Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
қарори
Атом электр станцияларидаги реактор қурилмаларининг ядровий хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 5 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3967]
Ўзбекистон Республикасининг «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом электр станцияларидаги реактор қурилмаларининг ядровий хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ҳамда Фанлар академияси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 15 октябрь,
52-сон
Келишилди:
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2026 йил 8 октябрь
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А. АБДУХАКИМОВ
2026 йил 30 сентябрь
Соғлиқни сақлаш вазири Э. АДИЛОВ
2026 йил 19 август
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
2026 йил 17 август
Фавқулодда вазиятлар вазири А. ИКРАМОВ
2026 йил 14 август
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 15 октябрдаги 52-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом электр станцияларидаги реактор қурилмаларининг ядровий хавфсизлик
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар атом электр станцияларидаги реактор қурилмалари (бундан буён матнда реактор қурилмалари деб юритилади) бўйича ядровий хавфсизлик талабларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
атом электр станцияси — ядровий ёқилғидан фойдаланиб электр энергиясини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ҳамда ядровий ёқилғи ва радиоактив чиқиндиларни сақлаш жойларини ўз ичига олган мажмуа;
атом электр станцияси блоки — ядровий реактор, буғ генераторлари, турбина ва генераторни ўз ичига олган ҳамда электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайдиган мустақил технологик мажмуа;
эксплуатация қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган, ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;
лойиҳавий авариялар — атом электр станцияси лойиҳасида кўзда тутилган бошланғич ҳодисалар натижасида содир бўладиган ҳамда уларнинг оқибатларини чеклаш учун хавфсизлик тизимлари назарда тутилган авариялар;
лойиҳадан ташқари авариялар — атом электр станцияси лойиҳасида кўзда тутилмаган сабаблар ёки ҳодисалар кетма-кетлиги натижасида юзага келадиган авариялар;
махсус ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси;
радиоактив моддалар — ионлаштирувчи нурланишни тарқатадиган, ядровий материаллар жумласига кирмайдиган моддалар;
ядровий ёқилғи — назорат қилинадиган ядровий бўлиниш реакциясини амалга ошириш ҳисобига ядровий қурилмада иссиқлик энергияси ва (ёки) нурланиш оқимларини олиш учун мўлжалланган ядровий материал;
ядровий материаллар — таркибида бўлинадиган (парчаланадиган) ядровий моддалар бўлган ёки уларни ҳосил қилишга қодир бўлган материаллар.
2. Реактор қурилмаларининг ядровий хавфсизлиги қуйидагилар орқали таъминланади:
лойиҳаларнинг техник жиҳатдан мукаммал ишлаб чиқилиши;
хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларни (элементларни) тайёрлаш, монтаж қилиш, созлаш ва синовдан ўтказиш ишларининг сифат талабларига мувофиқлиги;
хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларнинг (элементларнинг) эксплуатация қилиш жараёнида белгиланган талабларга жавоб бериши;
ускуналарнинг техник ҳолати диагностика қилиниши;
ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишларининг сифатли ҳамда ўз вақтида бажарилиши;
реактор қурилмаларини эксплуатация қилиш жараёнида технологик жараёнларнинг назорат қилиниши ва бошқарилиши.
3. Реактор қурилмаларининг ядровий хавфсизлиги кўп босқичли (чуқур қатламли) ҳимоя концепциясига асосланган техник ва ташкилий чоралар тизими орқали таъминланади.
Бунда қуйидагилар амалга оширилиши лозим:
реактор қурилмасининг ички ўз-ўзини ҳимоя қилиш хусусиятларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш;
реактор қурилмаларида мустақиллик, хилма-хиллик, захиралаш тамойиллари асосида ишлайдиган хавфсизлик тизимларидан (элементларидан) фойдаланиш;
реактор қурилмаларида амалиётда синовдан ўтган ишончли техник ечимлар, асосланган методикалар, назарий ва экспериментал тадқиқотлар натижаларидан фойдаланиш;
атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик назорат соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этиш;
реактор қурилмаси ва атом электр станцияси лойиҳалари талабларига риоя қилиш;
атом электр станцияси реактор қурилмасидаги технологик жараёнларнинг барқарорлигини таъминлаш;
атом электр станциясини тўлиқ «ҳаётий» даврининг барча босқичларида сифатни таъминлаш тизимларини жорий этиш.
4. Эксплуатация қилувчи ташкилот мазкур Қоидалар талабларига риоя этилишини доимий равишда назорат қилиши лозим.
2-боб. Реактор қурилмаларига ва хавфсизлик учун муҳим бўлган бошқа тизимларга (элементларга) қўйиладиган ядровий хавфсизлик талаблари
1-§. Умумий талаблар
5. Атом электр станцияси блокини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш, шунингдек реактор қурилмасининг элементларини конструкциялаш ва тайёрлаш ишлари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
6. Атом электр станцияси блокини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши шарт.
7. Атом электр станцияси қурилиши бошлангунга қадар реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши лозим.
8. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қуйидагилар белгиланиши лозим:
реактор қурилмаси хавфсизлиги учун муҳим бўлган тизимлар (элементлар) рўйхати;
реактор қурилмаси хавфсизлиги учун муҳим бўлган тизимларнинг (элементларнинг) асосий техник тавсифлари, ишончлилик кўрсаткичлари ва хизмат муддати;
реактор қурилмаси тизимларининг (элементларининг) ишлаш режимлари ва эксплуатация қилиш шартлари;
реактор қурилмаси тизимларининг (элементларининг) техник ҳолатини назорат қилиш ва диагностика қилиш учун қўлланиладиган воситалар.
9. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилмасдан реактор қурилмаси ва унинг хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларининг (элементларининг) таркибини, конструкциясини ва (ёки) техник тавсифларини, шунингдек атом электр станциясини эксплуатация қилиш шартларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
10. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида хавфсизлик мезонларига риоя этилишини таъминлаш учун ўтказиладиган тадқиқотларнинг етарлилиги асослантирилиши лозим.
11. Эксплуатация қилувчи ташкилот реактор қурилмаси тўлиқ «ҳаётий» даврининг барча босқичларини қамраб олувчи сифатни таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиши ва амалга ошириши лозим.
12. Реактор қурилмасининг хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларини (элементларини) тайёрлаш, монтаж қилиш ва созлаш жараёнида назорат қилиниши ҳамда синовдан ўтказилиши, эксплуатация қилиш жараёнида эса даврий равишда текширилиши лозим.
13. Реактор қурилмасининг хавфсизлиги учун муҳим бўлган тизимларни (элементларни) синовдан ўтказиш давомида сигналларнинг узатилиш кетма-кетлиги ва вақти, шунингдек авариявий ҳимоянинг ишга тушиши, авариявий электр таъминоти манбаларига ўтиши ҳамда хавфсизлик функцияларининг бажарилиши текширилиши шарт.
14. Реактор қурилмаси қувватда ишлаётганда ва (ёки) тўхтатилган ҳолатда ишга лаёқатлилиги ҳамда техник тавсифлари текшириладиган тизимлар (элементлар) рўйхатлари реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида келтирилиши керак.
Ушбу рўйхатларда текширув вақтида реактор қурилмаси ҳамда хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимлар (элементлар) қандай ҳолатда бўлиши кераклиги кўрсатилиши лозим.
15. Реактор қурилмасининг хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларини (элементларини) текшириш воситалари ва усуллари атом электр станциясининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим.
16. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қуйидагилар белгиланиши шарт:
реактор қурилмасида юз бериши мумкин бўлган лойиҳавий аварияларга олиб келувчи бошланғич ҳодисалар рўйхати;
реактор қурилмасида юз бериши мумкин бўлган лойиҳадан ташқари авариялар рўйхати;
реактор қурилмасининг эксплуатация қилиш чегаралари ва шартлари;
реактор қурилмасининг хавфсиз эксплуатация қилиш чегаралари ва шартлари;
лойиҳавий авариялар учун белгиланган лойиҳавий чегаралар;
лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари аварияларнинг юзага келиш эҳтимоллиги ҳамда оқибатларининг оғирлигига кўра таснифи;
лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар ҳамда уларнинг оқибатларини таҳлил қилиш натижалари.
17. Реактор қурилмасида юз бериши мумкин бўлган лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар оқибатларини таҳлил қилишда радиоактив моддаларнинг атроф-муҳитга тарқалиши ҳамда уларнинг атмосфера ҳавосига, ер усти ва ер ости сувларига, тупроққа, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, шунингдек аҳоли соғлиғига кўрсатиши мумкин бўлган таъсири ўрганилиши ҳамда ушбу таъсирнинг олдини олиш ва уни камайтириш чора-тадбирлари назарда тутилиши лозим.
18. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларнинг (элементларнинг) ишдан чиқиши мумкин бўлган ҳолатлар ва уларни таҳлил қилиш натижалари келтирилиши лозим.
19. Реактор қурилмасининг хавфсизлигига таҳдид солувчи ишдан чиқиш ҳолатлари алоҳида кўрсатилиши ҳамда уларнинг оқибатлари хавфсизликнинг эҳтимоллик ва детерминистик таҳлиллари асосида ўрганилиши лозим.
20. Реактор қурилмасининг эксплуатация қилиш чегаралари ва шартларини белгилашда радиоактив ва бошқа зарарли моддаларни атроф-муҳитга чиқариш ҳамда оқизиш, шунингдек физик омиллар таъсири бўйича СанҚваМ 0193-06-сон «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006) ва Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитар қоидалари (РХТАСҚ 2006)»да белгиланган йўл қўйиладиган даражалар ҳисобга олиниши лозим.
21. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида энг оғир оқибатларга олиб келувчи лойиҳавий авариялар юз берганда ҳам иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиши белгиланган энг юқори лойиҳавий чегарадан ошмаслиги асослантирилиши лозим.
22. Реактор қурилмасининг ҳар қандай турдаги лойиҳавий авариялари учун иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланишига доир лойиҳавий чегаралар реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида энг юқори лойиҳавий чегарадан паст қийматларда белгиланиши лозим.
23. Сув-сувли энергетик реактор (бундан буён матнда ВВЕР деб юритилади) туридаги реактор қурилмалари учун иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиш чегаралари лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
24. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида ядровий хавфли ишлар рўйхати кўрсатилиши лозим.
25. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида хавфсизликни асослашда қўлланиладиган, шунингдек хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларда (элементларда) фойдаланиладиган усуллар ва дастурий воситалар рўйхати кўрсатилиши лозим.
2-§. Реактор қурилмаси фаол зонаси ва унинг конструкция элементлари
26. Реактор қурилмасининг фаол зонаси нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда, реактивликнинг ҳар қандай ўзгариши иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланишига доир тегишли чегаралардан ошиб кетишига олиб келмайдиган тарзда лойиҳаланиши лозим.
