Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда илмий ёндашувларни кенгайтириш ва бошқарув кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 4 апрелдаги ПҚ-108-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
институтнинг асосий вазифалари ва функциялари;
институт фаолиятини ташкил этиш;
институтнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
институтнинг мол-мулки ва молиявий маблағлари;
б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва улардан фойдаланиш мақсадлари;
жамғарма фаолиятини бошқариш тартиби;
жамғарма маблағларидан фойдаланиш ҳисобини юритиш.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 21 февраль,
104-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 февралдаги 104-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг (кейинги ўринларда — Институт) мақоми, вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Институт давлат илмий-тадқиқот муассасаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тизимига киради.
3. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдордир.
Институт мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.
5. Институтнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, қисқартирилган номи — Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ);
б) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Institute for macroeconomic and regional studies under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи — Institute for macroeconomic and regional studies (IMRS);
в) рус тилида:
тўлиқ номи — Институт макроэкономических и региональных исследований при Кабинете Министров Республики Узбекистан, қисқартирилган номи — Институт макроэкономических и региональных исследований (ИМРИ).
6. Институтнинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Хадра мавзеси, 33-уй.
2-боб. Институтнинг асосий вазифалари ва функциялари
7. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
макроиқтисодий таҳлил, макроиқтисодий сиёсат самарадорлигини баҳолаш, узоқ муддатли иқтисодий ўсиш драйверларини аниқлаш, макроиқтисодий мувозанатни таъминлаш шарт-шароитларини ўрганиш асосида илмий асосланган таклифлар тайёрлаш;
инфляция жараёнларини таҳлил қилиш, нархлар ўзгаришига таъсир қилувчи монетар ва номонетар омиллар, муқобил маълумотларнинг манбаларини шакллантирган ҳолда, даврий равишда асосий истеъмол маҳсулотлари ва уй-жой нархлари ўзгариши билан боғлиқ нархлар мониторингини олиб бориш;
иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини амалга оширишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси устувор йўналишларини асослаб бериш, турли манбалардан инвестицияларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш асосида инвестиция сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
саноат соҳасидаги ҳолатни чуқур ўрганиш, таркибий ўзгаришларни таҳлил қилиш ҳамда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида саноат сиёсатини шакллантириш, шунингдек, саноат тармоқларини ислоҳ қилиш ва самарали ривожлантириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш;
саноат тармоқларни ривожлантириш муаммолари ва тенденцияларининг чуқур таҳлили асосида саноат сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, хорижий давлатларнинг миллий устувор йўналишлари ва тажрибасини инобатга олиб, саноатни барқарор ривожлантириш ҳамда самарадорлигини ошириш механизмларини шакллантириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш;
ҳудудларни (шаҳар ва туманлар) қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш бўйича турли илмий ва амалий қарашларни ўрганиш, ҳудудларнинг табиий ва рақобатбардош устунликларини аниқлаш, ҳудудлар бўйича давлат сиёсати самарадорлигини ошириш тўғрисида таклифлар тайёрлаш;
ҳудудлар ва соҳаларни ривожлантиришга таъсир қилувчи ташқи хавфларни ўрганиш ва уларнинг салбий таъсирини камайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, ҳудудлар кесимида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолати тўғрисида маълумотларни тайёрлаш;
иқтисодиётда меҳнат унумдорлиги, капитал қиймати самарадорлиги, энергия, сув ва бошқа ресурслар тежамкорлигини баҳолаш ҳамда барқарор ривожланишга қаратилган миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш самарадорлигини ўрганиш;
иқтисодиётнинг трансформацияси шароитида урбанизация тенденциялари ва муаммоларини ўрганиш, шаҳарларни режалаштириш ва уларнинг мобиллигини ошириш бўйича тадқиқотлар ўтказиш ва шу асосда ҳудудларда урбанизацияни ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва омилларини баҳолаш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришни ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг барқарор озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишнинг захиралари ва янги манбаларини аниқлаш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш бўйича асослантирилган тавсия ва таклифларни ишлаб чиқиш;
хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида таркибий тармоқларни ислоҳ қилиш ва самарали ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда асослаш, шунингдек, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг жорий ҳолатини таҳлил қилиш, анъанавий ва янги хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш муаммолари ҳамда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш;
иқтисодий билимларни шакллантириш тенденциялари ва иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнларини таҳлил қилиш, шунингдек, мамлакатнинг яшил трансформацияси шароитида уларнинг тармоқлар ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга таъсирини баҳолаш;
иқтисодиётда бизнес ва рақобат муҳитини таҳлил қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва самарали ташкил қилиш учун бизнес муҳитини яхшилашга доир илмий тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
тадбиркорлик субъектларига бевосита ва билвосита таъсир этувчи ҳукумат қарорларининг ижобий ва салбий таъсири ҳамда аҳоли турмуш даражасини баҳолаб бориш мақсадида ҳудудларда юзма — юз ва онлайн сўровлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
камбағаллик ва ижтимоий табақалашувни аниқлаш миллий услубини илмий асослаш, мамлакат, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар даражасида баҳолаш ва таҳлил қилиш, эришилаётган натижалар асосида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш борасида илмий ва амалий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда шулар асосида соҳадаги устувор йўналишларни белгилаш ва самараси юқори бўлган молиявий механизмларни ишлаб чиқиш, асосий йўналишлар бўйича қонуний-ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий механизмларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
инсон капитали ва унинг таркибий компонентларининг ҳудудий тафовутларини ўрганиш ва таҳлил этиш, демографик тенденциялардан келиб чиқиб, инсон салоҳиятини ривожлантириш, ҳудудлар имкониятини ўрганиш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳудудларда жорий этиш, шу жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш учун ноанъанавий ва инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш ва қўллаш;
ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни оптимал тақсимлаш орқали бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганиш ва амалий таклифлар тайёрлаш.
