O‘zbekiston Respublikasi Qonunchilik ma’lumotlari milliy bazasi
ONLINE TRANSLATE
Суд буйруғи бериш бўйича талаблар

135-модда. Суд буйруғи бериш бўйича талаблар 
Суд буйруғи судья томонидан қуйидаги ҳолларда якка тартибда берилади, агар: 
1) солиқ қарзини ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса; 
2) коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилган бўлса; 
3) ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилган бўлса; 
4) талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса; 
5) ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса. 

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли. Иқтисодий судлар ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, суд буйруғи шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилиши ИПКда мустаҳкамлаб қўйилган. Иқтисодий судлар томонидан кўриладиган ҳамда кенг тарқалган ишларнинг яна бир тури – буйруқ тартибида кўриладиган ишлардир. Иқтисодий судга мурожаат қилиш: фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан юзага келадиган низолар бўйича – даъво аризаси шаклида; буйруқ тартибида иш юритиш, алоҳида тоифадаги ишлар бўйича ҳамда ИПКда назарда тутилган бошқа ҳолларда – ариза шаклида амалга оширилади. Бу тоифадаги ишларнинг тарафлари кредитор ва қарздор бўлиб, судга ариза билан мурожаат қилган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор кредитор, яъни ҳақ талаб қилувчи, ариза қаратилган шахс эса қарздор ҳисобланади. Суд буйруғи кредиторнинг низосиз талабларини қаноатлантириш тўғрисидаги судьянинг ҳужжатидир.
Суд буйруғи низосиз ишларни ҳал қилишнинг энг қулай ва арзон йўли ҳисобланади. Агарда қарздор ўз қарзи хусусида низолашмай ўзининг мажбуриятларини ихтиёрий бажармаганида, суд буйруғи кредитор томонидан ёки талаб қилинаётгян суммани ёки ижро ҳужжатини олишининг жудда содда шаклидир. 
Бундан кўриниб турибдики, суд буйруғи на ажрим ва на суд ҳал қилув қарори сифатида кўрсатилмаган. Суд буйруғи суд қарорларининг алоҳида тури сифатида эътироф этилмоқда. Суд буйруғи ўзининг таркибий қисми, тузилиши ва мазмун-моҳияти билан одил судлов ҳужжати ҳисобланган суд ҳал қилув қарорларидан жиддий фарқ қилади. Бинобарин, буйруқ тартибидаги ишлардан ташқари бошқа барча суд ишларини юритиш турларида фуқаролик ишлари суд мажлисида мазмунан кўрилиши ҳамда ҳал қилиниши, одил судлов ҳужжати сифатида ҳал қилув қарори чиқарилиши мумкин бўлади. Суд буйруқлари ўзига хос бўлган қуйидаги белгилари билан суд қарорларидан фарқланади: 
Биринчидан, суд буйруғи ишни мазмунан кўрмасдан, мавжуд ёзма ҳужжатлар асосида чиқарилади. Судья ушбу ҳолатда гувоҳ кўрсатувларини, эксперт хулосаларини текширмайди, тарафларнинг тушунтиришлари ва учинчи шахсларнинг баёнотларини эшитмайди. 
Иккинчидан, буйруқ тартибида иш юритиш жараёнида тарафлар сифатида ундирувчи ва қарздор эътироф этилади. 
Учинчидан, суд буйруғи фақат қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлгандагина чиқарилади. Суд буйруғи низосиз талаблар юзасидан чиқарилиб, қонунда белгиланмаган асослар юзасидан чиқарилиши мумкин эмас.
Тўртинчидан, суд буйруғини чиқариш учун қатор шартлар мавжуд бўлиши талаб этилади. Биринчи шарт шундан иборатки, ундирувчи суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан бирга қарздорнинг ўз зиммасига олган мажбуриятини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Иккинчи шарт, тақдим этилган ҳужжатлар ишнинг моҳиятини ўзида тўлақонли акс эттириши лозим. Учинчи шарт, низо мавжуд бўлмаслиги талаб этилади. 
Бешинчидан, суд буйруғи ижро ҳужжати ҳисобланиб, суд ҳужжатларини ижро этиш учун қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. 
Умумий қоидага мувофиқ, биринчи инстанция судлари томонидан суд буйруғи судьянинг якка ўзи томонидан чиқарилади. 
Буйруқ тартибида иш юритишда даъвогар ва жавобгар иштирок этмайди, балки қарама-қарши тарафлар қарздор ва ундирувчи деб эътироф этилади. Буйруқ тартибида иш юритиш қарздор томонидан ўзининг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини амалга оширувчи ундирувчининг ташаббуси билан қўзғатилади. Шу мазмундаги аризалар билан ундирувчининг номидан қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончнома асосида унинг вакили мурожаат қилиш ваколатига эга бўлади. 
Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга бўлиб, у бўйича ундирув буйруқ берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач, суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади. 
Тортишув жараёнининг барча қоидаларига амал қилиб даъво аризалар бўйича суд жараёнида умумий тартибда ишларни низосиз ҳал қилиш фуқаролик ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг суд шаклини жозибалилигини анчагина пасайтиради. Иқтисодий судни иш юритувида соддалаштирилган ҳуқуқий жараёнлардан, хусусан, суд буйруғига оид иш юритувидан фойдаланиш суд ҳимоясининг унумлилигини ва амалий натижасини оширишга олиб келади. 
Суд буйруғининг мақсади – кредиторларга қарздорларнинг ўзи низосиз деб тан оладиган талаблари юзасидан ижро кучига эга бўлган қарорларни олишни соддалаштириш, ушбу низосиз ишларнинг ҳажмини умумий иш юритувидан ажратиш ва улар учун мажбурий ундирувнинг янада соддароқ, қисқароқ ва арзонроқ шаклини яратишдан иборат. Шу билан бирга, ушбу шакл қарздорга унинг мажбурияти ҳақида эслатади, кредиторнинг асосланган талабларини ихтиёрий равишда қаноатлантиришга рағбатлантиради. 
Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги «Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда иқтисодий судлар томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 254-сон қарорининг 2-бандида қайд этилишича, ИПКнинг 135-моддасида назарда тутилган суд буйруғи бериш бўйича талабларнинг рўйхати тугал ҳисобланади ва у кенгайтирилган тарзда талқин қилинмайди. 
Муҳим жиҳати, суд буйруғини бериш тўғрисидаги талаб солиқ қарзини ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талабга асосан қўйилган бўлса, қарздор томонидан солиқ қарзининг тан олиниши талаб этилмайди. 
Агар коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилган бўлса, суд буйруғи чиқарилишининг белгиланиши ҳозирги кундаги долзарб масалаларнинг ечими сифатида муҳим аҳамият касб этади. Сир эмаски, суд амалиётида коммунал тўлов билан боғлиқ иқтисодий ишлар кўплаб кузатилади ва уларнинг аксарияти низосиз эканлиги аён. Таъкидлаш жоизки, шу кунгача ушбу тоифадаги иқтисодий ишлар даъво тартибида кўрилиб, уларни кўриш учун кўп вақт талаб қилинар эди. Чунки ушбу тоифадаги ишлар бўйича судьялар процессуал қонунчиликнинг умумий талабларига мувофиқ суд муҳокамасини ўтказишлари лозим эди. Бу эса ортиқча суд харажатларини, шу жумладан, суд чақирув қоғозлари, қоғоз, ижро варақалари, почта ва бошқа харажатларни талаб этади. Ўз навбатида, таҳлиллар коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзни ундириш ҳақидаги талаблар юзасидан суд буйруғи чиқарилиши сарфланадиган харажатларни 1/3 қисмга қисқартиришини, шу билан бирга, мазкур ишларни кўриш тартибини енгиллаштиришини кўрсатмоқда. 
Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси 133-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сувни чиқариб юбориш (канализация), электр таъминоти, газ таъминоти, иситиш (иссиқлик таъминоти), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборатдир. 
Ўзбекистон Республикасининг «Алоқа тўғрисида»ги Қонуни 2-моддасининг биринчи қисмига кўра алоқа соҳасидаги муносабатларнинг объектлари почта жўнатмаларини қабул қилиб олиш, ташиш ва кўрсатилган жойга етказиб бериш воситаларининг йиғиндиси бўлган почта алоқаси тармоқларидан ҳамда бир ёки бир нечта узатиш турлари: телефон, телеграф, факсимил узатишларни, ҳужжатли хабарларнинг бошқа турлари маълумотларини узатишни, телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникациялар воситалари йиғиндиси бўлган телекоммуникациялар тармоқларидан иборат. 
Алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги ариза қарздорлик суммаси ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари билан аниқланган ҳолдагина суд буйруғи тартибида кўриб чиқилиши мумкин. 
Ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб асосида тақдим этилган суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада дебиторлик қарзини қарздорнинг мол-мулкидан ундириш тўғрисида талаб қўйилиши мумкин эмас. Бундай талаб билдирилганда, аризани қабул қилиш ИПК 140-моддасининг биринчи қисмига асосан рад этилади. Шунингдек, мазкур талаб асосида қарздорликни ундириш тўғрисида талаб қўйилганда, дебиторлик қарзи қарздор томонидан ҳужжатлар асосида тан олинган бўлиши лозим.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ИПКга асосан судловга тааллуқлилик ва тегишлиликнинг умумий қоидаларига амал қилган ҳолда берилади. 
