ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш ҳамда олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш, ўқишдан четлаштириш ва академик мобиллигини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Олий таълим ташкилотларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
Олий таълим ташкилотлари талабаларининг академик мобиллигини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги республика олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул параметрларига таклифларни шакллантиришда қуйидагиларни назарда тутсин:
билимли ва иқтидорли ёшларнинг таълим олишлари учун имкониятларни кенгайтириш мақсадида давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларини ошириб бориш;
ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ҳамда уч ёшгача фарзанди бор аёл талабаларнинг таълим олишлари учун қулайлик яратиш мақсадида масофавий таълим шакли бўйича қабул параметрларини босқичма-босқич ошириб бориш.
5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 13 сентябрь,
578-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига
1-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган давлат олий таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — олий таълим ташкилотлари)нинг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом ўқишга қабул қилиш жараёнлари алоҳида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинадиган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига қуйидаги параметрлар асосида ўқишга қабул қилинади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари билан тасдиқланган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича давлат гранти, жумладан, таълим гранти асосидаги давлат буюртмаси параметрлари;
Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) томонидан тасдиқланган олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва тиллар кесимидаги бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий қабул параметрлари.
3. Олий таълим ташкилотларининг мавжуд таълим шаклларига абитуриентлар Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича ўқишга қабул қилинади.
Кириш имтиҳонлари қуйидаги икки бўлимдан иборат бўлади:
биринчи бўлим — барча бакалавриат таълим йўналишлари учун мажбурий учта фан — она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари;
иккинчи бўлим — абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан тест синовлари ёки тест синовлари билан бир қаторда ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишига мос касбий (ижодий) имтиҳонлар.
Давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул параметрлари доирасида ҳамда қабул параметрларидан ташқари абитуриентларни ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси томонидан ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Олий таълим ташкилотларига қабул тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва танлов асосида амалга оширилиб, кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган абитуриентлар таълим грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилинади. Қолган абитуриентлар тўплаган баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари доирасида қабул қилиниши таъминланади.
Танлов:
давлат гранти учун — ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улуши асосида;
тўлов-контракт учун — ҳар бир олий таълим ташкилоти бўйича таълим йўналишлари, таълим тиллари ва таълим шаклларига кўра алоҳида;
мақсадли қабул учун — ҳар бир таълим йўналиши ва ҳудуд бўйича (ҳудудлар кесимида мақсадли қабул параметрлари тасдиқланган тақдирда) алоҳида ўтказилади.
Бунда олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат грантининг бакалавриат таълим йўналишлари кесимида улушини тақсимлаш жараёнида қолдиғи 0,5 дан кичик бўлган сонлар 0 га, 0,5 ва ундан юқори бўлган сонлар эса 1 га яхлитланади.
4. Абитуриент умумтаълим ташкилотида қайси тилда таҳсил олганидан қатъи назар, тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонни олий таълим ташкилотида ўқийдиган тилда топширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Айрим бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тест синовлари билан бир қаторда касбий (ижодий) имтиҳонлар ҳамда IQ тест синови ўтказилади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган таълим йўналишлари рўйхати тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар таклифлари асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Тошкент давлат юридик университетининг «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда IQ тест синови ўтказилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 350-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)
6. Махсус сиртқи таълим шаклига фақат мос ёки турдош бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар, касбий таълим маълумотига ва бакалавриат таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига (педагогик йўналишлар учун педагогик стажга) ҳамда ишлаб турган соҳа ташкилотларидан берилган тавсияномага эга бўлган, кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)дан муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳисобидан ўқишга қабул қилинади.
2-боб. Қабул комиссиялари фаолиятини ташкил этиш ва қабул жараёнларига тайёргарлик кўриш
7. Олий таълим ташкилотида ўқишга қабул жараёнларини ташкил этиш бўйича камида 9 нафар малакали мутахассислардан иборат таркибда қабул комиссияси (кейинги ўринларда — қабул комиссияси) тузилади.
Қабул комиссияси таркиби олий таълим ташкилоти Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Бунда олий таълим ташкилоти ректори (директори) лавозими бўйича қабул комиссияси раиси ҳисобланади.
Қабул комиссияси ва аъзоларининг вазифалари комиссия раиси томонидан белгиланади.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда олий таълим ташкилотлари ректорлари (директорлари) жойларда кириш имтиҳонларини (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.
3-боб. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш
9. Олий таълим ташкилотининг бакалавриат таълим йўналишларига қуйидагилар абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин:
умумий ўрта таълим (ўн бир йиллик таълим) ташкилотини тугатган;
ўрта махсус таълим (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик ўрта махсус таълим) ташкилотини тугатган;
бошланғич касбий таълим (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик бошланғич касбий таълим) ташкилотини тугатган;
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни кучга киргунига (2020 йил 24 сентябрь) қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) ташкилотини тугатган ва бу ҳақидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган шахслар.
10. Олий таълим ташкилотларига қабул жараёнида абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш ҳамда якуний натижаларни олиш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) расмий веб-сайти орқали икки босқичда амалга оширилади.
Бунда абитуриентлар:
биринчи босқичда ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган олий таълим ташкилотини;
иккинчи босқичда тест синови тўлиқ якунлангандан сўнг 15 кун давомида олий таълим ташкилоти, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши ҳамда таълим шаклларини танлаш ҳуқуқи берилади. Бунда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон мавжуд бўлганда, абитуриентлар муайян бакалавриат таълим йўналиши бўйича бештагача олий таълим ташкилотини танлаши мумкин бўлади, шунингдек, Тошкент давлат юридик университетининг «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» таълим йўналишларини танлаш имконияти IQ тестдан ўтган абитуриентларга тақдим этилади.
(10-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 350-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)
Абитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида белгилаган танлов устуворлиги («таълим гранти» ёки «таълим йўналиши») бўйича танлаган бакалавриат таълим йўналишлари кетма-кетлигида танловда иштирок этиш имконияти берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълим шаклида ташкил этилган мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтадиган абитуриентлар бир босқичда — ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) рўйхатдан ўтказилади. Бунда абитуриентлар мазкур муддат давомида бакалавриат таълим йўналиши, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини танлайди.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июндаги 321-сонли қарорига асосан еттинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 09/26/321/0621-сон)
11. Кўзи ожизлар тоифасига кирувчи абитуриентлар бир босқичда — ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) рўйхатдан ўтказилади.
Бунда кўзи ожизлар тоифасига кирувчи абитуриентлар мазкур муддат давомида олий таълим ташкилоти, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ва таълим тилини танлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш бўйича камида B1 даражасидаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификат асосида амалга оширилади.
Фанлар мажмуасида чет тили фани мавжуд бўлган таълим йўналишларига қабулда:
B1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан белгиланган максимал баллнинг 75 фоизи миқдорида балл берилади;
B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон)
13. Абитуриентларни рўйхатга олишда умумий ўрта таълим ташкилотлари битирувчиларининг тугатган таълим ташкилоти тўғрисидаги маълумотлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда тизимида умумий ўрта ва касбий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралардан «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали реал вақт режимида олинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Абитуриентларнинг шахсини тасдиқловчи (паспорти ёки идентификация ID-картаси) ҳамда яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигидан реал вақт режимида олинади.
(13-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 майдаги 224-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)
14. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган муддатлар тугагандан сўнг маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.
15. Тест синовларида иштирок этиши учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда тест синовлари ташкил этилаётган йилда таълим ташкилотларини тугатган абитуриентлар, ногиронлиги бўлган шахслар (I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалар), тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар, Ижтимоий реестри ахборот модулида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлардан тест синовида иштирок этиш учун тўлов ундирилмайди.
(15-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат тиббиёт муассасаларида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида тиббиёт ва фармацевтика соҳасига оид касбий фаолиятни амалга оширувчи шахслардан мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган йиғим суммасининг 50 фоизи ундирилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 июндаги 310-сонли қарорига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2026 й., 09/26/310/0685-сон)
Тўловни амалга оширмаган абитуриентларга тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонларда иштирок этиш учун рухсатнома шакллантирилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
151. Таълим ташкилотида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида таълим ва тарбия соҳасида касбий фаолиятни амалга оширувчи педагог шахслардан ушбу Низомнинг 15-бандида белгиланган йиғим суммасининг 50 фоизи ундирилади.
(151-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги 175-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2026 й., 09/26/175/0373-сон)
16. Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар олий таълим ташкилоти қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
ушбу Низомнинг 9-бандида қайд этилган ҳужжатлардан бирининг аслини (иловаси билан бирга);
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини.
4-боб. Касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш
17. Ягона кўп балли баҳолаш тизими бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган таълим йўналишлари рўйхати ва уларга мос келувчи фанлар мажмуасига мувофиқ ўтказилади.
18. Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг асосий мақсади абитуриентларнинг танланган бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш ва кейинчалик ишлаб кетиш имкониятларини аниқлаш, уларнинг танланган фанлар бўйича билим, касбий кўникмаларини (ижодий ва жисмоний қобилиятларини) баҳолашдир.
19. Касбий (ижодий) имтиҳон ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши ва ўқитиш тили бўйича алоҳида ўтказилади.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар фанлар хусусиятидан келиб чиққан ҳолда амалий, ёзма, оғзаки шаклларда ўтказилиши мумкин.
Касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган фанлар бўйича дастур, имтиҳонлар саволлари ва топшириқларининг мазмуни умумий ўрта (11-синф негизида), ўрта махсус таълим ташкилотлари дастурларига мувофиқлаштирилган бўлиши лозим.
20. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ҳар йили абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш якунлангандан бошлаб 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) олий таълим ташкилотлари томонидан ўтказилади.
Бунда абитуриентларнинг тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳон топшириш вақтлари бир кунга тўғри келиб қолмаслиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда Агентлик томонидан мувофиқлаштирилади.
21. Тизимида олий таълим ташкилоти бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда олий таълим ташкилотлари ректорлари (директорлари) жойларда касбий (ижодий) имтиҳонларни ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини, шу жумладан, имтиҳонлар ўтказиладиган хоналарни кўргазмали воситалар, ўқув қуроллари ва ашёлар билан таъминлайди.
22. Олий таълим ташкилотида имтиҳонлар бошланишидан бир ҳафта олдин ректорнинг (директорнинг) буйруғи билан тегишли фанлар бўйича имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича камида 3 нафар тажрибали ва малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислардан иборат таркибда касбий (ижодий) имтиҳон комиссияси тузилади.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ ўтказилади.
Касбий (ижодий) имтиҳонларга ажратиладиган вақт қабул комиссиясининг қарори билан белгиланади.
Абитуриентларнинг ёзма (амалий) шаклда бажарадиган имтиҳон ишлари шифрлаш орқали текширилади ва баҳоланади.
23. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ушбу Низом талабларига мувофиқ ўтказилиши ва имтиҳон жараёнлари видеотасвирга олиниши учун қабул комиссияси ҳамда касбий (ижодий) имтиҳон комиссияси аъзолари масъул ҳисобланади.
24. Касбий (ижодий) имтиҳон ишлари ҳамда жараёнларининг видеотасвирлари қабул комиссияларининг махсус хоналарида уч йил давомида сақланади ва ушбу муддат ўтганидан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.
25. Қабул комиссияси касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланишидан камида бир ҳафта олдин имтиҳон дастури, баҳолаш мезони, маслаҳатлар ва имтиҳонлар жадвалини олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали эълон қилади.
Бунда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ягона касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ҳамда баҳолаш мезонлари тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
26. Касбий (ижодий) имтиҳонлар тест синовлари мажмуаларидаги фаннинг эгаллаган ўрнига қараб, белгиланган энг кўп баллнинг 0 дан 100 фоизгача бўлган оралиғида ягона кўп балли тизим бўйича баҳоланади.
Агар касбий (ижодий) имтиҳон бакалавриат таълим йўналиши доирасидаги бир нечта мустақил фанлар бўйича ўтказиладиган бўлса, баҳолаш учун белгиланган балларнинг умумий миқдори ҳар бир фаннинг хусусиятларидан келиб чиқиб, дифференциал тартибда унинг таркибидаги фанларга бўлинади.
27. Касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказиладиган бинога киришда абитуриент луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, шунингдек, касбий (ижодий) имтиҳонлар давомида имтиҳон топшириқларини бошқа абитуриентга узатса ёки ёрдам берса, касбий (ижодий) имтиҳонлар учун ажратилган вақт тугаганидан сўнг имтиҳон материалларини топширишдан бош тортса, имтиҳон материалларини гуруҳдан ташқарига чиқарса, касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва касбий (ижодий) имтиҳон комиссияси томонидан далолатнома тузилиб, имтиҳондан четлаштирилади.
28. Тегишли бакалавриат таълим йўналишларига мувофиқ фанлар мажмуасидаги ҳар бир фан бўйича имтиҳон натижалари касбий (ижодий) имтиҳон хусусиятига қараб, имтиҳон ўтказилганидан кейин уч кун муддат ичида олий таълим ташкилоти расмий веб-сайтида эълон қилинади.