27. ВВЕР туридаги реактор қурилмаларининг реактивлик коэффициентларига қўйиладиган талаблар реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
28. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида реактивликнинг тез ортиши билан боғлиқ лойиҳавий авариялар юз берганда қуйидагилар таъминланиши асослантирилиши лозим:
ёқилғи таблеткасининг кўндаланг кесими бўйича ўртачалаштирилган (ўртача радиал) энталпияси экспериментал маълумотлар асосида лойиҳада белгиланган чегаравий қийматдан ошмаслиги;
иссиқлик ажратувчи элементлар ва тўпламларнинг шикастланишига йўл қўйилмаслиги.
29. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида иссиқлик ташувчини тозалаш тизимларининг (элементларининг) самарадорлиги ҳисобга олинган ҳолда иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиш чегаралари билан биринчи контур иссиқлик ташувчисининг репер радионуклидлар бўйича фаоллиги ўртасидаги ўзаро боғлиқлик белгиланиши лозим.
30. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида фаол зонанинг иссиқлик-техник ишончлилиги таҳлил қилиниши ва унинг натижалари келтирилиши лозим.
Мазкур таҳлилда нормал эксплуатация қилиш бузилганда иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланишига доир хавфсиз эксплуатация қилиш чегараларидан ошиб кетмаслик учун лойиҳада назарда тутилган захираларнинг етарлилиги асослантирилиши лозим.
Реактор қурилмасини эксплуатация қилиш жараёнида иссиқлик ажратувчи элементлар қобиқларининг оксидланиши ушбу қобиқларнинг ҳаддан ташқари мўртлашишига олиб келмаслиги лозим.
31. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда иссиқлик ажратувчи элементлар қобиқларининг эквивалент оксидланиш даражаси кўрсатилиши ва экспериментал маълумотлар асосида асослантирилиши лозим.
32. Фаол зона ва унинг элементлари, шу жумладан иссиқлик ажратувчи тўпламлар ҳамда иссиқлик ажратувчи элементлар нормал эксплуатация қилиш шароитларида ва нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланишига доир тегишли чегаралардан ошиб кетмайдиган тарзда конструкцияланиши ва тайёрланиши лозим.
Фаол зона ва унинг элементларини, шу жумладан иссиқлик ажратувчи тўпламларни ҳамда иссиқлик ажратувчи элементларни конструкциялаш ва тайёрлаш жараёнида қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:
реактор қурилмасининг лойиҳавий иш режимлари, уларнинг сони ва лойиҳада назарда тутилган юз бериш хусусиятлари;
фаол зона компонентларига механик, иссиқлик ва радиациявий таъсирлар;
фаол зона материаллари ва иссиқлик ташувчининг физик-кимёвий ўзаро таъсири;
конструктив ва технологик тавсифлар ҳамда технологик жараён параметрларининг чегаравий оғишлари;
зарб ва тебраниш таъсирлари, иссиқликнинг даврий ўзгариши билан боғлиқ юкланишлар, радиация ва ҳарорат таъсирида материалларнинг узоқ муддатли юклама таъсирида аста-секин ва қайтмас деформацияланиши, шунингдек уларнинг эскириши;
иссиқлик ташувчидаги бўлиниш маҳсулотлари ва аралашмаларнинг иссиқлик ажратувчи элементлар мустаҳкамлиги ҳамда коррозияга чидамлилигига таъсири;
иссиқлик ажратувчи элементлар қобиқларининг яхлитлигини бузадиган ва фаол зона материалларининг механик хусусиятларини ёмонлаштирадиган бошқа омиллар.
33. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида лойиҳавий авариядан сўнг фаол зонанинг шикастланган компонентларини чиқариб олиш имконияти асослантирилиши ҳамда бунинг учун зарур техник воситалар назарда тутилиши лозим.
34. Реактор қурилмасининг фаол зонаси ҳамда бошқарув ва ҳимоя тизимининг ижро механизмлари ишчи органларнинг тиқилиб қолиши, отилиб чиқиши ёки юритмалардан ўз-ўзидан ажралиб кетишига йўл қўйилмайдиган тарзда лойиҳаланиши лозим.
Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида бошқарув ва ҳимоя тизимининг энг самарали битта ишчи органи ёки ишчи органлари гуруҳи лойиҳада назарда тутилмаган тарзда силжиганда, авариявий ҳимоя энг самарали битта ишчи орган иштирокисиз ишга тушган тақдирда ҳам иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиш даражаси хавфсиз эксплуатация қилиш учун белгиланган чегаралардан ошмаслиги асослантирилиши лозим.
35. Атом электр станциясининг нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда фаол зона элементларининг лойиҳада назарда тутилмаган, реактивликнинг ортиши ва иссиқликни олиб кетишнинг ёмонлашиши натижасида иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиш даражаси тегишли лойиҳавий чегаралардан ошишига олиб келадиган силжишлари ва (ёки) деформацияларига йўл қўйилмаслиги лозим.
36. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида атом электр станцияси блоки жойлашган майдончага хос сейсмик таъсирлар юз берганда ростлаш ва авариявий ҳимоя ишчи органларининг фаол зонага тўсиқсиз киритилиши ҳамда фаол зонадан иссиқлик олиб кетилиши таъминланиши кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим.
37. Фаол зона ва реактивликка таъсир этувчи воситаларнинг тавсифлари нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда ушбу воситалар жойлашувининг ҳар қандай комбинациясида уларни фаол зонага ва (ёки) қайтаргичга киритиш йўлининг исталган қисмида манфий реактивлик киритилишини таъминлаши лозим.
38. Иссиқлик ажратувчи тўпламнинг конструкцияси нормал эксплуатация қилишда ва нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий аварияларда иссиқлик ажратувчи элементлар ва иссиқлик ажратувчи тўпламнинг бошқа элементларида юзага келиши мумкин бўлган шакл ўзгаришларида қуйидагиларни таъминлаши лозим:
иссиқлик ажратувчи тўпламнинг оқим ўтиш кесими иссиқлик ажратувчи элементларнинг тегишли шикастланиш чегараларидан ошиб кетишига олиб келадиган даражада тўсилиб қолмаслиги;
бошқарув ва ҳимоя тизими ишчи органларининг нормал ишлашига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар юзага келмасли.
39. Иссиқлик ажратувчи тўпламнинг конструкциясида иссиқлик ажратувчи элементлардаги ядровий ёқилғининг нуклид таркиби ва бойитилиш даражасини ифодаловчи ҳамда кўз билан ва (ёки) қайта юклаш қурилмалари ёрдамида фарқлаш мумкин бўлган белгилар назарда тутилиши лозим.
40. Қуйидагилар кўз билан ва (ёки) иссиқлик ажратувчи тўпламни йиғиш жараёнида саноат назорати воситалари ёрдамида фарқлаш мумкин бўлган белгиларга эга бўлиши лозим:
ядровий ёқилғисининг бойитилиш даражаси турлича бўлган иссиқлик ажратувчи элементлар;
ядровий ёқилғиси таркибида ёниб кетувчи ютгич мавжуд бўлган иссиқлик ажратувчи элементлар;
аралаш ядровий ёқилғили иссиқлик ажратувчи элементлар;
ядровий ёқилғисининг таркибига кўра фарқланадиган бошқа иссиқлик ажратувчи элементлар;
иссиқлик ажратувчи тўплам таркибидаги махсус ёниб кетувчи ютгичлар.
41. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида тўхтатилган ва (ёки) ишлаб турган реактор қурилмасида иссиқлик ажратувчи элементлар қобиқларининг герметиклигини назорат қилиш учун техник воситалар ва усуллар назарда тутилиши лозим. Ушбу воситалар ва усуллар герметиклиги бузилган иссиқлик ажратувчи тўпламларни (иссиқлик ажратувчи элементларни) ишончли ва ўз вақтида аниқлашни таъминлаши лозим.
42. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида герметикликни назорат қилиш усуллари кўрсатилиши ва асослантирилиши, шунингдек герметиклиги бузилган иссиқлик ажратувчи тўпламларни (иссиқлик ажратувчи элементларни) яроқсиз деб топиш мезонлари белгиланиши лозим.
3-§. Бошқарув ва ҳимоя тизимига қўйиладиган умумий талаблар
43. Реактор қурилмаси таркибида қуйидаги вазифаларни бажаришга мўлжалланган бошқарув ва ҳимоя тизими бўлиши лозим:
реактор қурилмаси фаол зонасининг реактивлигини ва реактор қурилмасининг қувватини бошқариш;
реактор қурилмасини бошқариш ва ҳимоя қилиш учун зарур бўлган нейтрон оқими зичлигини (қувватни), унинг ўзгариш тезлигини ҳамда технологик параметрларни назорат қилиш;
реактор қурилмасини субкритик ҳолатга ўтказиш ва ушбу ҳолатда сақлаб туриш.
44. Реактор қурилмаси бошқарув ва ҳимоя тизимининг таркиби, тузилиши, техник тавсифлари ва ишлаш режимлари реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
45. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида бошқарув ва ҳимоя тизими ишончлилигининг миқдорий таҳлили натижалари келтирилиши ҳамда ишончлилик кўрсаткичларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидаларга мувофиқлиги асослантирилиши лозим.
46. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида бошқарув ва ҳимоя тизимининг қуйидаги таъсирлар ҳамда ҳолатларга жавобан ишлаши таҳлил қилиниши ва реактор қурилмасининг хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келмаслиги асослантирилиши лозим:
ташқи ва ички таъсирлар, шу жумладан ёнғин, зилзила, сув босиши ва электромагнит таъсирлар;
юз бериши мумкин бўлган носозликлар ва ишдан чиқишлар, шу жумладан қисқа туташув, изоляция хусусиятларининг ёмонлашиши, электр кучланишининг пасайиши, тизимнинг асоссиз ишга тушиши ва бошқарувнинг йўқолиши.
47. Эксплуатация қилиш жараёнида бошқарув ва ҳимоя тизимининг ишлашида реактор қурилмасининг хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланганда, реактор қурилмаси тўхтатилиши ҳамда ушбу ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилиши лозим.
48. Мазкур Қоидаларнинг 47-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда эксплуатация қилувчи ташкилот реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлаши шарт.
49. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида реактор қурилмасини тўхтатиш учун камида иккита тизим назарда тутилиши лозим.
Ҳар бир тизим бошқа тизимдан мустақил равишда, ягона ишдан чиқиш тамойили ёки ходимларнинг хатоси ҳисобга олинган ҳолда, реакторни субкритик ҳолатга ўтказиш ва ушбу ҳолатда сақлаб туришни таъминлаши лозим.
