132-модда. Келишув битимининг шакли ва мазмуни
Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.
Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.
Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.
Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу Кодексда белгиланган умумий тартибда ҳал этади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.
ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ
Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги «Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида»ги қарорида таъкидланишича, келишув битими ёзма шаклда расмийлаштирилади ва тарафлар ёки келишув битимини тузиш ваколати махсус назарда тутил¬ган ИПКнинг 63-моддасининг талабларига мувофиқ берилган ишончнома мавжуд бўлган ҳолда, уларнинг вакиллари томонидан имзоланади. Бун¬дай ишончнома келишув битимига илова қилиниши ва иш ҳужжатларига қўшиб қўйилиши лозим.
Келишув битими мазкур битимни тузган шахслар сонидан биттага ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан биттаси иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.
Судлар инобатга олишлари лозимки, келишув битимининг мазмуни ИПКнинг 132-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши ва унинг шартлари аниқ, равшан баён қилиниши ва унинг ижро этилишида келишув битимининг мазмуни бўйича ҳар хил талқин қилинишига ва келгусида низоларнинг келиб чиқишига йўл қўймайдиган бўлиши керак.
Келишув битими тарафларнинг бир-бири олдидаги ўзаро мажбуриятларининг шартлари, миқдори ва бажариш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим.
Келишув битими шартларини кўриб чиқишда суднинг вазифаси тарафларнинг келишув битимини тузиш ва иш юритишни тугатишга бўлган ҳақиқий хоҳиш-иродасини, улар томонидан келишув битими тузилаётганида қонун талаблари бажарилганлигини аниқлаш ва келгусида келишув битимини суд ҳужжатлари билан тенг шартларда ижро қилинишини таъминлашдан иборатдир.