29. Жадвал бўйича касбий (ижодий) имтиҳонларга (имтиҳон босқичи ёки турига) келмаган абитуриентлар учун қайта касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилмайди, улар навбатдаги босқич кириш имтиҳонларига қўйилмайди ҳамда ўқишга қабул қилинмайди.
30. Олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан 3 нафардан кам бўлмаган таркибда соҳанинг етук мутахассислари ва олий таълим ташкилотининг тажрибали ходимлари, профессор-ўқитувчиларидан иборат апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция комиссияси таркибига касбий (ижодий) имтиҳон комиссияси аъзоларининг киритилишига йўл қўйилмайди.
Имтиҳонни қабул қилган касбий (ижодий) имтиҳон комиссияси аъзоси апелляция жараёнида қатнашиб, ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга.
Апелляция шикоятлари имтиҳон натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида қабул қилинади ва апелляция комиссияси томонидан уч кун муддат ичида кўриб чиқилади.
Абитуриент апелляция шикоятини кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Апелляция аризасининг кўриб чиқилиш вақти ва жойи ҳақида абитуриентга камида бир кун олдин хабар берилади.
31. Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари фанлар кесимида алоҳида имтиҳон қайдномаларига киритилади.
Ушбу имтиҳон қайдномаларининг ҳар бири касбий (ижодий) имтиҳон комиссияси раиси ва қабул комиссиясининг масъул котиби томонидан имзоланади ҳамда муҳрланади.
32. Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг якуний натижалари қайдномаси қабул комиссияси раиси ва масъул котиби томонидан имзоланади.
33. Касбий (ижодий) имтиҳон натижалари қабул комиссияси томонидан Агентликнинг махсус дастурига киритилади ҳамда ҳар йили 25 июлга қадар касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари қайдномалар асосида текширилиб, қабул комиссияси масъул котиби томонидан тасдиқланади.
5-боб. Тест синовларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш
34. Таълим йўналишлари рўйхати, уларга мос келувчи фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони, баҳолаш мезонлари ва жавоблар варақаси намунаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда тест синовлари бошланишидан камида олти ой олдин расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.
Фанлар мажмуаси она тили ва адабиёт, математика, физика, кимё, биология, тарих, география, чет тили ва ҳуқуқшунослик фанлари бўйича шакллантирилади.
Абитуриент рўйхатдан ўтишда танлаган бакалавриат таълим йўналишининг фанлар мажмуасида чет тили фани мавжуд бўлса, тест синовини инглиз, немис, француз, испан, италян, турк, хитой, корейс, япон, араб, форс, дарий, урду, уйғур ва ҳиндий тилларидан бирида топшириши мумкин. Бунда мазкур чет тилларидан бири абитуриент томонидан рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичида танланади.
35. Тест топшириқлари умумий ўрта таълимнинг ўқув дастурлари асосида тузилади.
Тест топшириқлари рўйхатдан ўтишда тест топшириш тили сифатида ўзбек ёки қорақалпоқ тилини танлаган абитуриентлар учун лотин алифбосида шакллантирилади.
36. Тест синовлари Агентлик томонидан мавжуд таълим шакллари учун ҳар йили июль-август ойларида, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади.
Тест синовларини ўтказиш ва рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичини (абитуриент томонидан олий таълим ташкилоти, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлаш) амалга ошириш муддатлари Давлат комиссияси томонидан белгиланади ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
37. Тест синовлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилади.
38. Абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичи (абитуриент томонидан олий таълим ташкилоти, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлаш) тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддат ичида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
6-боб. Бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун белгиланган имтиёзларни қўллаш
39. Меҳрибонлик уйлари, кичик ҳажмли болалар уйлари, болалар шаҳарчалари, SOS — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйларининг битирувчилари бўлган, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар ҳамда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилингани, бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилгани сабабли ота-она ёки ёлғиз она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, топиб олинган (ташлаб кетилган) ота-онаси номаълум бўлган болалар ҳамда никоҳда бўлмаган онанинг (ёлғиз онанинг) вафот этгани натижасида боқувчисиз қолган болалар (йигирма беш ёшга тўлганлар бундан мустасно) учун олий таълим ташкилотларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул параметрлари ажратилади.
Мазкур қабул параметрлари Давлат комиссияси томонидан олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари кесимида тақсимланади.
40. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказиладиган тегишлича «Тарбиячи» ва «Ҳамшира» республика танловлари ғолиблари Давлат комиссиясининг қарори билан мос бакалавриат таълим йўналишларига танловдан ташқари кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)сиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
41. Ижтимоий реестрга киритилган оила фарзандлари учун бакалавриат таълим йўналишларига ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига нисбатан 10 фоизгача бўлган миқдорда қўшимча давлат гранти бўйича қабул параметрлари ажратилади.
(41-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрга киритилган оила фарзандлари учун ажратиладиган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг бакалавриат таълим йўналишлари кесимидаги тақсимоти Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
(41-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда муайян бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим грантига ўтиш баллининг 80 фоизи ва ундан юқори балл тўплаган Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг фарзандлари ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрлари доирасида баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда талабаликка тавсия этилади.
(41-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Мазкур имтиёз:
абитуриент рўйхатдан ўтишда танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига нисбатан қўлланади;
муайян ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишига киришда Давлат комиссияси томонидан таълим грантига белгиланган минимал ўтиш балидан паст балл тўплаган абитуриентларга нисбатан қўлланмайди.
42. «B» ва ундан юқори даражадаги «A level» ҳамда 32 ва ундан юқори баллга тенг «International Baccalaureate» сертификатларига эга бўлган абитуриентлар сертификат берилган фан кириш имтиҳонлари таркибида мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари бўйича олий таълим ташкилотларига базавий тўлов-контракт миқдори асосида қўшимча равишда ўқишга қабул қилинади.
Бунда абитуриент томонидан «International Baccalaureate» сертификатлари Агентликка электрон тарзда (IB Secure Website орқали) юборилиши лозим.
«College Board» ташкилоти томонидан ўтказиладиган «Scholastic Aptitude Test — SAT» халқаро имтиҳонида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 75 фоизи — 1200 балл ва ундан юқори натижадаги сертификатга эга абитуриентлар сертификат берилган фан кириш имтиҳонлари таркибида мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари бўйича олий таълим ташкилотларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бунда абитуриент томонидан «Scholastic Aptitude Test — SAT» сертификатлари Агентликка электрон тарзда (DI код орқали) юборилиши лозим.
43. Имтиҳонсиз қўшимча равишда давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш имтиёзига эга бўлган абитуриентлар Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ таълим шаклидан қатъи назар, рўйхатдан ўтишда имтиёз амал қиладиган доирада, танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Бунда халқаро спорт мусобақалари ғолиблари жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бакалавриат таълим йўналишларига спорт турларининг соҳа бўйича мос келишига қатъий риоя қилинган ҳолда қўшимча давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.
44. Имтиёзларни қўллашда Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал ўтиш балларига қатъий амал қилинади.
45. Умумтаълим фанлари ва чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатларнинг амал қилиш муддатини ҳисобга олишда абитуриент рўйхатдан ўтган сана инобатга олинади. Бунда:
умумтаълим фанларидан B+, B, C+, C даражадаги миллий сертификатга эга абитуриентлар рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичида ушбу сертификатдан мутахассислик фани учун фойдаланишни тасдиқлаши ёки рад этиши мумкин;
сертификатдан фойдаланишни тасдиқлаган абитуриент ушбу фандан тест синови топширмайди ва унга ушбу фандан сертификатдаги фоизга мос равишда балл берилади;
сертификатдан фойдаланишни рад этган абитуриент умумий тартибда тест синовида иштирок этади;
сертификат мажбурий фанлардан бири бўйича олинган бўлса, абитуриент сертификатдан мутахассислик фани учун фойдаланишни тасдиқлаши ёки рад этишидан қатъи назар, унга тегишли мажбурий фандан максимал балл берилади ва абитуриент ушбу мажбурий фан бўйича тест синови топширмайди;
умумтаълим фанлари (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти фанлари бундан мустасно) бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар имтиҳонни қайси тилда топширишидан қатъи назар, белгиланган тартибда имтиёз қўлланилади.
46. Абитуриентларда бир тоифадаги икки ёки ундан ортиқ имтиёз мавжуд бўлса, имтиёзларнинг қўллаш кетма-кетлиги Агентлик томонидан белгиланади.
47. Алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этиш учун асос бўлувчи имтиёзга эга абитуриентлар (ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда йигирма беш ёшга тўлмаган Меҳрибонлик уйлари, кичик ҳажмли болалар уйлари, болалар шаҳарчалари, SOS — болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйларининг битирувчилари бўлган, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болалар ҳамда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилингани, бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилгани сабабли ота-она ёки ёлғиз она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, топиб олинган (ташлаб кетилган) ота-онаси номаълум бўлган болалар ҳамда никоҳда бўлмаган онанинг (ёлғиз онанинг) вафот этгани натижасида боқувчисиз қолган болалар бундан мустасно) улар учун ажратилган алоҳида қабул параметрлари доирасида, танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этади. Бунда:
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси учун танловни амалга оширишда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди;
биринчи олий таълим ташкилоти сифатида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясини танлаган абитуриентлар, истисно тариқасида, иккинчи (танлов) сифатида танлаган олий таълим ташкилоти (Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бўлганда эса кетма-кетлик бўйича навбатдаги олий таълим ташкилоти) учун ажратилган алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этади;
алоҳида қабул параметрлари доирасида танловда қатнашиб, талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар рўйхатдан ўтишда танланган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий тартибда танловда иштирок этади.
48. Имтиёз билан давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга (кейинги муддатларда) ушбу имтиёздан такроран фойдаланишига йўл қўйилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган абитуриентларнинг иккинчи марта мазкур таълим босқичида давлат гранти асосида олий таълим олишига рухсат этилмайди. Бунда абитуриентнинг давлат гранти асосида талабаликка қабул қилингани тўғрисидаги маълумотлар Олий таълим, фан инновациялар вазирлигининг тегишли ахборот тизими орқали реал вақт режимида олинади ва улар давлат гранти учун танловда иштирок этмайди.
(48-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 июндаги 299-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 09/26/299/0593-сон)
49. Имтиёзга эга бўлган абитуриентлар олий таълим ташкилотларига Давлат комиссияси томонидан ҳар йили 1 майга қадар тасдиқланадиган олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзларнинг ягона реестрига мувофиқ ўқишга қабул қилинади.
50. Имтиёзга эга абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар йили 1 июнга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Агентликнинг махсус ахборот тизимига киритиб борилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, кўзи ожиз шахсларнинг маълумотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тегишли ахборот тизимидан реал вақт режимида олинади.
51. Агентлик ҳар йили абитуриентларни рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи якунлангандан сўнг имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш имтиёзига эга бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотларни Давлат комиссиясига тақдим этади.
52. Янги жорий этиладиган имтиёзларнинг қўлланиш тартиби ва механизми мажбурий тартибда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Агентлик билан келишилади.
7-боб. Мақсадли қабул параметрларига ўқишга қабул қилиш
53. Мақсадли қабул параметрлари ажратилган таълим йўналишларини танлаган абитуриентлар ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши бўйича дастлаб мақсадли, сўнгра умумий қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этади.
Бунда:
давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳар йили 15 майдан 1 июнга қадар кадрларга бўлган ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мақсадли қабул квотасига таклифларни таълим йўналишлари кесимида Давлат комиссиясига тақдим этади;
Давлат комиссияси мавжуд давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиқиб, ҳудудлар ва таълим йўналишлари кесимида мақсадли қабул параметрларини тасдиқлайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
мақсадли қабул параметрларини оширишда, биринчи навбатда, олис ва чекка ҳудудлар бўйича мактаб таълими ва соғлиқни сақлаш тизимининг олий маълумотли кадрларга бўлган реал эҳтиёжларига мувофиқ қабул параметрлари ажратишга устуворлик берилади;
(53-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сонли қарорига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон)
мақсадли қабул параметрлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармойиши билан тасдиқланадиган давлат олий таълим ташкилотларига бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари доирасида ажратилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
мақсадли қабул параметрлари доирасида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар билан манфаатдор туман (шаҳар) ҳокимлиги, тегишли давлат органи (ташкилоти) ҳамда олий таълим ташкилоти ўртасида талаба ўқишни тамомлагандан сўнг муайян ҳудудда (ташкилотда) ишлаб бериш мажбурияти, муддати ва бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни назарда тутувчи тўрт томонлама шартнома тузилади;
(53-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон)
мақсадли қабул параметри доирасида таҳсил олган талабани иш билан таъминлаш ва унинг ўқишни якунлагандан сўнг муайян ҳудудда (ташкилотда) ишлаб беришини мониторинг қилиш ҳар бир кадрлар буюртмачилари (тегишли давлат органи ёки ташкилоти) зиммасига юкланади.
54. Абитуриент мақсадли қабул параметрлари доирасида талабаликка тавсия этилган тақдирда, умумий қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
55. Олий таълим ташкилотлари учун белгиланган қабул параметрлари таркибида ҳудудлар кесимида мақсадли қабул параметрлари тасдиқланган таълим йўналишларига қабул муайян ҳудудда доимий яшайдиган (рўйхатга олинган яшаш жойи бўйича), белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб, кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон)дан муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади.
