини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори ёхуд малака сертификатини тугатиш ёки бекор қилиш бўйича судга даъво киритилганда, талабгор иш материаллари билан танишишга ҳамда улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, илтимосномалар тақдим этишга ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.
73. Ваколатли давлат органининг ёки суднинг малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори ҳақида бир иш куни ичида талабгор хабардор қилинади ва Реестрга тегишли ёзув киритилади.
Малака сертификатининг амал қилиш тугатилганда ёки бекор қилинганда, талабгор малака сертификатини олиш бир йилдан сўнг ушбу Низомга асосан умумий тартибда мурожаат қилиши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоидалар
74. Жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
Ваколатли давлат органи ушбу Низом талаблари ижроси таъминланишини доимий назорат қилади ва мониторинг юритади.
75. Талабгор жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
76. Ушбу Низомнинг талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Баҳоловчининг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Талабгор

Малака сертификатини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Сўровнома шаклини тўлдириб, имтиҳон ташкилотчисига юборади.

Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ўн дақиқада

ЯИДХП

2. Тўлдирилган сўровномани автоматик тарзда имтиҳон ташкилотчисига юборади.

Реал вақт режимида

3-босқич

Малака имтиҳони ташкилотчиси

1. Ариза тушгандан сўнг малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

уч иш куни муддатда

2. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхати ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

Имтиҳон санасидан беш кун олдин

4-босқич

Малака имтиҳони ташкилотчиси

Малака имтиҳони натижалари тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг малака сертификатини QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди, Давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.

Реал вақт режимида

5-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Малака сертификатини талабгорнинг электрон манзилига юборади, бу ҳақида талабгорни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

ўн дақиқада

2. Талабгор ўзи келиб мурожаат қилганда, рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклида талабгорга тақдим этади.

Талабгор сўровига кўра

Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Баҳоловчининг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича

СЎРОВНОМА

__________________

______ (санаси)

__________________

(рақами)

1. Ф.И.О.

2. Паспорт маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, агар мавжуд бўлса)

3. Маълумоти (олий таълим муассасаси номи, факультет)

3.1. Тамомлаган йили, диплом рақами

3.2. Диплом бўйича мутахассислиги

4. Баҳоловчиларни ўқитиш марказлари махсус ўқув курсининг сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади)

5. Иш жойи ва эгаллаб турган лавозими

6. Баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмаларига аъзолиги

7. Баҳоловчининг халқаро сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади, агар мавжуд бўлса)

8. Манзили

9. Мобил телефони, электрон почта манзили (e-mail)

10. Баҳоловчининг малака сертификатини олиш учун, малака имтиҳонини топшириш учун

11. Баҳоловчининг малака сертификати амал қилиш муддатини узайтириш, малака имтиҳонини топшириш учун

12. Баҳоловчининг малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун*

* Қайта расмийлаштириш учун малака имтиҳонини топшириш талаб этилмайди.
Баҳоловчиларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси

Ўзбекистон Баҳоловчилар жамияти

Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамиятининг

_________________-сон

БАҲОЛОВЧИ МАЛАКА СЕРТИФИКАТИ

Фото

Тошкент ш.

(берилган вақти)

Малака имтиҳони комиссияси томонидан

___________________________________________________________________________

(кимга — баҳоловчининг малака сертификатини олган шахснинг Ф.И.О.)

Паспорт маълумотлари: _______________________________________________________

20__ йил __ ____________даги малака имтиҳони комиссияси қарорига асосан баҳоловчининг малака сертификати 20__ йил __ __________дан 20__ йил __ ___________гача муддатга берилди.

__________________________________

______________

QR-код

Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси раиси Ф.И.О.

имзо

__________________________________

______________

QR-код

Ўзбекистон Баҳоловчилар жамияти раиси Ф.И.О.

имзо

__________________________________

______________

QR-код

Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти раиси Ф.И.О.