8. Институт ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) макроиқтисодий таҳлил, макроиқтисодий сиёсат самарадорлигини баҳолаш, узоқ муддатли иқтисодий ўсиш драйверларини аниқлаш, макроиқтисодий мувозанатни таъминлашнинг шарт-шароитларини ўрганиш асосида илмий асосланган таклифлар тайёрлаш соҳасида:
мамлакатдаги жорий макроиқтисодий вазиятни, шу жумладан, иқтисодий ўсиш суръатларини, инфляция суръатларини, иқтисодиётга кредитлар ва инвестициялар ҳажми, солиқ юкини ва бошқаларни ўрганади;
макроиқтисодий сиёсат ислоҳотлари натижаларини таҳлил қилади;
асосий савдо ҳамкорларидаги макроиқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилиб боради ва Ўзбекистон учун таъсирини баҳолайди;
мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишини янада рағбатлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
асосий савдо ҳамкорлари билан экспорт-импорт операцияларининг динамикаси ва таркибини таҳлил қилади;
ташқи савдо кўрсаткичларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;
б) инфляция жараёнларини таҳлил қилиш, нархлар ўзгаришига таъсир қилувчи монетар ва номонетар омиллар, муқобил маълумотларнинг манбаларини шакллантирган ҳолда, даврий равишда асосий истеъмол маҳсулотлари ва уй-жой нархлари ўзгариши билан боғлиқ нархлар мониторингини олиб бориш соҳасида:
нархлар, иқтисодий кўрсаткичлар ҳамда инфляция жараёнларига таъсир қилувчи монетар ва номонетар омиллар тўғрисидаги маълумотларни тизимли равишда тўплайди ва тадқиқ қилади;
ички ва ташқи омиллар, жумладан, макроиқтисодий кўрсаткичлар ва глобал тенденцияларни таҳлил қилиш асосида инфляцияга таъсир қилувчи хатарларни аниқлайди;
иқтисодий моделлар асосида инфляцияга ички ва ташқи омилларнинг таъсирини баҳолайди;
асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгаришини ҳудудлар кесимида ҳар ҳафтада мониторинг қилади;
асосий турдаги импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларни халқаро бозорда ва асосий импорт қилувчи мамлакатларнинг ички бозордаги нархларининг ўзгаришини ҳар чоракда мониторинг ва таҳлилини ўтказади;
ҳудудлар кесимида уй-жой нархларининг ўзгаришини ҳар чоракда ҳамда уларнинг ижара нархларининг ўзгаришини ҳар ойда таҳлил қилади;
инфляция хатарларини бошқариш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
в) иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини амалга оширишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси устувор йўналишларини асослаб бериш, турли манбалардан инвестицияларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш асосида инвестиция сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида:
жаҳондаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимлари тенденцияларини мониторинг қилиш орқали хорижда инвестиция сиёсатини шакллантиришни таҳлил қилади;
мамлакат, ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларни ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш бўйича механизмлар ва воситаларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
ҳудудлар, соҳалар ва тармоқлар бўйича инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар тақсимланиши ва улардан унумли фойдаланишни таҳлил қилади ва баҳолайди;
г) саноат соҳасидаги ҳолатни чуқур ўрганиш, таркибий ўзгаришларни таҳлил қилиш ҳамда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида саноат сиёсатини шакллантириш, шунингдек, саноат тармоқларини ислоҳ қилиш ва самарали ривожлантириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида:
саноат сиёсатини шакллантириш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганади;
саноатда меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлиги тенденцияларини ҳамда бошқа ишлаб чиқариш самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилади;
саноат соҳасига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ташқи ва ички омилларни аниқлайди;
саноат сиёсатини янада такомиллаштиришга қаратилган илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади;
д) саноат тармоқларни ривожлантириш муаммолари ва тенденцияларининг чуқур таҳлили асосида саноат сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, хорижий давлатларнинг миллий устувор йўналишлари ва тажрибасини инобатга олиб, саноатни барқарор ривожлантириш ҳамда самарадорлигини ошириш механизмларини шакллантириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида:
саноат сиёсатининг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда тоғ-кон ва энергетика тармоқларини ривожлантириш бўйича амалий ҳамда таҳлилий тадқиқотлар ўтказади;
тармоқ дастурларининг бажарилишини мониторинг қилиш, ўсишни таъминлаш учун белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишдаги муаммолар ҳамда тўсиқ бўлаётган омилларни аниқлайди;
дунёдаги глобал тенденциялар ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, тоғ-кон ва энергетика саноатида фаолият самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ва механизмларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
саноат ва энергетика сиёсатини такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқот натижаларини ҳамда таклифларнинг таҳлилий ишланмалар, маъруза маълумотномалари шаклида тайёрлайди.
