Очиқлик, шаффофлик – бу турли қинғир йўллар билан мақсадга эришишга барҳам бериш, қора схемаларни амалга ошириш имкониятларини йўққа чиқариш деганидир.
Шаффоф тизимда коррупцияга ўрин бўлмайди. Образли айтадиган бўлсак, коррупция – қоронғуликда яшайдиган қонхўр мавжудот кабидир, шаффофлик ва ёруғликда у ўлади. Жамоатчилик эса очиқликнинг энг кучли назоратчиси. Хўш, жамоатчилик нималарни талаб қилиши мумкин?
1. Фуқаролар давлат органи фаолиятига оид маълумот билан танишиш ҳуқуқига эга.
Фуқаролар, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик фаоллари ва бошқалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот билан танишиши мумкин, давлат органлари ва ташкилотлари эса уларнинг мазкур ҳуқуқларини таъминлаши керак.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот ҳисобланадиган маълумотларнинг рўйхати Қонун билан аниқ белгиланган. Уларнинг орасида ишлаб чиқилган қонунчилик ҳужжатлари, лойиҳалар, бўш иш ўринлари, очиқ ҳайъат мажлислари режалари ва ҳоказолар мавжуд.
2. Давлат органлари ОАВ сўровига 7 кунда жавоб бериши керак.
Давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид маълумотларни бир қанча усуллар билан кенг жамоатчиликка етказади: ахборотни эълон қилиш, веб-сайтга жойлаш, ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш, сўровларга жавоб бериш ва ҳ.з.
Фуқаролар, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик фаоллари ва бошқалар ўзларига керакли маълумотларни давлат органига сўров юбориш орқали олиши мумкин.
Бу сўров оғзаки, ёзма ёки электрон бўлиши мумкин. Мазкур сўров 15 кунда кўриб чиқилади, ОАВнинг сўрови эса 7 кунда кўриб чиқилади.
3. Мансабдорларнинг хизмат сафарларига оид маълумотлар очиқланиши керак.
Қонунчиликда юқоридагиларга кўшимча тарзда барча давлат органлари, шу жумладан Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар (давлат органлари ва ташкилотлари) томонидан очиқланадиган маълумотларнинг аниқ рўйхати тасдиқланган.
Мазкур рўхатга 40 турдаги маълумотлар киритилган бўлиб (тўлиқ рўйхат бу ерда), уларнинг орасида давлат харидларидан тортиб мансабдорларнинг хизмат сафаригача бўлган ахборотлар мавжуд.
Рўйхатда маълумотларни жойлаш манзили ва масъуллар батафсил кўрсатиб ўтилган. Асосий манзиллар Очиқ маълумотлар портали ҳамда давлат органларининг расмий веб-сайтлари ҳисобланади.
4. Йил якунлари бўйича ҳисобот бериш ташаббус эмас, талаб.
Барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 мартгача ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартгача уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар бериши керак.
1 апрелгача эса ҳисоботни КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИК ИШТИРОКИДА муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиши шарт.
5. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги очиқликни таъминлашга масъул.
Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.
6. Очиқликни таъминламаган мансабдорлар жавобгарликка тортилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2157-моддасида очиқлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Унга кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Янада қизиқарли ҳуқуқий тушунтиришлар билан Hudud24.uz сайтида танишинг.