имзо

Баҳоловчи малака сертификатининг амал қилиш муддати 20___ йил ___ ___________дан 20__ йил ___ _______________гача узайтирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарорига
2-ИЛОВА
Риэлторларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари томонидан жисмоний шахсларга малака сертификатини бериш учун малака имтиҳонини ўтказиш ва малака сертификатини бериш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;
электрон тизим — малака комиссияси томонидан талабгорлардан келиб тушадиган аризаларни қабул қилувчи, малака сертификатини берувчи ва жамоат бирлашмалари ҳамда ваколатли давлат органи ўртасида интеграция қилинган махсус электрон тизим;
имтиҳон ташкилотчиси — Кенгаш қарори асосида жамоат бирлашмалари томонидан аутсорсингни ўтказиш бўйича очиқ танлов натижаларига кўра тайинланадиган, малака сертификатини олиш учун ариза берувчиларни компьютер тестларидан ўтказиш имкониятига эга бўлган юридик шахс;
Кенгаш — малака комиссиясини тасдиқловчи ва унинг ишини белгиловчи, риэлторлик фаолияти соҳасидаги камида иккита профессионал жамоат бирлашмаларидан таркиб топган идоралараро ишчи орган;
малака сертификати — жамоат бирлашмаси томонидан берилган ҳамда жисмоний шахснинг риэлторлик фаолияти соҳасида риэлторлик хизматларини кўрсатиш (ишларни бажариш) ҳуқуқини берадиган ҳужжат;
малака имтиҳони — талабгорнинг билим даражаси риэлторга қўйилган талабларга мос келишини текширишга йўналтирилган, малака имтиҳони комиссияси томонидан тест синови шаклида, шу жумладан, экстерриториал тамойил асосида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган имтиҳон;
малака комиссияси — малака имтиҳонини ўтказишда жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи вакиллардан таркиб топган Кенгаш томонидан тасдиқланган комиссия;
малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш — малака сертификатининг амал қилиши 5 йил ўтгандан сўнг узайтирилиши;
малака сертификатини қайта расмийлаштириш — малака сертификатига эга шахснинг паспорт маълумотлари (серияси, рақами, идентификацияловчи ID-картаси серияси, рақами, агар мавжуд бўлса) ўзгарганда қайта расмийлаштирилиши;
малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш — малака сертификатининг юридик кучи вақтинча тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатлар бартараф этилгунга қадар, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши;
малака сертификатининг амал қилишини тугатиш — малака сертификатини бериш шартларининг бузилиши ёки мазкур Низомда назарда тутилган асослар бўйича талабгор малака сертификатининг юридик кучи йўқотилиши;
малака сертификатини бекор қилиш — малака сертификатининг берилган кундан бошлаб юридик кучи тўлиқ бекор қилиниши ва мазкур сертификат билан боғлиқ барча ҳуқуқ ва ваколатлар тугатилиши;
Малака сертификати реестри (кейинги ўринларда — Реестр) — ваколатли давлат органи томонидан шакллантириладиган ва унинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган малака сертификатига эга риэлторлар ҳақидаги ахборотни тўплаш, ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш имконини берувчи ягона ахборот тизими;
махсус ўқиганлик ҳақида сертификат — риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлик фаолияти соҳасидаги риэлторлик ташкилотларининг жамоат бирлашмалари таклифларини ҳисобга олган ҳолда, ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган 60 соатдан кам бўлмаган дастур бўйича риэлтор риэлторларни тайёрлаш марказида махсус ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ва камида элликта риэлторлик ташкилотининг ва риэлторнинг аъзолигига асосланган жамоат бирлашмаси;
риэлтор — жамоат бирлашмалари томонидан белгиланган тартибда берилган риэлторнинг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;
талабгор — малака сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга даъвогар жисмоний шахс;
халқаро сертификат — «Сертификатланган тижорат кўчмас мулк ва инвестициялар бўйича мутахассис (CCIM Certifiyed Commercial Investment Member)», «Сертификатланган уй-жой бўйича мутахассис (CRS (Certifiyed Residential Specialist)», «Халқаро мулк бўйича сертификатланган мутахассис CIPS (Certifiyed International Property Specialist)», «Халқаро кўчмас мулк бўйича мутахассис (FIREC FIABCI International Real Estate Consultant)», «Сертификатланган глобал кўчмас мулк бўйича мутахассис (FCP FIABCI Certifiyed Global Real Estate Professional)» сертификатлари.
3. Талабгорларга малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини узайтириш, қайта расмийлаштириш хизматлари (кейинги ўринларда — хизмат) Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказ) ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали малака сертификатини беришга масъул бўлган малака комиссияси томонидан кўрсатилади.
4. Имтиҳон ташкилотчиси қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган бўлиши, замонавий ўқув талабларига жавоб бериши, шунингдек, зарур техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши лозим.
5. Кенгаш:
малака имтиҳонини ўтказишни ташкил қилади, шунингдек, ўзининг расмий веб-сайтига малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи, тавсия этилган материаллар ва ўқув дастурлари, тест саволлари ва уларнинг жавоблари, малака имтиҳонлари натижалари тўғрисидаги ахборотларни жойлаштиради;
имтиҳон ташкилотчиси билан малака имтиҳонини ўтказиш бўйича аутсорсинг шартномаси тузади;
малака комиссиясини тасдиқлайди;
тест саволлари вариантлари ва уларнинг жавобларини, риэлторларни тайёрлаш бўйича ўқув марказларининг таклифларини инобатга ва ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда, риэлторлар учун ўқув дастури асосида ишлаб чиқади ҳамда уларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ янгилаб боради;
тест синовларини ўтказиш ва имтиҳон ташкилотчисини танлаш шартлари, талаблар ва тартибини ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда тасдиқлайди;
республиканинг барча ҳудудларида малака имтиҳонлари ўтказилишини ва уларда иштирок этиш имкониятини таъминлайди;
талабгорларнинг аризаларини белгиланган тартибда кўриб чиқади ёки кўриб чиқишни рад этади.
Кенгаш фаолияти жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланган регламент асосида амалга оширилади.
6. Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир жисмоний шахс малака сертификати олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар уч йилда камида бир марта жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган малака ошириш дастурлари бўйича 20 соатдан кам бўлмаган ҳажмда малака ошириш курсларида ўқиши шарт.
Халқаро сертификат эгаси бўлган жисмоний шахс ўз танловига кўра намунавий дастур бўйича ёки халқаро сертификат дастури доирасида малака ошириш курсларидан бирида ўқиши мумкин.
2-боб. Малака имтиҳонини ўтказиш тартиби
7. Риэлторларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
8. Талабгор хизматдан фойдаланиш учун Марказга ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими талабгор номидан ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда — талабгор мустақил равишда мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради ва унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
риэлторларни тайёрлаш марказларида махсус ўқув курсини тугатганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси;
риэлторнинг халқаро сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади, агар мавжуд бўлса);
нотариал тасдиқланган ишончнома (агар учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилинаётган бўлса).
Талабгордан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
9. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Mobil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
10. Мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан ваколатли давлат органига Марказ ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади. Илова қилинадиган ҳужжатлар PDF, PNG ёки JPEG форматда бўлиши лозим.
11. Хизмат кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим ундирилади.
Сўровнома қабул қилингандан сўнг малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим тўланади.
Хизматни кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилган тақдирда, белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур бандда белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган йиғимнинг 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
(11-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан тўртинчи — олтинчи хатбошилар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўлангани Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
Йиғимлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
12. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Марказга ўзи келиб мурожаат этганда:
18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар — Кенгаш томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмаларининг тегишли ҳисобварағига тенг улушда тақсимланади;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;
11,75 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (жумладан 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар — Кенгаш таркиб топган жамоат бирлашмаларининг тегишли ҳисобварағига тенг улушларда тақсимланади.
Малака имтиҳонида иштирок этиш учун йиғимлар Кенгаш фаолияти юзасидан тузилган регламентга мувофиқ тақсимланиши мумкин.
13. Талабгордан сўровнома қабул қилингандан сўнг малака имтиҳонида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорига тенг бўлган йиғим имтиҳон ташкилотчисининг тегишли ҳисобварағига аутсорсинг шартномасида белгиланган миқдорда Кенгаш таркиб топган жамоат бирлашмалари томонидан тенг улушларда ўтказилади.
14. Талабгор хизматлардан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор хизматлардан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
15. Малака комиссияси сўровнома келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунида талабгорнинг малака имтиҳонида иштирокини тасдиқлайди ёки рад этади.
16. Мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёки тўлиқ ҳолда тақдим этилмаганда, талабгор малака имтиҳонида иштирок этмайди.
17. Талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиши рад этилганда, малака комиссияси томонидан рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда уч иш куни ичида хабардор қилинади.
18. Талабгорга ҳужжатларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда ўн иш кун муддатда сўровномани қайта юбориш имконияти берилади. Бунда қайта юборилган сўровномани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.
Малака имтиҳонида иштирок этиш қайта киритилган сўровнома малака комиссияси томонидан уч иш куни муддатда кўриб чиқилади.
Талабгор томонидан ўн иш куни ўтгандан кейин мурожаат қилган тақдирда, мурожаат янги деб ҳисобланади ва талабгордан йиғим ундирилади.
19. Қуйидагилар талабгорнинг малака имтиҳонида иштирок этиш тўғрисидаги сўровномасини рад этиш учун асос бўлади:
мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар талабга жавоб бермаганда;
ҳужжатларда ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилгани аниқланганда;
талабгор томонидан мазкур Низомнинг 18-бандида назарда тутилган муддатларга риоя этилмаганда.
Сўровноманинг бошқа сабабларга кўра рад этилиши тақиқланади.
20. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорларнинг рўйхати малака комиссияси томонидан тасдиқланади. Бунда малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, талабгорларнинг сўровномаларига асосан малака комиссияси назорати остида икки ойда камида бир марта ўтказилади.
21. Малака комиссияси ваколатли давлат органи ва Кенгаш томонидан камида етти нафар аъзодан, шу жумладан, комиссия раисидан иборат таркибда тузилади.
Малака комиссияси Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади ва таркибига ваколатли давлат органининг икки нафар вакили ҳамда жамоат бирлашмаларининг камида икки нафар вакили киритилади.
Малака комиссияси раиси Кенгаш аъзолари ва ваколатли давлат органи томонидан ҳар йили кўпчилик овоз билан жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари орасидан сайланади.
22. Малака комиссияси томонидан комиссия котиби этиб ваколатли давлат органи ходими белгиланади. Бунда комиссия котиби талабгорлардан келиб тушадиган аризаларни қабул қилиш, имтиҳон рўйхатини шакллантириш, малака имтиҳони натижаларига кўра баённома ва малака сертификатларини расмийлаштириш, Реестрни юритиш учун масъул ҳисобланади.
23. Малака имтиҳонини ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисида маълумотлар имтиҳон санасидан ўн беш кун олдин жамоат бирлашмалари, ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
24. Малака имтиҳонида иштирок этувчи талабгорлар рўйхати имтиҳон санасидан беш кун олдин жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
25. Имтиҳон ташкилотчиси малака имтиҳони тестларига рухсатсиз ёки тасодифан киришнинг олдини олади, тестларни йўқ қилиш, ўзгартириш, блокировка қилиш, улардан нусха кўчириш, тарқатишдан ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий ва техник чора-тадбирларни амалга оширади.
26. Талабгор томонидан малака имтиҳони вақтида ушбу Низомнинг 33-бандида кўрсатилган талаблар бузилгани ёки имтиҳон натижаларга таъсир қилувчи хати-ҳаракатлар амалга оширгани аниқланганда, имтиҳон ташкилотчиси далолатнома тузади ва ушбу талабгорнинг имтиҳон натижалари малака комиссияси томонидан бекор қилинади.
27. Малака имтиҳонини топширишда талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-карта, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) тақдим этади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар келмаган ҳисобланади ҳамда навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақида талабгор Марказ (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.
28. Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта малака имтиҳонини топшириш учун келмаса, талабгорга хизмат кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда малака имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.
Ҳужжатлар талабгор томонидан мазкур Низомда белгиланган умумий тартибда қайта топширилади.
29. Малака имтиҳони компьютерда топшириладиган тест синовлари орқали талабгорнинг танловига кўра ўзбек ёки рус тилида ўтказилади.
Малака имтиҳонини ўтказиш жараёнини узлуксиз равишда овозли видеотасвирга тушириш учун имтиҳон ташкилотчиси малака имтиҳонини ташкил этган ҳолда, алоҳида тест хоналарини ажратади ҳамда уларни замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминлаб, талабгорлар учун тегишли шарт-шароитлар яратади.
30. Ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида жамоат бирлашмалари ва имтиҳон ташкилотчисига малака имтиҳонларини ўтказишни ташкил этишда техник ва услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатади.
Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёнининг видеотасвири ваколатли давлат органида камида бир йил мобайнида сақланади.
31. Тест синови ўқув дастурининг барча бўлимларини акс эттирадиган камида 50 та саволдан иборат бўлади ҳамда умумий имтиҳон вақти давомийлиги эллик дақиқани ташкил этади.
32. Талабгорнинг тўғри жавоблари малака имтиҳонидаги тест саволлари сонининг камида 70 фоизини ташкил қилса, у малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.
33. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари ва йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
мобил алоқа ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
малака имтиҳони хонасидан ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан ташқарига чиққан шахслар қайта ичкарига киритилмайди).
Ушбу талабларни бузган талабгорлар белгиланган тартибда тест синови ўтказилаётган хонадан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.
Бегона шахсга малака имтиҳонида иштирок этишга рухсат берилмайди.
34. Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш учун малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг ушбу Низомда белгиланган тартибда малака имтиҳонидан ўтиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли. Мурожаат умумий тартибда кўриб чиқилади.
35. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорларга йиғим қайтариб берилмайди.
36. Малака имтиҳонини топшириш натижалари салбий баҳоланган талабгорнинг ҳужжатлари унга қайтарилмайди.
37. Малака имтиҳонининг натижалари малака имтиҳони ўтказилган кундан сўнг уч иш кунида малака комиссияси баённомаси билан тасдиқланади ҳамда жамоат бирлашмалари, ваколатли давлат органи ва имтиҳон ташкилотчисининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади.
38. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгорлар томонидан берилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда комиссиянинг йиғилиш баённомалари беш йил мобайнида имтиҳон ташкилотчисида сақланади.
3-боб. Малака сертификатини расмийлаштириш, бериш ва Малака сертификатларининг реестрини юритиш
39. Кенгаш таркибига кирган жамоат бирлашмалари QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган малака сертификатини расмийлаштиради ҳамда реал вақт режимида талабгорга ЯИДХП орқали юборади. Ушбу малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида юридик кучга эга.
40. Малака сертификати беш йил муддатга берилади ва унинг амал қилиш муддати беш йил муддатга узайтирилиши мумкин.
41. Малака сертификати мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва берилган Реестрга тегишли ёзув киритилади.
42. Реестр ваколатли давлат органи томонидан юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
малака сертификати олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
шахсини тасдиқловчи (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлар ва яшаш манзили;
иш жойи;
малака сертификатининг ҳисобга олиш серияси, рақами ва берилган санаси;
малака сертификатининг амал қилиш муддати узайтирилгани, амал қилиши тўхтатилгани, тугатилгани, бекор қилингани ва қайта расмийлаштирилгани тўғрисида маълумотлар.
Реестр шакли ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади ва электрон шаклда юритилади.
43. Реестрга киритилган талабгорнинг шахсини тасдиқловчи (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлари ва яшаш манзили каби шахсий маълумотлардан ташқари барча маълумотлар танишиб чиқиш учун оммабоп бўлиб, ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
44. Марказ малака сертификати олингандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ҳамда талабгорни бу ҳақида хабардор қилади. Талабгорнинг сўровига кўра Марказ малака сертификатини электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин.
4-боб. Апелляцияни кўриб чиқиш
45. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз иш куни ичида малака комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.
Малака комиссияси ўн иш куни ичида киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва белгилаган муддатда талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.
46. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан малака комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
имтиҳон натижаларини (ёзма равишда асосланган хат асосида) ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;
апелляцияни қаноатлантириш ва талабгор малака имтиҳонини топширган деб ҳисоблаш тўғрисида;
талабгорни такроран малака имтиҳонига қўйиш тўғрисида.
47. Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляция мазкур Низом талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.
48. Малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган талабгорнинг малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилгани ҳолатлари аниқланган тақдирда қабул қилинади.
49. Малака комиссияси томонидан апелляция берган талабгор учун малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий малака имтиҳони учун йиғим тўланмайди ва мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилади.
50. Талабгор такроран апелляция бериши мумкин эмас.
51. Малака комиссияси қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга судга шикоят қилиниши мумкин.
5-боб. Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш
52. Малака сертификатида кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, талабгор малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун имтиҳон ташкилотчисига ўн иш куни ичида Марказ ёхуд ЯИДХП орқали электрон шаклда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
53. Малака сертификатини қайта расмийлаштиришда тўлов ундирилмайди.
54. Малака комиссияси талабгорнинг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда малака сертификатини қайта расмийлаштиради ва ушбу Низомнинг 37-бандида белгиланган тартибда талабгорга юборади, шунингдек, бу тўғрисидаги маълумотни жамоат бирлашмалари, имтиҳон ташкилотчиси ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларига жойлаштиради.
55. Ваколатли давлат органи малака сертификатини қайта расмийлаштиришда Реестрга тегишли ўзгартиришлар киритади.
56. Малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун талабгордан қайта имтиҳондан ўтиш талаб қилинмайди.
Амал қилиш муддати чекланган малака сертификатини қайта расмийлаштиришда илгари берилган малака сертификатининг амал қилиш муддати ўзгармайди.
57. Малака сертификати чекланган муддатга берилганда талабгор малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашига қадар имтиҳон ташкилотчисига Марказга бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали унинг муддатини узайтириш учун мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
58. Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Хизмат кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур бандда белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган йиғимнинг 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
(58-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан учинчи — бешинчи хатбошилар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Хизмат кўрсатилгани учун йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
59. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда, сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, беш иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имконияти берилади.
Тўловлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
60. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор уни тасдиқлагандан сўнг ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада имтиҳон ташкилотчисига электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда имтиҳон ташкилотчисига юборилади.
61. Малака сертификати муддати мазкур Низомнинг 57-бандида белгиланган талабларга риоя этилганда ва риэлторлар малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда узайтирилади.
Бунда сўровномани кўриб чиқиш ва малака имтиҳонини ўтказиш мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.
62. Малака сертификати қайта расмийлаштирилганда ва муддати узайтирилганда, Реестрга тегишли ўзгартиришлар киритилади.
6-боб. Малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартиби
63. Малака сертификатининг амал қилишини малака комиссияси хулосасига асосан тўхтатиб туриш учун қуйидагилар асос бўлади:
талабгорнинг аризаси;
талабгор ўз фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари ёки малака сертификати талабларини бузганда;
талабгор томонидан ваколатли давлат органининг талабгор зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи кўрсатма бажарилмаганда.
Риэлторнинг малака сертификатининг амал қилиши тўхтатилган талабгор риэлторларни тайёрлаш дастури бўйича умумий ўқув курсларида қайта таълим олгандан сўнг малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолат бартараф этилди деб ҳисобланади.
64. Малака сертификатининг амал қилиши малака комиссияси хулосасига асосан ваколатли давлат органи томонидан тўхтатиб турилади. Малака сертификатининг амал қилиши ваколатли давлат органи томонидан олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Талабгор ушбу Низомнинг 62-бандида назарда тутилган малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни ваколатли давлат органи белгилаган муддатда бартараф этмаганда, ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.
65. Ваколатли давлат органининг малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори бўйича бир иш куни ичида талабгор хабардор қилинади ва малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилгани ҳақида Реестрга тегишли ёзув киритилади.
66. Ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг талабгор томонидан бартараф этилиши учун етарли, аммо беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаган муддат беради.
67. Камчиликлар бартараф этилгани тўғрисидаги маълумот тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида ваколатли давлат органи маълумотларни ўрганиши лозим.
Ўрганишлар натижасида малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар талабгор томонидан бартараф этилгани аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи бир иш куни ичида камчиликлар бартараф этилгани тўғрисида талабгорни хабардор қилади.
68. Малака сертификатининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда ваколатли давлат органининг қарорига биноан тугатилади:
талабгор малака сертификатини амал қилишини тугатиш бўйича мурожаат қилганда;
малака сертификатини бериш тартиби бекор қилинганда;
малака сертификатининг амал қилиш муддати тамом бўлганда;
талабгорнинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
талабгор вафот этганда;
талабгор томонидан ваколатли давлат органига малака сертификатининг амал қилишини бир йилгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат қилиниб, мазкур муддат давомида малака сертификатининг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида ваколатли давлат органига мурожаат қилинмаган тақдирда.
69. Ваколатли давлат органи қуйидаги ҳолларда малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилади:
талабгор малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни ваколатли давлат органи белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
талабгор малака сертификати ёки унга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда.
Малака сертификати амал қилишининг тугатилишига асос бўладиган қўпол қоидабузарликларга қуйидагилар киради:
риэлтор томонидан риэлторлик хизматларини кўрсатиш давомида олинган маълумотлар буюртмачининг ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга бериш;
малака сертификатини риэлторлик фаолиятида фойдаланиш мақсадида бошқа жисмоний шахсга берилгани аниқлангани;
муайян мансабни эгаллаш ёки хўжалик соҳасида муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жазони назарда тутувчи суд ҳукмининг қонуний кучга киргани;
фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга киргани.
70. Малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорнинг қонунга хилофлиги ёки малака сертификати қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани аниқланганда, ваколатли давлат органи малака сертификатининг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади.
71. Ваколатли давлат органининг малака сертификатини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори ёхуд малака сертификатини тугатиш ёки бекор қилиш бўйича судга даъво киритилганда, талабгор иш материаллари билан танишишга ҳамда улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, илтимосномалар тақдим этишга ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.
72. Ваколатли давлат органининг ёки суднинг малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриши, тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори ҳақида бир иш куни ичида талабгор хабардор қилинади ва Реестрга тегишли ёзув киритилади.
Малака сертификати амал қилиш тугатилганда ёки бекор қилинганда, талабгор малака сертификатини олиш бўйича бир йилдан сўнг ушбу Низомга асосан умумий тартибда мурожаат қилиши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоидалар
73. Жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
Ваколатли давлат органи томонидан ушбу Низом талаблари ижросини таъминланишини доимий назорат қилади ва мониторинг юритади.
74. Талабгор жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
75. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Риэлторларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Риэлторларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Талабгор

Малака сертификатини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Сўровнома шаклини тўлдириб, имтиҳон ташкилотчисига юборади.