(55-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 майдаги 224-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)
8-боб. Кўзи ожиз абитуриентларни ўқишга қабул қилишнинг ўзига хос жиҳатлари
56. Кўзи ожизлар тоифасига қуйидаги абитуриентлар киради:
а) умумий ўрта (ўн бир йиллик таълим), ўрта махсус (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик ўрта махсус таълим), бошланғич касбий таълим (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик бошланғич касбий таълим), шунингдек, «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни кучга киргунига (2020 йил 24 сентябрь) қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) ташкилотини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда кўзи бўйича 1-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномага эга бўлган шахслар;
б) кўзи бўйича 2-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномага эга бўлган қуйидаги шахслар:
махсус мактаб-интернатлар томонидан кўзи ожизлар учун берилган ўрта таълим (11-синф негизида) етуклик аттестатига эга бўлган;
имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган бошланғич касбий таълим ташкилотлари (касб-ҳунар коллежлари) томонидан кўзи ожизлар учун берилган дипломга эга бўлган;
9 йиллик кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида ўқиган ва ўрта махсус ёки касб-ҳунар ёхуд бошланғич касбий таълим ташкилотлари дипломига эга бўлган.
57. Кўзи ожиз абитуриентлар олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларини таълим йўналишлари бўйича фанлар мажмуасига мос келувчи кўп балли ёки беш балли баҳолаш тизими бўйича, анъанавий шаклда топширадилар.
58. Фанлар бўйича кириш имтиҳонларини ўтказиш шакли (ёзма ёки оғзаки) қабул комиссияси томонидан белгиланади.
59. Кўзи ожиз абитуриентлар билан тушунтириш ишларини олиб бориш учун қабул комиссияси томонидан махсус масъул ходим ажратилади.
60. Қабул комиссияси раиси кириш имтиҳонларини ўтказиш учун фанлар бўйича комиссияларни ташкил этади.
61. Фан бўйича кириш имтиҳонларининг дастурлари ва баҳолаш мезонлари умумий ўрта таълимнинг умумтаълим фанлари дастурларига тўла мувофиқ ҳолда тузилади ва қабул комиссияси томонидан тасдиқланади.
62. Фан комиссияси таркибига кўзи ожизлар ёки ногиронлар жамиятининг вакили киритилади.
63. Қабул комиссияси кўзи ожиз абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари фанлари бўйича махсус тузилган жадвалга биноан маслаҳатлар ташкил этади.
64. Кўзи ожиз абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари ҳар йили июль ойида қабул комиссиялари томонидан белгиланиб, эълон қилинган муддатларда ўтказилади.
65. Олий таълим ташкилотлари ректорлари (директорлари) жойларда кўзи ожиз абитуриентларнинг кириш имтиҳонларини ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.
66. Кўзи ожиз абитуриентларнинг кириш имтиҳонларини ушбу Низом талабларига мувофиқ ўтказилиши ва имтиҳон жараёнлари видеотасвирга олиниши учун қабул комиссияси ҳамда фан бўйича имтиҳон комиссияси аъзолари масъул ҳисобланади.
Имтиҳон жараёнларининг видеотасвирлари қабул комиссияларининг махсус хоналарида уч йил сақланади ва ушбу муддат ўтганидан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.
67. Олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан кўзи ожиз абитуриентлар учун ўтказиладиган имтиҳонлар даврида белгиланган тартибда апелляция шикоятларини кўриб чиқиш бўйича 3 нафардан кам бўлмаган таркибда апелляция комиссияси ташкил этилади.
68. Апелляция шикоятлари имтиҳон натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида қабул қилинади ва апелляция комиссияси томонидан уч кун муддат ичида кўриб чиқилади.
69. Олий таълим ташкилотлари томонидан кўзи ожиз абитуриентлар ва кириш имтиҳонлари натижалари ҳақидаги маълумотлар Давлат комиссиясига киритиш учун кириш имтиҳонлари якунлангандан сўнг уч кун муддат ичида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этилади.
70. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган (кўп балли тизимда баҳоланганда — максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан юқори балл олган, беш балли баҳолаш тизимида баҳоланганда — «3», «4» ёки «5» баҳо олган) абитуриентлар Давлат комиссияси қарорига мувофиқ олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан танловсиз, қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Абитуриент томонидан ушбу Низомнинг 56-бандига мувофиқ кўзи ожизлар тоифасига киришини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асли (ногиронлик тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотноманинг асли кўрсатилади) қабул комиссиясига тақдим этилмаслиги олий таълим ташкилоти томонидан ушбу абитуриентни ўқишга қабул қилиш бўйича буйруқнинг расмийлаштирилмаслигига асос бўлади.
9-боб. Абитуриентларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш, ўқиш учун тўлов тартиби ва миқдори
71. Абитуриентларни олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш белгиланган тартибда тасдиқланган қабул параметрлари доирасида ягона қабул қоидалари асосида кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон)нинг баллар рейтинги бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилади.
Давлат комиссияси томонидан абитуриентларни тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг олий таълим ташкилоти билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда шартнома (контракт) расмийлаштирилади.
Белгиланган намунадаги шартнома бланкалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «kontrakt.edu.uz» электрон платформаси орқали олий таълим ташкилоти томонидан абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилгани эълон қилинган кундан бошлаб берилади.
Тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун белгиланган тўлов миқдорининг камида 25 фоизи ҳар йили 15 сентябрдан ёки Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатдан кечиктирилмасдан тўланиши лозим.
Шартнома шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари, уларнинг амалга оширилиши тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
711. Олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида иштирок этиб, Давлат комиссияси томонидан белгиланган минимал балл ва ундан юқори балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган, жумладан, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга вакант ўринлар қолган, фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига танловда иштирок этиш имконияти яратилади. Бунда:
бакалавриатга кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинган санадан бир ҳафтадан сўнг Агентлик томонидан ушбу тоифадаги абитуриентлар фанлар мажмуаси ва таълим тили мос бакалавриат таълим йўналишларининг вакант ўринларига бир ҳафта муддатда рўйхатдан ўтказилади;
Агентлик томонидан рўйхатдан ўтган абитуриентларни тўплаган баллари кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда, вакант ўринларга базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этиш бўйича танлов қайдномалари олий таълим ташкилотларига етказилади;
Агентликнинг танлов қайдномалари абитуриентларни талабаликка қабул қилиш бўйича белгиланган тартибда буйруқларни расмийлаштириш учун асос бўлади.
(711-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон)
72. Олий таълим ташкилотлари мавжуд илмий-педагогик салоҳияти ва талабалар учун сифатли таълим жараёнини ташкил этиш имкониятини берадиган моддий-техник базасидан ҳамда танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, умумий белгиланган қабул параметрларидан ташқари қўшимча (кейинги ўринларда — қўшимча қабул) ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қабул қилиши мумкин.
73. Олий таълим ташкилотлари қўшимча қабулни Давлат комиссияси қарори билан белгиланган қабул кўрсаткичларига мувофиқ тўплаган баллари Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан кам бўлмаган ва асосий қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширади.
Бунда тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;
1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,0 баробари;
2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,5 баробари;
3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 3,0 баробари.
Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартларининг биринчи ўқув йили учун камида 50 фоизи бажарилгандан сўнг абитуриент олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
74. Кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон)да тўплаган баллари Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан кам бўлмаган, белгиланган қабул параметрлари доирасида ҳамда қўшимча қабул асосида қабул қилинмаган ва ўқиш истагини билдирган абитуриентларга биринчи ўқув йилида амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланадиган табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорида тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.
(74-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(74-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон)
Табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриент Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартларининг биринчи ўқув йили учун камида 50 фоизини бажаргандан сўнг олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
Табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган талаба ўқишнинг биринчи босқичида талабалар сафидан четлаштирилган тақдирда, ўқишини тиклашида табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорининг қолган қисмини тўлаши талаб этилади.
75. Олий таълим ташкилотларига қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабалар биринчи ўқув йилини муваффақиятли тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб умумий белгиланган тартибда ўқишини давом эттиради.
10-боб. Ўқишга қабул қилиш тартиби
76. Қуйидаги ҳолатларда абитуриентларнинг олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган танловда иштирок этишига рухсат этилмайди ва ўқишга қабул қилинмайди:
тест синовида иштирок этмаган (тест синовлари билан бир қаторда ўтказиладиган касбий (ижодий) имтиҳонларда иштирок этганлигидан қатъи назар);
касбий (ижодий) имтиҳонларда (ёки бир турида) иштирок этмаган (тест синовида иштирок этганлигидан қатъи назар);
олий ҳарбий таълим ташкилотларига ҳужжат топшириб, талабаликка тавсия этилган;
«Чақириққача ҳарбий таълим» таълим йўналишига киришда касбий (ижодий) имтиҳонларда тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг 33,3 фоизидан кам балл тўплаган.
Мазкур тартиб қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган имтиёз асосида кириш имтиҳонларидан (ёки бир туридан) озод этилган абитуриентларга нисбатан муайян имтиҳон (ёки тури) бўйича қўлланмайди.
77. Танлов кириш имтиҳонларининг (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) фанлар мажмуаси ва ундаги фанлар кетма-кетлигининг мослиги, абитуриент белгилаган танлов устуворлиги ва бакалавриат таълим йўналишлари кетма-кетлиги асосида ўтказилади.
Бунда кириш имтиҳонлари (касбий (ижодий) имтиҳон, тест синовлари) натижаларига кўра битта бакалавриат таълим йўналиши (таълим шакли ва таълим тилини инобатга олган ҳолда) бўйича охирги қабул ўрни учун икки ёки ундан кўп абитуриентнинг тўплаган умумий баллари тенг бўлиб қолганда, ушбу тенг балли абитуриентларнинг барчаси мазкур бакалавриат таълим йўналишига мос равишда давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.
78. Тест синовлари натижалари бўйича танловлар қуйидаги тартибда ўтказилади:
а) «Таълим гранти» устуворлигини танлаган абитуриентлар учун:
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган иккинчи — бешинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган иккинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган учинчи — бешинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи ва иккинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган учинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган тўртинчи ва бешинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи — учинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган тўртинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган бешинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи — тўртинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган бешинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади;
абитуриент биринчи — бешинчи бакалавриат таълим йўналишларидан бирига таълим гранти асосида талабаликка тавсия этилган тақдирда, унга танлаган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи — бешинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича таълим гранти асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлмаган тақдирда, танлаган бакалавриат таълим йўналишлари доирасида тўлов-контракт асосида мазкур банднинг «а» кичик банди иккинчи — олтинчи хатбошиларида келтирилган кетма-кетлик бўйича танловда иштирок этади;
б) «Таълим йўналиши» устуворлигини танлаган абитуриентлар учун:
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган иккинчи — бешинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган иккинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган учинчи — бешинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи ва иккинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган учинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган тўртинчи ва бешинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи — учинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган тўртинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади ва унга танлаган бешинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этишга рухсат этилмайди;
абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи — тўртинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмай, у танлаган бешинчи бакалавриат таълим йўналиши бўйича таълим гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга етарли бўлган тақдирда, унинг тест синови натижалари ушбу бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади.
Абитуриентнинг тўплаган баллари у танлаган биринчи-бешинчи бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилишга етарли бўлмаган тақдирда, унинг тест синови натижалари биринчи бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинади.
Бештадан кам бакалавриат таълим йўналишини танлаган абитуриентлар, ўзлари танлаган бакалавриат таълим йўналишларида мазкур бандда белгиланган тартибга мос равишда танловда иштирок этади.
79. Давлат комиссиясининг абитуриентларни олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб олий таълим ташкилотлари:
бир ҳафта муддатда абитуриентларнинг дарсларга қатнашишига рухсат бериш тўғрисидаги буйруқ (фармойиш);
ушбу Низомнинг 9-бандида қайд этилган ҳужжатлар олий таълим ташкилоти қабул комиссиясига тақдим этилгандан сўнг талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштиради.
Тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларни 2 сентябрдан бошлаб дарсларга қатнашишга рухсат этиш тўғрисида олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи (фармойиши) расмийлаштирилади.
Тўлов-контракт асосида абитуриентларни ўқишга қабул қилиш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ўқиш учун шартномада белгиланган тўлов миқдори ҳар йили 15 сентябрдан ёки Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатлардан кечиктирилмай тўлангандан сўнг, олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Абитуриент томонидан ушбу Низомнинг 9-бандида қайд этилган ҳужжатлар қабул комиссиясига тақдим этилмаслиги олий таълим ташкилотининг ушбу абитуриентни ўқишга қабул қилмаслигига асос бўлади.
80. Абитуриент томонидан тақдим этилган (топширилган) ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланган тақдирда, абитуриент кириш имтиҳонларидан (талабаликка қабул қилинган бўлса, олий таълим ташкилоти талабалари сафидан) четлаштирилади ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хабардор қилинади.