Мазкур тизимлар хилма-хиллик, мустақиллик ва захиралаш тамойиллари асосида лойиҳаланиши лозим.
50. Реакторни тўхтатиш тизимларидан авариявий ҳимоя вазифасини бажарувчи камида биттаси нормал эксплуатация қилиш шароитларида, нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда қуйидагиларни таъминлаши шарт:
реактивликнинг юз бериши мумкин бўлган ортишини ҳисобга олган ҳолда реакторни субкритик ҳолатга ўтказиш ва ушбу ҳолатда сақлаб туриш;
фаол зонани авариявий совитиш тизимларининг ишлашини ҳисобга олган ҳолда, иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиши лойиҳавий авариялар учун белгиланган чегаралардан ошиб кетишига йўл қўймасдан, реактор қурилмасини субкритик ҳолатга етарли тезликда ўтказиш.
51. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида бошқарув ва ҳимоя тизими ишчи органларининг, шу жумладан авариявий ҳимоя ишчи органларининг сони, самарадорлиги, жойлашуви, гуруҳлар таркиби, ишчи ҳолатлари, ҳаракатланиш кетма-кетлиги ва тезликлари, шунингдек юритмалар сони белгиланиши ва асосланиши лозим.
52. Бошқарув ва ҳимоя тизимининг ижро механизмлари қуйидагилар билан жиҳозланиши лозим:
ишчи органларнинг оралиқ ҳолатини кўрсатувчи қурилмалар билан;
имкон қадар бевосита ишчи орган таъсирида ишга тушадиган чекка ҳолат сигнализаторлари ва чекка ўчиргичлар билан.
53. Реактивликка тезкор таъсир этувчи бошқа воситалар ҳолатни кўрсатувчи ва (ёки) чекка ҳолатни кўрсатувчи қурилмалар билан жиҳозланиши лозим.
54. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида реакторни дастлабки жисмоний ишга туширишда асосий бошқарув ва ҳимоя тизимидан ташқари қўшимча тизимдан фойдаланиш назарда тутилган бўлса, ушбу қўшимча тизим бошқарув ва ҳимоя тизимига қўйилган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
4-§. Авариявий ҳимоя тизими
55. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган реактор қурилмасини тўхтатиш тизимларидан камида биттаси авариявий ҳимоя функциясини бажариши лозим.
56. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган, авариявий ҳимоя функциясини бажарувчи тўхтатиш тизимлари энг самарали битта ишчи орган иштирокисиз ҳам қуйидагиларни таъминлаши лозим:
нормал эксплуатация қилиш бузилганда хавфсиз эксплуатация қилиш чегараларидан четга чиқмаган ҳолда реакторни субкритик ҳолатга етарли тезликда ўтказиш;
нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда реактор қурилмасини субкритик ҳолатга ўтказиш ва ушбу ҳолатда сақлаб туриш.
57. Авариявий ҳимоянинг самарадорлиги реактор қурилмасини узоқ вақт давомида субкритик ҳолатда сақлаб туриш учун етарли бўлмаган ҳолларда, реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида мусбат реактивликнинг юзага келиши мумкин бўлган ортишини ҳисобга олган ҳолда реактор қурилмасини ушбу ҳолатда сақлаб туриш учун етарли самарадорликка эга бошқа тўхтатиш тизимининг (тизимларининг) автоматик равишда ишга тушиши назарда тутилиши лозим.
58. Авариявий ҳимоя тизими ишчи органларнинг бир-биридан мустақил камида иккита гуруҳига эга бўлиши лозим.
59. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида авариявий ҳимоянинг ишга тушиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш тартиби, шунингдек у ишга тушгандан кейин реактор қурилмасини нормал эксплуатация қилишни тиклаш бўйича тезкор ишлар кетма-кетлиги белгиланиши лозим.
60. Авариявий ҳимоя сигнали берилганда авариявий ҳимоянинг ишчи органлари ҳар қандай ҳолатда ишга тушиши лозим.
61. Авариявий ҳимоянинг ишчи органлари иш ҳолатига келтирилмаган бўлса, реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган реактивликка таъсир этувчи воситалар ёрдамида мусбат реактивлик киритилишига йўл қўйилмаслиги шарт.
62. Авариявий ҳимоя ишчи органларининг иш ҳолати ҳамда уларни чиқариб олиш тартиби реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши лозим.
63. Реактивликка таъсир этувчи воситалар нормал эксплуатация қилиш ва авариявий ҳимоя функцияларини биргаликда бажарган ҳолларда, реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида уларнинг ишлаш тартиби белгиланиши ва асослантирилиши ҳамда авариявий ҳимоя функциясининг устувор бажарилиши таъминланиши лозим.
64. Авариявий ҳимоя тизими бир-биридан мустақил бўлган камида иккита комплектдан иборат бўлиши лозим.
65. Нейтрон оқими зичлигини назорат қилувчи ҳар бир каналга қайд этиш қурилмасини улаш имконияти мавжуд бўлиши лозим.
66. Авариявий ҳимоя тизимининг ҳар бир комплекти ҳимоя талаб этиладиган ҳар бир технологик параметр бўйича, ушбу параметрнинг реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган бутун ўзгариш диапазонида, камида учта мустақил канал орқали авариявий ҳимояни таъминлаши лозим.
67. Авариявий ҳимоя тизимининг ҳар бир комплектида авариявий ҳимоя сигнали реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида келтирилган ишончлилик таҳлили натижалари асосида танланган учта мустақил каналнинг камида иккитасидан келган сигналлар бўйича шакллантирилиши лозим.
68. Авариявий ҳимоя тизими нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимларидан (элементларидан) ажратилиши лозим бўлиб, ушбу тизимларнинг исталган элементи ўчирилганда ёки ишдан чиққанда ҳам ўз функцияларини бажариш қобилиятини сақлаб қолиши лозим.
69. Назорат каналининг ахборотни акс эттириш, қайд этиш ва диагностика қилиш тизимларидаги (элементларидаги) носозликлар ушбу каналнинг авариявий ҳимоя функцияларини бажариш қобилиятига таъсир кўрсатмаслиги лозим.
70. Авариявий ҳимоянинг ишчи органларини ишга туширмасдан, авариявий ҳимоя сигналларининг шаклланиши ва узатилиш вақтини ҳар бир канал бўйича алоҳида ҳамда авариявий ҳимоя тизимининг ҳар бир комплекти бўйича яхлит ҳолда текшириш имконияти назарда тутилиши лозим.
71. Авариявий ҳимоя тизимида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:
авариявий ҳимоя тизими комплектлари ва каналларининг созлигини автоматик равишда назорат қилиш ва диагностика қилиш;
каналлардаги носозликлар тўғрисидаги ахборотни блокли бошқарув пунктида акс эттириш;
каналлар ёки комплектларнинг носозликлари бўйича авариявий ҳимоя сигналларини шакллантириш.
72. Авариявий ҳимоя тизимининг битта комплектини ёки комплект таркибидаги битта канални ўчиришга йўл қўйиш мумкинлиги ҳамда бундай ўчириш шартлари, шу жумладан ўчиришнинг давомийлиги, реактор қурилмасининг қуввати ва бошқа комплектларнинг ҳолатига қўйиладиган талаблар реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
73. Авариявий ҳимоя тизими комплекти ўчирилмаган ҳолда унинг таркибидаги битта канал ўчирилганда, ушбу канал бўйича авариявий ҳимоя сигнали автоматик равишда юборилиши лозим.
74. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида авариявий ҳимоя тизимига доир қуйидагилар асослантирилиши лозим:
авариявий ҳимоя талаб этиладиган параметрлар рўйхати;
авариявий ҳимоянинг ишга тушиш шартлари ва чегаравий қийматлари;
авариявий ҳимоянинг ишчи органлари ишга тушгунига қадар сигналларнинг узатилиш вақти.
75. Авариявий ҳимоянинг ишга тушиш чегаравий қийматлари ва шартлари хавфсиз эксплуатация қилиш чегараларидан четга чиқишнинг олдини оладиган тарзда танланиши лозим.
76. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида авариявий ҳимоянинг ишга тушишини талаб этадиган бошланғич ҳодисалар рўйхати кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим.
77. Авариявий ҳимоя камида қуйидаги ҳолларда ишга тушиши лозим:
нейтрон оқими зичлиги авариявий ҳимоянинг ишга тушиши учун белгиланган чегаравий қийматга етганда;
нейтрон оқими зичлигининг ўсиш тезлиги авариявий ҳимоянинг ишга тушиши учун белгиланган чегаравий қийматга етганда;
авариявий ҳимоя тизимининг ўчирилмаган исталган комплектида ҳамда бошқарув ва ҳимоя тизимининг электр таъминоти шиналарида кучланиш йўқолганда;
авариявий ҳимоя тизимининг ўчирилмаган исталган комплектида нейтрон оқими зичлиги ёки унинг ўсиш тезлиги бўйича учта ҳимоя каналидан исталган иккитаси ишдан чиққанда;
ҳимоя талаб этиладиган технологик параметрлар авариявий ҳимоянинг ишга тушиши учун белгиланган чегаравий қийматларга етганда;
блокли бошқарув пунктидаги ёки захира бошқарув пунктидаги калит орқали авариявий ҳимояни ишга тушириш буйруғи берилганда.
78. Авариявий ҳимоянинг ишга тушишини талаб этмайдиган нормал эксплуатация қилиш бузилишларида огоҳлантирувчи ҳимояни (ҳимояларни) қўллаш мумкинлиги ва уни қўллаш шартлари реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
79. Авариявий ҳимоя тизими техник воситалар ёрдамида қуйидаги ҳолатларга йўл қўйилмайдиган тарзда лойиҳаланиши лозим:
авариявий ҳимоя каналларини ишга тушириш ва ўчириш элементларига реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида ҳамда атом электр станцияси блокини хавфсиз эксплуатация қилишнинг технологик регламентида (бундан буён матнда технологик регламент деб юритилади) назарда тутилмаган таъсир кўрсатиш;
ходимларни хабардор қилмасдан ҳамда авариявий ҳимоянинг ишчи органларини ишга туширмасдан авариявий ҳимоянинг ишга тушиш чегаравий қийматларини ўзгартириш.
80. Реактор қурилмасининг авариявий ҳимоя функциясининг бажарилиши электр таъминоти манбаларининг мавжудлигига ва уларнинг ҳолатига боғлиқ бўлмаслиги лозим.
