O‘zbekiston Respublikasi Qonunchilik ma’lumotlari milliy bazasi
ONLINE TRANSLATE
Туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига боланинг ота-онасини ёзиш

207-модда. Туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига боланинг ота-онасини ёзиш

Ўзаро никоҳда бўлган ота ва онадан бирининг аризасига кўра туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида улар боланинг ота-онаси деб ёзилади.

Агар ота-она ўзаро никоҳда бўлмасалар, боланинг онаси тўғрисидаги ёзув онанинг аризасига кўра, отаси тўғрисидаги ёзув эса, боланинг отаси ва онасининг биргаликдаги аризаси бўйича ёхуд суднинг ҳал қилув қарорига асосан ёзилади. Она вафот этган ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилган ёхуд оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, шунингдек онанинг қаерда эканлигини аниқлаш мумкин бўлмаганда ота тўғрисидаги ёзув отанинг аризасига кўра васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан ёзилади.

Никоҳда бўлмаган онадан бола туғилганда ота-онанинг биргаликдаги аризаси ва оталикни белгилаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори бўлмаса, туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида отанинг фамилияси онанинг фамилияси бўйича, отага тегишли исм, отасининг исми ва миллати – она кўрсатмаси бўйича ёзилади.

Агар ота-онанинг иккаласи ҳам номаълум бўлса, ота ва она ҳақидаги ёзувлар васийлик ва ҳомийлик органи кўрсатмасига асосан ёзилади.

Никоҳда бўлган ва сунъий ҳомила ҳосил қилиш ёки эмбрионни кўчиришга ёзма розилик берган шахсларда шу усулларни қўллаши натижасида бола туғилса, туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига улар шу боланинг ота-онаси деб ёзилади.

Ўзаро никоҳда бўлган ва бошқа аёлга ҳомилани ривожлантириш мақсадида эмбрионни кўчиришга ёзма розилик берган шахслар болани туққан аёлнинг (қондош онанинг) розилиги билангина боланинг отаонаси деб ёзилиши мумкин.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ

Боланинг ота-онасини туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига киритиш турли ҳаётий вазиятлардан келиб чиқиб, муайян асосларга кўра амалга оширилади. Бунда боланинг ота-онаси тўғрисидаги ёзув ота ва онанинг ўзаро никоҳдалиги ёки никоҳда эмаслиги, боланинг отаси номаълумлиги, онасининг вафот этиши ёки оналик ҳуқуқида маҳрум этилиши каби ҳолатлардан келиб чиқиб киритилади.

  1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида ўзаро никоҳда бўлган ота ва онадан туғилган боланинг ота-онаси тўғрисидаги маълумотни ёзувлар дафтарига киритиш хусусидаги қоида белгиланган. Бунда туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига боланинг ота-онаси ҳақидаги қайд ота ва онадан бирининг аризасига кўра киритилади.
  2. Ота-она ўзаро никоҳда бўлмасалар, боланинг ота-онаси тўғрисидаги ёзувни киритишнинг бир нечта усуллари назарда тутилади. Бу ҳолатда боланинг онаси тўғрисидаги ёзув онасининг аризасига кўра киритилади. Боланинг отаси тўғрисидаги ёзув, қоидага кўра, боланинг отаси ва онасининг биргаликдаги аризаси бўйича киритилади, агар боланинг отаси ариза беришдан бош тортса, суднинг ҳал қилув қарорига асосан ёзилади.

Боланинг ота-онаси ҳақидаги маълумотни туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига киритишда онада маълумот олишнинг имкони бўлмаслик ҳолатлар сифатида қуйидагилар назарда тутилган:

  • она вафот этганда;
  • у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
  • оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда;
  • онанинг қаерда эканлигини аниқлаш мумкин бўлмаганда.

Мазкур ҳолатларда ота тўғрисидаги ёзув отанинг аризасига кўра васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан ёзилади.

3. Бола никоҳда бўлмаган онадан туғилганда боланинг отаси тўғрисидаги ёзувни киритиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

  • ота-онанинг биргаликдаги аризаси;
  • оталикни белгилаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори.

Агар мазкур асослар мавжуд бўлмаганда, ёзувлар дафтарида отанинг фамилияси онанинг фамилияси бўйича, отага тегишли исм, отасининг исми ва миллати – она кўрсатмаси бўйича ёзилади.

  1. Топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилганлигини қайд этиш учун ички ишлар органи, васийлик ва ҳомийлик органлари, бола парваришланаётган муассаса маъмурияти ёки тиббий муассаса томонидан бола топиб олинган (ташлаб кетилган) жойдаги ФҲДЁ органига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза берилади:

ички ишлар органи ёки васийлик ва ҳомийлик органининг боланинг топиб олинган вақти, жойи ва топиб олинган пайтдаги ҳолати тўғрисидаги далолатномаси; тиббий муассасанинг топиб олинган ёки ташлаб кетилган боланинг ёши ва жинсини тасдиқловчи маълумотномаси.