Сўровнома тўлдирилгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида

ЯИДХП

2. Тўлдирилган сўровномани автоматик тарзда имтиҳон ташкилотчисига юборади.

Аниқ вақт режимида

3-босқич

Малака имтиҳони ташкилотчиси

1. Ариза тушгандан сўнг малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

уч иш куни муддатда

2. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхатини ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштиради.

Имтиҳон санасидан беш кун олдин

4-босқич

Малака имтиҳони ташкилотчиси

Малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг малака сертификатини QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди, Давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.

Реал вақт режимида

5-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Малака сертификатини талабгорнинг электрон манзилига юборади, бу ҳақида талабгорни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

ўн дақиқа муддатда

2. Талабгор ўзи келиб мурожаат қилганда, рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклида талабгорга тақдим этади.

Талабгор сўровига кўра

Риэлторларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Риэлторларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш бўйича

СЎРОВНОМА

__________________

_____ (санаси)

__________________

(рақами)

1. Ф.И.О.

2. Паспорт маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, агар мавжуд бўлса)

3. Риэлторларни тайёрлаш марказлари махсус ўқув курсининг сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади)

4. Риэлторнинг халқаро сертификати рақами ва берилган вақти (нусха ёки электрон шаклда илова қилинади, агар мавжуд бўлса)

5. Манзили

6. Мобил телефони, электрон почта манзили (e-mail)

7. Риэлторнинг малака сертификатини олиш, малака имтиҳонини топшириш учун

8. Риэлторнинг малака сертификати амал қилиш муддатини узайтириш, малака имтиҳонини топшириш учун

9. Риэлторнинг малака сертификатини қайта расмийлаштириш учун*

* Қайта расмийлаштириш учун малака имтиҳонини топшириш талаб этилмайди.
Риэлторларга малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

Риэлторлик ташкилотлар уюшмаси

Ўзбекистон риэлторлар гильдиясининг

_________________-сон

РИЭЛТОР МАЛАКА СЕРТИФИКАТИ

Фото

Тошкент ш.

(берилган вақти)

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари кенгаши томонидан

___________________________________________________________________________

(кимга — риэлторнинг малака сертификатини олган шахснинг Ф.И.О.)

Паспорт маълумотлари: _____________________________________________________

20__ йил __ ____________даги малака имтиҳон комиссияси қарорига асосан риэлторнинг малака сертификати 20__ йил __ __________дан 20__ йил __ ___________ гача муддатга берилди.

___________________________

______________

QR-код

Риэлторлик ташкилотлар уюшмаси раиси Ф.И.О.

имзо

___________________________

______________

QR-код

Ўзбекистон риэлторлар гильдияси раиси Ф.И.О.