11-боб. Хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш
81. Хорижий фуқаролар олий таълим ташкилоти томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Хорижий фуқаролар олий таълим ташкилотлари томонидан бир ўқув йилида, қоида тариқасида, икки маротаба ўқишга қабул қилиниши мумкин.
82. Олий таълим ташкилотларига умумий ўрта ёки ўрта махсус, касбий таълим, касб-ҳунар таълими маълумотига ёки унга тенглаштирилган маълумотга эга хорижий фуқаролар қабул қилинади.
83. Хорижий фуқароларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва мутахассислик учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан белгиланган базавий тўлов-контракт миқдоридан кам бўлмаган миқдорда муайян олий таълим ташкилоти томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда мустақил белгиланади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
84. Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган хорижий фуқароларни ўқитиш таълим дастурларида назарда тутилган тилларда олиб борилади.
85. Ўқишни муваффақиятли тугатган хорижий фуқарога белгиланган намунадаги олий маълумот тўғрисидаги тегишли ҳужжат (диплом) берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
111-боб. Тошкент давлат юридик университетининг «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» халқаро таълим йўналишларига қабул қилиш тартиби
851. Тошкент давлат юридик университетининг «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» халқаро таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш танловлари халқаро стандартларга мувофиқ Тошкент давлат юридик университети томонидан ихтисослашган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда IQ тест тартибида ўтказилади ва танловда чет тиллари бўйича камида B2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга абитуриентлар иштирок этади.
852. Тошкент давлат юридик университетининг «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» халқаро таълим йўналишларига абитуриентлар тест синовларини ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидан бирида топширади.
853. Абитуриентларнинг рўйхатдан ўтиши мазкур низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда абитуриентлардан қўшимча равишда хорижий тилни билиш бўйича камида B2 даражасидаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб қилинади.
854. «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» халқаро таълим йўналишларига ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида IQ тестдан ўтишни ҳамда таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасини, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини танлайди.
855. Рўйхатдан ўтиш жараёни тўлиқ якунланганидан сўнг IQ тестдан ўтишни танлаган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар уч кун муддатда Агентлик томонидан Тошкент давлат юридик университетига тақдим этилади.
856. Тақдим этилган рўйхатдаги абитуриентлар учун Тошкент давлат юридик университети томонидан IQ тест олувчи ҳамкор хорижий ташкилот билан ўзаро шартномага асосан ўтказилади.
Бунда, «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш бўйича IQ тест тартибида тест синовлари ҳар йили 10 июлга қадар ўтказилади.
IQ тест синовларини ўтказиш ва натижаларни баҳолаш хорижий ташкилот талабларига асосан амалга оширилади.
IQ тест синовлари натижалари апелляция тартибида кўриб чиқилмайди.
857. IQ тест синовларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар рўйхати жараёнлар якунланганидан сўнг Тошкент давлат юридик университети томонидан беш кун муддатда Агентликка тақдим этилади.
858. IQ тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар Агентлик томонидан шартномага асосан амалга оширилади.
859. Тест синови тўлиқ якунлангандан сўнг 15 кун давомида IQ тест синовларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар олий таълим ташкилоти, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлаш жараёнида:
«Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» халқаро таълим йўналишларини, шунингдек, фанлар мажмуасига мос қўшимча 3 тагача бакалавриат таълим йўналишини танлаш ҳуқуқига эга;
агар абитуриент «Рақамли ҳуқуқ» ёки «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» халқаро таълим йўналишидан фақат биттасини танлаш истагини билдирган тақдирда, унга фанлар мажмуасига мос қўшимча 4 тагача бакалавриат таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилади.
8510. IQ тест синовларидан ўта олмаган абитуриентлар «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» халқаро таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок эта олмайди.
8511. Танлов натижаларига кўра «Рақамли ҳуқуқ» ҳамда «Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик» халқаро таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш мазкур низомнинг 10-бобида белгиланган тартибга асосан амалга оширилади.
(111-боб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 350-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)
12-боб. Якунловчи қоида
86. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига
2-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган давлат олий таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — олий таълим ташкилотлари)нинг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом ўқишга қабул қилиш жараёнлари алоҳида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинадиган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Олий таълим ташкилотларининг магистратурасига қуйидаги параметрлар асосида ўқишга қабул қилинади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари билан тасдиқланган давлат грантлари асосидаги қабул параметрлари;
Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) томонидан тасдиқланган олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимидаги магистратура мутахассисликлари бўйича қабул параметрлари.
3. Олий таълим ташкилотларининг магистратурасида ўқитиш тили белгиланган қабул параметрлари доирасида ҳужжатлар қабул қилингунга қадар вазирлик ва идоралар таклифларига мувофиқ Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
4. Магистратурага ўқишга қабул қилиш жараёнлари олий таълим ташкилоти қабул комиссияси (кейинги ўринларда — қабул комиссияси) томонидан мувофиқлаштирилади. Бунда магистратурага ўқишга қабул қилиш бўйича қабул комиссияси масъул котибининг ўринбосари тайинланади.
5. Абитуриент тамомлаган бакалавриат таълим йўналишига мос ёки турдош магистратура мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилинади.
Абитуриент тамомлаган муайян бакалавриат таълим йўналиши негизидаги магистратура мутахассислиги мос мутахассислик ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳар йили 1 июлга қадар олий таълим ташкилотлари магистратурасига қабул қилиш бўйича турдош олий таълим йўналишларининг рўйхатини тасдиқлайди ҳамда Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилади.
2-боб. Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш
6. Магистратурага танловлар бошланишидан бир ой олдин қабул комиссияси магистратурага қабул қилиш муддатлари, мутахассисликлар номлари ва ажратилган ўринлар ҳақидаги ахборотни олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти орқали эълон қилади.
7. Абитуриентлар олий таълим ташкилотлари магистратурасига ўқишга кириш учун Вазирликнинг расмий веб-сайти ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан бири (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали рўйхатдан ўтади.
Абитуриентлар ҳар йили 1 июлдан 30 июлгача (30 июль куни ҳам) рўйхатдан ўтказилади.
Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш учун қуйидаги ҳужжатларни электрон платформага юклайди:
а) олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (ёки дипломдан кўчирма нусха — олий таълим ташкилотларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова нусхаси.
Бунда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилоти томонидан берилган диплом маълумотлари (ўртача балли билан) Вазирликнинг «Олий таълим жараёнларини бошқариш — HEMIS» ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилиши сабабли ушбу тоифадаги диплом ва унинг иловасини электрон платформага юклаш талаб этилмайди;
б) хорижий тилни билиш бўйича белгиланган даражадаги сертификат нусхаси, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ танловдан ташқари магистратурага кириш бўйича имтиёзга эга абитуриентлар бундан мустасно.
Бунда хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификатлар қуйидаги даражаларда талаб этилади:
хорижий тиллар йўналишлари бўйича — камида С1 даражасида;
гуманитар, биологик ва турдош фанлар, математика ва статистика, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хизмат кўрсатиш, ижтимоий ва хулқ-атворга мансуб фанлар, журналистика ва ахборот, ахборот-коммуникация технологиялари таълим соҳалари бўйича — камида В2 даражасида;
бошқа таълим соҳалари ҳамда маданият ва спорт мутахассисликлари бўйича — камида В1 даражасида;
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.
8. Магистратурага қабул бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг ҳужжатлари ҳар йили 10 августгача қабул комиссиялари томонидан кўриб чиқилади ва уларнинг аризалари қабул қилингани электрон платформадаги шахсий кабинетлари орқали маълум қилинади.
Аризаси қабул қилинмаган абитуриентларга аризани қабул қилишни рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда электрон платформадаги шахсий кабинетлари орқали маълум қилинади.
9. Электрон платформа орқали рўйхатдан ўтган абитуриентлар аризаси ҳолатини ўзларининг шахсий кабинети орқали кузатиб боради.
10. Абитуриент томонидан белгиланган муддатда рўйхатдан ўтишда электрон платформага талаб этилган маълумотлар ва ҳужжатлар аслига мос ҳамда тўлиқ белгиланган талабларга мувофиқ киритилганда, қабул комиссияси томонидан ҳужжатларни қабул қилиш рад этилишига йўл қўйилмайди.
3-боб. Танловни ўтказиш
11. Магистратурага давлат гранти ва тўлов-контракт асосида, абитуриентларнинг бакалавриат дипломи бўйича тўплаган баллари ўртача кўрсаткичининг кетма-кетлигига кўра Давлат комиссияси томонидан ўқишга қабул қилинади.
Магистратурага қабул тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва Вазирлик томонидан белгиланган турдош (магистратурага қабул бўйича) олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига ҳамда хорижий тилни билиш бўйича белгиланган даражадаги сертификатга эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида амалга оширилади.
Танлов ҳар бир олий таълим ташкилоти бўйича магистратура мутахассислиги, ўқитиш тили ва шаклига кўра алоҳида ўтказилади. Айрим магистратура мутахассисликлари бўйича ҳудудлар кесимида, шунингдек, кадрлар буюртмачилари кесимида мақсадли қабул параметрлари тасдиқланган тақдирда, танлов ҳар бир ҳудуд, шунингдек, кадрлар буюртмачилари (олий таълим ташкилоти) бўйича алоҳида ўтказилади.
12. Магистратурага қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, бакалавриат дипломи бўйича тўплаган баллари ўртача кўрсаткичи энг юқори бўлган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниши таъминланади. Қолган абитуриентлар бакалавриат дипломи бўйича тўплаган баллари ўртача кўрсаткичи кетма-кетлигига кўра белгиланган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари доирасида қабул қилинади.
Ажратилган қабул параметрлари доирасида энг охирги абитуриентнинг танлов балига тенг кўрсаткичга эга абитуриент (абитуриентлар) ҳам мос равишда қўшимча ўрин асосида талабаликка тавсия этилади.
13. Кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўйича I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни магистратурага қабул қилишда уларнинг хорижий тилни билиш тўғрисида миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши талаб этилмайди.
14. Магистратурага ўқишга қабул қилишда кўзи ожиз абитуриентлар тоифасига қуйидагилар киради:
а) кўзи бўйича 1-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномага эга бўлган шахслар;
б) кўзи бўйича 2-гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган шаклдаги маълумотномага эга бўлган қуйидаги шахслар:
махсус мактаб-интернатлар томонидан кўзи ожизлар учун берилган ўрта таълим (11-синф негизида) етуклик аттестатига эга бўлган;
имконияти чекланган шахслар учун ихтисослашган бошланғич касбий таълим ташкилотлари (касб-ҳунар коллежлари) томонидан кўзи ожизлар учун берилган дипломга эга бўлган;
9 йиллик кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида ўқиган ва ўрта махсус ёки касб-ҳунар ёхуд бошланғич касбий таълим ташкилотлари дипломига эга бўлган.
15. Кўзи ожиз абитуриентларнинг бакалавриат дипломи бўйича тўплаган баллари ўртача кўрсаткичи 100 баллик рейтинг тизими бўйича 71 балл ва ундан юқори ёки «5» балли баҳолаш тизими бўйича «4» ва ундан юқори бўлганда, улар қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
16. «College Board» ташкилоти томонидан ўтказиладиган «Scholastic Aptitude Test — SAT» халқаро имтиҳонида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 75 фоизи — 1200 балл ва ундан юқори натижа бўйича сертификатга эга абитуриентлар сертификат берилган фанга мос ва тамомлаган бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош магистратура мутахассисликларига қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Бунда абитуриент томонидан «Scholastic Aptitude Test — SAT» сертификатлари Вазирликка электрон тарзда (DI код орқали) юборилиши лозим.
17. Имтиёзга эга бўлган абитуриентлар олий таълим ташкилотларига Давлат комиссияси томонидан ҳар йили 1 майга қадар тасдиқланадиган олий таълим ташкилотларининг магистратурасига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзларнинг ягона реестрига мувофиқ ўқишга қабул қилинади.
18. Вазирлик олий таълим ташкилотларининг магистратура мутахассисликларига қабул қилиш натижаларини ҳар йили 20 августга қадар Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритади.
19. Олий таълим ташкилотида абитуриентларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш бўйича қабул комиссияси аъзолари, факультетлар деканлари ва тажрибали профессор-ўқитувчилардан иборат таркибда апелляция комиссияси тузилади.
Абитуриент танлов натижасидан норози бўлган тақдирда, натижалар эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида ариза билан апелляция комиссиясига мурожаат этиши мумкин. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш муддати икки кундан ошмаслиги лозим.
Абитуриент апелляция шикоятини кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Апелляция шикояти кўриб чиқиладиган кун ва жойи ҳақида қабул комиссияси томонидан абитуриентга камида бир кун олдин хабар берилади.
4-боб. Ўқишга қабул қилиш тартиби
20. Давлат комиссиясининг олий таълим ташкилотлари магистратурасига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарори ҳар йили 25 августгача қабул қилинади.
21. Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирманинг асл нусхаси — олий таълим ташкилотларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова;
хорижий тилни билиш бўйича белгиланган даражадаги сертификат нусхаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
умумий ўрта таълим ташкилотларининг олий малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилари мақсадли қабул қилинадиган магистратура мутахассисликларига ҳужжат топширган абитуриентлар халқаро стандартлар асосида малака сертификатини олганлигини тасдиқловчи сертификат нусхаси;
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июндаги 322-сонли қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 09/26/322/0622-сон)
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг асли.
Абитуриент томонидан тақдим этилган (топширилган) ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, абитуриент талабаликка қабул қилинмайди (талабаликка қабул қилинган бўлса, олий таълим ташкилоти талабалари сафидан четлаштирилади) ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хабардор қилинади.
22. Давлат комиссиясининг қарори асосида бир ҳафта муддатда абитуриентларни давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги олий таълим ташкилотлари ректорлари (директорлари)нинг буйруқлари расмийлаштирилади.
23. Абитуриентларни тўлов-контракт асосида магистратура мутахассисликларига тавсия этиш тўғрисида Давлат комиссиясининг қарори қабул қилингандан сўнг олий таълим ташкилоти билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда шартнома расмийлаштирилади.
Давлат комиссияси томонидан тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун тўлов ҳар йили шартномада кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.
Шартнома шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари, уларни амалга ошириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ўқиш учун белгиланган тўлов миқдори белгиланган тартибда тўлангандан сўнг, олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан расмийлаштирилади.
24. Танлов натижаларига кўра, белгиланган қабул параметрлари доирасида магистратурага талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар аризаларига мувофиқ олий таълим ташкилотларининг мавжуд қувватлари, моддий-техник базаси ҳамда профессор-ўқитувчилари таркибини инобатга олиб, Вазирлик билан келишилган ҳолда, олий таълим ташкилотларининг қарорига асосан қўшимча қабул параметрлари асосида магистратурага ўқишга қабул қилиниши мумкин.
Магистратура мутахассисликларига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг тўлов-контракт миқдори бир талабага тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти томонидан мустақил белгиланади.
25. Абитуриент томонидан ушбу Низомнинг 21-бандида қайд этилган ҳужжатлар қабул комиссиясига тақдим этилмаслиги олий таълим ташкилотининг уни ўқишга қабул қилмаслигига асос бўлади.
5-боб. Хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш
26. Хорижий фуқаролар олий таълим ташкилоти томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Хорижий фуқаролар олий таълим ташкилотлари томонидан бир ўқув йилида, қоида тариқасида, икки маротаба ўқишга қабул қилиниши мумкин.
27. Олий таълим ташкилотларининг магистратура мутахассисликларига бакалавриат таълим босқичи маълумотига ёки унга тенглаштирилган маълумотга эга хорижий фуқаролар қабул қилинади.
28. Хорижий фуқароларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати тегишли магистратура мутахассислиги учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан белгиланган базавий тўлов-контракт миқдоридан кам бўлмаган миқдорда, муайян олий таълим ташкилоти томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда мустақил белгиланади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
29. Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган хорижий фуқароларни ўқитиш таълим дастурларида назарда тутилган тилларда олиб борилади.
30. Ўқишни муваффақиятли тугатган хорижий фуқароларга белгиланган намунадаги олий маълумот тўғрисидаги тегишли ҳужжат (диплом) берилади.
6-боб. Якунловчи қоида
31. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига
3-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ва олий таълим соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги давлат олий таълим ташкилотларига (кейинги ўринларда — олий таълим ташкилотлари) бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва уларни ўқишдан четлаштириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва уларни ўқишдан четлаштириш алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинадиган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва уларни ўқишдан четлаштириш билан боғлиқ жараёнларни (шу жумладан, тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш) мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан амалга оширилади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
мос таълим йўналишлари (мутахассисликлар) — олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда номланиши бир хил бўлган бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари);
турдош таълим йўналишлари — кадрлар тайёрлаш йўналишлари, ўқув режалари ва дастурлари мазмунан яқин бўлган бакалавриат таълим йўналишлари. Бунда уларнинг рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланади;
ўқишни кўчириш — талабанинг аризасига мувофиқ унинг ўқишини бир олий таълим ташкилотидан бошқасига ёки бир олий таълим ташкилоти доирасида бир таълим йўналишидан бошқасига белгиланган тартибда Давлат комиссияси ёки Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (тегишли вазирлик (идора)) ёхуд олий таълим ташкилоти қарорига асосан кўчирилиши;
ўқишни кўчириб тиклаш — собиқ талабанинг аризасига мувофиқ унинг ўқишининг бошқа олий таълим ташкилотида ёки бир олий таълим ташкилоти доирасида бошқа бакалавриат таълим йўналишида давом эттириши учун белгиланган тартибда Давлат комиссияси ёки тегишли вазирлик (идора) ёхуд олий таълим ташкилоти қарорига асосан кўчириб тикланиши;
ўқишни қайта тиклаш — собиқ талабанинг аризасига мувофиқ унинг ўқишининг муайян бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислигида давом эттириши учун қайта тикланиши.
5. Олий таълим ташкилотларининг биридан бошқасига талабалар ўқишини мос ва турдош таълим йўналишига (мос мутахассисликка), муайян ҳудуддаги олий таълим ташкилотларида мос ва турдош таълим йўналиши (мос мутахассислик) мавжуд бўлмаган тақдирда турдош бўлмаган таълим йўналишига (мос бўлмаган мутахассисликка) кўчиришга қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:
талаба турмуш қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим ташкилотига ўқишни кўчириш учун мурожаат қилганда;
давлат органлари ходимларининг иш жойи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўзгартирилган тақдирда, унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди муайян вазирлик ёки идора раҳбари тавсияси асосида ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда.
6. Олий таълим ташкилотлари, тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда Давлат комиссияси қарорлари асосида талабаларнинг ўқиши кўчирилиши ёки қайта тикланиши мумкин.
7. Бир олий таълим ташкилоти доирасида олий таълимнинг мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлар бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш шу олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи асосида амалга оширилади.
8. Мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлар бўйича бир олий таълим ташкилотидан бошқасига талабалар ўқишини кўчириш ва кўчириб тиклаш талабани қабул қилаётган олий таълим ташкилоти бўйсунадиган вазирлик, идора қарори асосида амалга оширилади.
9. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва кўчириб тиклаш Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади:
бир вазирлик ёки идора ёхуд турли вазирлик ва идоралар тизимидаги олий таълим ташкилотларига олий таълимнинг турдош бўлмаган таълим йўналишларига, мос бўлмаган мутахассисликларга, бир таълим дастуридан бошқа таълим дастурига;
бир олий таълим ташкилоти доирасида мос ва турдош таълим йўналишлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда турдош бўлмаган таълим йўналиши ва мос бўлмаган мутахассисликларга;
республиканинг олий ҳарбий ёки ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларидан саломатлиги туфайли ўқишдан четлаштирилган талабаларнинг ўқишини олий таълим ташкилотларига ўқиган таълим йўналишига мазмунан мос ва турдош (кадрлар тайёрлаш йўналишлари, ўқув режалари ва дастурлари мазмунан яқин бўлган) таълим йўналишларига тўлов-контракт асосида кўчириб тиклаш;
хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим ташкилотларига асосли сабаблар кўрсатилганда мос ва турдош таълим йўналишларига тўлов-контракт асосида, истисно тариқасида, ўқишни кўчириш.
10. Қуйидаги ҳолатлар фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавоби берилишига асос бўлади:
хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган олий таълим ташкилотларида ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;
олий таълим ташкилотларининг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;
биринчи курснинг биринчи семестрига ўқишни кўчиришга (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар, ўқиган таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда, кўчириб тиклаш ҳолатлари бундан мустасно);
олий таълим ташкилотида мос (турдош) таълим йўналиши (мос мутахассислик) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;
талабанинг шахсий йиғмажилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;
олий таълим ташкилотига давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклашда давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул параметрлари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;
олий таълим ташкилоти моддий-техник базасининг имконияти чекланганда;
мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига ёхуд бошқа олий таълим ташкилотига;
бир таълим шаклидан махсус сиртқи таълим шаклига ҳамда махсус сиртқи таълим шаклидан бошқа таълим шаклига;
талаба Ўзбекистон ва хорижий олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниб, қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган ёки таҳсил олаётган бўлса (мазкур қўшма дастурнинг ўзи бундан мустасно);
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.
Талабани ўқимаган семестрдан кейинги семестрга ўқишга тавсия этишга рухсат берилмайди.
11. Талабаларнинг ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) ва қайта тиклашни расмийлаштиришда олий таълим ташкилоти ректори (директори) белгиланган тартибда ўқув режалари ва дастурлардаги мавжуд академик қарзларни ёки фарқларни топшириш тартиби ва муддатларини (жорий семестр давомида), ўқитиш курси (семестри) ҳамда ўқишга қабул қилишнинг қонунчиликда белгиланган бошқа шартларини белгилайди.
Бунда талабанинг ўқишни муайян курсдан (семестрдан) давом эттириши учун ундан қуйидагилар талаб этилади:
а) талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизимида — ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошмаслиги лозим;
б) талабалар ўқув юкламаси ҳажмини аниқлашнинг шартли бирликлари (кредитлар)ни ўтказиш ва жамлаш тизимида — талаба ўқиши кўчирилаётган таълим йўналиши (мутахассислик)нинг намунавий ўқув режасидаги фанлар бўйича GPA кўрсаткичи 2,4 ва ундан юқори бўлиши лозим.
ушбу талаблар бажарилмаган ҳолатда талабага унинг аризасига мувофиқ намунавий ўқув режасидаги фанлар фарқини (GPA кўрсаткичини) инобатга олган ҳолда, ўқишини қуйи курсдан (семестрдан) давом эттиришга рухсат берилиши мумкин.
12. Тўлов-контракт асосида талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклашда тўлов-контрактни тузиш тартиби ва шартлари, жумладан, тўлов миқдорлари ва муддатлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
13. Талабалар ўқув юкламаси ҳажмини аниқлашнинг шартли бирликлари (кредитлар)ни ўтказиш ва жамлаш тизимида аниқланган фанлар фарқи (академик қарздорлик, ўзлаштирилмаган кредит) ушбу кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда, тўлов амалга оширилгандан сўнг ўзлаштирилади (қайта ўзлаштирилади).
Академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган талабага фанлар (кредитлар) фарқи аниқланган тақдирда, бепул бир марталик ўзлаштириш имконияти берилади.
2-боб. Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш
14. Олий таълим ташкилотларига талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) бўйича аризаларни рўйхатдан ўтказиш Вазирликнинг расмий веб-сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан бири (кейинги ўринларда — электрон платформа) орқали бир ўқув йилида икки марта:
кузги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 15 июлдан 5 августгача (5 август куни ҳам);
баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 10 январдан 20 январгача (20 январь куни ҳам) электрон платформа орқали амалга оширилади.
Баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин талабалар ўқишини бир олий таълим ташкилотидан бошқасига кўчириб тиклаш тўғрисидаги аризалар қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди.
15. Ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) истагини билдирган фуқаролар электрон платформага ўзининг шахсий идентификация маълумотларини киритади ва ўзига тегишли қуйидаги ҳужжатларни юклайди:
ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳолатларни (сабабларни) асословчи ҳужжатлар нусхаси;
рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёхуд транскрипт нусхаси.
16. Баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 10 январдан 20 январгача (20 январь куни ҳам) талабалар ўқишини кўчириш тўғрисидаги аризалар олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан қабул қилиниши ҳам мумкин.
17. Олий таълим ташкилотларига талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) бўйича рўйхатдан ўтказилган ариза тегишлилигига кўра электрон платформа орқали олий таълим ташкилотига ёки тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар ёхуд Давлат комиссиясига юборилади.
18. Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш:
кузги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 6 августдан 30 августгача (30 август куни ҳам);
баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 21 январдан 10 февралгача (10 февраль куни ҳам) амалга оширилади.
Бунда:
а) бир олий таълим ташкилоти доирасида мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлар бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш тўғрисидаги аризалар олий таълим ташкилоти томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда талабгорга электрон платформа орқали маълум қилинади;
б) мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлар бўйича бир олий таълим ташкилотидан бошқасига талабалар ўқишини кўчириш ва кўчириб тиклаш тўғрисидаги аризалар:
тегишли вазирлик (идора) томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади ва бу ҳақда талабгорга электрон платформа орқали маълум қилинади;
ижобий ҳал этилган тақдирда, тегишли вазирлик ва идоралар олий таълим ташкилотига ўқиши кўчирилиши (кўчириб тикланиши) рухсат этилган талабалар рўйхати илова қилинган хат йўллайди;
в) ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича аризалар Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.
Аризалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда, Давлат комиссияси томонидан олий таълим ташкилотига ўқиши кўчирилиши (кўчириб тикланиши)га рухсат этилган талабалар рўйхати илова қилинган хат юборилади.
19. Ўқишнинг барча шаклларида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим ташкилотларида тегишли ўқув йилидаги қабул параметрларида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.