Шунингдек, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза юридик шахс мақомига эга бўлмаган кредитор томонидан ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган қарздорга нисбатан берилганда, аризани қабул қилиш ИПКнинг 140-моддаси биринчи қисмига асосан рад этилади. 
Ариза билан юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) юридик шахс номидан ишончнома асосида мурожаат этса, суд аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. 
Бунда талаб қилинаётган сумма (талаб қилиб олинаётган мол- мулк) алоҳида бўлинма (филиал, ваколатхона) фойдасига эмас, балки манфаатлари кўзланиб ҳаракат қилинаётган юридик шахс фойдасига ундирилади. 
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан кредитор ёки унинг вакили мурожаат қилиши мумкин. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тубдан такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 1 ноябрдаги 511-сонли қарорига асосан юридик шахслар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси учун муддати ўтказиб юборилган қарздорликни ундиришни мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги аризалар билан судга мурожаат қилиш ваколати давлат солиқ хизмати органларига юклатилган. Бундай ҳолларда давлат солиқ хизмати органлари кредитор ҳисобланмаслигини инобатга олиб, суд буйруғида кредитор сифатида тегишли энергия таъминоти корхонаси кўрсатилади ҳамда қарздорлик энергия таъминоти корхонаси фойдасига ундирилади. 
Талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса, суд буйруғини беришга асос бўлади. Акцепт офертанинг шартларига розилик ифодаси бўлиб, оғзаки ёки ёзма шаклда изҳор этилади. Бунда акцептнинг шартлари офертадаги шартлар билан тўла мос келиши шарт. Шартномавий мажбурият юзага келиши учун акцепт офертани юборган шахсга билдирилиши шарт. 
Умумий қоидага кўра, акцепт шакли оферта шаклига боғлиқ, яъни оферта ёзма шаклда йўлланган бўлса, акцепт ҳам ёзма шаклда бўлиши шарт. Лекин айрим ҳолатларда акцепт тузилган деб ҳисобланиши учун офертани олган шахснинг сукут қилиши етарли бўлади. Бундай ҳолатлар қонунда кўзда тутилган бўлиши, иш муомаласи одатларидан келиб чиқиши ёки тарафларнинг аввалги иш муносабатларидан келиб чиқиши мумкин. Хусусан, банк амалиётида мижозлар, одатда, ўз жамғармаларига белгиланган фоиз миқдорининг оширилишига сукут билан рози бўладилар. Аввалги иш муносабатларига, масалан, товарга буюртмаларни етказиб берувчи ҳеч қандай акцептсиз товарни жўнатиб юбориш ҳолатини кўрсатиш мумкин. 
Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар шакллари Марказий банк томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган қоидалар билан белгиланади. Худди шу қоидаларда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун ишлатиладиган тўлов ҳужжатларининг намуналари ҳам берилади (жумладан, тўлов топшириқномалари, векселлар ва чеклар назарда тутилган). 
Валюта қимматликлари қаторига киритилган мол-мулк 2019 йил 22 октябрдаги ЎРҚ–573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун (янги таҳрири) билан белгиланади. Мазкур мол-мулк таркибига чет эл валютаси, номинали чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар ва тўлов ҳужжатлари, норезидентлар томонидан чиқарилган, номиналга эга бўлмаган қимматли қоғозлар, соф қуйма олтин киради. 
Ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, тарафларнинг ўзаро келишувида кўзда тутилган ёзма битимга риоя этмаслигини бошқача баҳолаш лозим. Бундай битим низо юзага келган тақдирда тузилмаган деб ҳисобланиши лозим, чунки Фуқаролик кодексининг 364-моддасига мувофиқ агар тарафлар ўртасида тегишлича ҳолатларда талаб қилинган шаклда шартноманинг барча муҳим шартлари бўйича келишувга эришилган бўлсагина шартнома тузилган ҳисобланади. Шуни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керакки, низо содир бўлга ҳолда, кредитордан тилхат талаб қилиб олмаган, бинобарин ижрони тақдим этиш юзасидан оддий ёзма битим шаклига риоя этмаган қарздор Фуқаролик кодексининг 109-моддасига мувофиқ мажбуриятнинг бажарганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан исботлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва фақат ёзма ёки бошқа ашёвий далиллар билан тасдиқлаши мумкин бўлади. 
Агар ҳисобга ўтказиш ёзма битим асосидаги мажбуриятни бекор қилишга йўналтирилган бўлса, ҳисобга ўтказиш тўғрисидаги ариза ҳам ёзма равишда бажарилиши шарт.