е) ҳудудларни (шаҳар ва туманлар) қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш бўйича турли илмий ва амалий қарашларни ўрганиш, ҳудудларнинг табиий ва рақобатбардош устунликларини аниқлаш, ҳудудлар бўйича давлат сиёсати самарадорлигини ошириш тўғрисида таклифлар тайёрлаш соҳасида:
ихтисослашув ва трансформация омилларини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизнинг (вилоятлар, шаҳарлар, туманлар) ҳудудий мутаносибликларини баҳолайди;
ҳудудлар рақобат устунликларини баҳолаш, «яшил» иқтисодиёт, инновацион ривожланиш йўли, иқтисодиётни рақамлаштиришга ўтишни ҳисобга олган ҳолда ривожланишнинг янги драйверларини аниқлашда иштирок этади;
жойларга чиқиб ва анкета сўрови усулидан фойдаланган ҳолда ҳудудий номутаносиблик ва муаммоларни, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни баҳолайди;
маҳаллий ресурслар ва имкониятлардан максимал даражада фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларни мутаносиб ва барқарор ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;
ж) ҳудудлар ва соҳаларни ривожлантиришга таъсир қилувчи ташқи хавфларни ўрганиш ва уларнинг салбий таъсирини камайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, ҳудудлар кесимида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолати тўғрисида маълумотларни тайёрлаш соҳасида:
ҳудудлар ва соҳаларнинг ривожланишига таъсир қилувчи ташқи омилларни аниқлаш ва таҳлил қилишда иштирок этади;
ҳудудлар ва соҳаларнинг ривожланишига таъсир қилувчи хавфларни камайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;
аҳолини томорқалардан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлашда иштирок этади;
аҳоли томорқалари самарадорлиги бўйича ҳудудлар кесимида маълумотномалар тайёрлаб боради;
аҳолини томорқалардан янада самаралироқ фойдаланишга қаратилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;
з) иқтисодиётда меҳнат унумдорлиги, капитал қиймати самарадорлиги, энергия, сув ва бошқа ресурслар тежамкорлигини баҳолаш ҳамда барқарор ривожланишга қаратилган миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш самарадорлигини ўрганиш соҳасида:
тармоқ ва соҳалар кесимида меҳнат унумдорлиги, капитал қиймат самарадорлиги, энергосамарадорликни аниқлашда ва таҳлили қилишда иштирок этади;
сув ва бошқа қайта тикланмайдиган табиий ресурслардан самарали фойдаланишни баҳоловчи индикаторларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
барқарор ривожланиш миллий мақсадлари доирасида иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари параметрларини илмий асосланишида қатнашади;
барқарор ривожланиш миллий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш самарадорлигини доимий мониторинг қилишда қатнашади;
иқтисодиётда меҳнат унумдорлиги, капитал қиймати самарадорлиги, энергия, сув ва бошқа ресурслар тежамкорлигини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;
барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш юзасидан таҳлилий маълумотномалар тайёрлаб боради;
и) иқтисодиётнинг трансформацияси шароитида урбанизация тенденциялари ва муаммоларини ўрганиш, шаҳарларни режалаштириш ва уларнинг мобиллигини ошириш бўйича тадқиқотлар ўтказиш ва шу асосда ҳудудларда урбанизацияни ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш соҳасида:
урбанизация жараёнларига таъсир этувчи омилларни аниқлаш ва таҳлил қилишда иштирок этади;
шаҳарларда замонавий бозор хизматларининг ривожланиш ҳолатини таҳлил қилади;
шаҳарларда яшаш қулайлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;
ҳудудларда урбанизацияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этади;
к) қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва омилларини баҳолаш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришни ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг барқарор озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишнинг захиралари ва янги манбаларини аниқлаш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш бўйича асослантирилган тавсия ва таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида:
қишлоқ хўжалигини ривожлантириш кўрсаткичлари бўйича мунтазам мониторинг ва таҳлиллар олиб боради ҳамда давлат стратегияларининг мақсадли кўрсаткичларига эришишдаги муаммоларни аниқлаш ва келгусида уларнинг ечимларини ишлаб чиқади;
қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга ошириш ва аграр секторнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича хорижий тажрибани ўрганади, шу жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва муассасалар кўмагида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш бўйича етакчи мамлакатларга хизмат сафарларини амалга оширади;
жаҳон озиқ-овқат бозоридаги тенденцияларни мунтазам ўрганади, шу жумладан, Тошкент шаҳрида ва хорижий мамлакатлар пойтахтларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ҳар ой қиёсий мониторингини юритади;
қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари импортини диверсификация қилиш имкониятларини баҳолайди;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бозорини ривожлантириш масалалари бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлган статистика, таҳлилий ва бошқа маълумотларни сўрайди;
л) хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида таркибий тармоқларини ислоҳ қилиш ва самарали ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда асослаш, шунингдек, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг жорий ҳолатини таҳлил қилиш, анъанавий ва янги хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш муаммолари ҳамда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида:
хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришига оид жаҳон тенденцияларини ўрганади;
хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш давлат стратегияларининг мақсадли кўрсаткичларини мунтазам мониторинг ва таҳлил қилади, муаммоларни аниқлайди ва ҳал этиш йўлларини ишлаб чиқади;
м) иқтисодий билимларни шакллантириш тенденциялари ва иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнларини таҳлил қилиш, шунингдек, мамлакатнинг яшил трансформацияси шароитида уларнинг тармоқлар ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга таъсирини баҳолаш соҳасида:
«яшил» ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича статистика ҳамда бошқа маълумотларни тўплаш, жамлаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишни таъминлайди;
«яшил» ва рақамли иқтисодиёт бўйича таҳлилий эслатмаларни тайёрлайди ва тақдим этади;
н) иқтисодиётда бизнес ва рақобат муҳитини таҳлил қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва самарали ташкил қилиш учун бизнес муҳитини яхшилашга доир илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш соҳасида:
кичик ва ўрта бизнеснинг ривожланиш ҳолатини таҳлил қилиш, уларнинг самарадорлигини ва иқтисодий салоҳиятини оширишга доир таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқади;
илғор хорижий мамлакатлар тажрибасига таяниб ва маҳаллий бизнес муҳитидан келиб чиқиб, тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришда иштирок этади;
тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган, илмий асосланган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этади.
о) тадбиркорлик субъектларига бевосита ва билвосита таъсир этувчи ҳукумат қарорларининг ижобий ва салбий таъсири ҳамда аҳоли турмуш даражасини баҳолаб бориш мақсадида ҳудудларда юзма — юз ва онлайн сўровлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш соҳасида:
аҳоли турмуш даражасини ва тадбиркорлик фаолиятини ўрганиш бўйича сўровномалар ўтказишнинг жаҳон андозаларига мувофиқ методологиясини ишлаб чиқиш ва уни татбиқ этган ҳолда, тадқиқот натижаларини аниқ тавсиялар билан таҳлил қилади;
ҳудудларда сўровларни (онлайн ва юзма-юз) ташкил этган ҳолда, иқтисодиёт соҳасида қабул қилинаётган қарорлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига таъсирини миқдорий баҳолайди;
сўровномаларни интернет тармоқларига жойлаштириш, бевосита ўтказилган сўровномалар базасини янги рақамли технологиялар тизимини татбиқ этган ҳолда шакллантиради ва қайта ишлайди;
п) камбағаллик ва ижтимоий табақалашувни аниқлаш миллий услубини илмий асослаш, мамлакат, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар даражасида баҳолаш ва таҳлил қилиш, эришилаётган натижалар асосида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш борасида илмий ва амалий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда шулар асосида соҳадаги устувор йўналишларни белгилаш ва самараси юқори бўлган молиявий механизмларни ишлаб чиқиш, асосий йўналишлар бўйича қонуний-ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий механизмларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш соҳасида:
ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича танлама сўровларни ташкил этиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар ўтказади;
камбағалликни қисқартиришнинг янги механизмларини шакллантиришга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказади;
мамлакат, вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида камбағаллик, табақалашув ва ижтимоий хавф-хатарларни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда фаровонликни оширишга қаратилган стратегия, концепция ва дастурлар ишлаб чиқилишида фаол иштирок этиш, асослантирилган илмий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ижроси бўйича таҳлиллар ўтказади;
ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга таъсир этувчи омилларни ўрганиш, кутиладиган хавф-хатарларни таҳлил ва прогноз қилиш орқали ҳукуматга таҳлилий маълумотномалар киритиб боради;
р) ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни оптимал тақсимлаш орқали бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганиш ва амалий таклифлар тайёрлаш соҳасида:
ердан фойдаланишнинг жорий ҳолатини баҳолаш, ер майдонларидан самарали фойдаланишни рағбатлантирувчи механизмларга оид тавсияларни ишлаб чиқиш, ривожланган мамлакатларнинг ер ислоҳотлари тажрибаларини ўрганиш асосида соҳани ривожлантириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;
электрон-онлайн аукцион савдолари орқали сотилган ер участкаларини, хусусийлаштирилаётган ер участкаларининг динамикасини таҳлил қилиш ҳамда «Yerelektron», «E-ijara» ва «Yerxususiylashtirish» автоматлаштирилган ахборот тизимларини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
ер участкаларини сотиш ҳамда ерларни хусусийлаштириш юзасидан шакллантирилган таҳлилий маълумотларни ОАВ орқали ёритиш ишларини амалга оширишда иштирок этади;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ердан фойдаланишнинг жорий ҳолатини баҳолаш, рағбатлантирувчи механизмларига оид тавсияларни ишлаб чиқиш, деградация ҳолатидаги суғориладиган ерларни тиклаш ва фойдаланишга киритиш механизмларини таклиф қилади.