имзо

Риэлторнинг малака сертификати амал қилиш муддати 20___ йил ___ ____________дан 20__ йил ___ _______________гача узайтирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарорига
3-ИЛОВА
Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом баҳоловчиларга тоифалар бериш ва уларни пасайтириш, тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
баҳоловчининг тоифаси — баҳоловчининг профессионал малака даражаси;
баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган ва камида элликта баҳоловчи ташкилотнинг аъзолигига асосланган жамоат бирлашмаси;
баҳоловчи — жамоат бирлашмалари томонидан белгиланган тартибда берилган баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;
ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги;
электрон тизим — малака комиссияси томонидан талабгорлардан келиб тушадиган аризаларни қабул қилувчи, тоифа гувоҳномаларини берувчи ва бошқа тоифа бериш талабларини ўз ичига олувчи баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари ҳамда ваколатли давлат органи ўртасида интеграция қилинган махсус электрон тизим;
тоифа гувоҳномаси — профессионал жамоат бирлашмалари томонидан талабгорга иккинчи, биринчи ва олий тоифали гувоҳномалар берилади. Мазкур гувоҳнома баҳоловчининг малака сертификати билан ҳақиқий ҳисобланади. Тоифа гувоҳномаси беш йил муддатга берилади ва унинг амал қилиш муддати беш йил муддатга узайтирилиши мумкин;
Кенгаш — баҳоловчи тоифасини олиш учун малака комиссиясини тасдиқловчи ва унинг ишини белгиловчи, баҳолаш фаолияти соҳасидаги камида иккита профессионал жамоат бирлашмаларидан (кейинги ўринларда — жамоат бирлашмалари) таркиб топган идоралараро ишчи орган;
малака сертификати — жисмоний шахсга белгиланган тартибда мулкни баҳолаш ҳуқуқини берадиган ҳужжат;
малака комиссияси — тоифа гувоҳномасини беришда жамоат бирлашмалари ва ваколатли давлат органи вакилларидан таркиб топган, Кенгаш томонидан тасдиқланган ва унинг ишчи органи ҳисобланган комиссия;
талабгор — баҳоловчи тоифасини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга талабгор бўлган сертификатланган баҳоловчи;
тоифа гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш — тоифа гувоҳномасининг амал қилиши 5 йил ўтгандан сўнг узайтирилиши;
тоифа гувоҳномасини қайта расмийлаштириш — тоифа гувоҳномасига эга шахснинг паспорт маълумотлари (серияси, рақами, идентификацияловчи ID-картаси серияси, рақами, агар мавжуд бўлса) ўзгарганда қайта расмийлаштирилиши;
тоифа гувоҳномасининг амал қилишини тугатиш — тоифа гувоҳномасини бериш шартларининг бузилиши ёки мазкур Низомда назарда тутилган асослар бўйича талабгор тоифа гувоҳномасининг юридик кучи йўқотилиши;
тоифа гувоҳномасини бекор қилиш — тоифа гувоҳномасининг берилган кундан бошлаб юридик кучи тўлиқ бекор қилиниши ва мазкур сертификат билан боғлиқ барча ҳуқуқ ва ваколатлар тугатилиши;
Тоифа гувоҳномаси реестри — ваколатли давлат органи томонидан шакллантириладиган ва унинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган тоифа гувоҳномасига эга баҳоловчилар ҳақидаги ахборотни тўплаш, ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш имконини берувчи ягона ахборот тизими.
3. Малака комиссияси баҳоловчиларга қуйидаги тоифаларни беради:
иккинчи тоифали баҳоловчи;
биринчи тоифали баҳоловчи;
олий тоифали баҳоловчи.
Баҳоловчиларга тоифа бериш хизматлари мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
4. Талабгор баҳоловчи тоифасини олиш учун тоифа берилиш вақтида қуйидаги мажбурий талабларга жавоб бериши лозим:*
иккинчи тоифа — баҳолаш ташкилотида баҳоловчи сифатида камида бир йиллик иш тажрибасининг мавжудлиги, баҳолаш бўйича камида мустақил 15 та иш бажарилгани, шунингдек, малака ошириш курсларида ўқигани;
биринчи тоифа — баҳолаш ташкилотида баҳоловчи сифатида камида уч йиллик иш тажрибасининг мавжудлиги, баҳолаш бўйича камида мустақил 25 та иш бажарилгани, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича эксперт хулосаларининг мавжудлиги, шунингдек, малака ошириш курсларида ўқигани;
олий тоифа — баҳолаш ташкилотида баҳоловчи сифатида камида беш йиллик иш тажрибасининг мавжудлиги, баҳолаш бўйича камида мустақил 35 та иш бажарилгани, ҳар йили ҳар хил турдаги мулкларни баҳолаш, жумладан, бизнесни баҳолаш йўналишида тажрибага эга эканлиги, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича эксперт хулосаларининг мавжудлиги, шунингдек, малака ошириш курсларидан ўқигани.
Бунда биринчи ва олий тоифани олиш ёки унинг муддатини узайтириш учун талабгор баҳоловчиларга қуйида келтирилган талабларнинг ихтиёрий камида иккитасини бажаргани инобатга олинади:
оммавий ахборот воситаларида касбий фаолияти тўғрисидаги мақолалар чиқаргани;
маҳаллий ёки халқаро тақдимот ва анжуманларда баҳолаш соҳасига оид маъруза билан чиққанлиги;
баҳолаш фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этгани ёки таклифлар киритгани;
назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказадиган текширишларда ва бошқа тадбирларда мутахассис ёки эксперт сифатида иштирок этгани;
баҳолаш соҳасидаги педагогик фаолиятни амалга оширгани.
* Биринчи марта баҳоловчи тоифасини олиш мақсадида ҳужжатларни топширган талабгорлар учун баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича эксперт хулосаларининг мавжудлиги талаби қўлланилмайди.
5. Сертификатланган баҳоловчилар тоифасига кўра қуйидаги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш ҳуқуқига эга:
олий тоифали баҳоловчи — бизнесни (мулкий комплекс сифатидаги корхонани, барча турдаги моддий ва номоддий активларни), кўчмас мулкни, қимматбаҳо қоғозларни, улушларни, интеллектуал мулк объектларини ва бошқа номоддий активларни ҳамда кўчар мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш;
биринчи тоифали баҳоловчи — кўчмас мулкни ва кўчар мол-мулкни (қимматбаҳо қоғозлар, улушлар, интеллектуал мулк объектлари ва бошқа номоддий активлардан ташқари) баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш.
Иккинчи тоифали баҳоловчи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
2-боб. Тоифаларни бериш тартиби
6. Талабгорларга тоифа бериш учун унинг амал қилиш муддатини узайтириш, уни қайта расмийлаштириш хизматлари (кейинги ўринларда — хизмат) Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказ) ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали тоифа беришга масъул бўлган малака комиссияси томонидан кўрсатилади.
Тоифа бериш учун Марказ орқали талабгор ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, марказ ходими талабгор номидан ёки Ўзбекистон Республикаси ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда — талабгор мустақил равишда мазкур Низомга 6-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради ва унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
талабгор ишлайдиган баҳолаш ташкилоти томонидан тасдиқланган, мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар реестри;
талабгор ишлайдиган баҳолаш ташкилоти томонидан тасдиқланган, мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича эксперт хулосалари реестри.
Кенгаш баҳоловчининг малака сертификати ҳақидаги маълумотларни ваколатли давлат органинг маълумотлар базасидан (баҳоловчилар малака сертификатлари реестридан) олади.
Талабгордан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Кенгаш фаолияти баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланган регламентга асосида амалга оширилади.
7. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
8. Тоифа бериш хизматларини (кейинги ўринларда — хизматлар) кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Хизматларни кўрсатиш учун йиғим тўлангани Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
Ариза берувчи хизматлар кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, тегишли прейскурантга асосан йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур бандда белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган йиғимнинг 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан тўртинчи — олтинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Йиғимлар мазкур Низомнинг 9-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
9. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Марказга ўзи келиб мурожаат этганда:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
қолган маблағлар — Кенгаш томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмаларига тегишли ҳисобвараққа тенг улушда тақсимланиб ўтказилади.
Келиб тушган йиғимлар Кенгаш фаолияти юзасидан тузилган регламентга мувофиқ белгиланган тартибда тақсимланиши мумкин;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
11,25 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича ҳисобварағига;
Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 фоизи Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобвараққа;
қолган маблағлар — Кенгаш томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмаларига тегишли ҳисобварағига тенг улушда тақсимланиб ўтказилади.
Келиб тушган йиғимлар Кенгаш фаолияти юзасидан тузилган регламентга мувофиқ белгиланган тартибда тақсимланиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банднинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
10. Талабгор ўз хоҳишига кўра ўзининг профессионал фаолияти ҳақида қўшимча маълумотларни ўз ичига олган қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши мумкин:
баҳолаш фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат ташкилотига аъзолиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхасини;
мулкни баҳолаш стандартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ташаббускорлик тартибида таклифлар ишлаб чиқилгани ҳақидаги ахборотни;
янги стандартларни ишлаб чиқишда ва амалдаги мулкни баҳолаш стандартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда иштирок этгани ҳақидаги ахборотни;
оммавий ахборот воситаларидаги баҳолаш фаолияти масалалари бўйича мақолалар нусхалари, веб-сайтлардан скриншотлар ва бошқаларни;
ўзи иштирок этган ёки маъруза қилган баҳолаш фаолияти масалалари бўйича конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар материаллари;
хорижий ўқув марказларида баҳолаш фаолияти соҳасида малака ошириш курсларида ўқигани ҳақидаги сертификатлар нусхалари;
хорижда баҳолаш фаолияти бўйича конференциялардаги иштироки ҳақидаги сертификатлар нусхалари;
баҳолаш фаолияти соҳасидаги халқаро сертификатлар (RICS, TEGoVA, Appraisal Institute ва бошқалар) ҳамда ариза берилган санада сертификатнинг амал қилишини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (сертификатни берган ташкилот томонидан ёки унинг сайтидан скриншот билан тасдиқланган);
баҳолаш фаолияти бўйича фанлар ўтилгани ҳақида таълим муассасаларидан маълумотнома.
Талабгор ўз хоҳишига кўра ўзининг профессионал фаолиятини тавсифловчи бошқа ҳужжатларни ҳам тақдим этиши мумкин.
11. Баҳоловчининг тоифаси мазкур Низомга мувофиқ берилади.
12. Талабгорларга баҳоловчи тоифасини Кенгаш томонидан тасдиқланадиган камида етти нафар аъзодан иборат баҳоловчи тоифаси малака комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) беради.
13. Комиссия Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади ва таркибига ваколатли давлат органининг икки нафар вакили ҳамда жамоат бирлашмаларининг камида икки нафар вакили киритилади.
Комиссия раиси кенгаш аъзолари ва ваколатли давлат органи томонидан ҳар йили кўпчилик овоз билан жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари орасидан сайланади.
14. Марказ ва Кенгаш ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
15. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор тасдиқлагандан сўнг мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада комиссияга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда комиссияга юборилади.
16. Нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилгани учун талабгор қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
17. Талабгор томонидан тақдим этилган сўровнома тоифа бериш электрон тизимига келиб тушгандан сўнг комиссия уч иш кунида талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш ёки кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
18. Комиссия талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиб, ҳужжатлар қабул қилгани ёки рад этгани тўғрисида аниқ сабабларни кўрсатган ҳолда, бир иш куни ичида талабгорга хабарнома юборади.
Талабгор томонидан мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган ҳужжатлар тўплами тўлиқ тақдим этилмаган ҳолат аниқланса, комиссия ўн иш куни ичида камчиликларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни қайта тақдим этиш имкониятини беради.
Талабгор томонидан юқорида назарда тутилган муддатда камчиликлар бартараф этилмаган ёки етишмаётган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, комиссия сўровномани қабул қилишни рад этади ва шу куни бу ҳақида талабгорни тоифа бериш электрон тизими орқали хабардор қилади.
Сўровномани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.
Талабгор тоифа олишда ҳар қандай босқичда аризани қайтариш ҳуқуқига эга. Талабгор тоифа олишдан (аризани қайтарганда) бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
19. Ҳужжатлари қайтарилган талабгор беш иш куни ичида рад этиш учун сабаб бўлган камчиликларни бартараф этган ҳолда сўровномани қайта тақдим этиши мумкин.
20. Ҳужжатлари қайтарилган талабгор беш иш куни ичида рад этиш учун сабаб бўлган камчиликларни бартараф этган ҳолда, марказга қайта мурожаат қилганда, унинг сўровномаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, уни талабгор тасдиқлайди ҳамда камчиликлар илова қилиниб, ўн дақиқада комиссияга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда комиссияга юборилади.
Белгиланган муддатда қайта мурожаат қилинганда, талабгордан қўшимча йиғим ундирилмайди.
21. Белгиланган муддат тугагандан кейин талабгор марказ ёки ЯИДХП орқали такроран мурожаат қилган тақдирда, ариза янги тақдим қилинган ҳисобланади ва умумий асосларда кўриб чиқилади, йиғим суммаси эса қайтариб берилмайди.
22. Малака комиссия томонидан комиссия котиби ваколатли давлат органи ходими этиб белгиланади ва котиб талабгорлардан келиб тушадиган аризаларни қабул қилиш, тоифа олувчилар рўйхатини шакллантириш, комиссия баённомаси ҳамда тоифа гувоҳномаларини расмийлаштириш ҳамда уларнинг реестрини шакллантириш бўйича маълумотларни тайёрлаш юзасидан масъул ҳисобланади.
23. Комиссия йиғилишлари талабгорлардан аризалар тушишига қараб ўтказилади. Комиссия йиғилиши унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
24. Комиссия фаолиятининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида тоифа бериш бўйича комиссия йиғилишини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеотасвирга (овозли) туширилади, видеотасвир ваколатли давлат органида уч йил мобайнида сақланади.
Тоифа бериш бўйича комиссия йиғилишини ўтказиш жараёнини узлуксиз равишда видеотасвирга (овозли) тушириш учун Кенгаш ташкил этилган баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари томонидан алоҳида хона ажратилади ҳамда замонавий техник асбоб-ускуналар билан таъминлаш бўйича тегишли шарт-шароитлар яратилади.
25. Комиссия йиғилишларида талабгор томонидан тегишли тоифани олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ўрганилади.
Ҳар бир комиссия аъзоси мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда баҳолаш варақасини тўлдиради.
26. Тоифа бериш ёки тоифа беришни рад этиш ҳақида қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.
Комиссия қабул қилган қарор талабгорга қабул қилингандан кейин уч иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда хабарнома билан юборилади.
27. Талабгор мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган мажбурий талабларга жавоб берган тақдирда, комиссия томонидан талабгорга тоифа бериш тўғрисида қарор қабул қилинади.
28. Талабгорга тегишли баҳоловчи тоифасини бериш ҳақида қарор қабул қилинганда, унга бир иш куни мобайнида мазкур Низомга 5-иловада келтирилган шаклда тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳнома берилади.
Кенгаш таркибига кирган жамоат бирлашмалари QR-код (матрик штрихли код) қўйилган баҳоловчиларга тоифа бериш ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиради ҳамда реал вақт режимида талабгорга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ахборот-коммуникация тизими, ЯИДХП орқали юборади. Ушбу баҳоловчиларга тоифа бериш ҳақидаги гувоҳнома Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида юридик кучга эга.
29. Баҳоловчи тоифаси берилгани ҳақидаги гувоҳнома тоифа бериш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб беш йил муддатга берилади ҳамда баҳоловчининг малака сертификати билан бирга амал қилади.
30. Баҳоловчининг малака сертификати амал қилиши муддатининг тугаганлиги ёки амал қилиши тўхтатилгани ёхуд бекор қилингани баҳоловчи тоифаси берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилишига олиб келади.
31. Тоифа берилгани ҳақида гувоҳнома берилган баҳоловчининг маълумотлари тоифага эга баҳоловчилар реестрига киритилади. Тоифага эга баҳоловчилар реестрини ваколатли давлат органи юритади.
32. Комиссия ҳар бир йиғилиши якунларига кўра баҳоловчилар реестрига тегишли маълумотларни киритади.
33. Комиссия томонидан рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, комиссия номидан талабгорга марказ ёки ЯИДХП орқали электрон кўринишда сўралган тоифани бериш рад этилгани сабаблари кўрсатилган ҳолда хабар берилади. Бунда комиссия талабгорга мазкур Низомнинг 4-банди талабларига мувофиқ бўлиши шарти билан пастроқ тоифа беришни таклиф қилиши мумкин.
34. Комиссия томонидан талабгорга тоифа беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
талабгор мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ тоифа учун белгиланган мажбурий талабларга жавоб бермаса;
талабгор тақдим этган ҳужжатлардаги маълумотлар нотўғри ёки бузиб кўрсатилгани аниқланса;
талабгор ёзма равишда унга сўралаётганидан пастроқ тоифа берилишини рад этса;
ушбу талабгор малака сертификатининг амал қилиши тўхтатилса, тугатилса ёки бекор қилинса.
35. Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали ҳозир бўлган аъзоларнинг оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
36. Комиссия раиси ва комиссия аъзолари овоз беришда бетараф қолиш ҳуқуқига эга эмас.
Овозлар тенг бўлганда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
37. Комиссия талабгорга сўралган тоифани беришни рад этган тақдирда, талабгор мазкур Низомга мувофиқ ҳужжатларни марказ ёки ЯИДХП орқали қайта тақдим этишга ҳақли.
38. Ҳужжатлар мазкур Низомда белгиланган умумий тартибда қайта топширилади.
3-боб. Баҳоловчи тоифасини пасайтириш, баҳоловчига тоифа берилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш ҳамда муддатини узайтириш ва уни қайта расмийлаштириш тартиби
39. Ваколатли давлат органи илгари берилган баҳоловчи тоифасини пасайтириш ёки баҳоловчига тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тартиботи ташаббусини билдиришга ҳақли.
Баҳоловчи тоифасини пасайтириш, баҳоловчига тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш масалалари комиссия томонидан кўриб чиқиш жараёнида баҳолаш ташкилотларидан, баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмаларидан ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслардан баҳоловчи ишининг натижалари ҳамда сифати бўйича келиб тушган ахборот тўпланиши ва таҳлил қилиниши мумкин.
40. Баҳоловчи ташкилотлар профессионал жамоат бирлашмаларининг тақдимномаси, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Экспертиза хулосаларининг ягона реестрига киритилган маълумотлар ёки тегишли суд қарорларига асосан баҳоловчининг ҳисоботи ёки эксперт хулосаси йил бошидан биринчи марта ҳаққоний эмас деб тан олингани асосида комиссия қарори билан баҳоловчи тоифаси пасайтирилади.
Бунда олий тоифа — биринчи тоифага, биринчи тоифа — иккинчи тоифага пасайтирилади.
Буюртмачи (жисмоний ёки юридик шахс) ва баҳолаш ташкилоти ўртасида имзоланган шартномага асосан тузилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказганлик ҳақидаги эксперт хулосасигина ҳаққоний ёки ҳаққоний эмас деб тан олинади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида» 2008 йил 28 июлдаги 161-сон қарорига мувофиқ судларнинг сўровномаларига кўра баҳсли вазиятларда баҳоланадиган объектларни баҳолаш бўйича материаллар экспертизадан ўтказиш эксперт комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва тегишли суд қарорига асосан эксперт хулосалари ҳаққоний ёки ҳаққоний эмас деб тан олинади.
Бунда эксперт хулосалари юзасидан маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлигининг Экспертиза хулосаларининг ягона реестрига киритилади.
41. Тоифаси пасайтирилган баҳоловчи тоифасини тиклаш юзасидан комиссияга тоифаси пасайтирилган санадан бошлаб бир йилдан сўнг мурожаат этишга ҳақли.
42. Баҳоловчига тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати комиссия қарори билан қуйидаги ҳолларда тугатилади:
баҳоловчи малака сертификати амал қилишининг ваколатли давлат органи томонидан бекор қилиниши;
баҳоловчининг ҳисоботлари ёки эксперт хулосалари мунтазам равишда (йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) қонунчиликка мувофиқ ҳаққоний эмас деб тан олиниши;
баҳоловчининг аризаси.
43. Баҳоловчига тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳнома комиссия қарори билан қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
баҳоловчига тоифа бериш ҳақидаги қарорнинг суд томонидан ноқонуний деб тан олиниши;
баҳоловчига тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг сохта ҳужжатлардан фойдаланиб олингани аниқланиши.
44. Тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳномасининг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган баҳоловчи гувоҳнома тугатилгани ёки бекор қилингани ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир йил ичида қайта тоифа беришни сўраб ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.
45. Баҳоловчининг тоифаси пасайтирилгани, баҳоловчи тоифаси берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда, ваколатли давлат органи баҳоловчилар реестрига тегишли маълумотларни киритади.
46. Баҳоловчи баҳоловчи тоифаси берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугайдиган санадан бир ой кечиктирмасдан, комиссияга тоифани кейинги беш йилга тасдиқлашни сўраб ариза беради. Тоифани тасдиқлаш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш тартиби тоифа бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш тартиби билан бир хил.
47. Комиссия томонидан тоифани тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинганда, илгари берилган баҳоловчи тоифасини бериш ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати қарор қабул қилинган кундан бошлаб кейинги беш йилга узайтирилади, Кенгаш таркибига киритилган жамоат бирлашмаларининг QR-кодлари (матрик штрихли код) қўйилади ва идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан тасдиқланади ҳамда шу вақтнинг ўзида марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборилади.
48. Агар баҳоловчи баҳоловчи тоифаси берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаши пайтигача баҳоловчи тоифасини тасдиқлаш ҳақида ариза бермаган бўлса, гувоҳнома ўз кучини йўқотган ҳисобланади.
49. Паспортда кўрсатилган талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки паспорти ўзгартирилган тақдирда, баҳоловчи икки ой давомида комиссия баҳоловчи тоифаси берилгани ҳақидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ушбу маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, марказ ёки ЯИДХП орқали ариза билан мурожаат қилади.
50. Баҳоловчининг тоифа гувоҳномаси баҳоловчи томонидан ариза берилган пайтдан бошлаб беш иш куни мобайнида қайта расмийлаштирилади, бунда тегишли ўзгартиришлар реестрга киритилади.
Баҳоловчининг тоифа гувоҳномасини қайта расмийлаштиришда баҳоловчидан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўлангани Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
Давлат хизматларини кўрсатиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Йиғимлар мазкур Низомнинг 9-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
51. Комиссиянинг баҳоловчига тоифа беришни рад этиш, тоифасини пасайтириш ёхуд тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳномани бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан баҳоловчи қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
52. Комиссия иши ҳақидаги ахборот, тоифалар берилган, тоифалари пасайтирилган баҳоловчиларнинг, шунингдек, гувоҳномаларнинг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган баҳоловчиларнинг рўйхатлари баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари ҳамда ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида мунтазам жойлаштирилади.
53. Комиссия аъзолари баҳоловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги махфий ахборотни ошкор қилишга ҳақли эмас.
54. Комиссия аъзолари иш давомида ўзларига маълум бўлган талабгорлар ҳақидаги ахборотни фош этмасликлари лозим.
55. Комиссия ва ваколатли давлат органи ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
56. Ваколатли давлат органи томонидан ушбу Низом талаблари ижросини таъминланиши юзасидан доимий назорат қилади ва мониторинг юритади.
57. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Баҳоловчиларга тоифа бериш бўйича хизматлар кўрсатиш
СХЕМА