5-§. Нейтрон оқими ва реактивликни бошқариш
81. Реактор қурилмаси қуйидаги назорат каналлари билан жиҳозланиши лозим:
нейтрон оқими зичлигини ўлчайдиган ва унинг қийматини кўрсатадиган асбоблар билан жиҳозланган, бир-биридан мустақил камида учта канал;
нейтрон оқими зичлигининг ўзгариш тезлигини ўлчайдиган, бир-биридан мустақил камида учта канал.
82. Нейтрон оқими зичлиги ва унинг ўзгариш тезлигини назорат қилиш каналларининг ўлчаш қисмларини бирлаштиришга реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилган ҳолларда йўл қўйилади.
83. Нейтрон оқими зичлигини назорат қилувчи учта каналдан камида иккитаси мазкур каналларнинг исталган бирига уланиши мумкин бўлган қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланиши лозим. Мазкур қурилмалар нейтрон оқими зичлигини лойиҳа ҳужжатларида белгиланган бутун ўзгариш диапазонида ўлчаш ва ўлчаш натижаларини қайд этиш имкониятини таъминлаши лозим.
84. Атом электр станцияси блокини эксплуатация қилиш жараёнида калибрлашни ўтказиш усули, тартиби ва даврийлиги реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши ва асослантирилиши лозим.
85. Нейтрон оқими зичлигини ўлчаш диапазони кичик диапазонларга ажратилганда, қўшни кичик диапазонлар нейтрон оқими зичлиги қийматлари бўйича камида ўн баравар фарқ қиладиган оралиқда ўзаро қопланиши ҳамда бир кичик диапазондан бошқасига автоматик ўтиш таъминланиши лозим.
86. Қўшимча назорат тизими фаол зонани юклаш ва қайта юклаш даврида вақтинча ўрнатиладиган тизим бўлиши мумкин. Мазкур тизим нейтрон оқими зичлигини назорат қилувчи, ҳар бири кўрсатиш ва қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланган, бир-биридан мустақил камида учта канални ўз ичига олиши лозим.
Асосий назорат каналлари фаол зонани юклаш ёки қайта юклашда нейтрон оқимини белгиланган диапазонда назорат қила олмаган ҳолларда қўшимча назорат тизими қўлланилиши лозим.
87. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида реактивлик ўзгаришини назорат қилиш учун датчиклар, ахборотни тезкор акс эттириш ва қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланган ҳамда нейтрон оқими зичлиги ва реактивликни ўлчаш диапазонлари ўртасида автоматик ўтишни таъминлайдиган реактивлик ўлчагич назарда тутилиши лозим.
88. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида реактивликни аниқлаш усули ва унинг хатоликлари, шунингдек датчикларнинг сони ва жойлашуви, ҳисоблаш алгоритмлари ва константалари ҳамда ўлчаш диапазонлари асослантирилиши лозим.
89. Реактивликни назорат қилиш каналлари уларнинг ишлаш қобилиятини автоматик равишда текшириш воситалари ва носозлик ҳақида огоҳлантирувчи сигнализация билан жиҳозланиши лозим.
90. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида реактор қурилмасининг эксплуатация қилиш чегараларидан четга чиқмаган ҳолда ишлашини таъминловчи қувватни автоматик ростлаш тизимининг тавсифлари белгиланиши ва асослантирилиши лозим.
91. Қувватни автоматик ростлаш тизимининг киришига бир нечта ўлчаш канали уланганда, ишлаётган каналлардан сигналларни қабул қилувчи қурилма назарда тутилиши лозим. Мазкур қурилма каналлардан бири ўчирилиши ёки ишдан чиқиши натижасида автоматик ростлаш тизимининг таъсири билан реактор қуввати ўзгаришига йўл қўймаслиги лозим.
92. Ядровий ёқилғини қайта юклаш реактор тўхтатилганда амалга ошириладиган реактор қурилмаларида техник воситалар ёрдамида қуйидагиларга йўл қўйилмаслиги таъминланиши лозим:
лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган реактивликка таъсир этувчи икки ёки ундан ортиқ восита ёрдамида бир вақтнинг ўзида мусбат реактивлик киритишга;
ядровий ёқилғини юклаш ёки чиқариб олиш жараёнида реактивликка таъсир этувчи воситалар ёрдамида мусбат реактивлик киритишга.
93. Реактор қурилмасини ишга туширишдан олдин авариявий ҳимоянинг ишчи органлари ишчи ҳолатга келтирилиши лозим.
94. Авариявий ҳимоянинг ишчи органлари ишчи ҳолатга келтирилган, бошқарув ва ҳимоя тизимининг қолган ишчи органлари эса фаол зонага киритилган бўлса, ядровий ёқилғининг реакторда ишлаш даври мобайнида реакторнинг субкритиклиги камида 0,01 бўлиши лозим. Ушбу талаб самарали кўпайиш коэффициенти энг юқори қийматга эга бўлган ҳолатда ҳам бажарилиши лозим.
95. Нейтрон оқими зичлигини ва (ёки) унинг ўзгариш тезлигини назорат қилиш канали ишдан чиққанда, тегишли сигнал ишга тушиши, операторга узатилиши ва қайд этилиши лозим.
96. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида эксплуатация қилиш жараёнида реактор қурилмаси фаол зонаси реактивлигининг жорий захираси қийматларини ва уларнинг ўзгаришини тезкор, автоматлаштирилган тарзда аниқлаш ҳамда қайд этишни таъминлайдиган воситаларга қўйиладиган талаблар белгиланиши лозим.
97. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қуйидаги катталикларни аниқлаш тартиби ва усуллари, шунингдек уларни аниқлашдаги хатоликлар асослантирилиши лозим:
реактивликка таъсир этувчи воситаларнинг умумий самарадорлиги;
авариявий ҳимоя ишчи органларининг самарадорлиги;
бошқарув ва ҳимоя тизими ишчи органлари гуруҳларининг самарадорлиги;
реактивликка таъсир этувчи параметрлар, шу жумладан қувват, иссиқлик ташувчи ва секинлаштиргич ҳарорати ҳамда эриган ютгич концентрацияси бўйича реактивлик коэффициентлари.
98. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида реакторнинг субкритиклигини назорат қилиш воситалари ва усуллари назарда тутилиши лозим.
99. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида реактор қурилмаси фаол зонасида энергия ажралишининг нотекислигини назорат қилиш ҳамда иссиқлик алмашинувининг критик ҳолати юзага келишигача бўлган захирани тезкор ҳисоблаш воситалари назарда тутилиши лозим.
100. Реактор қурилмаси фаол зонасида нейтрон оқими зичлиги тебранишларининг юзага келмаслиги асослантирилмаган ҳолларда, реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида ушбу тебранишларни назорат қилиш ва бошқариш воситалари назарда тутилиши лозим. Мазкур ҳужжатларда тебранишларни иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланишига доир эксплуатация қилиш чегараларидан ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда бошқариш тартиби белгиланиши лозим.
6-§. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимлари (элементлари)
101. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қуйидаги тизимларнинг (элементларнинг) таркибига, тузилишига, асосий техник тавсифларига, сонига ҳамда уларни жойлаштириш шартларига қўйиладиган талаблар белгиланиши лозим:
нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари);
бошқарувчи хавфсизлик тизимлари (элементлари);
реактор қурилмасининг диагностика тизимлари (элементлари).
102. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
реактор қурилмасининг ҳолати тўғрисидаги сигналлар ва назорат қилинадиган параметрлар рўйхати;
ростланадиган параметрлар ва бошқарув сигналлари рўйхати;
огоҳлантирувчи ҳимоянинг ишга тушиш чегаравий қийматлари ва шартлари;
реактор қурилмасининг диагностика датчиклари жойлашуви;
хавфсизлик тизимларини (элементларини) ишга туширишни белгиловчи параметрлар рўйхати.
103. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимлари (элементлари) нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда реактор қурилмасининг техник ҳолатини назорат қилишни ва уни хавфсиз бошқаришни таъминлаши асослантирилиши лозим.
104. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида унинг ускуналарини ҳимоя ва блокировка қилиш воситалари рўйхатлари, шунингдек уларнинг ишга тушиш шартларига қўйиладиган техник талаблар кўрсатилиши лозим.
105. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимларида (элементларида) камида қуйидаги сигналларни шакллантирувчи қурилмалар мавжуд бўлиши лозим:
авария ҳақида хабардор қилиш сигнали — реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда;
авариявий ёруғлик ва товуш сигналлари — кўрсаткичлар авариявий ҳимоянинг ишга тушиш чегаравий қийматларига етганда ҳамда унинг ишга тушиш шартлари юзага келган ҳолларда;
огоҳлантирувчи ёруғлик ва товуш сигналлари — реактор қурилмаси тизимларини (элементларини) нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек кўрсаткичлар огоҳлантирувчи ҳимоянинг ишга тушиш чегаравий қийматларига етганда ҳамда унинг ишга тушиш шартлари юзага келган ҳолларда;
электр таъминоти занжирларида кучланиш мавжудлиги ҳамда ускуналарнинг ҳолати тўғрисида хабар берувчи сигналлар.
106. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимларини (элементларини) диагностика қилиш имконияти назарда тутилиши лозим.
107. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимлари (элементлари) қуйидагиларни аниқлаш имконини берадиган тарзда лойиҳаланиши лозим:
аварияларнинг бошланғич ҳодисалари;
реактор қурилмасининг хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларининг (элементларининг) амалдаги ишлаш алгоритмлари;
лойиҳада белгиланган ишлаш кетма-кетлигидан четга чиқишлар;
тезкор ходимларнинг ҳаракатлари.
108. Қайд этиш воситалари лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар юз берганда ҳам ишлаш қобилиятини сақлаб қолиши ҳамда ахборотнинг ҳимояланган авариявий қайд этиш қурилмасида сақланишини таъминлаши лозим.
109. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қуйидагилар белгиланиши лозим:
нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизими функциялари қисман йўқолганда, унинг сақланиб қолган ишлаш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда реактор қувватининг йўл қўйиладиган қийматлари;
нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари), бошқарувчи хавфсизлик тизимлари (элементлари) ҳамда уларнинг қисмларини таъмирлашга чиқариш шартлари.
110. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда ростланадиган ва назорат қилинадиган параметрларнинг ўзгариш диапазонлари ҳамда тезликлари асослантирилиши лозим.
111. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимларининг (элементларининг) қуйидаги таъсирлар ҳамда ҳолатларга жавобан ишлаши таҳлил қилиниши ва реактор қурилмасининг хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келмаслиги асослантирилиши лозим:
ташқи ва ички таъсирлар;
юз бериши мумкин бўлган ишдан чиқишлар ва носозликлар, шу жумладан қисқа туташувлар, изоляция хусусиятларининг йўқолиши, кучланишнинг пасайиши, тўсиқлар, асоссиз ишга тушишлар ва сигналларнинг йўқолиши;
реактор қурилмаси асосий ускунасининг ишдан чиқиши.