с) инсон капитали ва унинг таркибий компонентларининг ҳудудий тафовутларини ўрганиш ва таҳлил этиш, демографик тенденциялардан келиб чиқиб, инсон салоҳиятини ривожлантириш, ҳудудлар имкониятини ўрганиш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳудудларда жорий этиш, шу жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш учун ноанъанавий ва инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш ва қўллаш соҳасида:
инсон салоҳиятини ривожлантириш учун илғор хорижий тажрибани ўрганиш, Ўзбекистон ижтимоий соҳасини ривожлантириш бўйича муқобил вариантларни республикада татбиқ этади;
соғлиқни сақлаш, таълим ва меҳнат бозоридаги муаммоларни аниқлаш бўйича танлама сўровларни ташкил этиш, аниқланган тўсиқ ва муаммоларни бартараф этишга доир ноанъанавий ва инновацион ечимларни ишлаб чиқади;
республика ва ҳудудлар кесимида меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни аниқлаш, норасмий бандликнинг сабаб ва оқибатларини аниқлаш, меҳнат бозоридаги камситиш ҳолатларини ўрганиш ва меҳнат миграциясини чуқур таҳлил қилади;
таълим тизими сифатини ҳудудлар кесимида баҳолаш бўйича тадқиқот ва таҳлиллар ўтказиш, таълим сифатига таъсир этувчи омилларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлайди;
аҳоли ўртасида соғлиқни сақлаш хизматларидан қониқиш даражасини сўровлар асосида ўрганиш, энг кўп тарқалган касалликлар, шифокорлар билан таъминланиш даражаларини ҳудудлар кесимида доимий равишда баҳолаб боради;
Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ва «Ўзбекистон — 2030» стратегияси асосидаги кўрсаткичлар ва ютуқлар мониторингини юритади, камчиликларни аниқлаб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқади.
3-боб. Институтнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
9. Институт ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Институт томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотларни оммалаштириш мақсадида ахборот-таҳлилий шарҳлар ва бошқа материалларни тайёрлаш, чоп этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассисларни, вазирлик ва идораларнинг вакилларини жалб қилган ҳолда давра суҳбатлари, семинарлар, конференциялар ва форумлар ўтказиш;
халқаро молия институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий тадқиқот ва таълим муассасалари билан илмий ҳамда амалий алоқалар ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, улар билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва шартномалар тузиш;
ўз номидан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларида кўзда тутилган ҳуқуқий муносабатларга киришиш;
ўз ваколати кирувчи, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва ушбу Низомга зид бўлмаган зарур қарорлар қабул қилиш ва ҳаракатларни амалга ошириш, ўз фаолиятининг иқтисодий, ижтимоий ва ташкилий масалаларини ҳал қилиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларига шартнома асосида консалтинг хизматларини кўрсатиш;
халқаро ва амалий ҳамкорликни амалга ошириш, олим ва мутахассисларни хорижий мамлакатларга хизмат сафарига юбориш, хорижлик олимлар, халқаро жамоат, молия ва иқтисодиёт ташкилотлари вакилларини, хорижий фирмалар, банклар ва компанияларни таклиф этиш ва қабул қилиш;
иқтисодий йўналишлар бўйича докторантура (DSc) ва таянч докторантурада (PhD) илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органларидан тадқиқотлар ўтказиш учун зарур расмий ва тармоқлар бўйича статистика ва бошқа маълумотларни сўраш;
тегишли мол-мулк, интеллектуал ва бошқа мулк, хўжалик ҳамда бошқа фаолият натижасида олинган маҳсулот ва фойда, шунингдек, қонунда кўзда тутилган бошқа асослар бўйича орттирилган мол-мулкка эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш;
манфаатдор вазирлик ва идоралардан статистик ва ахборот бюллетенлари, тегишли соҳага оид таҳлилий маълумотлар ҳамда тадқиқотлар олиб бориш учун бошқа зарур маълумотларни (шу жумладан, эгасизлантирилган шахсда доир маълумотлар) бепул тартибда олиш, шунингдек, ахборот алмашинуви ва маълумотлар базалари билан интеграция қилиш;
ўзининг фаолияти доирасида ишларни (хизматларни) шартнома (пулли) асосида бажариш.