Босқичлар

Субъектлар

Механизми

Муддатлар

1-босқич

Кенгаш

Баҳоловчиларга тоифа бериш комиссиясининг шахсий таркибини тасдиқлайди.

Низом қабул қилингандан кейин

2-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Сўровнома шаклини тўлдириб, Кенгашга юборади.

Ҳақиқий вақт режимида

ЯИДХП

2. Тўлдирилган сўровномани автоматик тарзда ваколатли органга юборади.

3-босқич

Баҳоловчиларга тоифа бериш комиссияси

Сўровнома тушгандан сўнг талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш ёки кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Бир иш кун муддатда

4-босқич

Баҳоловчиларга тоифа бериш комиссияси

Талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқишни рад этиш тўғрисида аниқ сабабларни кўрсатган ҳолда билдиришнома юборади.

Бир иш куни мобайнида

5-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Рад этишга сабаб бўлган камчиликлар бартараф этиб, сўровномани қайта кенгашга юборади.

Ҳужжатлар қайтарилган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида

ЯИДХП

2. Рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этилган сўровномани автоматик тарзда Кенгашга юборади.

6-босқич

Баҳоловчиларга тоифа бериш комиссияси

Талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш ва талабгорларга тоифани белгилаш ёки тоифа беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Икки иш куни мобайнида

7-босқич

Баҳоловчиларга тоифа бериш комиссияси

Тоифа гувоҳномасини бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг тоифа гувоҳномасини QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради ва идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан тасдиқлайди, тоифа бериш электрон тизими орқали талабгорга юборади.

Бир иш куни мобайнида

8-босқич

Ваколатли орган

Тоифа бериш тўғрисидаги гувоҳномани олган баҳоловчининг маълумотларини баҳоловчилар реестрига киритади.

Баҳоловчиларга тоифа бериш комиссияси томонидан маълумотлар тақдим этилган сўнг уч иш кунида

9-босқич

Баҳоловчиларга тоифалар бериш комиссияси

Талабгорга талаб этилган тоифани беришни рад этиш ва бу тўғрисида рад этиш сабаблари ва талаб этилган тоифадан пастроқ тоифа бериш таклифи билдирилган хабарномани юборади.

Уч иш куни мобайнида

10-босқич

Ваколатли орган

Илгари берилган баҳоловчи тоифасини пасайтириш, баҳоловчига тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тартиботининг ташаббусини билдиради ва мазкур масалаларни баҳоловчиларга тоифа бериш комиссияси томонидан кўриб чиқиш учун тақдим этади.

Тегишли далиллар келиб тушгандан сўнг уч иш куни ичида

11-босқич

Баҳоловчиларга тоифалар бериш комиссияси

Ҳужжатларни кўриб чиқиш, илгари берилган баҳоловчи тоифасини пасайтириш, баҳоловчига тоифа берилгани ҳақидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш ва қабул қилинган қарор тўғрисида баҳоловчига хабарнома юборади.

Уч иш куни мобайнида

12-босқич

Ваколатли орган

Тоифаси пасайтирилган ёки гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугатилган ёки бекор қилинган баҳоловчи бўйича маълумотларни тоифага эга бўлган баҳоловчилар реестрига киритади.

Баҳоловчиларга тоифа бериш комиссияси томонидан маълумотлар тақдим этилган кунда

13-босқич

Талабгор

Баҳоловчи тоифасини қайта тиклаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Баҳоловчи тоифасини пасайтириш ҳақида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир йилдан кам бўлмаган муддатда

14-босқич

Талабгор

Баҳоловчи тоифасини қайтадан тайинлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Баҳоловчи тоифаси гувоҳномаси тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир йилдан кам бўлмаган муддатда

15-босқич

Талабгор

Комиссиянинг баҳоловчи тоифасини беришни рад этиш, тоифани пасайтириш, баҳоловчи тоифасини бериш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилади.

Зарурат бўлган ҳолатларда

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар
РЕЕСТРИ

Т/р

Баҳолаш объектининг номи

Ҳисобот рақами

Ҳисобот санаси

Баҳолаш санаси

Баҳолаш мақсади

Буюртмачи

Ҳисобот ҳаққоний/ҳаққоний эмас деб тан олинди

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича эксперт хулосалари
реестри

Т/р

Баҳолаш объектини баҳолаш ҳақида эксперт хулосасининг номи

Эксперт хулосасининг рақами

Эксперт хулосасининг санаси

Буюртмачи

Хулосаси ҳаққоний/ҳаққоний эмас деб тан олинди

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА

БАҲОЛАШ ВАРАҚАСИ

Талабгор (Ф.И.О.) __________________________________________________________

Комиссия аъзоси (Ф.И.О.)___________________________________________________

Т/р

Талабгорни баҳолаш мезонлари

Мавжудлиги

1.

Талабгор томонидан бажарилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар сони

1.1.

шу жумладан: кўчар мулкни баҳолаш бўйича

1.2.

кўчмас мулкни баҳолаш бўйича

1.3.

бизнесни баҳолаш бўйича

1.4.

Улардан ҳаққоний эмас деб тан олинди

1.5.

шу жумладан: кўчар мулкни баҳолаш бўйича

1.6.

кўчмас мулкни баҳолаш бўйича

1.7.

бизнесни баҳолаш бўйича

2.

Бажарилган эксперт хулосалари сони

2.1.

шу жумладан: кўчар мулкни баҳолаш бўйича

2.2.

кўчмас мулкни баҳолаш бўйича

2.3.

бизнесни баҳолаш бўйича

2.4.

Улардан ҳаққоний эмас деб тан олинган

2.5.

шу жумладан: кўчар мулкни баҳолаш бўйича

2.6.

кўчмас мулкни баҳолаш бўйича

2.7.

бизнесни баҳолаш бўйича

3.

Баҳолаш фаолияти соҳаси бўйича профессионал жамоат ташкилотига аъзолиги

4.

Талабгор томонидан тақдим этилган қўшимча ахборот

Комиссия аъзосининг фикри: ______________________________________________________________

_________________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________________

_________________________________________________________________________________________

Сана 20___ й. _____________ Комиссия аъзосининг имзоси ___________________

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
5-ИЛОВА

НАМУНА

БАҲОЛОВЧИНИНГ ТОИФА ГУВОҲНОМАСИ

Фотосурат

ўрни

________-сон

Тошкент ш.

20 ___ й. ___ _________

Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти, Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси ва Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти томонидан

_______________________________________________________________________________

(кимга — баҳоловчининг Ф.И.О.)

_______________________________________________________________________________

(паспорт серияси, рақами, қачон ва ким томондан берилган)

_______________________________________________________________________________

(амал қилиш муддати)

__________________________ тоифаси берилди.

Мазкур гувоҳнома баҳоловчининг малака сертификати билан ҳақиқий ҳисобланади.

Баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари раҳбарлари

____________________

(Ваколатли шахс)

(QR-код)

(Ф.И.О.)

____________________

(QR-код)

(Ф.И.О.)

____________________

(QR-код)

(Ф.И.О.)

Баҳоловчининг тоифа гувоҳномасининг амал қилиш муддати:

20 __ й. ___ _________ дан 20 __ й. ___ __________ гача узайтирилган.

Баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмалари раҳбарлари

____________________

(Ваколатли шахс)

(QR-код)

(Ф.И.О.)

____________________

(QR-код)

(Ф.И.О.)

____________________

(QR-код)

(Ф.И.О.)

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга
6-ИЛОВА

Баҳоловчиларга тоифалар бериш бўйича хизматларни кўрсатиш

СЎРОВНОМАСИ

_________________

_________________

_____ (санаси)

(рақами) ______

1. Ф.И.О.:

2. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (агар мавжуд бўлса):

3. Манзили:

4. Мобил телефони, электрон почта манзили:

5. Иш жойи ва эгаллаб турган лавозими:

6. Баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмаларига аъзолиги

7. Талабгор ишлайдиган баҳоловчи ташкилот томонидан тасдиқланган, мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар реестри

8. Талабгор ишлайдиган баҳоловчи ташкилот томонидан тасдиқланган, мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича эксперт хулосалари реестри