Кўзи ожизлар тоифасига кирувчи сифатида ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар, етим болаларга ажратилган қабул параметрлари доирасида давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини олий таълимнинг мос ва турдош таълим йўналишлари ҳамда мос мутахассисликларига ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ давлат гранти асосида кўчиришга ёки олий таълим ташкилоти ва таълим йўналиши ўзгармаган ҳолда таълим шаклини ўзгартиришга рухсат этилади.
Спорт мусобақалари ғолиби сифатида имтиёз билан олий таълим ташкилотларига давлат гранти асосида кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинган талабаларга:
ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ ўқишини сиртқи таълим шаклидаги мос ва турдош таълим йўналишига (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида кўчиришга;
олий таълим ташкилоти ва таълим йўналиши ўзгармаган ҳолда сиртқи таълим шаклида (сиртқи таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда) давлат гранти асосида ўқишини давом эттиришга рухсат берилади.
Бошқа ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
20. Ўзбекистон ва хорижий олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишуви асосида ташкил этилган қўшма таълим дастурларида таҳсил олаётган талабалар ўқишини кўчириш Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ва хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 6 июлдаги 421-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Бунда:
ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризалар талаба ўқиши кўчирилиши сўралаётган олий таълим ташкилоти томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқилади ва талаба таҳсил олган олий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда қарор қабул қилинади;
аризаларни қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш 15 июлдан 30 августгача (30 август куни ҳам) бўлган муддатда амалга оширилади;
аризаларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан олий таълим ташкилоти томонидан ариза берувчига ёзма равишда жавоб берилади.
3-боб. Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини кўчириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) тўғрисидаги аризалар ҳар йили 15 июлдан 5 августгача (шу куни ҳам) Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) махсус электрон платформаси ёхуд давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади.
Бунда хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини давлат олий таълим ташкилотларига кўчириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 июндаги 299-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 09/26/299/0593-сон)
22. Рўйхатдан ўтказилган аризалар Агентликнинг расмий веб-сайти орқали тегишлилиги бўйича олий таълим ташкилотларига юборилади.
Рўйхатдан ўтказилган аризаларнинг ушбу Низомга мувофиқлиги ҳамда кўчирилиши сўралаётган таълим йўналишининг талаба таҳсил олган таълим йўналишига мазмунан мос ёки турдош эканлиги олий таълим ташкилоти томонидан текширилади.
Текшириш натижасига кўра ариза қабул қилиниши тасдиқланади ёки рад этилади. Аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, олий таълим ташкилоти томонидан Агентликнинг расмий веб-сайтидаги талабанинг шахсий кабинети орқали рад этиш сабаби маълум қилинади.
23. Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим ташкилотларининг мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) истагини билдирган фуқаролар ўқиши кўчирилаётган олий таълим ташкилотларининг муайян таълим йўналишига ўқишга кириш фанлари бўйича, ўқийдиган тилида махсус синов (тест, касбий (ижодий) имтиҳон) (кейинги ўринларда — махсус синов) топширади.
Махсус синовлар давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилишда белгиланган тартиб асосида ўтказилади. Жумладан, касбий (ижодий) имтиҳонлар муайян олий таълим ташкилотлари томонидан ўтказилади ва Агентликнинг махсус тизимига киритиб борилади.
Махсус синовлар бўйича ўтиш баллари тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифларига асосан Вазирлик томонидан ҳар йили 15 июлга қадар тасдиқланади ва расмий веб-сайтида эълон қилинади.
24. Махсус синовлар ўтган ўқув йили учун (кўчирилаётган ўқув йилига нисбатан) белгиланган тартибда тасдиқланган республика олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишига мос тест синовлари топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ва баҳолаш мезонларига мувофиқ ўтказилади.
25. Махсус синовлар Вазирлик билан келишилган ҳолда Агентлик томонидан белгиланган муддатларда ўтказилади.
26. Тест синовлари Агентлик томонидан ўтказилиб, натижалар касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари билан умумлаштирилган ҳолда бир ҳафта муддатда Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва олий таълим ташкилотларига юборилади.
27. Ўтказилган махсус синовлар натижаларига кўра:
ўтиш балига тенг ва ундан юқори балл тўплаган талабаларнинг ўқиши муайян таълим йўналишига белгиланган базавий тўлов-контракт асосида кўчирилишига рухсат этилади;
ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар аризаларига кўра қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.
Тўплаган баллари Давлат комиссияси томонидан бакалавриат таълим йўналишларига киришда белгиланадиган минимал баллдан кам бўлмаган ва ўтиш балига 4 баллгача етмаган талабалар аризаларига кўра қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.
Бунда тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;
1,05 баллдан 2,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,0 баробари;
2,05 баллдан 3,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,5 баробари;
3,05 баллдан 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 3,0 баробари.
Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контракт шартларининг биринчи ўқув йили учун камида 50 фоизи бажарилгандан сўнг талабгор олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
28. Тўплаган баллари Давлат комиссияси томонидан бакалавриат таълим йўналишларига киришда белгиланадиган минимал баллдан кам бўлмаган, бироқ ўтиш балига 4 дан ортиқ балл етмаган ва ўқиш истагини билдирган талабаларга биринчи ўқув йилида амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорида тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишни кўчириш ҳуқуқи берилади.
Табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишини кўчириш истагини билдирган талаба Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартларининг биринчи ўқув йили учун камида 50 фоизини бажаргандан сўнг олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
29. Талабалар ўқишини хорижий давлатлардаги олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим ташкилотларининг мос ва турдош бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди.
Талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим ташкилотларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган тўлов асосида амалга оширилади.
30. Агентликнинг ўқишни кўчириш бўйича ўтказилган тест синовлари натижалари бўйича қайдномаси олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг талабгорларни тест синовлари натижаларига кўра белгиланган тартибда талабаликка тавсия этиш бўйича буйруқни расмийлаштиришига асос бўлади.
31. Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси хорижий давлатдаги давлат хизматини ўташ жойи Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасига ўтказилган, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари ҳамда тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилганларнинг ўқиши олий таълим ташкилотларига имтиҳонларсиз Давлат комиссияси қарорига асосан кўчирилади.
32. Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар ўқишининг олий таълим ташкилотларига кўчирилишига рухсат этилмайди.
33. Хорижий фуқароларнинг ўқиши хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим ташкилотларига суҳбат асосида муайян олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғига асосан кўчирилади (кўчириб тикланади). Уларнинг тўлов-контракт миқдорлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
4-боб. Талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш
34. Вазирлик ва идора ёки Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ юборилган кўрсатма хати асосида олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг талабанинг дарсларга қатнашишига рухсат этиш тўғрисидаги буйруғи расмийлаштирилади ҳамда ушбу олий таълим ташкилоти томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим ташкилотига унинг шахсий йиғмажилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.
Шахсий йиғмажилдни олий таълим ташкилотига тақдим этишнинг сўнгги муддати (20 иш кунидан кам бўлмаган муддатда) олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланади.
35. Сўровнома олингандан сўнг талаба илгари таълим олган олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг талабалар сафидан четлаштириш ҳақидаги буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғмажилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим ташкилотига юборилади ёки ариза асосида ўқиши кўчирилган талабага берилади.
Шахсий йиғмажилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш) олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома талабани ўқишга қабул қилган олий таълим ташкилотига юборилади.
Ўқиши кўчирилишига рухсат этилган талабанинг мақсадли қабул асосида ўқиётгани у ўқиб турган олий таълим ташкилоти томонидан текширилади ва ҳақиқатда мақсадли қабул асосида ўқиётгани аниқланган тақдирда, уч кун муддатда сўровнома юборган олий таълим ташкилотига ҳамда талабага мазкур талабанинг ўқиши кўчирилиши мумкин эмаслиги тўғрисида хат юборилади.
36. Талаба илгари таълим олган олий таълим ташкилотида унинг академик маълумотномаси, рейтинг дафтарчаси, ўқув карточкаси, шунингдек, юборилаётган ҳужжатлар рўйхатининг нусхаси қолдирилади.
37. Ўқиши кўчирилиши рухсат этилган талабаларнинг аризаларини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилишда олий таълим ташкилотида ташкил этилган Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш бўйича комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) томонидан талаба ўқиган ва ўқиши кўчирилиши сўралаётган таълим йўналишларининг мос ёки турдош эканлиги ҳамда кўчириш учун ушбу Низомнинг 5-бандида қайд этилган ҳолатларни асословчи ҳужжатлар синчиклаб текширилади.
Ушбу ҳолатларни асословчи ҳужжатлар талаб даражасида бўлмаган тақдирда, олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи расмийлаштирилмайди.
38. Ўқиши кўчирилган фуқаронинг тақдим этган (топширган) ҳужжатларининг қалбакилиги ёки белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган тақдирда, ушбу фуқаро талабликка қабул қилинмайди (агар талабаликка қабул қилинган бўлса, талабалар сафидан четлаштирилади).
39. Комиссия:
а) ушбу Низомнинг 5-бандида қайд этилган ҳолатларни асословчи ҳужжатларнинг аслини текширади;
б) ўқишни кўчиришда ҳақиқатда қайд этилган ҳолат аниқланган, аммо муайян ҳудуддаги олий таълим ташкилотларида мос ва турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаган ҳолатда талаба рўйхатдан ўтишда танлаган таълим йўналиши у ўқиган таълим йўналишидан мазмунан кескин фарқ қилса, талабанинг ўқиган таълим йўналишига мазмунан яқин бўлган таълим йўналишига тавсия этиш бўйича;
қайд этилган ҳолат туфайли турдош бўлмаган таълим йўналишига ўқишни кўчириш бўйича рўйхатдан ўтган, аммо ушбу олий таълим ташкилоти жойлашган ҳудуддаги олий таълим ташкилотларида мос ва турдош таълим йўналишлари мавжуд бўлганда, ушбу мос ёки турдош таълим йўналишига тавсия этиш бўйича таклифларни, талабанинг бу борадаги аризасини илова қилган ҳолда бўйсунуви бўйича вазирлик ёки идорага (талаба ариза билан мурожаат қилган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда) тақдим этади.
Олий таълим ташкилотларининг ушбу банднинг «б» кичик бандида қайд этилган таклифлари тизимида олий таълим ташкилоти бўлган вазирлик ёки идора томонидан ўн кун муддатда кўриб чиқилади ва тизимидаги олий таълим ташкилотининг мос ёки турдош таълим йўналишига кўчиришга рухсат этилади. Бунда мос ва турдош таълим йўналиши бошқа вазирлик ёки идора тизимидаги олий таълим ташкилотида мавжуд бўлган тақдирда, ушбу вазирлик ёки идорага таклифлар юборилади.
40. Ўқиши кўчирилган фуқароларни талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи улар томонидан белгиланган муддатда ва миқдорда шартнома тўловлари амалга оширилгандан сўнг 10 кун муддатда қабул қилинади.
41. Талабани бошқа олий таълим ташкилотига ўқишини кўчириб тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим ташкилоти розилиги талаб этилмайди.
5-боб. Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини қайта тиклаш
42. Олий таълим ташкилотлари талабаларининг ўқишини қайта тиклаш бўйича аризаларни қабул қилиш бир ўқув йилида икки марта:
кузги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 15 июлдан 5 августгача (5 август куни ҳам);
баҳорги семестр ўқув машғулотлари бошланишидан олдин — 10 январдан 20 январгача (20 январь куни ҳам) муайян олий таълим ташкилоти томонидан амалга оширилади.
Аризалар олий таълим ташкилотлари томонидан электрон шаклда ҳам қабул қилиниши мумкин.
43. Ўқишини қайта тиклаш истагини билдирган талаба томонидан аризасига рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёхуд транскрипт нусхаси илова қилинади.
44. Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини қайта тиклаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш:
кузги семестр учун — 6 августдан 31 августгача;
баҳорги семестр учун — 21 январдан 10 февралгача амалга оширилади.
45. Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида мазкур Низом талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалар, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб бир йил мобайнида), академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган шахслар, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари ҳамда тизимида олий таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилган ва белгиланган муддатда қайтган талабалар, истисно тариқасида, ўқишга (муайян курсга) давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши (давом эттириши) мумкин.
46. Ҳукуматлараро ёки идоралараро ёхуд олий таълим ташкилотлариаро келишув доирасида хорижий олий таълим ташкилотида Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотида таҳсил олган таълим йўналишига мос бўлган йўналиш бўйича, бир ёки бир неча семестр ўқиб, белгиланган муддатда қайтган талабаларнинг хорижий олий таълим ташкилотида таълим олган муддатларини (семестр) инобатга олган ҳолда (муайян таълим йўналиши ва таълим шаклида, жумладан, давлат гранти асосида таҳсил олган талабалар — давлат гранти асосида) ўқишини давом эттиришига рухсат этилади.
Бунда муайян таълим йўналишлари бўйича ўқув режаларидаги фанлар фарқини тегишли ўқув семестри давомида қайта ўзлаштиришга рухсат этилади.
Белгиланган муддатдан кеч қайтган талабалар ўқишининг тикланиши умумий тартибда кўриб чиқилади.
47. Олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг талабани талабалар сафига қайта тиклашга, белгиланган тартиб ва муддатларда дарсларга қатнашишига рухсат этиш тўғрисидаги буйруғи расмийлаштирилади.