Институт қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Институт қуйидаги мажбуриятларга эга:
Вазирлар маҳкамаси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган илмий тадқиқотлар режасига асосан тадқиқот ва ўрганишлар олиб бориш;
Тадқиқот натижаларини даврий равишда шарҳлар (қўлланма, маълумотнома) чоп этиб бориш;
Институт фаолияти натижалари бўйича йиллик (чораклик) ҳисоботларини интернет веб-сайт ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этиб бориш;
Институт томонидан яратилган ишланма, илмий янгилик ва ютуқларнинг амалиётга жорий қилинганлиги ҳамда бунинг натижасида эришилган (эришилаётган) кўрсаткичларни очиқ эълон қилиб бориш;
ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини комплекс баҳолаган ҳолда асосланган эксперт хулосаларини тайёрлаш ва натижаларини даврий чоп этиб бориш;
илмий тадқиқотлар ва сифатли таҳлилий маълумотномалар билан таъминлаш ҳамда уларнинг кенг қўлланилишига фаол равишда кўмаклашиш;
Вазирлар Маҳкамаси томонидан макроиқтисодий ва ҳудудий стратегик ривожланишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Институтга тақдим этилган тақдирда, улар бўйича хулоса (муносабат) бериш;
иш юритишни ташкил этиш, расмий ҳужжатларни тузиш, ижро этиш ва сақлаш бўйича белгиланган талабларга риоя қилиш;
ўз фаолияти натижалари бўйича статистика ҳисоботи ва бухгалтерия ҳисобини юритиш.
Институт қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Институт директори функционал мажбуриятлари ва самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Институтнинг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги қуйидаги асосий мезонларни асосида баҳоланади:
тасдиқланган илмий-тадқиқот режасининг ўз вақтида сифатли бажарилиши (таҳлилий маълумотнома ва шарҳ, услубий қўлланма, ахборотнома, стратегия, концепция, давлат дастурлари);
тадқиқот натижаларининг илмий журналларда нашр этилиши;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларининг ўз вақтида бажарилиши (таҳлилий маълумотнома ва шарҳ, ахборотнома);
ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ва натижаларини, илмий ишланмаларнинг натижаларини ОАВ (ижтимоий тармоқлар, телевидения ва радио) орқали кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш (пресс-релиз, инфографика, пост, видеоролик);
Институт ҳузуридаги «Иқтисодиёт: таҳлиллар ва прогнозлар» журналининг чоп этилиши;
Институт ходимларининг малакасини ошириш учун республика ва халқаро миқёсидаги илмий анжуман ва конференцияларда, тренинглар ва семинарларда иштирок этиши.
Директор Институт фаолиятининг натижадорлиги бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради ва самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини сифатли бажариш учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олади.
4-боб. Институт фаолиятини ташкил этиш
12. Институтга Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
Институт директори:
Институт фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади, шунингдек, фаолиятидаги заруратдан келиб чиқиб, директор ўринбосарлари ва Институт ходимлари ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини белгилайди;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли топшириқлари ўз вақтида ижро этилишини, уларнинг устидан таъсирчан назорат амалга оширилишини ҳамда бу борадаги ишлар ҳолати тизимли таҳлил қилинишини ташкил этади;
Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Институтнинг доимий тадқиқот ва таҳлилий дастурларини, иш режаларини ҳамда даврий чоп этиладиган қўлланма (шарҳ) маълумотномаларини тасдиқлайди;
ўз ваколати кирувчи зарур қарорлар қабул қилиш ва ҳаракатларни амалга ошириш, ўз фаолиятининг иқтисодий, ижтимоий ва ташкилий масалаларини ҳал қилади;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари мутахассисларини, илмий-тадқиқот муассасалари ходимларини, олий ўқув юртлари, шу жумладан халқаро ва хорижий ўқув юртлари олимлари ва ўқитувчиларини шартнома асосида, эксперт сифатида тадқиқотларга жалб этади;
республика ижро этувчи ҳокимият органларида, шунингдек, халқаро ташкилотларда институт номидан иш кўради, шунингдек, хўжалик бирлашмаларига шартнома асосида консалтинг хизматларини кўрсатиши мумкин;
халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, олим ва мутахассисларни хорижий мамлакатларга хизмат сафарига юбориш, хорижлик олимлар, халқаро жамоат, молия ва иқтисодиёт ташкилотлари вакилларини, хорижий фирмалар, банклар ва компанияларни таклиф этиш ва қабул қилиш;
Институт номидан шартномалар ва битимлар тузади, шундай шартномалар тузишга ишончномалар беради;
Институт ходимлари билан қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади, уларни лавозимдан лавозимга ўтказади;
зарурат туғилганда, ходимларнинг тасдиқланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Институт тузилмасига ўзгартиришлар киритади;
лавозим маошларига устама ва қўшимча тўловларни белгилайди, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича қарорлар қабул қилади;
амалдаги қонунчиликка мувофиқ Институт фаолиятининг бошқа масалаларини кўриб чиқади ва ҳал қилади;
директор ўринбосарлари ўзларига топширилган фаолият соҳаси учун жавобгар ҳисобланади, директор жойида бўлмаган тақдирда биринчи ўринбосар унга юкланган вазифаларини амалга оширади;
ўзининг баъзи функцияларини, уларнинг бажарилиш натижаларига жавобгарликни биргаликда олиб борган ҳолда, директор ўринбосарларига юклаш ҳуқуқига эга.
