Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Хорижий давлатлардан реадмиссия қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига истисно ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб бериш тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 30 сенябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3682]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 майдаги 313-сон «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Хорижий давлатлардан реадмиссия қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига истисно ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб бериш тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШПУЛАТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 сентябрь,
523-сон
Келишилди:
Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Д. АНАРКУЛОВ
2025 йил 25 июль
Миграция агентлиги директори Б. МУСАЕВ
2025 йил 25 июнь
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Б. АЪЛОЕВ
2025 йил 21 июнь
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2025 йил 17 сентябрдаги 523-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Хорижий давлатлардан реадмиссия қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига истисно ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириб бериш тўғрисидаги
ЙЎРИҚНОМА
Ушбу Йўриқнома хорижий давлатлардан реадмиссия қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига истисно ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортини (бундан буён матнда хорижга чиқиш паспорти деб юритилади) расмийлаштириб бериш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
реадмиссия — хорижий давлат ҳудудида амалда бўлган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши, чиқиши ва бўлиши масалалари бўйича қонунчиликни бузган ҳолда мазкур хорижий давлатга кирган ёки у ерда бўлган шахсни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартиб, шартлар ва мақсадларга кўра ушбу хорижий давлатнинг ваколатли давлат органлари томонидан топшириш ва Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилиб олиш жараёни;
реадмиссия қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (бундан буён матнда реадмиссия қилинган фуқаро деб юритилади) — хорижий давлат ҳудудида амалда бўлган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши, чиқиши ва бўлиши масалалари бўйича қонунчиликни бузган ҳолда мазкур хорижий давлатга кирганлиги ёки у ерда бўлганлиги учун хорижий давлатнинг ваколатли давлат органлари томонидан топширилган ва Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилиб олинган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари;
талабнома — хорижга чиқиш паспорти олувчи ҳақида маълумотларни йиғиш пункти томонидан шакллантирилган биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни ўз ичига олган электрон ҳужжат.
2. Мазкур Йўриқнома хорижий давлатлардан реадмиссия қилинмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қўлланилмайди.
2-боб. Хорижий давлатлардан реадмиссия қилинган шахсларнинг рўйхатини юритиш
3. Хорижий давлатлардан реадмиссия қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти (бундан буён матнда МваPD деб юритилади) томонидан «Паспорт-виза» автоматлаштирилган ахборот тизимига (бундан буён матнда «Паспорт-виза» ААТ деб юритилади) киритилади.
4. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга «Паспорт-виза» ААТга уларнинг реадмиссия қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилган кундан бошлаб икки йил давомида хорижга чиқиш паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.
5. MваPD ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан ёки фуқаронинг ўзи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш тўғрисидаги электрон талабнома шакллантирилганда, талабнома автоматик равишда «Паспорт-виза» ААТда онлайн текширувдан ўтказилади.
Бунда, фуқаро хорижий давлатлардан реадмиссия қилинганлиги аниқланган тақдирда, электрон талабнома ахборот тизимларида автоматик равишда рад этилади.
3-боб. Реадмиссия қилинган фуқароларга хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб бериладиган истисно ҳолатлар
6. Қуйидаги ҳолатларда истисно тариқасида реадмиссия қилинган фуқароларга хорижга чиқиш паспорти ваколатли давлат органларида реадмиссия қилинган фуқарони хорижга чиқишига тўсқинлик қилувчи бошқа маълумотлар мавжуд бўлмаганда расмийлаштириб берилади:
реадмиссия қилинган фуқаронинг яқин қариндоши хорижда вафот этганда;
реадмиссия қилинган фуқаро ёки унинг яқин қариндошига хорижий давлатда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ёки жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарур бўлганда;
фан олимпиадаси, таълим ёки халқаро спорт мусобақасида иштирок этадиган бўлса;
яшаш жойи Ўзбекистон Республикасининг чегара зонаси ва эксклав ҳудудларида бўлганда;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг топшириқлари ижросини таъминлаш зарур бўлганда.
7. Реадмиссия қилинган фуқароларга истисно тариқасида хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириб беришда қуйидаги маълумотлар асос бўлади:
хорижий тиббий хулоса ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома (маълумотнома);
хорижий давлатда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ёки жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган йўлланма;
реадмиссия қилинган фуқаронинг фан олимпиадаси, таълим ёки халқаро спорт мусобақасига юборилаётганлиги тўғрисида масъул ваколатли давлат органининг маълумотномаси;
реадмиссия қилинган фуқаронинг яшаш жойи Ўзбекистон Республикасининг чегара зонаси ва эксклав ҳудудларда эканлигини тасдиқловчи маълумот;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг топшириқлари.
Реадмиссия қилинган фуқаронинг яқин қариндоши хорижда вафот этганда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий тиббий хулоса ёки ўлим ҳақидаги гувоҳномани (маълумотнома) олишда реадмиссия қилинган фуқарога белгиланган тартибда кўмаклашади.
4-боб. Реадмиссия қилинган фуқароларга истисно тариқасида хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш
8. Реадмиссия қилинган фуқаролар истисно тариқасида хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш учун асослантирилган ҳужжатларни тақдим этган ҳолда MваPDга ёки унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилади.
Бунда, реадмиссия қилинган фуқаронинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумот Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизимидан автоматик равишда олинади.
Тақдим этилган ҳужжатлар 3 иш кунида MваPD ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан кўриб чиқилиб, «Паспорт-виза» ААТга истисно тариқасида реадмиссия қилинган фуқароларга хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириб бериш мумкинлиги тўғрисида маълумот киритилади.
9. Маълумотлар «Паспорт-виза» ААТга киритилганидан кейин реадмиссия қилинган фуқарога хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришни рад этиш автоматик равишда бекор қилинади ва реадмиссия қилинган фуқарога хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш имкони яратилганлиги тўғрисида хабарнома юборилади.
10. Реадмиссия қилинган фуқароларга истисно тариқасида хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4079-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқишлари тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.
5-боб. Якуний қоида
11. Ушбу Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.09.2025 й., 10/25/3682/0885-сон)