Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЧУЧУК ЕР ОСТИ СУВЛАРИ ЧИҚАДИГАН ЗОНАЛАРНИ БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА
«Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «1999—2005 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастури тўғрисида» 1999 йил 20 октябрдаги 469-сон қарорини бажариш юзасидан, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида ичимлик сувнинг амалдаги ва потенциал манбаларини муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Чучук ер ости сувлари чиқадиган қуйидаги зоналар белгилансин:
1-иловага* мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарага олувчилар бўйича 29548 га майдондаги Тоғолди зонаси (Жиззах вилояти);
2-иловага* мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарага олувчилар бўйича 4206 га майдондаги Сангзор зонаси (Жиззах вилояти);
3-иловага* мувофиқ ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарага олувчилар бўйича 14570 га майдондаги Шимолий-Сурхондарё зонаси (Сурхондарё вилояти).
* 1—3 иловалар рус тилидаги матнда берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 2004 йил 1 июлгача муҳофаза зоналари чегараларида жойлашган потенциал жиҳатдан экологик хавфли объектларни аниқласин.
3. Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда аниқланган потенциал экологик хавфли объектларда чучук ер ости сувларининг ифлосланиши ва камайишининг олдини олиш чора-тадбирларини 2004 йил 1 сентябргача ишлаб чиқсинлар, зарурат бўлганда, уларни муҳофаза зоналари чегарасидан ташқарига чиқарсинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Сув хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 1 — 3-иловаларда кўрсатилган юридик шахсларнинг мулкчилик шакллари, идоравий мансублилиги ўзгарган, шунингдек улар қайта ташкил этилган тақдирда қишлоқ хўжалиги, саноат корхоналари ва бошқа объектлар рўйхатига тегишли аниқлаштиришлар киритсин, шунингдек бу ҳақда чучук ер ости сувлари назорат қилиниши ва улардан оқилона фойдаланилиши учун масъул бўлган ваколатли давлат органларига бир ой муддатда маълум қилсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 декабрдаги 995-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2018 й., 09/18/995/2287-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар — Тоғолди, Сангзор ва Шимолий-Сурхондарё чучук ер ости сувлари чиқадиган зоналар чегарасида чучук ер ости сувлари ресурсларидан оқилона фойдаланилиши ва улар ифлосланишдан қўриқланиши устидан доимий назоратни амалга оширсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги 915-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.11.2017 й., 09/17/915/0259-сон)
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Агросаноат комплекси Котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2004 йил 12 январь,
14-сон