13. Директор Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари билан келишилган ҳолда, Институт директори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бир нафар биринчи ўринбосар ва икки нафар ўринбосарга эга.
14. Директор ўринбосарлари:
Институт фаолиятининг ўзлари мутасадди бўлган функционал йўналишлари бўйича ўтказилаётган тадқиқотларга ташкилий ва услубий раҳбарлик қилади;
ўзларига бириктирилган, Институтнинг асосий тузилмавий бўлимлари, тадқиқот лойиҳаларини бошқаради;
мутасадди бўлимларининг тадқиқот дастурлари, режаларини кўриб чиқади ва директорга тасдиқлаш учун киритади;
ходимларни моддий рағбатлантириш ва тақдирлашнинг тизимлари, шакллари ва миқдорларини аниқлаш, лавозим маошларига устама ва қўшимча тўловларни белгилашда иштирок этади;
директор топшириғи бўйича, республика ижро этувчи ҳокимият органлари, юридик шахслар ва фуқаролар билан ўзаро муносабатларда Институт манфаатларини ифодалайди;
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқлари сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида топшириқлари билан зиммасига юкланган бошқа вазифаларни бажарадилар;
юкланган функционал мажбуриятларнинг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардирлар.
15. Институтнинг етук олимлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жами 9 нафар малакали мутахассисларидан иборат таркибда Илмий кенгаш тузилади.
Илмий кенгаш:
Институтда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларининг дастурлари ва режаларини кўриб чиқади ва маъқуллайди;
Илмий лойиҳалар раҳбарларининг ишлари ва уларнинг натижалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади, ўтказилган тадқиқотларнинг натижалари ва сифатига йил якуни бўйича баҳо беради;
ҳисобот йилида лойиҳалар натижаларини баҳолаш ушбу лойиҳалар доирасида тадқиқотлар давом эттирилиши ёки лойиҳаларни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилади.
16. Институт Илмий котиби:
Илмий кенгаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва ахборот-таҳлилий таъминотини амалга оширади;
илмий-тадқиқот ишларининг дастурлари ва режалари ишлаб чиқилишини ташкил этади, тадқиқотларнинг ўз вақтида ва сифатли тайёрланишини жорий назорат қилади;
Институтнинг мамлакатдаги ва хорижий тадқиқот муассасалари билан муносабатларини таъминлайди;
Институт ходимлари иштирокида таҳлилий ва ахборот материаллари билан ишлаш услубиёти бўйича машғулотлар ўтказилишини ташкил этади;
Илмий котиб Институт директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
17. Институт таркибида ихтисослашган бўлимлар билан бир қаторда, ёрдамчи, техник, маъмурий ва хўжалик фаолияти бўлинмалари ва бошқа хизматлар фаолият юритади.
18. Институт ўз фаолияти натижаларининг оператив ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ҳисоботини юритади, ҳисобот маълумотлари ва баланс ҳисобларининг ишончлилигини таъминлайди.
5-боб. Институтнинг мол-мулки ва молиявий маблағлари
19. Институт мол-мулки асосий фондлар (бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар), айланма маблағлар ҳамда молиявий ресурслар ва барча молиявий манбалар ҳисобидан харид қилинадиган бошқа моддий бойликлардан иборат.
Институт мол-мулкининг баҳоси унинг мустақил балансида акс эттирилади.
20. Институт ўзига бириктирилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни бошқариш ҳуқуқини белгиланган тартибда амалга оширади.
21. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, хўжалик фаолиятидан, шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан, халқаро ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар грантларидан ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган тушумлар Институтнинг молиявий манбалари ҳисобланади.