112. Эксплуатация қилиш жараёнида нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимларининг (элементларининг) ишлашида реактор қурилмасининг хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатлар аниқланганда, реактор қурилмаси тўхтатилиши ҳамда ушбу ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилиши лозим.
113. Мазкур Қоидаларнинг 112-бандида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда эксплуатация қилувчи ташкилот реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлаши шарт.
114. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимларида (элементларида) дастурланадиган воситалар ҳамда дастурий воситалардан фойдаланиш асослантирилиши ва синовдан ўтказиш натижалари билан тасдиқланиши лозим.
115. Реактор қурилмаси ҳамда унинг тизимларини (элементларини) бошқариш блокли бошқарув пунктидан (шчитидан), шунингдек маҳаллий бошқарув постларидан амалга оширилиши лозим.
116. Ҳар бир блокда блокли бошқарув пунктидан (шчитидан) ташқари захира бошқарув пункти (шчити) ҳам назарда тутилиши лозим.
117. Блокли бошқарув пунктидан бирор сабабга кўра, шунингдек ёнғин туфайли бошқариш имкони бўлмаганда, захира бошқарув пунктидан қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш имконияти таъминланиши лозим:
реактор қурилмасини субкритик ҳолатга ўтказиш;
реактор қурилмасини авариявий совитиш;
реактор қурилмасининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган технологик параметрларни назорат қилиш.
118. Блокли бошқарув пункти, захира бошқарув пункти ва маҳаллий бошқарув пунктидаги ускуналар таркибига қўйиладиган талаблар реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши лозим.
119. Захира бошқарув пунктида тизимлар (элементлар) ҳолати тўғрисида қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:
фаол зонадаги нейтрон оқими зичлиги;
иссиқлик ташувчи ва авариявий совитишда иштирок этувчи тизимларнинг (элементларнинг) параметрлари;
бошқарув ва ҳимоя тизими ишчи органларининг оралиқ ва чекка ҳолатлари;
реактивликка таъсир этувчи воситаларнинг ўз функцияларини бажаришга тайёрлигини ва ишга тушганлигини аниқ кўрсатувчи насослар ҳамда арматуранинг ҳолати;
суюқ ютгич эритмаси қўлланилганда, унинг ҳолатини тавсифловчи параметрлар, шу жумладан ҳарорати, босими ва концентрацияси;
совитишни таъминловчи тизимларнинг (элементларнинг) ҳолатини тавсифловчи кўрсаткичлар.
120. Ҳисобга олинадиган бошланғич ҳодисалар юз берганда блокли бошқарув пункти ва захира бошқарув пункти бошқарув ҳамда назорат занжирларининг умумий сабабларга кўра ишдан чиқишига йўл қўйилмаслиги таъминланиши лозим.
121. Ҳар бир элементни блокли бошқарув пунктидан ва захира бошқарув пунктидан бир вақтнинг ўзида бошқаришга техник воситалар ёрдамида йўл қўйилмаслиги таъминланиши лозим.
122. Реактор қурилмасида, биринчи контурда, суюқ ютгич авария захираси сиғимларида ва лойиҳага кўра суюқ ютгич эритмаси билан тўлдириладиган барча тизимларда (элементларда) реактор қурилмаси ва атом электр станцияси лойиҳаларида белгиланган суюқ ютгич эритмаси концентрациялари таъминланиши лозим.
Суюқ ютгич эритмасидаги нейтронларни ютувчи нуклид концентрациясини ўлчаш усули ва даврийлиги реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши лозим.
123. Реактор қурилмасини эксплуатация қилиш учун қуйидаги техник воситалар мавжуд бўлиши лозим:
суюқ ёки газсимон ютгич қўлланилганда, реактор қурилмасида ҳамда ютгичнинг авариявий захирасини сақлаш сиғимларида суюқ ютгич эритмаси ёки газсимон ютгич таркибидаги нейтронларни ютувчи нуклидлар миқдорини назорат қилиш воситалари;
ютгич эритмаси сақланадиган сиғимларда эритма концентрациясининг бир хиллигини сақлаб туриш воситалари.
124. Реактивликка таъсир этувчи воситаларда қўлланиладиган материаллар таркибидаги нейтронларни ютувчи нуклидлар миқдорининг лойиҳавий тавсифларга мувофиқлигини текширишга қаратилган кириш назорати техник воситалар ёки ташкилий чора-тадбирлар орқали таъминланиши лозим.
125. Суюқ ютгич эритмасининг авариявий захирасини сақлаш учун мўлжалланган ҳар бир сиғим сатҳни назорат қилиш ва (ёки) босимни ўлчаш учун камида иккита канал билан жиҳозланиши лозим. Ушбу каналлар блокли бошқарув пунктига ва захира бошқарув пунктига огоҳлантирувчи сигнал узатишни таъминлаши лозим.
126. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимларининг (элементларининг) нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда ва электр таъминоти тўлиқ йўқолганда реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида келтирилган ҳажмда ишончли электр ва энергия таъминоти билан таъминланиши лозим.
127. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) таркибига видеокузатув тизими ҳамда блокли бошқарув пункти, захира бошқарув пункти ва маҳаллий бошқарув пунктлари билан алоқа ўрнатиш воситалари, шу жумладан телефон, баланд овозли алоқа ва радиоалоқа воситалари кириши лозим.
128. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимлари (элементлари) таркибида операторни ахборот билан таъминлаш ва унинг қарор қабул қилишини қўллаб-қувватлаш тизими назарда тутилиши лозим.
129. Нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимларида (элементларида) лойиҳадан ташқари авариялар юз берганда вазиятни ўрганиш ва қарор қабул қилиш учун зарур ахборотни атом электр станциясининг ички ва ташқи аварияни бошқариш марказларига узатиш воситалари мавжуд бўлиши лозим.
130. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида нормал эксплуатация қилишни бошқариш тизимлари (элементлари) ва бошқарувчи хавфсизлик тизимларига (элементларига) рухсатсиз киришнинг олдини олишга қаратилган ташкилий ва техник чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим.
7-§. Реактор қурилмасининг иссиқлик ташувчи контури (биринчи контур)
131. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида биринчи контурнинг чегаралари белгиланган бўлиши лозим.
132. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий аварияларда юзага келиши мумкин бўлган физик-кимёвий, иссиқлик, механик ва бошқа таъсирлар ҳисобга олинган ҳолда биринчи контур тизимлари ва уларнинг элементларининг лойиҳавий хизмат муддати давомида ишончли ишлаши асослантирилиши лозим.
Хизмат муддатини белгилашда ҳисобга олинадиган таъсирларнинг сони ва хусусиятлари реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилиши лозим.
133. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда реактор қурилмаси корпусининг мустаҳкамлиги атом электр станцияси блокининг бутун эксплуатация қилиш муддати давомида таъминланиши лозим.
134. Биринчи контур ускуналарининг жойлашуви ва геометрик тавсифлари мажбурий циркуляция йўқолганда ёки мавжуд бўлмаганда, шу жумладан лойиҳавий авариялар юз берганда, биринчи контурда иссиқлик ташувчининг табиий циркуляцияси юзага келиши учун зарур шароитларни таъминлаши лозим.
135. Биринчи контур қувурлари узилганда юзага келадиган реактив кучлар таъсирида қувурларнинг йўл қўйиладиган чегаралардан ортиқ силжишининг олдини олувчи қурилмалар билан жиҳозланиши лозим.
Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида мазкур қурилмаларнинг лойиҳавий авариялар шароитидаги мустаҳкамлиги ва самарадорлиги асослантирилиши лозим.
136. Реактор қурилмасининг биринчи контуридан иссиқликни узатувчи иссиқлик алмашиниш ускунаси эксплуатация қилиш жараёнида иссиқлик узатиш хусусиятларининг ёмонлашишини қоплаш учун етарли бўлган иссиқлик алмашиниш юзаси захирасига эга бўлиши лозим.
137. Мажбурий циркуляцияни таъминловчи насослар энергия таъминоти узилганда ҳамда реактор қувватининг исталган даражасида авариявий ҳимоя ишга тушганда биринчи контурдаги иссиқлик ташувчининг зарур мажбурий сарфини сақлаб туриш учун етарли инерцияга эга бўлиши лозим. Бунда мажбурий сарф табиий циркуляция қолдиқ иссиқликни олиб кетишни иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланишига доир эксплуатация қилиш чегараларидан ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда таъминлай оладиган даражага етгунига қадар сақлаб турилиши лозим.
138. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қуйидагиларни таъминловчи воситалар назарда тутилиши лозим:
нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда нормал эксплуатация қилиш бузилганда, шунингдек лойиҳавий авариялар юз берганда биринчи контурни босимнинг йўл қўйиладиган чегарадан ошишидан автоматик ҳимоя қилиш;
ҳарорат ўзгариши натижасида иссиқлик ташувчи ҳажмида юзага келадиган ўзгаришларни қоплаш;
иссиқлик ташувчининг сизиб чиқиши натижасидаги йўқотишларни қоплаш.
Мазкур воситалар ёрдамида қопланиши мумкин бўлган сизиб чиқиш сарфининг энг юқори қиймати реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланиши лозим.
139. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асосий циркуляция қувуридан тармоқланувчи қувурларга сизиб чиқишни чекловчи қурилмаларни ўрнатиш назарда тутилиши лозим. Мазкур қурилмаларни ўрнатмаслик реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
140. Биринчи контур элементлари сейсмик таъсирларни камайтирувчи қурилмалар билан жиҳозланиши лозим. Мазкур қурилмаларни ўрнатмаслик реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
141. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида иссиқлик ташувчининг сифат кўрсаткичлари, кимёвий таркиби ҳамда эксплуатация қилиш жараёнида унинг таркибидаги радионуклидларнинг йўл қўйиладиган миқдори белгиланиши лозим. Ушбу кўрсаткичларни белгиланган чегараларда сақлаш ва назорат қилиш учун техник воситалар ҳамда ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим.
Иссиқлик ташувчининг сифатини таъминлашга қаратилган техник ечимлар ва ташкилий чора-тадбирлар, шунингдек унинг сифатини назорат қилиш усуллари ва воситалари мазкур лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
142. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида биринчи контурдан иссиқлик ташувчини технологик регламентда назарда тутилмаган тарзда чиқариб юборишнинг олдини олувчи техник чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим.
Таъмирлаш ишлари ва ядровий ёқилғини қайта юклаш вақтида биринчи контурдан иссиқлик ташувчини қисман чиқариб юборишга йўл қўйиш мумкинлиги реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
143. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида биринчи контурдаги иссиқлик ташувчининг сизиб чиқиш жойи ва миқдорини аниқлаш воситалари ҳамда усуллари назарда тутилиши, уларнинг аниқлик даражаси эса асослантирилиши лозим.