9. Талабгорнинг ўз хоҳишига кўра Низомининг 10-бандида назарда тутилган қўшимча маълумотлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарорига
4-ИЛОВА
Суд бошқарувчилари малака аттестатини бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом суд бошқарувчилари талабгорларига суд бошқарувчиси аттестатини бериш учун малака имтиҳонини ўтказиш ва малака аттестатини бериш хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
махсус ўқув курсида ўқигани ҳақидаги гувоҳнома (кейинги ўринларда — гувоҳнома) — суд бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсида ўқигани ва суд бошқарувчиси аттестатини олишга асос бўлувчи ҳужжат;
малака имтиҳони — малака аттестатини олиш учун қўйилган талабларга талабгорнинг мос келишини аниқлашга йўналтирилган ва тегишли ваколатли ташкилот томонидан ўтказиладиган имтиҳон;
суд бошқарувчиси — ваколатли ташкилот томонидан суд бошқарувчиси аттестати берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;
суд бошқарувчиси аттестати (кейинги ўринларда — аттестат)Ўзбекистон Республикаси фуқаросига суд ҳужжатига мувофиқ тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;
суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш — суд бошқарувчисининг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари ёки малака аттестати талабларини бузганлик ёки Давлат активларини бошқариш агентлигининг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи кўрсатмасини бажармаслик (Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) қарорига асосан суд бошқарувчилари аттестатининг амал қилиши олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатилади);
суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини бекор қилиш — суд бошқарувчисининг малака аттестати ёки унга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлик ёки малака аттестати қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани (суд қарорига, ушбу Низомда кўрсатилган бошқа ҳолларда Агентликнинг қарорига асосан суд бошқарувчилари аттестатининг амал қилиши бекор қилинади);
суд бошқарувчиларининг аттестация комиссияси — комиссия таркиби Агентлик томонидан тасдиқланадиган суд бошқарувчилари фаолиятини кўриб чиқувчи коллегиал орган;
Суд бошқарувчилари рейтинги — суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш натижасида эълон қилинадиган рўйхат;
талабгор — аттестатни олишга даъвогар бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси;
ваколатли ташкилот — Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси.
3. Суд бошқарувчилари талабгорларига аттестат бериш хизмати (кейинги ўринларда — хизмат) Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда — Марказ) ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали малака аттестатини беришга масъул бўлган ваколатли ташкилот томонидан кўрсатилади.
4. Марказ ва ваколатли ташкилот ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда — ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
5. Иқтисодий суд тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилидан келиб чиқиб қуйидаги турдаги суд бошқарувчиларини тайинлайди:
кузатув тартиб-таомилини амалга ошириш учун — муваққат бошқарувчи;
суд санацияси тартиб-таомилини амалга ошириш учун — санация қилувчи бошқарувчиси;
ташқи бошқарув тартиб-таомилини амалга ошириш учун — ташқи бошқарувчи;
тугатиш ишлари тартиб-таомилини амалга ошириш учун — тугатиш бошқарувчи;
жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун — молиявий бошқарувчи.
6. Суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси суд бошқарувчиси ҳисобланади ва у иқтисодий суд томонидан суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг баҳолаш ва суд бошқарувчилари аттестат тоифаси ҳисобга олинган ҳолда:
кузатув ва жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ёки мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини жорий этишда — кредитор (кредиторлар) томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади. Муваққат бошқарувчи номзоди кредитор (кредиторлар) томонидан таклиф этилмаган тақдирда, у Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси ёхуд ваколатли ташкилот ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;
суд санацияси тартиб-таомилини амалга оширишда — кредиторлар йиғилиши ёки қарздорнинг мажбуриятлари бўйича таъминот берган шахслар ёхуд Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;
ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини амалга оширишда — кредиторлар йиғилиши ёки Агентлик ёхуд унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади;
устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда тўловга қобилиятсизликнинг ҳар қандай тартиб-таомилларини амалга оширишда — Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинланади.
7. Ваколатли ташкилот Агентлик томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолайди ва суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш ҳақидаги маълумотларни ҳар чоракда оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштиришни таъминлайди.
2-боб. Суд бошқарувчилари талабгорларига малака аттестатини бериш хизматини кўрсатиш тартиби
8. Суд бошқарувчилари талабгорларига малака аттестатини бериш хизмати ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
Талабгор хизматдан фойдаланиш учун Марказга ўзи келиб мурожаат этади ёки электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни йигирма тўрт соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли ташкилотга тушган ва ваколатли ташкилот томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.
9. Талабгор ёки унинг номидан ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда сўровномани электрон равишда тўлдиради.
Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади.
10. Сўровномада қуйидагилар кўрсатилади:
ариза берувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми (ўзгарган бўлса, бу ҳақида маълумотлар кўрсатилади);
паспорт маълумотлари (серияси, рақами, идентификацияловчи ID-картаси серияси, рақами, агар мавжуд бўлса);
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
туғилган санаси;
яшаш манзили;
электрон почта манзили (мавжуд бўлса) ва телефон рақами;
хизматдан фойдаланиш сабаби (аттестат олиш, аттестатни қайта расмийлаштириш, аттестат тоифасини ошириш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш).
11. Қуйидаги ҳужжатлар ваколатли ташкилот томонидан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда сўраб олади:
олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотлари;
меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар;
хорижий таълим муассасасида ўқиганини тасдиқловчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) ҳақида маълумотлар (мавжуд бўлса);
суд бошқарувчисини тайёрлаш бўйича ўқув курсида ўқигани тўғрисидаги маълумотлар;
фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича адвокат лицензияси тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлса).
судлангани бекор бўлганлиги ёки олиб ташлангани тўғрисидаги маълумот;
ариза кўриб чиқилгани учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи маълумот;
талабгорнинг паспорт (идентификацияловчи ID-картаси) маълумотлари.
12. Суд бошқарувчиси қуйидаги асосий малака талабларига мос келиши зарур:
олий маълумотли бўлиши;
иқтисод, молия, бухгалтерия ҳисоби ёки аудит, солиқ маслаҳатчиси ёхуд ҳуқуқ соҳасида камида икки йил меҳнат стажига эга бўлиши;
ваколатли ташкилотда малака имтиҳонидан ўтиши.
Мазкур бандда кўрсатилган асосий талаблардан ташқари суд бошқарувчиларига қуйидаги қўшимча малака талаблари қўйилади:
ташқи бошқарув тартиб-таомилини амалга оширувчиларга — иккинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида камида икки марта суд санацияси ва (ёки) икки йил тугатишга доир ишларни юритиш тартиб-таомилини амалга оширишда суд бошқарувчиси сифатида меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида йил давомида юқори даражадан тушмаган бўлиши ёки иккинчи тоифада суд бошқарувчиси сифатида ўн икки ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ҳамда аввал раҳбарлик (давлат бошқаруви ёки маҳаллий ҳокимлик ёхуд суд органларида раҳбар ва раҳбар ўринбосари, хўжалик жамиятларида раҳбар ва бошқалар) лавозимида беш йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида кетма-кет уч чоракда камида юқори даражани қайд этган бўлиши;
суд санацияси тартиб-таомилини амалга оширувчиларга — учинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида камида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида йил давомида етарли даражадан тушмаган бўлиши ёки учинчи тоифада суд бошқарувчиси сифатида ўн икки ойдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши ҳамда аввал раҳбарлик (давлат бошқаруви ёки маҳаллий ҳокимлик ёхуд суд органларида раҳбар ва раҳбар ўринбосари, хўжалик жамиятларида раҳбар ва бошқалар) лавозимида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида кетма-кет уч чоракда камида етарли даражани қайд этган бўлиши;
кузатув ва тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомилларини амалга оширувчиларга — тўртинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида йил давомида ўрта даражадан тушмаган бўлиши ёки тўртинчи тоифадаги суд бошқарувчиси сифатида камида ўн икки ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ҳамда аввал раҳбарлик (республика даражасидаги ташкилотларда бўлим бошлиғи ва бошқалар) лавозимларида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиши ва суд бошқарувчилари рейтингида кетма-кет уч чоракда камида ўрта даражани қайд этган бўлиши;
тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини ҳамда жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга оширувчиларга — иқтисод, молия, бухгалтерия ҳисоби ёки аудит, солиқ маслаҳатчиси ёхуд ҳуқуқ соҳасида икки йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлиш.
Аттестат тоифасини ошириш учун мурожаат қилган суд бошқарувчиси суд бошқарувчилари рейтингида уч чоракда кетма-кет паст даража қайд қилган бўлса, унинг амалдаги аттестати тоифаси оширилмайди ва у имтиҳонга қўйилмайди.
13. Уч йилдан кам бўлмаган узлуксиз иш стажига эга «фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш» ихтисослашувидаги адвокатлар суд бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича ўқув курсида ўқимасдан, имтиҳонга киришга ҳақли.
Суд бошқарувчиси:
қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиш кўникмаларига эга бўлиши;
бухгалтерия ҳисоби, мол-мулкни баҳолаш ва менежментга оид билимлар асосига эга бўлиши;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосларини билиши;
қарздорни молиявий соғломлаштириш ва кредиторлар талабларини мутаносиб равишда қондириш ечимларини топиши;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида профессионал билимларга эга бўлиши, уларни доимий равишда такомиллаштириши;
юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлиши — топширилган ишга виждонан муносабатда бўлиши, ўз фаолиятини амалга оширишда ижрочи, ташаббускор, интизомли, босиқ, эмоционал ва руҳий барқарор бўлиши зарур.
14. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
15. Сўровномани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда йиғим ундирилади.
Хизмат кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу бандда белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур бандда белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган йиғимнинг 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
(15-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан учинчи — бешинчи хатбошилар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Хизмати кўрсатилгани учун йиғим тўловлари Ягона биллинг тизими орқали тўланади.
16. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Марказга ўзи келиб мурожаат этганда:
18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар — ваколатли ташкилотга;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
17 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади;
11,75 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик қўмитасидаги махсус ҳисобварағига (жумладан 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар — ваколатли ташкилотга ўтказилади.
17. Талабгор хизматдан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор хизматдан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
18. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада ваколатли ташкилотга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, сўровнома автоматик тарзда ваколатли ташкилотга юборилади.
19. Ваколатли ташкилот сўровнома тушган кундан бошлаб уч иш кунида талабгорнинг малака имтиҳонига қўйилиши ёки қўйилмаслиги ҳақида қарор қабул қилади.
20. Талабгор томонидан ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда, сўровнома ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, ваколатли ташкилот талабгорга беш иш куни ичида хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятини беради.
Бунда талабгор ЯИДХП орқали мурожаат этган бўлса, ваколатли ташкилот унинг шахсий кабинетига сўровномани қабул қилмаслик тўғрисида асослантирилган хабарнома юборади ёки талабгор Марказ орқали мурожаат этган бўлса, Марказ уни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Талабгор беш иш куни ўтгандан кейин мурожаат қилган тақдирда, мурожаат янги берилган деб ҳисобланади ва талабгордан йиғим ундирилади.
21. Қуйидагилар талабгорнинг малака имтиҳонига қўйилмаслиги учун асос бўлади:
талабгор ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаганда;
ҳужжатларда ёлғон ёки қалбаки маълумотлар кўрсатилгани аниқланганда;
талабгорнинг судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судлангани олиб ташланмаганлик ҳолати аниқланганда;
талабгор томонидан мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган муддатда ҳужжатлар қайта тақдим этилмаганда.
Сўровномани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.
22. Ваколатли ташкилот томонидан талабгордан малака имтиҳонини олиш бўйича имтиҳон комиссияси тузилиши мумкин. Бунда имтиҳон комиссияси таркибига тегишли соҳадаги мутахассислар, нодавлат ташкилотлар вакиллари киритилиши мумкин.
Ваколатли ташкилот томонидан имтиҳон комиссияси таркиби, унинг фаолияти тартиби ва тест саволлари тасдиқланади ҳамда тест саволлари жавоб вариантлари билан расмий веб-сайтида мунтазам тарзда жойлаштириб борилади.
23. Малака имтиҳони сўровнома ваколатли ташкилотга келиб тушган кундан бошлаб икки ойдан кечикмай имтиҳон шаклида ўтказилади.
24. Имтиҳон компьютер дастуридан фойдаланган ҳолда, талабгор танлаган тилда 50 та тест саволларига жавоб бериш шаклида ўтказилади ва жавоблар учун талабгорга бир соат вақт ажратилади.
Тест саволлари ва жавоблар вариантлари ваколатли ташкилот томонидан суд бошқарувчиларини ўқитиш бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган махсус ўқув дастури асосида ишлаб чиқилади.
Тест саволларининг мазмуни ва жавоблар вариантлари тўловга қобилиятсизлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида мунтазам равишда қайта кўриб чиқилади.
Имтиҳон ваколатли ташкилот томонидан экстерриториал тамойил асосида ўтказилиши мумкин.
25. Имтиҳон топшириш вақтида имтиҳон комиссиясининг камида икки аъзоси кузатувчи сифатида иштирок этади.
26. Имтиҳон якунлангандан кейин талабгор натижалар билан танишиб, кузатувчилар билан биргаликда имтиҳон натижалари бланкасини имзолайди.
27. Агар аттестат талабгори имтиҳон натижаларидан норози бўлса ёки натижалар бланкасини имзоламаса, бланка ваколатли ташкилотнинг кузатувчилари томонидан имзоланади. Ваколатли ташкилотнинг иштирок этган ходимлари томонидан имзоланган натижалар бланкаси имтиҳони натижаларини қайд этиш учун асос ҳисобланади.
28. Имтиҳон якунлари бўйича талабгор олинган натижалар асосида малака имтиҳонидан ўтган ёки малака имтиҳонидан ўтмаган деб тан олинади.
Имтиҳон натижалари баённома билан расмийлаштирилади ва ваколатли ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.
29. Талабгор аттестат олиш ёки суд бошқарувчиси аттестати тоифасини ошириш ёхуд аттестатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун тест саволларининг камида 70 фоизига тўғри жавоб берганда аттестациядан ўтган ҳисобланади.
Агар талабгор раҳбарлик (давлат бошқаруви ёки маҳаллий ҳокимлик ёхуд суд органларида раҳбар ва раҳбар ўринбосари, йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмаларида раҳбар ҳамда бошқалар) лавозимида йигирма тўрт ойдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлса, учинчи тоифадаги аттестат олиш учун тест саволларининг камида 70 фоизига тўғри жавоб берганда аттестациядан ўтган ҳисобланади.
Иккинчи ва (ёки) учинчи тоифадаги аттестати мавжуд бўлган суд бошқарувчиси аттестати тоифасини ошириш учун такрорий тест имтиҳонидан ўтмаганда, унинг амалдаги тоифаси бир поғона пасайтирилади.
Малака имтиҳонининг натижалари имтиҳон ўтказилган кундан сўнг уч иш кунида ваколатли ташкилотнинг веб-сайтида жойлаштирилади.
Ваколатли ташкилот малака имтиҳонининг натижалари тасдиқлангандан сўнг уч иш куни ичида ушбу Низомга 2 — 4-иловаларга мувофиқ шаклда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган аттестатни расмийлаштиради.
Суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилиш муддати беш йил, ушбу муддат яна беш йил муддатга узайтирилиши мумкин.
30. Малака имтиҳонидан ўтмаган ёки аттестат тоифасини ошириш истаги бўлган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш учун имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг белгиланган тартибда имтиҳондан ўтишга ёки аттестат тоифасини ошириш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.
Аттестат тоифасини ошириш учун талабгор имтиҳондан ўта олмаса, у тоифасини ошириш учун камида олти ойдан кейин такроран мурожаат қилиши мумкин.
31. Малака имтиҳони топшириш якунларига кўра талабгор имтиҳондан ўтмаган тақдирда, талабгор навбатдаги имтиҳонга фақат суд бошқарувчиларини тайёрлаш дастури бўйича ўқув курсида белгиланган тартибда такроран ўқигандан кейин қўйилади.
Талабгор имтиҳон натижалари юзасидан охирги имтиҳон ўтказилган кундан бошлаб, бир ой мобайнида апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Талабгор асосли эътирозлари баён қилинган апелляцияни ваколатли ташкилот раҳбари номига беради. Апелляцияни кўриб чиқиш муддати у берилган кундан бошлаб уч кундан ошмаслиги керак. Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси баённома билан расмийлаштирилади.
32. Суд бошқарувчиси аттестатнинг амал қилишини тўхтатиш (бекор қилиш) тўғрисида Агентликнинг қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч йил давомида малака имтиҳонидан қайта ўтишига йўл қўйилмайди, суд бошқарувчисининг аризаси асосида унинг аттестатининг амал қилиши тўхтатилган (бекор қилинган) ҳоллар бундан мустасно.
33. Суд бошқарувчиси сифатидаги фаолият ваколатли ташкилот томонидан қуйидаги тўрт тоифага мувофиқ берилган аттестат асосида амалга оширилади:
кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари ва тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун — биринчи тоифадаги аттестат;
кузатув, суд санацияси, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари ва тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун — иккинчи тоифадаги аттестат;
кузатув, тугатишга доир иш юритиш, тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун — учинчи тоифадаги аттестат;
юридик шахслар тўловга қобилиятсизлигининг соддалаштирилган тартиб-таомили ва жисмоний шахсни қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун — тўртинчи тоифадаги аттестат.
34. Малака имтиҳонига қўйилиши рад этилган талабгор Марказ ёки ЯИДХП орқали рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан сўнг ўн иш кунида қайта сўровнома бериши мумкин.
Такрорий топширилган ҳужжатлар кўриб чиқилгани учун йиғим ундирилмайди.
Камчиликлар бартараф этилгани ҳақидаги сўровнома олинган кундан бошлаб уч иш куни давомида ваколатли ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатлар такроран кўриб чиқилади.
Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли ташкилот томонидан аввалги рад этиш учун асосларда баён этилмаган сабаблар келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабабларининг келтирилиши бундан мустасно.
35. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхати ваколатли ташкилотнинг расмий веб-сайтида белгиланган имтиҳон санасидан беш кун олдин жойлаштирилади.
36. Малака имтиҳонини ўтказиш куни, вақти ва жойи тўғрисидаги маълумот ваколатли ташкилотнинг расмий веб-сайтида белгиланган имтиҳон санасидан ўн кун олдин жойлаштирилади.