  1. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмида сунъий ҳомила ҳосил қилиш ёки эмбрионни кўчириш асосида туғилган боланинг отаонаси ҳақидаги маълумотни туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига киритиш қоидаси белгиланган. Бунда сунъий ҳомила ҳосил қилиш ёки эмбрионни кўчиришда, ёзма розилик берган шахслар никоҳда турган бўлсалар, туғилган боланинг ота-онаси сифатида ушбу шахслар туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига киритилади.
  2. Оила кодексида эр-хотиннинг болали бўлишида қўлланилаётган суррогат оналик ҳолатида туғилган болага нисбатан ота-оналикни аниқлаш қоидаси назарда тутилган. Бу ҳолатда ўзаро никоҳда бўлган эр-хотин бошқа аёлга ҳомилани ривожлантириш мақсадида эмбрионни кўчиришга ёзма розилик берган бўлсалар, фақат болани туққан аёлнинг (қондош онанинг) розилиги билангина боланинг ота-онаси деб ёзилиши мумкин. Агар қондош она бунга рози бўлмаса, боланинг ота-онаси кимлиги унинг кўрсатмасига кўра туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига киритилади. Қуйида  суррогат оналик нима эканлигига тўхталиб ўтамиз. Қонунчилигимизда суррогат оналик тушунчасига таъриф берилмаган. Шу сабабли суррогат оналик тушунчасини изоҳлаш учун фаннинг бошқа йўналишларига мурожаат қиламиз. Суррогат оналик – ёрдамчи репродуктив технологиялар сирасига кириб, бунда ҳомиладорлик ва фарзанд дунёга келишида уч киши иштирок этади:

генетик (биологик) ота – уруғлантириш учун ўз уруғ ҳужайрасини берган ва фарзанд туғилганидан сўнг оталик мажбуриятини олишга рози бўлган шахс;

генетик (биологик) она – уруғлантириш учун ўз тухумҳужайрасини берган ва фарзанд туғилганидан сўнг оналик мажбуриятини зиммасига олишга рози бўлган шахс;

суррогат она – генетик ота-онанинг уруғидан ҳосил бўлган фарзандни танасида катта қилиб, дунёга келтириш мажбуриятини бажарадиган аёл.

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда генетик ота-онага қуйидагича таъриф беришимиз мумкин. “Генетик ота-она — белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олган ёки текин суррогат она томонидан суррогат оналик дастури якунида дунёга келтирилган фарзандни қабул қилиб олувчи қонуний ер-хотин”.

Суррогат оналик текинга ёки маълум бир ҳақ эвазига амалга оширилади. Aмалдаги фуқаролик қонунчилигида суррогат оналик шартномасини тартибга солувчи нормалар мустаҳкамланмаган. Шунга қарамай бундай турдаги шартнома тузиш учун 3 томон иштирок этиши лозим. Булар бир тараф суррогат она, иккинчи тараф генетик ота-она ва тиббиёт муассасалари бўлади.

Хорижий мамлакатларда суррогат оналик қандай тартибга солинишини қуйида кўриб чиқамиз.

Италияда суррогат оналик катта миқдордаги жарима ва озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади, бироқ суррогат оналик хизматларидан фойдаланиш учун чет элга чиққан италияликлар агар ўша мамлакатда суррогат оналикка расман рухсат берилган бўлса, жавобгарликка тортилмайдилар, яъни тақиқ фақат Италия ҳудудида ҳамда мамлакат фуқаролари учун амал қилади. Италияга қайтиб келган биологик ота-она боланинг ота-онаси деб тан олинади, туғилган болага эса мамлакат фуқаролиги берилади.

Франсияда ҳам суррогат оналик ноқонуний ҳисобланади, у фарзандликка олиш тўғрисидаги қонунчиликка зид, инсон танасининг дахлсизлиги қоидаларига тўғри келмайдиган ҳодиса сифатида қаралади. Франсия Фуқаролик кодексининг 16-моддасига кўра суррогат оналик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилади. 2015 йил маълумотларига кўра, Франсияда мамлакат ташқарисида суррогат оналардан туғилган 2000 га яқин болалар мавжуд бўлган. Бироқ бундай болаларга мамлакат Франсия қонунчилигига кўра фуқаролик берилмайди. Шунинг учун ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида Франсиядан хорижий мамлакатларга суррогат оналик хизматларидан фойдаланиш учун чиқиб, шу йўл билан фарзандли бўлган франсуз фуқароларининг даъволари бўйича бешта иш кўрилган.

Германияда ҳам аёлни кейинчалик боладан воз кечиш шарти билан сунъий уруғлантириш (суррогат оналик) ёки аёлга инсон ембрионини кўчириб ўтказишга ҳар қандай уриниш жиноят ҳисобланади. Қизиқ томони шундаки, бу ҳолатда суррогат она ҳам эмас, буюртмачи ота-оналар ҳам эмас, балки врач жиноий жавобгарликка тортилади. Узоқ давр мобайнида Буюк Британияда қонун бўйича боланинг онаси сифатида уни ҳомила кўринишида кўтариб юрган ва туққан аёл тан олинган. Бироқ бу қоида ривожланиб бораётган суррогат оналик шароитида қайта кўриб чиқилди. Эндиликда суррогат онадан туғилган бола суднинг қарорисиз ҳам биологик ота-онасининг қонуний фарзанди сифатида тан олинмоқда. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, Буюк Британияда фақат алътруистик суррогат оналикка рухсат берилган. Aлътруистик суррогат оналикда суррогат оналик дастури текинга амалга оширилади.