144. Техник чора-тадбирлар ёрдамида биринчи контурдаги иссиқлик ташувчига ҳамда лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ суюқ ютгич эритмаси билан тўлдириладиган бошқа тизимларга (элементларга) қуйидагиларнинг назарда тутилмаган тарзда тушишига йўл қўйилмаслиги таъминланиши лозим:
тоза конденсатнинг;
концентрацияси реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган энг кам йўл қўйиладиган қийматдан паст бўлган суюқ ютгич эритмасининг.
8-§. Фаол зонани авариявий совитиш тизимлари (элементлари)
145. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида фаол зонани авариявий совитиш тизимлари (элементлари) назарда тутилиши ҳамда уларнинг таркиби, тузилиши ва техник тавсифлари асослантирилиши лозим.
146. Фаол зонани авариявий совитиш тизимлари (элементлари) мустақиллик ва захиралаш тамойиллари асосида лойиҳаланиши ҳамда ягона ишдан чиқиш тамойили ёки ходимларнинг хатоси ҳисобга олинган ҳолда, лойиҳавий авариялар юз берганда иссиқлик ажратувчи элементларнинг шикастланиши белгиланган лойиҳавий чегаралардан ошиб кетишининг олдини олишни таъминлаши лозим.
147. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида фаол зонани авариявий совитиш тизимларининг (элементларининг) параметрлари рўйхати, ишга тушиш чегаравий қийматлари ва шартлари лойиҳавий авариялар таҳлили натижалари асосида белгиланиши ва асослантирилиши лозим.
148. Фаол зонани авариявий совитиш тизимининг битта каналини ўчиришга йўл қўйиш мумкинлиги ва бундай ўчириш шартлари реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
149. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида фаол зонани авариявий совитиш тизимларининг (элементларининг) ишга тушиши ва ишлаши натижасида улар билан боғлиқ тизимларга (элементларга) кўрсатилиши мумкин бўлган барча таъсирлар ҳисобга олиниши лозим.
150. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида фаол зонани авариявий совитиш тизимларига (элементларига) рухсатсиз киришга йўл қўймасликни таъминлайдиган техник ва ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим.
151. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида фаол зонани авариявий совитиш тизимларининг (элементларининг) ишончлилик кўрсаткичлари асослантирилиши лозим.
152. Реактор қурилмаси субкритик ҳолатда бўлганда фаол зонани авариявий совитиш тизимларининг (элементларининг) ишга тушиши ва ишлаши реактор қурилмасининг ушбу ҳолатдан чиқишига олиб келмаслиги лозим.
153. Фаол зонани авариявий совитиш тизимлари (элементлари) иссиқлик ташувчининг реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилган параметрларида реактор қурилмаси фаол зонасини совитишни ҳамда уни узоқ муддат давомида совитилган ҳолатда сақлаб туришни таъминлаши лозим.
9-§. Фаол зонани қайта юклаш қурилмалари
154. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қайта юклаш қурилмаларининг таркиби ва уларга қўйиладиган талаблар белгиланиши ҳамда асослантирилиши лозим.
Мазкур талаблар қайта юклаш жараёнида, шу жумладан қайта юклаш қурилмалари ишдан чиққанда ёки шикастланганда, иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва фаол зонанинг бошқа элементлари билан хавфсиз муомалада бўлишни таъминлаши лозим.
155. Нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда қайта юклаш қурилмалари ишдан чиққанда, қайта юкланаётган иссиқлик ажратувчи тўпламлардан иссиқлик олиб кетилиши таъминланиши лозим. Бунда иссиқлик ажратувчи элементларнинг ҳарорат кўрсаткичлари реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қайта юклаш операциялари учун белгиланган қийматлардан ошмаслиги лозим.
156. Қайта юклаш қурилмалари нормал эксплуатация қилиш шароитларида ҳамда ушбу қурилмалар ишдан чиққанда реактор қурилмаси ва реактор қурилмаси ёнидаги ядровий ёқилғи омборларининг нормал эксплуатация қилиш шартлари бузилмайдиган тарзда лойиҳаланиши лозим.
157. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида қайта юклаш қурилмаларини монтаж қилиш, эксплуатация қилиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш, синовдан ўтказиш ва даврий текширишга, шунингдек уларнинг ишончлилигига қўйиладиган талаблар белгиланиши лозим.
158. Қайта юклаш қурилмалари уларни текшириш, таъмирлаш, синовдан ўтказиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун кириш имконияти таъминланадиган тарзда лойиҳаланиши лозим.
159. Қайта юклаш қурилмаларини лойиҳалашда иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва фаол зонанинг бошқа элементлари шикастланиши, деформацияланиши, бузилиши ёки тушиб кетишининг, шунингдек уларни чиқариб олиш ёки ўрнатиш жараёнида уларга йўл қўйиладиган чегаралардан ортиқ кучлар таъсир этишининг олдини олувчи чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим.
160. Қайта юклаш учун лойиҳада назарда тутилмаган воситалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
161. Қайта юклаш қурилмалари энергия таъминотидан узилганда иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва фаол зонанинг қайта юкланаётган бошқа элементлари тушиб кетишига йўл қўйилмайдиган тарзда лойиҳаланиши лозим.
162. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва фаол зонанинг бошқа элементларини қайта юклаш қурилмалари ёрдамида кўчиришнинг йўл қўйиладиган тезликлари белгиланиши ва асослантирилиши лозим.
163. Қайта юклаш қурилмаларининг фақат йўл қўйиладиган чегаралар доирасида ҳаракатланишини таъминловчи техник воситалар, шу жумладан блокировкалар назарда тутилиши лозим.
164. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қайта юклаш қурилмалари ишдан чиққанда ёки уларни эксплуатация қилиш шартлари бузилганда иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва фаол зонанинг бошқа элементларини хавфсиз жойларга кўчиришни таъминлайдиган ускуналар мавжуд бўлиши лозим.
165. Қайта юклаш қурилмалари иссиқлик ажратувчи тўпламлар, фаол зонанинг қайта юкланадиган бошқа элементлари ҳамда ушлагичларнинг жойлашуви ва йўналиши тўғрисидаги ахборотни акс эттирувчи асбоблар билан жиҳозланган бошқарув пультларига (панелларига) эга бўлиши лозим.
166. Технологик каналга уланиш, шунингдек иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва қайта юкланадиган бошқа элементларни фаол зонага киритиш ёки ундан чиқариб олиш жараёнида қайта юклаш қурилмаларининг силжишига йўл қўйилмаслиги лозим.
167. Иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва фаол зонанинг қайта юкланадиган бошқа элементлари лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолатда бўлганда, қайта юклаш қурилмаларининг ҳаракатланишига йўл қўймайдиган блокировкалар мавжуд бўлиши лозим.
168. Қайта юклаш жараёнини назорат қилиш учун видеокузатув тизими назарда тутилиши лозим. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида мазкур тизим ёрдамида назорат қилинадиган қайта юклаш ишлари рўйхати белгиланиши лозим.
10-§. Фаол зонани қайта юклашни ўтказиш
169. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қуйидагилар асослантирилиши лозим:
қайта юклашни амалга ошириш усуллари;
қайта юклашнинг даврийлиги, ҳажми ва тартиби;
қайта юклаш жараёнида ядровий хавфсизликни таъминловчи техник воситалар ва ташкилий чора-тадбирлар, шу жумладан нейтрон оқими зичлигини назорат қилиш воситалари ва тартиби;
суюқ ютгич эритмаси қўлланилганда, унинг ишчи концентрацияси, намуна олиш нуқталари, концентрацияни назорат қилиш воситалари ва белгиланган даражада сақлаб туриш усуллари.
170. Реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида қайта юклаш тизими ускуналарининг ишдан чиқиши билан бир қаторда юклаш (қайта юклаш) жараёнида юз бериши мумкин бўлган хатолар ҳам бошланғич ҳодисалар сифатида кўриб чиқилиши лозим. Мазкур ҳодисаларнинг оқибатлари таҳлил қилиниши ҳамда хатоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши лозим.
171. Фаол зонани қайта юклаш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланган қайта юклаш дастури ва (ёки) йўриқномаси, қайта юклаш ишлари жадвали ҳамда схемалари асосида амалга оширилади.
172. Қайта юклаш ва таъмирлаш ишлари давомида реактор қурилмаси ускуналари ва қувурларининг ички бўшлиқларига бегона буюмлар тушишининг олдини олишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар ҳамда имкон қадар техник воситалар қўлланилиши лозим.
173. Қайта юклаш бошқарув ва ҳимоя тизимининг ишчи органларини ажратган ҳолда амалга ошириладиган реактор қурилмаларида ушбу ишчи органлар ҳамда реактивликка таъсир этувчи бошқа воситалар фаол зонага киритилган бўлиши лозим.
174. Қайта юклаш бошқарув ва ҳимоя тизими ишчи органларини ажратиб амалга ошириладиган ҳамда реактивлиги суюқ ютгич эритмаси билан қопланадиган реакторларда қайта юклаш бошқарув ва ҳимоя тизими ишчи органлари ва реактивликка таъсир этувчи бошқа воситалар фаол зонага киритилган ҳолда ўтказилиши лозим.
175. ВВЕР туридаги реактор қурилмаларида қайта юклаш жараёнида юз бериши мумкин бўлган хатолар ҳисобга олинган ҳолда реакторнинг субкритиклиги 0,02 дан кам бўлмаслиги лозим.
176. Қайта юклаш жараёнида талаб этиладиган субкритиклик суюқ ютгич эритмаси ёрдамида таъминланадиган реактор қурилмаларида реактор қурилмасига ва биринчи контурга тоза конденсат берилишига йўл қўйилмаслигини кафолатлайдиган техник воситалар ҳамда ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим.
177. Бошқарув ва ҳимоя тизимининг юритмалари юқорида жойлашган корпусли реактор қурилмаларида реактор қурилмаси ҳамда мазкур тизим ижро механизмларининг конструкцияси юқори блок ечиб олинганда ишчи органларнинг юритмалардан ажратилган ҳолатда бўлишини таъминлаши лозим. Ушбу ҳолат диагностика воситалари ёрдамида қайд этилиши лозим.
178. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида қайта юклаш жараёнида бошқарув ва ҳимоя тизими ишчи органларининг сузиб чиқишига йўл қўймайдиган техник чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим.