Тўлов-контракт асосида ўқиши тикланганларни талабалар сафига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи улар томонидан белгиланган муддатда шартнома тўловлари бажарилгандан сўнг 10 кун муддатда қабул қилинади.
48. Талабани ўқишдан четлаштирилган ўқув йилида (таҳсил олган курсига, семестрига) ўқишга қайта тиклашга (кўчириб тиклашга) йўл қўйилмайди.
6-боб. Олий таълим ташкилотлари талабаларини ўқишдан четлаштириш
49. Талабани олий таълим ташкилотидан четлаштиришга қуйидагилар асос бўлади:
а) ўз хоҳишига кўра;
б) ўқишининг бошқа таълим ташкилотига кўчирилиши;
в) олий таълим ташкилотининг ички тартиб-қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани;
г) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдиргани (саломатлиги сабабли белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома тақдим этилган ҳолат бундан мустасно);
д) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмагани (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
е) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилгани;
ж) суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузгани аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди);
з) курсда қолдирилган талаба ўқишини давом эттириш бўйича белгиланган муддатларда мурожаат қилмаганда;
и) талаба абитуриент сифатида олий таълим ташкилоти қабул комиссиясига тақдим этган (топширган) ҳужжатларининг қалбакилиги ёки белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланса;
к) вафот этгани.
Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида ҳамда оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун талабага белгиланган тартибда академик таътил берилиши мумкин.
50. Талабалар олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан қуйидаги ҳолларда курсдан-курсга қолдирилади:
белгиланган муддатларда фанларни ўзлаштира олмаганда (академик қарздор бўлганда), ўқув жараёни кредит-модул тизими асосида ташкил этилган таълим йўналишлари бундан мустасно;
ўқув жараёни кредит-модул тизими асосида ташкил этилган таълим йўналишларида семестр ва ўқув йили якуни натижалари бўйича GPA ўтиш баллини тўплай олмаганда;
малакавий амалиётга қатнашмаган, шунингдек, малакавий амалиёт якунлари бўйича қониқарсиз баҳоланганда.
51. Курсда қолдирилган талаба тўлов-контракт асосида ўқишини ўзлаштирмаган тегишли ўқув семестри бошидан бошлайди.
Талабалар ўқув юкламаси ҳажмини аниқлашнинг шартли бирликлари (кредитлар)ни ўтказиш ва жамлаш тизими жорий этилган олий таълим ташкилотларида академик қарздорлиги туфайли курсда қолдирилган талабалар тегишли ўқув семестридан бошлаб фақат ўзлаштира олмаган фанларини (модулларни) такроран ўқийди.
Курсда қолдирилган талаба ўқишни давом эттириши учун талабалар ўқишини қайта тиклаш учун белгиланган муддатларда олий таълим ташкилотига ариза билан мурожаат қилади.
Курсда қолдирилган талаба ушбу Низомнинг 49-бандидаги ҳолатлар бўйича талабалар сафидан четлаштирилиши мумкин.
52. Талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш) ва қайта тиклаш жараёнида шахсий йиғмажилддаги ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки тақдим этилган ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилгани ёхуд ҳужжатлар ўрнатилган тартибда тасдиқланмагани аниқланган ҳолларда олий таълим ташкилоти ректори (директори) мазкур ҳужжатларни текшириш ва буйруқ чиқармаслик ҳуқуқига эга.
53. Талабанинг шахсий йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши талаб этилади:
умумий ўрта (ўн бир йиллик таълим), ўрта махсус (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик ўрта махсус таълим), бошланғич касбий таълим (тўққиз йиллик таянч ўрта ва икки йиллик бошланғич касбий таълим), шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни кучга киргунига (2020 йил 24 сентябрь) қадар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (тўққиз йиллик умумий ўрта ва уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) ташкилотини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асли;
ўқиган олий таълим ташкилотига талабаликка қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
охирги ўқиган курсига ўтганлик тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскриптнинг асли;
талабалар сафидан четлатилганлик тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
талабанинг таҳсил олган олий таълим ташкилотига юборилган сўровноманинг жавоб хати.
54. Олий таълим ташкилотига ўқишини кўчирган ёки қайта тиклаган талабаларнинг шахсий йиғмажилдига тегишли буйруқдан кўчирма, ариза ва академик маълумотнома ёки транскрипт тикиб қўйилади.
55. Ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда, талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.
Фанлардан академик қарздор талабалар муайян семестр давомида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқийди.
56. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва уларни ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва уларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик олий таълим ташкилотларига юкланади.
Зарурат бўлганда ректор ҳужжатларни юборган олий таълим ташкилотларидан расмий хат орқали маълумотлар тўғрилигини тасдиқлашни сўраши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоида
57. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига
4-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари талабаларининг академик мобиллигини ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом олий таълим ташкилотлари бакалавриат ва магистратура босқичида таҳсил олаётган талабаларининг Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — олий таълим ташкилотлари) ва хорижий олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган академик мобиллигини ташкил қилиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.
Қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, ушбу Низомда кўрсатилмаган ҳолатлар олий таълим ташкилотлари томонидан имзоланган ўзаро келишув шартномаларига мувофиқ тартибга солинади.
2. Академик мобиллик қуйидаги мақсадларда ташкил этилади:
талабаларга етакчи илмий мактаблар шаклланган олий таълим ташкилотларида ўқиш имкониятини яратиш;
талабаларнинг билим сифати ва ривожланиш даражасини ошириш;
талабаларнинг бошқа ҳудудда таҳсил олиш заруратини инобатга олган ҳолда, таълим олиш имкониятини яратиш;
хорижий ва маҳаллий таълим тизимлари ютуқ ҳамда тажрибалари билан танишиш;
мутахассислик бўйича амалий кўникма ва малакаларни эгаллаш;
олий таълим ташкилотининг ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
таълимнинг интеграциялашуви учун зарур шарт-шароитларни яратиш.
3. Таълим шакли, курси ва таълим йўналиши (мутахассислик)нинг мос бўлиши олий таълим ташкилотлари талабаларининг академик мобиллигини амалга оширишнинг асосий шарти ҳисобланади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
академик мобиллик — олий таълим ташкилоти талабасининг маҳаллий (республика ҳудудидаги) ёки ташқи (халқаро, хорижий) бошқа олий таълим ташкилотига муайян вақт мобайнида ўқиш мақсадида бориши (юборилиши);
кредитларни тан олиш — талабанинг академик мобиллигини таъминлаш мақсадида бир олий таълим ташкилоти таълим дастури бўйича олинган кредитларни бошқа олий таълим ташкилотига кўчириш ва тан олиш;
мобиллик дастури — икки ёки ундан ортиқ олий таълим ташкилоти ўртасида ўзаро таълим келишуви асосида ташкил этилган академик мобиллик дастури;
таълим келишуви — икки ёки ундан ортиқ олий таълим ташкилоти ўртасида ўзаро таълим тўғрисидаги келишув асосида ташкил этилган академик мобиллик дастури асосида талабанинг муайян вақт мобайнида таҳсил олиб боришини таъминловчи ҳамкорликда имзоланган ҳужжат;
транскрипт — таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ва баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган, белгиланган шаклдаги ҳужжат;
қабул қилувчи олий таълим ташкилоти — ўзаро таълим келишувига мувофиқ ташкил этилган академик мобиллик дастури асосида талабани ўқишга қабул қилувчи олий таълим ташкилоти;
юборувчи олий таълим ташкилоти — ўзаро таълим келишувига мувофиқ ташкил этилган академик мобиллик дастури асосида талабани ўқишга юборувчи олий таълим ташкилоти.
2-боб. Академик мобилликни ташкил қилиш
5. Академик мобилликни амалга ошириш муддати олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишув шартномасига асосан камида бир семестр ёки кўпи билан икки семестр бўлиши лозим (хорижий ҳамкор олий таълим ташкилоти билан тузилган шартномага мувофиқ, истисно тариқасида, муддатга ўзгартириш киритилиши мумкин).
Талаба академик мобилликда олий таълим ташкилотларининг қўшимча шартномаларига мувофиқ иккинчи марта иштирок этиши мумкин.
6. Академик мобиллик олий таълим ташкилотлари ўртасида имзоланган ўзаро таълим тўғрисидаги келишувга мувофиқ олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғига асосан амалга оширилади.
7. Академик мобилликни амалга оширишнинг умумий жараёни олий таълим ташкилотининг ўқув-услубий бўлими (бошқармаси) томонидан мувофиқлаштирилади. Бунда хорижий олий таълим ташкилоти билан ҳамкорликда академик мобилликни ташкил этиш олий таълим ташкилотининг халқаро алоқалар бўлими (бошқармаси) билан биргаликда амалга оширилади.
Академик мобилликни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича олий таълим ташкилоти бўлимлари (бошқармалари)нинг вазифалари олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланади.
Академик мобилликни ташкил этишга умумий раҳбарлик ўқув ишлари бўйича проректор (директор ўринбосари), бошқа ташкилий ишлар тегишли бўлим бошлиғи ва факультет деканлари зиммасига юклатилади.
8. Академик мобиллик бўйича талабалар ҳар бир олий таълим ташкилотининг мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади ёки юборилади.
9. Олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида академик мобиллик бўйича алоҳида бўлим яратилади. Ушбу бўлимда ҳамкор олий таълим ташкилотлари, академик мобиллик дастурлари (таълим йўналишлари ва мутахассисликлар кесимида), академик мобиллик доирасида ўқиш истагини билдирганлар учун ариза топшириш тартиби, муддатлари, тақдим этиладиган (электрон шаклда юкланадиган) ҳужжатлар, аризаларни кўриб чиқиш босқичлари ва бошқа маълумотлар жойлаштирилади.
Шу билан бирга, мазкур маълумотлар масъул ва тегишли бўлимлар томонидан доимий мониторинг қилиниб, янгиликлар билан тўлдириб борилади.
10. Профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг академик мобиллигини ташкил этиш олий таълим ташкилотларининг ўзаро келишув шартномаси асосида амалга оширилади.
11. Талабалар академик мобиллик учун юборувчи ва қабул қилувчи олий таълим ташкилоти ректорлари (директорлари) томонидан алоҳида белгиланган шартлар асосида сараланади.
Бунда олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан талабаларнинг қобилиятлари, ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳамда олий таълим ташкилотининг мавжуд имкониятлари (моддий-техник базаси, профессор-ўқитувчилар билан таъминланганлик даражаси ҳамда академик мобилликнинг профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасига таъсири) инобатга олинади.
Талабгорларни саралашнинг адолатли, шаффоф, манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармаган ҳолда ўтказилиши олий таълим ташкилотлари ректорлари (директорлари) зиммасига юклатилади.
12. Таълим сифати ҳамкор олий таълим ташкилотларининг вакиллари томонидан назорат қилиниши мумкин.
13. Талаба ҳамкор олий таълим ташкилотида ўқиш даври якунлангандан сўнг ўзлаштирган фанлари, баҳо (балл) ёки кредитларни тасдиқловчи транскриптни асосий таълим олаётган олий таълим ташкилоти ўқув-услубий бўлими (бошқармаси)га тақдим этади.
14. Юборувчи олий таълим ташкилотининг ўқув режасидаги муайян семестр фанлари бўйича талабалар томонидан академик мобиллик даврида тўпланган кредитлар мос равишда тан олинади.
Талаба академик мобиллик даврида белгиланган кредитларни тўплай олмаган ёки фанлар фарқи аниқланган тақдирда, юборувчи олий таълим ташкилоти ректори (директори) ёзма рухсати билан ушбу фанлардан кредитларни ўзи таҳсил оладиган олий таълим ташкилотида пулли асосда ўзлаштириши мумкин.
Юборувчи олий таълим ташкилоти ректори (директори) академик мобилликда иштирок этган талабанинг тўплаган кредитлари ва уларни тан олиш, ўзлаштирмаган фанларга кўра академик қарздор деб ҳисоблаш, уларни ўзлаштириш шартларини белгилайди.
15. Талабалар биринчи курснинг биринчи семестрида, битирувчи курснинг сўнгги семестрида, шунингдек, курсдан-курсга қолган талаба сўнгги ўқиган семестридан кейинги семестрда таҳсил олиш бўйича академик мобиллик дастурида иштирок этиши мумкин эмас.
16. Молиявий масалалар, жумладан, академик мобилликда иштирок этаётган талабаларнинг контракт, стипендия тўловлари ва бошқа харажатларни молиялаштириш олий таълим ташкилотлари томонидан имзоланган ўзаро келишув шартномасида белгиланган шартларга мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Ҳамкор олий таълим ташкилотларида академик мобилликни ташкил этиш тартиби
17. Мос ёки турдош соҳа бўйича академик мобилликни амалга оширмоқчи бўлган талаба ҳамкор олий таълим ташкилоти билан ўзаро келишув шартномаси бўлган тақдирда, қуйидаги маълумотлар тўпламини илова қилган ҳолда ректор номига ариза билан мурожаат қилади (кузги ва баҳорги семестр охирида электрон тарзда):
талабанинг Ф.И.О., факультети ва гуруҳи;
сафардан мақсад;
бориши мўлжалланган жой;
сафарга бориш муддати (академик мобиллик давомийлиги камида бир семестр ёки кўпи билан икки семестр бўлиши лозим);
сафар билан боғлиқ харажатларнинг молиялаштириш манбалари.
