Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Агросаноат мажмуида давлат назорати тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Агросаноат мажмуида ғалла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш ҳамда истеъмолчиларни сифатли дон маҳсулотлари билан таъминлаш, ғалла бозорида давлат иштирокини янада камайтирган ҳолда ички бозорни сифатли дон маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада давлат назоратини кучайтириш ва янада такомиллаштириш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг бўйсунувини Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан унинг фаолиятини молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига (кейинги ўринларда — Ўзагроинспекция) қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
буғдойни қабул қилиш, сақлаш ва харидорларга юклаб жўнатиш жараёнида юзага келадиган табиий камайиш миқдорини ҳисобдан чиқаришни назорат қилиш;
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тижорат вакили томонидан буғдой етиштирувчилардан харид қилинадиган буғдойни қабул қилиш ва сотиш жараёнларида стандарт талабларига кўра сифат кўрсаткичлари бўйича (мувофиқлик сертификати) ҳамда буғдой синфлари (сифат сертификати) бўйича сертификатлашни назорат қилиш;
импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларида гени модификацияланган организмларнинг (ГМО) мавжудлигини аниқлаш;
идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати, қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини мажбурий ва даврий синовдан ўтказиш устидан назоратни амалга ошириш;
соҳада давлат назоратини амалга ошириш ва ҳисоботларни юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш.
3. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
Ўзагроинспекция агросаноат мажмуида давлат назорати ва текширувни амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади;
Ўзагроинспекция Вазирлар Маҳкамасига бевосита ҳисобдордир;
Ўзагроинспекция бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, унинг ўринбосари Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзагроинспекция билан биргаликда уч ой муддатда давлат захирасидаги буғдойни тадбиркорлик субъектларининг дон корхоналарида сақлаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Бунда давлат захирасидаги донни янгилаш, сақлаш жараёнида дон сифатининг юқори даражада бўлишини таъминлаш, миқдорий йўқотишларга йўл қўймаслик ҳамда табиий йўқотишнинг энг паст даражада бўлишини таъминлаш чоралари назарда тутилсин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзагроинспекция билан биргаликда икки ой муддатда ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ҳамда ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Ўзагроинспекция манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазирнинг ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 22 октябрь,
ПФ-164-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 октябрдаги ПФ-164-сон Фармонига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг асосий вазифалари
1. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, жумладан:
қишлоқ хўжалиги экинларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилиши устидан назоратни амалга ошириш;
қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва экиш билан боғлиқ ҳамда ўсиш (вегетация) даврида бажариладиган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини назорат қилиш;
пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларига давлат томонидан буюртма бериш, уруғ тайёрлаш ва уни қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилинишини назорат қилиш;
қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш бўйича талаблар бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотларнинг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши устидан назоратни амалга ошириш;
қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни, мевали дарахт ва ток кўчатларини сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларни амалга ошириш;
корхоналар томонидан пахта техник чигитининг тўлиқ технологик циклда мақсадли қайта ишлаганлиги ҳамда уларнинг маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатларига эгалигини таҳлил қилиш;
дон сақланаётган корхоналарда унинг сифати ва миқдори бўйича тўғри сақланишини назорат қилиш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан мақсадли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, экиш ва парваришлаш, экинлар навларини синаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш;
идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати, қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини мажбурий ва даврий синовдан ўтказиш устидан назоратни амалга ошириш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш ва улардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш.
2. Агросаноат мажмуи соҳасида қонунчилик ҳужжатлари ижросини таҳлил қилиб бориш, таҳлил натижалари бўйича соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини ва норматив ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
3. Экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили, уларнинг уруғлари ҳамда улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш.
4. Ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.
5. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, ваколати доирасида тўғридан-тўғри маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар расмийлаштириш ва айбдор шахсларни жаримага тортиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 октябрдаги ПФ-164-сон Фармонига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси | |||||||||||||||||||||||||||
Ҳудудий бошқармалар | «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази» давлат муассасаси | ||||||||||||||||||||||||||
Туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари | |||||||||||||||||||||||||||
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 октябрдаги ПФ-164-сон Фармонига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармони билан тасдиқланган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатида:
а) 5-позицияда:
«Текширувлар (назорат функциялари)» устунидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
«Назорат қилувчи орган» устунидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) изоҳнинг олтинчи хатбошисидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 августдаги ПФ-5527-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан тузилган ва тугатилаётган идоралараро коллегиал органлар рўйхатининг 16-позицияси «Тугатилаётган органнинг функцияларини бажарувчи (ваколатларига алоқадор қисмида) субъектлар» устунидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5742-сон Фармонининг 5-банди бешинчи хатбошисидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон Фармони билан тасдиқланган 2023 йил 1 январдан бошлаб ташкилий бўйсунуви ўзгараётган республика давлат бошқаруви органлари рўйхатининг 23-позицияси чиқариб ташлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 июндаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-90-сон Фармонида:
а) 1-банднинг саккизинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
б) 2-иловадаги «Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси» блоки чиқариб ташлансин;
в) 7-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 февралдаги ПҚ-2800-сон қарори билан тасдиқланган Формали кийим кийилиши назарда тутилаётган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар рўйхатининг «Идоравий формали кийим» бўлими 10-позициясидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги «Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3408-сон қарорининг 14-бандидаги «Молия вазирлиги Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси» сўзлари билан алмаштирилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги «Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3479-сон қарорининг 2-банди «а» кичик бандининг тўртинчи хатбошисидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 ноябрдаги ПҚ-4020-сон қарори билан тасдиқланган Ҳудудларда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳлар намунавий таркибининг 4-бандидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4241-сон қарорида:
а) номи ва муқаддимасидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази» давлат муассасаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази» давлат муассасаси деб қайта номлансин»;
в) 3-банддаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 41-банддаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
д) 5-банднинг учинчи хатбошисидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлигига» сўзлари «Вазирлар Маҳкамасига» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) 6-банднинг олтинчи хатбошисидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги «Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4634-сон қарорининг 9-бандидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 июндаги «Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини синаш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4760-сон қарорининг 10-бандидаги «Ўзстандарт» агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда» сўзлари билан алмаштирилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 июлдаги ПҚ-5189-сон қарори билан тасдиқланган Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-илованинг VII бўлими 2-бандидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 ноябрдаги «Тошкент шаҳрида суғориладиган ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда бошқарув тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-17-сон қарорининг 7-банди иккинчи хатбошисидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги» сўзлари билан алмаштирилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги ПҚ-20-сон қарори билан тасдиқланган «E-IJARA» ахборот тизимига ва «E-auksion» электрон савдо платформасига интеграция қилиш орқали идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйиладиган вазирликлар ва идоралар рўйхатининг 15-бандидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги «Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-262-сон қарори 2-банди «в» кичик бандининг тўртинчи хатбошисидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 сентябрдаги «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-374-сон қарорининг 2-банди тўртинчи хатбошисидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат мулки» ахборот тизимига интеграция қилинадиган вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари рўйхатининг 9-позицияси «Вазирлик ва идоралар номи» устунидаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.10.2024 й., 06/24/164/0843-сон)