179. Канал туридаги реактор қурилмаси тўхтатилганда иссиқлик ажратувчи тўпламлар ва фаол зонанинг бошқа элементларини қайта юклаш авариявий ҳимоянинг ишчи органлари иш ҳолатига келтирилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
180. Реактор қурилмаси қувватда ишлаётган вақтда қайта юклаш амалга ошириладиган реактор қурилмалари учун лойиҳа ҳужжатларида қайта юклаш жараёнида йўл қўйиладиган эксплуатация қилиш режимлари, шу жумладан реактор қуввати ва иссиқлик ташувчи сарфи белгиланиши ҳамда асослантирилиши лозим.
181. Юклаш жараёнидаги хатолар ёки реактивлик эффектлари натижасида киритилиши мумкин бўлган ортиқча реактивликни бостириш воситаларининг самарадорлиги асослантирилиши лозим.
182. Реактор қурилмаси қувватда ишлаётган вақтда қайта юклаш жараёнида биринчи контурнинг герметиклиги сақланиши лозим. Бунда биринчи контурдан иссиқлик ташувчининг сизиб чиқмаслигини текшириш воситалари назарда тутилиши лозим.
183. Қисман қайта юкланадиган реактор қурилмаларида қайта юклаш тугаганидан сўнг фаол зонанинг асосий лойиҳавий ва ҳисобий нейтрон-физик тавсифларини тасдиқлаш учун синовлар (ўлчашлар) ўтказилиши лозим. Узлуксиз қайта юкланадиган реактор қурилмаларида эса бундай синовларнинг (ўлчашларнинг) даврийлиги реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши лозим.
184. Синовлар давомида экспериментал ўлчаш натижаларининг ҳисобий параметрларга мувофиқлиги реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган мезонлар асосида текширилиши лозим.
3-боб. Атом электр станцияси блокини эксплуатация қилишга киритишда ядровий хавфсизликни таъминлаш
1-§. Реактор қурилмасини жисмоний ишга тушириш
185. Реактор қурилмасини жисмоний ишга тушириш жараёнида реактор қурилмасининг нейтрон-физик параметрлари, шу жумладан реактивлик эффектлари, қувватни белгиланган даражада автоматик ростлаш органлари тизимининг (элементларининг) ва авариявий ҳимоянинг самарадорлиги тўғрисидаги экспериментал маълумотлар олиниши лозим.
186. Реактор қурилмасини жисмоний ишга тушириш, шу жумладан унга ядровий ёқилғини юклаш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатлари асосида тасдиқланган ишга тушириш дастурига мувофиқ амалга оширилади.
187. Реактор қурилмасини жисмоний ишга тушириш дастури қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
реактор қурилмасини жисмоний ишга тушириш учун зарур бўлган тизимлар (элементлар) ва ускуналар рўйхатини;
реактор қурилмасига иссиқлик ажратувчи тўпламларни (иссиқлик ажратувчи элементларни) юклаш тартибини;
реакторни критик ҳолатга келтириш тартибини;
синовларнинг (ўлчашларнинг) тавсифи ва уларни ўтказиш тартибини;
критик юкламаларнинг кутилаётган қийматларини, реактивликка таъсир этувчи тизимларнинг (элементларнинг) критик ҳолатдаги жойлашуви ва самарадорлигининг кутилаётган кўрсаткичларини, шунингдек юкланаётган иссиқлик ажратувчи тўпламлар (иссиқлик ажратувчи элементлар) ҳамда иссиқлик ташувчининг реактивликка таъсирини;
синовлар ва ўлчашларни ўтказиш усулларини;
жисмоний ишга тушириш жараёнида ядровий хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини.
188. Реактор қурилмасининг жисмоний ишга туширишга тайёрлиги эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тузиладиган комиссия ҳамда махсус ваколатли орган томонидан тузиладиган комиссия томонидан текширилади.
189. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тузиладиган комиссия Атом электр станциясида радиациявий авария юзага келиш хавфи мавжуд бўлганда ёки радиациявий авария содир бўлганда объект даражасидаги авария ҳолатини эълон қилиш, тезкор ахборот узатиш ва шошилинч ёрдам кўрсатишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 3928, 2026 йил 19 август) 21-бандига мувофиқ ташкил этилади.
Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тузиладиган комиссия қуйидагиларни текширади:
бажарилган ишларнинг реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги;
ускуналарнинг ишлаш қобилияти, уларни синовдан ўтказиш баённомалари ҳамда ишга туширишдан олдинги созлаш ишлари якунланганлиги тўғрисидаги далолатномалар мавжудлиги;
эксплуатация қилиш ҳужжатларининг мавжудлиги ва белгиланган тартибда расмийлаштирилганлиги;
смена ходимларида ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар ҳамда назорат қилувчи мутахассисларнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар мавжудлиги.
Текширув натижаларига кўра, ишчи комиссия тизимлар (элементлар), ускуналар ва ходимларнинг жисмоний ишга туширишга тайёрлиги тўғрисида далолатнома тузади. Мазкур далолатнома эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.
190. Махсус ваколатли орган комиссияси ушбу орган раҳбарининг буйруғи билан камида беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Буйруқда комиссиянинг раиси ва шахсий таркиби белгиланади.
191. Махсус ваколатли орган комиссиясининг таркиби ушбу органнинг ядровий ва радиациявий хавфсизлик ҳамда реактор қурилмаларининг техник ҳолатини назорат қилиш бўйича тегишли мутахассисликка эга ходимларидан шакллантирилади.
Комиссияга махсус ваколатли орган раҳбарининг ўринбосари ёки ушбу органнинг таркибий бўлинмаларидан бирининг раҳбари раислик қилади.
192. Махсус ваколатли орган комиссияси қуйидагиларни текширади:
атом электр станцияси блокининг жисмоний ишга туширишга техник тайёрлиги;
лойиҳа ва эксплуатация қилиш ҳужжатлари;
ходимларнинг жисмоний ишга туширишга тайёргарлиги.
193. Эксплуатация қилишга киритилаётган атом электр станцияси блоки майдончасига ядровий ёқилғини биринчи марта олиб келишга махсус ваколатли орган ўтказган текширув натижаларига кўра блокнинг ядровий ёқилғини олиб келишга тайёрлиги тасдиқланганда йўл қўйилади.
194. Жисмоний ишга туширишни амалга ошириш тўғрисидаги қарор эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан қуйидаги ҳужжатлар асосида қабул қилинади:
эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тузиладиган комиссиянинг тизимлар (элементлар), ускуналар ва ходимларнинг жисмоний ишга туширишга тайёрлиги тўғрисидаги далолатномаси;
махсус ваколатли орган томонидан атом электр станцияси блокининг жисмоний ишга туширишга тайёрлигини текшириш юзасидан ўтказилган текширув давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тузилган далолатнома.
195. Жисмоний ишга тушириш жараёнида синовлар (ўлчашлар) ўтказилаётган вақтда авария олди вазияти юзага келганда, синовлар (ўлчашлар) тўхтатилиши ҳамда реактор субкритик ҳолатга ўтказилиши шарт.
2-§. Атом электр станцияси блокининг энергия ишлаб чиқариш режимини ишга тушириш
196. Атом электр станцияси блокининг энергия ишлаб чиқариш режимини ишга тушириш қуйидагиларни ўз ичига олади:
қувватни босқичма-босқич ва аста-секин ошириш;
реактор қурилмаси ва атом электр станцияси блокининг параметрларини аниқлаш ҳамда аниқлаштириш;
атом электр станцияси блокининг тизимлари (элементлари) ва ускуналарини комплекс синовдан ўтказиш;
ҳар бир босқичда режалаштирилган синовларни (ўлчашларни) ўтказиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш.
197. Атом электр станцияси блокининг энергия ишлаб чиқариш режимини ишга тушириш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатлари асосида тасдиқланган дастурга мувофиқ амалга оширилади.
Зарур ҳолларда жисмоний ишга тушириш натижалари асосида дастурга белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилади.
198. Энергия ишлаб чиқариш режимини ишга тушириш дастури камида қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
энергия ишлаб чиқариш режимини ишга туширишни амалга ошириш тартиби;
реактор қурилмасининг нейтрон-физик тавсифлари, шу жумладан реактивлик эффектларининг кутилаётган қийматлари;
реактор қурилмасининг иссиқлик-техник тавсифлари;
синовларни ўтказиш усуллари;
энергия ишлаб чиқариш режимини ишга тушириш жараёнида ядровий хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари.
199. Энергия ишлаб чиқариш режимини ишга тушириш дастурида атом электр станцияси блокининг иш режимларини синовдан ўтказиш ва такомиллаштириш, шунингдек реакторни номинал қувват даражасига хавфсиз олиб чиқишни таъминлайдиган ҳажм ва кетма-кетликда хавфсизлик тизимларини (элементларини) текшириш назарда тутилиши лозим. Бунда қувватни ўзлаштиришнинг барча босқичларида ўтиш режимларининг хавфсиз ва динамик жиҳатдан барқарор кечишини таъминлаш чоралари синовдан ўтказилиши лозим.
200. Атом электр станцияси блокининг энергия ишлаб чиқариш режимини ишга туширишга тайёрлиги ишчи комиссия томонидан текширилади. Ишчи комиссия қуйидагиларни текширади:
атом электр станцияси блокининг тизимлари (элементлари) ва ускуналарининг энергия ишлаб чиқариш режимини ишга туширишга, реактор қурилмасини қувватга чиқаришга, турбогенераторларни ишга туширишга ҳамда блокни энергия тизимига улашга тайёрлиги;
блокнинг смена ходимлари билан тўлиқ таъминланганлиги, уларнинг тайёргарлиги ва белгиланган тартибда ишлашга рухсат этилганлиги.
201. Текширув натижаларига кўра ишчи комиссия атом электр станцияси блокининг энергия ишлаб чиқариш режимини ишга туширишга тайёрлиги тўғрисида далолатнома тузади. Мазкур далолатнома эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланиши лозим.
202. Энергия ишлаб чиқариш режимини ишга туширишни амалга ошириш тўғрисидаги қарор эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан қуйидаги ҳужжатлар асосида қабул қилинади:
эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тузилган ишчи комиссиянинг атом электр станцияси блокининг энергия ишлаб чиқариш режимини ишга туширишга тайёрлиги тўғрисидаги далолатномаси;
махсус ваколатли орган комиссияси томонидан текширув ўтказилган бўлса, унинг натижаларига кўра аниқланган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тузилган далолатнома.
203. Жисмоний ва энергия ишлаб чиқариш режимини ишга тушириш натижалари бўйича эксплуатация қилувчи ташкилот ҳисобот тайёрлаши лозим.