18. Мобиллик мақсадида сафарга юбориш бўйича ижобий қарор қилинган тақдирда, белгиланган тартибда сафарга юбориш ҳақидаги ҳужжатлар расмийлаштирилади.
19. Академик мобиллик дастурини якунлаш шартлари ҳамкор олий таълим ташкилотининг академик тақвимига мувофиқ индивидуал равишда белгиланади.
4-боб. Якунловчи қоида
20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарорида:
1-банддаги «Таълим тўғрисида» ва «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари» сўзлари «Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни» сўзлари билан алмаштирилсин;
6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимга талабаларни қабул қилиш Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади»;
11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабаларини талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади»;
13-банддаги, 31-банднинг биринчи хатбошисидаги ҳамда 32-банддаги «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги» сўзлари «Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
1-банддаги «Таълим тўғрисида» ва «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари» сўзлари «Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни» сўзлари билан алмаштирилсин;
4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Кечки (сменали) таълимга талабаларни қабул қилиш Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади»;
10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Кечки (сменали) таълим талабаларини талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш Олий таълим ташкилотлари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади»;
12-банддаги, 30-банднинг биринчи хатбошисидаги ҳамда 31-банддаги «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги» сўзлари «Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарорида:
а) 2-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Ушбу Низом ўқишга қабул қилиш жараёнлари алоҳида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинадиган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди»;
иккинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларидаги «Давлат тест маркази» сўзлари тегишли келишикда «Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили (кейинги ўринларда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вакили деб аталади) — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (кейинги ўринларда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги деб аталади) директорининг буйруғи билан тайинланадиган, тест синовлари ўтказиладиган тегишли ҳудуд ва бинода белгиланган вазифа ва мажбуриятлар бўйича амалга ошириладиган тадбирларга умумий раҳбарлик қилувчи ҳамда тест синови иштирокчиларининг вазифаларига мувофиқ ҳаракатини назорат қилувчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ходим»;
4-банднинг биринчи хатбошиси, 5-банд, 7-банднинг биринчи хатбошиси, 17-банд, 3-параграф номи, 28-банд, 5-параграф номи, 32 — 36-бандлар, 38, 39, 54 ва 58-бандлардаги «Давлат тест маркази» сўзлари тегишли келишикда «Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
6-банднинг биринчи хатбошисидаги «кундузги ва кечки (сменали) таълим шакли учун» сўзлари чиқариб ташлансин;
9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ва жавоблар варақаси намунаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда тест синовлари бошланишидан камида 6 ой олдин эълон қилинади»;
12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилганлиги ёки этилмаганлиги бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичи (абитуриентлар томонидан олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ва таълим шаклини танлаш жараёни) тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади»;
15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Биноларни тайёрлаш, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, абитуриентлар ота-оналарининг кириш тест синовлари жараёнини онлайн тарзда кузатиб боришлари, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали бинога тегишли ҳудудга киритиш, бинолардаги ва хизмат постларидаги видео ёзувларнинг сақланиши учун шароитлар яратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази томонидан таъминланади.
Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази томонидан тегишли жойлар шахсни идентификациялаш воситалари (видеофиксация ва бармоқ изларини текширувчи воситалар), видеокузатув, мобил алоқа тўлқинини тўсувчи қурилмалар билан таъминланади ҳамда Ички ишлар вазирлиги ўтказилган тест синовлари жараёни бўйича видеоёзувларни сақлайди ва уларни тест синовлари ўтказилган куннинг эртасига Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига топширади»;
2-параграф ҳамда 24 — 27-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ҳар йили 30 июнга қадар тест синовлари ўтказиладиган биноларни мазкур бобнинг 1-параграфида белгиланган талаблар бўйича тест синовларига тайёр ҳолатга келтириш ҳамда бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига маълумот бериш»;
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тест синовлари ўтказиладиган биноларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш»;
31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31. Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ёки бинога кириш жойларида ташкил этилган назорат хизмати постларида хизмат олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Рақамли технологиялар вазирлиги ходимлари томонидан текширув вақтида абитуриент ва гуруҳ назоратчиларида микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар мавжудлиги, шунингдек, бармоқ излари ва фотосурати текширилган вақтда шахси тасдиқланмаганлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вакили хабардор қилиниб, уларни тест синовларига киритмаслик тўғрисида далолатнома расмийлаштиради»;
48-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Тест синовлари давомида абитуриент соғлиги ёмонлашиши сабабли тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан олиб кетилса ёки ўз ихтиёри билан тест ўтказилаётган ҳудуддан чиқиб кетса, унинг тест синови натижаси соғлиги ёмонлашишига қадар жавоблар варақасига белгилаган жавоблари асосида ҳисобланади. Унга бошқа вақтда тест синовини қайта топширишга рухсат берилмайди»;
52-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқса ёки олиб чиқишга уринса, тест материалларини тарқатса, тест топшириқлари китоби варағини йиртса»;
53-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«53. Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар якуний танлов натижалари эълон қилинган куннинг эртасидан бошлаб ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга»;
57-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«57. Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг тест синови жараёнида жавоблар варақасига белгилаган жавоблари тўғрилигини асословчи ёзма равишдаги баёни асосида кўриб чиқилади. Абитуриентнинг ёзма равишдаги баёни ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади»;
12 ва 13-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
в) 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарорида:
а) 1-банднинг «г» кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
б) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган ва миллий ёки халқаро сертификатнинг қуйидаги даражаларига эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилиши назарда тутилсин:
инглиз тили учун — миллий сертификат ёки International English Language Testing System (academic IELTS 5,5), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge English Qualifications (B2 First, C1 Advanced, C2 Proficiency) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
япон тили учун — миллий сертификат бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
немис тили учун — миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD), Test Deutsch als Fremdsprache (Test DAF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
француз тили учун — миллий сертификат бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
бошқа тиллар учун — миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори».
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 11 ноябрдаги 715-сон қарорининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Белгилаб қўйилсинки:
профессионал таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўқувчилар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг ўқитиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;
ўқишга киришда давлат гранти учун ўтиш балининг 80 фоизини тўплаган «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилалар фарзандлари қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
давлат гранти асосида профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган шахсларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади».
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 24-банд билан тўлдирилсин:
«24. «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг талаба фарзандлари учун 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (GPA (grade point average) кўрсаткичи) «3,5» ва ундан юқори бўлганда, кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади.
Бунда олий таълим ташкилотларида таълим олаётган камбағал оилаларнинг талаба фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Камбағал оилалар реестри» ахборот тизими орқали аниқланади ҳамда мазкур ахборот тизими Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (HEMIS) ахборот тизимига ўзаро интеграция қилинади».
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарорида:
а) 1-банднинг «а» кичик банди иккинчи хатбошисидаги «асосий олимпиадалар, қўшимча республика олимпиадалари, онлайн олимпиадалар» сўзлари «асосий олимпиадалар, муҳандислик-ихтирочилик олимпиадалари, қўшимча республика олимпиадалари, онлайн олимпиадалар» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«муҳандислик-ихтирочилик олимпиадаси — ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиётда қўллай олишини синовдан ўтказиш, ўқувчиларда муҳандислик, ихтирочилик ва конструкторлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган олимпиада»;
учинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи — ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги 31-боб билан тўлдирилсин:
«31-боб. Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадалари
461. Мактаб ўқувчилари ўртасида ижодкорлик, ихтирочилик ҳамда конструкторлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида муҳандислик-ихтирочилик олимпиадалари ташкил қилинади.
Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадалари ўғил ва қиз бола ўқувчилар учун алоҳида-алоҳида ўтказилади ҳамда ғолиблар алоҳида-алоҳида аниқланади.
Ҳар йили август ойида Вазирлик томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда замонавий муҳандислик соҳаларидан келиб чиқиб, жорий ўқув йилида бўлиб ўтадиган муҳандислик-ихтирочилик олимпиадасининг йўналишлари, танлов босқичлари, турлари, шартлари, баҳолаш мезонлари ҳамда ғолиблари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадиган олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати эълон қилинади.
Муҳандислик-ихтирочилик йўналишидаги олимпиада ғолиблари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадиган олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
462. Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадаларининг ташкилий жараёнлари асосий олимпиада шартлари каби молиялаштирилади ва ғолиблари рағбатлантирилади.
Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадаси ғолиблари ва бир нафар жамоа раҳбари (ўқитувчи) белгиланган мукофот пуллари билан, қуйи синф ўқувчилари эса ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
463. Муҳандислик-ихтирочилик олимпиадаларининг мактаб ўқувчилари ўртасида республика босқичида ғолибликни қўлга киритган битирувчи синф ўқувчиларига давлат олий таълим муассасаларининг олимпиада йўналишига мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш ҳуқуқини берувчи ҳамда уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади».
7. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 августдаги 457-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 24-банд билан тўлдирилсин:
«24. «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг талаба фарзандлари учун 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотларида фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (GPA (grade point average) кўрсаткичи) «3,5» ва ундан юқори бўлганда, кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади.
Бунда олий таълим ташкилотларида таълим олаётган камбағал оилаларнинг талаба фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Камбағал оилалар реестри» ахборот тизими орқали аниқланади ҳамда мазкур ахборот тизими Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (HEMIS) ахборот тизимига ўзаро интеграция қилинади».
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига
6-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган баъзи қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2012 йил 1 июндаги 160-сон қарорига илованинг 2-банди.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 2013 йил 16 сентябрдаги 255-сон қарорининг 3-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик жараёни оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2016 йил 16 июндаги 209-сон қарори.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2017 йил 11 майдаги 270-сон қарорига 1-илованинг 39-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 2 июндаги 347-сон қарорига 2-илованинг 5-банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2017 йил 12 сентябрдаги 712-сон қарорига илованинг 38-банди.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида» 2017 йил 14 ноябрдаги 914-сон қарорининг 5-банди ва унга 3-илова.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 9 январдаги 18-сон қарори.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2018 йил 5 июлдаги 508-сон қарорига 1-илованинг 39-банди.
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 27 июлдаги 588-сон қарори.
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида» 2018 йил 9 августдаги 638-сон қарорига илованинг 15-банди.
13. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 27 апрелдаги 360-сон қарори.
14. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг фаолиятини кучайтириш тўғрисида» 2019 йил 9 июлдаги 572-сон қарорига 2-илованинг 1-банди.
15. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сон Фармони)» 2019 йил 21 октябрдаги 886-сон қарорига илованинг 15-банди.
16. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сон қарори)» 2019 йил 6 декабрдаги 973-сон қарорига 1-илованинг 6-банди.
17. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 22 апрелдаги ПҚ-4296-сон қарори)» 2019 йил 20 декабрдаги 1022-сон қарорига илованинг 2-банди.
18. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 166-банди.
19. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 5 июндаги 358-сон қарори.
20. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 23 июндаги 402-сон қарорининг 2-банди.
21. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3726-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2020 йил 16 июндаги ПҚ-4753-сон қарори)» 2020 йил 10 августдаги 470-сон қарорига илованинг 2-банди.
22. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сон қарори)» 2020 йил 21 августдаги 499-сон қарорига илованинг 2-банди.
23. Вазирлар Маҳкамасининг «Тест тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 17 сентябрдаги 562-сон қарорига илованинг 1-банди.
24. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 39-банди.
25. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида» 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарорига 3-илованинг 1-банди.
26. Вазирлар Маҳкамасининг «Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсати тубдан такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 14 декабрдаги 777-сон қарорига 1-илованинг 19-банди.
27. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 3 июндаги 344-сон қарорининг 4-банди ва унга 2-илова.
28. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 22 октябрдаги 655-сон қарорининг 4-банди ва унга 3-илова.
29. Вазирлар Маҳкамасининг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 25 октябрдаги 656-сон қарорига 2-илованинг 6-банди.
30. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 27 декабрдаги 775-сон қарорига 3-илованинг 1-банди.
31. Вазирлар Маҳкамасининг «Маданият, санъат ва спорт йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига кириш учун белгиланган имтиёзлар оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2022 йил 12 январдаги 20-сон қарорига илованинг 2-банди.
32. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 417 ва 512-бандлари.
33. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш жараёнини янада соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2022 йил 14 июлдаги 386-сон қарори.
34. Вазирлар Маҳкамасининг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2022 йил 9 августдаги 438-сон қарорига 1-илованинг 9-банди.
35. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2022 йил 28 сентябрдаги 541-сон қарорига илованинг 5-банди.
36. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 6 апрелдаги 143-сон қарорига 4-илованинг 4-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2025 й., 09/25/578/0826-сон; 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон; 17.04.2026 й., 09/26/175/0373-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон; 12.06.2026 й., 09/26/299/0593-сон; 04.07.2026 й., 09/26/310/0685-сон; 25.06.2026 й., 09/26/321/0621-сон; 25.06.2026 й., 09/26/322/0622-сон; 01.07.2026 й., 09/26/350/0667-сон)