37. Малака имтиҳонини топширишда талабгор шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини (фуқаролик паспорти, идентификацияловчи ID-картаси, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси) тақдим этади. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар келмаган ҳисобланади ҳамда навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақида талабгор Марказ (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.
38. Агар талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин иккинчи марта малака имтиҳонини топшириш учун келмаса, талабгорга хизмат кўрсатиш рад қилинган ҳисобланади. Бунда малака имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.
Ҳужжатлар мазкур Низомда белгиланган умумий тартибда қайта топширилади.
39. Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда овозли видеотасвирга туширилади, видеотасвир ваколатли ташкилотда камида бир йил мобайнида сақланади.
Малака имтиҳонини ўтказиш жараёнини узлуксиз равишда овозли видеотасвирга тушириш учун ваколатли ташкилот малака имтиҳонларини ташкил этган ҳолда, алоҳида тест хоналарини ажратади ҳамда уларни замонавий техник асбоб-ускуналар (компьютер, овозли видеокамера, интернет алоқаси ва бошқалар) билан таъминлаб, талабгорлар учун тегишли шарт-шароитлар яратади.
40. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:
қонунчилик ҳужжатлари ва йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;
мобил алоқа ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
малака имтиҳони хонасидан ташқарига чиқиш (тест синови ўтаётган хонадан ташқарига чиққан шахслар қайта ичкарига киритилмайди).
Ушбу талабларни бузган талабгорлар тест синови ўтказилаётган хонадан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.
Бегона шахсга малака имтиҳонида иштирок этишга рухсат берилмайди.
41. Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш учун малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ой вақт ўтгандан сўнг ушбу Низомда белгиланган тартибда малака имтиҳонидан ўтиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли. Мурожаат умумий тартибда кўриб чиқилади.
42. Малака имтиҳонининг натижалари малака имтиҳони ўтказилган кундан сўнг уч иш кунида ваколатли ташкилотнинг буйруғи билан тасдиқланади ҳамда ваколатли ташкилотнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
43. Талабгорнинг тест жавоблари ҳамда малака имтиҳони якунлари бўйича тузилган баённомалар ваколатли ташкилотда сақланади.
44. Ваколатли ташкилот малака имтиҳонининг натижалари тасдиқлангандан сўнг уч иш куни ичида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган малака аттестатини расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда Марказга (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ЯИДХП (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) орқали юборади, ушбу малака сертификати Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида юридик кучга эга бўлади.
45. Ваколатли ташкилот малака аттестатини расмийлаштиради ҳамда уни суд бошқарувчилари реестрига киритиш учун бир иш кунида Агентликка идоралараро электрон маълумот алмашинуви орқали юборади.
46. Марказ малака аттестати олингандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни талабгорнинг электрон манзилига юборади ҳамда талабгорни бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Талабгорнинг сўровига кўра Марказ малака сертификатини электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин.
3-боб. Апелляцияни кўриб чиқиш
47. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз иш куни ичида ваколатли ташкилотга апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ЯИДХП орқали тақдим этилади.
Ваколатли ташкилот ўн иш куни ичида киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ЯИДХП орқали хабар беради.
48. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан ваколатли ташкилот қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
имтиҳон натижаларини (ёзма равишда асосланган хат асосида) ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;
апелляцияни қаноатлантириш ва талабгор малака имтиҳонини топширган деб ҳисоблаш тўғрисида;
талабгорни такроран малака имтиҳонига қўйиш тўғрисида.
49. Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
апелляция мазкур Низом талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;
апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.
50. Малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган талабгорнинг малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилгани ҳолатлари аниқланган тақдирда қабул қилинади.
51. Ваколатли ташкилот томонидан апелляция берган талабгор учун малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий малака имтиҳони мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилади.
Бунда малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилгани аниқланган тақдирда, апелляцияга берган талабгор учун малака имтиҳони такроран ўтказилишини инобатга олган ҳолда, малака имтиҳони такроран бепул ўтказилади.
52. Ўтказилган бир малака имтиҳони юзасидан такроран апелляция берилмайди.
53. Ваколатли ташкилотнинг қарори устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга судга шикоят қилиниши мумкин.
4-боб. Суд бошқарувчиси малака аттестатини қайта расмийлаштириш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш
54. Малака аттестатида кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, талабгор малака аттестатини қайта расмийлаштириш учун ваколатли ташкилотга ўн иш куни ичида, Марказга бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
55. Малака аттестатини қайта расмийлаштиришда тўлов ундирилмайди.
56. Ваколатли ташкилот талабгорнинг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда малака аттестатини қайта расмийлаштиради ва ушбу Низомнинг 32-бандида белгиланган тартибда талабгорга юборади, шунингдек, бу тўғрисидаги маълумотни ваколатли ташкилотнинг веб-сайтига жойлаштиради.
57. Ваколатли ташкилот малака аттестатини қайта расмийлаштирганидан сўнг уч иш кунида бу ҳақида суд бошқарувчилари реестрига тегишли ўзгартириш киритиш учун Агентликни хабардор қилади.
Амал қилиш муддати чекланган малака аттестатини қайта расмийлаштиришда илгари берилган малака аттестатининг амал қилиш муддати ўзгармайди.
58. Малака аттестатини қайта расмийлаштириш учун талабгордан қайта имтиҳондан ўтиш талаб қилинмайди.
59. Малака аттестатининг амал қилиш муддати талабгорнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин.
60. Талабгор малака аттестатининг амал қилиш муддати тугашига қадар ваколатли ташкилотга, Марказга бевосита ўзи ёки ишончли вакили орқали мурожаат этади ёхуд ЯИДХПда электрон шаклда ушбу Регламентнинг 8-бандида назарда тутилган тартибда сўровномани тўлдиради.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Моbil-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
61. Малака аттестати муддатини узайтирганлик учун ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган миқдорда тўлов ундирилади.
Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, Паспортларда белгиланган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур бандда белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган тўловнинг 75 фоизи миқдорида чегирма қўлланади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:
«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.
(61-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарорига асосан учинчи — бешинчи хатбошилар билан алмаштирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
Тўловлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.
62. Талабгор хизматдан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор хизматдан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
63. Талабгор Марказга келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси Марказ ходими томонидан тўлдирилиб, талабгор томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ўн дақиқада ваколатли ташкилотга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда ваколатли ташкилотга юборилади.
5-боб. Суд бошқарувчилари реестри
64. Агентлик Суд бошқарувчилари реестрини юритади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
малака аттестати олинган сана, уни олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
шахсини тасдиқловчи маълумотлар (ЖШШИР маълумотлари), яшаш манзили;
иш жойи (мавжуд бўлса);
боғланиш учун маълумотлар;
малака аттестатининг ҳисобга олиш серияси, рақами, берилган санаси;
малака аттестати тоифаси ёки тури;
малака аттестатининг амал қилиш муддати (агар аниқ муддатга берилиши назарда тутилганда);
малака аттестатининг амал қилиш муддати узайтирилгани, амал қилиши тўхтатилгани, бекор қилингани ва қайта расмийлаштирилгани тўғрисида маълумотлар.
Реестр электрон шаклда юритилади.
Реестр шакли Агентлик томонидан тасдиқланади.
65. Реестрга киритилган, талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари, яшаш манзили каби шахсий маълумотлардан ташқари барча маълумотлар улар билан танишиб чиқиш учун оммабоп бўлиб, Агентлик ва ваколатли ташкилотнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
6-боб. Суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилиш
66. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари суд бошқарувчиси томонидан ўз вазифаларига риоя этилишини назорат қилади.
67. Агентлик ўз ваколатлари доирасида:
суд бошқарувчиси фаолиятини қонунчиликка мувофиқ текшириш;
текширишлар ўтказишда пайдо бўладиган масалалар юзасидан суд бошқарувчисидан зарур тушунтиришлар ва материалларни сўраш;
текширишлар натижаларига асосида аниқланган қонун бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар тузиш;
суд бошқарувчисига аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш ҳамда уларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
суд бошқарувчисини огоҳлантириш;
суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиш (бекор қилиш) ёки тўхтатиб туриш;
суд бошқарувчиси томонидан унга юкланган вазифаларнинг тегишли даражада бажарилишини назорат қилиш бўйича бошқа ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
68. Суд бошқарувчиси Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан текширишлар ўтказиш учун шарт-шароитларни таъминлаши, шу жумладан, зарур ахборот ва материалларни тақдим этиши шарт.
Суд бошқарувчиси унинг фаолиятини текшириш жараёнида ваколатли ташкилот ёки унинг ҳудудий бўлинмаси ходими кузатувчи сифатида иштирок этишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
69. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида:
қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнлари мониторингини юритади;
қонунчиликка мувофиқ суд бошқарувчилари фаолиятини назорат қилади;
қонунчиликка мувофиқ суд бошқарувчиси фаолиятини текширади;
қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги жараёнлари ҳақида керакли бўлган маълумот ва материалларни суд бошқарувчисидан сўраб олади;
текширишлар натижалари асосида аниқланган қонун бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатнома тузади ва Суд бошқарувчилари аттестация комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади;
суд бошқарувчиси томонидан унга юкланган вазифаларнинг тегишли даражада бажарилишини назорат қилиш бўйича бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
7-боб. Суд бошқарувчилари аттестация комиссиясининг иш фаолияти
70. Суд бошқарувчилари аттестация комиссияси (кейинги ўринларда — Аттестация комиссияси) суд бошқарувчилари фаолиятини кўриб чиқувчи коллегиал орган ҳисобланади. Аттестация комиссиясининг шахсий таркиби Агентлик томонидан тасдиқланади. Комиссия таркибига Агентлик раҳбар ходимлари, Солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлиги масъул ходимлари ҳамда Ўзбекистон суд бошқарувчилари ваколатли ташкилот раиси (келишувга кўра) киритилади.
71. Аттестация комиссияси таркиби раис, бир нафар раис ўринбосари, тўрт нафар аъзо ва комиссия котибидан иборат бўлади. Комиссия котиби овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Агентлик директорининг ўринбосари лавозимига кўра аттестация комиссияси раиси ҳисобланади.
72. Аттестация комиссиясининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари ва кўрсатмалари мазкур Низомга мувофиқ суд бошқарувчилари учун мажбурий ҳисобланади.
73. Аттестация комиссиясининг мажлислари зарурат бўлганда ўтказилади. Аттестация комиссияси раиси унинг мажлисларини ўтказади, баённомаларни ва бошқа ҳужжатларини имзолайди. Аттестация комиссияси раиси йўқлигида, унинг ваколатларини ушбу комиссия раисининг ўринбосарларидан бири амалга оширади. Аттестация комиссияси котиби комиссия мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул ҳисобланади.
Аттестация комиссияси мажлиси зарурат бўлганда, комиссия раисининг рухсати билан масофадан туриб онлайн тарзда ўтказилиши мумкин.
74. Аттестация комиссияси мажлислари зарурат бўлганда ўтказилади ва унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ҳуқуқий ваколатга эга бўлади.
75. Аттестация комиссиясининг қарорлари Аттестация комиссияси мажлисида қатнашадиган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Аттестация комиссиясининг қарори баённома билан расмийлаштирилади.
76. Аттестация комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш (санаси, жойи ва вақти) тўғрисида Аттестация комиссияси аъзоларига комиссияси котиби томонидан хабар берилади.
Аттестация комиссияси мажлисининг ўтказилиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида ўзига нисбатан иш кўрилаётган суд бошқарувчиси мажлис бошланишидан камида бир ҳафта олдин хабардор қилинади. Агар суд бошқарувчиси хабардор қилинган бўлиб мажлисга келмаган бўлса, Аттестация комиссияси ишни унинг иштирокисиз кўриб чиқиши мумкин.
77. Аттестация комиссияси суд бошқарувчиси томонидан йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади.
78. Аттестация комиссияси суд бошқарувчиси томонидан йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини кўриб чиқади ҳамда улар бўйича қарорлар қабул қилади. Қуйидагилар суд бошқарувчилари томонидан содир этилган қонун бузилиши юзасидан ишнинг кўрилиши учун асос ҳисобланади:
Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари назорат қилиш бўйича ўз ваколатларини амалга оширишда суд бошқарувчилари фаолиятида қонун бузилиши аломатлари тўғрисидаги маълумот ва текшириш далолатномалари;
давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тушган ахборот, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза ва шикоятлари, оммавий ахборот воситаларидаги қонун бузилиш аломатлари тўғрисидаги маълумотлар ва хабарлар;
суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан суд бошқарувчиси томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани тўғрисидаги хабарлар, тақдимнома ва хусусий ажримлар.
79. Ўзига нисбатан иш кўрилаётган суд бошқарувчиси иш материаллари билан танишишга ва улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, ишнинг бошқа иштирокчиларига саволлар беришга, илтимосномалар тақдим этишга ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.
80. Аттестация комиссияси ишни кўриш натижалари бўйича қонун бузилиши ҳолатлари аниқлаган ҳолларда, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатма юбориш ёки суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёхуд уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда мазкур қарорни Агентликка киритади.
81. Агентлик суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилиши тўғрисида Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва иқтисодий судни ёзма равишда хабардор қилади ва бир вақтнинг ўзида иқтисодий судга аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилган суд бошқарувчисининг ўрнига номзодни тақдим этади.
82. Агентлик иқтисодий суд томонидан янги тайинланган суд бошқарувчисига аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўрсатма беради.
83. Агентликнинг ҳудудий бошқармаси ваколатли ташкилотнинг ҳудудий бўлинмаси билан биргаликда суд бошқарувчисининг аттестатини тиклаш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида Аттестация комиссиясига кўриб чиқиш учун таклиф киритади.
84. Аттестация комиссиясининг қарори суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тиклаш ёки тўхтатишга (бекор қилишга) асос бўлади.
85. Суд бошқарувчилари томонидан содир этилган қонун бузилиши ҳолатларини кўриб чиқиш натижалари Аттестация комиссияси баённомаси билан расмийлаштирилади.
86. Агентликнинг қарори (кўрсатмаси) ишда иштирок этувчиларга иш бўйича қарор (кўрсатма) чиқарилган кундан бошлаб уч кун ичида юборилиши керак.
87. Суд бошқарувчиси кўрсатмада белгиланган муддатда қонун бузилиши ҳолатларининг бартараф этилгани тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи далиллар билан бирга Агентликка тақдим этиши лозим.
8-боб. Суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тартиби
88. Суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш учун қуйидагилар асос бўлади:
суд бошқарувчисининг аризаси;
суд бошқарувчиси ўз фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари ёки малака аттестати талабларини бузганда;
суд бошқарувчиси томонидан Агентликнинг унинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи кўрсатмаси бажарилмаганда.
89. Аттестатнинг амал қилиши Агентлик томонидан тўхтатиб турилади. Аттестатнинг амал қилиши Агентлик томонидан олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Талабгор ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган аттестатнинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни Агентлик белгилаган муддатда бартараф этмаганда, Агентлик аттестатни бекор қилиш тўғрисида судга даъво аризаси киритади.
90. Агентликнинг аттестат амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори бўйича бир иш куни ичида суд бошқарувчиси хабардор қилинади ва аттестатнинг амал қилиши тўхтатиб турилгани ҳақида Агентлик томонидан юритиладиган Суд бошқарувчилари реестрига тегишли ёзув киритилади.
91. Аттестатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда Агентликнинг қарорига биноан бекор қилинади:
суд бошқарувчиси аттестатини амал қилишини бекор қилиш бўйича мурожаат қилганда;
аттестат бериш тартиби бекор қилинганда;
суд бошқарувчисининг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
суд бошқарувчиси вафот этганда;
суд бошқарувчиси томонидан Агентликка аттестатининг амал қилишини бир йилгача тўхтатиб туриш тўғрисида мурожаат берилиб, мазкур муддат давомида аттестатининг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида Агентликка мурожаат қилинмаган тақдирда.
92. Агентлик қуйидаги ҳолларда аттестатнинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилади:
суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни Агентлик белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
ваколатли ташкилотнинг малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
суд бошқарувчиси қонунчилик ҳужжатлари талабларини бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
суд бошқарувчиси аттестати қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олингани аниқланганда.
93. Агентликнинг суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ҳақидаги қарори ёхуд мазкур Низомнинг 62-бандида назарда тутилган асосларда Агентлик томонидан суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини бекор қилиш бўйича судга даъво киритилганда, аттестатининг амал қилиши бекор бўлган шахс иш материаллари билан танишишга ҳамда улардан кўчирма олишга, оғзаки ва ёзма тушунтиришлар беришга, далилларни тақдим этишга ва уларни текширишда иштирок этишга, илтимосномалар тақдим этишга ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақлидир.
94. Агентликнинг суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарори ҳақида бир иш куни ичида аттестати амал қилиш бекор бўлган шахс хабардор қилинади ва унинг аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилгани ёки бекор қилинганлиги ҳақида Агентлик томонидан юритиладиган Суд бошқарувчилари реестрига тегишли ёзув киритилади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
95. Марказ ва ваколатли ташкилот ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
96. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Марказ ушбу Низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.
97. Талабгор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
98. Суд бошқарувчиларининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонуни ва ушбу Низомда назарда тутилган ҳолларда тўхтатилади.
99. Ушбу Низомни қўллашда келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
100. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Суд бошқарувчилари малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Суд бошқарувчилари талабгорларини малака имтиҳонидан ўтказиш ва уларга малака аттестатини бериш хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Талабгор