22. Хўжалик, илмий-техник ва бошқа хўжалик ҳисобидаги фаолиятлардан тушган даромадлардан, шунингдек, ҳомийлик, ва беғараз ёрдамлар ҳисобидан тушган тушумлар ҳисобидан харид қилинган мол-мулк ва воситалар Институтнинг мулки ҳисобланади.
23. Институт ихтиёрида тежаб қолинган маблағлар муассиснинг кўрсатмасига мувофиқ Институт моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва зарур фондларни тузишга йўналтирилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
24. Институт қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилади ва қайта ташкил этилади.
25. Ушбу Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 февралдаги 104-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди, унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг (кейинги ўринларда — Институт) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ҳамда белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби юритилади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили Институтнинг бир йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 40 фоизи миқдорида ажратиладиган маблағлар;
Қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Жамғарма маблағлари:
Институт ходимларининг республика ҳудудларига чиқиб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида сўровлар ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;
Ўзбекистон иқтисодчилари форумини ташкил этиш;
шартнома асосида юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, хорижий экспертларни Институтда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун жалб этиш;
Институт ходимларини байрам кунларида бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг бир баравари миқдоригача рағбатлантириш;
Институт ходимларига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини куз-қиш мавсумига захирага жамғариш учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда моддий ёрдам бериш;
Институтда алоҳида хизмат кўрсатган ходимларга ҳар ойда бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг бир баравари миқдоригача устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш;
Институт ходимларини илмий салоҳиятини ошириш, шу жумладан, стажировкаси билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш;
Институт фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирларни амалга ошириш учун йўналтирилади.
Ходимга нисбатан интизомий жазо амал қилиб турган давр мобайнида ушбу ходимга Жамғарма маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан, касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва бошқалар) қўлланилмайди.
5. Жамғармага тушадиган хорижий валютадаги маблағлар ҳар бир хорижий валюта тури бўйича очилган ғазна ҳисобварағида жамланади ва мазкур маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда ишлатилади.
3-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш
6. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини мақсадли тақсимлаш Жамғарма фаолиятини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда — Жамғарма кенгаши) томонидан амалга оширилади. Институт директори Жамғарма кенгаши раиси ҳисобланади.
Жамғарма кенгаши Институт директорининг буйруғи билан камида 7 нафар кишидан иборат таркибда тасдиқланади ва директор ўринбосарлари, Институтнинг тегишли бўлинма раҳбарлари киритилади.
Жамғарма кенгаши ўз фаолиятини мазкур Низомга мувофиқ юритади ҳамда аъзолари ўз мажбуриятларини жамоатчилик асосида бажаради.
Жамғарма кенгаши мажлиси аъзоларнинг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.
7. Жамғарма кенгаши мажлиси ҳар чоракда ўтказилади. Бунда навбатдан ташқари тартибда Жамғарма кенгаши мажлислари ўтказилиши мумкин.
8. Жамғарма кенгаши:
ҳар йили 1 апрелга қадар Жамғарманинг жорий йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;
зарур ҳолларда, тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритади;
ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган тадбирларни белгилайди;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан Институт ходимларининг ойлик иш ҳақига устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар ҳамда моддий ёрдам пулларини тўлаш шартларини белгилайди ва тартибларини тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш ишларини мувофиқлаштиради;
ишчи орган томонидан йил чораклари якуни бўйича тайёрланадиган Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ишларни амалга оширади.
9. Институтнинг Молия-иқтисод бўлими Жамғарма кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.
10. Ишчи орган:
Жамғарманинг фаолиятини ташкил этади ҳамда унинг йиллик даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш йўналишлари бўйича даромад ва харажатлари ҳисобини юритади;
Жамғарма маблағларини мақсадли ишлатилиши бўйича назорат ишларини ташкиллаштиради;
ҳар чоракда камида бир марта Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Жамғарма кенгашига тақдим этади;
Жамғарма кенгашининг қарорларига асосан Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бошқа ишларни амалга оширади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш ҳисобини юритиш ва назорат қилиш
11. Жамғарма Институтнинг бюджетдан ташқари очилган алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида юритилади.
12. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади (чораклар, тушумлар манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича) ва Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.
13. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасининг бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот ҳар йили 15 мартга қадар Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.
14. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисоби ва ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида белгиланган тартибда очиладиган қуйидаги ҳисобварақлар орқали амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар бўйича ҳисобварақ;
бошқа манбалардан тушумлар бўйича очилган ҳисобварақ.
15. Институт томонидан Жамғарма маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан, Жамғарма даромадлари ва харажатлари бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳисобот киритиб боради.
5-боб. Якунловчи қоидалар
16. Жамғарма кенгаши аъзолари Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали тақсимланиши учун шахсан масъул ҳисобланади.
17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.02.2025 й., 09/25/104/0172-сон)