4-боб. Эксплуатация қилиш жараёнида ядровий хавфсизликни таъминлаш
204. Атом электр станцияси блокини хавфсиз эксплуатация қилишни тартибга солувчи асосий ҳужжат технологик регламент ҳисобланади. Технологик регламентда хавфсиз эксплуатация қилиш қоидалари ва асосий усуллари, хавфсизлик билан боғлиқ операцияларни бажаришнинг умумий тартиби, шунингдек хавфсиз эксплуатация қилиш чегаралари ва шартлари белгиланади.
205. Эксплуатация қилувчи ташкилот технологик регламентнинг атом электр станцияси ва реактор қурилмаси лойиҳасини ишлаб чиқувчилар иштирокида, лойиҳа ва хавфсизликни асослаш ҳисоботи асосида ишлаб чиқилишини таъминлаши лозим.
206. Технологик регламентда атом электр станциясининг атроф-муҳитга таъсирини назорат қилиш, шу жумладан радиоактив ва бошқа зарарли моддаларни чиқариш ҳамда оқизишни, ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндиларни, шунингдек атмосфера ҳавоси, сув, тупроқ ва атроф-муҳитнинг бошқа компонентлари ҳолатини қамраб олувчи ишлаб чиқариш экологик мониторинги ва радиациявий мониторингни амалга ошириш тартиби назарда тутилиши лозим.
207. Атом электр станцияси блоки эксплуатация қилиш бўйича йўриқномаларга мувофиқ эксплуатация қилиниши лозим. Мазкур йўриқномалар эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан лойиҳа-конструкторлик ҳужжатлари ва технологик регламент асосида ишлаб чиқилади ҳамда уларга эксплуатация қилишга киритиш натижалари ва эксплуатация қилиш тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилади.
208. Атом электр станцияси блокини эксплуатация қилиш бошлангунга қадар эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан реактор қурилмасининг паспорти расмийлаштирилиши лозим.
209. Эксплуатация қилувчи ташкилот реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатлари асосида, технологик регламент талаблари ҳисобга олинган ҳолда, хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларга (элементларга) оид қуйидаги ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва расмийлаштиришни ташкил этиши лозим:
текширишлар ва синовлар ўтказиш бўйича йўриқномалар;
тизимларга (элементларга) техник хизмат кўрсатиш, уларни режали-профилактик ва капитал таъмирлаш жадваллари;
хавфсизлик тизимларининг (элементларининг) ишлашини синовдан ўтказиш ва текшириш жадваллари.
210. Атом электр станцияси блокини эксплуатация қилишга йўл қўйиладиган реактор қурилмаси ва унинг тизимларининг (элементларининг) ҳолати ҳамда эксплуатация қилиш шартлари реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида асослантирилиши ҳамда технологик регламентда белгиланиши лозим.
211. Эксплуатация қилиш чегаралари бузилганда тезкор ходимлар атом электр станцияси блокининг нормал эксплуатациясини тиклашга қаратилган ҳаракатларни реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида ҳамда технологик регламентда белгиланган кетма-кетликда амалга ошириши лозим. Нормал эксплуатация қилишни тиклаш имкони бўлмаганда атом электр станцияси блоки тўхтатилиши лозим.
212. Авария олди вазияти ёки авария юзага келганда қуйидагилар амалга оширилиши лозим:
атом электр станцияси блокини тўхтатиш;
авария олди вазияти ёки авариянинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш;
авариянинг атроф-муҳитга ва аҳоли соғлиғига радиациявий таъсири мониторингини амалга ошириш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органини хабардор қилиш;
атроф-муҳитга зарарли таъсирни чеклаш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш;
атом электр станцияси блокининг эксплуатациясини тиклаш чораларини кўриш;
радиациявий авария юз берганда тегишли давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, аҳоли ва радиациявий вазиятни мониторинг қилиш хизматларини қонунчиликда белгиланган тартибда радиациявий вазият тўғрисидаги тезкор ахборот билан таъминлаш.
Атом электр станцияси блокининг эксплуатациясини тиклашга авария олди вазияти ёки авариянинг сабаблари ҳамда унинг атроф-муҳитга салбий таъсири бартараф этилганидан кейингина йўл қўйилади.
213. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станциясида юз берган ҳодисалар ва аварияларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ текшириши ҳамда улар тўғрисидаги ахборотни махсус ваколатли органга тақдим этиши шарт.
214. Лойиҳавий авариялар юз берганда ходимларнинг ҳаракатлари атом электр станцияси блокидаги аварияларни бартараф этиш бўйича йўриқномада белгиланади. Мазкур йўриқнома эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ишлаб чиқилади. Унда лойиҳавий авариялар ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари назарда тутилиши лозим.
215. Эксплуатация қилувчи ташкилот реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ лойиҳадан ташқари аварияларни бошқариш бўйича қўлланмани ишлаб чиқиши лозим.
216. Атом электр станцияси блокидаги аварияларни бартараф этиш бўйича йўриқномада ҳамда лойиҳадан ташқари аварияларни бошқариш бўйича қўлланмада лойиҳадан ташқари авария юз берганда ходимлар ва аҳолини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари режаларини амалга оширишга киришиш тартиби белгиланиши лозим.
Мазкур йўриқнома ва қўлланмада назарда тутиладиган чора-тадбирлар аварияга оид ички ва ташқи режаларга мувофиқ белгиланади.
217. Атом электр станцияси ходимларини авария олди вазиятлари ва авариялар юз берганда ҳаракат қилишга тайёрлаш мақсадида аварияга қарши машғулотлар ўтказилади. Машғулотларни ўтказиш тартиби ва даврийлиги эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан белгиланади.
218. Авария юз берган пайтдан бошлаб унинг сабабларини аниқлаш бўйича комиссия иш бошлагунига қадар назорат-ўлчов тўплами ва қурилмаларини очишга, авариявий ва огоҳлантирувчи сигнализация ҳамда ҳимоя воситаларининг ишга тушиш чегаравий қийматларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Қайд этилган маълумотларнинг йўқолишига ҳамда авариядан олдинги ва кейинги даврларда ускуналар ва тизимларнинг (элементларнинг) ҳолати қайд этилган бошқарув тизими қурилмалари ва элементларига, маълумотлар базалари ва архивларига рухсатсиз киришга йўл қўймайдиган техник воситалар ва ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим.
219. Реактор қурилмасининг лойиҳа ҳужжатларида фаол зонасида ядровий ёқилғи мавжуд бўлган тўхтатилган реакторни хавфсиз эксплуатация қилиш шартлари, шу жумладан юклаш ва қайта юклаш режимлари асослантирилиши ҳамда технологик регламентда белгиланиши лозим. Мазкур режимлар учун камида қуйидагилар белгиланиши лозим:
назорат ҳажми, бунда нейтрон оқими зичлиги ҳамда суюқ ютгич эритмаси қўлланиладиган реактор қурилмаларида унинг концентрацияси мажбурий равишда назорат қилиниши;
хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларнинг (элементларнинг) тайёрлигига қўйиладиган талаблар.
220. Ядровий ёқилғини юклаш ва қайта юклаш реактор қурилмаси, биринчи контур ҳамда у билан боғлиқ тизимлар (элементлар) суюқ ютгич эритмаси билан тўлдирилган ҳолда амалга ошириладиган реактор қурилмаларида мазкур операциялар давомида, шунингдек биринчи контур ускуналари ва қувурларини синовдан ўтказиш ҳамда таъмирлаш жараёнида суюқ ютгич эритмасининг концентрацияси реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган қийматдан паст бўлмаслиги лозим.
221. Эксплуатация қилувчи ташкилот лойиҳа ҳужжатлари, уларда назарда тутилган ядровий хавфли ишлар рўйхати ҳамда эксплуатация қилиш тажрибаси асосида атом электр станцияси блокида бажариладиган ядровий хавфли ишлар рўйхатини ишлаб чиқиши лозим.
222. Хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларни (элементларни) таъмирлашга чиқариш, эксплуатация қилишга киритиш ва синовдан ўтказиш бўйича технологик регламентда ҳамда эксплуатация қилиш бўйича йўриқномаларда назарда тутилмаган ишлар ҳам ядровий хавфли ишлар ҳисобланади.
223. Мазкур Қоидаларнинг 221-бандида назарда тутилган рўйхатга киритилган ядровий хавфли ишлар эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланган махсус ишчи дастурга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
224. Технологик регламентда ҳамда эксплуатация қилиш бўйича йўриқномаларда назарда тутилмаган ядровий хавфли ишлар реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар билан келишилган ҳамда эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланган махсус ишчи дастурга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
225. Махсус ишчи дастур қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
ядровий хавфли ишларни амалга ошириш мақсади;
ядровий хавфли ишлар рўйхати;
ядровий хавфсизликни таъминлашга қаратилган техник ва ташкилий чора-тадбирлар;
ядровий хавфли ишларнинг белгиланган талабларга мувофиқ якунланганлигини аниқлаш мезонлари ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш тартиби;
ядровий хавфли ишларни амалга ошириш учун масъул шахс тўғрисидаги маълумотлар.
226. Атом электр станцияларида ядровий хавфли ишлар реактор қурилмаси тўхтатилган ҳолатда амалга оширилиши лозим.
227. Ядровий хавфли ишларни бажаришда тўхтатилган реактор қурилмасининг субкритиклиги реактивлик захираси энг юқори бўлган ҳолатда 0,02 дан кам бўлмаслиги лозим. Бунда канал туридаги реактор қурилмаларида авариявий ҳимоянинг ишчи органлари иш ҳолатига келтирилган (кўтарилган), бошқарув ва ҳимоя тизимининг қолган ишчи органлари эса фаол зонага киритилган бўлиши лозим.
228. Хавфсизлик учун муҳим бўлган ускуналар ва тизимларни (элементларни) таъмирлаш тугаганидан сўнг уларнинг тавсифлари лойиҳавий тавсифларга мувофиқлиги текширилиши лозим. Текширув амалдаги йўриқномаларга ёки эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ишлаб чиқилган дастурларга мувофиқ ўтказилади.
229. Хавфсизлик учун муҳим бўлган тизимларни (элементларни) синовдан ўтказишда ҳар бир синов натижаларининг реактор қурилмаси ва атом электр станциясининг лойиҳа ҳужжатларида белгиланган мезонларга мувофиқлиги текширилиши шарт. Синов натижалари далолатнома билан расмийлаштирилиши лозим.
230. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станциясини эксплуатация қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 майдаги 234-сон қарори билан тасдиқланган Давлат экологик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ берилган давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилишини ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсаткичларининг белгиланган экологик нормативларга мувофиқлигини доимий равишда назорат қилиши лозим.
5-боб. Якуний қоида
231. Мазкур Қоидалар талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2026 й., 10/26/3967/1101-сон)