Малака аттестатини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Сўровнома шаклини тўлдириб, ваколатли ташкилотга юборади.

Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ўн дақиқа мобайнида

ЯИДХП

2. Тўлдирилган сўровномани автоматик тарзда ваколатли ташкилотга юборади.

Аниқ вақт режимида

3-босқич

Ваколатли ташкилот

1. Ариза тушгандан сўнг малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

Паспортларнинг 6-бандида белгиланган муддатларда

2. Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхатини ваколатли ташкилотнинг веб-сайтида жойлаштиради.

Имтиҳон санасидан беш кун олдин

4-босқич

Ваколатли ташкилот

Малака имтиҳони натижалари тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг, малака аттестатини QR-код (матрик штрихли код) билан расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди, Давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки талабгорга (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.

Уч иш куни муддатда

5-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Малака аттестатини талабгорнинг электрон манзилига юборади, бу ҳақида талабгорни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Ўн дақиқа муддатда

2. Талабгор ўзи келиб мурожаат қилганда, рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклида талабгорга тақдим этади.

Талабгор сўровига кўра

Суд бошқарувчилари малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИНИНГ ___________-тоифали

СУД БОШҚАРУВЧИСИНИНГ АТТЕСТАТИ

-сон

Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг

20___ йил ___ ________даги ____-сон буйруғига биноан

Фамилияси:

Исми:

Отасининг исми:

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами:

СУД БОШҚАРУВЧИСИ

аттестати берилди

Мазкур суд бошқарувчиси аттестати унинг эгасини:

__________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________

сифатида тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.

Берилган сана:

Амал қилиш муддати:

Ваколатли шахс:

QR-код

Суд бошқарувчилари малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИНИНГ ___________-тоифали

СУД БОШҚАРУВЧИСИНИНГ

АТТЕСТАТИ

-сон

Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг

20___ йил ___ ________даги ____-сон буйруғига биноан

Фамилияси:

Исми:

Отасининг исми:

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами:

СУД БОШҚАРУВЧИСИ

аттестатининг амал қилиш муддати ____ йил муддатга узайтирилди

Мазкур суд бошқарувчиси аттестати унинг эгасини:

__________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________

__________________________________________________________________________

сифатида тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.

Берилган сана:

Амал қилиш муддати:

Ваколатли шахс:

QR-код

Суд бошқарувчилари малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИНИНГ ___________-тоифали

СУД БОШҚАРУВЧИСИНИНГ

АТТЕСТАТИ

-сон

Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг

20___ йил ___ ________даги ____-сон буйруғига биноан

___-тоифадан ___-тоифага оширилди (туширилди)

Фамилияси:

Исми:

Отасининг исми:

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами:

СУД БОШҚАРУВЧИСИ

аттестати берилди

Мазкур суд бошқарувчиси аттестати унинг эгасини:

____________________________________________________________________________

____________________________________________________________________________

____________________________________________________________________________

сифатида тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.

Берилган сана:

Амал қилиш муддати:

Ваколатли шахс:

QR-код

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги 838-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Баҳоловчиларга тоифалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 24 сентябрдаги 799-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 714-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига баҳоловчиларга тоифалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2022 йил 4 октябрдаги 564-сон қарори.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сон қарори билан тасдиқланган Айрим турдаги малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона маъмурий регламентининг 2, 3 ва 6-иловалари.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2024 йил 15 майдаги 282-сон қарорига 1-илованинг 72-банди «б» кичик банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2025 йил 8 апрелдаги 211-сон қарорига 1-илованинг 11-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 09/25/838/1247-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)